1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Болалар китоб ўқимай қўйди...ми?

— Ойи, — ялинди Шаҳзод, — дўконимизга «Робинзон Крузо» китоби келибди. Олиб беринг.
— Қанча тураркан? — сўради ойиси энсаси қотиб.
— Бир ярим минг сўм.
— Вой-буй, яна беш юз сўм қўшсам оёғингга калиш беради. Қиш бўйи маза қилиб киясан. Китоб қорнингни тўйдирмайди. Ўқимасанг ўша Робинзон ўлгур сендан хафа ҳам бўлмайди, — жаҳли чиқиб кетди онасининг. — Ўртоғимнинг ойиси олиб берди-ку.
— Уларнинг пули кўпдир. Жуда ўқигинг келса, ўртоғингдан олиб ўқийверасан. Биз ҳам кутубхонадан олиб ўқирдик.
— Кутубхонамизда унақа китоб йўқ, — хўрсинди бола.
***
— Азиз, қара, сенга нима олиб келдим, — қўлидаги китобни кўз-кўзлади она.
— Э, мен сизга «Брат»ними ёки «Бригада»ними кассетасини олиб келинг дегандим-ку, — ҳафсаласи пир бўлди Азизнинг.
— Нима, китоб кассетадан ёмонми?
— Шундай катта китобни ўқишга вақтим борми, шундоғам дарсим бошимдан ошиб ётибди. Видео эса бошқа гап...
***
Пойтахтимиздаги «Шарқ зиёкори» китоб дўконида китобларни кўраётгандим. Дўконга оддий тўнда, эскигина халта кўтариб олган ўрта ёшлардаги киши кириб келди. Навоий, Дефо, Свифт, Саид Аҳмад, Одил Ёқубовнинг асарларини, жами 17000 сўмлик китоб харид қилди.
— Амаки, шунча китобни ўқимоқчимисиз, — ҳайратимни яширмай сўрадим ундан.
— Ҳа, болам, ўқиймиз, аниқроғи, менмас, қизларим ўқийди. Китоб уларнинг жону дили. Мактабидаги ҳамма китобни ўқиб бўлган. Шунинг учун ҳар уч ойда келиб, шу ердан янги китоблар олиб кетаман.
— Узоқда яшайсизми?
— Ғаллаоролдан келаман.
— Ў-ҳу, уйингиз китобга тўлиб кетгандир-а?
— Йўқ, болам, китобни ўқиб бўлиб, мактаб кутубхонасига топширамиз. Бошқа болаларнинг ҳам ўқигиси келади-да.
— Шунча китобга пулни қаердан оласиз?
— Рўзғордан тежаймиз. Баъзиларнинг ғаши келади, шу пулга тузукроқ кийим олиб киймайсизларми, деб. Билсангиз, мен бугун сарф қилган бу пуллар келгусида ўн ҳисса бўлиб қайтишига кўзим етгани учун шундай қиламан. Негаки, китоб ўқиб катта бўлган бола яхши инсон бўлиб етишади. Ота-онасига ҳам, юртига ҳам фойда келтиради, — амаки эшикни қандай оҳиста очган бўлса, яна шундай оҳиста ёпиб чиқиб кетди.
Мен бу кишини илгари ҳам қаердадир кўргандайман. Ҳа, эсладим. У ғаллаороллик ёш ижодкор Лола Эсонованинг отаси. Бир-икки марта қизини таҳририятга етаклаб келганди. Ўшанда Лоланинг қайсидир кўрик-танловда иштирок этаётгани баҳонаи сабаб бўлиб, пойтахтга йўли тушган экан. «Қизимнинг шеърлари билан танишиб, қувонган шоир Сирожиддин Саййид унга Лола Эҳсон, деб тахаллус қўйиб берди», деганди ўшанда тўлқинланиб. Кейинчалик Лолани республика ижодкор ёшларининг қатор анжуманларида ҳам учратадиган бўлдим...
***
Бу воқеаларни кузатиб, қулоғимга тез-тез чалинадиган «болалар китоб ўқимай қўйди» деган гапнинг нечоғлик тўғри ёки нотўғрилигини, бола китоб ўқимаслигининг асл сабабини билгим келди.
Чиндан ҳам болаларнинг китобдан совигани ростми? Рост бўлса, асосий айбдор ким? Ота-онами? Болами? Етарли китоб заҳирасига эга бўлмаган кутубхонами ёки ўқувчини бадиий асар ўқишга қизиқтира олмаган адабиёт муаллими ёки кутубхоначими? Балки китобхон талабини, эҳтиёжини етарлича ўрганолмаган нашриётлардир?
Ўқувчиларда китобга муҳаббат уйғотиш, уларнинг китобхонлигини оширишда аввало, оиланинг, қолаверса, кутубхонанинг роли катта, деб ўйлайман. Фикримни тасдиқлаш мақсадида мактаблардаги кутубхоналар фаолияти билан қизиқдим. Мен борган пойтахтимиздаги 59-мактаб Хитой ва корейс тилларига ихтисослашган таълим ўчоқларидан ҳисобланади. Мактаб директори Фахриддин Шамсиев мақсадимни англагач, мени кутубхоначи Дилфуза Муҳиддиновага учраштирди.
— Кутубхонамиз жами 13056 дона китоб фондига эга, — дея сўз бошлайди Дилфуза опа. Бунда дарсликлардан тортиб, бадиий нашрлар, хитой ва корейс тилидаги адабиётлар ҳамда турли йўналишдаги китоблар мавжуд. Шундан 419 тасини бадиий адабиётлар ташкил этади. Мактабимизда 870 нафар ўқувчи таълим олади. Уларнинг 560 нафари кутубхонага аъзо.
Суҳбатимиз шу жойга келганда мактаб қўнғироғи жиринглаб, ўқувчиларни танаффусга чорлади. Бир зумдан сўнг кутубхона ичи китоб сўраб келган ўқувчилар билан тўлди. Бўй-бастига қараб, уларнинг бошланғич синф ўқувчилари эканлигини илғаш қийин эмасди. Шунингдек, улар орасида 5-7-синф оралиғидаги ўқувчилар ҳам бор эди. Уларни зимдан кузатдим: ўқувчиларнинг китоб ўқишга иштиёқи чакки эмас. Кутубхоначи опани ҳоли-жонига қўйишмаяпти. Лекин, негадир улар орасида юқори синф ўқувчилари кўринмайди? Ё дарс машғулотларининг кўплигидан вақтлари бўлмаяптимикин, уларнинг? Буёғи олий ўқув юртига тайёргарлик кўриш, дегандай...
Саволларимга аниқлик киритиш мақсадида Дилфуза опага юзланаман:
— Юқори синф ўқувчилари ҳам кутубхонага тез-тез кириб туришадими?
— Биласизми, — дейди Дилфуза опа кулиб, — юқори синф ўқувчиларининг аксарияти гўёки ўзларини еттинчи осмонда сузиб юргандай ҳис қилишади. Ҳозир уларнинг ҳис-туйғулари жўш урган, кўрган нарсасига тақлид қиладиган, ўзларига ўзлари маҳлиё бўладиган бир пайти. Лекин, улардаги китобхонликнинг сусайишига булар асосий сабаб бўла олмайди. Мисол учун, 11-синфдаги 29 нафар ўқувчидан бор-йўғи 3-4 нафаригина кутубхонага аъзо. Нега, деганда, улар ўзларига керакли китобларни кутубхонадан топа олишмайди. Яъни, лотин алифбосида чоп этилган бадиий адабиётларнинг аксарияти 7-8-синфгача бўлган ёшдаги ўқувчиларга мўлжалланган. Юқори синф ўқувчилари учун эса саноқли асарлар бор. Ойбекнинг «Навоий» романи, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз»и, Ғафур Ғуломнинг «Ёдгор» қиссаси, Пиримқул Қодировнинг асарлари...
— Ўқувчиларда китобга меҳр уйғотишда кутубхоначининг ўрни катта. Бу борада сиз қандай ишлар қиляпсиз?
— Тез-тез ёзувчи-шоирларни мактабимизга таклиф қиламиз. Ўқувчиларни қизиқтирган асарлар муаллифлари билан учрашувлар ўтказамиз. Албатта, бу яхши самара беради.
— Кутубхоначилик иши жуда машаққатли, — дейди Дилфуза опа. — Китобларни ҳужжатлаштириш, дарсликларни тақсимлаш, ижара дарсликларининг ҳисоб-китоби. Кутубхоначилик билан бирга 14 соат меҳнатдан дарс ҳам бераман. Яқинда бир воқеага дуч келдим Китобхонлик карточкаси етишмаётганди. Туман ХТБга янги карточка сўраб борсам, кутубхонашунослик бўлимидагилар анави ерда донаси 25 сўмдан турибди, сотиб ола қолинг, — деб бамайлихотир жавоб беришди. Сизга айтсам, мана шундай ечими топилмаган ҳолатлар ҳам учраб туради. Начора, йўқдан кўра, битириб кетган ўқувчиларнинг эски карточкаларига қоғоз ёпиштириб, янгисини ясаб қўя қоламиз.
***
Керакли китобини мактаб кутубхонасидан тополмаган ўқувчи уни китоб расталаридан қидиради. Расталарда эса бу китоблар бормикан? Бугун ўқувчилар қайси китобларга эҳтиёж сезмоқда? Шунингдек, китобларнинг нархлари мактаб ўқувчисига оғирлик қилмаяптими? Бу ҳақда пойтахтимиздаги китоб расталарида савдо қилаётган сотувчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Мавлуда Ғозиева: — Ҳозир расталаримизда яхши сотилаётган китобларнинг асосий қисмини бадиий адабиётлар ташкил этади. Кейинги пайтда «Шарқ» нашриёт-матбаа АК «Аср ошган асарлар» рукни остида бир қанча асарларни, жумладан, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ойбекнинг «Навоий», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асарларининг ҳар бирини 10000 нусхада китобхонлар эътиборига ҳавола этди. Бу нашрлар лотин алифбосида чоп этилганлиги билан ёш китобхонларга қулайлик туғдирмоқда. Шунингдек, нашриётнинг «Жаҳон саргузашт адабиёти» рукнида чиқараётган китоблари — Жюл Верннинг «Ўн беш ёшли капитан», «Капитан Гранд болалари» асарлари, қолаверса, Ойбекнинг «Болалик», Д.Дефонинг «Робинзон Крузо», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» асарлари ҳам 5000 нусхада лотин алифбосида мактаб ўқувчилари учун севимли тортиқ бўлди.
Ўқувчи-ёшларимиз биздан Алишер Навоийнинг 1997 йилда чоп этилган мукаммал асарлар тўпламини (1-20 томгача), Мунаввар Қори, Фитрат, Чўлпон цингари истиқлол фидойиларининг танланган асарлар тўпламларини кўп сўраб келишади. Алишер Навоийнинг мукаммал асарлар тўплами анча тақчил. Изоҳли луғат, русча-ўзбекча луғатлар йўқ, деса ҳам бўлади. Улар яна қайта, айниқса, лотин алифбосида чоп этилса, китобхонлар томонидан қўлма-қўл бўлиб кетишига ишонамиз.
Растамиздаги китобларнинг нархларига келсак, қадр-қийматига қараб, у ўрта ҳисобда 1500 дан 2500, 3000 сўмгача сотилмоқда.
***
Китоб — тафаккур қаноти. Бу қанот қанча мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китоб, асар сўзи замирида бадиият ётади. Бадиият эса ҳар қандай кўнгилнинг маҳсули бўлавермайди. У ҳеч қачон инсонларни жаҳолатга етакламайди. Шунинг учун ҳам у азиз, шунинг учун ҳам у қадрли.
Носир Боймирзаев.