Сайт бўлимлари
Севилмаган аёл ноласи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Илк бора учрашувга чиқиб, сиздан меҳрли илтифот, муҳаббат изҳори, ҳеч йўқ, биргина жилмайиш ўрнига, "мен сенга уйланолмайман, ота-онам мажбурлаб сени олиб беришмоқчи. Илтимос, тўғри тушун, мени севган қизим бор. Уни жондан ортиқ кўраман. Сен ота-онангга менга тегмаслигингни айтсанг, бизникилар севгилимга уйланишимга кўнишади..." деган гапларни эшитдим...
Эсимни таниганимдан бери аям дадам мени сизга илинганларини, икки синфдош дўст қуда бўлишга келишганларини қулоғимга қуйиб келардилар. Балоғат остонасига қадам қўйиб, тенгдошларим каби соҳир туйғулар оламига тушиб қолган кезларим, пинҳона йўлларингизни пойлардим. Эътиборингиз менга тушмаса, ич-ичимдан ўкиниб қўярдиму, яна ўзимча, "кўпчилик орасида номимни чиқариб, етаклашиб юришни истамайдилар", деб овунардим. Кейинчалик дугоналарим йигитлардан севги изҳорлари битилган номаларни олганини айтиб мақтанса, юрагим бир ҳаприқиб кетарди. Сиз ҳам менга кўнглингизни очиб мактуб беришингизни жуда-жуда истардим. Вақти келиб мен ҳам бир йигитдан хат олдим. Аммо у ўзим кутган одамдан бўлмагани учун, қабул қилолмадим. Ўзимни бегона йигитларнинг нигоҳидан қизғанардим. Хаёлимда фақат сиз, ўзингиз эдингиз. Мен сизга аталгандим...
Бир куни ишдан келсам, онажоним хушнуд кутиб олдилар:
-Бугун меҳмонлар келган эди...
-Меҳмонлар?- сўрашга сўрадиму, меҳмон бизникига нега келишини тушуниб, хижолат бўлдим.
- Меҳмонлар Зокир амакингникидан келишди.
Бу гапдан кейин хижолатлик оташида ёниб дарҳол ичкарига олдим ўзимни. Ортимдан онажоним кирдилар.
- Болам нега уяласан, ёш бола эмассан, ахир. Энди оила қуришинг керак. Зоҳиджон ниҳоятда ақлли, эс-ҳушли йигит. Худо хоҳласа бахтли бўласизлар. Ўзим ўргилай сендан, она қизим. Ҳа айтганча, эртага соат 10.00 да учрашар экансизлар. Ишингдан бирор соатга жавоб оласан-да...
Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ўша куни оҳорли кийимларимни кийдим. Кўзгу қаршисида энтикиб-энтикиб ўзимга оро бердим. Юрагим ҳаяжон ичида бесабр урар, ҳам бахт, ҳам муҳаббат қаноти билан шодлик осмонида учар эдим гўё...
Айтилган вақтда, айтилган жойга бордим. Ўн дақиқа кутдим, йигирма дақиқа кутдим, бир соат кутдим... Келмадингиз. Ич-ичимдан йиғи хуруж қилиб, хўрлигим келарди, ўзимни камситилгандай ҳис қилиб ишга ҳам бормай уйга қайтдим.
-Тинчликми болам, нима бўлди, нега рангу-рўйинг бир аҳвол?!
Онам кўрасолиб мени саволга тутдилар.
- Ойижон... у киши учрашувга келмадилар... Хиёбонда юрагимни куйдирган алам кўзларимдан тошиб кетди. - Ойижон, менимча менга уйлангилари йўқ... Дадамга айтинг. - Хўрлик ва изтироб ичида кўнглимдагиларни онамга билдиришга уриндим.
-Ундай дема болам, дадангни ранжитасан. Учрашувга боролмаган бўлса, зарур бир иши чиққандир. Дарров бунақа хаёлларга бориш яхши эмас, болам.
-Ҳеч йўқ узрини телефонда айтса ҳам бўларди-ку...
Иззилашимга ҳеч ким парво қилмади. Бир пайт ойим ним табассум билан хонамга кириб келдилар:
-Во-ей она қизим-ей, шунга кўз ёши қилиб ўтирибсанми? Мен қудалар билан гаплашдим. Замира келинойинг анча хижолат бўлдилар. Зоҳиджон зарур бир юмуш билан шаҳарга тушган экан. Эртага учрашаркансизлар.
Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Ўзимни ҳеч қачон бунчалик нокерак ҳисобламагандим. Алам қилди. Мени нима гуноҳим бор? Айбим, бўйга етганимдан бери сизни севишимми?! Ҳатто хаёлларим сарҳадига бегонани йўлатмаганимми?! Сизга топинганим, талпинганим эвазига мени хўрлик ва камситиш билан мукофотладингизми?!..
Онамга, "агар учрашувга вақт топса телефон қилиб чақирар", дедиму, тақдирга тан бердим. Нақ бир ойдан кейин учрашмоқчи бўлиб қўнғироқ қилдингиз. Аммо, овозингиз оҳангидаги самимият, кўзларингиздаги меҳр, чеҳрангиздаги лутф мени алдади. Дастлабки дақиқаларданоқ қувончимни ерпарчин, юрагимни остин-устин қилиб ташладингиз:
- Нигора, сен менга тегишга розимисан ўзи?
...- Тўғриси савол маъносини унча англамагандим.
- Нима, ота-оналар бизнинг кўнглимиз, хоҳишимиз билан ҳисоблашмай ўзларича иш тутаверадими?! Бизнинг ҳаётимиз уларга ўйинчоқми?! Дўст бўлишса, синфдош бўлишса булар ўз йўлига, қуда бўлишлари шарт эканми?! Тўғри, ота-она боласига ёмонлик тиламайди, бахтини ўйлайди. Аммо уларнинг ҳозирги ишлари бизни бахтимиз учун хизмат қилмайди-да. Сен менга сингил қаторисан. Ниҳоятда яхши қизсан, ҳурмат қиламан, қадрлайман сени. Лекин ўзимнинг севган қизим бор. Унга уйланмоқчиман. Уйдагилар оталаримизнинг ваъдалашганини рўкач қилиб унашмаяпти. Сен бугун бориб, "мен Зоҳид акага тегмайман. Улар бошқа қизни яхши кўрар эканлар", дегин. Сен мени рад қилсанг уйдагилар севган қизимни олиб беришади. Майлими, Нигор?- овозингиз оҳангидан ҳам ялинчоқлик, ҳам буйруқ сезилди. Ўзимни зўрға қўлга олиб, гапиришга оғиз жуфтладим:
-Нега шу пайтгача индамадингиз? Юрагингизда шунча гапингиз бор экан аввало ота-онангизга айтишингиз керак эди. Ахир... ахир...- хўрлигим келиб йиғлаб юбордим,- ўтган ҳафта бизни унаштиришди-ку...
Ўша пайтдаги ҳолатингизни эсласам аламдан юраккинам зирқиррайди, худди машъум хабарни эшитгандай дастлаб гангираб қолдингиз, кейин "қачон?... Мендан сўрамай-а?..." дедингиз кўзларингиз ёшланиб. Иккимиз ҳам бир-биримиз билан совуққина хайрлашдик. Уйга келиб онамга барчасини, сиздан эшитганларимни ҳам, қишлоқда сизнинг қандайдир шоира қизни севишингиз ҳақида гап юришини ҳам гапириб бердим. Онам сочларимни силаб:
- Қизалоғим, бунақа майда гап-сўзларга парво қилма. Севги бошқа ҳаёт бошқа. Улар сени келин қилишяпти. Аллақандай шоирани эмас. Зоҳиджон ҳам тўйдан кейин сенга боғланади-қолади. Ўша шоирасининг ноз-карашмаси ҳам хаёлидан кўтарилади. Ўзингни эзиб юрма,- деб овутган бўлдилар. Йигит бўлиб сиз тақдирингизни, муҳаббатингизни ҳимоя қилолмаган, мендек бир ожиза қиз ота-она истагига қандай қарши бора олардим?!..
Тўйгача учрашмадик. Бировга айтсам, ўла қолса ишонмайди, тўйгача сиз мени кўришни умуман истамадингиз. Пайти келиб, мен кутган, сиз хоҳламаган ўша кун келди. Тўйимиз куни мен қувонишни ҳам, куюнишни ҳам билмасдим. Сиз... Сиз бешафқат, золимсиз! Биласизми, қиз бола учун ҳаётида бир маротабалик бахт лаҳзалари, энг олий орзу никоҳ тўйи эканини?! Сиз ана шу орзу-умидларимнинг кўзларини маъюс қилгандингиз. Юзингизга қарагим келмасди, кўзим кўзингизга тушиб, "мен сенга уйланмайман. Мен бошқа қизни севаман..." деган гапларингиз хотирамни эгаллаб, юрагимни алам ва нафрат исканжасида қийнарди. Хуллас, тақдиримизни боғлаб, дилларимизни боғлаёлмаган тантана тугаб, энг нозик дамлар остонасига қадам қўйдик. Гўшангада сизни кутмай "кутдим". Шивир-шивир, гангир-гунгир гап-сўзлар қулоғимга чалиниб, чимилдиқнинг чеккаси кўтарилиб кўриндингиз...
Эл кўзига эр-хотинмиз. Мажбурият юзасидан гаплашамиз. Мени эмас, ўша қизни севишингизни, мен билан ота-онангизни деб яшаётганингизни шундоқ юз-кўзингиздан билиш қийин эмас. Ичдан адо бўлиб юрган мен. Китоб жавонингизга қарашга юрагим бетламайди. Ўша қиз сизга совға қилган китоб, ундаги ёзув ва китоб ичидаги сурат ҳам рашкимни, ҳам аламимни келтириб, ўзимни ҳақоратлангандек ҳис қиламан. Уларни менинг кўзимдан узоқроққа ҳам олгингиз келмайди. Бошингизга тушган савдоларнинг барига мени айбдор қилаяпсиз. Омадсиз севгингиз учун мен айбсиз айбдор бўлиб товон тўлаяпман.
Ўша қизни шунчалик ёмон кўраманки, бахтимни ярим, юрагимни абгор қилгани учун уни ҳеч кечиролмайман. Мен ҳам орзу-ҳавас билан гўшангага қадам қўйгандим. Мени мажбуран қучоғингизга тортиб, ўзингиз билибми, билмайми биринчи айтган гапингиз ўша шоирангизнинг исми бўлди. Ундан кейинчи... Ундан кейин ҳам сиздан меҳр-муҳаббат кутишим ақлга сиғмасди. Баъзан ўйланиб қоламан: одамлар "севги муҳаббат йўқ нарса, турмуш қургандан кейин эр-хотин кўринмас ришталар билан бир-бирига боғланади", дейишарди. Бекор гап экан. Сиз уни севишингизни ҳеч кимдан яширмайсиз. Буни қизимиз туғилганида ҳам яна бир бор тушунган эдим. Қизимизга севгилингизнинг исмини қўйдингиз. Ҳали-ҳануз тушунмайман, агар аҳдингизда қатъий туриб менга уйланмаганингизда, сизга мажбуран тегмасдим-ку, нега мени бунча азобладингиз?! Ҳатто жигаргўшамга ҳам унинг исмини бериб мени пичоқсиз сўйганингиз нимаси?!...
Билмадим, сиз билан турмушимиз қандай кечади. Бу изтиробларнинг охири нима билан тугайди. Билганим шуки, сиз мени меҳр-муҳаббат ва эътиборга арзитмайсиз. Яна шуни биламанки, сизни қанча севмай, қадрламай, боримни, жонимни фидо қилмай ўша шоира қизнинг ярмичалик ҳам кўрмайсиз. Овунчоғингиз унинг шеърлари. Ҳамроҳингиз ундан қолган хотиралар. Кўксингиздла китобини қучиб юрасиз. Мен эса... Мен бўлсам, сизнинг ўша машъум "сенга уйланмайман" деган гапингиз ва муҳаббатим армонини бағримга босиб яшаяпман...
Севгилингиз ҳам турмуш чиқибди. Шундай бахтли келинчак бўлибдики, чеҳрасида иқбол балқиб турибди. Телевизорда кўрсатишди. Нигоҳлари шундай бахтиёрки, беихтиёр унга... ҳасад қилдим. Кўз қиримни сизга ташладим, уни унутгансиз, деб ўйлагандим. Аксинча, кўзларингизга ёш тўлиб, бошингизни эгиб олдингиз...
Нима бўлганда ҳам сиз жуфти ҳалолимсиз. Қизалоғимнинг отасисиз. Бир кун келиб, меҳрингиз тушар, мени тўғри тушунарсиз. Аммо ўша эътиборингиз эрта сўлган орзуим ғунчаларига қайта жон ато эта олармикин?!.. Қалбим ярасига малҳам бўла олармикин?!. Мен ана шу саволларга жавоб топа олмайман...
ХОНЗОДА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 65 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар