1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркак раҳбар ташкилотда аёл ходимга қийин...ми?

Аксарият ташкилот ва муассасаларни эркак раҳбарлар бошқаришади. Аёллар кўнгилчан, мулойим табиат бўлганликлари, қолаверса, кўп ҳолларда улар ҳаётда ишни иккинчи даражага қўйганлари учунми, хотин-қизларга нисбатан эркак раҳбар бўлган жойда иш унуми кўпроқ кўзга ташланади. Эркаклар талабчан ва  ишбилармон бўлишади.  Улар учун иш бу - иш. Кўпчилик раҳбар эркаклар ишга шахсий муаммоларни аралаштирмайдилар ва ходимлар орасида шундайлари бўлса, бу уларга ёқмайди.

Лекин, муҳтарам раҳбар эркаклар қўл остиларида ишлайдиган аёл ходимларини ҳамиша ҳам қўллаб- қуватлай оладиларми? Аёл ишчиларининг руҳиятини тушунадиларми?
Афсуски, бу саволларга ҳар доим ҳам ижобий жавоб беролмаймиз.
Қайси куни тушлик боиси билан кўчага чиққандим. Бекатда ғамга ботиб, рўмолчаси билан кўз ёшларини артаётган аёлга кўзим тушди. “Тинчликмикан? Аёл киши кўчада йиғлаяпти. Балки бирор ёрдам керакдир” деган хаёлда унга яқинлашдим.
-    Кечирасиз, тинчликми? Мендан бирор ёрдам керак бўлса, ҳеч тортинмай айтаверинг?- Аёл бошини кўтариб ёшли кўзлари билан қаради.
-    Тинчлик... Раҳмат... Тўғриси, жуда тўлиб кетганим учун ўзимни тўхтатолмадим... Кеча болам иситмалаб бир кун ишга келолмадим. Раҳбаримиз кўпчиликнинг олдида менга танбеҳ бериб, изза қилди. Ишларимни кечаси уйга олиб бориб қилиб келаман, дедим, қани энди кўна қолса! Тағин “бир кунлик иш ҳақини кесиб ташлаймиз” деган иддаоси ортиқча...
Аёлнинг кўнгли кўтариб, яхши гаплардан гапирдим. Иш бор жойда келишмовчилик, гап-сўз бўлишини, бироз сабрли бўлиб, енгиш кераклигини айтгандим, чеҳраси очилиб ишхонаси томон одимлади.
Бу ҳол эркак раҳбар қўл остида ишлайдиган кўпчилик аёлларга таниш. Шундай вазиятлар, ҳолатлар бўладики, ишхонадаги муаммолар, бошдан ошиб-тошиб ётган иш, қаттиққўл раҳбарнинг ғазабли қиёфаси ҳам кўзингга кўринмайди. Инсон инсон-да. У мудом ҳаракат ва фаолиятда бўлган робот эмас. ОДАМ  у. Биологоик ва физиологик омиллар нуқтаи назаридан қараганда, унда табиий ва нотабиий ҳолатлар юз бериши муқаррар. Умуман айтганда, киши ҳар доим жамоадаги “темир қонун”ларга риоя қилиш имконига эга бўлолмайди. Айниқса, аёл ходимлар. Айрим аёллар бор, биргина рўзғор ишлари – уй тозалаш, ошхона юмушлари, кир ювиш каби уй бекаларига хос ишларни тузукроқ эплаёлмайдилар.  Ишлайдиган аёллар эса муайян касбда фаолият  кўрсатиш билан бирга, уй-рўзғор ишларини ҳам қойиллатиб бажарадилар. Аслида бирор касб билан шуғулланиш билан бирга, оиласини ҳам эплаётган аёлларга қойил қолиш керак. Чиндан ҳам, аёл зоти ҳам руҳан, ҳам жисмонан кучли. Гоҳида аёл матонати олдида эркакнинг шижоати заифлик қилиб қолади. Аммо ҳамма нарсада бўлгани каби, аёлнинг кучи, шахди ва матонатидан фойдаланишда ҳам меъёр бўлгани маъқул. Аёл ҳарқанча кучли, бақувват бўлмасин, у ҳам толиқади. Унда ҳам ўзига яраша муаммолар, қийинчиликлар бўлади. Тўғри, эркак оиланинг устуни. Бироқ оиланинг эгаси – аёл. Уйидаги муаммога аёл бефарқ қарай олмайди. Айниқса у оилали, фарзандли бўлса.
-    Раҳбаримиз жуда қаттиққўл, талабчан, -дейди қардош нашрларнинг бирида ишлайдиган ҳамкасбим.- Шунга қарамай ҳар куни эрталаб биз — аёл ходимларни алоҳида – алоҳида чақириб, соғлигимиз, руҳий ҳолатимиз, уйимиздаги шароит билан қизиқадилар. Ҳеч биримизнинг муаммоларимизни эътибордан четда қолдирмайдилар. “Боши муаммолари билан банд бўлган, кўнгли хотиржам бўлмаган ходимнинг ишида унум бўлмайди” дейдилар раҳбаримиз. Шунинг учунми, ҳам ишимизда барака бор, ҳам жамоамизда аҳиллик. Ҳамма бир-бирини қўллайди, ёрдам беради.
Дарҳақиқат, хаёлида рўзғор муаммолари, фарзандининг ташвиши изғиётган ходимнинг ишида унум ва барака қайда бўлсин? Иш-иш, унга муаммоларни аралаштириб бўлмайди, деган баландпарвоз гапларни гапирадиганлар аслида ўзлари бажараётган ишнинг масъулиятини ҳис қилишмайди. Инсон юқорида таъкидланганидек, одам. У темир ускуна, техника ё робот эмас. Ҳатто вақти келса ўша темир ускуна ва ёки техника ҳам чарчайди, тўхтаб қолади.
-    Мен ишлайдиган жамоада раҳбаримиз эркак киши. Ҳатто тош ҳам одамни тушунади, раҳм қилади, лекин бошлиғимизнинг умуман раҳм-шафқати ҳам, бировни тушуниш қобилияти ҳам йўқ,- дейди самарқандлик муштарийимиз.- Менимча, у ишчи-ходимларни мурват билан бошқариладиган техника деб ҳисобласа керак. Аёл кишининг ўзига яраша муаммолари бўлишини, баъзан бегона эркакка айтилмайдиган, айтишга юзинг чидамайдиган ҳолатлар бўлишини тушунмайдиган бефаросат раҳбаримиз, бироз тобим бўлмай ишга кечроқ боргандим кўзларини чақчайтириб “Менга касаллик варақаси олиб келасиз” дейди. Бу қандай “принцип” бўлди энди?! Раҳбар деганларида ташкилотчилик, бошқарувчилик қобилиятидан ташқари озгина фаросат ҳам бўлса, зиён қилмайди, деб ўйлайман...
Аёллар ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат қилиниши керак. Ишчининг меҳнати, айниқса аёл ходимнинг меҳнати қадрланиши шарт. Қандайдир сабаб билан бир-икки соатга кечиккани ё бетоб бўлгани, ёинки фарзанди билан боғлиқ муаммоларга йўлиққани учун аёл ходимга қаттиқ танбеҳ бериш, кайфиятини тушириш маъқул эмас, бизнингча. Аксинча, қийин пайтида уни қувватлаб, тушуниб ёрдам берилса, ишида унум бўлади, оғир ҳолатдан чиқиб кетиши осон бўлади.
-    Бўлим бошлиғимиз эркак киши, арзимаган нарсаларда менга танбеҳ бериб, ҳатто шахсиятимга тегишгача боради,- дейди Орзугул исмли қиз.- Бир мажлисда жамоа олдида тап тортмай “сизни феълингиз оғирлашиб қолибди, ишқилиб юмшоқроқ куёв учрасин-да” деб калака қилгандай гап қилди. Унга қўл остида ишлайдиган ходимининг шахсиятига тегиш, кўпчилик олдида шахсий ҳаётига муносабат билдириш ҳуқуқини ким берган? Ўша бошлиқ жанобларининг мутахассислиги умуман коллежда ишлашига, ўқитувчилик қилишга тўғри келмайди. Маънавий дунёси-ку ғарибдан ғариб, қашшоқдан баттар қашшоқ. Юртимизда таълим-тарбия соҳасига жиддий эътибор қаратилган бир пайтда, бизнинг бўлим бошлиғимизга ўхшаган “гуручдаги курмак”лар пана-паналарда,  тўғрироғи, раҳбар қариндошларининг соясига биқиниб олиб ишлайдиган ходимларнинг асабини бузишдан бошқасига ярамайди...
Ҳа, таассуфки, орамизда синглимиз айтган одамга ўхшаган “чаламулла” бошлиқлар оз эмас. На ўзи ишлайди, на бошқаларни ишлагани қўяди. Шундайлардан бир пайтлари ўзим ҳам азият чекканман. Мактабда ишлаб юрган пайтларим ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари билан ҳеч келишолмасдим. Унинг ўқитувчига хос бўлмаган қилғиликларини қабул қилолмай овора эдим. Ўқитувчи, мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарини ҳушёр кўриш фавқулодда ҳолат эди. Иш пайтида, мактабда спиртли ичимликлар ичиб, ўзини билмас ҳолда маст юрарди. Камига, синф раҳбарларига “солиқ” солиб, ўқувчилардан пул йиғиб беришни бўйнига юклаб қўйиши ортиқча. “Йиғди-йиғдиларни асосини кўрсатинг, бесабаб бировнинг боласидан пул сўролмайман” деганим учун мени кўрарга кўзи йўқ эди. Тўрт йил мактабнинг ичкиликбоз директор ўринбосари билан тортишиб-талашиб, ниҳоят тегишли  идораларга ноқонуний қилмишларини фош қилиб, ўқитувчилик фаолиятимнинг сўнгги йилини хотиржам ўтказгандим...
Аёл -  силаи раҳамга муҳтож, қадр ва эҳтиромга  муносиб хилқат. Унинг саломатлиги, хотиржамлиги ва эъзоздалиги жамиятнинг ютуғи. Аёлни тушунган, аёлни қадрлаган инсонни Худо эъзозлайди. Шоира опамиз Ҳалима Худойбердиева айтганидек:
  Эл қолмайдир, фақат бойлик, эрлар билан,
Одам топиб кўр-чи на сим, на зар билан.
Гумоним йўқ, қай эл қолса яшаб қолар,
Аёлини элим деган эрлар билан!..
Аёлга келажак, миллат, ЭЛ деб қараган юртнинг толеи порлайди, бешак. Нима дедингиз, жаноб эркаклар?  

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 23 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ