Сайт бўлимлари
“Бировнинг ёрини олдим омонат...”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 19 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
—Алло, ассалому алайкум. Мен дардимни айтмоқчи эдим… — Таҳририятга қўнғироқ қилган қиз истиҳола билан гап бошлади.
— Бемалол, сизни эшитишга тайёрмиз.
— Биласизми, айни пайтда вужудимда икки руҳ яшаётгандек. Қай бирига ён босишни, қай бирига қулоқ солишни билмайман. Шу сабаб ҳам таҳририятга қўнғироқ қилиб, маслаҳат сўрашга қарор қилдим. Қисқаси, ёшим 27да, олий маълумотлиман. Зиёли оиланинг фарзандиман. Нуфузли ташкилотлардан бирида ишлайман. Касбим ва меҳнатим туфайли эришган ютуқларимга кўпчилик ҳавас қилади. Аммо қиз бола, аёл киши учун ишдаги мавқеъ, нуфуздан кўра барибир бошида паноҳи, ёнида суянчиғи бўлгани яхши экан…
— Ҳақ гаплар...
— Ўқиб юрган пайтларимда мени сўраб келган совчиларни унисини у, бунисини бу деб қайтараверган эканман. Ўшанда онам: «Қизим, қиз болани бир сўрашади, кейин хотин қўйганми, хотини ўлгангами тенг бўласанми? Ҳозир сен танлаяпсан, аммо пайти келиб сени танлашади», деб куйингандилар. Парво қилмагандим. Орзу-ҳавасларга берилиб, осмонда учиб юраверибман. Тушунганимда эса вақт ўтиб кетган, мен тенгилар икки-уч болали бўлиб улгуришган эди.
— Ўкинманг, Аллоҳ ҳамма бандасини бир кўзда кўради. Ҳали сиз ҳам ўзингиз орзу қилган бахтга муяссар бўласиз.
— Билмадим… Хуллас, буёғини эшитсангиз, икки йилча олдин бир йигит билан танишиб қолдим. Ўзи қўшни вилоятдан экан. Гаплашиш мобайнида у йигитнинг айнан ўзим орзу қилган инсон эканлигини ҳис этиб борардим. Биз соатлаб телефон орқали мулоқотда бўлардик. Кўришганимизда ҳам бир-биримизга айтар сўзларимиз кўпайиб қолар, ҳар гал хайрлашганимизда иккимиз ҳам кўзёшларимизни тиёлмасдик. — Қизнинг овози титраб кетди. Бироз сукунатдан кейин яна гапида давом этди: — Баъзан телефонда гаплашганимизда ҳам у нимадандир қаттиқ сиқилаётганини билардим. Сўрасам синиққина қилиб, «Ҳеч нарсадан сиқилаётганим йўқ. Ҳаммаси жойида», дерди. Аммо ҳадеганда мен кутган мужда, яъни совчи йўллаб тўй қилишдан гап очилмасди. Орамиздаги муносабат тобора мустаҳкамланиб бораётган бўлса-да, унинг қийналаётгани, менга ниманидир айтолмаётганини ақлим билан англаб етгандим.
— Шуни сезибсиз, уни ҳол-жонига қўймай нимадан эзилаётганини сўраб билмадингизми?
— Охири шундай қилдим. Тўғриси аввалига айтмай турди, охири чидолмай тўполон кўтарганимдан кейин бироз «уҳ» тортиб ўтирди-да, «Мени кечир, Дилноз, ҳар қандай таъна-маломат қилсанг ҳам, ҳаттоки уриб бошимни ёрсанг ҳам ҳаққинг кетади…», деб қолди. Гарчи унинг нима дейишини аниқ билмасам-да, юрагим аллақандай нохушлик исканжасида бесаранжом ура бошлаганди.
— Хўш, йигитни нима қийнаётган экан?
— Эҳ, сўраманг … ундан эшитганларим бутун бошли орзуларимни остин-устин қилиб, дунёларимга ўт солди. — Ҳўнграганча йиғлаётган мухлисамизнинг тинчланиб, ҳикоясининг давомини сўзлашини кутдим. — Айтишича, олти йил аввал у ота-онасининг қистови билан уйланган, айни пайтда икки фарзанднинг отаси экан. — Ўзини сал қўлга олган қиз секин гапида давом этди. — Хотинини ҳурмат қилар экан. Болаларини яхши кўрар экан, аммо минг урингани билан аёлига бўлган эътибори муҳаббат даражасида эмас экан. «Сен билан танишдиму, кўнглимга, дунёимга ўзгариш кирди, нур инди. Сен ўзим гапирмасимданоқ кўнглимдагиларни уқиб оласан, ҳатто телефоннинг чақириғидан ҳам кайфиятим қандайлигини биласан. Қолаверса, ўқимишли, тушунган қизсан. Бир сўз билан айтганда орзуимдаги қизсан, шу сабаб ҳам сени севиб қолдим. Бошида уйланганимни айтмоқчи бўлдим, аммо сендан гап орасида дўст бўлиб қолиш ҳақида сўраганимда, ҳеч қачон эркак киши билан дўст бўлмайман, деганингдан кейин оилали эканимни айтолмадим. Муҳаббат қўзларимни қўр қилиб қўйган эди, сени йўқотиб қўйишдан қўрқдим…», деди у ердан бош кўтармай. Алам ва изтироб устида уни ҳақорат қилдим, қарғашга тушдим. Аммо буни қарангки, кўнглимда унга нисбатан заррача нафрат уйғонмади. Муҳаббатимда, муносабатимда ўзгариш сезилмади. Қайтанга шунча пайт менга айтолмай қийналиб юргани учун яна унга раҳмим кела бошлади…
— Қизиқ… Хўш, кейин нима қарорга келдиларингиз?
— Ҳозир шуни айтмоқчиман-да. Хуллас, у мени ташлаб кетолмаслигини, аммо хотини ва болаларидан ҳам кечолмаслигини, агар рози бўлсам, никоҳига олишини айтди.
— Сиз нима деб жавоб бердингиз?
— Тўғриси, ўзим ҳам ундан кечолмайман. Аммо мени деб аёли болаларидан ҳам айрилишини истамайман.Қолаверса, мен ҳам йигирма еттини қоралаб қўйдим. Келаётган совчилар ҳам хотини билан ажрашган, хотини ўлган эркаклардан. Барибир бу ёшимда бўйдоқ йигитга турмушга чиқишим маҳол. Ундан кўра иккинчи хотин бўлсам-да, ўзим кўнгил қўйган, мени тушунган, қадрлайдиган эркак билан оила қурсам яхши эмасми, деб ўйланаман. Унинг хотини ва фарзандларига ҳеч ғаразлигим йўқ. Душманлигим ҳам… Фақат севган инсоним паноҳим, суянчиғим бўлишини истайман…
— Ҳа… Очиғи жуда мураккаб масала…
— Ахир шариатда бу ҳалол-ку! Илтимос, менинг айтганларимни газетангизга эълон қилинг. Ўқиган муштарийлардан маслаҳат кутиб қоламан.
— Ҳа албатта. Умид қиламизки, суҳбатимизни ўқиган мухлисларимиз сизга ўзларининг оқилона маслаҳатларини берадилар. Шахсан ўзим бу ишингизни умуман ёқламаган бўлардим. Ҳамманинг ҳам ўзига тегишли бахти, фақат ўзига аталган жуфти бўлсин. Бировнинг эри сизга вафо қилармиди? Билмадиму, аммо мен бу фикрингизни унча ёқламайман...
Рухшона суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 63 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар