1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Хотин уй хизматини қилади ва ҳожат учун эҳтишом ила чиқади

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Савда бинти Замъа кечаси ташқарига чиқди. Бас, уни Умар кўриб таниди ва: «Албатта, Аллоҳга қасамки, сен, эй Савда, бизга махфий қолмассан», деди.
У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб келди. У зот менинг ҳужрамда ўтириб, кечки таомни тановул қилаётган эдилар. Бас, (Савда) у Зотга ҳалиги гапни зикр қилди. У Зотнинг қўлларида гўштли суяк турган эди. Шунда у Зотга (оят) нозил қилинди. У Зотдан (ваҳий ҳолати) кўтарилганда:
«Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар». Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бирлари Савда бинти Замъа онамиз кечаси ҳожат учун ташқарига чиққан эдилар. У киши катта жуссали, семиз аёл эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кечаси бўлса ҳам Савда онамизни дарҳол танидилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўта эҳтиёткор киши эдилар. Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига жуда ҳам эҳтиёт бўлар эдилар. Ҳижоб оятининг тушишига ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари сабаб бўлган. Шунга биноан, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мўминларнинг оналарини ҳам тергаб турар эдилар. Савда онамизнинг ташқарида юрганларини кўриб, яна тергашни бошладилар.
«Албатта, сен, Аллоҳга қасамки, эй Савда, бизга махфий қолмассан!» дедилар.
Бу, қўпол қилиб айтадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотини бўла туриб кечаси кўчада нима қилиб юрибсан, деган маънодаги гап эди.
Бу иш Савда онамизга оғир ботди. У киши ўйнаб эмас, ҳожат учун чиққан эдилар. Ўша пайт-да Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида кечки таом еб ўтирар эдилар. Савда онамиз ўша ерга кириб бордилар ва бўлиб ўтган гапни зикр қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида гўштли суяк бор эди. Ана шу ҳолда у Зотга ваҳий нозил бўлди. Одатда, ваҳий нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафас олишлари тезлашиб, терлаб, ғалати бир ҳолатга тушиб қолар, ёнларидаги одам у Зотга ваҳий тушганини очиқ-ойдин билар эди. Оиша ва Савда оналаримиз ҳам ўша пайт Пай-ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушаётганини билиб, жим қолдилар.
Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари асл ҳолатига қайтди. Ваҳий тушиб бўлгани билинди. Энди Савда онамиз билан Умар розияллоҳу анҳунинг ораларидаги тортишувли масала ҳал бўлиши керак эди. Ваҳий тушиб бўлиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Батаҳқиқ, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларигаки ҳожат учун уйдан ташқарига чиқишга изн берилганидан кейин, бошқа мўмина-муслима аёлларга изн берилиши турган гап. Бу «Исломда хотин кишининг ташқарига чиқишига икки марта изн берилади. Биринчиси–отасининг уйидан эрининг уйига чиқиш. Иккинчиси–эрининг уйидан қабрига чиқиши», дейилган гаплар шариатга тўғри келмаслигини кўрсатади. Албатта, ҳожат, зарурат юзасидан чиқиш жоиз.
Аммо мўмина-муслима аёл беҳуда равишда ясан-тусан қилиб, ўзини кўча-кўйда номаҳрамларга кўз-кўз қилиб юриши шариатда ҳаром қилинган. Чунки бу бошқа ҳаром ишларга ҳам сабаб бўлади. Бу маънони кейинги ривоятлардан тушуниб оламиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши авратдир. Қачон кўчага чиқса, шайтон уни томоша қилади», дедилар».
Шарҳ: Аёл киши ҳожати бўлмаса ҳам чиқиб юрса шайтон уни васвасага солади. Сен чиройлисан, анови одам сени кўриб қойил қолди, фалон бўлди, фистон қил, деб йўлдан уради. Оқибатда аёл киши ўзини намойиш қилиш, ҳожати бўлмаса ҳам кўчага тез-тез чиқишга одатланади. Бу эса, кўпгина ношаръий ва гуноҳ ишларга сабаб бўлади.

Маймуна бинти Саъд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз аҳлидан бошқа учун зийнатга ўта бошлаган аёл қиёмат кунидаги зулматга ўхшайди. Унинг нури йўқ», дедилар».
Икковини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мўмина-муслима аёл ўз аҳли учун, эри учун зебу зийнат қилади. Бу маънода имконидаги барча бор нарсани ишга солиб, ясан-тусан қилса, ҳеч айби йўқ. Шариатда аёлларни шунга тарғиб қилинади.
Аммо мўмина-муслима аёл ўз аҳлидан бошқа учун чиройли кўриниш мақсадида тусаниши ва зийнатланиши яхши эмас. Бу бегона эркакларга кўриниш учун бўлса, қиёмат куни зулматига айланади. Гарчи бу дунёда ялтираб кўриниш бўлса ҳам, охиратда тескарисига айланади. Бу ҳолатни кўрган бегона эркакнинг кўнгли бузилиши, аёлга гап отиши, ҳатто ишқибозлик қилиши мумкин. Дунёдаги бемаънигарчилик, зино ва фаҳш ишларнинг асоси шунда эканлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Агар кўчада ясанган аёлни кўрган одам ёмон ишга ўтмаган чоғида ҳам уйига келиб ўз хотинини кўриб ҳалиги ясанган аёлдан паст тутса, ундан кўнгли қолиши, орада келишмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Қолаверса, ясан-тусан қилиб, зебу зийнатини кўз-кўз қилиб юрган аёлларни кўриб, бошқа аёлларнинг ҳам кўнгли бузилиши бор. Улар ҳам ўша аёлга ўхшаб юргиси, у кийган кийимларни кийгиси, таққан тақинчоқларни таққиси келади. Келиб эри билан фалончи хоҳлаган жойига бориб юрибди, нима учун мен бормас эканман, дейиши, ўша аёлнинг кийимидан ва тақинчоқларидан менга ҳам олиб берасан, деб жанжал қилиши турган гап. Ҳаётимиздаги кўпгина оилавий можаролар айни шу сабабли келиб чиқаётгани сир эмас.
Шунинг учун ҳам ҳожат юзасидан кўчага чиқиши лозим бўлган муслима аёл эҳтишом билан, ўзини сақлаган ҳолда, зебу зийнат, ясан-тусан қилмай, содда ва шаръан кийиниб, бегоналарни ўзига жалб қилмайдиган бўлиб чиқиши лозим.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Фотима алайҳимассалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўлига қўл тегирмонидан етадиган қийинчиликдан шикоят қилди. Унга у Зот ҳузурига қуллар келгани ҳақида хабар етганди. Бас, унга улардан бирортаси тегмади. У буни Оишага зикр қилди. У Зот келганларида Оиша бу хабарни етказди.
У Зот биз уйқуга ёнбошлаб олганимизда олдимизга келдилар. Биз ўрнимиздан тура бошлаган эдик:
«Икковингиз маконингизда тураверинг», дедилар-да, мен билан у(Фотима)нинг орасига ўтирдилар. Ҳаттоки мен қорнимда у Зотнинг оёқлари совуғини ҳис этдим.
Шунда у Зот:
«Мен икковингизни сўраган нарсадан кўра яхшироқ нарсага далолат қилайми? Қачон ёнбошларингизни олсангиз ўттиз уч марта тасбеҳ айтинг, ўттиз уч марта ҳамд айтинг ва ўттиз тўрт марта такбир айтинг. Ана ўша иккингиз учун ходимдан кўра яхшироқдир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилдилар.
Шарҳ: Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ким эканликлари сир эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари. Бутун оламлар аёлларининг саййидаси. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг жуфти ҳалоллари. У киши ўз уйлари хизматларини ўзлари қилар эдилар.
Бошқа ривоятларда келганидек, уй супуриб кийимлари чанг бўлган, сув ташиб бўйинларига мешкобнинг ипи ботган, қозонга ўт ёқиб вужудларини тутун босган ва қўл тегирмонда ун тортиб, қўллари қаварган эди.
Уй ишлари машаққатидан қийналиб кетган Фотима розияллоҳу анҳо бир куни оталари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қуллар келгани, уларни кишиларга хизматчи қилиб бўлиб бераётганларини эшитдилар.
Бошқалар хизматчи тутганда бизда ҳам бир хизматчи бўлса нима қилибди, деган фикр билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳу-зурларига қўл тегирмон тортавериб қўллари қавариб кетганидан шикоят қилгани борибдилар. У Зот уйда йўқ эканлар. Фотима розияллоҳу анҳо шикоятларини Оиша онамизга айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қуллар келгани ҳақидаги хабар ўзларига етганини ҳам эслатиб қўйдилар. Сўнгра яна уй хизмати билан машғул бўлиш учун ортларига қайтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга қайтиб келганларида Оиша онамиз у Зотга бўлиб ўтган нарсани етказдилар. У Зот кеч бўлишига қарамай Али ва Фотима розияллоҳу анҳумонинг масканлари томон йўл олдилар. Кеч бўлгани учун икковлари жойларини солиб, ётиб олишган эди.
Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганларини билиб, ўринларидан тура бошлаган эди, У Зот қўймадилар. Жойингизда ётаверинг, деб ораларига келиб ўтирдилар ва бирдан мақсадга ўтдилар. Мен сизларга икковингиз сўраган ходимдан кўра яхшироқ нарсани айтиб берайми, ҳар кеч ўрнингизга ётганингизда ўттиз уч марта субҳаналлоҳи, ўттиз уч марта алҳамдулиллаҳи ва ўттиз тўрт марта Аллоҳу акбар, десангиз, ана ўша сиз учун ходимдан кўра яхшироқ, дедилар.
Ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олган баъзи уламоларимиз аёл киши уй хизматларини қилиши вожибдир, дейдилар. Бошқа бирлари эса, эрининг имкони бўлса, хизматчи олиб берса ҳам бўлади, дейдилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳимо қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асма розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Зубайр менга уйланганида унинг моли ҳам, қули ҳам ёки бирор нарсаси ҳам йўқ эди. Фақатгина минадиган оти ва сув тортиб чиқарадиган ҳайвони бор эди. Мен унинг отига ем берар ва унга керакли бошқа ишларни ҳам қилар эдим. Шунингдек, сув тортадиган ҳайвонига ҳам ем–сув бериб, бошқа ишларни қилар, жумладан, хамир ҳам қорар эдим. Уч фарсахлик масофадан бошимда шох кўтариб келардим. Абу Бакр менга бир чўри юборди. У отга қарашга кифоя қилди. Худди мен чўриликдан озод бўлгандек бўлдим».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)