1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фарзандингиз бахтсиз бўлишини хоҳлайсизми? У нима деса “хўп” денг!

 

 

 

Фарзанд инсоннинг иқбол чироғи. Умид юлдузи. “... Яшаса болам деб яшайди, ўзбек”. Дорбозлар эса даврага тушишдан олдин “...Гар фарзандинг бўлмаса не керакдур, молу дунё, бариси?!..” дея хитоб қилишади. Донишмандликда тенги йўқ халқимиздан ошириб айтолмайди ҳеч ким: “Бола азиз, одоби  ундан лазиз”.
Дарҳақиқат, фарзанд дунёнинг барча лаззатли неъматларидан-да, лазизроқ, латифроқ ва бебаҳо неъмат. “Кўзларимнинг оқу қароси” деймиз фарзандимизни эркалаб-суйиб. “Дунё ичра дунёим” деймиз чучук тилчалари билан илк марта боламиз “ойи” ёки “дада” деганида. Фарзанд дунёқарашни ўзгартириб юборади. Балки шунинг учун бўлса керак кўпчилигимиз фарзандли бўлгач, ҳаётнинг мазмун – моҳиятини англаймиз. Умуман олганда, фарзанд шундай неъматки, инсон, ота-она унга ҳеч қандай таъриф беролмайди. Боласи учун жонини беришга ҳам тайёр туради,  хаёлига бирор ёмонлик ораласа “Болам-чи?!” деган ўйдан сергакланиб хавотирга тушади. Ҳақли савол туғилади: боласини ўйлайдиган, боласини ҳаётидан афзал кўрадиган кишиларнинг ҳаммаси ҳам унинг тарбияси, одоби хусусида ҳам шундай қайғурармиканлар?.. Тарбия масаласи биз учун, ўтган асрнинг етакчи зиёлиларидан бири Авлоний таъбири билан айтилганда,  ё ҳаёт ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – фалокат масаласидир. Бироқ ҳамма ҳам юқорида келтирилган иқтибос залворини ҳис қила олармикан? Бола тарбияси деган нозик масалага ҳамма ҳам жиддий ёндошадими? Хусусан, бола тарбиясида нафс тушунчасига ким қандай қарайди? Болага истаган нарсасини муҳайё қилиш, унинг “оберинг-оберинг”ига индамай бўйсуниш қай маънода тўғри? Болага ҳамиша тўкин-сочин дастурхон ва тансиқ егуликларни ҳозир қилиш билан унинг кўзини тўқ қилиб ўстириш мумкинми?


Бугунги мулоҳазалар айни саволлар атрофида бўлади.
Инсон ўзига ҳам раво кўрмаган яхши нарсаларни боласига илинади. Дунёдаги ҳамма яхши нарсалар фарзандига бўлишини истайди. Аммо болага хоҳлаган нарсасини муҳайё қилиш, унинг хархашаларига индамай рози бўлиш оқибатида болани худбин, ҳою ҳавасларга ўч ва албатта кўзу кўнглини оч қилиб  қўймасмиканмиз?
Вилоят нашрларидан бирида ишлаб юрган кезларим ишдан бўш пайтимда бозор айланиш одатим бўларди. Бозор ичкарисига кираверишдаги бир манзарадан ҳар гал қаттиқ мутаъассир бўлардим. Кекса ёшлардаги уст-боши униққангина онахон қўлини очиб “Болагинам, садақа қилинг, жон болам, Худо йўлига хайр қилинг” деб йиғлаганча ўтган-кетгандан садақа сўрарди. Ҳар сафар ёши бир жойга бориб қолган онахоннинг илтижоли кўзёшларини кўриб ичимдан зил кетардим. Бир дафъа ҳамёнимдан пул олиб тиланчи кампирга бердиму, ўша атрофда савдо қилаётган аёллардан бирига:
—    Онахоннинг фарзандлари йўқмикан? Башарти шундай бўлган тақдирда ҳам давлатимиз кексаларга пенсия тайинлаб қўйибдику. Кўз ёшлари кишининг юрак- бағрини ўртаб юборади,- дедим.
—    Э, синглим, нимасини айтасиз! Болалари бор. Учта ўғиллари бор. Билишимча, ўғиллари онасининг пенсия пулиини қўлидан юлқиб олиб, тиланчиликка чиқишга мажбурлар экан. Болалари гиёҳванд, ичкиликка ружуъ қўйган экан.
—    Аслида ҳамма гап онахоннинг ўзларида,- деб гапга аралашди бошқа бир сотувчи аёл.- Болаларини ёшлигида ҳаддан ортиқ эркалатиб юборган эканлар. “Болаларимни дадаси иккимиз жонимиздан ҳа ортиқ кўрардик. Топганимизни уларнинг оғзига тутиб, ўғилларимнинг еганини дадаси иккимиз томоша қилиб завқланардик. Болалар истаган нарса бир зумда муҳайё бўларди. Шундай қилсак уларнинг кўзи тўқ бўлиб улғаярмикан, деб ўйлабмиз... Хато қилган эканмиз. Кейинчалик дадасининг ишлари орқага кетиб, болалар истаган нарсасига етишолмай қолган пайтларда уйда жанжал чиқадиган, сал эсини таниган ўғилларим эса уйдан нарса ўғирлаб чиқиб сотиб пулига ўзи хоҳлаган нарсани олиб ейдиган одат чиқарди. Ундан кейин эса қўни-қўшниникига ўғриликка тушиб қамалиб кетишди. Дадаси шу болаларнинг дардида куйиб ўтди. Мен ҳам тезроқ омонатимни топширсаму, бу азоблардан қутилиб қўя қолсам...” деб ҳасрат қилгандилар қайси куни...
Бу гапларга анча йиллар бўлди. Аммо ҳануз туғилиб ўсган шаҳримга борсам, ўша бозор расталарини кезиб ёшли кўзлари билан қўлларини садақага чўзган момо қиёфаси тасаввурим ойнасида гавдаланаверади...   

Кунда еган суқ, ойда еган тўқ
дейди кексалар. Ҳар нарсада бўлганидек, боланинг истакларини бажаришда ҳам, фарзандларни едириш-ичиришда ҳам меъёрни унутмаслик керак. Бола барибир болада. Биз унга муҳайё қилаётган неъматлар қадрини ёки у истаган нарсаларнинг қанчалик машаққатлар эвазига бунёдга келаётганини тушунмайди. Фарзандимизга шу оддий ҳақиқатларни тушунтириш эса бизнинг вазифамиз. Таассуфки, аксар ҳолларда бу ҳақиқатни болаларимизга тушунтириш нари турсин, ўзимиз ҳам англаб етавермаймиз. Тўғрироғи, бугунги кунда айрим ёш ота-оналар бола тарбиясида нафс тушунчасига деярли аҳамият бермаяптилар. Бир қараганда бу масалани муаммо даражасига кўтариш, пировардида юз бериши мумкин бўлган оқибатларни келтириш, ҳатто ҳолатга жиддий ёндашиш эриш туюлар. Аммо катта фожиалар майда иллатлардан келиб чиқиши кўпчиликка сир эмас. Қолаверса, фарзанд тарбиясига майда нарса сифатида қараш тўғримикан?
—    Яқин дугонамникига тез-тез бориб тураман,- дейди бир ҳамкасбим.- Ўзи маош билан тирикчилик қилади. Эри хорижда ишлайди. Умуман олганда турмуши жуда фаровон ҳам эмас. Аммо болаларига ҳар куни 10-12 минг сўмлар атрофида ширинликлар олиб едиради. Мен ҳам дугонамникига борганимда болаларига шоколадми, сақичми, хуллас бирор ширинлик олиб борардим. Бир гал дугонам уйига боришимни, негадир кайфияти йўқлигини айтиб мени чақирди. Ўша куни ёнимда йўлкирамдан бошқа ортиқча пулим бўлмагани учун, қуруқ бордим. Дугонамнинг етти яшар ўғли ва 3 яшар қизчаси эшик очилган заҳоти югуриб келиб қўлимга қарашди. Мен болачаларни ўпиб-суйиб, эркалагандим, индамайгина қовоғини ўйиб иккови ҳам ичкарига кириб кетишди. Илгарилари қўлларига ширинлик тутқазсам “Ассалому алайкум, холажон” деб бўйнимдан қучоқлаб, ўпиб, бири сумкамни, бири палтомни олишарди. Ҳайрон қолдим. Балки онасининг хомушлиги болаларга таъсир қилгандир, деб дугонам билан кўришдим. Бироздан кейин дугонам билан тоза ҳавода сайр қилиб, гаплашиш учун кўчага отландик. Болалари онасига “ох олиб келинг, ойижон. Канго олиб келинг” деб қайта-қайта уқтиришди. (Болалари ширинликни “ох” дейишади. Балки “ох” деб егуликнинг маззасига нисбат беришмоқчидир). Сайрдан кейин дўконга кирдик. Дугонам “болалар албатта ох олиб келинг, деганди” деб дўкондаги шоколад, сақич ва шунга ўхшаш ваҳоказолар нархини суриштиришга тушиб кетди. Тағин икки болага алоҳида-алоҳида елим халта тутиб олди ҳам.
—     Сен хато қилмаяпсанмикан?- дедим дугонамга.- Болага қўйиб берсанг, нималарни истамайди? Йўғинг бор, боринг бор, болаларингни сабрга ўргатмаяпсан. Ҳар доим ҳам улар истаган нарсани муҳайё қилиш яхшиликка олиб келмайди. Менинг куюнганимни нотўғри тушундими, ё болага меҳр беришни едириш-ичириш деб тушунадими, хуллас дугонамнинг кўзлари ёшланиб кетди:
—     Бунчалик бағритош бўлма!..- Индамадим. Нима ҳам дейман, мен ҳали турмуш кўрмаган, бола азизлигини тушунмасам, албатта унинг наздида. Ўзи билганини қилди. Уйга қайтдик. Эшик очилиб болалар кўринди. Онасига “яхши келдингизми, ойижон?” деб эмас кўзлари тўрт томонга аланглаб “Ох опкелдингизми? Қани менга ох?!” деган йиғи аралаш ўдағайлаш ва инжиқлик билан кутиб пешвоз чиқди болалар...   
Ҳамкасбимнинг ҳикояси ўзим тез-тез дуч келадиган ҳолатни эслатди менга. Бир танишимнинг кичкина болалари бор. Болалари оғзидан чиққан нарса кўз очиб юмгунчалик фурсатда муҳайё бўлади. Деярли ҳар куни қиммат шоколад, мева шарбати ва яна болаларнинг кўзини ўйнатадиган аллақандай егуликларни тановвул қилиб юрган болаларнинг кўзи шунчалик оч, нафси бузуқки, дастурхонга қўйилган нарсалар зум ўтмай кўздан ғойиб бўлади. Болаларнинг жуда кичкиналигидан исрофгар бўлиб ўсаётгани энг аянчли. Шакар идиш устига чой қуйишади. Бир-икки аралаштиришадию... Ўйинга чалғиб кетаверишади. Ҳалиги ширинчойни эса ҳеч ким ичмайди ва увол бўлиб, идиш ювиладиган жойга тўкилади... Бу ҳақида бир дугонам билан куйиниб гаплашгандим, у болалигида бўлган воқеани гапириб берди:
—    Ўзига тўқ хонадонда туғилиб ўсганман. Рўзғоримизга килолаб бозорлик қилинганини эслолмайман. Шакар, гуруч, ун, макарон кабилар қоплаб олинарди. Ширинликлар, бошқа егуликлар катта-катта қутилари билан харид қилинарди. Чамаси тўрт ёшмидим, беш ёшмидим, хуллас шакар солиб ширинчой қилдим. Жуда ширин бўлиб кетган эканми, чойимни охиригача ичолмадим ва пиёлада ярми қолиб кетди. Ўшанда дадам важоҳат билан қўлларига пиёлани олиб ука-сингилларимдан “бу кимнинг иши” деб сўрадилар. Улар чўчиб менга қараганди дадам қаҳр билан ширин чойли пиёлани деворга отиб юбордилар ва менга қараб “Шакар, сув, чой деган нарсалар жуда қийинчилик билан келади. Бунинг учун мен меҳнат қиламан. Агар яна бир марта пиёланинг тагида шакар  қолдирсаларингиз, бошқа ҳеч қачон уйга шакар олиб келмайман!”, дедилар. Шу –шу пиёла тагига шакар чой, овқат есам “ёмондан ярим қошиқ” қилиб тагида қолдирмасликка қатъий одатланганман. Ичаётган чойини, еётган овқатини тагида қолдирадиганларни ҳам жуда ёмон кўришимга дадамнинг ўша ишлари сабаб бўлса керак. Биз ҳам осмондан тушмагандик. Биз ҳам ота-онамизга ФАРЗАНД эдик! Аммо ота-онамиз “Бола азиз, одоби ундан азиз”
—    деган нақлга амал қилиб ўстирганлар... 
Ҳамма нарсада бўлганидек, исрофгарчиликдан тийилиш ва тежамкорликка ҳам болани жуда кичкиналигидан бошлаб ўргатган яхши. Бугун икки юз- уч юз грамм шакарга чой қуйиб ярмини ичиб-ичмай тўкиб ташлаётган бола, улғайиб бундан ҳам оғир исрофгарчиликларга йўл қўймайди, деб кафолат бериб бўлмайди.  
—    Биз уйда болаларга сўрамасдан ҳеч нарсага қўл урмасликни ўргатганмиз,- дейди ҳамкасбим Аброр Машарипов. - Хоҳ уйда бўлсин, хоҳ меҳмондорчиликда бўлсин, бирор нарса емоқчи бўлса, олдин албатта сўрайди.
—    Оиламизда ҳамма вақт меъёр устувор бўлган, - дейди сурхондарёлик Нилуфар Рустамова.- Ота-онамнинг пуллари шундоқ кўзимиз олдида, телевизор турадиган кичик жавон ичида турарди. Онам ўша пулдан ҳеч қачон бирор сўми йўқолганини билмайман, дейдилар.  Бола бўлиб бирортамиз “уни емайман, буни ейман”, “менга фалон оберинг, писмадон оберинг”  деб ота-онамизга хархаша қилган бола эмасмиз. Албатта буни бизни билган катталар айтишади...

Таъмагирлар қаердан чиқади?
Фарзандларингизга шундай тарбия берингки, улар ўз-ўзини назорат килиш, ҳис-туйғу, нохолислик ва номақбул майлларга йўл бермасликка одатлансинлар. Ана шунда сиз уларни келажакдаги уқубатлар ва жамиятни бўлгуси жиноятлардан халос этган бўласиз,- деган эди Бенжамин Франклин.
 Болаларни гапимизга киритиш, уларни ўзимизга бўйсундириш учун бир нималар ваъда қилаверамиз, оқибатда улар таъмагир бўлади-қолади. "Текин"га ҳеч нарса қилгиси келмай қолади. Одам ёмон бўлиб туғилмайди, деган гапни кўп такрорлаймизу ёмон одамларни жамиятга ўзимиз “тайёрлаб” беришимизни ҳар доим ҳам тафаккур қилавермаймиз. Синглисини ўйнатиш эвазига шоколад еган, боғча опаси ёдлатган шеърни айтиб пул олган, ўз вақтида ухлагани учун сақич чайнаган бола катта бўлгач, шифокор бўлса беморларнинг қўл ҳақига термулиб қолади, амалдор бўлса, порахўрликни касб қилади. Жуда юзи қаттиқроқлари эса, жиноятчи, ўғри, мутаҳҳам бўлиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас, Худо асрасин.  
— Ҳали унчалик ақлини таниб улгурмаган,  етти ёшгача бўлган болалар тарбиясида  аксар ота-оналар нафс тушунчасига эътибор бермайдилар, - дейди фарғоналик муштарийимиз Икромжон Дадабоев. - Ёш боланинг нафсини аввало ота- онанинг меҳри билан қондириш ва уни шундай тарбиялаш керакки, болада ортиқча меҳрга ва нафсга жой қолмасин. Қолаверса, аввало оилада ота -онанинг нафси тўқ бўлсин. Чунки ўзи нафс нималигини тушуниб етган ва нафсига жиловдор бўла олган одамгина боласига тўғри тарбия бера олади. Боласига истаган нарсасини олиб бериб унга ўзини шоҳдек ҳис қилишига йўл қўйган ота-она катта хатога йўл қўйган бўлади. Бундай шароитда тарбияланган боладан келажакда яхши инсон чиқишига ишониш қийин. Бу вазиятда бола ота-онам менга истаганимни муҳайё қилишяптими, демак, доим шунақа бўлиб қолади,  деб ўйлайди ва келажак, касб - ҳунар, ота - она, оила ҳақида ўйламайди. Одам нима учун фарзандим дейди, нега бола кўрсам, деб ҳалак бўлади?  Ўзига ҳукмдор қилганими ё солиҳ фарзанд, комил инсон килиб тарбиялаб, ортидан раҳмату ҳамдлар эшитиш, унинг камолидан фахр туйиш учунми? Тўкин дастурхон, тансиқ таом бериб боланинг нафсини оч қиламиз холос. Бола шундай шароит ва ҳолатга ўрганса  ўша хархашалар мутаассил давом этади. Болага аввало оилавий шароитни, исроф нималигини ва эҳтиёж учун зарур нарсалар меҳнат эвазига келаётганини тушунтириб ўстириш керак. Шунда нафақат кўзи балки нафси ҳам тўқ бўлиб улғаяди фарзандлариимизнинг. Алқисса, экканимизни ўрамиз...

Аллада азизу тўрвада майиз болажоним...
Шахс ҳаётида оила жуда катта аҳамият касб этади. Инсон асосий тарбияни оиласида кўради. Бу ҳеч истисносиз ҳақиқат. Бироқ фарзанд ўстираётган ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам бола тарбиялашга тайёрми?
—    Кўп ҳолларда айрим ёш оилалар фарзанд тарбиясига тайёр бўлмайдилар-, дейди жиззахлик ҳамкасбимиз Дилмурод Абдураҳимов. Бола ёшлигида қандай овқат ва егуликларни истеъмол қилиши керак?  Болага қандай нарсаларни кўрсатиш  ёки гапириш мумкин ё аксинча?  Бола қайси давраларда ўтириши керак ёки қандай давралар унга бошқача таъсир ўтказади, каби саволларга ўзини бола тарбиялаяпман деб биладиган ҳамма ота-оналар ҳам тўғри жавоб бера олмайдилар.
Ёшлар бу нарсаларни мулоҳаза қилмайдилар ва бола ўзига тўқ, бобо ёки бувининг "аллада азизи, тўрвада майизи" бўлиб ўсади. Бу  ҳам тарбия бузилишига сабаб бўлади. Жумладан, "оберинг-оберинг"ни боши ортиқча эркалатишда! Ҳатто болага эркалаб, бола тилида чучук гапириш ҳам, вақти келиб фарзанднинг ота-онани ўз йўриғига юритишга хоҳиши пайдо бўлишига олиб келади. Болага, унинг организми учун керакли витаминларга бой овқатни ейиш кераклигини у ҳали кичкиналигиданоқ қўлига шоколад бермасдан, ҳўл мева (олма, анор ва ҳоказо) бериб ўргатиш керакмикан, деб ўйлайман. Қолаверса, меҳмонлар олдида хотирасини намойиш қилиб шеър айтган болага  чўнтагидан пул чиқариб эмас, дастурхондан бир дона майиз олиб узатган меҳмон – оиланинг ҳақиқий дўстидир!..

Болангизга “хўп” десангиз...
Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар,- дейди яна бир муштарийимиз Анвар Асқаров. - Бола ота-онасига тақлид қилади, улардан ўрнак олади, гўдакнинг фитратида ота-онанинг яхши ёмони унаверади. Ота - онанинг болага берадиганлари ичида энг қиматлива зарури — одобдир.
Болани яхши ахлоқ, гўзал хулқ, мулойим феъл билан зийнатлаш оиладаги тарбияга боғлиқ. Бола тарбиясида нафс тушунчасига келсак,  нафсни фақат салбий тушунмаслик керак. Менимча, ривожланишнинг асосий сабабларидан бири ҳам нафс, тўғрироғи шахсий манфаат устуворлиги натижаси деб ўйлайман. Нафсни қондириш, манфаатини деб инсон яшашга ҳаракат қилади, изланади, янгиликлар яратади. Фақат ўша нафс учун қилинган амаллар инсоннинг ўзи учунгина эмас, бошқаларга ҳам фойдаси тегиши керак. Ота-она эса фарзандини ана шу руҳда тарбиялай олиши лозим...
 “Сизга фарзандингизни толесиз қилиш йўлини ўргатайми? У нима деса “хўп” деяверинг!” деган Ж.Ж. Руссо. Дарҳақиқат, болага ҳукмдорга итоат этгандек муносабатда бўлиш билан ҳам уни ва ҳам ўзини  бахтсизлик гирдобига ирғитади ҳаддан ортиқ “меҳрибон” ота-она. Умуман олганда, ҳамма гап меъёрда! Меъёр унутилган жойда таназзул юзага келиши муқаррар. Нима дедингиз?

Умида АЗИЗ