1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Болам ёлғон сўзлаяпти...

Бола тарбиясига оила муҳитининг таъсири жуда катта. Фарзандлар биринчи бўлиб ота-онасининг гап-сўзи, хулқи, муомаласидан андаза олишади.

Кўчада бир аёлнинг ҳасрат билан "Болам ёлғон сўзлаяпти..." деганини эшитиб қолдим. Болалар рост ёки ёлғон гапиришни кимдан ўрганишади? Жавоби оддий — ота-онасидан.
Абдулқодир Гилоний ҳазратларининг болалик чоғларида кечган бир воқеа жуда ибратли. Макка сафарига отланган карвонда илм олиш ниятида йўлга чиққан ёш Абдулқодир ҳам бор эди. Саҳрога етганларида карвон қароқчилар ҳужумига учрайди. Бор нарсаларини талон-тарож қилади. Кароқчилар бошлиғи Абдулқодирга яқин келиб:
— Сенинг ниманг бор? — сўрайди.
— Кирқ тиллам бор.
— Кани улар?
— Чопонимнинг этагига тикилган. Кароқчи олдинига боланинг гапига ишонмайди. Яна сўрагач, Абдулқодир тилла тангаларини чиқариб беради. Ўзи айтмаса, қароқчилар билишмасди, аммо сафарга отланаётиб, онасига ёлғон гапирмасликка ваъда берган эди. Ўша ваъдасига содиқ иш тутди. Боланинг рост гапи тўдабошига қаттиқ таъсир қилиб, тортиб олинган молларни эгаларига қайтариб беради. Бу "ҳунар"идан бутунлай воз кечади.
Онасининг "Ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бер" деган сўзи фарзанди учун нега бунча қадрли бўлган? Чунки меҳрибон онанинг ўзи ростгўйлик қадрини англаган ва бутун ҳаётини шу асосга қурган. Нега биз бугун боламизга "ёлғон айтма" десак ҳам яна алдайверади? Чунки ўзимизнинг сўзимизда ёлғон бор. Сўраб келган одамга боламиздан "Уйда йўқлар" деб айттирамиз ёки қўнғироқларга "Йўқ эдилар" деб жавоб беришини буюрамиз. Оддий юмушларда ҳам фарзандимиз кўз олдида ёлғон ишлатаверамиз.
Болалар оила ойналари. "От изини той босади", дегани каби фарзанд ҳам ота-она изидан улғаяди. Айтганларини, қилганларини қайтаради. Вояга етиб ҳам уларнинг изидан боради. "Онасини кўриб қизини ол" нақли ниҳоятда ўринли.
Аллоҳ таоло айтади: "Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!" (Аҳзоб ,70).
Аллоҳдан қўрққан банда рост гапиради. Фарзандларимизга яхши обод, рост гапиришни ўргатишимиз керак.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ростгўйликда хавфу хатар кўрсаларинг ҳам, рост сўзланглар, шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсаларинг-да, ёлғондан сақланинглар. Чунки барибир ёлғоннинг охири вой", деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа).
Фарзандларимизга рост сўзлашни, чиройли одобни мерос қилайлик.

Зебунисо ҲУСАЙН қизи

Онангни бир сўкиб қўй

Тарқалиш ҳудудини аниқ билмайман-ку, жуда кўп ўзбек оилаларида ўғил бола тили чиққани ҳамон сўкинишга махсус ўргатиб борилади. Бир қават юқорида яшайдиган қўшним шундай кўпнинг бири. У "Онангни... де, ўғлим", деб бир ёшдан энди ошган ўғлига атайлаб сўкишни ўргатади.

 Тили келишмай, ҳарфларни ямлаб, аранг такрорлаган ўғилни отаси ғурур билан мақтайди: "Ҳа, энди отаўғил-да, ҳақиқий эркак!" Бир нарсани тушуниш қийин: чин эркаклик оғизнинг қанчалар шалоқлиги билан белгиланармикан? Шу тарзда диндан, маънавиятдан узоқ ўсган ўғилнинг отасига ҳурматли, орзуларини амалга оширадиган бўлиб улғайиши мумкинми? Эртага шу тили орқасидан отасининг бошига бало келтирмасмикан?
Бундай муҳитдаги болакайларнинг кўпчилиги тарбия аслида нималигини билишмайди. Куфр сўзларни айтиш, катталар ёнида сигарет чекиш табиий ҳолга айланади. Ўзларига танбеҳ бериб, тўғри йўлга солмоқчи бўлганларга бемалол (сўкинмаса ҳам) гап қайтараверади. Бунинг нотўғрилигини билишмайди ҳам. Отасини бемалол алдайверади, буюрган ишини малолланиб бажаради ёки бажармасдан ҳам қўяверади. Ҳатто, вақти келиб, отасига қўл кўтаришдан ҳам қайтмайди.
Ҳозир ғарб маданияти ва техникасидан жуда яхши хабардор, аммо ахлоқ ва фазилат борасидаги билимлари ҳақида бир нарса дейиш қийин бўлган авлод шаклланаяпти.
Балки, гўзал аҳлоқлари билан бутун инсониятга танилган буюк миллат бугун ўзини йўқотадиган ҳолга келиб қолганининг кўплаб сабабларидан бири шудир?
Ҳозирги болакайлар ичидан "ақл ва виждон ҳукмига бўйин эгадиган мард ота ўғил" етишиб чиқармикан?
Қўшни болакай катта бўлиб, мактабга борди. Еттинчи синфда ўқиётганида отаси билан қаттиқ тортишиб қолди. Ва аччиқ устида отасини "Онангни...", деб сўкиб юборди. Бу гап кўксига ханжардек санчилган ота айбни ҳозирги замонга ағдаради. Аслида, у ўғлини ўзи истагандек катта қилди. Илгари мажбурлаб сўктирган ўғли энди у зўрламаса ҳам, у истаганидан кўпроқ, ёмонроқ сўкиняпти. Бундан севиниб, ғурурланиш керак эмасми? Ахир ота шунга интилмадими? Ўғлини ҳақиқий эркак қилиб ўстириш саодатига етишди-ку? У ўғлидан мурувват кўрди, экканини ўрди. Мен унинг ўрнида бўлганимда, берган тарбиямнинг натижасини шу қадар аниқ ва тўлиқ олганимдан севиниб, зиёфат қилиб берардим.

Уйқу ҳам тарбиянинг бир бўлаги

 

 

 

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега болалар ухлашни унчалик ёқтиришмайди? Айниқса, туш пайтида оналари уларни ухлатишга жуда қийналишади. Ортиларидан югуриб-югуриб, баъзилар эса ҳатто ширин-ширин ваъдалар бергачгина, фарзандларини ухлашга кўндиришади. Натижада болалар кўпинча маълум бир вақтда змас, ўзлари хоҳлаганда ухлашга ўрганадилар. Аммо бундай ҳолатга кўникишдан олдин, уйқу вактини тўғри ташкил этишнинг аҳамияти қай даражада муҳим, кичкинтойларни ўзлари хоҳлаганда ухлатган маъқулми ёки маълум вақтдами каби саволларга аниқлик киритиб олиш керак. Бу борада аниқ ва батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида мутахассисларга мурожаат қилдик. 

Сайёра Олимхўжаева, психолог: «Ухлашни ёқтирмаслик ёш болалар орасида тез-тез учраб турадиган ҳолат. Кўпинча бунга табиий қаралиб, унинг сабаби сифатида мазкур ёшдаги болаларнинг ўйин фаолиятига қизиқишлари юқорилиги кўрсатилади. Аммо унутмаслик керакки, кичкин-тойларнинг қанчалик соғлом бўлиб ўсиши улардаги кунлик уйқу меъёрига боғлиқ. Хусусан, бунда болаларнинг ўзлари хоҳлаган пайтда эмас, балки уйқу вақти бўлганида ухлашлари муҳим аҳамиятга эга. Кўпинча ота-оналар ухламаганида болалар ҳам ухламасдан уйда ўйнаб юришади, Катталар эса ишлари кўпайиб бораётганидан, айрим юмушларини уйқу вақти эвазига бажаришади. Техника қанчалик ривожланиб, инсониятнинг ўз юмушларини бажаришга илгаригиданда енгилликлар кўпайган бўлишига қарамасдан, катталарнинг юмушларини бажаришга кетаётган мазкур вақти қисқармаяпти. Натижада юза-га келаётган йигирма тўрт соатлик жамият, катталар ёнидаги кичкинтойларнинг уйқу вақтларига ҳам ўз таъсирини ўтказяпти».
«Дунёдаги 65 фоиз жаж-жиларнинг вақтида ухламасликлари аниқланган, -дейди Республика ташхис марказининг етакчи мутахассиси Қосимжон Нуриддинов. - Олимлар уйқу тарбиянинг бир тури эканини ва унга жиддий муносабатда бўлиш зарурлигини эътироф этишади. Тартиб-сиз тарзда ухлашга одатланган болаларнинг катта бўлганида асаб ва хотира тизимида «нозиклашув» сезилиб, улар бошқаларга қараганда сабрсиз ва шошқалоқ бўлиб вояга етади».
Суҳбатдошларимизнинг юқоридаги фикрларини тинглар эканмиз, кўча-кўйда учраб турувчи бақириқ-чақириқларини эсладик. Балки, сиз ҳам гувоҳ бўлаётганингиз ўша асаб-бузар муносабатларнинг юзага келишига, уйқу вақтининг меъёрини билмасдан иш тутиш, тартибсиз ухлашнинг ҳам таъсири бўлаётгандир? Бу ҳақда ёш мутахассислардан бири Фарҳод Ҳайдаров фикр-мулоҳазаларини билдирди: - Энди туғилган чақалоқ учун бир кеча кундузда - 21 соат, олти ойдан ўн икки ойлик бўлган бола учун - 14 соат, тўрт ёшда - 12 соат ва ўн ёшда - 10 соат, катталар учун эса -7-8 соат кунлик уйқу меъёри белгиланган. Агар каттаю-кичик ана шу уйқу меъёридан кам ухласа ва ундаги тартибга аҳамият бермаса, ўз-ўзидан кайфиятида тажанглик белгилари кузатила бошлайди, тез-тез жаҳли чиқади. Болалар шифокори Дилором Шарипова эса, «Боланинг бир ёш бўлгунича кечаси ва кундузги уйқулари деярли фарқланмайди, аммо ундан кейинги ёшда кечаси ва кундузги уйқуларининг ўз ўрнида бўлишига эътибор бериш жоиз, -дейди. - Одатда, бола ухлашни истамаи хархаша қилса, унинг истакларига тезликда эрк бермаслик керак. Яхши гапириб, эртаклар айтиб, уларни ухлатишга ҳаракат қилиш лозим. Ана шунда болалар уйқуси узоқ давом этади ва улар яхши тушлар кўриб уйғонади».
Ҳаёт - ҳаракатда. Унда ранг-барангликлар бисёр. Инсон ана шундай турфа ҳолатлар асосида ўз кундалик турмушлари, вазифалари, бурч ва мажбуриятларини адо зтиб боради. Кўпинча уларни ўз хоҳиш-истагимиздан келиб чиқиб бажарамиз ёки улгурмаймиз. Аммо ҳаёт тарзимизда овқатланиш, ухлаш каби эҳтиёжлар борки, улар тириклигимизнинг биологик асосидир. Маълу-мотларга кўра, уйқу овқатланишдан-да зарур бўлган эҳтиёж ҳисобланаркан. Одам овқатланмасдан бир неча кундуз яшаши мумкин. Аммо бир неча кун ухламаслик ўлимгача олиб келиши мумкин. Айрим ҳайвонлар эса овқатсиз узоқ кунлар давомида яшаши мумкин бўла туриб, уйқудан маҳрум қилинганда тезда ҳалок бўлади.
Демак, хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, уйқунинг аҳамияти бисёр. У шунчаки, дам олиш воситаси эмас. Шундай экан, юқорида мутахассислар айтган кўрсатмаларга риоя этишга ҳаракат қилайлик. Зеро, шундагина, жамики юриш-туришимиз, соғлиғимиз ва тарбиямизда у ўзининг салбий белгиларини намойиш этмайди.

 

 

 

Тарбия ҳомиладан бошланади

Фарзанд ота-онанинг келажаги, умиди, орзуси, бойлиги, чексиз қувончи, суянган тоғидир. Бўлажак она эса фарзандининг соғлом, кўркам, бақувват бўлишинн бутун вужуди билан истайди. Фарзанд ҳали еруғ дунёга келмасиданоқ, уни ўз организми билангина эмас, қалб ҳарорати билан боқади, меҳрга тўйинтиради.

Фарзанд кўрадиган аёлда шундай бир бебаҳо туйғу, ҳиссиёт пайдо бўладики, уни дунёдаги бирон-бир нарса билан таққослаб бўлмайди, бу Аллоҳнинг мўъжизаси - оналик меҳридир.
Ҳар бир ота-она фарзандининг қобил, ахлоқ-одобли бўлиб ўсишини орзу қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд энг аввало ота-онасига қулоқ солади. Уларнинг панд-насиҳатларини одоб билан тинглайди ва унга амал қилади. Шунинг учун яхши инсонларни «Отангга раҳмат, сенга тарбия берган онангга раҳмат», деб дуо қилишади.
Ёш авлод тарбияси, уларнинг саломатлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатиш аждодларимиздан мерос бўлиб келган та-биий инсоний одатлардир.
Бу борадаги муҳим вазифалардан бири болани чақалоқлик давридан бошлабоқ мустақилликка ўргатишдир. Чунки боланинг билимга бўлган ҳавасининг қарор топишнда энг масъулиятли давр унинг уч ёшгача бўлган вақти экани исботлантан.
Мактабгача тарбия ёшидаги болалар учун турли ўйинлар билан машғул бўлиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларни мактабда тайёрлайди, Шунинг учук болаларнинг ўз тенгдошлари билан ўйинларида уларга мумкин қадар кўпроқ мустақиллик берган маъқул.
Болани бошланғич мактабда ўқитиш даврида энг зарур нарса унда мустақил ўз устида ишлаш ва дарс тайёрлаш малакасини таркиб топтиришдир» Афсуски, кўп ота-оналар фарзандининг ҳисоб масалаларини ечиб берадилар ва ҳоказо. Хуллас, болани қийинчиликларни мустақил енгишга ўргатмайдилар. Натижада улар юқорироқ синфларда ўқиётганда шундай қийинчиликларга дуч келадиларки, буни ўзлари мустақил бартараф қила олмайдилар.
Одатда 3-5 синф ўқувчиларининг кўпчилигида радио, телевизор, компьютер, электр, техника, турли монтаж ишлари, конструкниялар ва бошқаларга қизиқишдари кўпроқ учрайди, Шунинг учун болаларга шу ёшдаёқ ўз қизиқишлари - бу қизиқиш қайси соҳага оид бўлмасин, техникагами, табиатгами, санъатгами, уни қондиришга имкон бериш зарур.
Болалар 5-синфга ўтгач, бир қатор қийинчиликлар билан боғлиқ масъулиятли бир давр - ўсмирлик бошланиб, бу мустақилликнинг ривожланишидаги янги поғонадир. Афсуски, жуда кўп ота-оналар буни тушунишни истамайдилар. Бола ҳаёти бу даврда ўзига бўлган муносабатнинг бутунлай ўзгаришини талаб қилишини унутмайлик. Ниҳоят, 16 ёшларда болалик даври тугаб, йигит ва қиз ўзини жамиятнинг ҳақиқий аъзоси деб ҳис қила бошлайди. Бинобарин, баркамол авлодни камол топтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Она юртимиз равнақи учун бақувват, руҳан ва жисмонан соғлом фарзандлар керак. Чунки фарзанд соғлом бўлсагина, улғайгач, халқнинг корига ярайди, бирон-бир соҳани мукаммал эгаллаб, юрт равнақи йўлида хизмат қилади.

Қиз тарбиясида оталик меҳри

Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталик меҳрларидан доимо баҳраманд бўлар эдилар. У киши турмуш қуриб, алоҳида оилалик бўлганларида ҳам бу ҳолат давом этди.

Фотима розияллоҳу анҳо Али ибн Абу Толиб билан камтарона ва саодатманд ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг ҳаётлари тақво, зоҳидлик ва Исломнинг барча бошқа қоидаларига мувофиқ ҳаёт бўлганидан ҳам шундоқ эди.

Аммо иссиқ жон, суяксиз тил деганларидек, баъзи ҳолларда эр-хотин «айтишиб» қолишлари ҳам бўлар, ўшандоқ пайтларда уларнинг ораларини Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ислоҳ қилар эдилар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳининг «Тобақот»ларида ва бошқа тарих китобларида қуйидаги ривоят зикр қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳоникига ўта ғамгин ҳолда кириб кетаётганларини кўришди. У зот у ерда маълум вақт бўлдилар. Кейин эса юзларида қувонч барқ урган ҳолда чиқдилар. Буни кўрган саҳобалар у зотдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир ҳолда кирган эдингиз, қайтиб чиққанингизда юзингизда бунчалик қувончни кўрмоқдамиз?» дедилар.

«Мен қувонмай ким қувонсин! Ахир мен ўзимга энг маҳбуб икки кишининг орасини ислоҳ қилдим!» дедилар.

***

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳони шариатнинг ҳар бир аҳкомига амал қилишларини қаттиқ талаб қиладилар. У зот ҳар бир шаръий ҳукмни Фотима розияллоҳу анҳога яхшилаб ўргатишга ҳаракат қилардилар.

Яна уламоларимиз келтирган ривоятларга қайтамиз.

«Бир киши Али каррамаллоҳу важҳаҳуга зиёфат учун таом қилиб берди. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо:

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақирсак, биз билан бирга ер эдилар», деди.

Сўнг у зотни чақирдилар. Бас, у зот келиб икки қўлларини эшикнинг икки кесакисига қўйиб турдилар-да, уйнинг бир томонига осиб қўйилган чойшабни кўриб, орқаларига қайтиб кетдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳу:

«Орқаларидан бориб, назар солинг-чи, у зотни нима қайтарди экан?!» деди.

Мен ортларидан бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни нима қайтарди?» дедим.

«Менга (ёки Пайғамбарга) зийнатланган уйга кириш бўлмайди», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зиё¬фатга чақирилган эдилар, аммо у зот у ерда ўз мақомларига мос келмайдиган нарса борлиги учун кирмай қайтиб кетдилар. Бу эса айнан Фотима розияллоҳу анҳога намунали дарс эди.

Бухорий, Муслим ва Насаий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини тақиллатиб:

«Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа ўшанда бизни уйғотади», дедим.

Бас, у зот мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса демай кетдилар. Кейин у зотнинг бурилиб кетаётиб, сонларига уриб:

«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим».

Бу ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳо ва у кишининг оилаларини кечаси нафл ибодат қилишга чорлашлари эди. Ана ўша тарбия таъсирида Фотима розияллоҳу анҳо дунёдаги энг ибодатли кишилардан бўлиб етишди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳода зоҳидалик, тақводорлик ҳисси доимо ҳойи ҳавас, дунё муҳаббатидан устун туриши учун ҳаракат қилар эдилар.

«Нисау аҳлил байт» китобининг соҳиблари ишончли масдарларга эътимод қилиб, қуйидаги ривоятни келтиради:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида Фотима розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, у ерда узоқ қолар эдилар. У зот бир сафарга чиқдилар. Фотима розияллоҳу анҳо кумушдан иккита билакузук, мунчоқ ва исирға қилдириб олдилар. Оталари ва эрларининг келишларига эшикка парда тутиб қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келганларида Фотима розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Саҳобалар кутсакмикан ёки одатдагидек узоқ қолиб кетармиканлар, деб туришган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. У зотнинг юзларида ғазаб билиниб турар эди. У зот бориб минбарга ўтирдилар. Фотима розияллоҳу анҳо у зот бу ишни парда, билак¬узук, мунчоқ ва исирға учун қилганларини фаҳмладилар ва уларнинг ҳаммасини тўплаб бир кишига бериб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қизингиз сизга салом айтиб юборди ва манавиларни Аллоҳнинг йўлига сарфлар экансиз», деб айтгин», деди.

Ҳалиги одам у зотнинг олдиларига келганда:

«Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Дунё Муҳаммад учун ҳам, оли Муҳаммад учун ҳам эмас. Агар дунё Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотига арзиганида кофирга ундан бир ҳовуч сув ҳам бермас эди», дедилар».

Ҳа, ана шундоқ тарбия топган Фотима розияллоҳу анҳо замонасининг энг зоҳида аёлига айланган эдилар. У кишининг қалбларда Аллоҳ таолонинг муҳаббати тўлиқ бўлиб, дунё матоҳи муҳаббатига жой қолмаган эди.

Имом Насаий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бинти Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирди. Унинг қўлида йўғон билакузуклар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлларига ура бошладилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг олдига кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишдан шикоят қилди. Фотима розияллоҳу анҳо бўйнидаги тилло занжирни олиб:

«Мана буни менга Абул Ҳасан ҳадя қилди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб унинг қўлидаги занжирни кўриб қолдилар ва:

«Эй Фотима, одамлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг қўлида оловдан бўлган занжир бор экан, дейишларини истайсанми?!» дедилар.

Сўнгра ўтирмасдан чиқиб кетдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо занжирини сотиб пулига қул сотиб олиб, озод қилди.

Бу ҳақида у зотга гапирилганда:

«Фотимани оловдан озод қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дедилар».