1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Ҳазрати Морийа ал-Қибтий

Морийа ал-Қибтий исми ўз даврида мўминларнинг кўнгилларига фараҳ бахш этган. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.
Тарихда машҳур бўлишига қарамай, у ҳақда жуда кам ёзилган. Манбаларда унинг шахсиятини ойдинлатувчи маълумотлар деярли учрамайди.

Элчиликлар

Ҳазрати Муҳаммад Мустафо, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳижратларининг олтинчи йилида Ислом дини Арабистон ярим оролининг деярли барча ҳудудига ёйилган эди. Қурайшийлар билан Ҳудайбия битими тузилган йили, Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Эрон ҳукмдори Қисро, Рум ҳукмдори Қайсар, Ҳабашистон подшоҳи Нажоший, қибтийлар улуғи Мукавкис ва яна бир қанча давлат раисларини Исломга даъват этиб, элчилар юбордилар. Қибтийлар шоҳи ҳузурига Хатиб ибн Абу Балтаа, розийаллоҳу анҳу, элчи бўлиб борди.
Мукавкис уни яхши кутиб олди. Мактубини ўқиди. Яхши муомалада бўлиб, иззат-икромлар қилди. Аммо Исломга кириш даъватини қабул қилмади. Хатиб, розийаллоҳу анҳу, кетишидан олдин, ҳукмдор унга қимматбаҳо совғалар бериб, кузатди. Хатиб, розийаллоҳу анҳу, бу қимматбаҳо ҳадяларни Расулуллоҳга, соллаллоҳу алайҳи васаллам, етказиш учун йўлга чиқди.

Насаби

Расулуллоҳга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, юборилган ҳадялар ичида Мукавкиснинг жорияларидан Морийа ва унинг синглиси Сирин, минг мисқол олтин, йигирма тўп мато, Дулдул лақабли хачир, Офир деган эшак ва Мабур исмли қари қул бор эди.
Морийанинг отаси Шамъун мисрлик қибтийлардан бўлиб, онаси Рум аслзодаларидан эди. Морийа оқ танли ва жингалак сочли бўлиб, тана оқлиги онасидан, сочининг жингалаклиги отасидан ўтганди. Хушқомат ва гўзал юзли эди.
Морийа синглиси Сирин ва Мабур билан бирга Хатиб ибн Абу Балтаа ҳимоясида Аллоҳ унга тайёрлаган яхшиликдан хабарсиз ҳолда Искандарийадан йўлга чиқди...
Келгуси ҳаётини ўйлаб юраги сиқилар, қаерга кетаётганини билмасди. Хатиб уни қийнаётган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилар, унга тасалли берарди. Морийа Ислом дини ҳақида Хатибдан эшитиб, Аллоҳ таолога, Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, имон келтирди. Синглиси Сирин ҳам у билан бирга ҳидоят йўлини танлади.
Аммо Мабур Мадинага келиб, Расулуллоҳни, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кўрмагунича имон келтирмади.

Мадинада

Карвон Мадинага кириб келди. Хатиб Мукавкиснинг мактуби ва ҳадяларини Расулуллоҳга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, топширди.
Морийа Расулуллоҳдан, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кўп марҳаматлар кўрди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уни жория этиб, Мадинанинг Олийа деган чекка маҳалласидан жой ажратиб бердилар.

Ҳижрий 8 йилнинг илк ойларида Морийанинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Расулуллоҳ,  соллаллоҳу алайҳи ва саллам, энди уни тез-тез зиёрат қилиб турадиган бўлдилар. Ой-куни тўлиб, Морийа ўғил кўрди. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жуда хурсанд бўлдилар. Чақалоққа эса Иброҳим деб исм қўйдилар. Суюнчисига бир қулни озод этдилар. Чақалоқ эмизиш учун Мунзир ибн Зайд ибн Нажжорнинг қизи Умму Бурдага топширилди.
Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Иброҳимни жуда-жуда севардилар. Қаерга борсалар уни ҳам қучоқларида кўтариб юрар, ҳатто бошқа завжаларининг хоналарига ҳам  олиб борардилар.
Иброҳимни уларга яқин тутиб, эркалатиб меҳр билан:
— Қаранг... Уни худди мендан олинган бир парчага ўхшатмайсизми? — дер эдилар.
Иброҳимнинг туғилиши онаси Морийанинг озод этилишига сабаб бўлди. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни ўғли озод этди”, деб марҳамат қилдилар.

Сабрли Морийа

Чақалоқнинг туғилиши мўминлар оналарининг айримларида рашк туйғулари кучайишига туртки бўлди.
Охир-оқибат Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Морийани нафсимга ҳаром қилдим, — дейишга ҳам мажбур бўлдилар.
 Морийа бу сўздан ранжимади, аксинча, сабр қилди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди:
“Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингиз розилигини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани (ўзингизга) ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир” (Таҳрим, 1, мазмуни).

Тасалли, умид ва севинч булоғи бўлган чақалоқ Иброҳим Ҳазрати Морийанинг уйида ўн олти ой яшади.
Бир ярим ёшли жажжи Иброҳим ёмон бир дардга чалинди. Онаси Морийа ва холаси Сирин уни меҳр билан парвариш қилдилар. Аммо касаллик уни тарк этмади. Ниҳоят, юзида ўлим кўланкаси кўрина бошлади. Бундан хабар топган Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жуда қайғурдилар. Аввал ҳис қилмагани бир сиқинти юракларини оғритди. Беҳол бўлишларига қарамай, асҳобдан бир кишига суяниб, Морийанинг уйига келдилар.
Иброҳим йиғлаётган Мориянинг қучоғида сўнгги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шафқат билан уни қўлларига олдилар. Музтариб қалбларини тинчлантириш учун уни бағирларига босдилар: “Ё Иброҳим, биз сенинг Аллоҳ таоло ҳузурига кетишингга ҳеч қандай тўсиқ бўлолмаймиз”, дедилар ва кўзларидан ёш оқа бошлади. Жигарпораларига қарадилар. У унсиз ва ҳаракатсиз эди. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Иброҳим, агар бу ҳақиқий иш, тўғри ваъда бўлмаганида ва биздан кейин келадиганлар олдин келганлардан ўрнак олмаганида, сенга бундан ҳам аламлироқ шаклда қайғурар эдик”, деб марҳамат қилдилар.
Бу сўзлар бечора Морийага бир оз тасалли бергандик бўлди. У кўз ёшларини артди ва шундай деди: “Кўз қайноқ ёш оқизади, қалб қайғуради. Аммо биз Аллоҳ таолони хушнуд этувчи сўздан бошқасини айтмаймиз. Ё Иброҳим, биз сенинг ўлимингга чиндан ҳам жуда-жуда қайғуряпмиз...”.

Бақиъ мозорига бордилар. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жаноза намозини ўқидилар ва Иброҳим шу ерга дафн этилди. Расулуллоҳ,  соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бир неча сония қабр теппасида турдилар. Бўғизларидан чиқаётган сўзларни зўрға талқин қилдилар: “Раббим Аллоҳ, отам Расулуллоҳ, диним Ислом... дегин”.

Вафоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Рафиқи Аъло ҳузурига кетганларидан сўнг, халифалар Морийанинг мавқеини сақлаб, Байтулмолдан унга маош тайинладилар. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Умар, розийаллоҳу анҳумо, Пайғамбаримизга бўлган садоқатлари туфайли уни эъзоз қилишар, ҳол-аҳволини сўраб, бориб турар эдилар.

Ҳазрати Морийа ҳижратнинг 16 йили касалликка чалинди. Шифо топмай, охири жон  таслим қилди. Бундан ҳамма қайғурди. Халифа Ҳазрати Умар, розийаллоҳу анҳу, инсонларни йиқдилар ва жанозасини ўқидилар. Морийа, розийаллоҳу анҳо, ҳам Бақиъ мозорига дафн этилди.
Аллоҳ таоло унга чексиз раҳмат эҳсон қилсин, ундан рози бўлсин. Омин.