1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хотиннинг гапига кириб...

 

 

 

Турмушларига ўн беш йил бўлди. Аллоҳ уларга туҳфа этган жаннатий чечаклари - бир қиз ва икки ўғил фарзандлари бор. Ҳамиша уларнинг ҳидидан бахт исини туйиб юришади. Улар борига сабр ва қаноат қилиб, тинч ва саодатли умргузаронлик қилаётгандилар.
Бир куни Раҳима эрига:
- Ўғилларимиз улғайиб қолди. Энди уларни суннат қилишимиз керак, - деди. Албатта, аёлнинг хоҳишига кўра суннат маросими жуда дабдабали ўтиши керак эди. Эри унга қарши чиқди:
- Онаси, кел, ўз имкониятларимизга қараб, исрофгарчилик ва нобудга йўл қўймай ихчамгина тўй қиламиз. Фарзандларимиз улғайиб келишяпти, Худога шукр. Болалар катта бўлгани сари уларнинг орзу-ҳаваслари, эҳтиёжлари ҳам ортиб кетавераркан. Давлатимизни исроф қилиб, риёкорликка юз тутмайлик-да, ундан кўра болаларимизнинг соғлиги, илм олиши, келажакда ҳақиқий  баркамол инсон бўлиб етишишлари йўлида имкониятимиз ва маблағимизни сарф этайлик.
Йўқ. Ҳар сафаргидек эркакнинг мулоҳазалари хотинининг дийдиёлари ва норозиликлари остида қолиб кетди. Бор-будларини, турмуш қурганларидан бери рўзғор қилиб тўплаганларини суннат тўйи баҳонасида совура бошлашди. Яна Раҳиманинг орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш учун эри таниш-билиш, хеш-ақраболардан қарз кўтарди.
Тўй ўтди. Довруғи етти маҳаллани тутди. Тўй бериб, ташвишлардан ҳориган эр-хотин уч-тўрт кун ҳашамдор ўтган маросимларининг завқидан оғизлари қулоққа етиб юрдилар. Хотини ва фарзандларининг қувончидан Абдураҳмоннинг завқи келса-да, у астойдил қувона олмас эди. Чунки, дабдабали тўй бериш учун олган қарзлари эркакнинг қувончига қарши қилич яланғочларди. Шундай кунларнинг бирида  катта ўғилчасининг соғлигидаги муаммолар оилани ташвишга сола бошлади. Тўй садолари, карнай-сурнай наволари таралган уйга, бир ҳафта ўтиб-ўтмай маҳзунлик ва маъюслик аро алланечук кўнгилни хира қилгувчи сукунат чўмди.
Катта ўғлининг дардига шифо етмай туриб, кичкинаси ҳам йўтала бошлади ва ярим тунга бориб иситмаю олов ичра оташ бўлиб ёна бошлади. Абдураҳмон нима қилишга, болаларининг дардини қандай енгиллатишга чора тополмай ҳалак эди. Уйга чақирилган шифокорлар ёзиб берган муолажа учун дори-дармонларни олишга пули йўқ. Сотиб, фарзандларини даволашга уйда қўлга илингулик нарса топилмайди. Хотинининг бор-йўқ бир сирға ва бир узугини демаса, сотишга яроқли ҳеч вақо топилмайди. Аммо Раҳиманинг таіинчоқлари келинлик сарпоси, уларни қизига атаган.
Абдураҳмоннинг боши қотди. Хотинининг гапига кириб, бор-будини совуриб, дабдабавозлик қилгани учун ўзини тинмай сўкарди. Лекин айни чоғда бундан бирор наф чиқмасди.
Йўқ, ҳартугул тақинчоқларни сотиш Раҳиманинг ўзидан чиқди. Дарҳол пулини олиб болаларини касалхонага олиб бордилар. Шифокорлар гўдакларда  вирусли гепатит (сариқ касаллиги) аломатларини аниқлашди.  Қатъий тартибда даволанишлари шарт эди. Эр-хотиннинг дарду дунёсини зулмат эгаллади. Улар Аллоҳга кечаю кундуз илтижо қилиб, фарзандларига шифо сўрардилар. Раҳима эса, илтижолари орасида:
— Эй, Яратган Эгам, менинг қандай гуноҳларим бор эди-ки,  гўдакларимни дардга мубтало этдинг? — дея иддао қилишдан ҳам тортинмас эди. Абдураҳмон аёлига норози тикилди.
«Ахир, Аллоҳ берган неъматларни риё йўлида сарфлаш, имконияти етмай туриб, қарз-қавола билан дабдабали тўй қилиш гуноҳ эмасми?! Тўйимиздан кейин қанча-қанча ноз-неъмат, нонлар, таомлар увол бўлмади?! Ёз фасли бўлгани учун эрталаб тайёрланган егулик, тушгача айниб, ҳидланиб қолаверди. Кейин қайта-қайта тайёрланарди. Бу исроф эмасми?! Исроф ношукрчилик, ношукрчилик гуноҳ эмасми?!” дегиси келди. Бироқ индамади. Болаларининг дарди кўйида адо бўлаёзган хотинини аяди. Болаларнинг муттасил даволаниши уч ой давом этди. Шу уч ойда Абдураҳмоннинг тинкаси батамом қуриди. У эрталаб ишга, ишдан касалхонага, касалхонадан уйга шошилар, маоши касалхона харажатлари ва дори-уколлардан бери келмас, рўзғори чўкиб қолганди. Боз устига қарз берганлар кунда-кунора қарзини сўраб эркакнинг тинчини ўғирлаб қўйишди. Раҳима кундан-кунга сочларига оқ оралаб, қадди букчайиб ёшига нисбатан анча қариб бораётган эрига қараб ич-ичдан эзила бошлади. У эридаги бу ўзгаришни фарзандларининг хасталигидан деб ўйларди. Аммо бир куни укаларидан хабар олишга келган ўн тўрт яшар қизалоғининг гапи аёлнинг мудроқ босган қалбини қаттиқ туртиб юборди:
- Аяжон, мен жуда ҳам хавотирланяпман. Биласизми нимадан, дадам ҳам укаларимга ўхшаб касал бўлиб қолишларидан қўрқаяпман.
- Нега ундай дейсан, офтобим?
- Чунки ҳар куни эшигимизни тақиллатиб укаларимнинг тўйида қарз берган одамлар  келишади. Дадам тунлари ухлолмай чиқадилар. Уйда томоқларидан таом ўтмайди. Улар касал бўлиб қолсалар биз нима қиламиз?..
Ўксиб-ўксиб йиғлаётган қизини овутиш учун Раҳиманинг бисотида таскин сўз топилмасди. У қизининг бошини кўксига босганича бир нуқтага сўзсиз тикилиб қолди. Аёл ўз хатосини, манманлиги ортидаги изтиробларни энди англай бошлаган эди. Аммо кеч. Шундай бўлса-да, Раҳима тавбага чоғланди. Худога ёлворди. Гуноҳларини мағфират қилишини сўраб, фарзандларига марҳаматли бўлишини истаб ўтинди. Энди ҳеч қачон манманликка, ёлғон кибру ҳавога асира бўлмасликка ҳаракат қилишини, ҳамиша эрининг айтганларини қонун билишни ният қилди. Илтижолари орасида,  фарзандларининг дардига шифо бериб, эрининг қарзларидан қутулиши учун имкон  яратишини Аллоҳдан астойдил истади. Эрта тонгда Раҳиманинг кўзлари уйқусизлик ва йиғи зўридан қизаринқираган, вужудида толиқиш ва ҳорғинлик бўлса-да, кўнгли хотиржам эди. У бундай ғалати ўзгариш сирини тушгача англолмай юрди. Туш вақтида қувончдан осмонларга учгулик бўлиб келган эрининг айтганлари, унинг қалбидаги хотиржамлик ва хушҳоллик боисини англатган бўлди:
- Онаси, суюнчи бер, менинг муҳандислик бўйича қилган ихтироим тан олинди. Бугун ишхонамизда мажлис бўлиб, кашфиётимнинг халқ хўжалигида нечоғли фойдали экани қайта-қайта таъкидланди. Шундай қилиб, менга катта мукофот пули тайинланибди. Банкда ҳисоб рақами очиб ўша пулларни ҳисобимга ўтказиб олишим керак. Яна ишхонамдан ҳам яхшигина мукофот пули олдим. Энди болаларимиз тузалиб кетса бўлгани. Сенга аввалгидан ҳам яхшироі тақинчоілар олиб бераман, майлими?
Эри Раҳиманинг кўнгли оғримаслиги учун тўй сабаб олинган қарзлари ҳақида хотинига оғиз очмади. Раҳима эса буни сезиб турганди. Унинг қароқларида ёш айланди. Секингина эрининг кўксига бош қўйди:
- Мени кечиринг, дадаси... ҳаммаси учун...
- Нега ундай дейсан?
- Энди ҳамиша сизнинг гапингизга қулоқ тутаман. Менга ҳеч қанақа дабдаба, элга мақтаниш керак эмас. Менга сиз ва фарзандларим соғ-саломат бўлсаларингиз бўлди... Сизни ва болаларимни қийнаб қўйганим учун кечиринг, дадаси?
Абдураҳмон аёлини овутиш учун елкасидан меҳр билан қучиб олди. Деразадан боқаётган мамнун бобоқуёш оиланинг саодатли ва хотиржам кунлари яқинлигини сезгандек яна-да кўпроқ нур сочаётганди...

Рухшона Фаррух