Сайт бўлимлари
Тошкент пиёласи...
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 06 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Бирон нарсанинг камолотга етганлиги белгиси унга ҳеч қандай янги нарса қўшиш мумкин бўлмай қолганида эмас, балки ундан ҳеч нарсани олиб ташлаш мумкин бўлмай қолганидадир. Антуан де Сент-Экзюпери
Кечагидек эсимда, мустақилликдан кейин америкаликлар юртимизга келишни бошлаган пайтларда улар билан кўп маротаба суҳбатдош бўлгандим. Шундай суҳбатларнинг бирида улардан ёшроғи пиёлани кўрсатиб, «Биринчи марта худди мана бу каби пиёлада менга чой узатилганида, тутқичини излаб пиёлани роса у ёқ-бу ёғини қараганман!» деб кулди. Ўша гап менга жуда қаттиқ таъсир қилганди. Мен: «наҳотки менинг элим шу қадар содда бўлса?! Ҳатто оддий пиёлага тутқич ёпиштириб қўйишга ҳам ақли етмаган бўлса?!» деб роса эзилгандим.
Ўша гапдан бери орадан кўп йиллар ўтди. Мен чет элда таълим олдим, ишладим ва жаҳоннинг кўплаб миллат вакиллари билан яқиндан танишдим. Табиийки, кўпгина аввалги фикрларим ҳам тубдан ўзгарди. Шулар жумласидан пиёланинг дизайни, яъни ясалиши ҳақидаги тасаввурим ҳам тамоман янгиланди. Энди билсам, бизнинг ота-боболаримиз энг мукаммал дизайндаги чойдонни ясаб қолдиришган экан. ПИЁЛА – бу ҳақиқий бир санъат асари. Ҳар қандай нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак ҳам пиёла бошқа чойдонлардан устун! Буни мен сизга ҳозир исботлаб бераман!
Ҳақиқий исбот қиёслашда намоён бўлади, дейишади. Келинг, биз ҳам ўзимизнинг ўзбекона пиёламизни жаҳоннинг бошқа етакчи халқларидаги чой ичиладиган идишлар, хусусан, туркларнинг жимжимадор стакани бардак ва америкаликларнинг фахри ва ғурури саналган тутқичли кружка маг билан солиштириб кўрамиз.
ПИЁЛА (piyola)
РАНГИ. Пиёлаларнинг кўп тури мавжуд – пахта гулли, атлас пиёлалар, лекин барчасининг ичи ОҚ эканига ҳеч эътибор берганмисиз? Бунинг сабабларидан бири – оқ рангли нарсанинг ичига мабодо чанг, чивин, соч ёки шу каби майда нарсалар тушиб қолгудек бўлса, одамнинг кўзи дарҳол пайқай олади. Пиёлага сув қуйилганида, сувда салгина лойқаланиш бўлса, дарҳол кўринади. Ҳатто пиёлангиздаги чой бир соат ва ундан ҳам кўп дастурхонда қолиб кетса ҳам, қайтиб келиб бир назар ташлаш билан ичига бирор нарса тушиб қолмадимикан, дея текшириб чиқиш жуда осон. Шундай эмасми? Ана сизга пиёланинг ички рангидаги битта ҳикмат!
ТАРКИБИ. Пиёланинг чинни ёки сополдан ясалгани ҳаммага маълум. Бунинг бир нечта кучли сабаблари бор. Иқтисодий тарафдан олиб қарасак, бу пиёланинг таннархи арзон тушишига олиб келади. Туркларнинг бардак чойдони шишадан қилинади, шишанинг эриши учун жуда катта ҳарорат лозим бўлади. Чинни ва сополдан пиёла ясаш эса бу қадар юқори ҳароратни талаб қилмайди. Термодинамика нуқтаи назаридан эса, чинни ва сопол моддаси иссиқликни секин ўтказади ҳамда иссиқлик таъсирида ёрилиб кетмайди. Ҳозирги замоннинг энг ривожланган ички ёнув двигателларининг аксари ҳам айнан сополдан тайёрланаётгани ҳам бунга исбот бўлиши мумкин. Совуқ сувда ювилган шишага қайноқ сув қуйилганда, у дарз кетиб, инсонни шикастлаши ҳам мумкин. Сопол ёки чиннидан тайёрланган идишда эса бундай ҳолат рўй бермайди!
ШАКЛИ. Пиёланинг шаклига эътибор қаратадиган бўлсак, у бошқа барча чойдонлардан яққол ажралиб туради – унинг уст юзаси мумкин қадар максимал кенгайтирилган. Эътибор беринг-а, пиёланинг ости кичкина ва юқориси борган сари кенгайиб кетган! Бу эса иссиқ ичимликларнинг энг тез фурсатда совишига ёрдам беради. Биласиз, мусулмончилик ҳам овқатни иссиқ истеъмол қилишдан, ичимликни иссиқ ичишдан қайтаради. Бир ҳикмати борки, динимиз буни бизга таълим берган. Мусулмончиликнинг ҳамма тартиб-қоидаларига жуда қаттиқ амал қилган ота-боболаримиз пиёлани балки шу мақсадда ҳам чойни тезроқ совутиб берадиган қилиб ясашгандир... Бундан ташқари, унинг ости тор, тепаси кенг экани бир нечта пиёлани устма-уст тахлаш ва сақлашда ҳам жуда қўл келади. Пиёланинг шакли унинг ниҳоятда универсал, яъни хилма-хил мақсадларда ишлатилишига ҳам имкон беради. Хусусан, мураббо, асал ва шу каби нарсаларни солиб, бирданига бир неча киши нон ботириб ейиши ҳам мумкин. Пиёладаги чойни одам қийналмасдан охирги томчисигача бошини орқага ташламай, атрофдагиларга бурнининг тешигигача кўрсатмай ича олади. Бардак ва маг мисолида эса ё чойнинг охирини ичмасдан қолдириш, ё бошни орқага ташлаш керак, акс ҳолда чойдон бурнингизга кийилиб қолади...
Пиёла шаклининг яна бир муҳим тарафи – унга атайлаб тутқич қилинмаганидир. Тутқичи бўлмаса ҳам, иссиқ чой билан тўла пиёлани ушлаб куйиб қолган одамни ҳалигача эшитмаганман. Пиёла қўлга жуда яхши ўрнашади – пастидан номсиз ва ўрта бармоқ, тепасидан бош бармоқ билан ушланади. Қўлнинг кўрсаткич бармоғи эса пиёла қорнига тегиб туриши учун эркин ҳаракат қилади. Биласизми, айнан шу кўрсаткич бармоқ одам терисида энг сезгир қисм экан! Шу сабабли пиёлани тутганда, одамнинг мияси кўрсаткич бармоқ учидаги нозик ва сезгир нервлар орқали пиёладаги чойнинг ҳароратини ҳали пиёла лабга яқинлашмасдан туриб жудаям аниқ сезишга муваффақ бўлади. Одам қайноқ чой ичаётганида БАРДАК ва МАГда тилини куйдириб олиш эҳтимоли анча катта.
Тутқич йўқлигининг яна бир устунлиги шундаки, пиёланинг ҳар хил жойидан чой ичиш мумкин. Масалан, тутқичли магда лаб ҳар доим битта жойга тегади ва бу оммавий ошхоналарда чой ичувчиларга психологик ноқулайлик туғдириши мумкин. Гарчи маг сизга берилишидан аввал ювилган бўлса-да, тутқичдан ушлаб ичар экансиз, бу ерга бошқа бировнинг лаби теккани онгингизда ўрнашиб тураверади. Шу каби нотинчликдан қутилиш учун ҳатто ўзини покиза санаган инсонларнинг баъзилари оммавий ошхоналарда магни атайин тескари ушлаб чой ичишади. Пиёлада эса психологик жиҳатдан инсоннинг онги бу каби нотинчликлардан холи бўлади.
Ажабо, буларнинг барчаси тасодифданмикан ёки аждодларимиз шу қадар доно ва зукко ўтган эканларми? Нима учун уларнинг бу ихтироси минг йиллаб синовдан ўтиб, ҳеч қандай ўзгаришсиз XXI асрда ҳам кенг қўлланиб келинмоқда. Атрофдаги бошқа нарсаларга бир боқинг – кўплаб буюмлар ишлаб чиқарилишга улгурмасдан, қайта-қайта ўзгартирилади. Пиёла эса, эсимизни танибмизки, ўша-ўша!
Энди келинг, Туркларнинг БАРДАК деб аталувчи жимжимадор чойдонини кўриб чиқайлик (Русларнинг СТАКАНи ҳам деярли айни, фақат сифатсизроқ ва хунукроқ).
БАРДАК (bardak)
РАНГИ. Маълумки БАРДАК доимо шишадан ясалади. Кўриниши жуда чиройли, айниқса чойни қуйиб қўйиб томоша қилиб ўтираверсам дейсиз... Лекин шишанинг шаффоф (рангсиз)лиги чойга тушган (ёки тушиб қолган) соч, қумурсқа, пашша ва ҳоказоларни пайқашни қийинлаштиради, чунки шиша шаффофлиги туфайли остидаги дастурхонни акс эттириб, кўзни адаштиради. Қолаверса, тўқ рангдаги чой қуйилган бардак кирланган бўлса ҳам кўз билан оддий қарашда пайқаб бўлмайди – бу эса соғлик ва гигиена учун зарар етказиши мумкин.
ТАРКИБИ. Шишадан тайёрланган бардак иссиқликни ниҳоятда тез ўтказади ва бу билан бармоқ учларининг куйишига ва уларнинг сезгирлиги сустлашишига сабаб бўлиши мумкин. Шиша сополдан қимматроқ туради. Қолаверса, юқорида зикр этилганидек, шиша совуқ сувда ювилганидан кейин бирданига қайноқ чой қуйиладиган бўлса, кутилмаганда дарз кетиши кўп содир бўлади.
ШАКЛИ. Бардакнинг шакли уни тутиб туришни анча қийинлаштиради. Бардакка қуйилган чойни охирги томчисигача ичмоқчи бўлган одам эса юзини тикка осмонга қаратишга мажбур, чунки ости кенгайтирилган бўлганидан анча чой «қамалиб» қолади. Ишонмасангиз, кейинги сафар турк ресторанига борганингизда эътибор бериб кўринг! Бундан ташқари, бардакка мураббо, қаймоқ ва шу каби нарсаларни солиб, нон текказиб ея олмайсиз. Тўғри, турклар бу мақсадларда бошқа идишлардан фойдаланишади. Аммо бу ортиқча харажат, ортиқча даҳмазага сабаб бўлади. Бардакнинг усти кенгайтирилган бўлса-да, ости ҳам кенг – бу эса чойнинг совишини секинлаштиради. Натижада одам агар шошилиб бардакдан чой ичса, тилини куйдириб олиши мумкин. Бардакни ювиш ҳам пиёлани ювишдан бироз қийинроқлигини эса тушунтириб ўтириш ҳам шарт эмас.
Америкаликларнинг гўзал МАГларини ҳам таҳлил қилиб чиқайлик.
МАГ (mug/cup)
РАНГИ. МАГлар турли рангларда бўлади. Кўпинча тўқ ранглар ишлатилади, аксарият ҳолларда ичи ҳам, таши ҳам тўқ рангда бўлади. масалан, қизил, сариқ, жигарранг, қора, кўк ёки яшил... Ўзбекча қилиб айтганда, бу жудаям «кирчил мол», яъни анча-мунча ғубор ва кирни билдирмайдиган чойдон. Ичига пашша ёки соч тушиб қолса, тўқ рангининг ичида деярли кўринмай кетади... Ўзингиз тасаввур қилаверинг. Идишни ювмасдан чой қуйиб берсангиз ҳам ичаётган одам бир қарашда сезмайди. Кўряпсизки, гигиенада пиёлага на бардак, на маг тенг кела олади!
МАГ ҳам асосан сополдан қилингани туфайли гапни қисқа қилишга ҳаракат қилиб, унинг ШАКЛИ ҳақидаги фикрларга ўтсак. Америкаликлар фахрланган жойи ҳам айни шаклидадир. Аввало кичикроқ бир нуқта – унинг цилиндрсимон эканлигига тўхталсак. Рости, америкаликлар бу соҳада бизлардан ҳам, турклардан ҳам суст фикр юритишган. Нима эмиш – шакли оддий цилиндр. Бу албатта, турли реклама ёзувларини ва суратларни тушириш учун анча жой пайдо қилади, лекин ичидаги чой ёки америкаликлар севиб истеъмол қилувчи қаҳванинг совиши учун омил бўлмайди. Ҳар ҳолда турклар ҳам ҳеч бўлмаса идишни ярмидан бошлаб юқорига қараб кенгайтириб, чой совишига ҳаракат қилганлар.
Энди ушбу идишнинг машҳур тутқичи ҳақида фикр қиладиган бўлсак (ўзи аслида шу мақоланинг ёзилишига энг катта сабаб ҳам мана шу тутқич) айтиш жоизки, чойхўрлар қайноқ чойга тўла МАГни бемалол тутқичидан тутсалар ҳам, ичидаги нарсанинг қанчалик қайноқ экани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмайдилар. Натижада тилда жойлашган 3000дан ортиқ нервларнинг кўпи қайноқ чой ёки қаҳва ҳўпламидан анчагача ўзига келолмай юради. Мен неча марта тилимни ва оғзимни куйдирган бўлсам, бу асосан МАГдан фойдаланганимда содир бўлган. Ўзингиз ҳам бир эслаб кўринг. МАГни ушлаганда бармоқларнинг учи идишнинг ўзига деярли тегмайди ва натижада юқоридаги айтганларим содир бўлади. Биринчи ўқиганингизда: «ҳа нима қилибди, шу ҳам гап бўлибди-ю», дейишингиз мумкин, лекин кейинги сафар тилингиз иссиқ чойда куйганда шу гапларни бир эслаб қўйинг, тилнинг куйиши қанақа ёмон эканини ўшанда биласиз. Бекорга халқимизда бунақа одам «кейин қатиқни ҳам пуфлаб ичади» деб масхара қилинмайди!
УЧТА «Э»
Муҳандислик соҳасида «Э» (инглизча E) ҳарфи билан бошланадиган учта муҳим нуқта мавжуд. Ихтиро қилинган буюмлар шу учта нарса бўйича баҳоланади: Экологик тозалиги (арзон хомашё ва кам сарф харажат талаб қилиши), Эргономикаси (ишлатишда қулайлиги) ва Экономикаси (таннархи, тахлашга осонлиги ва ҳоказо…) Шу уч ўлчовда учала идишни баҳолайдиган бўлсак, барчаси бўйича энг юқори баҳо Ўзбек ПИЁЛАсига берилишига амин бўламиз. Юсуфбек ҳожи айтганидек, «ўзимизда шундай идиш бор экану, билмай юрган эканмиз!»
Мақолани шу ерда тўхтатсам ҳам бўлар эди, лекин гап чой идишлар ҳақида кетар экан, Американинг энг янги техника мўъжизаларидан бўлмиш яна иккита чойдон ҳақида ҳам гапириб ўтмоқчиман. Ахир бу иккаласига алоҳида мавзу очмайман-ку!
ТРАВЕЛ МАГ (travel mug — йўл чойдони) иссиқлик ўтказмайдиган энг сўнгги ихтиролар билан ва кўпинча ҳатто вакуум билан ўралган! Демак ичкаридаги нарсанинг қанчалик иссиқлиги ҳақида тасаввур эга бўлиш умуман мумкин эмас. Натижани эса яна бошидан тушунтириб ўтирмай қўя қолай – бечора 3000та нервлар!
Арзонроқ ТРАВЕЛ МАГларнинг ичкариси пластик бўлади. Пластик эса қайноқ нарса қуйилганида ўзидан КАРТСИНОГЕН, яъни САРАТОН (РАК) касалига сабаб бўлувчи модда ажратиб чиқаради. Буни истаган кимёгардан ёки шифокордан сўраб тасдиқлаб олинг! Устига устак қопқоғи ҳам бор – тўнтарсангиз ҳам бирор томчи нарса тўкилмайди. Фақат бирор жойини эзсангиз ёки бурасангиз чой чиқади.
Сал қимматроқ чойдонлар ичи зангламайдиган темирдан қилинади, яхшиямки темир қайноқ чойдан ҳеч нима бўлмайди, лекин ичига бирон нарса тушиб қолгудек бўлса… авваламбор идиш чуқур, ундан кейин темир ялтираб идишнинг ичини ёруғда ҳам кўришни мушкуллаштиради…
Содда қилиб айтганда, бу тутқичли бир термос дегандек гап. Термос деярли ҳамма ўзбек оилаларида бор. Ўзингиз айтинг-чи, термосдаги қайноқ чойни бирор нарсага қуймасдан даст кўтариб ичармидингиз? Энди америкаликларнинг зеҳнига қойил қолаверинг...
Албатта, бунақа идишга ҳамманинг пули етавермайди. Америка аҳолисининг аксар қисми қуйида тасвири келтирилган кўпиклаштирилган пластик идишда чой ичишга одатланган. Нима ҳам дердим, мен қайноқ чой пластик идишга қуйилганида нима содир бўлишини айтиб ўтдим, қолгани уларнинг фаросатига ҳавола! Омон бўлинг.
Чойдан қуйинг энди! Гапиравериб оғзим қуриб кетди. Менга ПИЁЛА ҳам бўлаверади!
Маъмуржон Раҳимов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 45 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар