1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эҳтиёт бўлинг, товламачи!

Кейинги пайтларда одамлар орасида товламачиларга алданиб қолган, бор-будидан айрилиб, тўрт томонга чопиб юрганлар ҳақида тез-тез эшитиб қоляпмиз. Тўғриси, шу вазиятга тушганларга рўпара келсам, мен товламачини эмас, ўша товламачига «илиниб» қолган одамлардан кўпроқ жаҳлим чиқади. 

Ҳақиқатдан ҳам, ўз қўллари билан топган-тутганини тутқазиб юборишади-ю, сўнг орқасидан «шўрлик» товламачини қарғаб, гўрига ғишт тиқиб юришади. Бу қайси мантиққа тўғри келади?! Бундоқ ўйлаб қараганда, товламачи ўғри эмас-ку, а, тўғрими?
Бир талаба йигит курсдош ўртоғига орага тушиб, бошқа бир оғайнисининг отасидан пул қарзга олиб беради. Гарчи курсдоши билан яқин бўлишса-да, ўзича орага тушган «ҳожатбарор»нинг мияси ишлаб, дўстидан тилхат ёздириб, уни нотариусдан ўтказиб, расмийлаштириб қўяди. Орадан икки йилдан ошиқ вақт ўтиб кетса-да, уч ой муддатга олган омонатини қайтариш қарздор йигитнинг хаёлига келмайди. Бу орада қарз берган одамлар бир неча марта орага тушган йигитнинг уйига бориб, ота-онаси билан жанжаллашади, тортишишади ва охир оқибатда, йигитнинг шўрлик уйидагилари емаган сомсасига пул тўлагандек ҳалиги одамнинг қарзини узишади. Эндиликда «ҳожатбарор» йигит курсдоши билан судлашиб, пулини сўраб юрибди. Қонун томонидан у ҳақ, пул берган бўлса, уни қонуний расмийлаштирган, ундириб олади, дейсизми? Гапингиз тўғри, аммо шу икки йил мобайнидаги асаббузарликлар, оиладаги можаролар, маҳалла-кўйчиликдаги гап-сўзлар-чи?! Авваламбор, ўзида йўқ экан, бировларнинг орасига тушиб қарз олиб беришга бало бор эканми?
Яна бир ҳолат: бир қизга нуфузли олий ўқув юртига киритиш ваъдасини берган номаълум шахс, ундан салкам уч минг АҚШ долларига яқин маблағни олади. Пул қўлига теккан заҳоти, товламачи «қуённинг расмини чизади»-ю, ҳеч қаерда кўринмайди. Қизнинг талаба бўлиш орзуси армонга айлангани камдек, не азобда топган пуллари ҳам «қанот қоқиб» кетади. Яна сарсонгарчилик, оворагарчилик, югур-югур, асаббузарлик. Ҳеч қанақа тилхати ҳам, ҳужжати ҳам йўқ экан. Фақат билгани товламачининг исмию, маҳалласи. Шукр, қонун ҳимоячилари бор экан. Қизнинг даъвоси қониқтирилиб, пули ундирилиб берилади. Бироқ, яна юқоридаги мулоҳазамиз — дуч келган одамга, сени ўқишга киргизиб қўяман, деса ишониб, анча-мунча пулни қўлига тутқазган қизнинг ўзига ҳам жавобгарлик тайинланса яхши бўларди. Ахир, товламачиларнинг товламачи бўлишига ҳалиги талаба йигиту институтда ўқишни орзу қилиб, бундай имкониятни «туҳфа» этишни ваъда қилган одамга ишонган қизга ўхшаган лақмалар сабаб эмасми?! Қўзичоқ чўпон ҳимоясидаги  қўрадан ўзбошимчалик қилиб қочиб чиқиб кетмаганда, кўл бўйида тишларини ғижирлатиб ўлжа излаётган оч бўрига ем бўлмасди, а лаббай?!
— Бир қиз билан танишдик, иш юзасидан тез-тез мулоқотда бўлардик, - дейди нуфузли ташкилотда ишлайдиган бир йигит. - Шаҳардаги мактабларнинг бирида ўқитувчилик қиларди, унинг камтаринлигини, меҳнатсеварлигини ҳурмат қилардим. Ҳақиқатдан уни бир бор кўрган одам, мўмин-қобил, Худодан қўрқадиган муслима қиз деб ўйлаши табиий эди. Қиз узоқ  вилоятдан бўлгани учун, баъзида пулга эҳтиёж сезиб қолганида, қарз бериб турардим. Бу ҳолатлар такрорланавериб, унга берган қарзларимни ҳисобласам, бир ярим миллионга етиб қолибди-да. Бу орада негадир у билан боғланолмай қолдим. Қўнғироқ қилсам, рақами ўчирилган деяпти. Ишхонасига излаб борсам, ҳатто бўшаш учун ариза ҳам ёзмай, вилоятига кетворибди. Нима қилишга бошим қотди. Аввало, оиламнинг, бола-чақамнинг ризқидан қийиб, аллақаердаги қизга ёрдам берганимдан хафа бўлиб, ўзимни койидим. Сўнг эс-ҳушимни йиғиб, бошқа бундай номаъқулчиликни қилмасликка аҳд қилиб, ҳалиги қиз билан ижара уйда бирга яшаган дугонасидан ёрдам сўрадим. У ҳам менга ўхшаб анча пулига куйиб юрган экан. Дугонасига қўнғироқ қилиб, олган қарзларини қайтаришни сўраса, мактабдан ойлигимни олавер, шу билан узилишамиз, деган экан. Уй манзили, телефон рақамини олиб, бир амаллаб ўзи билан боғландим. Яна эрта бераман, индин бераман, деб алдашга, қочишга уринаяпти. Охири, хайрли мақсад учун ёлғон ишлатишга мажбур бўлдим. Қизга агар бир ҳафта муддат ичида қарзларини қайтармаса, ички ишлар ходимлари билан биргаликда ота-онасининг иш жойи, маҳалласига хотиним билан бирга боришни айтдим. Ҳатто, муносабатларимизни хотиним бошқача тушунибди, у ўйнашингми, нега шунча пулни бериб юборгансан, деб жанжал кўтарди, деганимдан кейин, пулни топиб беришга ваъда берди. Чиндан ҳам, бир ҳафта ичида пулимни тўлиғича қайтариб олдим…
Талаба билан талабаликни орзу қилган қизни содда, тажрибасиз десак, давлатнинг нуфузли идораларидан бирида, ўзига яраша тажрибага, ҳаётий қарашга эга бўлган, кўпни кўрган кишининг бу ишига қандай қарайсиз?! Ўша қиз бир ярим миллион пулни бир мартада олмагандир, ҳарқалай?! Бир-икки марта сўраганида, нега аввалги қарзларимни қайтармасидан, яна сўраяпти, деган хаёлга бормадиларми олийҳиммат, валломат ака?! Кейин ким ёмон, товламачи ёмон. Ҳа барака топгур, сен алданмасанг, эҳтиётингни билиб юрсанг, ўшалар ҳам мажбуран алдашмайди-ку! Тўғри, муҳтож одамга қарз бериш, имкони борида қўллаб юбориш савоб амаллардан, бироқ, бир нарсани унутмаслик керакки, қарз - кунлик эҳтиёжни қондириш учун, очликдан ҳолдан тойиб, йиқилиб қолмаслик учун сўралади. Бундай муҳтожларга ёрдам берганни Худо ҳам қўллайди. Менимча, танимаган-билмаган кишисига пул бериб, ортидан товламачига алдандим, одамлар Худодан ҳам, бандасидан ҳам қўрқмайдиган бўлиб кетишибди, деган гапларни гапириб юрганлар мулоҳазаларимизни чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрадилар ва тегишли хулосага келадилар.

САМИРА

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ