1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Етиб келгунича келажакни қўйиб тур

أَتَى أَمْرُ اللّهِ فَلاَ تَسْتَعْجِلُوهُ (1) سورة النحل

“Аллоҳнинг фармони  келиб қолди. Бас сизлар уни шоширтирмай қўя қолинглар.” (Наҳл 1)

Воқеа –ҳодисалардан илгарилаб кетма, ёки ҳомилани муддатидан илгари олдириб ташламоқчимисан? Ёки мевани пишмасидан олдин узмоқчимисан? “Эрта” мавжуд эмас, у ростдан ҳам йўқ. Унинг на вужуди, на таъми, на ранги йўқ. Хўш шундай экан, нега ўзимизни у билан банд қиламиз, мусибатларидан хавсираймиз, ҳодисаларидан ташвишга тушамиз, бало-офатлар келишидан қўрқамиз? Ахир билмаймиз-ку, балки бизни бирон нарса келажакдан тўсиб қолар? Ёки ўша қўрққан кунимиз қувонч ва шодлик куни бўлар? Муҳими, келажак ҳали етиб келгани йўқ, у ғайб оламидадир. Бизга лозим бўлган нарса, кўприкка етиб келмасдан туриб ундан ўтмасликдир. Балки биз унга етмасдан йўлда ҳалок бўлармиз? Ёки биз етиб боргунимизча кўприк бузилиб кетар? Эҳтимол кўприкка етиб, ундан эсон-омон ўтиб олармиз.

Келажак ҳақида кўп фикрлаш учун миядан жой ажратиш, ғайб китобини очиш, сўнгра кутилаётган нохуш нарсалардан азобланиб юриш шаръан қайтарилган ишдир. Чунки бу ҳаёлпарастликка киради ва у эса ақлан қоралангандир. Бу иш соя билан жанг қилишга ўхшайди. Бу оламда яшайдиганларнинг кўпчилиги келажакда очлик, яланғочлик, касаллик ва бошқа мусибатлар бўлишидан ваҳимада яшайди. Буларнинг барчаси шайтон мактабларининг алоҳида дарсларидандир. 

الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُم بِالْفَحْشَاء وَاللّهُ يَعِدُكُم مَّغْفِرَةً مِّنْهُ وَفَضْلاً وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (268) سورة البقرة

“Шайтон сизларни (агар инфоқ, эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади  ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам ваъда қилади.” (Бақара 268)

Дунёда кўпчилик инсонларни йиғлатадиган нарсалар – уларнинг эртага оч қолишлари, бир-неча йилдан кейин касал бўлиб қолишлари ва оламнинг юз йилдан кейин тугашини кутиб яшашларидир. Аслида умри бошқанинг қўлида бўлган одамга ҳали вужудга келмаган нарса ҳақида гаров ўйнаши нақадар қизиқ? Қачон ўлишини билмаган одам, мавжуд бўлмаган нарсалар билан машғул бўлмаслиги лозим.

Етиб келмагунича “эрта”ни қўйиб тур, унинг хабарлари ҳақида сўрама, унинг бостириб келаётган нарсаларини кутма. Чунки сен шу бугун билан машғулсан. Ҳали қуёши чиқмаган эртанги куннинг ғам-андуҳни бугун қарзга оладиган киши нақадар ажабланарли?  Шундай экан, узундан-узун ҳаёллардан сақлан.