1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Силаи раҳм

Қариндош-уруғ билан чиройли муомалада бўлиш “силаи раҳм”, дейилади.
Силаи раҳм Аллоҳ таолога маҳбуб амал бўлиб, бунинг учун Роббимиз томонидан кўплаб савоблар ваъда қилинган. Қуръони каримнинг бир неча ўринларида силаи раҳмга амр қилиниб, бунинг фазилатли иш экани баён қилинган. Жумладан, ояти каримада шундай дейилади:
“Ота-оналарга эса яхшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамро-ҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!”. (Нисо, 36-оят)

Давоми...

Қайнона-келин ўртасида нега низо чиқади?

Янги тушган келинларнинг кўпи машаққатларни осонлик билан енгиб, келинлик вазифасини кўнгилдагидай эплаб кетадилар, қайнонларини рўзғор ташвишларидан халос этадилар, уларнинг меҳрини қозонадилар. Қайноналар ҳам бундай келинни “қизим” деб бағрига оладилар, билмаганини ўргатадилар, қийналганида ёрдам берадилар, йўл-йўриқ кўрсатадилар, уй-рўзғор ишларида, бола тарбиясида уларга яқин кўмакдошга айланадилар.

Давоми...

“Мени асранг, онажон!”

Бувим раҳматли “қиз боланинг тарбияси, иши жуда оғир. Қизи бор она адашишга ҳақли эмас. Қизли хонадон соҳиблари ҳамиша сергак туриши, қизларга меҳрибон бўлиши шарт. Ёш қизчаларнинг тарбиясида кўзга ташланадиган қусурларнинг асосий сабаби ота-онанинг қизига эътибор бермаслигидандир” дердилар. Чиндан ҳам енгил ҳаётни афзал билган, таралла-бедодга шайдо қизларнинг ота-онаси ҳақида сўраб билсангиз, моддият домига илиниб  фарзандини ўз ҳолига ташлаб қўйганлар ёки боласининг юриш-туришини назорат қилишни унга тазйиқ ўтказиш, деб биладиган, гўёки боласининг эркига дахл қилишни истамайдиган валинеъматлар бўлиб чиқишади. Бундай “эркинлик” оқибатида  этагига бир умрлик қора доғ ёпишиб қолаётган, ҳали ҳаётга кириб улгурмай ҳаёти зиёсини йўқотган қизлар тобора кўпайиб боряпти. Бугунги мулоҳазалар ана шу оғриқли ўйлар атрофида.  
Хориждаги ва юртимизнинг турли шаҳарларидаги ҳамкасбларим билан боғланиш учун «майл.ру агент» ижтимоий тармоғидан фойдаланаётгандим, нотаниш электрон манзилдан сўров келди. Хабарни очсам, «Илтимос, мени алоқалар рўйхатига қўшиб қўйишингизни сўрайман. Сизга бошимдан ўтган воқеаларни айтиб, маслаҳат сўрамоқчи эдим», деган ёзув турибди. Қизиқиш устун келиб, нотаниш қизни алоқалар рўйхатига қўшиб қўйдим. Зум ўтмай қиздан Жасмина имзоси остида хабар кела бошлади.
—    Олти ой аввал агент орғали бир йигит билан танишдим. Биз дўстлашиб олдик. У бизгат қўшни вилоятларнинг биридан экан. Мен вилоятимиздаги университетда ўқийман, деб ўзимни тўлиқ таништирдим. У ҳам ўзларига қўшни вилоят университетининг ҳуқуқшунослик факултетида ўқишини айтди. Бирор ойча дўстона гаплашиб юрдик. Кейин у мени ёқтириб қолганини, рози бўлсам уйимга совчи қўйиб, менга уйланиш ниятида эканини айтди.
—    Йўғе? Кўрмай- билмай туриб-а? Қизиқ...
—     Биз бир-биримизга суратларимизни юбордик. Шундан кейин худди севишганлардек интернет орқали, телефон орқали деярли ҳар куни, ҳар соатда узоқ гаплашадиган бўлдик.
—    Оббо...
—     Баҳорнинг илиқ кунларининг бирида у менга шаҳримизга келишини, мен билан учрашишини айтди. Бу гапидан шунақанги хурсанд бўлдим-ки, стипендиямдан йиғиб қўйган пулимга чиройли кийим-бош қилдим, етмаганига ўқишимга пул керак бўлиб қоляпти, деб отамдан олдим. У келадиган куни чиройли бўлиб чиқиш учун онам яхши ниятлар билан сепимга олиб қўйган тиллаларимни тақдим. Ўзимда ҳам кундалик тақишга икки-учта узук, қулоғимда зирак бор эди. Хуллас, учрашувга ҳамма тақинчоқларимни тақиб чиқдим. У келди. Менинг шаҳримга меҳмон бўлиб келди, деб қиммат ресторанга олиб кирдим. Меҳмондорчилик дастурхонини ўзимнинг ёнимдан тўладим. Дастурхон атрофида гаплашиб ўтирганимизда, у: «Нега бунча тиллага бурканиб юрасан? Қиз болага бунча кўп тилла тақиш ярашмайди. Устма-уст узук, тилла занжирларни тақиб олганингни қара, худди тиллафуруш хотинларга ўхшайсан. Мен сенинг ёнингда юришга хижолат тортяпман, қиз бола дегани сипороқ юрмайдими? Қани, дарҳол бу тақинчоқларингни ечиб олиб сумкангга солиб қўй-чи», деб танбеҳ берди. Мен чиройли кўриниш учун таққан тақинчоғларим билан унинг энсасини қотирганимдан уялиб, дарҳол айтганини қилдим. Биз ресторандан чиқиб шаҳар айландик. Унга шаҳримизни дунёга машҳур қилган тарихий обидаларини, зиёратгоҳ жойларни кўрсатдим, кечга томон хилватроқ қаҳвахонада ўтириб енгилроқ таммадди қилдик. Кейин уни кузатиб қўйдим. Уйга келиб тиллаларимни сандиқчасига солиб қўйиш учун сумкамни очиб қарасам… биттаси ҳам кўринмайди! Дод солиб йиғлаганча сумкамни қоқиб, ҳамма жойларини қайта-қайта титкилаб кўрдим. Айланиб юрганимизда, бир-икки марта сумкамни унга тутқазиб, бет-қўлимни ювгани чиққандим. Ўшанда бор-будимни шилган экан, бечора «ошиқ». Энди нима қилишга ҳайронман.
—    Ана холос! Нима қилардингиз, шунча нарсага куйиб ўтираверасизда! Дуч келган одамга ҳам ишониб кетаверадими қиз бола нарса?
—    Унинг телефони ҳам ишламаяпти, ҳалиги мен билан гаплашган интернет манзили ҳам «блакировка»да турибди. Журналист опа, менга бирор маслаҳат беринг. У исмини Музаффар деган эди. Бир танишим орқали у айтган ўқишдан Музаффар деганларни излаб кўрдик, лекин бирортаси мен билан интернет орқали танишиб, «севишган» Музаффарга ўхшамаяпти…
Қизнинг дийдиёларини эшитишга тоқат қилмай, агентдан чиқиб кетдим. Кейин ўзимча кенгашиб, бу ҳолатда ким ёки нима, қандай вазият айбдорлигини таҳлил қилиб кўрдим. Бу ҳолатда фақат қизнинг ўзи эмас, унинг онаси ҳам айбдор, фикримизча. Она дегани наҳотки, қизининг юриш-туришига, соатлаб  ким билан телефонда гаплашётганига, қизи билан нималар бўлаётганига шунчалик эътиборсиз бўлса?! Она ўзининг муаммолари, дугонасининг “Гап”ига қандай кийим  кийиб бориши, қўшни аёл олган тақинчоқдан эрига олдиришни режаси ва ҳоказолар билан банд. Қиз эса интернетда танишган, ҳали ўзи бирор марта кўрмаган одамига ишониб, сумкасини тутқазиб қўйган, ҳай-ҳайламаса, аллақандай бетайинни севиб қолдим, деб этагидан тутиб кетишга тайёр бўлган.  Бу қизга нима деб маслаҳат беришни билмадим, тўғриси.
Ёшликда қўйилган қадам инсоннинг кексалик чоғи учун пойдевор бўлади. Шунингдек ёшликда ташланган қалтис қадам инсоннинг умрбод азият чекишига ҳам сабаб бўлади. Айниқса,  қиз боланинг этагига ёпишган қора доғ уни бир умр таъқиб қилаверади. Таассуфки, замонамизга келиб айрим оналар бу ҳақиқатга парво қилмай қўйишди.
—    Баъзи оналарнинг ёш қизчасига эътиборсизлиги, қизини ўз ҳолига ташлаб қўйганини кўриб, ҳайрон қоламан,- дейди самарқандлик  ўқитувчи Умида Тоғаева. – Мен йигирма бешдан ошдим, коллежда ўқитувчилик қиламан. Оқ-қорани, аччиқ-чучукни, яхши – ёмонни фарқлай оламан. Албатта бу ўзимнинг фикрим. Лекин болалигимда ҳам, ўсмирлигимда мени назоратсиз қолдирмаган онам, шу ёшга етган бўлсам-да, ҳануз ўша назоратларини сусайтирмаганлар. Бирор жойга  чиқсалар, эшикдан кирганлари заҳоти  мени чақирадилар. Кўринмай қолсам укам ё синглимдан, “Опанг қани?” деб хавотирли овозда сўрайдилар. Баъзан онамнинг бу ҳаракатлари менга малол келиб “онажон, нима менга ишонмайсизми? Ҳар бир ишимнинг ҳисобини беришим шартми? Мен изнингиздан ташқари қадам қўймайманку” десам, “Гап ишонч ҳақида эмас, қизим, сени эсон –омон эганга топширволгунимча назоратимда бўлишинг шарт. Қиз болани, аёл кишини назоратсиз қолдириб бўлмайди. Бундан хафа бўлма” дейдилар. Ўйласам, онам ҳақ! Ҳар қадамим назоратда бўлгани учун ҳам қиз бола эканлигим ва яқинларим шаъни менинг иззатим экани ҳамиша ёдимда туради...
Фарзанд тарбиясида онанинг масъулияти отадан кўра бир неча баравар залворли ўрин эгалайди. Бола аксар ҳолларда онага боғлиқ бўлади ва у ўзи учун ҳаётда асқотадиган одоб-ахлоқ, инсоний фазилатларни онасидан ўрганади.
—    Оналарнинг ўзи  аслида тарбияга, назоратга муҳтож-ку,- дейди биз билан суҳбатда Юнусобод тумани  Аҳмад Дониш маҳалла фаоли Икромжон ака Исроилов.- Баъзида ўзим режалаштирган ишларимга аранг улгураман. Уйдан соат эрталабки саккизда чиқиб кетганимда ҳам, кечки пайт неччида қайтсам ҳам “дом” олдидаги ўриндиқда беш-олти чоғ аёллар гуруҳ-гуруҳ бўлиб гап сотишаётган бўлади. Ҳайрон қоламан, бу аёллар бунча гап- сўзни қаерда олишар экан, гапи тугамасмикан... Одам боласи сал-пал ўзини йиғиштириб, атрофига қараса бўлмасмикан? Шундай оналарнинг тарбиясини (агар кўча хотинларига ўхшаб оғзини шалоқ қўйиб шанғиллашу қарғашни тарбия деса) олган қиздан келгусида қандай аёл чиқишини тасаввур қилаверинг! Ундайлар қизининг кўнглида нима гап, уни нима қийнаяпти, ўйлантиряпти, у билан нима воқеалар рўй беряпти, хаёлига ҳам келтирмайди. Фикру ёди бўлар-бўлмас нарсалар билан банд. Хулласи калом, аввало оналарнинг ўзини тарбиялаш керак. Қизи хато қилдими,  унинг адашишига албата онаси АЙБДОР бўлади...   
Пайғамбар (сав)дан шундай ҳадис ривоят қилинади: “Фарзандларингизга бирдай меҳрли бўлинг. Агар улардан бирини устун кўриш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ меҳр беринг”.  Оғзи бепарда, кўзларидан ҳаё қочган, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини севги-муҳаббат тўғрироғи  йигитлар билан кўча- куйда етаклашиб, ошиқ-маъшуқ бўлиб юришда деб биладиган қизларнинг кун келиб афсусланишига, изтироб чекишига сабабчи бўлаётган оналар, кўзларини очиб атрофга теранроқ назар ташласалар бўларми эди. Ахир, бу дунёда “гап”дан, тўй-ҳашаму тоғорадан, тақинчоқлару   қимматбаҳо кийимдан,  қолаверса,  сиздан кўра бадавлатроқ, омадлироқ дугонангиз ё қўшнингизнинг ҳасад тўла ғийбатларидан ҳам кўра муҳимроқ нарсалар бор. Улар қизингизнинг обрўси, шаъни, саломатлиги ва албатта бахти.
Энг яхши она маънавияти бой онадир. Албатта ён-атрофимизда юксак намунали, маънавий дунёси  бой аёлларимиз кўп. Улар сафи оқила, фаросатли, иймонли қизлар билан кўпаяверса, шояд келажагимизда хақиқий ўзбек аёли қайта гавдаланади. Шундай эмасми?...

Умида Азиз

Узилаётган ришталар хўрсиниғи

- Қўшниларимизнинг ўзаро муносабатларидан оғринганимда машҳур «Маҳаллада дув-дув гап» кинофильмини эслайман - дейди бир ҳамкасбимиз. -  Болалигимда шу кинони томоша қила туриб, бизнинг ҳам кино қаҳрамонларига ўхшаган қўшниларимиз, пахса деворли уйимиз, тол тагида сўримиз бўлишини орзу қилардим. Ўйлаб кўрсам, болалигимдаги қўшнилар ҳам, қўшничилик одоби, ҳақи ҳам улғайганим сари, пошшо давримнинг беғуборлигига қўшилиб, олисларга учирма бўлган экан...
Ҳамкасбимизнинг  мулоҳазалари мени ҳам ўйга толдирди. Дарҳақиқат, болалик пайтларимизда қўшниларга нисбатан оқибатли бўлиш, топганини ўртада баҳам кўриш ҳеч кимга бегона бўлмаган туйғу эди. Уйимизда тансиқ овқат қилинса, икки эшикка чиқарардик. Қўшниларимиз  ҳам идишимизни қуруқ қайтаришмасди. Тўғри, ҳурмат-эҳтиром бир коса овқат, тўртта нон билан ўрнига тушиб қолмайди, лекин ана шу арзимас эътибор ўртадаги меҳр-оқибатни кучайтирарди. Зеро, Пайғамбар (с.а.в.) ҳам, «Бир-бирингизга ҳадялар беринг, ҳадя муҳаббатни оширади» деб марҳамат қилганлар.
Қўшниларга яхшилик қилиш, жуда қўлидан яхшилик келолмаган тақдирда ёмонлик ҳам қилмаслик, жамиятда инсонлар орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.  Айни пайтга келиб қўшнилар орасида бўлар-бўлмас важ- корсонлар оқибатида меҳр кўтарилиб бораётгани, қўшничилик одобига, қўшнининг ҳақига путур етаётганидан юракда оғриқ. Бир пайтлари бир том тагида, бир девор ортида яшаб, бир дарвозадан кириб-чиқиб юрган, қувончида қувнаб, қайғусига шерик бўлганларнинг болалари, неваралари бугунга келиб бир-бирини кўрарга кўзи йўқ. Хотинларни хотинфеъллигига боради-да, десангиз, эркаклари ҳам аёлидан ошиб тушади.
- Қизимизга келадиган совчилар, бир келарди-ю, ўйлашиб кўрайлик, десак, ўз-ўзидан қадамини узишарди,- дейди бир муштирийимиз, қўни-қўшничилик одобларининг емирилаётганидан оғриниб.- Бу орада опамлар ўғлига келин тушириб, тўй қилишди. Тўйда елиб-югуриб хизмат қилиб юрган қизим куёвнинг аммаларига маъқул тушган экан, тўйдан кўп ўтмай совчилар келишди. Худо йўлимизни очиб, совчиларнинг учинчи келишида патир ушатдик. Ўша тадбирда кутилмаганда бўлажак қудам қизимнинг олдига кирди ва менга қараб:
-    Қуда, биласиз, менинг биттагина фарзандим бор. Ҳамма орзу-ҳавасим шу ўғлимдан. Қизингизнинг ҳусни, меҳнатсеварлиги кўнглимга ўтириб, ўғлимга ёққани учун келин қиляпман. Аммо ён қўшнингиз қизингизнинг тутқаноқ касали борлигини, кичкиналигида  шу касаллик туфайли  бир неча марта касалхоналарда даволанганини, шу сабаб ҳам йигирма уч ёшигача уни ҳеч ким сўроқлаб келмаганини айтди. Акамга куёв бўлган жиянингиз  бу гапларнинг ёлғонлигини айтди, мен ҳақиқатни ўзингиздан билмоқчиман,- деди. Бу гапларнинг ҳаммаси қип-қизил туҳмат эканлигини, қизим бола бўлиб бирор марта касалхонага тушмаганини, шу ёшга етиб ҳали бирорта дори ичмагани ёки укол олмаганини, айтдим.
Тўй бўлиб ўтди. Шукр, ҳозир қудаларим бизни ҳурмат қилишади, қизимни қадрлашади. Остонамизга келган совчиларни айнитган қўшниларимиз ҳеч нарса бўлмагандек, тўйда кириб-чиқиб юраверишди...
Одамлар арзимаган баҳонаю боис сабаб ён қўшниси билан талашиб-тортишиб судларгача боришяпти. Жанжал-келишмовчиликнинг сабабини сўрасангиз, ҳеч бири тайинли жавоб қилолмайди. Улар пайғамбар (с.а.в)нинг «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим» ёки «Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган одам, Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» деган хитобларини бир марта бўлса-да чуқурроқ мушоҳада қилганларида эди, балки бир қарич ер, бир туп дарахт ёки бир пақир мева устида тортишиб, қозихоналарда судралиб юрганларининг гуноҳи оғирлигини ўйлаб, ўкинармидилар?!..

-    Эсимни таниганимдан бери ота-онамнинг қўни-қўшнилар билан жанжаллашади. Деярли ҳар ҳафта қайсидир қўшнимизни мелисага ёки судга тортиб, бечораларни қақшатишарди,- дейди таҳририятга қўнғироқ қилган бир мухлисимиз.- Вақт ўтиб биз уйланадиган, узатиладиган ёшга етдик. Маҳалламиз тугул, қўшни қишлоқлардан ҳам бизга қиз беришмаяпти, синглимнинг ёши тобора ўтиб боряпти, аммо уни биров сўраб келмайди. Узоқлардан истаб келганлар ҳам қўни-қўшнидан сўраб суриштиради-да, бошқа қорасини кўрсатмайди. Йигирма олти ёшга кирдим. Бизнинг бу қисматимиз - ота-онамнинг қўшниларимиз билан алоқаси яхши бўлмагани учун, қўшниларнинг кўнглини оғритгани учун бераётган жавобимикан, деб ўйлаб қоламан баъзида. Чунки, бир неча марта ота-онам қўшниларимизни судга бериб, жавобгарликка тортишган. Ҳатто иккита ён қўшниларимизнинг ўғилларига жиноий даъво қўзғатиб, жавобгар қилишган. Шундай одамлар билан қудачилик қилишни ким ҳам хоҳларди?!.. Фарзанд ота-онасининг хатоларини муҳокама қилишга ҳақли эмас, бироқ бизга жони ачийдиган қариндошларимиз, сиз ота-онангизнинг гуноҳларига жавоб беряпсиз, дейишади...
Фарзанд ота-она гуноҳи учун жавоб бериши, қийналиши мумкин эмас, деган гапни кўп такрорлаймиз, эшитамиз. Лекин биз қилган ножоиз ишлар жабрини жигарбандимиз тортиши кўп ҳолларда аён бўлади. Газетага қўнғироқ қилган муштарийимизнинг ота-онаси ҳам айни пайтда фарзандларининг тақдирини кўриб, қўшниларига азият етказгани учун, оиласида парокандаликни пайдо қилгани учун виждон азобида қолган бўлса, не ажаб? Бироқ, пушаймонлик, виждон азоби вақтни ортга қайтаролмайди, энг ёмони шу.
Яхши-ёмон кунда биринчи галда қўшнилар ёрдамга шошилади. Тўй-маъракаларнинг асосий хизматини қўшнилар бажариб, иззат-икромни узоқдаги қариндош-уруғ кўради. Дастурхондаги ноз-неъматларинг энг тансиғи узоқдаги қариндошларга тортилади, улар учун тузалган дастурхонга қўшнилар манзират қилинмайди. Ҳа, бизда қўшнининг ҳурмати  мана шундай.
Ҳаёт инсонни ҳар куйга солиб синайди. Кимгадир молу дунё, кимгадир ғам, кимгадир, бахту иқбол, кимгадир ранжу алам... Фақат  одам боласи ўзига  аталган ҳар қандай яхши ёки ёмон кунни Яратганнинг синови деб қабул қилиши, қабул қилиши ҳар бир кунга сабр билан пешвоз чиқиши керак. Аксарият ҳолларда қавм -қариндош, жигарларимиз биздан олисда бўладилар. Демакки, яхши - ёмон кунимизда биринча ҳамдам, биринчи малҳам — қўшниларимиз экан. Шундай экан, уларнинг қадр- қиймати, ҳурмат-иззатини билиб, меҳр-оқибат ришталарини емирилишидан асрасак, ҳар биримизга икки дунё саодати насиб этажак, иншооллоҳ.

Умида АЗИЗ

Ўгай она қандай бўлиши керак?

Ўгай она боланинг ўз онасидек бўла олмаслигини билиши, табиий ҳаракат қилищи керак. Болага ўзини қабул килдириб, ишончига кириши лозим.

Сиз Африкадаги очликдан азоб чекаётган инсонларни, уларнинг жабрдийда болаларини кўрганмисиз? Мен ҳам Африкага бормаганман, аммо шундай кишиларни кўрганман. Болалар африкалик бўлмасалар-да, улардан баттар аҳволда эдилар. Бири 5, иккинчиси 6 ёшдаги қизалоқлар эдилар булар. Газеталарда эълон қилинадиган очликдан қирилаётган инсонларнинг суратларига ўхшар эдилар. Сўлғин чеҳра, бўртиб қолган суяклар, ҳар-ҳар жой тўкилган сочлар, қийшайган тишлар, қилтиллаб турган оёқлар. Энг даҳшатлиси болаларча қувонч акс этиши керак бўлган маъсум чеҳралар қиркдан ошган кишининг ажинлар тўлиб тошган гозидек эди. Саволларга бир-икки сўз билан жавоб берар эдилар. Бунинг устига касалхонада даволаниб ҳам чиққан эдилар. Уларни кўриб, такдирлари ҳақида эшитиб, инсон эканлигимдан ҳижолат бўлдим. Чунки улар бир хайрия ташкилотининг ҳомийлигида эдилар.

Эсра ва Зайнаб оғир касаллик туфайли оналаридан жудо бўлган эдилар. Маълум вақт ўтгач ота уйланишга мажбур бўлади. Гўёки болаларини ўйлаб уйланган эди. Бўлғуси она болаларини ўз болаларидек багрига босишга сўз берган эди. Очик чеҳрали бу махлуқсифат аёл турмуш қургандан сўнг ваъдаларни унутди. Болаларга етказмаган озори колмади. Дастлаб эри болаларини ҳимоя қилди. Аммо, устамон аёл болаларининг “айблари”ни отасига ҳам кўрсата олди. Болалар ўзларига ажратилган хонадан чиқмас эдилар. Ҳатто табиий эҳтиёжлар, ҳожатхонага чиқиш учун ҳам маълум вақт тайин этилган эди. Бошқа пайтда эса... Овқат танлаш, емайман деб инжиқлик қилиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Олдларига қўйилганни ейишга мажбур эдилар. Эътироз қилишга ҳақлари йўқ эди. Тўйишга (аниқроги қаноат қилишга) мажбур эдилар. Оч қолсалар бошка кун тўядилар. Ўйнаб-кулиш, сайр қилиш деган гаплар қаёкда?! Катта фидойилик кўрсатиб (!) уларга хона ажратдилар. Нима килсалар шу хонадагина қилар эдилар. У ҳам ҳеч нарсага тегмаслик, хонани тўзғитмаслик шарти билангина мумкин эди. Акс ҳолда тозалаш, тартиб келтириш жазоси қўлланилиши тайин эди.

Болалар шу азобда бир неча йилни ўтказдилар. Аҳволлари аянчли эди. Тез-тез касал бўлганликлари учун ўгай она улардан кутилиш чораларини қидирар эди. Диндор бир оила болаларнинг жонига оро кирди. Энг ачинарлиси шунда эди-ки, ўгай она ўзининг болаларига бундай муомала қилмас эди. Диндор оила бошлиқлари болалар руҳиятини олдинги ҳолга келтириш учун нима қилишлари кераклигини сўраш учун ҳузуримга келган эдилар.

Уларга бир жабрдийдаларнинг ҳоли африкалик оч нора-сидаларникидан ёмонрок эканлигини тушунтирдим. Чунки у ерда фақат егулик танқйс. Буларга эса меҳр ва ишонч қа-ҳатчилиги. Уларнинг болалиги асло бўлмаганди. Энди эса меҳрга кўмилиш, тенгдошлари билан бирга бўлиш, ўйинчоқ-ларни тўйиб-тўйиб ўйнаш, истаганларича елиб-югуриш, инжиқлик қилиш имкониятларидан фойдаланишлари керак эди. Болаликдан ниманики асраб кола олсалар улар учун катта фойда эди. Қизларни ўз ҳимоясига олган оиланинг иши жуда қийин эди...

Ҳамма ўгай оналар ҳам бундай эмас, албатта. Хадича хоним ўгай, аммо фидойи оналардан бири эди. Ўгай боласини ўз боласидек кўрар, у учун ҳар қандай хизматга ҳозир эди. Бир куни кабулимга келиб шундай дели: “Доктор, маслаҳатингизга муҳтожман. Икки боламнинг бири эримнинг биринчи оиласидан. Иккаласини ҳеч қачон ажратмадим, ишонинг. Баъзан ноўрин ишлар бўлганида ҳам унга аччиқланмадим. Аммо нима бўлганда ҳам ўгай онаман. Ҳеч нарсани аямай, камситмай катта килсам ҳам баъзи муаммоларни четлаб ўтолмадим. У менинг ўгайлигимни билмайди ҳам. Ҳозир у 7 ёшда. Ўгайлигимни унга айтайми ёки яна бироз кутайми?”.

Дарҳақиқат Хадича хоним ниҳоятда самимий аёл эди. У катта фарзандини ҳам бутун қалби билан севар, унга онасизлик дардини чектирмас эди.

Ойша хоним ҳам шундай олийжаноб ўгай оналардан бири эди. Ўрхон 5 ёшга тўлганида онаси бошқа эркак билан кочиб кетди. Отаси ишлар, болани парваришлашга имкони йўк эди. Уйланишга мажбур бўлди. Ойша хонимга болага яхши муносабатда бўлишни шарт қилиб қўйди. Ойша хоним шундай жавоб қайтарди: “Ўрхон етимлар қаторида, мен унга, албатта яхши қарайман. Мен болаларни яхши кўраман”.

Йиллар ўтиб Ўрхон билан учрашдим. “Доктор, менинг онам Ойша хоним. Ўз онамни яхши эслай олмайман. Катта бўлганимда мени излаб келди Ойша хонимни ўз онамдан ортик кўраман. Оллоҳ ундан рози бўлсин” деган эди.

Аслида ўгай она бўлиш осон эмас. Ўгай оталардан кўп шикоят қилмайдилар. Чунки эркак киши ишда бўлади, бола эса онанинг ёнида қолади. Қолаверса она дилбандини ўгай отага хўрлатиб қўймайди.

Ўгай оналик эса машакқат. Ҳар қандай она ҳам жаҳли чикканида боласини койийди, уриши ҳам мумкин. Ўгай бола буни кўнглига олади, ўгай онага “золим” сифатини беради.

Энди ўгай она жаҳлини сездирмасликка, индамасликка карор қилади. Қарабсизки, бола ҳаддидан ошиб, онани азобга қўяди. Феъл-атворини билмаган болани тарбиялаш осон эмас. Ўгай онада ишончсизлик, иккиланиш пайдо бўлади. Бола “Сенинг аралашишга ҳақкинг йўқ, сен менинг онам эмассан. Қаердан пайдо бўлдинг? Ҳали дадам келсин, айтиб бераман, кейин кўрасан” дегач ора бузилади, муаммолар ортади. Ота ҳам аросатда. Ўгай онани койий деса бола ёмон кўриниб қолади. Индамай деса вазият янада чигаллаши мумкин. Нима қилишни билмайди шўрлик.

Ўгай она шуларни ёдда тутиши лозим: у ҳеч қачон туққан она ўрнини боса олмайди ва ундай ҳаракат қилишга уриниш беҳуда эканлигини англаши даркор. Бола ўгай онанинг ҳаракатларида сунъийлик сезмаса унга ишониши, кўникиши осонлашади. Орадаги шубҳа йўколади. Болани ўз онасидек севиб, ранжитмасдан жаҳлини кўрсатмасдан катта қилиб бўлмайди. Ўртадаги муносабатларда самимий ва сабрли бўлган ўгай онани ўгай фарзандлар осонроқ қабул қиладилар.

Сабҳат Бозорова тайёрлаган

Ҳозир сайтимизда 35 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ