1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Болам ёлғон сўзлаяпти...

Бола тарбиясига оила муҳитининг таъсири жуда катта. Фарзандлар биринчи бўлиб ота-онасининг гап-сўзи, хулқи, муомаласидан андаза олишади.

Кўчада бир аёлнинг ҳасрат билан "Болам ёлғон сўзлаяпти..." деганини эшитиб қолдим. Болалар рост ёки ёлғон гапиришни кимдан ўрганишади? Жавоби оддий — ота-онасидан.
Абдулқодир Гилоний ҳазратларининг болалик чоғларида кечган бир воқеа жуда ибратли. Макка сафарига отланган карвонда илм олиш ниятида йўлга чиққан ёш Абдулқодир ҳам бор эди. Саҳрога етганларида карвон қароқчилар ҳужумига учрайди. Бор нарсаларини талон-тарож қилади. Кароқчилар бошлиғи Абдулқодирга яқин келиб:
— Сенинг ниманг бор? — сўрайди.
— Кирқ тиллам бор.
— Кани улар?
— Чопонимнинг этагига тикилган. Кароқчи олдинига боланинг гапига ишонмайди. Яна сўрагач, Абдулқодир тилла тангаларини чиқариб беради. Ўзи айтмаса, қароқчилар билишмасди, аммо сафарга отланаётиб, онасига ёлғон гапирмасликка ваъда берган эди. Ўша ваъдасига содиқ иш тутди. Боланинг рост гапи тўдабошига қаттиқ таъсир қилиб, тортиб олинган молларни эгаларига қайтариб беради. Бу "ҳунар"идан бутунлай воз кечади.
Онасининг "Ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бер" деган сўзи фарзанди учун нега бунча қадрли бўлган? Чунки меҳрибон онанинг ўзи ростгўйлик қадрини англаган ва бутун ҳаётини шу асосга қурган. Нега биз бугун боламизга "ёлғон айтма" десак ҳам яна алдайверади? Чунки ўзимизнинг сўзимизда ёлғон бор. Сўраб келган одамга боламиздан "Уйда йўқлар" деб айттирамиз ёки қўнғироқларга "Йўқ эдилар" деб жавоб беришини буюрамиз. Оддий юмушларда ҳам фарзандимиз кўз олдида ёлғон ишлатаверамиз.
Болалар оила ойналари. "От изини той босади", дегани каби фарзанд ҳам ота-она изидан улғаяди. Айтганларини, қилганларини қайтаради. Вояга етиб ҳам уларнинг изидан боради. "Онасини кўриб қизини ол" нақли ниҳоятда ўринли.
Аллоҳ таоло айтади: "Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!" (Аҳзоб ,70).
Аллоҳдан қўрққан банда рост гапиради. Фарзандларимизга яхши обод, рост гапиришни ўргатишимиз керак.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ростгўйликда хавфу хатар кўрсаларинг ҳам, рост сўзланглар, шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсаларинг-да, ёлғондан сақланинглар. Чунки барибир ёлғоннинг охири вой", деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа).
Фарзандларимизга рост сўзлашни, чиройли одобни мерос қилайлик.

Зебунисо ҲУСАЙН қизи