Сайт бўлимлари
Дори ичмай соғлом бўлиш сирлари
- Подробности
- Бўлим: Саломатлик
- Чиққан санаси: 31 Март 2013
- (Нашр қилинган санаси)
ёхуд спортчи келинлар дастидан дод деманг...
Аёл бир қўлида бешик, иккинчи қўли билан дунёни тебратади деган нақл бежиз айтилмаган. Шундай бўлса-да, умрининг тенг ярми, балки ундан ҳам кўпроғини оиладаги, ишдаги юмушлари, фарзандларига бағишлаган аёлларимиз ўзи учун ҳам қайғуришни билиши керак. Шу боис юртимизда барча соҳаларда аёлларимизнинг ўрни мустаҳкамланишига берилаётган эътибор сингари спортни ҳам улар ўртасида оммалаштириш масаласи ҳар доим кун тартибида. Бу ҳам бежиз эмас албатта...
МОЗИЙГА ҚАЙТИБ...
Тарихдан маълумки, ўзбек аёли нафақат юртимиз, балки башарият тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Беруний, Имом Ал Бухорий, Ибн Сино, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек каби юзлаб боболаримизни ҳам шу замин аёллари камолга етказган. Қолаверса, Тўмарис, Нодирабегим, Увайсийдек аждодларимиз ҳам шу тупроқ фарзандлари...
ДОРИ ИЧМАЙ, СОҒ БЎЛИНГ
Юрт учун соғлом авлодни камолга етказар экан, аввало аёлнинг ўзи соғлом бўлиши керак. Спорт эса шифохоналар, жарроҳлар, дори-дармонларсиз соғлом ҳаёт дегани. Спорт билан шуғулланган аёл жисмонан чиниқиш билан бирга руҳан юксалади, унда ўз имкониятларига нисбатаи ишонч туйғуси шаклланади. Қизларимизнинг спорт билан шуғулланиши уларнинг нафақат соғлиги, айни пайтда қадди-қомати тўғри шаклланиши, гўзаллиги, юриш-туришида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса уларнинг мана шундай соғлом бўлиб улғайиши эртага дунёга келадиган фарзандларининг ҳам соғлигини кафолатлайди.
МАЪЛУМОТ: Соғлом болалар кўпаймоқда
Статиктикага кўра, кейинги уч йилда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган қиз болалар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар 24,1 фоиздан қарийб 32 фоизга, мутлақ соғлом болалар кўрсаткичи эса 52,7 фоиздан 63 фоизга ўсган. Сурункали касалликларга чалинган болалар сони кескин камайди. Ўғил ва қиз болаларнинг ўртача бўйи ва вазни ошмоқда. Ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар орасида ҳам хизматга лойиқ деб топилганлар сезиларли даражада ортган.
ЎЗБЕК СПОРТИНИНГ ШУҲРАТИ
Сўнгги йилларда юртимизда минглаб халқаро стандартларга мос спорт мажмуалари қад кўтараётганлиги, спортчиларимиз қўлга киритаётган юксак натижалар, қолаверса, энг нуфузли мусобақаларнинг ҳам бизда ўтказилаётганига бугун барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, энг чекка қишлоқ ҳудудларимизда ҳам спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
ИККИНЧИ ДАРАЖАЛИ ФАН ЭДИ
Машраб Маматов, ўқитувчи: Бундан йигирма йил олдинги оддийгина мактаб спортини олайлик. Жисмоний тарбия дарслари номигагина ўтказиларди. Бу фанларга иккинчи даражали фан, деб қараганмиз. Чунки машғулот ўтиш учун шароитни қўяйлик, оддий спорт жиҳозлари ҳам бўлмаганлиги кечагидек ёдимда. Бугунчи, вазият бутунлай ўзгарди. Юртимизда спортга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Олис қишлоқларда ҳам бир-биридан шинам замонавий спорт иншоотлари қад ростлади. Бунда минглаб ўғил-қизларимиз ўзлари хоҳлаган спорт турлари бўйича шуғулланаётгани ҳар қандай кишининг кўнглини фахрга тўлдиради.
Расмий маълумотларга кўра:
1991 йилда республика халқ таълими тизимидаги барча спорт иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларининг сони 5490 тани ташкил қилган бўлса, 2011 йилга келиб эса 7777 тани ташкил қилган.
1991 йилда спорт билан шуғулланувчи болалар сони 199 626 нафар (улардан 72 326 нафари қизлар)ни ташкил этган бўлса, 2011 йилга келиб бу кўрсаткич 1 615 103 нафар (улардан 703 177 нафари қизлар)ни ташкил қилган.
Бугунги кунда барча спорт иншоотларида спортга жалб этилган қизлар сони: 1 млн. 797 минг 446 нафарни, шундан мунтазам шуғуланаётганлари 562 минг 716 нафарни ташкил этади. Спорт билан шуғулланаётган аёлларнинг умумий сони эса 1,9 млн нафарни, шундан мунтазам шуғулланаётганлар 680,4 минг нафар.
ҚИЗЛАР НЕГА УЯЛАДИ?
Келтирилган маълумотлар бугунги кунда спортни ўз ҳаётининг бир бўлагига айлантирган аёлларимиз сафидан мисол эди, холос. Энди танганинг орқа томонига бир назар ташласак.
Маълумки, Шарқ аёлларининг барчасига хос бўлган бир умумийлик бор: бу ҳам бўлса, ибо-ҳаё ёки тортинчоқлик. Шу боисданми, айрим аёлларимиз, қизларимиз эса спорт билан астойдил шуғулланишни ўзларига эп кўрмайдилар. Бироқ ўз қадрини, ўзи учун қайғуришни билган аёл ҳеч қачон ютқазмайди...
ОТ УСТИДАГИ КУМУШЛАР ҚАНИ?!
Ҳаммамизга маълум-у машҳур бўлган Келинлар қўзғолонида бир саҳна бор. Фармонбиби эрта тонгда гимнастика билан шуғулланаётган уч кунлик келинига кўзи тушиб, айюҳаннос солади. Кўп ўтмай ўша келин бош бўлиб барча овсинларни спорт билан шуғуллантираётганлиги учун яна қўлга тушади. Ва бунда ҳам яхши гап эшитмайди. Нега? Тўғри, шарқона тарбияни олган ўзбек қизларининг спорт кийимини кийиб, машғулот ўтадиган залларга қатнаб юриши бугун ҳам кимлар учундир эриш туюлар балки. Бироқ оддийгина от спортини олайлик: қадимда ҳам аёлларимиз от минишган. Буюк аждодимиз Бобур Мирзонинг лашкарига эргашган аёллар Ҳиндистонгача яёв бормаган. Хонзода бегим оғасининг ёнида, мардонавор от устида туришини ҳам кинотасвирлар орқали кўргандирсиз. Отабек ва Кумушнинг кимўзарга баҳс бойлашиб, от чоптиришлари ҳам тарихимизга, адабиётимизга заррача қизиққанларнинг ёдида бўлса керак. Бу фақат ўтмишдан эртакларгина эмас, ҳаётий ҳақиқат.
Қолаверса, бугунги кунда қизлар учун мўлжалланган спорт кийимлари миллий менталитетимизга мосланган, шунингдек, жисмоний тарбия дарслари ва спорт машғулотлари ҳам кўпроқ аёл мураббийлар томонидан олиб борилмоқда. Жисмоний тарбия институтлари ва факультетларига хотин-қизлар спортини ривожлантириш учун қўшимча қабуллар ажратилмоқда. Буларнинг барчаси спортнинг аёлларимизнинг ҳам ҳаётида тутган ўрни қанчалик муҳимлигини билдиради. Келинг, буни яна бир нечта ҳаётий мисоллар орқали кўриб чиқамиз.
90х60х90 БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС: СОҒЛИКНИ ЎЙЛАНГ
Масалан, оддийгина рўзғор ишларига ҳам улгурмай, хаёли турли сериаллар билан банд бўлиб, телевизор қаршисига михланадиган ёки туну-кун компьютер олдидан жилмайдиган аёлларимиз ҳам бор. Хўш, уларга бир жойда, ҳаракатсиз ўтириш қандай наф келтиради. Бу фақат семириш, ортиқча вазн ёки бошқа шунга ўхшаш муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳатто, спорт билан шуғуллансам озиб кетаман, дегувчилар ҳам бор. Айнан озиш учун спорт билан шуғулланадиганлар ҳам топилади. Аслида бунда 90х60х90 ўлчамли қоматга эга бўлиш муҳим эмас. Аввало, сиз ўз соғлигингиз учунгина қайғуринг. Семираётган бўлсангиз, соғлом одам семиради-да деб ўтиравериш нотўғри. Агар жисмоний ҳаракат камлигидан семираётган бўлсангиз, албатта спорт билан шуғулланинг. Бунинг ҳеч бир уяладиган жойи йўқ. Ахир инсон ўз соғлигига ўзи масъул. Қолаверса, хотин-қизларимиз ҳамиша гўзалликка эътибор бериб, ўзларига оро беришни хуш кўришади. Бунда ҳам сизга биринчи навбатда, турли косметик моддалар эмас, спорт ёрдам бериши аллақачон исботланган.
ҲАРАКАТ САЛОМАТЛИК ТАЯНЧИ
Мадина Туйчибоева, шифокор: Жисмоний ҳаракат инсон танасидаги турли аъзо ва тизимларнинг ҳаётий фаоллигини меъёрлаштиради. Инсон соғлиғи унинг кафти ва оёқ ости билан боғлиқ. Ибн Синонинг ёзишича, ички аъзоларнинг бош мия билан боғлиқлиги исботланган. Серҳаракат кишилар ҳар доим соғлом ва гўзал бўладилар. Ҳеч бўлмаса, енгил жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Баъзан айрим аёлларимизда учрайдиган ортиқча хавотир ва асабийлашишдан қутулиш учун ҳам спорт машғулотлари билан шуғулланишни тавсия қиламиз.
Биласизми?
Хориж тадқиқотидан
Япон олимларининг аниқлашича, организмнинг меъёрий фаол ҳолати ва соғлигини сақлаш учун одам кунига 10000 қадам юриши лозим. Бу ўрта ҳисобда 6-7 километрни ташкил этади. Бир мисол: узоқ йиллар давомида жисмоний меҳнат одамларнинг қўл кучи ёрдамида бажарилган. XX асрдан бошлаб кишиларда ҳаракат фаоллиги камая борди. Маълум меъёрдаги ҳаракатсизлик эса инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шуни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, бугун ҳаётимиздаги турли қулайликлардан ўзимизча воз кеча олмасак-да, ҳеч бўлмаса, турли спорт машғулотлари билан шуғулланиш қанчалик аҳамиятли эканини пайқаш қийин эмас.
Мутахассис маслаҳати: БОЛАНГИЗНИ СКОЛИОЗДАН АСРАНГ
Мансур Тошмуродов, шифокор: Жисмоний чиниқиш омилларидан оқилона фойдаланиш болаларда ҳам учрайдиган ҳар хил касалликларни даволашда катта ёрдам беради. Одатда, касалликнинг олдини олиш, уни даволашдан кўра анча осон. Аввало, фарзандларингизни ёшлигидан ўзи истаган турли спорт тўгаракларига қатнашишга унданг. Айниқса, оналар энди ривожланаётган ўсмир қизларга аҳамиятли бўлишлари лозим. Қизларингиз спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор беринг. Агарда қиз болада сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши) касаллиги пайдо бўлса, вояга етиб турмуш қургандан сўнг унда туғруқ жараёни қийин кечади. Бўйин ёки бел умуртқаларининг қийшайиши оқибатида букрилик ҳолати вужудга келиши ёки умуртқа поғонасининг орасига туз ва суюқликлар йиғилиши мумкин. Касалликнинг биринчи босқичида ҳам консерватив даво тайинланади. Бу даво гимнастикаси, гавдани тўғриловчи тадбирлар, сузиш кабиларни ўз ичига олади.
КИМ ҚАЙСИ ТУРИГА ҚИЗИҚМОҚДА?
Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, бугун ўғил-қизлар ўртасида гимнастика ва сув спорти, футбол, баскетбол, волейбол, теннис, эркин ва юнон-рум кураши, енгил ва оғир атлетика, кураш, дзюдо, шахмат каби спорт турлари жадал оммалашмоқда.
ХУЛОСА
Киши ўйланиб қолди: айтилиши керак бўлган гапларнинг деярли ҳаммаси айтилди. Одам зоти қизиқ. Одатда унга бирор бир нарсани бу ширин, бу яхши, унинг мана бундай афзалликлари бор деб мақтайверсангиз, худди ундан узоқлашаётгандек, қизиқмаётгандек ёки меъдасига тегаётгандек бўласиз. Шу сабабдан тўғри хулосани ҳар кимнинг ўз ҳукмига ҳавола қилдик. Зеро соғлиги ўзига керак одамлар айтганларимиздан керакли хулосани чиқариб оладилар, деган умиддамиз.
Шоҳ ЖАҲОН тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 306 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар