1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Мени асранг, онажон!”

Бувим раҳматли “қиз боланинг тарбияси, иши жуда оғир. Қизи бор она адашишга ҳақли эмас. Қизли хонадон соҳиблари ҳамиша сергак туриши, қизларга меҳрибон бўлиши шарт. Ёш қизчаларнинг тарбиясида кўзга ташланадиган қусурларнинг асосий сабаби ота-онанинг қизига эътибор бермаслигидандир” дердилар. Чиндан ҳам енгил ҳаётни афзал билган, таралла-бедодга шайдо қизларнинг ота-онаси ҳақида сўраб билсангиз, моддият домига илиниб  фарзандини ўз ҳолига ташлаб қўйганлар ёки боласининг юриш-туришини назорат қилишни унга тазйиқ ўтказиш, деб биладиган, гўёки боласининг эркига дахл қилишни истамайдиган валинеъматлар бўлиб чиқишади. Бундай “эркинлик” оқибатида  этагига бир умрлик қора доғ ёпишиб қолаётган, ҳали ҳаётга кириб улгурмай ҳаёти зиёсини йўқотган қизлар тобора кўпайиб боряпти. Бугунги мулоҳазалар ана шу оғриқли ўйлар атрофида.  
Хориждаги ва юртимизнинг турли шаҳарларидаги ҳамкасбларим билан боғланиш учун «майл.ру агент» ижтимоий тармоғидан фойдаланаётгандим, нотаниш электрон манзилдан сўров келди. Хабарни очсам, «Илтимос, мени алоқалар рўйхатига қўшиб қўйишингизни сўрайман. Сизга бошимдан ўтган воқеаларни айтиб, маслаҳат сўрамоқчи эдим», деган ёзув турибди. Қизиқиш устун келиб, нотаниш қизни алоқалар рўйхатига қўшиб қўйдим. Зум ўтмай қиздан Жасмина имзоси остида хабар кела бошлади.
—    Олти ой аввал агент орғали бир йигит билан танишдим. Биз дўстлашиб олдик. У бизгат қўшни вилоятларнинг биридан экан. Мен вилоятимиздаги университетда ўқийман, деб ўзимни тўлиқ таништирдим. У ҳам ўзларига қўшни вилоят университетининг ҳуқуқшунослик факултетида ўқишини айтди. Бирор ойча дўстона гаплашиб юрдик. Кейин у мени ёқтириб қолганини, рози бўлсам уйимга совчи қўйиб, менга уйланиш ниятида эканини айтди.
—    Йўғе? Кўрмай- билмай туриб-а? Қизиқ...
—     Биз бир-биримизга суратларимизни юбордик. Шундан кейин худди севишганлардек интернет орқали, телефон орқали деярли ҳар куни, ҳар соатда узоқ гаплашадиган бўлдик.
—    Оббо...
—     Баҳорнинг илиқ кунларининг бирида у менга шаҳримизга келишини, мен билан учрашишини айтди. Бу гапидан шунақанги хурсанд бўлдим-ки, стипендиямдан йиғиб қўйган пулимга чиройли кийим-бош қилдим, етмаганига ўқишимга пул керак бўлиб қоляпти, деб отамдан олдим. У келадиган куни чиройли бўлиб чиқиш учун онам яхши ниятлар билан сепимга олиб қўйган тиллаларимни тақдим. Ўзимда ҳам кундалик тақишга икки-учта узук, қулоғимда зирак бор эди. Хуллас, учрашувга ҳамма тақинчоқларимни тақиб чиқдим. У келди. Менинг шаҳримга меҳмон бўлиб келди, деб қиммат ресторанга олиб кирдим. Меҳмондорчилик дастурхонини ўзимнинг ёнимдан тўладим. Дастурхон атрофида гаплашиб ўтирганимизда, у: «Нега бунча тиллага бурканиб юрасан? Қиз болага бунча кўп тилла тақиш ярашмайди. Устма-уст узук, тилла занжирларни тақиб олганингни қара, худди тиллафуруш хотинларга ўхшайсан. Мен сенинг ёнингда юришга хижолат тортяпман, қиз бола дегани сипороқ юрмайдими? Қани, дарҳол бу тақинчоқларингни ечиб олиб сумкангга солиб қўй-чи», деб танбеҳ берди. Мен чиройли кўриниш учун таққан тақинчоғларим билан унинг энсасини қотирганимдан уялиб, дарҳол айтганини қилдим. Биз ресторандан чиқиб шаҳар айландик. Унга шаҳримизни дунёга машҳур қилган тарихий обидаларини, зиёратгоҳ жойларни кўрсатдим, кечга томон хилватроқ қаҳвахонада ўтириб енгилроқ таммадди қилдик. Кейин уни кузатиб қўйдим. Уйга келиб тиллаларимни сандиқчасига солиб қўйиш учун сумкамни очиб қарасам… биттаси ҳам кўринмайди! Дод солиб йиғлаганча сумкамни қоқиб, ҳамма жойларини қайта-қайта титкилаб кўрдим. Айланиб юрганимизда, бир-икки марта сумкамни унга тутқазиб, бет-қўлимни ювгани чиққандим. Ўшанда бор-будимни шилган экан, бечора «ошиқ». Энди нима қилишга ҳайронман.
—    Ана холос! Нима қилардингиз, шунча нарсага куйиб ўтираверасизда! Дуч келган одамга ҳам ишониб кетаверадими қиз бола нарса?
—    Унинг телефони ҳам ишламаяпти, ҳалиги мен билан гаплашган интернет манзили ҳам «блакировка»да турибди. Журналист опа, менга бирор маслаҳат беринг. У исмини Музаффар деган эди. Бир танишим орқали у айтган ўқишдан Музаффар деганларни излаб кўрдик, лекин бирортаси мен билан интернет орқали танишиб, «севишган» Музаффарга ўхшамаяпти…
Қизнинг дийдиёларини эшитишга тоқат қилмай, агентдан чиқиб кетдим. Кейин ўзимча кенгашиб, бу ҳолатда ким ёки нима, қандай вазият айбдорлигини таҳлил қилиб кўрдим. Бу ҳолатда фақат қизнинг ўзи эмас, унинг онаси ҳам айбдор, фикримизча. Она дегани наҳотки, қизининг юриш-туришига, соатлаб  ким билан телефонда гаплашётганига, қизи билан нималар бўлаётганига шунчалик эътиборсиз бўлса?! Она ўзининг муаммолари, дугонасининг “Гап”ига қандай кийим  кийиб бориши, қўшни аёл олган тақинчоқдан эрига олдиришни режаси ва ҳоказолар билан банд. Қиз эса интернетда танишган, ҳали ўзи бирор марта кўрмаган одамига ишониб, сумкасини тутқазиб қўйган, ҳай-ҳайламаса, аллақандай бетайинни севиб қолдим, деб этагидан тутиб кетишга тайёр бўлган.  Бу қизга нима деб маслаҳат беришни билмадим, тўғриси.
Ёшликда қўйилган қадам инсоннинг кексалик чоғи учун пойдевор бўлади. Шунингдек ёшликда ташланган қалтис қадам инсоннинг умрбод азият чекишига ҳам сабаб бўлади. Айниқса,  қиз боланинг этагига ёпишган қора доғ уни бир умр таъқиб қилаверади. Таассуфки, замонамизга келиб айрим оналар бу ҳақиқатга парво қилмай қўйишди.
—    Баъзи оналарнинг ёш қизчасига эътиборсизлиги, қизини ўз ҳолига ташлаб қўйганини кўриб, ҳайрон қоламан,- дейди самарқандлик  ўқитувчи Умида Тоғаева. – Мен йигирма бешдан ошдим, коллежда ўқитувчилик қиламан. Оқ-қорани, аччиқ-чучукни, яхши – ёмонни фарқлай оламан. Албатта бу ўзимнинг фикрим. Лекин болалигимда ҳам, ўсмирлигимда мени назоратсиз қолдирмаган онам, шу ёшга етган бўлсам-да, ҳануз ўша назоратларини сусайтирмаганлар. Бирор жойга  чиқсалар, эшикдан кирганлари заҳоти  мени чақирадилар. Кўринмай қолсам укам ё синглимдан, “Опанг қани?” деб хавотирли овозда сўрайдилар. Баъзан онамнинг бу ҳаракатлари менга малол келиб “онажон, нима менга ишонмайсизми? Ҳар бир ишимнинг ҳисобини беришим шартми? Мен изнингиздан ташқари қадам қўймайманку” десам, “Гап ишонч ҳақида эмас, қизим, сени эсон –омон эганга топширволгунимча назоратимда бўлишинг шарт. Қиз болани, аёл кишини назоратсиз қолдириб бўлмайди. Бундан хафа бўлма” дейдилар. Ўйласам, онам ҳақ! Ҳар қадамим назоратда бўлгани учун ҳам қиз бола эканлигим ва яқинларим шаъни менинг иззатим экани ҳамиша ёдимда туради...
Фарзанд тарбиясида онанинг масъулияти отадан кўра бир неча баравар залворли ўрин эгалайди. Бола аксар ҳолларда онага боғлиқ бўлади ва у ўзи учун ҳаётда асқотадиган одоб-ахлоқ, инсоний фазилатларни онасидан ўрганади.
—    Оналарнинг ўзи  аслида тарбияга, назоратга муҳтож-ку,- дейди биз билан суҳбатда Юнусобод тумани  Аҳмад Дониш маҳалла фаоли Икромжон ака Исроилов.- Баъзида ўзим режалаштирган ишларимга аранг улгураман. Уйдан соат эрталабки саккизда чиқиб кетганимда ҳам, кечки пайт неччида қайтсам ҳам “дом” олдидаги ўриндиқда беш-олти чоғ аёллар гуруҳ-гуруҳ бўлиб гап сотишаётган бўлади. Ҳайрон қоламан, бу аёллар бунча гап- сўзни қаерда олишар экан, гапи тугамасмикан... Одам боласи сал-пал ўзини йиғиштириб, атрофига қараса бўлмасмикан? Шундай оналарнинг тарбиясини (агар кўча хотинларига ўхшаб оғзини шалоқ қўйиб шанғиллашу қарғашни тарбия деса) олган қиздан келгусида қандай аёл чиқишини тасаввур қилаверинг! Ундайлар қизининг кўнглида нима гап, уни нима қийнаяпти, ўйлантиряпти, у билан нима воқеалар рўй беряпти, хаёлига ҳам келтирмайди. Фикру ёди бўлар-бўлмас нарсалар билан банд. Хулласи калом, аввало оналарнинг ўзини тарбиялаш керак. Қизи хато қилдими,  унинг адашишига албата онаси АЙБДОР бўлади...   
Пайғамбар (сав)дан шундай ҳадис ривоят қилинади: “Фарзандларингизга бирдай меҳрли бўлинг. Агар улардан бирини устун кўриш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ меҳр беринг”.  Оғзи бепарда, кўзларидан ҳаё қочган, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини севги-муҳаббат тўғрироғи  йигитлар билан кўча- куйда етаклашиб, ошиқ-маъшуқ бўлиб юришда деб биладиган қизларнинг кун келиб афсусланишига, изтироб чекишига сабабчи бўлаётган оналар, кўзларини очиб атрофга теранроқ назар ташласалар бўларми эди. Ахир, бу дунёда “гап”дан, тўй-ҳашаму тоғорадан, тақинчоқлару   қимматбаҳо кийимдан,  қолаверса,  сиздан кўра бадавлатроқ, омадлироқ дугонангиз ё қўшнингизнинг ҳасад тўла ғийбатларидан ҳам кўра муҳимроқ нарсалар бор. Улар қизингизнинг обрўси, шаъни, саломатлиги ва албатта бахти.
Энг яхши она маънавияти бой онадир. Албатта ён-атрофимизда юксак намунали, маънавий дунёси  бой аёлларимиз кўп. Улар сафи оқила, фаросатли, иймонли қизлар билан кўпаяверса, шояд келажагимизда хақиқий ўзбек аёли қайта гавдаланади. Шундай эмасми?...

Умида Азиз

Ҳозир сайтимизда 220 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ