Сайт бўлимлари
Уч карра “жаҳон чемпиони”
- Подробности
- Бўлим: Туғруқхонадан мактублар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
(Ўнинчи мактуб)
Бизга яхши оналарни беринглар,
биз яхши одамлар бўлиб етишамиз.
Жан ПОЛЬ
Ассалому алайкум, дадаларнинг энг меҳрибони!
Соғ-омонмисиз? Ишларингиз яхшими? Ойижон, дадажон ҳамда жигарларингиз саломатми?
Мендан сўрасангиз, ҳаммаси яхши. Фақат кунда, кунора туғруқхона ҳаётида рўй бериб турадиган баъзи бир юракни сиқадиган ҳолатларни ҳисобга олмаганда, албатта!
Шу, хат ёзишни ким ўйлаб топган экан-а, нима деб ўйлайсиз? Ким бўлсаям, жудаям ақлли ва донишманд экан. Бошида хат битаётиб қалтирайдиган бармоқларим икки-учта мактуб ёзгач, қоғозу қаламни соғиниб қоладиган бўлди. Сабаби, қалам орқали қоғозга юрагингизга оғирлик қилаётган барча “юк”ларни тўкишингиз мумкин экан.
Ёзадиган нарсаларим кўп. Қайси биридан бошлай? Қўрқинчлисиданми ёки ичакуздисиданми? Келинг, ҳаммасини йиғиштириб, мени анчадан буён ўйлантириб юрган ғоя ҳақида гаплашамиз. Қандай ғоя экани билан қизиқа бошладингизми? Ҳозир билиб оласиз. Менда яхши битта ғоя бор. Кулмайман, дея ваъда берсангиз, айтаман. Ушбу ғоямга кўра, ҳар бир туққан аёлга “Жаҳон чемпиони” деган унвон бериш керак. Бордию иккита туққан бўлса, “Икки карра жаҳон чемпиони”, “жужуқ”лари учта бўлса, “Уч карра жаҳон чемпиони”. Еттита бўлса — “Етти карра”...
Ҳа, нега куляпсиз? Ўзи донишмандлар бекорга: “Энг буюк кашфиётлар аввалига масхара қилинган”, демаган-да! Майли, сиз ҳозирча мени масхаралаб туринг, бир кун келиб, менинг ғояларим амалга ошади. Ўшанда мени ҳеч ким кашфиётчи деб тан олмай қўя қолсин, аммо ёзганларим кимнингдир юрагида бир чимдимгина бўлсин, АЁЛга гўзал муносабат ҳамда ҳурмат ҳиссини уйғатолса, мен учун шунинг ўзи бас.
Ҳозир сизга фикрларимнинг нечоғлик мантиқли эканини асослаб бераман. Масалан, ўзимиз билган оддий курашни олиб кўрайлик. Битта чемпионни тайёрлаш учун яхши мураббий керак бўлади, тўғрими? Устоз шогирдининг қўлидан тутиб, неча йиллар тинимсиз меҳнат қилади, унга кураш сирларини ўргатади, тўғрими? Сўнг мусобақаларга олиб чиқади. Бордию шогирд кураш сирларини пухта эгаллаган бўлса, бир ҳамладаёқ рақибининг елкасини ерга теккизади. Акси бўлса, рақиби уни гиламга “михлаб” қўя қолади. Жангда ғалаба қилган полвон ғолиб бўлади, чемпионат ўтказилаётган бўлса, чемпион бўлади. Энди менга айтинг-чи, нозиккина жисми билан Алпомишдек ўғилларни, Барчиндек қизларни дунёга келтириб, уларнинг улғайишию тарбияси устида тунларини тонгга улаган АЁЛга чемпионлик берсак, ёмонми? Тўққиз ой қорнида “юк” кўтариб юрганини бир четга қўяйлик-да, биргина тўлғоқ азоби бошлангандан то гўдак дунёга келгунгача бўлган ярим кунлик ёхуд бир кунлик машаққатли босқични олиб кўрайлик. То фарзанди дунёга соғ-омон келгунигача ҳомиладор аёл ҳам жисман ҳам руҳан неча минг-милён изтироблар билан курашишини биргина ўзию Яратган билади, холос. Гўдакни саломат дунёга келтиролса, демак она — ғолиб! У битта-иккита эмас, ана ўша минг-милёнлаб “рақиб”ларини мағлубиятга учратди! Шундай экан, нега у чемпион бўлмасин?
Қалай, яхши ўйлабманми? Нега ажабланяпсиз. Яна: “Мен билган шу Заҳродан қачон ақлли фикр чиқувди, энди чиқса?” деётганингиз маълум. “Руҳиятшунос бўп кет-эй!” деётганингиз ҳам менга кундай равшан. “Менинг ичимдаги гапларни бу олисдан туриб қаёқдан ўқиб оляпти”, дея ажабланишга тушдингиз, тўғрими? Ахир сиз билан ҳаётимнинг уч йилини бирга босиб қўйгач, сизнинг хаёлингиздан кечаётган ўйларни худди “рентген”дагидай аниқ кўрадиган бўлиб қолганман-да!
Бир танишимиз опахонига бориб: “Эримни билмаган эканман. Писмиқ ўлгир Гулнорга ўхшаб, ичи қоп-қора экан. Яна мен уни севиб, ҳурмат қилиб юрибман-а!” дея эрининг устидан роса шикоят қилибди. Йиғлаб-сиқтабди. Опахони бўлса: “Сабо, турмуш қурганингларга неча йил бўлди?” дея сўрабди. “Беш йил. Нима эди, Зебо опа?” дебди Сабо. “Сен ҳали атиги беш йилда шунча дод деяпсанми? Эндигина беш йил бўлибди-ю, сен бўлса турмуш ўртоғингнинг қилиқларию характерини ўрганиб олганингни иддао қиласан? Сенга айтиб қўяй, эрингнинг “қирралари”ни билишинг учун ўн йил ҳам камлик қилади. Ҳозирча билганларинг хамир учидан патир, холос. Баъзи эркаклар жуда-а “серқирра” бўлишади! Аёлларга тушадигани уларга инсоф тилашу сабр қилишдан иборат”, деб жавоб берган экан.
Гоҳида ўйлаб қоламан, Зебо опанинг гаплари жудаям ҳақиқатга ўхшайдими, Фарҳод ака?.. Ҳа-а, бирдан лаб-лунжингизни кулгидан йиғиштириб, қошларингизни чимириб олдингизми? Бу гаплар сизгаям тааллуқли бўлиб чиқдими, дейман? Хафа бўлманг, “Дўст ачитиб гапиради”. Сизни ёмонсиз, демайман, фақат са-алгина “қиррадор”сиз, холос.
Сизга Ҳазрат Навоийдан бир ибратли байт айтиб берайми:
Киши айбинг деса, дам урмағилким, ул эрур кўзгу,
Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму?
Аҳил эр-хотинлар бир-бирлари учун кўзгу бўлишлари лозим, деб ўйлайман. Мен хато қилсам, сиз айтиб, тузаттирасиз, бордию хатолик сиздан ўтадиган бўлса, мен айтаман, ғазабингизни ичга ютиб, ҳолатингизни назорат қиласиз. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ-ку, тўғрими? Биз бир-биримизга бегона эмасмизки, хато қилаётганимизни, адашаётганимизни кўра туриб, бегоналардек индамай томоша қилсак.
“Яхши эр-хотинда қалб иккита бўлса ҳам, истак битта”, деган ҳикмат ҳақиқатга йўғрилгани учун ҳам бугунгача яшаб келаётган бўлса керак-да...
***
Фарҳод ака!
Биринчи бор туғруқхона ҳаётини кўраётганим боис, гоҳида юрагимни ваҳима босиб кетади. Нега, дейсизми? Кимнингдир кўзларида ёш кўриш, кимнингдир изтироб чекаётганига гувоҳ бўла туриб, қўлингиздан бирор нарса келмай, чорасиз ҳолда “томошабин” бўлишдан ёмони йўқ экан-да...
Бежизга бундай деётганим йўқ. Куни кеча бизга қўшни палаталардан бирига ёшгина келинчак қабул қилинганди. Ота-онасидан эрта айрилган етим экан. Холасининг қўлида катта бўлгач, холаси турмушга узатган экан. Шу келинчак тўлғоқ билан келтирилибди. Узатилган жойи ҳам “ортиб-тошиб ётган” хонадон эмасдирки, туғруқхонага ҳеч ким даста-даста пул билан келмабди. Ҳеч кими йўқлигини билган баъзи “дўхтир”лар энсасини қотирибгина қабул қилиб олишибди. Сўнг одатдагидек “савол-жавоб” бошланибди:
– Ўзи ортингиздан холангиздан бошқаям кимдир келиши керакми?
– Эрингиз борми, ишқилиб?
– Қаерда ишлайди?
– Топиши яхшими?
– Бу ерда баъзи бир “харажат”лар бўлади, ким бўйнига олади, шу холангизми?..
Бетайин ҳамда кишининг нафсониятига тегадиган ҳақоратли савол-жавоблардан тўйган келинчак тоқат қилолмай: “Эрим ахлат ташийдиган машина ҳайдайди. Нима эди?” дея нафратли нигоҳини атрофида таъма илинжида термулиб турганларга тикибди...
Ҳайронман, тўлғоқ азобидаги аёл “тергов” топшириши керакми ёки туғиши?! Жонини гаровга қўйганча миллат келажагининг пойдевори учун битта ғишт қўяётган аёлнинг асаблари билан бундай совуқ муомала орқали ўйнашишга кимнинг ҳаққи бор? Онанинг қаттиқ асабийлашиши натижасида туғилажак фарзанд ногирон бўлиб қолса, ёхуд она ёки боланинг ҳаёти хавф остида қолса, ким жавоб беради? “Дўхтир”ларми ёки “терговчи”ларми?
Ахир, ҳатто ҳайвон туғаётган пайтдаям меҳр-шафқат кўрсатамиз-ку?! Кўрсатмаслик, инсонийлик деган туйғуни ўлимга маҳкум этмайдими?..
Донишмандлардан бири: “Миллатнинг келажаги оналар қўлидадир”, деб айтган экан. Миллатимизнинг келажагини асраш учун энг аввало ОНАларимизни, АЁЛларимизни асрашимиз керак эмасми?
Нега энди айнан оналар учун “Жаҳон чемпиони” деган унвонни таъсис қилиш керак, деган ғояни илгари сураётганимни англадингизми? Бу ҳазил албатта, уларга чемпионликни бермасак ҳам майли, фақат қалбларимизда аёлга нисбатан ҳурмат, онага нисбатан меҳр-шафқат ҳиссини уйғатолсак, ўн карра чемпионликни бергандан кўра улуғроқ ишни бажарган бўлармидик?
***
Демоқчиманки, аёлнинг муҳтарамлиги, аёлнинг улуғлиги ҳеч бир таърифу тавсифга сиғмайди.
ОНАники эса ундан ҳам улуғроқ...
Шоира айтганидек:
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен бари бир муқаддассан,
Муқаддас Аёл!
Аёлларимиз ҳамда оналаримизга ана шу муқаддасликка лойиқликни тилаб:
ЗАҲРО
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар