Сайт бўлимлари
Дадамга инсоф берсин...
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 04 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
- Эркакнинг масъулияти, оиладаги ўрни, фарзандлар тарбияси ва тақдирида отанинг ўрни хусусида бошимдан ўтганлар мисолида ўзимнинг кузатишларимни ўртоқлашмоқчи эдим,- деб гап бошлади газетанинг “Одамлар орасида” саҳифасига қўнғироқ қилиб тушган муштарийимиз салом-аликдан кейин.- Илтимос, “бу мавзуда кўп гапирилган” деб мулоҳазаларимни эътибордан четда қолдирманг. Эркакларнинг, оталарнинг оила ва жамиятдаги ўрни, масъулияти ҳар қандай замон ва жамиятда ҳам энг долзарб масала бўлиб келган.
- Тўғри. Марҳамат, сизни эшитишга тайёрмиз.
- Дадам оилада ёлғиз фарзандлар. Бувим еру осмонга ишонмаган яккаю ягона, эрка-тантиқ ўғлини уйлантирганидан кейин ҳам уни катта одам бўлишига, ўз муаммоларини ўзи ҳал қилишига йўл қўймаган. Дадамни онамдан қизғаниб оилада келишмовчилик, зиддиятларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлаётган бувим, мана саксон ёшга кирибди ҳамки, ҳануз олтмиш яшар ўғлининг хонадонидаги ҳаловат ўғрилигидан тийилмайди. Бу орада аям ва бизга қийин бўляпти. Болалигимиз ота-онанминг уруш-жанжали ва дадамнинг калтаклари билан аянчли ўтган бўлса, энди турмуш қуриб, ўзимиз бола-чақа қилиб ҳам кўнглимизда хотиржамлик йўқ. Негаки ҳалигача дадам қуда-андалари, маҳалла-куй, келин-куёвлари олдида уялмай аямни ҳақорат қилади, хўрлайди, камситади, дўппослайди. Аям эллик саккиз ёшга кирган бўлсалар-да, етмиш-саксон ёшли кампирга ўхшайдилар. Турмушнинг нотекис йўллари аямни жуда эрта қаритиб, юзларига жуда эрта ажин туширди. Таниган-билганлар “аянг жуда қариди, аянг бувингдан ҳам кекса кўринади” дейишади. Биз оилада етти фарзандмиз. Аям масъулиятсиз, рўзғорга бош эгмайдиган эр зуғумидан ортиб беш болани уйли-жойли қилдилар. Узатиш арафасида турган икки синглим бор.Худо хоҳласа, уларнинг ҳам бахти очилиб кетар. Шукр, аямнинг шунча қийналганларига яраша қудалари яхши чиқди. Обрў-эътиборли хонадонлар билан аям қуда тутинганлар. Лекин дадамга ҳалиям инсоф битмаяпти. Болалигимни эсласам, аямни ҳали боши ёрилган, ҳали қовоғи кўкарган, ҳали қўли синган, хуллас албатта отамдан етказилган озор сабабидан дардманд қиёфаси кўз олдимга келади. Бу қандай кўргуликки, келин тушириб, қиз узатган киши олтмишни қоралаётган, касалманд ва “айб”и ёлғиз ўғилга турмушга чиққани бўлган аям шу ёшида ҳам эридан калтак еб юрибди.
- Бувингиз наҳот шу ёшда ҳам ўғилларига танбеҳ бермасалар? Қариси бор уйнинг париси бор, дейишадику...
- Эҳ, қайда дейсиз?! Аслида ҳамма жанжал, дилсиёҳлик, ғурбатнинг бошида шу бувим турадилар-ку! Ишонмассиз, болалигимизда ҳатто биз- невараларини ҳам дадамга ёмонлаб, калтаклатиб томоша қилиб ўтирардилар. Баъзан ёлғиз фарзанди бор она боласини ҳаммадан қизғониб, меҳри бўлинишини истамас эканми, деб ўйлаб қоламан.
- Ҳа, жуда мушкул савдо экан. Дадангиз онангизни келинларнинг олдида беҳурмат қилишлари яхши эмас-да. Барибир келин четдан келган, дадангиз онангизни хўрлаб, қадр-қимматини топтаса, келин ҳам менсимай қўяди-да...
- Бу бор гап-ку! Аям бечора эр ва қайнонанинг зуғумларини ичига ютавериб юраклари касал бўлиб қолган. Ойлаб касалхоналарда даволаниб юрадилар. Шу сафар аям касалхонада ётганларида келин кирларини ҳам ювмабди, ош-овқатларига ҳам тузук қарамабди. Бу ерда кимдан ўпкалай?! Албатта дадамдан-да! Ахир халқнинг “эринг севди- элинг севди” деган гапи бежизга эмас. Нимасини айтай, аямни ўйлаб юрак-бағрим ўртаниб кетади. Аямдан хабар олгани ота уйимизга меҳмонга борсак, дадам шундоқ ҳам касал ғажиб муштдай бўлиб қолган аямни жеркиб- силтаб гапирганини, одам ўрнида кўрмай ҳақоратлаганини кўриб юз ботмонлик тош бошимга осилгандай оғир бўлиб уйга қайтаман. Эркак масъулиятли бўлсин экан. Аёлнинг қисмати ҳар қандай ҳолатда ҳам эркакка боғлиқ. Ёмон аёллар кўпайган, улар жамиятни бузяпти, деган гаплар ҳам қайсидир маънода тўғри. Лекин аёл камдан кам, жуда кам ҳолатда тўқликка шўхлиқ илади. Мингтадан битта аёл тўқликка шўхлик қилиб ёмон йўлга кирмаса, деярли тўқсон тўққиз фоиз ҳолатда аёл муҳтожликдан, аламзадаликдан ёмон йўлга кириб кетади. Мен шундай деб ўйлайман. Баъзан аямнинг муштипаргина чеҳ раларига қараб “Аяжон, нега ўшанда ажрашиб кетавермагансиз. Ахир жонингизни кўчадан топиб олмагансиз, тош эмас, одамсиз-ку” деб йиғласам, аям “болам, мен қишлоқ фарзанди бўлсам, эрдан чиқиш, ажрашиш бизнинг тамоилда ор саналади. Фарзандларим-сизларни дедим, қолаверса, оила муқаддас. Майда-чуйда қийинчиликларга аччиқ қилиб турмушни бузиш айб бўларди” дейдилар. Майли бу гаплар ҳам ўз йўлида, лекин одам ўз қадрини ҳам билиши керакми, дейман. “Айб бўлади”, “уят бўлади”, “одамлар нима дейди” деб ўзини хўрлатиб қўйган билан биров аямга бир нима қилиб беряптими?!..
- Тўғри... лекин бурунгиларда обод, андиша деган нарсалар жуда кучли бўлганда. Онангиз ҳам бир кун яхши бўлиб қолар, деган умид билан сабр қилиб яшаганлар.
- Ҳа, шундай. Лекин афсуски, яхши бўлмади. Мутассил уруш-жанжал, калтакланишлару зулм-зуғумнинг охири онамнинг дардманд бўлиб қолишларига сабаб бўлди. Худога шукр, оилам тинч. Уч фарзандим бор, турмуш ўртоғим яхши инсон. Ўз оиламдан мамнунман. Аммо аямни ўйлаб хотиржамлигим йўқ. Дадам аямни хўрлаб, уриб-сўкиб рўшнолик кўрсатмаганлари биз қизларининг юрагида бир умрлик армонга айланган. Ҳеч қачон унутолмаймиз ва дадамни кечиролмаймиз. Илтимос, менинг айтганларимни газетага ёзиб чиқаринглар. Эркаклар онасининг гапига кириб хотини ва фарзандларини хўрламасин. Қақшатмасин. Ҳам онасига, ҳам аҳли аёлига бирдай муомала қилишнинг, меҳр-мурувват кўрсатишнинг иложи бор, албатта. Фақат эркак киши буни вақтида англаб етиши керак...
Рухшона ФАРРУХ суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар