1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Овқат ва ҳурмат бир-бирига боғлиқми?

 

 

 

Халқимизга таъриф берилганда, “меҳмондўст” сўзи эътирофлар аввалида келтирилади. Чиндан ҳам ўзбек халқининг меҳмоннавозлиги, эшигидан йўқлаб келганга борини тўкиб-сочиб дастурхон ёзиши таҳсинга лойиқ. Бироқ кейинги пайтда дунёқараши ўзгариб анча “замонавий”лашиб қолган кишилар ҳисобига меҳмондўстлигимизга ҳам кибр, манманлик ва риё аралашгандек назаримизда. Гўёки ҳурматли кишисига атаб ёзилган дастурхонда ўзларининг таъбири билан айтганда, “одамнинг жонию товуқнинг сути”дан бошқа ҳамма нарса муҳайё бўлиши керак. Меҳмонга борган жойида ўзининг нечоғли ҳурматли эканини унга аталган дастурхон ва таомлар билан ўлчайдиганларга ҳам гап топилган:

“Вой, ўлсин-а, одам қадрини билармиди у таги пастлар. Олдимизга атиги икки хилгина овқат тортишди-я. Билганимда бормасдим…”

“Қурумсоқнинг ширинликларига эътибор бердингизми? Дўконда олинган пишириқлар, буюртма билан пиширилган эмасди. Ҳозир ҳамма тўйида буюртма бериб пишириқлар, салатлар тайёрлатишяпти. Ўзи ҳурмат-иззатни билмайдиганлар хилидан экан булар. Келганимга пушаймонлар бўлдим...”

Кўнгилдан чиқариб ёзилган дастурхон ва ундаги ноз-неъматлар ҳам киши ҳурматини белгилайдими? Наҳотки инсоний туйғулар, қадр-қиммат овқат билан ўлчанса?

– Ҳақиқатан ҳам, орамизда қаршисига ёзилган дастурхонга қараб, ўзининг ҳурматини чамалаб кўрадиганлар йўқ эмас, – дейди “Бекажон” газетаси ходими, ижодкор Холиёр Сафаров. – Аммо улар нимани солиштириб кўришяпти, шунга тушунолмайман… Бу иззатталаблик эмасми? Кўп учун ёзилган дастурхондан алоҳида ҳурмат ахтариш менимча, ноўрин. Қолаверса, бу мезбоннинг имкониятига ҳам боғлиқ. Тўғри, баъзан меҳмоннавозлик ва иззат-икромнинг тагида турли маънолар яширин бўлиши ҳам мумкин. Кимдир қалбини очиб қўяди, кимдир заҳрини сочиб… Биров ишини битириш учун, биров йўқотилаётган оқибатни қайта йиғиш учун дастурхон ёзади. Айримлар эса шунчаки: дўстлик ва яқинлик, кўнгил чигалини ёзиш учун… Дунё омонат. Одамлар эса ана шу омонатлик ичра ғанимат. Шундай экан, дўстлик ва яқинлик, яхши кунлар учун ёзиладиган дастурхонлар, тўйларимиз кўп бўлсин. Шодиёналарда дастурхондан эмас, мезбоннинг бағрикенглиги, самимийлигидан хурсанд бўлиб кетадиган ёр биродарларимиз, чин дўстларимиз кўпайсин.

Қизи борнинг қарзи бор!
Самарқандлик хусусий тадбиркор Нилуфар Ғафурова шундай дейди:
– Иш билан пойтахтга борганимда, яқин қариндошларимиздан бири уйига таклиф қилди. Тўғриси, борган жойимдаги манзарадан ҳайрон қолдим. Негаки, Тошкентдалигимдан хабар топган қариндошимиз устма-уст қўнғироқ қилиб уйига боришимни айтганди, борганимдаги ҳолат эса унинг шунчаки, мулозамат юзасидан чақирганини аён қилди. Биродаримиз эшик кепатасида мени кўриб аввал ўнғайсиз ҳолатга тушдилар, сўнг шоша-пиша ичкарига таклиф қилдилар. Даҳлиздан кираверишда эшиги очиқ меҳмонхонада тузалган дастурхонга кўзим тушдию, бироз олдинги ўйларимдан хижолат чекдим. Аммо келинойим мени меҳмонхонага эмас, ўзлари овқатланадиган ошхона айвонига чорладилар. Хулласи калом, бу “томоша”лардан англаганим шу бўлдики, Тошкентда бўй қизи бор хонадонлар, мана шундай меҳмонхонаси эшигини очиб қўйиб, дастурхон тузаб қўяр экан. “...Ҳар ойда бир марта бозорга чиқиб қиммат шоколадлардан, ширинлик, мева ва писта-бодомлардан опкелиб қўямиз. Таомили шунақа, совчиларни чиройли қилиб кутиш керак”, – деди келинойим чимирилиб. Бирор соатча қил устида ўтиргандек ўтирдиму, қайтдим. Ўшанда менинг олдимга ўзларига деб қозонга солинган маставадан ярим коса қуйиб келишди. Шукронасини келтириб таомдан тотиндим. Аммо нега менга шоҳона дастурхон ёзмади ёки совчиларга атаб тузаб қўйган жойига мени манзират қилмади, деган ўйга бормаганман. Фақат тўғрисини айтишим керак, жуда кўнглим оғриганди. Балким дастурхондан ҳурмат излаш ана шу ҳолдир...

– Тўй тўйдaй ўтсин, oвoзaси етти мaҳaллaгa eтсин, дeб ким ўзaргa дастурхон ёзаётганлар эртaсини ўйлaшгa вaқт ёки тафаккур тoпoлмaй қoлдилaр шeкилли, – дейди андижонлик шоира синглимиз Хуршидахон Эшонова. – Элни қирқ кeчaю қирқ кундуз тўйдиришга етгулик нeъмaтлaрни бир кундa тўкиб-сочиб, исрoф қилиш урфгa aйлaниб бормоқда. Oқибaт қизи бoрлaрнинг нoзи қaрзгa aйлaниб, тўй дегани – тaшвиш, ўйлaр йиғиндиси бўляпти. “Фaлoнчининг oрзу-ҳaвaси бoр экaн, тўйидa беш-олти хил тaнсиқ тaoмлaр тoртилди-я”. Бу – эл oғзидaги бир нeчa кунлик эрмaк гaп. Энди эшик oртигa қулoқ тутишгa юрaк дoв бeрмaйди. Oтa қaрз, oнa қaрз, кундa кунoрa қaрзини сўрaб кeлгaнлaр сoни oртсa oртaдики, кaмaйиши гумoн. Тaғин қиз oртидaн қирқ кун юбoрилaдигaн тoғoрaгa нимa дeйсиз (албатта бундай “мусибат” бизнинг водий томонларда мавжуд). Нaҳoт тўкин-сочин тўй қилишгa, “очил дастурхон” ёзишга қурби eтгaнлaрга oилa aъзoсигa aйлaнгaн биргина инсoн – келинни боқиш мaлoл кeлсa! Бу бир нeчa йиллик тoртишувлaргa сaбaб бўлиб кeлaётгaн муаммо. Лeкин ҳaнуз eчим йўқ... Ҳaнузгaчa oдaмлaр унут бўлиб кетадиган, жуда қўпол қилиб айтганда, қоринга тушгач, бир-икки соатдан кейин кўз тушганда кўнгил айнийдиган нaрсaлaр билан бир-бирлaрининг oбрўлaрини бeлгилaмoқдa, қадр-қийматларини ўлчамоқда. Бугун бир кунлик тадбирда бoр будимизни кeткaзмaсдaн, эртaгa eткaзишни, тeжaшни ўргaнсaк бўлaрмиди. Тўйлaр бaрибир тўйдaй ўтяпти, лeкин тaъзия вa мaърaкaлaр-чи? Кимнидир чин дунёга кузатиб, унинг фoний дунёдaн икки газ матога ўралиб, ҳамма топганларини ташлаб кeтгaнидaн ибрaт oлиш ўрнигa, дастурхон ёзиб устма-устига ҳар хил ош-овқатлар тортиб, ўзигa тўқ ҳoжи aкaлaргa зиёфaт бeришгa уялмaймиз... Тавба, наҳотки қорнимизга, нафсимизга шунчалик қул бўлиб қолибмиз... Аттанг, ўйлаганда киши хижолатдан ерга киргулик бўларкан...

Дастурхон ёзиб гуноҳга ботаётганлар
Дастурхонга тортилган ноз-неъматлардан ҳурмат-иззат излайдиган меҳмонлар бўлгани каби, одамларга кимлигини кўрсатиб қўйиш учун, дастурхон ёзадиганлар ҳам анчагина.

– Ҳозир антиқа одат урфга кирган, – дейди бир дугонам юқоридаги каби ҳолатлардан куйиниб. – Тўй-маросимларда сархил мевалар, қиммат ширинликлар ва писта-бодомларни ижарага олиб келиб, дастурхонга қўйишяпти. Энди буёғини ўзинг тасаввур қилавер, дастурхон эгасининг икки кўзи ноз-неъматларда! Бир тўйда шу ҳолат билан боғлиқ жуда ҳам хунук ҳодиса юз берди. Дастурхон атрофида ўтирибмиз. Кексароқ ёшдаги, униққангина кийим-бошли бир онахон хизмат қилиб юрган ресторан ходимларига хориждан келтирилган мевани кўрсатиб кесиб беришини сўрадилар. Ресторан хизматчиси совуққина илжайган кўйи меваларнинг ижарага олинганини, дўконга қайтарилиши кераклигини айтди. Ўша пайтда нигоҳлари дастурхонга музтар қадалиб, хижолатдан кўзлари ёшланиб кетган онахонга қараб юрагим увишди. Одамлар сохта обрў илинжида кўнгилларни вайрон қилиб нимага эришмоқчи бўлишади, а?!..

Динимизда дастурхон ёзиш билан мискин, оч ва эҳтиёжмандларни тўйдириб савобга эришиш буюрилган. Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида хайрли ишларни қилувчи аброр бандаларнинг сифатлари баёнида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят). Биз эса ҳаттоки таъзияларда ёзилган дастурхонга ҳам мискин ва очларни таклиф қилмаймиз. Шундайлар остонамизга келганида ҳам аввало “нозикроқ” меҳмонларимизнинг ҳурматини қилиб (!) таомларнинг аввалини “ҳурмат”ли меҳмонларимизга, улардан қайтгани ё ортганини бошқаларга берамиз. Бундоқ олиб қараса, дастурхон ёзиб ҳам молу давлатимизга зиён қиляпмиз, ҳам гуноҳга ботяпмиз экан.

Ғаззолий Ҳазратлари “Мукошафат -ул қулуб” асарларида шундай дейдилар: “Зиёфатга нуқул бойлар ва амалдорларни эмас, асосан фақирларни таклиф қилиш керак. Пайғамбаримиз буюрадилар: «Дастурхонларнинг энг гуноҳлиси бойлар даъват этилиб, фақирлар чақирилмаган тўй дастурхонидир».

Муҳаммад ибн Мункадирдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мағфиратни вожиб қиладиган нарсалардан бири мусулмоннинг оч кишига таом беришидир», дедилар».

Хўш, биродар, дастурхон ёзаётганингизда очларни тўйдириб, гўзал хулқли мўмин бўлишни истаганмисиз ёинки қорни тўқу кўзи очлар олдида ҳурматингиз ошиб, гуноҳларингиз кўпайишиними?..

Тоғорага тугилган “ҳурмат”
Тўй-маъракаларга боришнинг ҳам ўзига хос “шарт”лари бор. Яъни ҳар бир ҳудуднинг расм-русумига кўра, тоғора, дастурхон ё тугунга мезбонга атаганингизни кўтириб боришингиз... шарт! Шундай қилиб, тадбирга элликтача хотин таклиф қилинган. Элликта хотин элликта тоғора дегани. Тоғоралар норин, қўй гўштили сомса, ҳасип, қовурдоқ, ширинлик, варақи, чак-чак, юпқа ва ҳоказолар каби тансиқ таомлар билан лиқ тўла бўлади. Мезбон камида тўрт хил овқатга тараддуд кўрган. Пишириқ ва салатлардан ташқари, албатта. Хулласини айтганда, тоғорага тугилган овқатлардан ҳам дастурхонга тортилади. Устма-уст, устма-уст овқат... Ахир меҳмонларнинг ҳурматини қилиш керак-ку, тўғрими? Бир томонда меҳмонлар ҳам мезбоннинг ҳурмати учун фалон пулга тоғора буюртириб келишган... Булар исрофгарчилик, ношукрлик, тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас экан. Ўйлаб кўринг-а, бир тоғора норин ўртача ҳисобда икки юз-икки юз эллик минг сўмга тўғри келади. Бошқа овқатларнинг ҳам нарх навоси ундан ўтса ўтадики, қолишмайди. Бундоқ олганда юқоридаги сумма бир кишининг бир ойлик маошига тенг... Изоҳга ҳожат йўқ. Бутун бошли бир оила бир ой давомида эҳтиёжига етказиши керак бўлган маблағни аллакимларнинг ҳурмати учун бир тоғорага жойлаш бориб турган аҳмоқлик!

Юз йил яшашни истаймизу...
Ҳаддан зиёд кўп овқат ейиш, устма-уст ҳар хил егуликларни аралаштириб паққос тушириш ҳам жисмоний саломатликка ва ҳам руҳий ҳолатга беҳад зиён эканлиги кўпчиликка янгилик эмас. Машҳур америкалик шифокор олим, сайёҳ, ёзувчи ва оқилона турмуш тарзига эришишнинг буюк ташвиқотчиси Пол Бреггнинг “Очиқиш мўъжизалари” рисоласида келтирилган мана бу сўзлар, тафаккурли кишини ўйга толдириб, яшаш тарзидан хижолат чекишга ундайди: “ Одамлар овқат ва ичимликларга нисбатан ўзларини беҳаёларча тия билмасликлари натижасида белгиланган умрининг ярмини ҳам яшамай ўлиб кетмоқдалар... Миллионлаб ҳаёт кечирувчи жонзотлар орасида фақатгина ягона инсон зоти ўзига берилган умрни табиий чегарасигача яшай олмайдигани бўлса керак. Ҳайвонлар қандай ҳаёт тарзи кечириш, нима ейиш ва ичиш лозимлигини инстинктив ҳолда ҳис этадилар. Агар улар касал бўлса ёки яраланса, одатда овқат емайдилар, очликда бўладилар. Инсон эса энг қийин ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қилади, устидан заҳарли ичимликларни ичади ва бундан кейин яна ҳайрон бўладики, нима учун юз йил яшамайди?!”

“Агар таом чексиз лазиз бўлса ҳам, Кўп емагил, келтиради дарду ғам”, – дейди Ибн Сино. Биз эса шодлик, қувончу фахр истаб меъдамизни заҳар билан тўлдириб завқланамиз. Гўёки биз нишонлаётган қувончли кун, тарихий воқеа ёки оилавий тадбирларнинг аҳамиятлилиги, уйимизга таклиф қилинган меҳмонларнинг иззат-икроми бир ойга етгулик емакларни бир кунда сарф этиш билан белгиланадигандек. Бу ҳам дунёқарашимиздаги маънавий таназзулнинг кўриниши эмасми?!..

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 72 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ