Мақолалар
Дунёнинг энг қимматбаҳо хазинаси солиҳ ва солиҳа жуфтдир
- Подробности
- Бўлим: Исломий оила
- Чиққан санаси: 28 Март 2024
- (Нашр қилинган санаси)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиройли хулқидан наъмуна қилиб, дунёнинг энг гўзал хазинаси бўлган солиҳ ва солиҳа жуфтлардан сўз юритамиз. Ҳазрати Ойша онамиз нақл қилган бир ҳадисда шундай буюрганлар: «Солиҳларни солиҳалар билан уйлантиринглар» (Доримий, Никоҳ).
Ҳадисларда шундай чегаралаш ва муҳит мавжуд. Эътибор бериб, диққат билан қарасак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тилларидан ёғилган сўзларнинг Қуръонда тўғридан-тўғри ёки бошқа жиҳатдан ўз ўрни бор. Балки бир қарашда фаҳмламаслик мумкиндир, лекин бир муддат ўтгач, ўша ҳақиқатларга боғланганимизда бунга гувоҳ бўламиз. Чунки Қуръон ва суннат бир булоқдан сув ичган ва доимий бир-бирлари билан ҳамоҳанг бўлган икки асосий манба ва далилдир. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу иккаласига ёпишсангиз, асло залолатга юз тутмайсиз» деб буюрганлар.
Юқорида сўз юритган ҳадисимиз хусусида Қуръонда шу оятларни кўрамиз: «Нопок хотинлар нопок эркаклар учун, нопок эркаклар нопок хотинлар учун; покиза аёллар пок эркаклар учун, пок эркаклар покиза аёллар учундир» (Нур сураси, 26-оят).
Агар солиҳ ёки солиҳа излаш ўрнига, ўзимиз солиҳ ёки солиҳа бўлсак, Аллоҳ бизга сифатимизга муносиб инсонларни учратади. Лекин биз ўзимиз солиҳ ёки солиҳа бўлмасдан шундайларни излаймиз.
Ҳеч нарсага қарамасдан солиҳ ёки солиҳа бўлсак ҳам, барибир муаммоларга дуч келишимиз мумкин. Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси, синов бўлиши мумкин. Масалан, Ҳазрати Нуҳ ва Ҳазрати Лут алайҳиссаломларнинг аёллари солиҳа эмасдилар. Ҳазрати Осиё солиҳа аёл эдилар, лекин эри Фиръавн солиҳ эмас эди. Аллоҳ таоло бу маънода синовда бўлганларга ўзи ёрдам берсин. Иккинчи сабаб, ўтмишда қилинган бирорта хато, гуноҳ бўлиши мумкин. Ўзимизни, албатта, сарҳисоб қилишимиз керак.
Унаштирилган вақтда ёки тўйда ёки кейинроқ кўздан қочирган қандай айб бўлиши мумкин?
Қуръон ва суннат: «Солиҳ бўлинглар, солиҳаларга толиб бўлинглар» деб аслида бизга даъват қилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизлар яна ҳам яхшироқ тушинишимиз учун масалага фарқлироқ тарафдан шундай буюрадилар:
«Аллоҳ таоло кимга солиҳа аёл насиб қилган бўлса, динининг ярмига ёрдам берган бўлади. Шундай экан, динининг қолган ярмида Аллоҳдан қўрқсин» (Тобароний, Муъжамул Авсат 972; Байҳақий, Шуъабул Иймон 5072).
Аёллар ҳам солиҳа аёл ифодасини «Солиҳ эркак» қабилида тушунишлари керак. Солиҳа аёл учун диннинг ярми солиҳ эркак, солиҳ эркак учун эса диннинг ярми солиҳа аёлдир.
Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай бир ҳадис ривоят қилганлар: «Дунё бор йўғи билан матохдек фойдаланишдан иборат. Дунёнинг энг хайрли неъмати эса солиҳа аёлдир» (Муслим, Родоъ 64; Насоъий, Никоҳ 15; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад 2/168).
Абдуллоҳ ибн Амрнинг ривоят қилган бошқа ҳадисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
«Солиҳа аёлдан қимматлироқ бир дунё неъмати йўқдир» (Ибн Можа, Никоҳ, 5).
Солиҳ эркак ва солиҳа аёл бугун биз яшаб турган дунёда борми? Бор, лекин жуда оз, чунки яхшилар ҳар доим оз бўлишади. Бу масаланинг тақдири шунда. Шуни билайлик ва кутадиганларимиз ҳам шунга яраша бўлсин, баланд бўлмасин.
Асри саодат заминидан менинг ҳам кўп таъсирланганим, кучим тугаганда хаёлимга келадиган бир ҳадис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи насаллам шундай буюрадилар:
«Инсонлар туяларга ўхшайди. Баъзан юз туянинг ичидан бир дона ҳам минадиганини топа олмайсан» (Бухорий, Риқоқ, 189).
Арабларда ҳамма нарсани туяга ўхшатиш гўзал нарса. Асри саодатдан асри фалокатга, яъни кунимизга қарасак: ажабо, бу рақам ўн мингтадан биттами, дея билолмай қоламан. Лекин мен билган аниқ битта нарса борки, яхшилар жуда ҳам оз. Буни Қуръондан ҳам биламиз.
Ҳазрати Умар давридан битта мисол келтирай: Ҳазрати Умар бир одамнинг: «Аллоҳим мени оз (озчилик) бўлганлардан қилгин» дея дуо қилганини эшитди. «Бу қандай дуо бўлди?» деб ундан жаҳли чиқади. У одам эса:
«Бандаларимдан шукр қилганлар оздир» (Сабаъ сураси, 13-оят) оятини эшитдим ва мени ҳам бу оз кишилардан қилишини сўраб, Аллоҳга дуо қиляпман, деди. Ҳазрати Умар «Ҳатто сен ҳам илмлисан» деб ҳайратга тушади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Солиҳа аёл оёғида оқ ранги бор қарға кабидир» (Ибнул Асир, Ан Ниҳоя 1/249).
Яъни жуда ҳам нодирдир. Турк тилида ҳам, араб тилида ҳам бир маънода келадиган турли мақол ва иборалар мавжуд. Масалан, «Сариёғдан қил суғуриш каби» туркча ибораси арабларда «Хамирдан қил суғуриш» ибораси билан қўлланилади.
«Оёғида оқранги бор нодир топиладиган қарға» эса туркчада «Топилмас ҳинд матоҳи» маъносида бўлади. Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асло аёл кишини қарғага ўхшатган эмаслар, бу маъно хаёлимизга ҳам келмасин.
Хўш, ҳақиқий солиҳа аёл ким? Кўп намоз ўқиган, рўза тутган, диний суҳбатлар учун биридан бошқасига югурган, қаерда устоз бўлса, ўша ерга бориб дарс эшитган, ҳаж ва умрага борган аёлми?
Солиҳа ким ўзи, дея Қуръонга мурожаат қилсангиз, қаршингизга ўнлаб оятлар чиқади. Фақат бир оят борки, бунда солиҳ ва солиҳалар бирга зикр қилинади:
«Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар на давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли лёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят).
Оятда ўнта ибора келтирилди:
1. Таслимият;
2. Амин бўлиш (ишониш);
3. Итоат;
4. Садоқат;
5. Сабот;
6. Аллоҳдан қўрқув;
7. Инфоқ;
8. Рўза;
9. Иффат;
10. Зикр.
Бу иборалардан, айниқса, итоат иборасига диққатингизни тортишни истайман. Бугун итоат масаласини эшитганда фарзандларимизнинг ва аёлларимизнинг кайфияти бузилишига қарамайлик. Шуни айтишимиз мумкинки, биз ислом маданиятининг болалари сифатида итоатдан хижолат бўлмаймиз ва итоатни Аллоҳнинг амри эканини биламиз. Чунки Аллоҳ таоло мўминларга шуни буюради: «Эй ийм он келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга итоат қилинг» (Нисо сураси, 59-оят).
Оила ҳақида сўз борар экан, аввало отага итоат қилиниши керак бўлади.
Бу мавзуда шахсан бизни қизиқтирадиган қоида Аллоҳнинг чегаралари бузилганида махлуққа итоат қилинмаслигидир. Ота ёки эр гуноҳга чақира олмайди. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қила олмайди. Фарзларни тўсишга ҳаққи йўқ. Лекин булардан ташқари машруъ (шариатга мувофиқ рухсат берилган ишларда] масалаларда, албатта, итоат қилинади. Биз буни баралла айта оламиз. Роббимиз итоат калимасига урғу бериб, шундай буюрмоқда: «Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир» (Нисо сураси, 34-оят).
Оилада тартиб сақланиши учун кимнингдир сўзи тингланиши керак. Бундай бўлмаса, тартиб бўлмайди, ўрнига ўзбошимчаликлар бўлади. Итоатни биз эркакларга мутлақо бўйин эгиш, деб тушунадиган бўлсак, итоат иборасига оид муаммолар юзага келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрганлар:
«Эркак оилада раҳбардир ва раҳбариятидан масъулдир. Аёл ҳам уйида раҳбардир ва қўл остидагилардан масъулдир» (Бухорий, Жума 11; Муслим, Илюрат 20).
Хулоса қилинганда эркак - раҳбардир, лекин аёл ҳам уйда раҳбардир. Бу ерда мувозанат масаласи ҳам муҳим.
Ҳадис китобларимизда Тавба сураси 34-оятнинг нозил бўлиш сабабига оид икки ривоят бор. Бирини Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.), иккинчисини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизмат-чиси Савбон (р.а.) тушунтиради. Оятда шундай дейилади: «Олтин ва кумушни тўплаб, яшириб босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер» (Тавба сураси, 34-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай буюрганлар: «Тавба сурасининг 34-ояти ўқилиб тугатилмай, масжидга хафагарчилик тарқалди». Саҳобалар нозил бўлган оятни дарров ўзларига олдилар. Ҳазрати Умар шундай дедилар: «Мен буни Расулуллоҳдан сўраб, кўнглингизни хотиржам қиламан. Бу ерда биз тушунмаган нарса бор, шу сабабдан бизга бу оғир келди».
Асри саодатдаги одамлар Қуръоннинг энг яхши муфассири Аллоҳнинг Расули эканини жуда яхши билишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан буюк муфассир йўқ. Унинг тафсири мутлақо тўғридир, асослидир. Қуръон асл суннат усули. Манбаларнинг асли. Қуръон маъно, суннат мақсаддир. Саҳобалар бу жиҳатни жуда аниқ тушунар эдилар. Шу сабабли ҳам бирор оятни тушунмасалар, уни қандай татбиқ қилиш кераклигини ўрганиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилардилар. «Қуръон мубин, очиқ китоб бўлса, нега тафсирга эҳтиёж бор?» деган савол хаёлимизга келади. Дастлабки ўрганувчилар, хитоб қилинганлар, Қуръонни ўқиб тушунганлар, лекин маъносининг қандай татбиқ қилинишини Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васалламдан ўрганадилар. Асосан, суннатнинг ўрин олган муҳим жойи ҳам шу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Қуръонни етказувчиси эмасдир. Етказишнинг ўзи билдириш саналади. Қуръондан ўрганганимиздек, Пайғамбаримизнинг Қуръонни (табйин) очиқлаш, тушунтириш, таълим-ўргатиш ва руҳиятни поклаш каби вазифалари ҳам бор эди. Суннат инсонни поклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уфқига яқинлашсак ва амалимизни унинг амалига ўхшатишга ҳаракат қилсак, Аллоҳнинг изни билан покланамиз. Чунки суннат мусулмондек ўйлаш ва мусулмондек яшашдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Ҳазрати Умар келиб, масалани тушунтирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу шаклда изоҳлади:
«Эй Умар! У ерда Роббимизнинг эътиборини тортган моллар, закоти берилмаган моллардир. Шубҳасиз, Аллоҳ закотни, молларингиздаги кирни тозалаш учун фарз қилди. Уни бажарганингиздан кейин мулкдорлик ҳаққингизни йўқ қилмади. Шу билан бирга, сизлардан кейингиларга қолиши учун мерос ҳукмларини ҳам нозил қилди»,
Бу сўзлардан сўнг Ҳазрати Умар ва саҳобалар хурсанд бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умардан сўради: «Умар! Сенга дунёнинг энг қимматли хазинаси, энг қимматбаҳо йиғиндиси нима эканини айтайми?» деди. Ҳазрати Умар: «ҳа» деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Солиҳа аёлдир» деб буюрдилар. Айни шу ривоятнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам солиҳа аёлни шу шаклда таъриф қилдилар: «Солиҳа аёл - эри унга қараганда уни хурсанд қилади, амр қилганида унга итоат қилади, уйдан узоқлашган вақтида молини ва номусини сақлайди» (Абу Довуд, Закот 32).
Бу ҳадисдан тушунганимиз эри уйга келганда аёл киши эри учун ясанади. Эри унга қараганда кўнглида роҳат ва хушнудликни ҳис қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Савбон (р.а.)ни хафа ҳолатда кўради: «Нима бўлди, касалмисан, Савбон?» деб сўрадилар. Ҳазрати Савбон шундай дедилар: «На бирор касаллигим, на бирор оғриғим бор. Ҳузурингизга келиб-кетарканман, жамолингизга қарайман, ёнингизда ўтираман, суҳбатдошингиз бўламан. Лекин сизни кўрмаган вақтларим, сиздан узоқдалигимда ёнингизга келгунча ғамдан сиқиламан! Кейин охиратни эслайман ва у ерда сизни кўра олмасликдан қўрқаман! Чунки сиз жаннатда бошқа пайғамбарлар билан биргаликда юксак мақомларда ўтирасиз. Мен эса жаннатга кирсам ҳам сизнинг даражангиздан паст мақомларда бўлганим сабабли, у ерда сизни кўра олмасликдан қўрқаман».
Буни эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Савбон (р.а.]га тасалли бериб, шу сўзларни айтди: «Киши ўз севгани билан биргадир». Шу воқеа сабабли нозил бўлган ва ривоят қилинган Нисо сурасининг 69-оятида шундай дейилади: «Ким Аллоҳга ва Расулига итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!»
Термизий келтирган ўтган ривоятда Савбон шундай дедилар:
Тавба сурасининг 34-ояти нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда бирга эдик, саҳобалардан баъзилари: «Бу оят олтин ва кумуш тўплашнинг ёмонлиги ҳақида нозил бўлди. Қайси молнинг хайрли эканини билсак эди, шу молни тўпласак эди» дедилар. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрдилар: «Мен сизларга қайси молнинг хайрли эканининг хабарини берайми? Энг қадрли нарса Аллоҳни давомли зикр қилган тил, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, қуллик қилган қалб, иймони йўлида эрига ёрдам берган хотиндир» (Термизий, Тафсир 9).
Мишкотул масобиҳда Абу Хурайра (р.а.) ривоят қилган бир ҳадисда шундайдир: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Энг хайрли аёл ким, ё Расулуллоҳ?» деб сўралади. У зот ҳам шундай жавоб берадилар: «Энг хайрли аёл эри унга қараганда қалби таскин топиб, хурсанд бўлади, амр қилганда унга итоат қилади. Уни хоҳлаганда эрини ранжитмайди, унга қарши чиқмайди, эрининг унга омонат қилиб берган молларини у рухсат бермаган ҳолда сарфламайдиган аёлдир».
Мажмаъуз Завоидда Ҳусайн ибн Ҳасан исмли саҳобий холасидан нақл қилади: Холам бир куни бир сабаб билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам холамдан: «Эринг тирикми?» деб сўради. Холам: «ҳа» деб жавоб берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эринг билан муносабатинг қандай?» деб сўрагач, холам: «Жуда яхши, ё Расулуллоҳ! Ожиз қолган хизматларимдан ташқари зиммамдаги вазифаларни бажаришга ҳаракат қиляпман» деб жавоб берди. Бунга жавобан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шундай давом этавергин, чунки у сенинг ёки жаннатинг ёки жаҳаннамингдир» деб буюрдилар.
Бу ривоятларнинг барчасида биз солиҳ ва солиҳаларнинг набавий мадрасадаги ўринларига оид ушбу ибораларни ўргандик: муҳаббат, итоат, ишонч, иффат ва оқибат. Бу бешта васф фақатгина аёлларга оид эмас.
Лекин шуни айтиш керакки: эркакка раҳбар, бошлиқ роли берилганлиги сабабли Аллоҳнинг эркаклардан талаби аёллардан талаб қилганидан кўпроқдир. Энг камида икки баробар кўпдир. Мавзуимизга оид муҳим бўлган бошқа ривоятни эса Ҳазрати Ойша (р.а.) ривоят қилганлар. Ойша (р.а.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ! Инсонлар ичида аёлни устида энг кўп ҳақ соҳиби ким?» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлнинг устида энг кўп ҳақ соҳиби - бу унинг эридир» деб буюрдилар. Ҳазрати Ойша: «Инсонлар ичида эркакнинг устида энг кўп ҳақ соҳиби ким?» деб сўрагач, Пайғамбаримиз: «Онасидир» деб жавоб берди. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёсида эркак ҳам, аёл ҳам бошқа бир маънога эга. Аёлларга буларни талқин қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларга эса қуйидагиларни айтади:
«Мўминларнинг иймон жиҳатидан энг комили, ахлоқи гўзал бўлган ва аёлларига нисбатан чиройли муомала қилганидир» (Термизий, Радаъ 10).
Ойша онамиздан нақл қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай буюрдилар:
«Сизларнинг энг хайрлиларингиз аҳлига ва оиласига энг яхши муомалада бўлганингиздир.
Мен оиласига нисбатан энг яхши бўлганингизман» (Термизий, Маноқиб 46].
Бошқа бир ҳадисда эса шундай буюрилади:
«Ўз ораларингизда аёлларга нисбатан хайрли бўлишни тавсия қилинглар» (Муслим, Радаъ 62, Термизий, Радаъ 11).
Пайғамбаримиз сўнгги хутбасида эса шундай буюрганлар:
«Аёлларингиз хусусида Аллоҳдан қўрқинг. Чунки сиз уларни Аллоҳдан омонат сифатида олдингиз» (АбуДовуд, Маносик 84).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) нақл қилган ривоятга кўра, Аллоҳнинг Расули бир куни шундай буюрадилар:
«Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунёнинг ва охиратнинг хайрлари унга берилибди: Зикр қиладиган тил, шукр қиладиган қалб, балога сабр қиладиган бадан ва нафсига хиёнат қилмайдиган, эрининг молини жонидек муҳофаза қилиб, динида унга ёрдамчи бўлган солиҳа аёл!» (Тобароний, Муъжамул Авсат 7212).
Аёллар ҳам бу ҳадисда келган иборани солиҳ эркак маъносида тушуниши керак. Аллоҳ таоло бизларни шу тўрт гўзаллик билан мукофотласин. Пайғамбаримизсоллаллоҳуалайҳивасалламнинг баъзи ҳадислари «Мендан эмас, биздан эмас» шаклида бошланади. Гапирган зот бирорта жамоат раҳбари ёки партия лидери эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бошқа одамларнинг «мендан эмас» дейишининг ҳеч қандай маъноси йўқ. Лекин бу ерда бу сўзни айтган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг ушбу сўзлари бизни қўрқитиши керак: «Бизни алдаган биздан эмасдир». Бу сўзни ҳақиқий маънода тушунсак, қўрқувдан титрашимиз керак. Бу сўз фақатгина бозорда хурмо сотган одамга қарата хитоб этилмаяпти. Аллоҳ бизларни қайси мавқеда ва савияда гапиртирса, ўша ерда алдашга ҳеч қандай йўл қидирмаслигимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабилачилик учун урушиб ўлганлар мендан эмас» деб буюрадилар. «Қўшниси оч экан ўзи тўқ ётган мендан эмас» деб буюрдилар. Бу гаплар бизларни безовта қилиши, сарҳисоб қилишимизга сабаб бўлиш керак. Бунга ўхшаш «Мендан эмас!» қолипи остида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп нарсаларни айтганлар. Абу Хурайра (р.а.) нақл қилган ҳадисда шундай буюрадилар:
«Хотинини эрига қарши, қулни хўжайинига қарши гиж-гижлаган биздан эмасдир» (Абу Довуд Талоқ 1).
Қулни ишчи деб ҳам тушунсак бўлади. Дўстингиз сизга келиб, хотини ёки эри ҳақида шикоят қилганда ёдингизда доим шу ҳадис бўлсин. Бу мавзу остида шунчалар катта муаммоларимиз борки, оилалар хароб бўлиб, йиқилмоқда. Одамлар ўз қўлларидаги неъматларнинг фарқига бормайдилар. Неъматга шукр қилиш масаласида ҳайратланарли даражада муаммолар мавжуд. Булар мавжуд экан, агар биз чўғнинг оловга айланишига сабаб бўлсак, Пайғамбаримизнинг хитобига тескари иш қилган бўлиб қоламиз. Шунинг учун сукут қилиш, жим туришдек муносабатимиз ҳам бўлиши керак. Аллоҳ таоло бу чақириқни эшитиб, унга амал қилувчи-лардан қилсин. Омин.
Муҳаммад Амин Йилдиримнинг
"Никоҳ аҳлоқи" китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар