1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бола тушишига сабаб бўладиган ишлар

Бола тушишига сабаб бўладиган ишлар

Бунга сабаб бўлган феъллар хоҳ аёлнинг ота-онасидан, хоҳ бошқалардан содир бўлсин фарқи йўқ, бола тушишига сабабчи бўлса, дийят лозим бўлади. Лекин, бола она раҳмидан ташқари чиқиб, тушмагунча жиноят ҳисобланмайди. Чунки, болага қилинган иш туфайли ўлиб-ўлмагани билинмаган тақдирда ҳукм шундай тадбиқ этилади. Фақат қилинган иш туфайли боланинг она қорнида ўлгани қатъиян аниқ бўлса, у ҳолда жазо зарурдир.
Шу жиҳатдан тўрт имом ҳам жиноят санаб, жазони лозим қилган ҳаракат натижасида она раҳмидан ўлик тушган бола учун жиноятга яраша жазо белгиланади, деганлар.

Имомларнинг ўлик ёки тирик тушган бола ҳақидаги қарашлари

а) Имоми Аҳмад ибн Ҳанбалга кўра, тушган боланинг ҳаёти барқарор давом этиши керак. Фақат туғилган онда тириклик белгилари кўриниб, дарҳол ўлиши тирик бўлганига етарли сабаб эмас. Айни замонда тушган бола камида 6 ойлик бўлиши шарт. Чунки, бундан (6 ойдан) кам бўлган вақтда боланинг яшаши мумкин эмас. У ҳолда, тушган бола кам деганда 6 ойлик бўлиб, яшаш белгилари давом этса, тирик ҳукмида қабул қилинади ва ўлган тақдирда шунга кўра ҳукм этилади (берилади). Шофеъийлардан Музаний ҳам айни фикрда.
б) Имом Абу Ҳанифа билан имом Моликка кўра, боланинг тушишига сабаб бўлганни жавобгар қилиш учун, боланинг онаси тирик бўлиши керак. Ўлган онанинг раҳмидан бола туширилса, туширилишига сабаб бўлган кимса жавобгарликка тортилмайди. Чунки, онанинг ўлиши боланинг ҳам раҳм (бачадон)да ўлганига очиқ сабаб сифатида қабул қилинади. Аммо, онаси ўлиши билан баробар, бола тирик тушса, бунга сабаб бўлган киши жавобгар бўлади. Бола ўлган тақдирда, дийят ўтайди. Ўлмаган тақдирда онасининг ўлганлиги учун сабабига кўра жазо берилади.

Бола тушишига сабабчи бўлганга бериладиган жазо

Бу жазо қилинган феълнинг турига, ниятига ва оқибатига қараб белгиланади. Умуман, беш қисмдан иборат:

1. Ҳомиланинг она раҳмидан ўлик тушиши;
2. Ҳомиланинг она раҳмидан тирик тушиб, сўнг ўлиши;
3. Ҳомиланинг она раҳмидан тирик тушиб ўлиши ёки бошқа бир сабаб билан яшаши;
4. Ҳомиланинг она раҳмидан тушмаслиги ёки она ўлгач тушиши;
5. Онага етказилган озордан келиб чиққан натижа – оқибатлар...

1 – Ҳомиланинг она раҳмидан ўлик тушишига сабаб бўлган феълдир. Бу феълни қилганнинг жазоси, ҳомиланинг дийятидир. Бу дийят баҳоси 5 та туя бўлган, бир қул ёки жория озод этишдир.
Ҳақиқатдан Абу Ҳурайра (р.а.) эслатадилар: “Ҳузайл қабиласидан икки аёл жанжанлашди. Бири қўлига тош олиб, иккинчисига отиб ҳам уни, ҳам раҳмидаги ҳомиласининг ўлимига сабабчи бўлди. Даъво Расулуллоҳга етди. Жанобимиз (с.а.в.) она раҳмидаги ҳомиланинг ўлгани учун у бир қул ёки жория озод қилишини ва ўлдирган аёлнинг дийятини ўлдирганнинг ота тарафидан яқинлари ўташларини қарор қилдилар”.
Озод этиладиган қул топилмаган тақдирда (ҳозирги даврда қуллик, жориялик йўқ) унинг ўрнига 5 та туя тўланади. Бунда олимлар иттифоқдирлар. Туширилган ҳомиланинг ўғил ёки қиз бўлиши жазо ўзгаришини лозим қилади. Фақиҳларнинг аниқланишича, қиз дийяти – ўғил бола дийятининг ярмидир.
Ҳомиланинг дийяти – қасддан қилинган жиноят бўлса, оғирлаштирилади, хато туфайли (ўлган) бўлса, енгиллаштирилади. Қасддан жиноят қилинса, дийят жиноят қилганнинг ота тарафидан яқинларига юклатилмайди, хато туфайли қилинса, юклатилади.

Ҳомила туширилиши сабабли лозим дийят кимларга берилади?

Аввал шуни аниқлаб олайлик, ҳомила тушишига сабабчи бўлган яъни, шу жиноятни содир қилган кимса, хоҳ шу ҳомилага соҳиб онанинг ўзи бўлсин, дийятига ворис бўлолмайди.
Ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий мазҳабларига кўра, олинган дийят ҳомила ворисларига фароиз усулига кўра тақсим этилади.
Имом Молик ҳазратларига кўра, олинган дийят фақат боланинг онасига берилади. Имом Лайс ҳам шу қараш тарафидадир.
Ҳар қандай бир феъли сабабли аёл эгиз ёки учиз (учта) бола туширса, ҳар бири учун алоҳида дийят лозимдир.
2 – Ҳомила она қорнидан тирик тушиб, сўнг ўша феъл сабаби билан ўлишидир. Юқорида айтилгандек, баъзиларнинг фикрича, қасос шарт. Айримларнинг фикрича эса, комил дийят зарур. Комил дийятдан мақсад 5 та ўртача туя. Туя топилмаса, қиймати, пули берилади. Комил бўлмаган дийят ўртачага яқин 5 та туядир.
Бола тушгач она ўлса, қилинган жиноий феъл сабабли боласини туширгач, она ўлса, бола учун алоҳида бир дийят, аёл учун ҳам хато билан ўлдирилган бўлсада, алоҳида бир дийят керакдир. Қасддан ўлдирган ва маълум бир асбоб қўллаган бўлса, қасос лозимдир.
3 – Ҳомила тирик тушса ва яшаса. Бу ҳолда жиноятчига фақат таъзир жазоси лозим. Буни эса давлатнинг тегишли ташкилоти тайин этади. Бола бир муддат яшагач, бошқа бир сабаб билан ўлса ҳам, унинг тушишига сабабчи бўлган кимсага бошқача бир жазо берилмайди.
4 – Ҳомиланинг она раҳмидан тушиши ёки онаси ўлгач тушиши. Жиноятчи қилган бир феъл сабабли аёл боласини тирик пайтида туширмасада ўлгач тушса, бола тушиши унинг феъли (айби) билан бўлмаганлиги тасдиқланса, жиноятчига фақат таъзир берилади яъни, таъзир жазосига тортилади. Аммо мутахассислар ёки биладиган кишилар тарафидан боланинг тушишига унинг феъли сабаб бўлгани аниқланса, дийят лозим бўлади.
5 – Онага етказилган азиятларнинг оқибатлари. Жиноятчининг феъли онага азият берган ёки оғир хасталикларга сабаб бўлса шунга қараб жазо белгиланади.

Ҳомилани тушириш учун аёлга берилган дори

Бир одам ҳомиладор аёлга ҳомиласини тушириш учун бир дори берса, аёл бу дорини қабул қилиб, боласини ўлик туширгач, ўзи ҳам ўлса, бунда қасдга ўхшаш жиноят содир этилган, яъни ҳомилани тушириш ҳодисаси содир бўлган. Бунда ҳомила учун бир дийят лозим, аёлни эса қасдга ўхшаш мазмунда ўлдиргани сабабли ҳам оғир бир дийят шартдирки, бу 120 туя бўлур.
Ҳомила тушишига сабаб бўлган кимсага дийятдан бошқа каффорат ҳам лозим. Бу имом Шофеъий билан имом Ҳанбалнинг қараши ва ижтиҳодларидир. Имом Моликка кўра, бу ўринда каффорат мандубдир, вожиб эмас.
Имом Абу Ҳанифага кўра, ҳомила ўлик тушса, фақат дийят керак. Тирик тушса, каффорат ҳам керакдир. Каффорат маълум бўлганидек бир қул озод қилмоқ, йўқса 60 фақирни тўйдирмоқ ёки кийдирмоқ ёки 60 кун пайдар-пай рўза тутмоқдир. Шу билан бирга ҳомилани туширган жиноятчига каффорат ҳам шарт ёки шарт эмасми – бу хусусда фақиҳларнинг фарқли қараш ва аниқланишлари бор.
Аммо дийят хусусида айтганларимиздан ташқари фарқли қараш ва ижтиҳод йўқдир. Табиийки, тўрт мазҳабнинг қараш ва ижтиҳодини назарда тутмоқдамиз.

Хомила тушиши билан боғлиқ масалалар

Ҳомила қоринда парчаланган ва ҳомиланинг кўп қисми чиққан бўлса, агар тушган боланинг тирноқ, бармоқ, соч каби аъзоларидан баъзилари маълум бўлса, аёл нифосда саналади. Акс ҳолда нифосда ҳисобланмайди.
Агар ҳомиланинг аъзоларидан ҳеч бири шаклланмай тушган бўлса, бу аёл учун нифос йўқ. Агар бу аёлни ҳайзли санаш мумкин бўлса, ҳайзли саналади. Бу мумкин бўлмаса, қони истиҳоза (узр) қонидир. Узр қони баъзи томирлар ёрилишидан чиқадиган қондир.

Бир ҳомила тушишидан (бола туширишдан) аввал ёки сўнгра қон кўрса ва ҳомила аъзолари шаклланган бўлса, аёлнинг аввал кўрган қони ҳайз эмас, ҳомила тушгандан сўнгра қон кўргани учун нифосли саналади. Фақат тушган ҳомиланинг аъзолари шаклланиб қолган бўлса, аввалги кўрган қон – агар ҳайз саналиши мумкин бўлса ҳайз қонидир.
Аъзоси маълум бўлмаган бола туширган аёлдан келган қон уч кун давом этса ва ундан аввал ўтган ҳайзидан кейин тўлиқ бир поклик даври ўтмаса ҳайздир. Поклик даврининг ўтиши икки ҳайз орасидаги оралиқни ташкил қилиши лозим.
Қон уч кундан кам келиб, ундан кейин бир поклик даври ўтса, ёхуд уч кун давом этиб, ундан аввал тўлиқ тозалик даври ўтмаса бу ҳолатда келган қон – яъни, баъзи томирлар ёрилишидан чиқадиган истиҳоза (узр)дир.
Аъзоси маълум ёки номаълум ҳолда ҳомила тушган бўлса, масалан, болани ҳожат пайтида туширса, давомли қон келса, унинг муддатига қараб ҳукм қилинади.
Аёл ҳайзи тўхташи билан қачон ҳомиладор бўлганини аниқлай олмаса ва 120 кун қон кўрмаса-ю, сўнгра болани ҳожатхонада туширса, бола аъзоси маълум, шаклланган ҳисобланади.

Болалар китоб ўқимай қўйди...ми?

— Ойи, — ялинди Шаҳзод, — дўконимизга «Робинзон Крузо» китоби келибди. Олиб беринг.
— Қанча тураркан? — сўради ойиси энсаси қотиб.
— Бир ярим минг сўм.
— Вой-буй, яна беш юз сўм қўшсам оёғингга калиш беради. Қиш бўйи маза қилиб киясан. Китоб қорнингни тўйдирмайди. Ўқимасанг ўша Робинзон ўлгур сендан хафа ҳам бўлмайди, — жаҳли чиқиб кетди онасининг. — Ўртоғимнинг ойиси олиб берди-ку.
— Уларнинг пули кўпдир. Жуда ўқигинг келса, ўртоғингдан олиб ўқийверасан. Биз ҳам кутубхонадан олиб ўқирдик.
— Кутубхонамизда унақа китоб йўқ, — хўрсинди бола.
***
— Азиз, қара, сенга нима олиб келдим, — қўлидаги китобни кўз-кўзлади она.
— Э, мен сизга «Брат»ними ёки «Бригада»ними кассетасини олиб келинг дегандим-ку, — ҳафсаласи пир бўлди Азизнинг.
— Нима, китоб кассетадан ёмонми?
— Шундай катта китобни ўқишга вақтим борми, шундоғам дарсим бошимдан ошиб ётибди. Видео эса бошқа гап...
***
Пойтахтимиздаги «Шарқ зиёкори» китоб дўконида китобларни кўраётгандим. Дўконга оддий тўнда, эскигина халта кўтариб олган ўрта ёшлардаги киши кириб келди. Навоий, Дефо, Свифт, Саид Аҳмад, Одил Ёқубовнинг асарларини, жами 17000 сўмлик китоб харид қилди.
— Амаки, шунча китобни ўқимоқчимисиз, — ҳайратимни яширмай сўрадим ундан.
— Ҳа, болам, ўқиймиз, аниқроғи, менмас, қизларим ўқийди. Китоб уларнинг жону дили. Мактабидаги ҳамма китобни ўқиб бўлган. Шунинг учун ҳар уч ойда келиб, шу ердан янги китоблар олиб кетаман.
— Узоқда яшайсизми?
— Ғаллаоролдан келаман.
— Ў-ҳу, уйингиз китобга тўлиб кетгандир-а?
— Йўқ, болам, китобни ўқиб бўлиб, мактаб кутубхонасига топширамиз. Бошқа болаларнинг ҳам ўқигиси келади-да.
— Шунча китобга пулни қаердан оласиз?
— Рўзғордан тежаймиз. Баъзиларнинг ғаши келади, шу пулга тузукроқ кийим олиб киймайсизларми, деб. Билсангиз, мен бугун сарф қилган бу пуллар келгусида ўн ҳисса бўлиб қайтишига кўзим етгани учун шундай қиламан. Негаки, китоб ўқиб катта бўлган бола яхши инсон бўлиб етишади. Ота-онасига ҳам, юртига ҳам фойда келтиради, — амаки эшикни қандай оҳиста очган бўлса, яна шундай оҳиста ёпиб чиқиб кетди.
Мен бу кишини илгари ҳам қаердадир кўргандайман. Ҳа, эсладим. У ғаллаороллик ёш ижодкор Лола Эсонованинг отаси. Бир-икки марта қизини таҳририятга етаклаб келганди. Ўшанда Лоланинг қайсидир кўрик-танловда иштирок этаётгани баҳонаи сабаб бўлиб, пойтахтга йўли тушган экан. «Қизимнинг шеърлари билан танишиб, қувонган шоир Сирожиддин Саййид унга Лола Эҳсон, деб тахаллус қўйиб берди», деганди ўшанда тўлқинланиб. Кейинчалик Лолани республика ижодкор ёшларининг қатор анжуманларида ҳам учратадиган бўлдим...
***
Бу воқеаларни кузатиб, қулоғимга тез-тез чалинадиган «болалар китоб ўқимай қўйди» деган гапнинг нечоғлик тўғри ёки нотўғрилигини, бола китоб ўқимаслигининг асл сабабини билгим келди.
Чиндан ҳам болаларнинг китобдан совигани ростми? Рост бўлса, асосий айбдор ким? Ота-онами? Болами? Етарли китоб заҳирасига эга бўлмаган кутубхонами ёки ўқувчини бадиий асар ўқишга қизиқтира олмаган адабиёт муаллими ёки кутубхоначими? Балки китобхон талабини, эҳтиёжини етарлича ўрганолмаган нашриётлардир?
Ўқувчиларда китобга муҳаббат уйғотиш, уларнинг китобхонлигини оширишда аввало, оиланинг, қолаверса, кутубхонанинг роли катта, деб ўйлайман. Фикримни тасдиқлаш мақсадида мактаблардаги кутубхоналар фаолияти билан қизиқдим. Мен борган пойтахтимиздаги 59-мактаб Хитой ва корейс тилларига ихтисослашган таълим ўчоқларидан ҳисобланади. Мактаб директори Фахриддин Шамсиев мақсадимни англагач, мени кутубхоначи Дилфуза Муҳиддиновага учраштирди.
— Кутубхонамиз жами 13056 дона китоб фондига эга, — дея сўз бошлайди Дилфуза опа. Бунда дарсликлардан тортиб, бадиий нашрлар, хитой ва корейс тилидаги адабиётлар ҳамда турли йўналишдаги китоблар мавжуд. Шундан 419 тасини бадиий адабиётлар ташкил этади. Мактабимизда 870 нафар ўқувчи таълим олади. Уларнинг 560 нафари кутубхонага аъзо.
Суҳбатимиз шу жойга келганда мактаб қўнғироғи жиринглаб, ўқувчиларни танаффусга чорлади. Бир зумдан сўнг кутубхона ичи китоб сўраб келган ўқувчилар билан тўлди. Бўй-бастига қараб, уларнинг бошланғич синф ўқувчилари эканлигини илғаш қийин эмасди. Шунингдек, улар орасида 5-7-синф оралиғидаги ўқувчилар ҳам бор эди. Уларни зимдан кузатдим: ўқувчиларнинг китоб ўқишга иштиёқи чакки эмас. Кутубхоначи опани ҳоли-жонига қўйишмаяпти. Лекин, негадир улар орасида юқори синф ўқувчилари кўринмайди? Ё дарс машғулотларининг кўплигидан вақтлари бўлмаяптимикин, уларнинг? Буёғи олий ўқув юртига тайёргарлик кўриш, дегандай...
Саволларимга аниқлик киритиш мақсадида Дилфуза опага юзланаман:
— Юқори синф ўқувчилари ҳам кутубхонага тез-тез кириб туришадими?
— Биласизми, — дейди Дилфуза опа кулиб, — юқори синф ўқувчиларининг аксарияти гўёки ўзларини еттинчи осмонда сузиб юргандай ҳис қилишади. Ҳозир уларнинг ҳис-туйғулари жўш урган, кўрган нарсасига тақлид қиладиган, ўзларига ўзлари маҳлиё бўладиган бир пайти. Лекин, улардаги китобхонликнинг сусайишига булар асосий сабаб бўла олмайди. Мисол учун, 11-синфдаги 29 нафар ўқувчидан бор-йўғи 3-4 нафаригина кутубхонага аъзо. Нега, деганда, улар ўзларига керакли китобларни кутубхонадан топа олишмайди. Яъни, лотин алифбосида чоп этилган бадиий адабиётларнинг аксарияти 7-8-синфгача бўлган ёшдаги ўқувчиларга мўлжалланган. Юқори синф ўқувчилари учун эса саноқли асарлар бор. Ойбекнинг «Навоий» романи, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз»и, Ғафур Ғуломнинг «Ёдгор» қиссаси, Пиримқул Қодировнинг асарлари...
— Ўқувчиларда китобга меҳр уйғотишда кутубхоначининг ўрни катта. Бу борада сиз қандай ишлар қиляпсиз?
— Тез-тез ёзувчи-шоирларни мактабимизга таклиф қиламиз. Ўқувчиларни қизиқтирган асарлар муаллифлари билан учрашувлар ўтказамиз. Албатта, бу яхши самара беради.
— Кутубхоначилик иши жуда машаққатли, — дейди Дилфуза опа. — Китобларни ҳужжатлаштириш, дарсликларни тақсимлаш, ижара дарсликларининг ҳисоб-китоби. Кутубхоначилик билан бирга 14 соат меҳнатдан дарс ҳам бераман. Яқинда бир воқеага дуч келдим Китобхонлик карточкаси етишмаётганди. Туман ХТБга янги карточка сўраб борсам, кутубхонашунослик бўлимидагилар анави ерда донаси 25 сўмдан турибди, сотиб ола қолинг, — деб бамайлихотир жавоб беришди. Сизга айтсам, мана шундай ечими топилмаган ҳолатлар ҳам учраб туради. Начора, йўқдан кўра, битириб кетган ўқувчиларнинг эски карточкаларига қоғоз ёпиштириб, янгисини ясаб қўя қоламиз.
***
Керакли китобини мактаб кутубхонасидан тополмаган ўқувчи уни китоб расталаридан қидиради. Расталарда эса бу китоблар бормикан? Бугун ўқувчилар қайси китобларга эҳтиёж сезмоқда? Шунингдек, китобларнинг нархлари мактаб ўқувчисига оғирлик қилмаяптими? Бу ҳақда пойтахтимиздаги китоб расталарида савдо қилаётган сотувчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Мавлуда Ғозиева: — Ҳозир расталаримизда яхши сотилаётган китобларнинг асосий қисмини бадиий адабиётлар ташкил этади. Кейинги пайтда «Шарқ» нашриёт-матбаа АК «Аср ошган асарлар» рукни остида бир қанча асарларни, жумладан, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ойбекнинг «Навоий», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асарларининг ҳар бирини 10000 нусхада китобхонлар эътиборига ҳавола этди. Бу нашрлар лотин алифбосида чоп этилганлиги билан ёш китобхонларга қулайлик туғдирмоқда. Шунингдек, нашриётнинг «Жаҳон саргузашт адабиёти» рукнида чиқараётган китоблари — Жюл Верннинг «Ўн беш ёшли капитан», «Капитан Гранд болалари» асарлари, қолаверса, Ойбекнинг «Болалик», Д.Дефонинг «Робинзон Крузо», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» асарлари ҳам 5000 нусхада лотин алифбосида мактаб ўқувчилари учун севимли тортиқ бўлди.
Ўқувчи-ёшларимиз биздан Алишер Навоийнинг 1997 йилда чоп этилган мукаммал асарлар тўпламини (1-20 томгача), Мунаввар Қори, Фитрат, Чўлпон цингари истиқлол фидойиларининг танланган асарлар тўпламларини кўп сўраб келишади. Алишер Навоийнинг мукаммал асарлар тўплами анча тақчил. Изоҳли луғат, русча-ўзбекча луғатлар йўқ, деса ҳам бўлади. Улар яна қайта, айниқса, лотин алифбосида чоп этилса, китобхонлар томонидан қўлма-қўл бўлиб кетишига ишонамиз.
Растамиздаги китобларнинг нархларига келсак, қадр-қийматига қараб, у ўрта ҳисобда 1500 дан 2500, 3000 сўмгача сотилмоқда.
***
Китоб — тафаккур қаноти. Бу қанот қанча мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китоб, асар сўзи замирида бадиият ётади. Бадиият эса ҳар қандай кўнгилнинг маҳсули бўлавермайди. У ҳеч қачон инсонларни жаҳолатга етакламайди. Шунинг учун ҳам у азиз, шунинг учун ҳам у қадрли.
Носир Боймирзаев.

Қиз туғилишига аёллар сабабчими?

Яқинда тошкентлик бир қариндошимиз қўшнисининг дод-фарёд қилиб йиғлаётганини айтиб қолди. Айтишича, унинг бешта қизи бор экан. Олтинчисига ҳомиладор бўлгач, эри уни қўярда-қўймай «УЗД»га олиб борибди. Шифокорлар текшириб кўриб, туғилажак бола қизлигини аниқлабди. Бундан фиғони фалакка чиққан эр: "Бу болани олдириб ташлайсан, бўлмаса уйга қайтмайсан", деб туриб олибди. Ноилож қолган аёл кўзида ёш билан хўжайини иккаласи таниш гинекологга учрабди. Аёлгинани жони минг бир азобда қолиб, ҳомиласини олдирибди. Кейин гинеколог унинг ўғил бола эканлигини айтганида онаизор фарёд солиб, йиғлай бошлабди. Чунки у ўғлининг туғилмасиданоқ қотилига айланганди. Эр эса қилган ишидан мулзам бўлиб, нима дейишини билолмай қолибди.

—Куни кеча олдимга икки нафар қизчасини етаклаб ҳомиладор бир аёл маҳзун қиёфада кириб келди,-—дея гап бошлади Қибрай шаҳарчаси Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Раши-да Тошматова.—Ҳа, нима бўлди?—дея сўрадим аёлдан.
—Опажон, энди нима қиламан, эрим уйдан ҳайдаб юборди,—дея жувон йиғлаб юборди.
—Нимага ҳайдайди? Бу норасидаларни кўзи қандай қийди? Айбингиз нима экан?
—Кўриб турибсиз, икки фарзандим ҳам қиз. Ҳозир учинчисига ҳомиладорман. Яқинда эрим мени қўярда-қўймай «УЗД»га туширди. Дўхтирлар текшириб кўриб, ҳомилани "қиз" дейишди. Буни эшитган эримни фиғони фалакка чикди. Кейин "Менга ўғил, меросхўр керак. Эртага ўлсам тобутимни кўтарадиган ўғил туғиб берадиган хотин керак", дея нақ қиёмат қойим қилди. Мен хўжайинимга "Худойим ўғилми, қизми берса ҳам шукр қилинг. Тирноққа зорлар қанча. Эртага қизларингиз ўнта ўғилнинг ўрнини босади", десам устимдан мазахлаб кулди. "Учта қиз—учта гарнитур, яна қанча сарпо-суруқ дегани, мияси айниган кампир", деди. Хуллас бизни уйдан қувиб солди. Энди шу ҳолимда қандай қилиб ота-онамникига қайтиб бораман? Эшитганлар нима дейди? Айбим— қиз туққанимми?—дея аёл янада қаттиқроқ йиғлай бошлади.
—Жон қизим тинчланинг. Фарзандингизнинг ўғил ёки қиз бўлиши сизга боғлиқ эмас. Ўзбегимнинг бир мақоли бор: "Нима эксанг шуни ўрасан". Бу гапни эркаклар унутмасалар бўлгани. Эҳтимол ҳомилангиз ўғилдир. Ахир аппаратлар ҳар доим ҳам тўғри кўрсатавермайди. Яқинда тошкентлик бир қариндошимиз қўшнисининг дод-фарёд қилиб йиғлаётганини айтиб қолди. Айтишича, унинг бешта қизи бор экан. Олтинчисига ҳомиладор бўлгач, эри уни қўярда-қўймай «УЗД»га олиб борибди. Шифокорлар текшириб кўриб, туғилажак бола қизлигини аниқлабди. Бундан фиғони фалакка чиққан эр: "Бу болани олдириб ташлайсан, бўлмаса уйга қайтмайсан", деб туриб олибди. Ноилож қолган аёл кўзида ёш билан хўжайини иккаласи таниш гинекологга учрабди. Аёлгинани жони минг бир азобда қолиб, ҳомиласини олдирибди. Кейин гинеколог унинг ўғил бола эканлигини айтганида онаизор фарёд солиб, йиғлай бошлабди. Чунки у ўғлининг туғилмасиданоқ қотилига айланганди. Эр эса қилган ишидан мулзам бўлиб, нима дейишини билолмай қолибди.
Шунинг учун синглим, сиз йиғламанг. Унда кўра иродали, сабрли бўлинг. Қизни берган Худойим ўғилни ҳам беради, дея аёлни етаклаб кўчага чикдим.
Дарвозасини тақиллатдик. Эри чиқиб келди. Мени кўриб, хотинига қараб хумрайди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, у эркакни аввал роса мақтадим. Сал чиройи очилди. Ўтирганимиздан сўнг қизи бор оилалар ҳақида, қизларнинг меҳри-бонлиги-ю ғамхўрлиги ҳақида хўп гапирдим. Фарзанднинг ўғил бўлиши асосан эркакка боғлиқлигини гап орасида қистириб ўтдим. Эркак ажаблангандек менга қаради. "Ишонмасангиз дўхтирлардан сўраб кўринг", дедим. Шундан сўнг хотинини энди ҳайдамасликка сўз берди.
У ердан қайтаётиб Мавжуда аммамнинг ҳаёти кўз олдимга келди. Аммамнинг умр йўлдоши 1941 йилда кўнгиллилардан бўлиб урушга кетган экан. Аммам қўлида уч ойлик қизалоғи ва катта ҳовлида қайнонаси билан ёлғиз қолган. Эрини садоқат билан кутиб, сув келса симириб, тош келса кемириб яшай бошлаган. Афсуски бир йил ўтиб, турмуш ўртоғидан қора хат келган. Аммо аммам бу хатга ишонмай, қачонлардир эри эшикдан кириб келишига ишониб, умид билан яшайверган.
Орадан йиллар ўтган. Бир куни аммамга акаси: "Ёлғиз қиз билан ёш умрингни беҳуда ўтқизмоқчимисан? Болангга ота керак", дебди.
Шунда аммам "Мен турмушга чиқсам фарзандимни олиб кетарман, аммо қайнонамнинг кўзларини жав-
диратиб қаёрга ташлаб кетаман?
У шўрликнинг ҳоли нима кечади.
Ёлғизгина ўғлидан айрилгани каммиди? Менсиз, неварасиз қандай яшайди?" дея саволга кўмиб ташлабди. Акаси эса шу-шу бу ҳакда оғиз очмайдиган бўлибди.
Аммам қизини еру кўкка ишонмай вояга етказибди. Сўнгра фарзандини обру-эътиборли бир хонадонга узатибди. Ҳозир аммамнинг олти нафар невараси бор ва уларнинг барчаси уйли-жойли бўлишган. Хуллас, аммам ёшлигида қийналган бўлса, кексайганда қизининг ортидан роҳатини кўрди. Бир аёл ҳавас қилгулик бахтли ҳаётга эришди, орзу-мақсадларига етди. Ҳа, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Албатта, оилада ўғил ҳам, қиз фарзанд ҳам бўлгани яхши. Лекин Яратган Эгам ким нидир ўғилдан қисган бўлса, аёлда нима айб? Ўғил фарзанди бўлиб, бахтсиз яшаётган оилалар қанча. Аксинча, бугун ўғлидан эмас, қизидан кўраётган оилаларнинг сон-саноғи йўқ. Ота-боболаримиз бежизга ёшларга имон берсин деб айтишмаган.

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Бола тарбиялаётган ота-онанинг ўзи тарбияланганми?

 

 

 

Одамлар орасида бўлганимизда болаларидан нолиб, шикоят қилиб, улардан меҳр-оқибат талаб қилиб юрганларни учратамиз, эшитиб қоламиз. Ҳатто фарзандларидан оқибат кўрмаётган  ота-оналарга ачиниб ноқобил фарзандлардан ёзғириб ҳам қўямиз, баъзида. Аммо биз кўп ҳолда вазиятга бир томонлама ёндашиб ўрганганмиз.  Мулоҳаза қилинганида  аён бўладики, айни чоғда ўғил-қизидан нолиб, фарзандларини меҳрсизликда айблаб юрганларнинг аксарияти болаларига берган тарбиясининг натижасидан “баҳраманд”  бўлишяпти.  Халқда, “ҳар ким экканини ўради” деган ибратомуз нақл бор. Бу ҳикмат айнан фарзанд тарбиясига  қарата айтилган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, бола тарбиясида ота-она

Экканини ўради!

Иттифоқо қаердир ўқиганим бир ҳикоят ёдимга тушди:
Бир йигит ўз oтaсини ҳaқoрaт қилиб ураётганини кўргaн oдaмлaр нaфрaтлaниб, у aдaбсиз ўғилгa ҳужум қилмoқчи бўлибдилaр. Йигитнинг oтaси эса oдaмлaрни тўxтaтиб:
— Бирoдaрлaр, ўғлимгa ҳужум қилмaнг, бу ишдa ўғлим эмaс, ўзим aйбдoрмaн. Йигитлигимда бир кун xудди мaнa шу eрдa oтaмни ҳaқoрaт қилиб ургaндим. Oтaмгa қилгaн aндишасизлигим жaзoсини ўзим ҳам тортиб турибмaн. Отaмгa қaндaй муoмaлa қилгaн бўлсaм, бугун ўшaндaй муoмaлa ўз ўғлимдaн қaйтди. Экканимни ўраяпман, биродарлар. Мeн oтa-oнaмни ҳурмaт қилмaдим, диллaрини oғритдим. Улaр мeндaн нoрoзи бўлиб кeтдилaр. Энди ўғлим aйбдoр эмaс, бирoдaрлaр, aйб ўзимдa,- дeб ўксиниб-ўксиниб йиғлaган экан, йигит oтaсининг сўзлaридaн тaъсирлaниб, дoд-фaрёд қилибди. Дaрҳoл oтaсини қучoқлaб, ўпиб, ундaн узр сўрaбди. Oтa ҳaм ўғлининг гунoҳини кeчириб юборган экан.
Қиссадан ҳисса лўнда: ҳар ким экканини ўради.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бола атак-чечак қадамлар билан дунёга қадам ташлаётган бир пайтда, биз — ота-оналик масъулиятини тўла англамай, унинг мартабасидан ҳаволаниб юрган бир тўп ғофиллар фарзандимизга энага ёллаб ёки опа ё синглимиз, умуман бирор яқинимизга ташлаб пул топиш, мол-дунё йиғиш дардида изғиб юраверамиз.  Ора-сирада сўраганларга, “бола-чақани деб югуриб юрибмиз-да” деб қўямиз. Ҳаттоки фарзандларимизга  “сизларни деб куну туним баробар бўлиб тентирайман, сизлар учун ишлаяпман” деб писанда қилиб қўйишни ҳам унутмаймиз. Умуман олганда, фарзандимизга маънавият, одоб-ахлоқ, бурч ва масъулиятни ўргатишимиз керак бўлган пайтларда биз дунёвий ҳаваслар оғушида маст бўламиз. Ён-атрофимиздагиларга қараб ҳасад ва кибрдан ёрилай деймиз.  Югурамиз, чопамиз. Кечқурун нажот истаб, меҳр кутиб оёқларимизга ёпишган қизалоғимизни жаҳл билан нари итарамиз:
—    Бор, ёпишма, нариги хонага ўтиб ўйналаринг! Ўзим итдай чарчаб, бир аҳволда келдим..
Мунчоқдек кўзларига мунг тўлади бояқишнинг. Тирикчилик ташвишида тошдан қаттиқлашиб қолган қалбимиз жигарбандимиз кўзидаги мунгни қайдан англасин?! Ёки фақат пул топиш, қўшнимиздан бойиб кетиш режасидаги ўйлар ғалаёнида нотинч бўлган ҳиссиз юрагимиз билан бугун мактабда аъло баҳо олиб, ўқитувчисидан олқиш эшитган ўғилчамизнинг қувончига қандай шерик бўламиз?! Ўзимиз, ўзимиз уларни меҳрсиз, тошбағир қилиб ўстирамиз. Ҳали мурғаклигидаёқ юракчаларини тошга айлантириб бораверамиз, бораверамиз...  Кези келиб, қилмишларимиз пировардида болаларимиздан оқибат кўрмай, эътиборга муҳтож бўлиб қолганимизда эса таниган-танимаганларга зурриётларимиздан шикоят қилиб айюҳаннос солиб юрамиз. Афсуски, шундай...

Отанинг дастидан...
—    Асли водий шаҳарларининг бириданман. Эллик йил аввал Тошкентга узатилдим. Онам, “тоғамнинг ўғлига сени узатаман, орадаги қариндошлик ришталари узилмасин” дегандилар. У пайтлари ота-онанинг истаги ҳукм ўрнида эди, кўнмай қаёққа ҳам борардим. - дейди таҳририятга қўнғироқ қилиб кўз ёшларини тиёлмай аччиқ қисматини ҳикоя қилган онахон. - Бизга “хотин эрнинг мулки, эркак нима қилганда ҳам хотин сабр билан чидаш бериши керак, эрдан келган озорни эҳтиром билан қабул қилишинг лозим” деб тарбия берганлар. Турмуш қурганимиздан то ҳанузгача, эримдан бир оғиз яхши гап эшитмадим, бир бурда беминнат нон емадим. Лекин тиш ёриб бировга дардимни дастурхон қилмаганман ҳам. Фақат ҳозирги айрим ёшларнинг арзимаган майда-чуйда дилхираликларни важ қилиб, эрига ҳурматсизлик қилиши, турмушдаги кичик қийинчиликлардан фожиа ясаб оиласини бузишгача бораётганини кўриб, эшитиб, тақдиримни мисол келтириш билан ундайларни тўғри йўлга бошлашни мақсад қилдим. Тақдирдан нолиш —Аллоҳга исён қилиш. Не кунларни кўрган бўлсам ҳам, тақдиримдаги  битик шу экан, деб сабр қилиб яшадим. Аммо эримнинг қилмишлари жабрини фарзандларим тортаётганини кўриб, тўғриси чидай олмаяпман. Бир неча марта кўчадан енгилтак аёлларни уйга бошлаб келиб, кўз олдимда хиёнат қилган. Камига мени таҳқирлаб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, хўрларди. Оёғи гўрга борибди-ки, ақли кирмади, ўзини ўнгламади. Ҳозиргача менга кўзи тушса, илон пўст ташлайдиган ҳақоратларни ёғдиради. Ўй-фикри бузуқ хаёллар билан банд, зинокор эримнинг менга қилган жабру жафолари бир томон, бегуноҳ фарзандларимнинг отаси содир қилган қилғиликлар касрига қолаётгани бир томон бўлди. Айтсам, биров ишонмайди, Худога рост, иймонсиз эрим келинимга ёмон кўз билан қараб, ўғлимнинг гулдай оиласини бузди, икки неварам икки томонда сарсон бўлиб, бири ота, бири она меҳрига зор бўлиб ўсишяпти. Ўғлимни иккинчи маротаба уйлантирдим. Шукр, бахтимга келиним оқила, фаросатли чиқди. Чидаяпти, сабр қиляпти. Қизларим эри, қайнбўйинлари олдида хижолат чекиб, бўйнини қисиб юради. Болаларимнинг қисматида айбдор бўлмай, қизларим борган жойида таъна -маломат эшитмай, тиниб-тинчиб кетишсин деб эримдан кўрган зулмларни бировга билдирмадим. Қариган чоғида чолим биздан бўлак яшаяпти.

Маҳалла -куйда яна ўғлимнинг боши эгик...
Одам боласи фарзандини ўйламаса, унининг тақдирига дахлдорлигини, ҳар бир яхшилигию ёмонлиги ажрини фарзандида кўришини англамаса, кечирасизу ҳайвондан баттар бўлиб қоларкан-да. 
Айримлар ота ё она бўлишни фақат насл қолдириш деб ўйлайди, назаримизда. Ваҳоланки, Яратган Эгам насл қолдириш хусусиятини ҳайвонлару  паррандаларга, умуман ер юзидаги барча жонзотга тақдир қилган. Қўполроқ қилиб айтганда бола туғдиришу бола туғишга ваҳший ҳайвонлар ҳам қодир. Инсоннинг фарқи —тарбияда, масъулиятда, фарзандига инсоний фазилатларда ўрнак бўлишда! Биз вазиятнинг шу томонини ҳисобга оляпмизми? Аниқ ишонч билан айта оламизки, ҳамма ва ҳамиша ҳам эмас! Хўш, нега? Сабаблар кўп. Асосийси эса

Ота-онанинг фарзанд тақдирига эътиборсизлиги!
Моҳиятан таҳлил қиладиган бўлсак, болаларимизни жуда ёш, ҳали улар ўзлари болалигидаёқ, оиланинг муқаддаслигини ҳис қиладиган бўлмаслариданоқ уйлантирамиз, узатамиз. Ота-онасидан, ўз оиласида меҳр кўрмаган, эсини таниб дунёга назар ташлаганидан кўргани пул топиш, тўкин яшаш учун эрта кетиб кеч қайтадиган ота-онасини кўрган бола эртага турмуш қуриб, фарзандли бўлгач, боласига қандай тарбия берсин? Ундай оиладан чиққан одам  дунёда “тарбия” деган сўз борлигини, фарзандли бўлган кишининг елкасига масъулият юкланишини қандай англасин?!
—    Айрим пайтларда эримнинг қилғиликларини кўриб ҳам жаҳлим чиқади, ҳам раҳмим келади,- дейди бир дугонам. Эр-хотин уйда болалар билан ўтирганимизда, ўғилчамними, қизчамними ўйната туриб уларни йиғлатиб қўяди. Бир куни қизчам тўлиқиб - бўғриқиб йиғлаб олдига келди. Нима гаплигини сўрасам, “дадам бурнимдан чимчиладилар, қаранг қон оқяпти” деб қон тўла кафтчасини кўрсатди. Ўғимнинг ҳам сонларини кўкартириб чимчилайди, баъзан болалар ўйнайдиган ўйинчоқларни яшириб қўйиб уларни йиғлатиб ўзи роҳатланади. Руҳий касалми, деб ўйласам, туппа тузук ақлли, олий маълумотли врач бўлса. Ўйласам, биз хўжайиним билан синфдош эдик. Ўқувчилик давримизда у тез-тез юз-кўзи қонаган, боши ёрилган, гоҳида қўллари гипсда мактабга келарди. Болалар, “дадаси ичиб келиб онасига қўшиб буларни ҳам дўппослайди” деб масхара қилишарди. Улғайиб жамиятда ўрнини топган бўлса-да, ҳануз болалигида кўрган кечирганлари ҳаётида таъсир кўрсатяпти. Эрим ёмон одам эмас, болаларимизни ҳам яхши кўради. Лекин меҳрини кўрсатиш учун уларга озор етказиб қўйишини тушунмайди. Унинг феълидаги бу хусусиятлар ҳақида таниш руҳшунос билан суҳбатлашганимда, у  “эрингиз оиласида ота-онасидан меҳр кўрмай ўсган. Балки болалигида ота-онаси болаларининг кўз олдида кўп жанжаллашишган ёки эрингизни кўп калтаклашган, бу унинг руҳиятида чуқур из қолдирган. Шунинг учун ҳам эрингиз болаларига ўзи истамаган ҳолатда озор беради” деди. Унинг гапларини эшитиб тўғриси эримга жуда раҳмим келди. Ахир руҳшунос уни тўлиқ билмайди, болаликдаги ўтмишидан бехабар ҳолатда эримга тўғри ташхис қўйганди-да. Ҳаётда оилавий муҳит, ота-онанинг фарзандига муносабати ҳар қадамда кишига таъсир кўрсатишига яна бир бор амин бўлдим...

Оиламиз нотинч эди...
Ёшликнинг бебош кўчаларида янглиш қадам қўйган ёш-ёш қизчалар, ахлоқ тузатиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган йигитчаларни суҳбатга тортсангиз, жавоблар бир-бирини такрорлайди:
—    ... Онам ўлганидан кейин дадам бошқа хотинга уйландилар. Биз билан қизиқмадилар. Қаерга боришимни, кимлар билан учрашишимни сўрамасдилар...
—    ... Дадам ҳар куни ичиб келиб онамни дўппослардилар, онамни қутқармоқчи бўлсам мени ҳам урардиар. Уйдан чиқиб кетганман...
—    ...Ота-онам хорижга ишлагани кетганлар. Бизга бувим қарардилар. Уларга қулоқ солмай шу йўлга кириб кетганман...
—    ...Оиламиз нотинч эди. Ураш жанжаллардан безиб, уйдан бош олиб кетгандим...- ва ҳоказо ва ҳоказолар... 
Фарзандимиз тақдирида салбий таъсирни энг аввал ўзимиз берамизу, лекин ҳеч қачон айбимизни тан олмаймиз. Тан олгимиз келмайди. Аксинча, қоқилиб бурни қонаган боламизни баттарроқ койиймиз:
—    Кўзингга қарасанг бўлмайдими? Сен қачон одам бўласан-а?!..

Юракдаги оғриқ
—    Ота-онамнинг инон-ихтиёрлари билан турмушга чиққан эдим. Гарчи келинлик уйимда қайнона-қайнотам, эрим ва  қайнбўйинлардан бир оғиз ширин сўз, ҳурмат эътибор кўрмаган бўлсам-да, аввало фарзандимни деб, қолаверса, ота-онамнинг обрўларини ўйлаб ҳар қандай  йўл билан бўлса ҳам оиламни сақлаб қолишга уриндим, -дейди маълум сабабларга кўра турмуши бузилган ҳамкасб опамиз.- Аммо ҳеч иложи бўлмади, барибир дарз кетган оилани асраб қололмадим. Ажрашганимдан кейин бир бола билан ота уйимга қайтиб, кўрганим изтироб, эшитганим таънаю дашном бўлди. Тушкунликка тушиб, қийналиб-эзилиб юрганимда ота-онам маънавий қўллаб – қувватлаш, кўнглимни кўтариб, яхши кунларга умид уйғотиш ўрнига тинмай мени айблайверишарди.  Онам бир неча марта “Сенга асл матолардан қанча кўрпа-кўрпачалар қилгандим, сепингга фақат қимматбаҳо нарса-буюмлардан қилгандим. Шунча нарсани ўтга совурдинг” деб аллақайдаги буюмларга ачинардилару, менинг ўн йиллик умримга, кемтик бўлган кўнглимга, синган бахтимга ҳеч куйинмасдилар. Бошимга тушган оғир кунларни бир ўзим енгиб ўтдим. Болам билан ижарама-ижара юриб, не кунларни кўрмадим. Шукр, ҳаммаси ўтиб кетди. Ҳаётим изига тушиб кетди, қийин кунларимни эртакдай эслайдиган бўлдиму ота-онамнинг ўша пайтлардаги совуққонлиги бир умрга юрагимдан кетмайдиган доғ бўлиб қолди-да...
Эътибор берган бўлсангиз, мулоҳазаларимиз аввалидан охирига қадар фақат бир фикр атрофида — ота-онанинг фарзанд тақдирига дахлдорлик ҳиссини, бола фитратида ота-оналарнинг ўзлиги намоён бўлиши хусусида мушоҳада юритяпмиз. Замондош, сизнингча, бугунги кун ота-оналарининг ҳам юқоридаги хулосалар хусусида чуқурроқ ўйлаб кўришлари мавриди келмадимикан? Зеро, фарзандларимиз биздан кўра соғлом, ақлли, кучли ва албатта бахтли бўлишлари учун аввало улар юксак маънавият, гўзал ҳусну хулқ ҳамда энг чиройли тарбия билан зийнатланган бўлишлари даркор эмасми? Нима дедингиз?

Умида АЗИЗ