Сайт бўлимлари
Ҳаёт – улкан денгиз
- Подробности
- Бўлим: Туғруқхонадан мактублар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
(Ўн бешинчи мактуб)
“Менга бир милтиқ керак, тафаккурдан.
Имондан бўлсин ўқлари.
Ва нафсимни нишонга олайин”.
Тоҳир МАЛИК
Ассалому алайкум, Баҳодир ака!
Соғ-омонмисиз? Оила аъзоларимиз ҳаммалари яхши юришибдими? Ишларингиз ёмон эмасми? Биз ҳаммамиз яхшимиз. Туғруғхонага келган аёлларнинг дардигаям, қувончигаям шерик бўлиб яшаяпмиз.
Илтимосимни бажарганингиз учун раҳмат. “Келинлар дафтарига”нинг номига кўра кўпчилик келинларга тегишли маслаҳатлар мажмуи бўлса керак, дея ўйлашади. Бундай эмас. Бу китобда муаллиф оиланинг ҳар бир аъзоси билиши шарт бўлган ҳақиқатлар қаймоғини жамлаёлган.
Бугун келган Ҳаввохон исмли янги палатадошимиз бизга ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб берди. Тинглаб, кўзларимизга ёш тўлди. Яқин дугонаси бор экан. Тўртинчи фарзандига тўлғоқ бошлангач, турмуш ўртоғи ўз машинасида туғруқхонага олиб кетибди. Ярим йўлга боргач, хотинидан: “Паспортингни олишни унутмадингми?” дея сўрабди. Дард чекиб кетаётган аёл: “Вой-й, унутибман...” дейиши билан эри текис кетаётган машинага қаттиқ тормоз берганча силтаниб ортига қайтибди. То уйдан унутилган нарсани олиб, туғруқхонага кириб боришгунчаям эрнинг қовоғи очилмабди. Камига, “Ишга кечикадиган бўлдим! Керак нарсаларни бир-икки кун олдин тайёрлаб қўйиш керак эди-да!” деб оғриниб қўяр эмиш. Бундай диққинафас ҳолатга гувоҳ бўлиб қолган Ҳаввохон минг хижолат билан ҳомиладор дугонасининг кўнглини олишга, тушиб кетган кайфиятини кўтаришга уринар эмиш. Дугонаси ҳам мард экан, эри томон бир бор бўлсин чимирилиб қараб ҳам қўймабди. Демак, оилада яхши тарбия топган. Ота-онаси унга аёл киши турмуш ўртоғини қандай ҳурматлаши лозимлигини ўргата олган. “Бизга яхши оналарни беринглар, биз яхши инсонлар бўлиб етишамиз”, дейилган ҳикмат шу ўринда донишманднинг нечоғлик ҳақлигини исбот қилиб бермоқда. Акс ҳолда, тўлғоқ азобини чекиб турган жонига эрнинг маломатларини жимгина тинглаши қийин кечарди.
Шундай қилиб, аёлни палатага олишгач, қабулхонада эр билан аёлнинг ўртоғи қолишибди. Эрнинг қовоғидан анча аввал “ёғиб бошлаган қор” ҳали “тинмаган”, шундан дугонаси бирор оғиз сўз айтишга журъат қилолмайгина ичкаридан хабар кута бошлашибди. Бир пайт...
Уларнинг ёнида ичкаридан хабар кутиб ўтирганлар анча-мунча бўлиб, ўзаро суҳбат қизғин экан. Етмиш ёшлар атрофидаги кишининг гапларини тинглаб, ҳамма бирдек таъсирланибди: “Келиним паҳлавондек ўғил туғди – нақ беш кило! Олдинги икки набирам қиз бўлгани боис, ўғлим аразлаб юрганди. “Ҳой, ношукр бола, тирноққа зорлар бор-а! Худонинг қаҳрини келтирмай, дарҳол тавба қил! Тўнкага ўхшамай кет, хотинингда нима айб? Эркак бўлсанг, эркакка ўхша! Аразлаб юрганинг нимаси? Сабр қилсанг, шукр қилсанг, ўғиллиям бўласан”, дея дашном бергандим. Худога шукр, иккала қиз набирам ҳам ойдай! Уларнинг тиллари ширинлигини айтмайсизми? “Додажон!” дейишганда эри-и-иб кетаман...
Мана, учинчиси ўғил бўлди. Эрталаб қарасам, ўғлим ясан-тусан қилиб, шай турибди. “Йўл бўлсин, полвон?” дедим. “Туғруқхонага!” дейди уялмасдан. “Ҳеч қаёққа бормайсан! Аввалги иккитасида бормаганмисан, эндиям сенга ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ!” дедим-да, йиғиб юрган нафақа пулимни белимга тугиб, ўзим келдим суюнчи тарқатиш учун”.
“Ҳамма оталар шундай қаттиққўл бўлолганида, бугун мустаҳкам ҳамда аҳил оилалар сони кўпайган, тирик етимлар сони камайган бўлармиди?..” дея ўйлаб қолдим.
“Сиз ҳам чақалоқни олиб чиқишга келганмидингиз?” сўрабди кексароқ аёл ёнидаги жувондан. “Йўқ... Келиним туққанди. Туғруқ жараёни жуда қийин кечди. Келиним бечора кўп азобланди. Лекин гўдакнинг умри қисқа экан, туғилибоқ оламдан ўтди... Яхшиям, онанинг ҳаёти сақлаб қолинди. Тақдирга кўнмай, иложимиз йўқ. Берадиган ҳам, оладиган ҳам Ўзи. Сабр қилсак, яна беради.
Ўғил бола эди. Кўзимнинг олдидан кетмай қолди. Яхшиям, онасига кўрсатмаганимиз, йўқса менга ўхшаб, роса қийналарди... Ҳеч ким бу даргоҳдан қўллари қуруқ ҳолда, ноумид қайтмасин экан... Келинимга қараганим сайин тўкилиб кетяпман”, дея жавоб берибди кўз ёш тўкиб.
Аёлнинг ҳикоясини тинглаб эзилган Ҳаввохон юрак ютиб дугонасининг эрига қараса, у ҳам кўзларидан қуйилаётган ёшни билдирмай артиб қўяётган эмиш. Салгина олдин юзларида акс этиб турган жаҳл ва жиззакиликдан асар қолмаган. Сўнг Ҳаввохонга юзланиб: “Ҳали анча кутадиганга ўхшаймиз. Сиз ўтириб туринг. Бирор нарса керак бўлса, дарҳол менга қўнғироқ қиласиз. Мен бориб, дугонангизга бирор овқат пиширтириб келаман. Ишхонамга боролмаслигимни айтиб, қўнғироқ қиларман. Ўйлаб кўрсам, ҳозир дунёга келажак фарзандим ҳамда хотинимнинг соғлиги ҳамма нарсадан кўра муҳимроқ экан...” дебди. Ҳомиладор хотинининг кўнглига қарамасдан жеркиб-силкиб турган эр бир мусибатли ҳикояни тинглаб, дарҳол ақлини йиғиб олибди. “Минг насиҳатдан бир мусибат яхши”, деганлари шу бўлса керак-да?..
Ҳаввохон совуқ “қор” ўрнини кўзёшлардан иборат меҳр-шафқат ёмғири эгаллаганини кўриб, ич-ичидан мамнун бўлибди. Ушбу ҳол мени ҳам суюнтирди. Негаки, аёл кишининг асаблари ҳомиладор пайтида ниҳоятда таранглашиб қолади. У ўзини ҳимояга, шафқатга ҳар қачонгидан кўра муҳтожроқ сезади ўша лаҳзаларда.
Жаҳлидан тушган эр иссиққина шўрвани етказиб келиб, хотинига етказибди. Шундай қилиб, унинг хотини эсон-омон тўртинчи ўғлини дунёга келтирибди.
Бу ҳикояда барчага ибрат бўларли ўринлар бор, албатта. Сабаби, жаҳлимиз чиққанда ҳеч кимни аямаймиз. Аммо: “Майдонда рақибини йиқитган полвондан кўра жаҳли чиққан вақтда ғазабини босолган киши кучлидир”, дейилган ҳикматни унутиб қўймаганимизда эди, ҳар биримиз умримиз давомида адолат тарозусини ҳалол бошқариб яшаган бўлар эдик. Бунда яна бизга тафаккур милтиғи керак бўлади...
* * *
Баҳодир ака! Сизга жудаям ибратли бир ривоят айтиб берайми? Кеча уни диплом ишим учун таржима қилдим. Аслида, бу ривоят Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”ида келган экан. Шу пайтга қадар ўқимаган эканман. Таржимам равон-равон эмаслигини сиз айтасиз, майлими?
“Подшоҳлардан бири ажамий бир қул билан кемага минди. Қул умрида денгиз кўрмаган, кема саёҳатининг машаққати не эканидан мутлақо бехабар эди. Шу боис қўрқувдан титраб, бақириб-чақиришга тушди. Кемадагилар унинг овозини ўчириш учун қанчалик ҳаракат қилишмасин, бари беҳуда кетди. Бу ҳолат подшоҳнинг ҳам кайфиятини бузди. Йўловчилардан ҳеч бири уни тинчлантиролмади. Кема ичида бир ҳаким ҳам бор эди. У подшоҳга бундай деди:
– Изн берсангиз, мен уни тинчлантираман.
– Яхши бўларди, – деди шоҳ.
Табиб қулни тутиб, сувга отишни буюрди. У асов тўлқинлар ичра юмалаб, бир неча бор ботиб-чиққач, сочидан ушлаб кемага тортдилар. Кемага яқинлашар-яқинлашмас, иккала қўллари билан кема ёғочига маҳкам ёпишиб олди. Юқорига тортиб чиқаришгач, бир бурчакка ўтириб олганча тинчиб қолди.
Ҳакимнинг ўта билимдон инсон эканидан қойил қолган подшоҳ бу тадбирнинг ҳикматини сўради. Донишманд ҳаким эса:
– У аввал бирор марта сувда чўкиб кўрмагани учун кема ичидаги саломатликнинг қадрига етмаётган эди. Денгиз тўлқинлари унга ҳаёт сабоғини берди, – дея жавоб қилди.
Шунингдек, сиҳатнинг қимматини хасталикка чалинганлар яхши биладилар. Эй, қорни тўқ киши! Арпа нони сенга ёқмаса ҳам, мен учун неъматдир. Аросат жаннатдагиларга жаҳаннам бўлгани билан, жаҳаннамдагилар учун жаннатдир.
Ёрини бағрига босган ошиқ билан ҳасратла кўзлари йўлларда гирён бўлган чорасиз кимса бир бўлурми?!.”
Ривоят ёқдими? Уни палатамдаги жувонларга ҳам ўқиб бердим. Қандай ибратомуз насиҳат. Аслида, ҳаётни кўпикли тўлқинлар ичра чайқалган нотинч денгизга қиёслаш мумкин. Денгиз узра сузиб бораётган улкан кемада жонсараклик билан қирғоқ сари кўз тутган йўловчилар эса бизмиз... Кемани қандай бошқаришимиз эса бизнинг нечоғлик ақлли ва тадбиркор эканимизга боғлиқ! Умримиз кемасини денгизга чўктирмасдан соғ-омон қирғоққа етказишда бизга бир милтиқ керак – тафаккурдан... Шундай эмасми?!.
Шу ерда хайрлашамиз. Дуоларим сиз билан. Кейинги мактубим орқали дийдорлашгунча!
ОСИЁнгиз.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар