Мақолалар
Никоҳда тенглик масаласи (Куфувват)
- Подробности
- Бўлим: Исломий оила
- Чиққан санаси: 06 Апрель 2024
- (Нашр қилинган санаси)
Никоҳ ҳақида сўз борар экан, албатта, айтишимиз керак бўлган томони бу икки ёшнинг бир-бирига мослиги ва баъзи сифатлардаги тенглиги масаласи ҳисобланади. Тенглик никоҳнинг энг зарурий масаласидир. Тенглик ҳақида гапирганимизда уч асосий масалага эътибор қаратамиз.
1. Динда тенг бўлиш.
Динда тенг бўлиш масаласи турмуш қурадиган қиз ёки аёлнинг мусулмон эркак билан никоҳланишига оид масала. Мусулмон эркак аҳли китобдан бўлган яҳудий ёки насронийлардан биронтасига уйланиши мумкин. Мусулмон эркак ва мусулмон аёл асло бирон мушрик билан оила қуриши мумкинмас. Бу мавзудаги ҳукмларнинг баъзилари тўғридан-тўғри Қуръоннинг оятларига, баъзилари эса Пайғамбаримизнинг баёнларига суянади.
Мен сизларга далилларини айтиб берай: мусулмон эркакнинг аҳли китобдан бирон аёл билан уйланиши мумкинлигини билдирган оят Моида сурасининг 5-оятида келган. Мушрик эркак ва мушрик аёллар билан оила қуриш мумкинмаслигини билдирган оятлар Бақара сурасининг 221-ояти ва Мумтаҳана сурасининг 10-оятларида келтирилган.
Муслима аёлнинг аҳли китоб эркаклар билан никоҳланиши мумкин эмаслигининг далили эса Аллоҳнинг Расули алайҳи васалламнинг баёнидир. Мусулмон аёлнинг аҳли китобдан бўлган эркак билан оила қуриб бўлмаслиги ҳақида:
Жобир ибн Абдуллоҳдан келган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қилади: «Биз аҳли китоб бўлган аёлларга уйлансак бўлади, лекин улар мусулмон аёлларга уйлана олмайдилар» (Имом Шофеъий, Умм, 5/6, Байҳақий, Сунан 7/172).
2. Диндорликда тенг бўлиш.
Диндорликда тенг бўлиш дегани турмуш қуриш ниятида бўлган мусулмон эркак билан муслима аёлнинг динга амал қилиш борасида бир-бирларига яқин бўлиши демакдир. Бири биридан бошқача тарзда, фарқли тушунчада бўлсалар, ўртада муаммолар юзага келади. Қуръон - бу муаммоларнинг пойдеворига ишора кўрсатади. Нур сурасининг 3-оятида таъкидланганидек, зинокор эркак фақат зинокор аёл билан, зинокор аёл ҳам зинокор эркак билан никоҳланишлари керак. Ушбу суранинг 26-оятида келганидек, ёмон аёллар ёмон эркакларга, покиза аёллар эса пок эркакларга ярашади. Диндорлик хусусида тенглик бўлмаса, бу жиддий муаммоларга йўл очади ва тузатиб бўлмайдиган яралар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бу ерда аҳамият қилиш керак бўлган нарса диндорликда тенг бўлиш хусусига риоя қилиш саналади. Бу ҳам масаланинг иккинчи жиҳатидир.
3. Оилавий шароитларда тенг бўлиш.
Аллоҳ фақиҳларимиздан, олимларимиздан рози бўлсин. Масалаларни шундай гўзал тушунтириб берганларки, бирон хусусда камчиликка йўл қўймаганлар. Бу мавзуда шундай дейдилар: Шароит масаласида тенгликда насл ва насаб, қабила, мол-мулкда, ташқи кўриниш ва маданий маънодаги бутун соҳаларда саналади. Агар бу сифатларда тенглик мавжуд бўлмаса, муаммолар юзага келади. Лекин муаммоларнинг юзага келиши никоҳни кучсизлантирмайди. Фақиҳлар ушбу масалаларни никоҳнинг яна ҳам мустаҳкам бўлиши жиҳатидан тавсия қиладилар. Масалан, шарқда туғилиб ўсган эркак, ғарбда туғилган қиз билан турмуш қурар экан, бир-бирини яхши тушунса, маданий жиҳатдан муносибликларини исботлай олсалар ва никоҳга тайёргарлик кўрсалар, турмуш қуришлари мумкин. Иншааллоҳ, муаммо ҳам чиқмайди. Лекин агар, бу масалага атрофлича ойдинлик киритилма-са, кейинчалик қийинчиликлар чиқиши эҳтимоли бўлади.
Бойлик масаласига қарайлик. Агар куёв тараф бой, қиз тараф эса фақир бўлса, бу масалани ҳал қилсалар ҳам оилалар орасида муаммолар давом этиши мумкин. Бунинг акси ҳолатда ҳам муаммоларга дуч келиш мумкин. Шунинг учун ҳам фақиҳларимизнинг бу масалага эътибор қилишлари бежиз эмас. Бу мавзу тадбирли бўлиш жиҳатидан ҳам муҳим хусусдир.
Тенгликни комил маънода фаҳмлаш учун қиз тараф ҳам, эркак тараф ҳам чинакам рост юзи билан ниқобсиз, ёлғон қўшмасдан ҳамма нарсани аниқ шаклда айтишлари керак. Бу иш ҳиссиёт ва туйғуларга ташлаб қўйиладиган масала эмас. Шундай бўлганлиги сабаб никоҳ муассасаси бугунги кунда муаммоларга дучор бўлмоқда. Ҳали турмуш қурганига уч ой ҳам бўлмаган минглаб оилалар домлаларга ва суд маҳкамаларига ажралиш учун мурожаат қилишмоқда. Бунинг тагидаги сабаб эса тенглик масаласига аҳамият берилмаганликда ҳисобланади. Бунга очиқ мисол берайлик:
Ўғлимизнинг ҳаёт тарзи аниқ. Ўзининг ақлидан келиб чиқиб, келинликка номзодни танлабди. Уйда ўзига хизмат қиладиган аёл изламоқда. Тиббиёт факультетида ўқийдиган бир қизни ёқтириб қолибди. Олти йил бу қиз ўзини тиббиёт соҳасига бағишлабди. Тиббиёт олийгоҳига ҳам кириб, жуда оғир қийинчилик билан муваффақиятга эришибди. Шифокор бўлиб хизмат қилишни хоҳлаган бу қиз билан ўғлимиз иш мавзусини гаплашишмаган экан. Уйлангандан сўнг қизни уйга маҳкум қилишга ҳаракат бўлган. У қиз уйда ўтирадими? Ўтирса ҳам меҳнатининг ҳаққига хиёнат эмасми? Шунчалик катта меҳнатнинг зое қилиниши тўғрими?
Модомики, сен ўзингга хизмат қиладиган қиз излаётган экансан, сенинг тиббиёт университети дарвозаси тагида нима ишинг бор эди?
Бунинг аксини ўйлайлик: Ўғлимиз бирон соҳанинг энг олди ва чинакам фидойи инсонларидан. Ҳатто шундайки, ўша соҳанинг орқасидан югуриб, кеча-кундуз қандай ўтганини билмайди. Уйнинг йўлини унутадиган даражада ўз мақсадининг, ўша соҳанинг талабгори. Рисоладагидек болага ўзи каби рисоладагидек қиз керак. Бу қиз эркакнинг мақсади йўлида қай даражада жиддий эканлигини била туриб, ҳар соатда телефон қилиб: «Уйга келинг, дадамнинг тиши оғрияпти, онамнинг қўлига игна кирди, укам кўп аксиряпти ва ҳоказо...» каби арзимас нарсаларни айтиб, кичкина нарсани катта муаммога айлантириб, албатта эрини машғул қилса, бу бўлмайди. Шу сабабдан ҳам тенглик хусусиятига аҳамият бериб, олдиндан гаплашиб олиш зарур. Икки тарафнинг бир-бирларини яхши танишлари, бир-биридан кутган нарсалари мўътадил бир чизиқда, инсоф чегарасида бўлиши ва шу пойдевор устида никоҳ муассасаси қўриқланиши керак.
Бошқа бир мисол эса қуйидагича: қизимиз ўн йилдан бери мадрасада ўқийди. Бизнинг қиз араб тилини, фиқҳ билимларини билади; Қория ва илм соҳибаси. Ўғлимиз шундай даражадаги қизга толиб бўлди ва кейин «Уйда ўтирасан» деб, у қизни «қамоққа» маҳкум қилди.
Модомики, сен бу қизни таълимда, илмий соҳаларда хизмат қилишини хоҳламас экансан, фақат кирингни, идиш-товоғингни ювадиган аёл излаётган экансан, унда нега араб тилини биладиган қизнинг этагига ёпишдинг? Бундай даражадаги аёлни олиб келиб, уйга маҳкум қилиш зулмдир. Модомики, сенинг ақлингда уйда ўтирадиган, фақат фаррошлик қиладиган уй қизи бор экан, айнан уни излашинг ва уни топишинг керак эди. Бунинг ташқарисидаги масалаларга эшик очмаслигинг, ўзинг ҳам зарар тортмаслигинг керак. Бошқаларнинг ҳам зарарига сабаб бўлмаслик лозим.
Такрор-такрор айтдим. Айтишда давом ҳам этаман. Мусулмон аёлнинг аслий вазифаси оналикдир. Ўнта университет ёки мадраса битирса ҳам унинг вазифаси оналикдир. Лекин аслий вазифасининг оналик бўлиши уни уйга маҳкум бўлиши маъносига келмайди. Бу каби масалалар аввалдан келишиб олинмасдан турмушга қадам ташланса, муаммоларга дучор бўламиз.
Муҳаммад Амин Йилдиримнинг
"Никоҳ аҳлоқи" китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар