1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қиз тарбиясида оталик меҳри

Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталик меҳрларидан доимо баҳраманд бўлар эдилар. У киши турмуш қуриб, алоҳида оилалик бўлганларида ҳам бу ҳолат давом этди.

Фотима розияллоҳу анҳо Али ибн Абу Толиб билан камтарона ва саодатманд ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг ҳаётлари тақво, зоҳидлик ва Исломнинг барча бошқа қоидаларига мувофиқ ҳаёт бўлганидан ҳам шундоқ эди.

Аммо иссиқ жон, суяксиз тил деганларидек, баъзи ҳолларда эр-хотин «айтишиб» қолишлари ҳам бўлар, ўшандоқ пайтларда уларнинг ораларини Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ислоҳ қилар эдилар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳининг «Тобақот»ларида ва бошқа тарих китобларида қуйидаги ривоят зикр қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳоникига ўта ғамгин ҳолда кириб кетаётганларини кўришди. У зот у ерда маълум вақт бўлдилар. Кейин эса юзларида қувонч барқ урган ҳолда чиқдилар. Буни кўрган саҳобалар у зотдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир ҳолда кирган эдингиз, қайтиб чиққанингизда юзингизда бунчалик қувончни кўрмоқдамиз?» дедилар.

«Мен қувонмай ким қувонсин! Ахир мен ўзимга энг маҳбуб икки кишининг орасини ислоҳ қилдим!» дедилар.

***

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳони шариатнинг ҳар бир аҳкомига амал қилишларини қаттиқ талаб қиладилар. У зот ҳар бир шаръий ҳукмни Фотима розияллоҳу анҳога яхшилаб ўргатишга ҳаракат қилардилар.

Яна уламоларимиз келтирган ривоятларга қайтамиз.

«Бир киши Али каррамаллоҳу важҳаҳуга зиёфат учун таом қилиб берди. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо:

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақирсак, биз билан бирга ер эдилар», деди.

Сўнг у зотни чақирдилар. Бас, у зот келиб икки қўлларини эшикнинг икки кесакисига қўйиб турдилар-да, уйнинг бир томонига осиб қўйилган чойшабни кўриб, орқаларига қайтиб кетдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳу:

«Орқаларидан бориб, назар солинг-чи, у зотни нима қайтарди экан?!» деди.

Мен ортларидан бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни нима қайтарди?» дедим.

«Менга (ёки Пайғамбарга) зийнатланган уйга кириш бўлмайди», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зиё¬фатга чақирилган эдилар, аммо у зот у ерда ўз мақомларига мос келмайдиган нарса борлиги учун кирмай қайтиб кетдилар. Бу эса айнан Фотима розияллоҳу анҳога намунали дарс эди.

Бухорий, Муслим ва Насаий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини тақиллатиб:

«Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа ўшанда бизни уйғотади», дедим.

Бас, у зот мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса демай кетдилар. Кейин у зотнинг бурилиб кетаётиб, сонларига уриб:

«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим».

Бу ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳо ва у кишининг оилаларини кечаси нафл ибодат қилишга чорлашлари эди. Ана ўша тарбия таъсирида Фотима розияллоҳу анҳо дунёдаги энг ибодатли кишилардан бўлиб етишди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳода зоҳидалик, тақводорлик ҳисси доимо ҳойи ҳавас, дунё муҳаббатидан устун туриши учун ҳаракат қилар эдилар.

«Нисау аҳлил байт» китобининг соҳиблари ишончли масдарларга эътимод қилиб, қуйидаги ривоятни келтиради:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида Фотима розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, у ерда узоқ қолар эдилар. У зот бир сафарга чиқдилар. Фотима розияллоҳу анҳо кумушдан иккита билакузук, мунчоқ ва исирға қилдириб олдилар. Оталари ва эрларининг келишларига эшикка парда тутиб қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келганларида Фотима розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Саҳобалар кутсакмикан ёки одатдагидек узоқ қолиб кетармиканлар, деб туришган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. У зотнинг юзларида ғазаб билиниб турар эди. У зот бориб минбарга ўтирдилар. Фотима розияллоҳу анҳо у зот бу ишни парда, билак¬узук, мунчоқ ва исирға учун қилганларини фаҳмладилар ва уларнинг ҳаммасини тўплаб бир кишига бериб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қизингиз сизга салом айтиб юборди ва манавиларни Аллоҳнинг йўлига сарфлар экансиз», деб айтгин», деди.

Ҳалиги одам у зотнинг олдиларига келганда:

«Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Дунё Муҳаммад учун ҳам, оли Муҳаммад учун ҳам эмас. Агар дунё Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотига арзиганида кофирга ундан бир ҳовуч сув ҳам бермас эди», дедилар».

Ҳа, ана шундоқ тарбия топган Фотима розияллоҳу анҳо замонасининг энг зоҳида аёлига айланган эдилар. У кишининг қалбларда Аллоҳ таолонинг муҳаббати тўлиқ бўлиб, дунё матоҳи муҳаббатига жой қолмаган эди.

Имом Насаий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бинти Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кирди. Унинг қўлида йўғон билакузуклар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлларига ура бошладилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг олдига кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишдан шикоят қилди. Фотима розияллоҳу анҳо бўйнидаги тилло занжирни олиб:

«Мана буни менга Абул Ҳасан ҳадя қилди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб унинг қўлидаги занжирни кўриб қолдилар ва:

«Эй Фотима, одамлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг қўлида оловдан бўлган занжир бор экан, дейишларини истайсанми?!» дедилар.

Сўнгра ўтирмасдан чиқиб кетдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо занжирини сотиб пулига қул сотиб олиб, озод қилди.

Бу ҳақида у зотга гапирилганда:

«Фотимани оловдан озод қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дедилар».