Сайт бўлимлари
Ҳинно - ажойиб восита
- Подробности
- Бўлим: Гўзаллик
- Чиққан санаси: 12 Июнь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Шимолий ва Шарқий Африкадан тортиб то Ҳиндистонгача бўлган тропик иқлим худудида дербенниковые оиласига мансуб бўлган лавсониянинг ёввойи бутазорлари ястаниб ётади. Биз билган сирень (настарин) катталигида бўлган ушбу бута кенг япалоқ баргларга ва пушти ёки оқ майда-майда, ўткир хидли гулларга эга. Тепа томондаги новдалардан терилган ёш барглар энг кучли бўяш хусусиятига эга, улар газлама бўёқлари ва мехнда (тана бўёғи) ишлаб чиқаришда қўлланилади. Қолган барглар эса соч бўёғини ишлаб чиқариш учун қайта ишланади. Ўсимликнинг бўяш хусусиятига эга бўлмаган поясидан эса рангсиз ҳинно олинади. Гулларидан жуда юқори сифатли эфир мойи олинади, лавсониянинг ҳамма қисми эса турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Ҳинно – ажойиб даволаш воситаси хисобланади. Ҳиндистонлик ва умуман Шарқ аёлларининг у билан фақат сочларини эмас, балки оёқ ва қўл кафтларини ҳам бўяшлари бежиз эмас.
Ҳинно – Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоху алайҳи васаллам) томонидан соч ва терини бўяш учун тавсия қилинган воситадир. Терида ҳиннонинг бўлиши унга сув етишига тўсқинлик қилмайди, шунинг учун ҳиннони қўллаш таҳоратни ҳам, ғуслни ҳам бузмайди.
Замонавий медицинада қандай маълумотлар бор?
Ҳинно тозаловчи, ҳимоя ва соғломлаштириш хусусиятларига эга. Ҳинно юз ва тана терисига ёшартирувчи ва юмшатувчи таъсир кўрсатади. Ҳинно соч тузилмаларини яхшилайди, уларни тўкилишини олдини олади, қазғоқни йўқотади, соч ўзагини мустаҳкамлайди (соч пиёзчасини озиқлантириш орқали), табиий жило беради, сочни шамоллатиб, унга қалинлик кўринишини беради ва турмаклашни осонлаштиради.
Ҳинно яллиғланиш ва дағаллашишни йўқотишга ёрдам беради, терини тозаланиши ва юмшашини таъинлайди, қичишиш, йирингли ярачаларни йўқотади, замбуруғ касалликларини даволашга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳинно жуда яхши антисептик (микробга қарши восита) ҳам хисобланади!
Ҳинно терини фаол ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади.
Ҳинно таркибида органик кислоталар, танинлар, полисахаридлар, смола ва ёғ моддалари, С ва К витаминлари, эфир мойи қолдиқлари мавжуд. Қизиқ жойи, оддий синтетие бўёқлар сочннинг ичига кириб боради, ҳинно бўёғи эса соч тузилмалари ичига кирмасдан, уни сув ўтказувчи пленка билан қоплаб олади, ва узоқ муддатга бўялишини таъминлайди.
Ҳиннонинг бир неча сирлари
Сочни бўяш
Реклама бизни соч бўёқлари хавфсиз ва хатто фойдали, деб ишонтиришга астойдил уринади. Лекин, химия – барибир химиядир. Унинг ёрдамида яратилган гўзаллик қисқа муддатлидир; бироқ, унинг таъсири натижасидаги сочнинг тўкилиши ва нозиклашиши билан анча узоқ курашишга тўғри келади. Ваҳоланки, косметологияда соч бўяш амалиёти минг йиллардан буён мавжуддир. Қадимги Миср ва Бобил, Ҳиндистон ва Араб Шарқи гўзаллари бунинг учун ҳиннодан фойдаланганлар.
Қайси ҳолларда ҳинно сизга тўғри келмайди:
1. Сизнинг сочингиз яқинда химиявий модда билан бўялган ёки рангсизлантирилган бўлса. Ўсимлик асосидаги бўёқлар химиявий бўёқлар билан мувофиқ келмайди. Бу ҳолда натижа умуман кутилмаган бўлиши мумкин. Сочингиз ҳар қандай рангга – апельсин рангидан тортиб яшил ранггача – кириб колиши мумкин.
2. Агар сочингиз химиявий жингалакланган (кокилланган, завивка) бўлса. Бунга ҳам юкоридаги омиллар сабаб бўлади. Ҳинно билан бўялгандан сўнг ҳам химиявий жингалаклаш мумкин эмас.
3. Агар сочингиз табиатан ёрқин рангли бўлса. Албатта, агар сиз сочингизни малла рангга киришини ҳохласангиз, бу бошқа гап.
4. Агар сиз сочингиз рангини тез-тез ўзгартиришга кўникиб қолган бўлсангиз. Ҳинно билан бўягандан кейин сиз узоқ муддат химиявий жингалаклай олмайсиз, химиявий бўёқлар қўллай олмайсиз, сочингизни рангсизлантира олмайсиз.
5. Агар сочингизни 40 % дан кўп қисми оқарган бўлса (бу ҳолда соч сабзи рангига кириб қолиши мумкин).
Сизга зарур бўладиган нарсалар: 1 тадан 3 тагача пакетчадаги ҳинно (сочингизнинг узунлигига боғлиқ), эски сочиқ, кичикроқ косача, кенг сартарошлик чўткаси (кисточка), резина қўлқоплар, пахта, крем, пластик пленка (оддий ўртача катталикдаги целлофан пакет ҳам бўлаверади), агар сочингиз узун бўлса, шпилькалар.
Соч бўяш босқичлари:
1. Ҳиннони қуюқ сметана холатига киргунча қайноқ сув қуйиб аралаштиринг. Ҳиннода бўлакчалар қолмаслиги керак (бунинг учун сув қўшишдан аввал ҳиннони элаб олинг, ёки тайёр қоришмани сузгичдан ўтказиб олинг). Яхшироқ суртилиши учун ва ниқоб хусусияти пайдо бўлиши учун коришмага тухум сариғи, календула мойи, жожоба, ёки ҳиннонинг мойидан қўшиш мумкин.
2. Елкангизга эски сочиқни ёпинг. Ҳинно доғларини кийимдан кетказиш амалда иложи йўқ. Пешонангизнинг соч ўсиш чизиғи бўйича крем суртиб олинг; бу терини бўялиб қолишини олдини олади.
3. Бўёқни қуруқ, тоза сочга суртиш керак. Бўяшни энса қисмидан бошлаган маъқул. Бошнинг энса қисми энг паст ҳароратга эга, шунинг учун энса қисмидаги соч толалари узоқроқ бўялади. Кейин бўёқни бошнинг тепа ва чакка қисмларига суртинг, охирида эса сочнинг бутун узунлиги бўйлаб суртиб чиқинг. Ҳиннонинг терига тушмаслигига эътибор беринг. Агар бу ҳолат юз берса, дарҳол нам пахта тампони ёрдамида артиб ташланг.
4. Сочнинг ҳамма қисмини бўягандан сўнг, сочингизни уқалаб чиқинг (массаж), шунда ҳинно бир текис ётади. Агар сочингиз узун бўлса, шпилька билан қадаб олинг. Бошингизни пластик пленка билан ёпинг, бунда пешонанинг соч ўсиш чизиғи бўйлаб пахтадан қилинган жгут боғлаб олинг, пленканинг устидан эса сочиқ билан ўраб олинг.
5. Ҳиннони қанча вақт қўйиб туриш керак? Бу сочнинг дастлабки рангига, унинг қалинлигига ва қандай жилога эришмоқчи эканлигингизга боғлиқдир. Энг яхшиси сочни бўяшдан аввал бир тутамида синаб кўриш керак. Бу амал тажриба ҳиннони қанча вақт қўйишни бехато аниқлашга ёрдам беради. Агар сизда бу амал учун вақт ва ҳоҳиш бўлмаса, ва сочингизнинг дастлабки ранги ёрқин ранг бўлса, малла рангга кириши учун 5-10 минут, тўқ рангли соч учун 30-40 минут, қора сочл учун 1,5-2 соат керак бўлади.
6. Бўяш вақти тугагандан кейин сочни яхшилаб ювиш керак бўлади. Бу жараён анча мураккаб ва қувват талаб қилади. Сочни ундан оқаётган сув мутлоқ тоза ва тиниқ холга келгунча ювиш керак. Сочдан ҳиннонинг қолдиқларини ювиш учун чайқовчи малҳамдан (бальзам-ополаскиватель) фойдаланиш мумкин, ёки кейинроқ, қуритиш давомида фен ёрдамида тозалаш мумкин.
Шуни ёдда тутиш керакки, ҳиннонинг хақиқий ранги одатда икки-уч кундан кейин, айниқса қуёш нурида юзага чиқади. Шунинг учун солярийга борилса ёки шунчаки қуёш нурида турилса, айни муддао бўлади; бу нарса сочни ажойиб тарзда товланишига имкон беради.
Агар фақатгина сизда мавжуд бўлган рангни пайдо қилмоқчи бўлсангиз, унда тажриба ўтказиб кўриш мумкин.
Масалан, агар қадимги ҳинд рецептига амал қилиб, 100 грамм ҳиннога 10 грамм оддий майдаланган гвоздика қўшиладиган бўлса, сочнинг ранги янада тўқлашиб, ёрқинлашади. Лавлаги суви ҳам ўзига хос жило пайдо қилиши мумкин. Қуюқ қилиб дамланган чой сочни ёрқин-сариқ ранга бўяйди. Агар 4 чой қошиқ кофе қўшиладиган бўлса, бу сочга оқ-малла ранг ёки каштан рангини беради. Турли жилога эга бўлиш учун ҳиннони 3-4 қошиқ какао билан аралаштириш кифоя қилади. Бунда соч кўпчиликка таниш бўлган қизил дарахт рангини олади. Мойчечак дамламаси эса (1 қошиқ мойчечак гулидан ½ стакан сувга қўшилади) сочни ёрқин олтин рангга киритади. Ҳинно қоришмасига бироз каркаде чойи қўшилса, соч қизғиш ранга киради. Агар ҳиннони пиёз пўчоғи билан қайнатиб қўлланилса, мисранг ёки олтинранг жилони пайдо қилиш мумкин.
Яна баъзи бир сирлар, ёки басмали ҳинно.
Ҳиннони басма (индиго) билан бирга қўллаш натижасида ёрқин қизғиш рангдан тортиб қора ранггача пайдо қилиш мумкин. Басмани ўзини эса қўллаш тавсия этилмайди, чунки басманинг табиий ранги – тўқ яшилдир. Ҳинно ва басманинг баробар нисбатдаги аралашмаси ёрдамида сочни каштан ранга бўяш мумкин.
Сочни ёрқин-қизғиш ранга киритиш учун унга 1 қисм ҳинно ва 3 қисм басмадан иборат аралашмани 1 соат муддатга суртиш керак. Агар аралашма кўпроқ вақт (1,5 соат) ушлаб турилса, табиий каштан рангини олиш мумкин. Ёқимли бронза рангини ҳосил қилиш учун 2 қисм ҳиннога 1 қисм басма қўшиш керак бўлади.
Ҳинно билан басма қоришмасини қора ранг ҳосил қилувчи нисбати ҳам маълум, бироқ, хадисларга биноан, сочни қора рангга бўяш мумкин эмас.
Энди сочларингиз чирой ва соғломлик билан товланмоқда! Ушбу товланишни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?
- Ҳинно рангсизланиш хусусиятига эга. Бироқ ҳиннони икки ойда бир мартадан кўп қўлламанг. Тез-тез қўллаш натижасида аксинча таъсир юз бериши мумкин: соч хира рангга кириб қолади.
- Агар сиз эски ҳинно бўёғини янгилашни ҳоҳласангиз, буни чайқаш ёрдамида амалга оширинг. Бунинг учун 50 грамм ҳиннони 1,25 литр қайноқ сувга аралаштиринг. Қоришмани сузгичдан ўтказиб, совутинг. Шундан кейин у билан сочинигизни чайқашингиз мумкин.
Ортиқча ёрқин рангни қандай кетказиш мумкин?
Озгина ўсимлик мойини қиздиринг ва уни сочингизга яхшилаб суртинг. Фен билан бироз қуритиб, сўнг мойнни шампунь билан ювиб юборинг. Мой ҳиннони ўзига шимиб олади. Агар бир мартадан сўнг натижа унчалик бўлмаса, муолажани такрорланг
Мехнди
Сочни ҳинно билан бўяш хаммага таниш холат. Бироқ ҳиннони яна ҳам «шарқона» қўллаш усуллари мавжуд. Бу – мехнди, яъни, ҳинно билан терига расм солиш. Европада бу бироз бошқача кўриниш олган – яъни, ҳинно билан татуаж қилиш; бу нарса моҳиятига кўра нотўғри хисобланади. Бу нарсанинг татуаждан фарқи, у инсоннинг табиий холатини ўзгартирмайди. Исломда татуаж ман қилинган, ҳиннони терини безаш учун қўллашга рухсат берилибгина қолмасдан, балки бу маҳбуб амаллардандир.
Одамлар қадимдан танасини турли нарсалар билан безатиб келган. Ҳинно билан расм солиш қадимги Бобил, Ассирия, Месопотамия, Юнонистон ва Рим империяси худудларида маълум бўлган. Ҳинно ёрдамида солинган расмлар аёллар учун ажойиб безак бўлиб ҳисобланган. Бу нарса ҳозирда ҳам Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Хиндистон, Покистон томонларда кенг қўлланилади.
Ҳинно билан расм солиш – қатъий қоидаларга эга бўлмаган санъатдир, чунки, хаттоки расмнинг ранги ҳам пастанинг таркиби ва одамнинг терисига қараб турлича бўлади. Шунга қарамасдан, ҳар бир маданият ўз анъаналари ва нақшларига эга. Энг соддалари – чизиқчалар, нуқталар ва илмоқчалардан иборат график тарздаги расмлар Шимолий Африка берберларида учрайди.
Ислом маданиятида йирик ўсимлик кўринишидаги нақшлар афзал кўрилади. Ҳиндистонда эса, каштага ўхшаш жимжимадор расмларни яхши кўрадилар.
Пастани тайёрлаш:
Расмнинг сифати пастанинг сифатига боғлиқдир. Пастани бир кун олдин тайёрлаш лозим, чунки, у тайёр бўлиши учун тахминан 24 соат керак бўлади. Бу рецепт 20 грамм ҳиннога мўлжалланган, ундан 100 граммча паста чиқади. Бу иккала қўлни тирсаккача безаш учун етарлидир.
Сизга керак бўладиган нарсалар:
-Ҳинно кукуни.
- Янги сиқиб олинган ва сузғичдан ўтказилган лимон суви ёки лайма суви.
- Шакар.
- Хушбўй мой (майлга қараб).
- Кичкроқ пластик ёки шиша косача.
- Ўлчов қошиқлари.
- Пластик пакетлар.
- Аппликатор: медицина шприци (игнасиз) ёки кичикна тешикли пластик бутилка, расм солиш учункенг ясси таёқча (музқаймоқ таёқчасига ўхшаш).
Кечки маҳал:
Аралаштиришдан аввал ҳиннони майда элакдан ўтказиб олиш керак. Агар сизнинг расмингизда майда чизиқлар кўп бўлса, ва расмни шприц билан солмоқчи бўлсангиз, бу нарса муҳимдир. Ингичка чизиқлар яхши элаб олинган ҳиннодан тайёрланган пастада яхши чиқади.
Фойдаланишдан тахминан 24 соат олдин 20 грамм ҳиннони шиша косачага тўкиб, ¼ стакан лимон сувидан қўшинг. Ҳинно ва лимон сувини бир жинсли модда ҳолига келгунича аралаштиринг, қоришмада бўлтакчалар қолмаслиги керак. Қоришмали идишни пластик пакетга ўраб, ҳаво кирмайдиган қилиб ёпинг ва камида 12 соатга илиқ жойга (22-25°С) қўйинг. Қоришмани сув ҳаммомида бироз иситиш ҳам мумкин. Ҳиннони оддий сувга аралаштириш тавсия этилмайди, чунки, барглардан бўёвчи моддалар ажраб чиқиши учун кислотали мухит талаб этилади.
Эртасига эрталаб:
Қоришмани очинг ва унга 1 чой қошик шакар қўшинг. Шакар қоришмани терига яхшироқ ёпишиши учун зарур. Бундан ташқари, 1 чой қошиқ хушбўй мой ҳам кўшиш тавсия этилади. Одатда ҳинно гулларининг мойи қўлланилади, бироқ, бошқа дарахтларнинг мойи ҳам бўлаверади: чой дарахти, апельсин, сандал, лаванда, гвоздика ёки эвкалипт мойлари. Эфир мойлари қўшилган паста тўқроқ ва турғун ранг қолдиради.
Барча масаллиқни яхшилаб аралаштиринг. Энди пастани лимон суви ёрдамида керакли қуюқликка келтириш керак бўлади. Лимон сувининг аниқ миқдорини аниқлаш қийин, чунки ҳиннонинг хусусиятлари хар хил бўлиши мумкин. Қуюқлигига кўра паста қуюқ сметана ёки тиш пастасини эслатиши керак. Қоришмага лимон сувини бир чой қошиқдан қўшиб, керакли консистенцияга келгунича яхшилаб аралаштириб туриш лозим. Паста ортиқча қуюқ бўлса, аппликатордан сиқиб чиқариш қийин бўлади, суюқ бўлса, расм «оқиб» кетади. Суюқ пастага бироз ҳинно кукуни қўшиб, пластик пакетга ўралади ва яна 12 соатга тиндириб қўйилади. Шундан кейин яна ундан фойдаланиш мумкин.
Ана энди чизишни бошлаймиз!
Расм силлиқ терида яхши туради, шунинг учун олдин терини спирт билан ёғсизлантириш керак. Дағал терини пилинг ёрдамида силлиқланг. Шундан кейин терига эвкалипт мойидан 3 томчи суртинг. Эвкалипт мойи тери тешикчаларини яхши очади ва расмни яхшироқ тушишига сабаб бўлади.
Агар терингиз нозик бўлса, олдин тест ўткзинг: тирсакнинг ички томонига эвкалипт мойидан томизиб кўринг. Бир вақтда ҳиннони ҳам синаб кўришингиз мумкин. 12 соатдан сўнг терида ўзгариш бор-йўқлигини текширинг.
Санъат: турлича чизиш мумкин.
Шаблон техникаси.
Бу усулда кўп марта ёки бир марта ишлатиладиган нақшли трафаретлар қўлланилади. Уларни ўзингиз қалин полиэтилен ёки пластирдан тайёрлашингиз мумкин. Кейин нақшли трафаретни терига скотч ёрдамида ёпиштиринг. Энди трафаретнинг бўш жойларини ҳинноли паста билан тўлдириб чиқинг. Пастани таёқча, чўткача ёки шприц ёрдамида суртиш мумкин. Қулай усулни ўзингиз танланг. Агар тайёр пастани тюбикдан фойдаланадиган бўлсангиз, аввал тюбикни яхшилаб эзғилаб аралаштириш керак. Тюбик учидан кичкина тешикча очиб, пастани бир текисда суртинг. Агар ҳинно толалари тешикни тўсиб қўядиган бўлса, уларни игна билан тозаланг. 2 соатдан сўнг трафаретни эҳтиёт бўлиб олиб ташланг. Қўлда қолган ҳинно қатламини пичоқ билан қириб тозаланг. Ювиш мумкин эмас! Ҳинно терида туриши керак бўлган энг кам муддат – 2 соат, лекин қанча кўп турса, расм шунча ёрқин ва узоқ турадиган бўлади, шунинг учун иложи бўлса, 6-8 соат туриши керак. Бунда вақти-вақти билан ҳиннони шакар қўшилган лимон суви билан хўллаб туриш лозим. Олдинига расм малла-жигарранг тусда бўлади, сўнг секин аста тўқлашиб, бир-икки кундан сўнг ўзининг максимал жилосига эга бўлади.
Ёдингизда тутинг
- Ҳинно тананинг «ёпиқ» қисмларида узоқроқ сақланади.
- Лоларанг-қизғиш ранг24-48 соат сақланади, кейин аста-секин тўқлашиб боради. Бу вақт ичида бўялган жойни совунлаб ювиш тавсия этилмайди.
- Иссиқ ҳарорат расм рангини тўйинган ва давомли қилади, шунинг учун расмни инфрақизил лампа ёки қуёш нурида қуритинг.
- Энг ёрқин расмлар қўлда ва оёқнинг кафт ва панжаларида бўлади.
- Пигментлар яхшироқ шимилиши учун қуритаётганда расмни вақти-вақти билан шакар қўшилган лимон суви билан хўллаб туринг.
- Эртасига расмга яна ҳинно пастасидан суртинг, бу рангни яна хам чуқурлаштириб, мустахкамлайди.
- Расм ёрқинроқ ва ялтироқ бўлиши учун, ҳинно пастаси олиб ташлангандан кейин уни бодом, хантал ёки кунжут мойи билан артинг.
- Расм узокроқ сақланиши учун қаттиқ терлашдан сақланинг.
- Ҳиннодан солинган расм узоқ вақтда, 3-4 хафтада, аста-секин оқаришиб йўқолади. Агар сизга ёқиб қолган расмни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз, мутлоқ йуқолиб кетишидан олдин расмни қайтадан янгиланг.
- Ҳинно – кучли бўёвчи моддадир! Эҳтиёт бўлинг ва ортиқча бўёкни теридан тезда пахта пилик ёрдамида тозалаб ташланг.
- Кейинги 2-3 кун ичида расмни мой билан артиб туринг – шунда расм ёрқинроқ ва давомлироқ бўлади.
Расм қайси рангда бўлади?
Табиий ҳиннодан солинган расмлар лоларанг, қизғиш, жигарранг тусда бўлиши мумкин. Терининг хусусиятларига қараб ҳам расм жилоси ўзгариши мумкин.
Замонавийликдан бир шингил
Ҳозирги пайтда ҳинно шампуньлар ва чайқовчи воситалар ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. Кўпчилик ювиш воситаларидан фарқ килиб, ҳинно бошнинг сочли қисми кислота-ишқор мувозанатини бузмайди ва бир вақтнинг ўзида яхши тозаловчи ҳисобланади.
Ҳинно билан ванна қабул қилиш терига чиройли олтинранг тобланиш рангини беради. Яъни у солярийнинг фойдали ва ёқимли муқобилидир.
Рангсиз ҳиннодан фақат соч учун эмас, тана учун ҳам ниқоб тайёрлаш мумкин: бу нарса кўкрак ва тана орқасидаги тошмалардан қутилишга ёрдам беради.
Машҳур ва бир вақтнинг ўзида номаълум ҳинно хақидаги хикоямиз шундан иборат.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар