1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Сизнинг ўғлингизман, дадажон...”

 

 

 

... —  Ойижон... ойижоним... Мени ҳайдаманг, жон ойижон-о-о-он...- Бемор болакай кўзларини очмай, алаҳсираган куйи онасини чақириб ғудраниб қўйди. Ҳамшира болакайнинг билагидаги осма уколга қараб қўйиб эшикка йўналди.
Беморнинг аҳволи ўша-ўша. Бу ерда кутишингизнинг фойдаси йўқ. У алаҳсираб кимнидир чақиряпти. Менимча онасини бўлса керак. Онасини топишнинг иложи йўқми?- Ҳамшира эшик олдида шифокорлардан имдод кутиб илҳақ ўтирган “Меҳрибонлик уйи” тарбиячисига тикилди. Тарбиячи унга жавобан илтижо билан:
Мен кира қолай, илтимос, синглим. Зора мени ўз онаси деб ўйласа...- деди. Ҳамшира бироз ўйланиб тургач, “ҳозир шифокордан сўраб кўрай-чи, рухсат берса, кирасиз” дедию, бир пасдан кейин тарбиячини бемор ётган хонага кузатиб қўйди. Тарбиячи бемор болакайнинг оташда ёнаётгандек иссиқ пешонасига қўлини қўйиб, бир пас унга термулиб ўтирди. “Одам дегани ҳам шунчалик тошбағир бўладими? Бир пайтлари тирноққа зор бўзлаб юрганида, бола керак эди, энди фарзанд кўриб,  кемтиклигида бағрини тўлдирган гўдакни итариш инсофданми?!..”  Тарбиячининг оппоқ, лўппи юзчаси қизариб-бўғриқиб кетган болакайга қараб  кўнгли бузилди...
***     
— Онаси, кел Бекмуродни қайтариб олайлик. Ахир, бир пайтлари ҳувиллаган уйимизни, кўнглимизни тўлдирганди шу бола. Йўқ, дема энди...- Ботиржон ялинчоқ товушда оҳангда хотинига гап бошлади.
— Қўйинг, яна ўша гапми?! Детдом уларга яхши қарашади. Шу замонда бировнинг боласини боқиб бўларми?!..
— Энди  Бекмурод сенга бировнинг боласи бўлдими?! Эсингдами, бир пайтлари онам шундай деганларида, “бировнинг боласи эмас, ўз фарзандим, ўзим туғмаган бўлсам ҳам, ўз болам” деб кўз ёш тўккандинг. Шунчалик андишасизмисан? Энди кўрган кунларинг унут бўлдими?!- Ботиржоннинг овози титраб киприкларида ёш кўринди.
— Эээ... Эзвордингиз-ку! Унда фарзандимиз йўқ эди! Менга ҳам осон эмасди, бировнинг боласини қучиш! Бир таги номаълум, бузуқинингми, фоҳишанингми боласи эди у! Мен бузилиб кетаётган оиламни сақлаб қолиш учун ҳам мажбур эдим уни фарзандим деб қабул қилишга . Энди ҳаммаси ўзгарди, мана Аллоҳга шукр, ўзимга ҳам қўчқордай ўғил берди. Яна иккиқатман, Худо берса, буёғи ўзимизнинг фарзандларимиз ҳам кўп бўлади. Қўйинг, ўшани ҳадеб эслайверманг. Детдомда мазза қилиб юргандир. Биз ўзимизни ўйлайлик...
Ботиржон хотинига гап уқтиролмаслигига кўзи етиб, индамай хонадан чииқб кетди. Бир томондан хотини ҳақ. Худо уларга етти йил фарзанд бермади. У Моҳинага севиб уйланганди. Холасининг қизига уйланмай, ўзи танлаган қизига уйлангани учун онаси кўз очирмай қўйди. Ҳар куни уйда тўс-тўполон, жанжал, кўз ёши...
— Бу туғмасни тезроқ даф қил, сени онаси ўпмаган қизга уйлаб қўяман,- деган гап онасининг доимий қўшиғига айланди. Ботиржон нима қилишни билмай, боши гаранг, ҳадеб ўксиган куйи йиғлайдиган хотинини овутишга илинж қилолмас, бир томонда онасига ҳам қарши сўз деёлмасди. Шундай кунларнинг бирида  Моҳина ўзи билан бирга ишлайдиган аёлларнинг маслаҳатини эрига солди. Дастлаб Ботиржон “Худо берса ўзимизга берсин, бировнинг боласига оталик қилолмайман. Қўй, асранди бола фарзанд фарзандлик қилармиди?!” деб хотинига оғиз очирмади.
— Дугоналарим  агар бола асраб олсаларинг, зора ўшанинг пойи қадами билан фарзандли бўлсангизлар, деяпти. Унақалар кўп экан. Хўп, дея қолинг энди...
Моҳина ҳар куни йиғлаб ялинаверганди, охири чорасиз кўнди.  Шаҳарнинг аллақайси бурчагида “Гўдаклар уйи” деган жой бор экан. Ўша ердан бир ўғил бола чақалоқни асраб оладиган бўлишди.  Гўдакка Бекмурод деб исм беришди.  Бола Ботиржон ва Моҳинанинг  ҳақиқий бахтини қайтариб берди. Бошида Ботиржоннинг ота-онаси асранди гўдакни қабул қилолмай кўп тажанглик қилишдию ҳартугул нораста гўдакнинг беғуборлиги тош қалбларни эритиб юборди. Улар ҳам болани ўз жигарбандларининг зурриётидек кўрдилар. Моҳина болага яхши қараш учун ишидан ҳам буткул бўшаб олди. Боласига у жуда кичкиналигидан эртаклар ўқиб беришни, шеърлар ёдлатишни канда қилмади. Бекмурод 4 ёшида ўқиш-ёзишни ўрганиб, беш ёшида мактабга бора бошлади.  Ўғли иккинчи синфга кўчган йили Моҳина жисмидаги аллақандай ўзгаришлардан безовталаниб  шифокор кўригига борганида, жувон тиббий таҳлил натижаларидан хабар топиб ҳушидан кетаёзди. Таҳлиллар Моҳинанинг ҳомиладорлигини тақозо қилаётганди. Бу хушхабар хонадонни қуёшдек ёритдию, негадир Бекмуроднинг бошига айрилиқ кўланка сола бошлади.
— Ботир ака, эсон-омон фарзандимиз туғилса, Бекмуродни болалар уйига топширворамиз-а? Бизга зарилми бировнинг боласини боқиш?..- Бир куни Моҳина эрига  шундай деганди, Ботиржоннинг кўзлари косасидан чиқиб кетди:
Сени эсинг жойидами?! Бекмурод ҳам ўз фарзандимизку! Ундай дема, Худонинг қаҳрига учраймиз?!- Моҳинанинг парвоига ҳам келмади:
— Бировнинг боласи-да, нима бўлса ҳам... Худо хохласа ҳали ўзимизнинг болаларимиз кўп бўлади...
Умиджон туғилганидан кейин Моҳина очиқдан очиқ Бекмуродни уйга сиғдирмай қўйди. Ҳали тўполон қилиб боламни уйғотиб юбординг, деб койиса,  ҳали чақалоқнинг ўйинчоқларини ўйнадинг деб уришадиган одат чиқарди. Бир кун эса эрига Бекмуродни “Меҳрибонлик уйи”га олиб бориб топширишни айтди.
— Сени умуман танимаяпман,- деди Ботиржон, хотинининг таклифидан оғринганини  сездириб.- Ахир шу бола сабаб оиламиз сақлаб қолинди,  унинг пойи қадами билан фарзандлик бўлдикку...
— Дадаси, энди ўзимизнинг боламиз бор, пойиқадам деган қўшиқни ҳадеб куйлайверманг, булар Аллоҳнинг иши. Бекмурод бизнинг уйда яшаганидан кўра, етимхонда ўсгани маъқулроқ. Ҳозир уларга яхши шароитлар яратилган. Ҳозир хафа бўлса бўлар, лекин эртага катта бўлиб, бизнинг яхшилигимизни тушуниб етади.
Моҳина гапида туриб олиб Бекмуродни “Меҳрибонлик уйи”га топширтириб юборди. Бола бир неча марта асраб олган ота-онасини соғиниб-ичикиб касал бўлиб қолди. Ҳатто бир куни ўзи ўсган уйни излаб ҳам келди. Етти  йил унга меҳр бериб парваришлаган, еру кўкка ишонмай катта қилган онаси уйга киргизмади. Бекмурод эшикни тақиллата-тақиллата интизор бўлиб подъездда ухлаб қолди. Моҳинанинг бағритошлигидан оғринган қўшнилар болакайни  уйларига киргизиб, қорнини тўйдиришди. Ботиржонлардан садо чиқавермагач, яна қайта уни “Меҳрибонлик уйи”га қайтариб юборишди... 
***
— Бекмурод Ботирович, сизга келишибди. Бугун қабул кунингиз эмаслигини ҳарчанд тушунтиришга уринсам ҳам, кўришим керак, зарур гапим бор деб ўтиришибди.- Ёрдамчи қиз бошлиғи- туман прокурорига қабулига келишганини истиҳола билан айтди.
— Ким экан?- Прокурор кўздан кечираётган қоғозларидан бош кўтарди.
— Билмадим... “Яқинларимиз” дейишяпти...- Прокурор бир ўқрайиб қараганди, қиз хатосини тузатишга киришди:
— Кекса ёшли эркак билан аёл...
— Киргизворинг...
Хонага салом бериб, хижолатланиб кирган отахонни кўриб прокурор даст ўрнидан туриб кетди:
— Дадажон, сиз?!- Отахон у билан кўришишга улгурмай эшикдан аёли кўринди. Туман прокурори бу кутилмаган учрашувдан эсанкираб қолган кишидек дам, эркакка, дам аёлга қараб йиғлагудай бўлиб кетди:
— Ойижон?! Мени бу ердалигимни қаердан билдиларингиз? Мен сизларни кўп излаб бормоқчи бўлдим... Лекин... Ҳа майли, ўзларингиз саломат юрибсизларми? Укаларим тинчми? Қани юринглар, ишхонада узоқ гаплашиш ноқулай. Тушлик вақти ҳозир, шу яқин орада бир яхши овқатланадиган жой бор, юринглар, ўша ерга бориб бафуржа гаплашиб ўтирамиз.
Бекмурод Ботирович меҳмонлари билан бошлашиб, ташқарига чиқди.
— Болам, бандаси хомсут эмган-да, ўшанда сенга ноҳақлик қилгандик...- Моҳина ая хижолатдан ерга кириб кетгулик бўлиб аранг тилини сўзга келтирди. Бекмурод Ботирович кулимсираб аянинг елкасидан қучди:
— Ўшанда сиз менинг келажагимни ўйлагандингиз, ая. Мени қийналмасин деб шундай йўл тутгансиз. Сизлардан хафа бўлмаганман. Ҳамиша сизларни яхши кўрганман, яхши кўраман. Сизлар менинг ҳақиқий ота-онамсизлар... – Моҳина ая ортиқ кўз ёшларини тиёлмади. Асранди ўғлини қучиб йиғлаб юборди. Ботир ота ерга кўз тиккан куйи секин гап бошлади:
— Ўғлим, бошимизга хўп мушкул савдолар оралади. Укаларингни кўп талтайтириб юборибмиз, энди жабрига чидолмай юрибмиз... Бир неча марта ўғирлик қилиб қўлга тушди, тағин ҳам маҳалла яхши экан, оталиққа олиб жазодан қутқариб қолди. Уйлантириб қўяйликмикан,  оилали бўлса сал ўзини босиб олармикан, деган илинжда юрибмиз. Энди биздан ўтган бўлса, кечиргин, укаларингга ўзинг бош бўл ўғлим. Зора сен туфайли улар эс-ҳушини йиғволишса. Мен ҳамиша учта ўғлим бор, деганман. Сен тўнғичимсан, мендан кейин оиламизнинг бошисан, болам укаларингга тўғри йўлни кўрсат. Сен ўз фарзандимсан ахир, ўғлим...
— Ҳаммаси сиз айтганингиздек бўлади, дадажон. Албатта мен сизнинг фарзандингизман. Сизнинг ўғлингизман, буни ҳеч қачон унутмаганман, унутмайман ҳам... Эрагаёқ укамни уйлантириш учун яхши қиз қидиришни бошлайверинг, тезроқ тўйни бошлайлик. Тўй баҳона ришталар қайта маҳкам боғланади...
Бекмурод Ботирович ичидан кўзларидаги қувонч ёшларини ота-онасига кўрсатмаслик учун, уларни қучиб олди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 66 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ