1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Зўрладингми? Уйлан, кечириласан!

Порталимизда қиз ўғирлаш ҳақида олдин ҳам мақолалар берилган. Қуйидаги мақола ҳам шу мавзунинг узвий давоми десак муболаға бўлмайди. Зеро, бугун ҳаётимизда бу муаммо бор экан, унга қарши тухтамай курашишимиз шарт.

Ҳиндистонда қизларнинг зўрланиши ҳақидаги кетма-кет хабарлар бутун мусулмон дунёсини ларзага келтирди. Бир нечта қизлар бундай шармандагарчилик юкини кўтара олмай ўз жонларига қасд қилдилар. Шайх Муса Фербер «Вашингтон Пост» саҳифаларида бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдиради. Қуйидаги мақола ҳам унинг баъзи мулоҳазаларига асосланган.

Ҳиндистондан иккита юракни эзадиган мудҳиш хабар: гуруҳ бўлиб зўрланган икки қиз ҳаётдан кўз юмибди. Биринчиси – тиббиёт факультетининг 23 ёшлик талабаси зўравонлар тарафидан етказилган жароҳатлар туфайли оламдан кўз юмди. Иккинчи қурбон, полициячилар уни зўравонлар гуруҳининг биттасига эрга тегишга ёки пул олишга рози қилишга мажбурлашларидан сўнг ўзини ўлдирган 17 ёшлик қиздир. Воқеаларни эшитиб хафа бўлмасликнинг иложи йўқ. 2012 йили ҳам худди шунга ўхшаш ҳодисалар содир бўлган эди.

Бу воқеа ҳам аввалгисига ўхшайди. Ўшанда маҳкама зўрланган қизни зўравон билан никоҳ қуришга мажбурлаган, лекин марокашлик 16 ёшли қиз ўзини ўлдирган. Шунга ўхшаш воқеа Урдунда ҳам содир бўлган. Бу ҳодисалар 14-15 ёшли қиз билан бўлиб ўтган. (Апрелда 19 ёшли урдунлик йигит дўконда ўзига нарса харид қилиб юрган бир қизни ўғирлаб кетади. Уни чўлга олиб бориб, унда олдиндан ҳозирлаб қўйилган чодирда уч кун давомида зўрлаб чиқади. Сўнг уларни полициячилар топиб, йигитни ҳисбга олишади. Уч -тўрт кундан кейин жиноятчи қизга уйланишга рози бўлади, натижада унга қўйилган барча айблар бекор қилинади. Бир ой олдин эса, 15 ёшли бошқа бир қиз Аммондаги бўш ётган уйларнинг бирида зўрланади. Маҳкамадаги манбаларнинг айтишича, айни вақтда йигит тараф қамалишдан қочиш учун қизнинг оиласи билан келишиш йўлларини излаётган экан.) Шу ва шунга ўхшаш бошқа воқеаларда жамият ҳамда унинг ҳуқуқий тизими зўравонлар агар зўрланганларига уйланса улар кечирилсин, дейилган қарор қабул қилган.

“Номусга тегиш ҳақидаги қонун”

Марокаш қонунларида кўпчилик ҳам билавермайдиган қонуннинг 457-моддаси бор. Унга кўра, вояга етмаган қиз ўз зўравонига ёки ўғирлаб кетганига турмушга чиқишга рози бўлса, жавобгарликка тортилмаслиги мумкин. Ва фақат никоҳ бекор қилинган тақдирдагина иш қайта қўзғалади. Мазкур қонун моддаси французларнинг ҳуқуқий тизимидан олинган.

Урдунда ҳам худди шунга ўхшаш 308 модда бор. У яна «rape-low» (Зўрлаш ҳақида қонун) номи билан ҳам машхур. Жиноятчи ўз қурбонига уйланса у қамоқ жазосидан озод бўлади. У яна беш йил ичида ажрашиш имкониятидан маҳрум бўлармиш.

Аёл кишининг номусига тегиш унинг бутун оила аъзолари шаънига доғ бўлиб тушадиган тушунчага эга бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш қонунлар бор. “Зўрланган” деб ном олган тамға доим ҳам қиз бола учун бахтли, саодатли ҳаёт кечириш йўлини тўсиб қолмайди.
Шунга ўхшаш воқеаларни ўқиганимда, эшитганимда, мусулмонлар қандай қилиб, (жазодан қутилиш учун) қурбонига уйланган зўровонни кечириб юборишига ақлим етмайди. Маълумки, бундай ҳолатларда жиноятчилар кўпинча қиз ва унинг оиласини кўндириш учун турли хил босимларни ўтказади.

Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис сифатида бунга ўхшаш воқеалар бутун шариат асослари ва зўравонлик қурбонлари бўлган инсон ҳуқуларининг қўпол равишда бузилиши ҳамда никоҳ мақсади ҳамда адолатнинг топталиши деб биламан.

Аёл кишининг ҳаёти ва саломатлиги унинг обрўсининг ҳимоясидан ҳам муҳим

Ислом эътиқоди инсоннинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳамда шараф ва иззатини ҳимоя қила олиш ҳаққини аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйган. Бу нарсани айниқса жинсий зўравонлик  масалаларига кўпроқ тегишлидир. Аёл киши зўравон ҳамласига (агар имкони бўлса) қаршилик кўрсатиши керак. Бунга шоҳид бўлган ким бўлмасин унга ёрдам қилишга мажбурдир.

Мусулмон фақиҳлари аёл киши ўзини ўзи ҳимоя қилишга унга бўлган тажовуз ва ҳамладан сўнг ҳам ҳақли эканини айтишади, Яъни, унинг хавфсизлигини таъминлаш, жисмоний ва руҳий жароҳатларидан шифо топишни назарда тутадилар. Бунга зўравонлик натижасида пайдо бўлган ҳомилани ҳам олиб ташлаш киради. Бу аёлнинг ҳаёти ва руҳиятини унинг моли, шаъни ёки насл софлигидан устун қўйган шариатнинг шарафли мақсадларига мос келади.

Мусулмон ҳуқуқи аниқ қилиб, никоҳ бу – муҳаббат, ўзаро ҳурмат, яқинлик, ишонч ва меҳр асосида қурилган муносабат эканини айтади. Шаҳватни ҳалол йўл билан қондириш воситаси, демакдир.

Ўзини зўрлаган одамга турмушга чиқишга мажбур қилиш қизнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Аксинча, бу қурбоннинг исми, шарафи ва иззатига янги ҳужум учун имкон яратади. Жиноятчи билан ундан нафратланиб, бегонасираб бир никоҳда яшашга мажбур қилади. Зўравон ва унинг оиласи қилган ярамас жиноятига мукофот сифатида жабрланган қизни уларнинг жирканч қўлларига топшириб юбормаслик керак-ку, ахир?!

Жиноятчиларни оқлаш, кечириш раҳм-шафқат кўрсатиш асосларига зиддир

Раҳм-шафқат кўрсатиш Исломнинг ажралмас қисмидир. Бироқ, ўз қурбонига уйланмоқчи бўлган зўравон жиноятчини кечириб ва бунинг устига қизни унга зўрлаб никоҳга бериш раҳм-шафқатнинг акси эмасми, ахир?!

Биз зўравонлик қурбони бўлган қизларнинг бундай муаммоларга жавобан ўзларини ўлдириб қўйишларини юқорида кўрдик. Бу ерда номус бироз нотўғри тушунилмоқда, яъни яшаш, ҳаёт ҳаққи жисмоний, психологик ва инсоний иззат ҳамда хавфсизликдан ҳам устун қўйилмоқда. Бу масалада биринчилик (приоритет) тескари қўйилмоқда. (Зўрланган, номуси топталган қиз жамоатчилик ўнгида ўзини ноқулай хис қилиши ва бунинг оқибатида ўзини ўлдиришгача бориб, гуноҳга ботиши тўғри эмас. Уни бунга мажбурлайдиган нарсаларнинг бири одамларнинг гап-сўзи бўлса керак. Ўзини ўлдиришгача бормайдиган баъзи жабрланганлар эса, ўзини хўрлаган киши билан никоҳ қуришга ва бир умр жабрланиб яшашга мажбур бўладилар. Чунки, бу ерда ҳам жамоатчилик фикридан, мавҳум келажакдан чўчиш ва шунга ўхшаш бошқа омиллар туради. Номуси топталган қиз омма фикрича, бахтли ва саодатли оила қуриш бахтидан махрумдир.)

Бу коррупция ва ноҳақ одам ўлдиришнинг ёйилишини бутун инсониятни ўлдиришга тенглаштирган, бир ҳаётни сақлаб қолишни эса бутун инсониятни қутқаришга тенглаштирган исломий дунёқараш билан қандай қилиб мослаштириш мумкин ахир?

Қуръони каримда: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади”, дея марҳамат қилинган. (“Моида” сураси, 32-оят)

Баъзи фақиҳлар зўравон ва унинг қурбони ўртасидаги никоҳни минтақа ёки мамлакатнинг ўзига хос маданий хусусиятилари билан оқлашади. Ислом шариати баъзи ҳолатларда маҳаллий маданият ва урфларни инкор қилмаслиги мумкинлигини айтишади. Зўравонлик исноди бунчалик оғир экан, энди зўравон билан никоҳ қуриб яшаш керакми?! Шариат баъзи урф-одатларни тан олса-да, ўзининг шарафли мақсадлари ва ўз кўрсатмаларига зид бормайди. Мусулмонларнинг муқаддас қонунлари ўзаро розилик билан амалга ошган келишув амалиётларини қўллаб-қувватлайди, аммо аслий асосларга зид равишда бўлган келишувларни рад этади.

Зикр қилинган қонунлар никоҳдан олдинги ўзаро розилик билан бўлган жинсий алоқаларга тегишли воқеалар учун ўйлаб топилган-ку, дейдиган ҳуқуқчилар ҳам топилади. Масалан, баъзи ёшлар ўз оилаларини никоҳга розилик беришига мажбур қилиш учун шундай қилишади. Улар никоҳдан олдинги жинсий алоқаларни ўзларича оқлаш учун полицияга зўрланганлик ҳақида ариза беришади. “У, бу ишларни ўз истагига кўра қилмаган”, - дейди гўёки, қизни келажакдаги исноддан сақлаш учун.

Зўрланган қизлар иснодга қолмаслиги керак(ми?)

Мусулмон жамиятида биргина зўрланиш ҳолатининг шармандалигини коррупция ва қотилликнинг тарқалишидек шармандаликдан устун қўйиб юборилишида мутлақо нотўғри ҳолат юзага келган.

Исломнинг илк кунлари мусулмонлари Қуръон ҳукмига итоат қилиб, янги туғилган қизларнинг тириклайин кўмишдан воз кечгани билан фахрланишган. Ўшанда қизларни келажакда оилага иснод келтирмаслик учун қатл қилиб юборишар эди.

Асрлар мобайинида мусулмонлар аёллари билан фахрланиб келишади. Бугун эса, зўравон  жиноятчи билан никоҳ қуришга мажбурлаб, яна нималари билан фахрланиш мумкин экан-а?! Бунга ўхшаш фожеали воқеларнинг такрорланиб туриши Исломни бузиб талқин қилинишидан дарак беради. Афсуски бунга мусулмонларнинг ўзи айбдор.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим

Ҳозир сайтимизда 315 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ