1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Остонада ўтирма!

Ёшлик чоғларимизда остонада ўтирсак ёки туриб қолсак, катталар: «ҳой бола, остонада ўтирма, ёмон бўлади», деб дашном беришарди.
Сабаби сўралса, «ёмон бўлади, дедикми, ёмон бўлади», деб гапни қисқа қилиб қўя қолишарди. Ёдимда, тоғам билан остонада туриб қўл бериб сўрашмоқчи бўлганимда ҳам, у кишидан: «остонада туриб кўришма, ёмон бўлади», деган жавобни олган эдим. Шунда қизиқувчанлигим тутиб: «нима бўлади ўзи?» деб сўрасам, «одам одамга бўлган меҳри остонада қолиб кетади» деб жавоб берган эди. «Мазкур иримлар ҳақида бир китоб борми, кимдан ўргангансизлар?» деб сўрасам, «буни бизга катталар, яъни ота-оналаримиз ўргатишган», деган жавоб берилган эди.

Шу воқеа менинг ирим-сиримларга жиддий суратда қизиқишимни уйғотиб юборди. Аммо шўровий тузумда тарбия топганим учун, бу ҳолатларни ҳозирдагидек китоблардан ўқиб ўрганиш имконияти топилмади. Худога шукрки, давлатимиз мустақилликка эришди. Мен ҳам талаба бўлдим. Олийгоҳда ўқиб юрган кезларим урф-одатлар ва диний адабиётларга бўлган қизиқишларим асносида бу саволларга жавоб топдим.

Ўрта осиё халқлари Ислом дини келгунича, оташпарастлик динига эътиқод қилишган бўлиб, бу дин вакилларининг урф-одатларига кўра, ажали етиб вафот қилган шахсларнинг жасадлари тоғу тошларга олиб чиқиб қўйилган, гўштлари қарға, қузғунларга ем қилинган экан. Сўнг жасадлардан қолган суякларни «Устихон» деб аталган махсус идишга жойлашган (ҳозир ҳам одамлар орасида суякни «устихон» дейиш шундан қолган) ва уйларининг остонасига кўмишган экан. Оташпарастлар эътиқоди бўйича, агар кимда ким остонада туриб, биров билан қўл бериб сўрашса, «ўлган одам ўлик чақиради», яъни шу оиладан яна бир одам ўлиши мумкин, деб ишонишган. Шундан келиб чиқиб, остонада ўтириш худди бировнинг қабри устида ўтиришдек бўлган.

Ислом дини Ўрта Осиё одамлари орасига кириб келгандан сўнг, бундай бемаъни, остонани қабр қилиш одатлари йўқ бўлиб кетди, лекин халқнинг қон-қонига сингиб кетган ирим-сиримлар ҳали ҳам одамлар орасида. Азизлар, остонада ўтирма, деган буйруқ оҳангидаги ирим ҳам аслида асоссиз, бидъат ва хурофот ишдан ўзга нарса эмас экан.

Муроджон Абдулҳамидов

Ҳозир сайтимизда 43 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ