Сайт бўлимлари
Қўшнига озор бериш
- Подробности
- Бўлим: Қўшничилик
- Чиққан санаси: 14 Февраль 2015
- (Нашр қилинган санаси)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас», дедилар. «Ким, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашган эди, «Ёмонлигидан қўшниси хотиржам бўлмаган кимса», дея жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган кимса жаннатга кирмайди», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳ наздидаги энг улкан гуноҳ қайси?» деб сўрашган эди, у зот учта гуноҳни зикр қилиб: «Аллоҳга бошқа нарсани шерик қилишинг. Ҳолбуки, У сени яратган; овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб фарзандингни ўлдиришинг ва қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг», дея жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Саҳиҳ ҳадисда айтиладики: «Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган экан, қўшнисига озор бермасин» (Муттафақун алайҳ).
Қўшни уч тоифа бўлади: Мусулмон, кофир, қариндош қўшни.
Мусулмон қўшнининг қўшнилик ва мусулмонлик ҳақлари бор.
Кофир қўшнининг қўшнилик ҳақи бор.
Қариндош қўшни – унинг қариндошлик, қўшнилик ҳақлари (агар мусулмон бўлса, мусулмонлик ҳақи ҳам) бор.
Ибн Умарнинг бир яҳудий қўшниси бор эди. Агар жонлиқ сўйсалар: «Яҳудий қўшнимизга ундан олиб чиқиб беринглар», дер эдилар.
Ривоят қилинишича, қиёмат кунида камбағал қўшни бой қўшнисига осилиб олади ва: «Эй Раббим, мана бундан сўра-чи, нима учун эшигини қулфлаб, мендан фазлини тўсди экан», дейди.
Киши қўшнисининг озор-азиятларига бардошли, тоқатли бўлиши лозим. Бу иш қўшнига яхшилик қилиш жумласидан саналади.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менга жаннатга дохил этадиган амални ўргатинг», деган эди, «Муҳсин (яхшилик қилувчи) бўл», дедилар. «Муҳсинлигимни қандай биламан?» деб сўраган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшниларингдан сўра, агар сени муҳсин дейишса, демак, муҳсинсан. Борди-ю сени ёмон дейишса, демак ёмонсан», дедилар (Байҳақий ривояти).
Ривоят қилинишича, кимдан-ким аҳли (оила аъзолари) ва мол-мулкидан қўрқиб, қўшнисидан эшигини бекитса, у мўмин эмас. Шунингдек, ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган киши ҳам мўмин эмас.
Миқдод ибн Асвад розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан: «Зино ҳақида нима дейсизлар?» деб сўраган эдилар, улар: «У ҳаром иш. Уни Аллоҳ ва расули ҳаром қилган бўлиб, у қиёмат кунигача ҳаромдир», дея жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўнта аёл билан зино қилиши қўшнисининг хотини билан зино қилишидан енгилроқ», дедилар-да яна сўрадилар: «Ўғирлик ҳақида нима дейсизлар?» «Аллоҳ ва Унинг расули уни ҳаром қилгандир. У ҳаром иш», дея жавоб беришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўнта уйдан ўғрилик қилиши қўшнисининг уйидан ўғирлик қилишидан енгилроқ», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, қўшнисидан шикоят қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бор, сабр қил», дедилар. Ҳалиги киши яна икки ё уч марта келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам охири: «Бор, матоҳларингни кўчага улоқтириб ташла», деб маслаҳат бердилар. Сўнг у киши шундай қилди. Кўчадан ўтаётган кишилар ундан нима учун бундай қилганини сўрашар, у эса қўшниси ҳақида сўзлаб берар эди. Улар бу жавобни эшитиб, қўшнисини лаънатлашар, айримлари дуоибад қилишарди. Шунда қўшниси келиб, унга: «Уйингга қайтақол, бундан кейин сира мендан ёмонлик кўрмайсан», деди» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Қўшни гарчи зиммий бўлса ҳам, ундан етадиган озору азиятларга сабр қилиш лозим.
Ривоят қилишларича, Саҳл ибн Убайдуллоҳ Тустарийнинг зиммий қўшниси бўлиб, унинг ҳожатхонасидан Саҳлнинг уйига ифлос-нопок нарсалар сизиб чиқар эди. Саҳл ҳар куни унинг тагига бир идиш қўйиб қўяр, мажусийнинг ҳожатхонасидан чиққан нарсалар идишга тўпланар ва кечқурун ҳеч ким кўрмайдиган жойга олиб бориб ташланар эдилар. Саҳл ҳазратлари узоқ муддат шу тахлит иш юритдилар. Вафотлари яқинлашгач, мажусий қўшнисини чорлаб: «Мана бу уйга кириб, бу ерда нима борлигини кўриб қўй», дедилар. У кириб идишга тушаётган ифлос, нопок нарсаларни кўрди ва: «Бу нима?» деб сўради. «Бу узоқ муддатдан бери ҳовлингдан мана шу уйга тушади. Уни кундузлари шу идишга тўплаб, кечалари олиб чиқариб ташлар эдим. Мабодо, ажалим яқинлашиб қолмаганида, буни сенга айтмас эдим. Бошқа бирон кишининг хулқи буни ўзига сингдира олмаслигидан қўрқдим. Энди хоҳлаганингни қил», дедилар. Шунда мажусий: «Эй шайх, мен кофир бўлсам ҳам, узоқ вақтдан бери менга шундай гўзал муносабатда бўлиб келаётган эдингизми?! Қўлингизни беринг, мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бераман», деб мусулмон бўлди. Саҳл розийаллоҳу анҳу шундан сўнг вафот этдилар.
Аллоҳ таолодан барчамизни хулқларнинг, амалларнинг ва сўзларнинг энг гўзалларига йўлламоғини тилаймиз. Албатта, У саховатли, меҳрибон ва раҳмли зотдир.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 45 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар