Сайт бўлимлари
Валентин куни…уни нега байрам қиламиз?
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Эндигина иккинчи синфда ўқиётган ўғлим бир куни мактабдан келиб шоша-пиша гап бошлади:
– Ойи, ойи устозимиз откритка олиб келишимиз кераклигини айтди.
– Қанақа откритка..? – сўрадим ажабланиб.
– Эртадан кейин (индинга демоқчи) байрам экан.
– Байрам..? Қандай байрам..?
– Валентин куни… – дедилар устозимиз. Кейин ийманибгина давом эттирди:
– Устоз айтдиларки, откриткаларга ўзимизга ёққан синфдош қизларнинг исмини ёзиб…қоғоз қутига (коробка)га солар эканмиз.., кейин…
Бу гаплардан ҳайратим ошиб, «ҳалитдан-а…» деб юборибман. Ўғлим ҳайратимни тушунди чоғи, уялиб нари кетди, гапини давом эттирмади.
Бироздан сўнг қайтиб келди-да: – Ойи, сиз адамга айтинг, илтимос, олиб келсинлар откритка…мен айтолмайман, – деди.
Бу тадбирнинг давоми қандай кечганини кейинроқ сўраб билдим. Ўғлимнинг айтишича, байрам куни откриткалар санаб чиқилар ва қайси қизнинг номига кўпроқ севги изҳори ифода этилган аноним номалар келиб тушгани аниқланаркан.
Откриткани-ку олиб бердик. Аммо ўйланиб қолдим…
Бизнинг болалик, ўқувчилик йилларимизда бундай гап йўқ эди. Севишганлар куни деган байрам борлигини 90-йилларнинг ўрталарида – талабалигимда бир романтик курсдошимдан эшитган эдим. Эшитган эдим холос… Аммо бу куннинг оммавий тарзда байрам қилинишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Чунки севги, муҳаббат каби туйғулар кўнгилнинг туб-тубида, энг сирли ва нозик хазина каби яширин асралади, ҳаммага ошкор этилмайди, деб ўйлардим. Айниқса, табиатан уятли-андишали, ор-номусли ҳалқимиз анъанаси, қадриятларига кўра, бу ҳиссиётлар ҳамманинг олдида, ота-оналар, амаки-тоға, амма-холалар… умуман катта ёшдагилар кўз ўнгида ошкор қилинмаслиги, балоғатга етмаган болаларни бу мавзулардан иложи борича узоқда тутилишига одатланган эди бизнинг авлод…
Юқори синфларда ўқиб юрган кезларимиз… Ўшанда Россиянинг марказий телеканали орқали Мексиканинг «Бойлар ҳам йиғлайди», «Оддий Мария» каби сериаллари намойиш этилган ва катта қизиқиш ҳамда шов-шувга сабаб бўлган эди. Ёш, қизиқувчан эканмиз-да, кўча-кўйда, мактабда дугоналаримизнинг тилидан тушмай муҳокама қилинадиган, тафсилотлари билан ўртоқлашиладиган сериални кўриш иштиёқи, ҳаваси бизни ҳам тинч қўймас, синглим икковимиз ҳам уни кўришни жуда истар эдик. Аммо катталарнинг ёнида кўриш ноқулай…Баъзан ёшлигимизга бориб қўшни хонага кириб, яширинча эшик тирқишидан мўралаб бир-икки қисмини кўрганларимиз ҳам бўлган… Аммо…барибир сезиб қолишларидан қўрқиб бундан воз кечганмиз.
Бугун эса… аҳвол ўзгача. Бутун оила – даврадош, тенгдош, севги-муҳаббат, рашку хиёнат саҳналарини бир-бирларидан тортинмай кўриб ўтиришаверади. Қайнота билан келинлар, акалар билан сингиллар… Алал оқибат 3-4 ёшли болалар ҳам бу мавзуларни балодай тушуниб қолишган…Ва бу ҳеч кимни ташвишга солмайдиган одатий ҳолга айланган.
Бу мавзуга яна қайтиш, алоҳида фикр-мулоҳазаларимизни баён этишни ният қилган ҳолда Валентин кунига қайтсак…
Ўғлимнинг ўқитувчисидан хафа бўлганим йўқ. Чунки у ҳам ёшгина қиз. Бунинг устига рус миллатига мансуб. Унинг хатоси шундаки, у ўз синфида таҳсил олаётган деярли қирқ нафар боланинг 70 фоизи мусулмон фарзандлари эканини ҳисобга олмаган. Балки у ҳам бу байрамнинг католик черкови билан боғлиқ эканини билмас. Эҳтимол, шу жажжи болаларга бу ҳақда эслатиш шарт эмаслигини, бу маҳаллий халқнинг миллий-маънавий қадриятларига кўпам тўғри келмаслигини эътибордан қочиргандир ёшгина муаллима. Аммо ҳеч бир ота-онанинг «Биз бу байрамни нега нишонлашимиз керак?» дея бош қотирмагани бироз ранжитади одамни.
Мамлакатимизнинг бир вилоятида фаолият юритадиган ижодкор ҳамкасбим пойтахтга келганида шу мавзуда гап очилиб кетди:
– Сиз пойтахтни гапирасиз, бизнинг қишлоқларда ҳам шу аҳвол. Бултур 14 феврал куни хизмат юзасидан вилоятимизнинг бир туманига боргандим. Туман марказида тумонат одам. Маданият саройидан гувиллаб чиқаётган ёш-яланглар эътиборимни тортди. «Бугун ҳазрати Бобурнинг таваллуд кунлари-ку. Шу санага бағишланган бирор тадбир уюштиришгандир-да», деган фикрдан кўнглим ёришди. Туман миқёсида ёшлар учун шундай тадбир ўтказилгани хўп яхши бўпти-да! Саройдан чиқаётган ёш қизчалар (мактаб ўқувчилари) ни тўхтатиб сўроққа тутдим.
– Валентин кунига дискотека бўлди, опа!
Эшитиб, ёқамни ушладим.
Ҳамкасбимнинг ҳикоясидан бу байрамнинг мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёшлар орасида тобора оммавийлашиб, «биринчи» рақамли байрам тусини олаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Бу байрамни оммалаштириш борасида катта хизмат кўрсатаётган ҳамкасбларимиз ҳам бор. Мен ҒМ радиоканалларида хизмат қилаётган касбдошларимизни назарда тутяпман. Байрамдан бир-икки ҳафта олдин бошланадиган анонслар, байрам кунлари эълон қилинадиган SMS танловлари, эфирга уланадиган энг чиройли дил изҳорлари ҳеч шубҳасиз, ушбу байрамнинг ёшларимиз онги-шуурини, қалбини забт этишида улкан (!) ҳисса қўшмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтмоқни жоиз билдик. Японларда – улар мусулмон бўлмаса-да – жамоат жойларида, омма олдида дил изҳори қилиш, севги-муҳаббат саҳналарини намойиш этиш ахлоқсизлик саналаркан. Аммо радиоижодкорларимиз кимнингдир кўнгил мулкидаги ноёб асрор бўлмиш муҳаббатни, дил розларини фақат ўз эгасигагина эмас, балки бутун мамлакатга овоза қилиш ва буни рағбатлантириш билан оворалар.
Хўш, бу байрамни нега нишонлашимиз керак? Байрамларнинг кўп бўлгани яхши. Аммо ҳар бир байрамнинг мазмун-моҳияти, келиб чиқишидан хабардор бўлган ҳолда, ўша сананинг миллий қадриятларимизни юксалтириш, маънавий оламимизни бойитишга қўшадиган не ҳиссаси бору, ўзлигимиз ва асл анъаналаримиздан чалғитадиган не зарари мавжудлигини аниқлаб олганимиз ҳолда тантана қилишимиз жоиз назаримда.
Энди ушбу байрамнинг келиб чиқиш тарихига назар ташлайлик.
Афсоналарга кўра, эрамиздан аввалги III асрда Рим империясининг Терни шаҳрида Валентин исмли руҳоний яшаган экан. Насронийлик динининг пешволаридан бўлган бу ёш йигит шунингдек табиблик ҳам қиларкан. Империя учун суронли даврлар ҳисобланган ўша кезларда Рим императори Юлий Клавдий II ўз аскарларининг жангу-жадаллар, ҳарбий юришлардан чалғимасликлари, оилаларига боғланиб қолганлик важидан узоқ муддатли муҳорабалардан бўйин товламасликларини назарда тутиб, уларнинг уйланиб оила қуришларини таъқиқловчи фармон чиқаради. Аммо авлиё Валентин ёшларнинг хоҳиш-истакларига кўра, уларни махфий равишда никоҳлар эди. Бундан хабар топган император уни қамоққа ташлайди. Маҳбусликда эканида, у қамоқхона бошлиғининг қизи Жулия билан танишади, унинг ожиз кўзларини даволайди.
Қамоқхона бошлиғи жигаргўшасини даволагани учун миннатдорчилик сифатида Валентинни озод этишга уриниб кўради, аммо бунинг уддасидан чиқолмайди. Император уни олий жазо – ўлимга ҳукм этади. У ўлимидан аввал Жулияга кўнглини очиб, изҳори дил мактуб юборади ва у билан видолашади. Авлиё Валентинни 14 феврал куни қатл этадилар. Шунга кўра, насронийлар жафозада Валентинни бир-бирига кўнгил қўйган ёшларнинг ҳомийси деб билиб, унинг шарафига 14 феврални «Севишганлар куни», «Авлиё Валентин куни» сифатида байрам қилишади. Ушбу сана 496 йили Рим папаси Геласий I томонидан Католик черковининг муҳим байрамлари рўйхатига киритилган, 1969 йили эса Пол VI томонидан бу байрам рўйхатдан олиб ташланган экан. Шундай бўлса-да, ғарбда насронийлар орасида бу кунни зўр тантана билан нишонлаш расми сақланиб қолган.
Бизнинг мамлакатимизга бу ғайри удумнинг қандай йўллар билан кириб келгани ва халқимиз уни нима учун ҳеч бир эътирозсиз қабул қилаётгани кишини ажаблантиради.
Бугун юртимизда ушбу сана арафасида ҳар қадамда байрам нафасини сезасиз. Айниқса, пойтахтимиз кўчаларида, дўконларда ва бозорларда бу яққол кўзга ташланади.
Ўзбек йигит-қизларининг, демакки муслим ва муслималарнинг билиб-билмай, тушуниб-тушунмай бир-бирларига юрак шаклидаги ёки қанотли Купидон (грек афсоналаридаги муҳаббат маъбуди) тасвири туширилган номалар (откриткалар), яна Валентин куни анъанасига кўра шоколад, гулдаста каби бошқа-бошқа совғалар тақдим этишлари тобора урф бўлиб бормоқда. Инсонларнинг бир-бирига меҳру муҳаббатини, оқибатини изҳор этиш имконини берувчи ўзимизнинг беҳад гўзал, миллий-исломий байрамларимиз бисёр. Демак, ғайри дин, ғайри удумлар асосида шаклланиб кириб келган, ўзлигимизга соя солаётган Валентин кунига эҳтиёжманд эмасмиз.
Бу ўринда ҳам ёшларимизга хос – ғарбдан нима келса суриштирмай, қабул қилаверишдек ғалат таомил ҳукмфармолик қилаётгани аниқ.
Сўзини тушунилмаса-да, қўшиқларни жинни бўлиб эшитадилар, бу қўшиқларда нима тарғиб қилинаётгани, нимага даъват этилаётгани билан ишлари йўқ – гумбур-гумбур бўлиб турса бас.
Ёки яна маъноси нима билинмаса-да, бир нима деб ёзилган бўлса бўлди, ўша кўйлакми, футболками фарқи йўқ, кийиб фахрланиб юраверадилар – импортний!
«Анкл Бенс» деб ёзилса, ўзимизни помидордан тайёрланган суюқ газакни кўзларига суртадилар.
Кичикроқ дўконни маркет, бутик, каттароғини супермаркет деб атайдилар – моҳият ўша-ўша, аммо, шундоқ дейдиларки, «современний» бўлсин…
Нега шунақа? Нега жуда осон бериламиз ҳар нарсага? Қайдан шамол эсса, ўша томонга эгилиб кетаверамиз?
Қолаверса, севган кишисини ардоқлаш, ҳурматини жойига қўйиш учун маълум бир кунни белгилаб қўйишга нима дейсиз..? Муҳаббат доимий байрам эмасми?
Муқаддас динимизда яқинларимиз: ота-она, аҳли оила ва фарзандларга, умуман севимли инсонларимизга доимо яхши муносабатда бўлишимиз, уларга ҳамиша иззат-икром кўрсатишимиз ва Яратганнинг ҳар бир кунини, ҳар бир неъматини байрамдек, шукрона-ю шодиёна билан қабул қилишимиз лозимлиги уқдирилади. Шундай экан, бунинг учун Валентин кунини кутишимиз шарт эмас.
Муслима Бегим
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 87 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар