1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Ёмғир қизи”

 

 

 

Ёмғир ёғаяпти. Нуқул маҳзун хотираларни эсга  солувчи куз ёмғири. Орзу дераза рахига суянган куйи эзиб ёғаётган ёмғирга тикилиб қолди. Шу туришда қанча муддат турганини билмайди, телефони чалган куйдан хаёллари тарқаб кетди. Шерзод экан. Қизиқ, тўйи арафасида Орзуни безовта қилишдан мақсади нима экан? Унга яна нима керак экан? Орзу бир муддат дисплейга термулиб турди-да, аппаратни қулоғига тутди:
—         Алло, ассалому алайкум.
—         Ваалайкум  ассалом. Тузукмисан?
—         Ҳм... Раҳмат.
—         Ҳозир нима қиляпсан? Тўхта, ўзим айтаман. Дераза олдида ёмғир ёғишини томоша қиляпсан. Топдимми?
—         Ҳа...
—         Орзу, тинчликми? Негадир кайфиятинг йўққа ўхшайди?..- Қизнинг бўғзига нимадир тиқилди. Жавоб бергиси келмади. Аммо барибир нимадир дейиши керак.
—         Ўзим шунчаки... Кейинроқ гаплашсак бўладими? Ўзим қўнғироқ қиламан...- Алоқа узилди. Орзу телефонни иш столига ташлаб, яна деразага яқинлашди.
“... Юрагимнинг ойнасига ёғар ёмғир
Бир санамнинг сийнасига ёғар ёмғир...” - деган шундай қўшиқ бўларди. Орзунинг севимли қўшиғи эди у. Ҳозир хаёлига қуйилган қўшиқдан юраги энтикиб кетди. Талабалик даврида шу қўшиқни берилиб эшитарди. Айниқса ёмғир ёққан пайтлари.
—         Бунча романтик бўлмасанг-а? Бунақада реал ҳаётдан узилиб қоласан.
—         Романтика бошқа, ҳақиқий ҳаёт бошқа.
—         Сен хаёлингдаги ҳаётда яшайсан. Бундай яшаш  қийин-ку. Эрта бир кун осмонлардан ерга тушиш фурсати келганда, ўзингга қийин бўлади,- дейишарди дугоналари. Орзу уларнинг ҳеч бирига жавоб қилмасди. Феълимни яратган Аллоҳ, тақдиримни ҳам ўшанга мослаган, фақат у билади бандасига нима яхшию нима ёмонлигини, менга шу феълни тақдир қилибдими, демак шунда ҳам ҳикмат бор, деб ўйларди. У шу феъли билан бирга улғаяверди. Тўғрироғи жисми улғайдию, руҳи ўша-ўша Орзулигича қолаверди.
Балоғатнинг ойдин дамларида у ҳам эртаклардагидек шаҳзодаси ҳақида орзу қилганида кўз олдига ён қўшниси Шерзод келарди. Шерзод унинг болаликдаги ўртоғи. Энди тилчалари чиқиб, атак-чекчак қадамлар билан дунёга  одим ташлаганидан бери Шерзод  у билан бирга эди. Уларнинг болаликдаги ўйинлари ҳам ажабтовур эди. Ўйинларига  бошқа ўртоқларини қўшмай, қишлоқларидаги ёш болалар ўйнайдиган ўрикзор этагида ўзлари ўйнашарди. Орзунинг онаси ҳолвайтарни жуда ширин тайёрларди. Шерзод Орзу олиб келадиган ҳолвайтарни мазза қилиб ерди.
—         Эртага ҳам бирга ўйнаймизми? Яна ўйнагани келасанми, Орзу-у-у-у?..
Унга Шерзоднинг “Орзу-у-у” деб исмидаги охирги унлига урғу бериб чақириши ёқарди. Боғчада ҳам, мактабда ҳам Орзу ёнида Шерзод  бўлгани учунми  ҳамиша ўзини ҳимоячиси бор, бехавотир ҳис қиларди. Еттинчи синфгача бир партада ўтириб, бирга мактабга бориб қайтишди. Сўнг тақдир йўлларини айро  қилди. Ўша куни Шерзод кўзларида ёш билан Орзунинг ёнига келди:
—         Орзу-у-у, шу гап ростми? Холам аямга  сизларнинг пойтахтга  кўчиб кетаётганларингни айтибдилар. Дадангни ишлари ўша ерга кўчирилибиди. Энди кетасанми, Орзу-у-у? Сен шу ерда ўқисанг бўлмайдими? Бувингларникида яшасанг бўлмайдими? Ўзимизнинг мактабда ҳам ўқиб шоира бўлсанг бўлмайдими? Сен аълочи қизсанку, ахир?
—         Тўғри... Лекин у  ерда имкониятлар каттароқ экан. Мен хорижий тилларни ўрганишим керак, Шерзод. Ахир биз катта бўлганимизда чет элларга боришни, ўша  ерда ўқишни орзу қилганмизку. Сен мен билан борсанг бўлмайдими? Тошкентда ҳам бирга ўқирдик...

—         Мен боролмайманку. Буни биласан. Дадам рухсат бермайдилар... Кейин сендай аълочи ҳам эмасман...- Шерзод унга умидворликкамией, илтижогамией ўхшаган аллақандай исмсиз ҳис тўла нигоҳлари билан термулди:- Орзу, агар сени уёқларда биров хафа қилса менга айт. Ўзим уни тийиб қўяман...
Шу бўйи Орзу қишки таътилда  қишлоққа қайтди. Шерзодга китоб совға қилди.
—         Раҳмат, Орзу. Сен Тошкентда ҳам мени эсингдан чиқармабсан. Қўй боққани борганимда  совға қилган китобингни ўзим билан олиб кетаман. Уни албатта ўқиб чиқаман...
Шу зайлда ою йиллар қувалашиб ўтаверди. Вақт уларнинг дунёқарашини ўзгартириб, икковини икки дунё одамларига айлантирди. Гарчанд дунёқараши ўзгариб, кўп нарсага ақли етиб қолган бўлса-да, Орзунинг хаёлий шаҳзодаси ҳам, ҳаётидаги шаҳзодаси ҳам Шерзод эди. Ўзини Шерзодга  аталгандек ҳис қилар, унга изҳори дил қилганларни ҳеч иккиланмай рад қиларди. Таътилда қишлоғига қайтган кезлари Шерзод билан кўп учрашишмас, учрашиб қолганларида ҳам деярли гаплашишмас эди. Орзу бу ҳолни Шерзоднинг уятчанлигига йўярди.
Талабалик йилларида Орзунинг қадамига зор, бир оғиз гапига интиқ, биргина жилмайишининг илинжида юрганлар кўп бўлди. Юрагини Шерзодники деб билган Орзу ҳеч кимнинг изҳорига рўйхушлик бермасди.
Тошкентга кўчиб келишганида биринчи учратгани- яқин дугонаси Гулшан учинчи курсга ўтганларида унаштирилди. Орзу дугонасини бағрига босиб астойдил  табриклаганида, Гулшан синовчан тикилди:
—         Шерзодингдан садо йўқку, Орзу? Сен уни деб яхши йигитларни қўлдан чиқаряпсан. Ишқилиб бир кун афсус қилмасанг бўлди-да. Наҳотки, шу пайтгача ҳам кўнглини очмади?..
—          Қўявер, вақт-соати бордир ҳар нарсани ҳам... – Орзу дилидагиларни дугонасига айтмади. Айтолмади. Ўзи ҳам журъатсиз ошиғидан изҳор кутаётганини, қишлоққа борганида изидан умид билан термулиб қолишини, онасини ҳар замонда ҳар  хил баҳона билан уларникига  чиқаришини гапирмади. “Бир кун севгисини изҳор қилар. Дилидаги туғёни тилига чиқар. Ахир у ҳам мени севадику. Тушларимда ишқини такрор-такрор изҳор қиладику. Бир кун келиб тушларим ўнгидан келар...” Орзуни мана шу умид муҳаббат сари етаклар, Шерзоднинг изҳори дил қилишини ўзича минг турфа ҳолатларда тасаввур этарди.
Хорижда ўқишини давом эттириш учун кетган кезлари онаси  гоҳ телефон орқали боғланганларида, гоҳида интернет орқали гаплашганларида совчилар ҳақида гап очса  қизгинанинг юраги энтикиб кетди: “Ўзимга кўнглини очолмай, уйга совчиларни жўнатибди-да...” Йўқ.  Онаси совчиларнинг ўғли ҳақида гапирганди, умидлари кесилди.
—         Аяжон, ҳали ўқишим бор. Хорижга эндигина келдим. Ҳали икки йил ўқишим керак. Уларни бошқа кутманг...- Кейин уларнинг остонасидан ноумид қайтган совчилар кундан кунга кўпаяверди. Лекин Орзу кутган эшикдан нажот бўлмади.
Таҳсил поёнига етиб юртга қайтганида, ота-онасининг қишлоққа қайтишлари ҳақидаги маслаҳатлари устидан чиқди. Юраги энтикиб кетди. Қишлоғига борса, балки Шерзодга турмушга чиқар... Қишлоғига қайтди. У шаҳзодасини, юрагида узоқ йиллар асраб юрган гавҳари- муҳаббатининг эгасини буткул бошқача  қиёфада кўрди. Бир синфдош дугонасининг тўйига борганди. Тўйдан қайтишда Шерзод Орзуни машинасида ташлаб қўядиган бўлди. Қизнинг юраги потирлаб, қинидан чиққудай бўлиб урар, гўё ҳозир кутгани унга ишқ изҳорини айтиб, бахт томон етаклайди. Гўё еру осмон унинг севгиси ғалабасидан яшнаб, муҳаббатнинг мангилигини тараннум этади. Гўё...
—         Шундай қилиб, қишлоққа ҳам қайтдинг?- Шерзоднинг биринчи саволи шундай бўлди.
—         Ҳм...- Орзу савол оҳангидан бироз оғринган бўлса-да, буни ҳам кўнглига оғир олмасликка  уриниб, йигитнинг тўпорилигига йўйди.
—         Чет элда ҳам ўқидинг дейишди? Шу ўқитувчи бўлиш учун ўзимизнинг мактабларда, ўзимизнинг вилоятдаги Универститетда ўқисанг ҳам бўларди...
—         Энди-и-и, ҳар нарсада ҳам ҳикмат борда. Мен ўқиганимдан афсусланмайман. Ўқитувчилар кўп, лекин ҳақиқий мутахассислар кам. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган гап ҳам бор... Чет элда ўқиган бўлсам, бунинг нимаси ёмон?- Орзу ҳўнграб йиғлаб юборишдан аранг тийди ўзини. Ўн йил кўнгил тўрида асрагани, қалб гавҳари ерга бехосдан тушиб кетдию, чил-чил синиб кетди. Орзу унинг уч ун не-не  йигитларни рад этмаганди. Уни деб тунлари ойга эртак а йтиб, юлдузларга шехр ўқимаганмиди? Шумида у орзу қилган, у кутган шаҳзода?..
—         Мана, синфдош қизлардан кейин бўлиб Маҳзуна ҳам турмушга чиқди. Сен қачон эрга тегасан? Ўқишни деб умрингни ўтказиб юбординг. Ҳозир йигитлар ўзидан камида уч-тўрт ёш кичик қизларга уйланади. Шуни ҳам ҳисобга ол, Орзу.
Шу туни Орзу ўн йиллик муҳаббатига, увол кетган туйғуларига куйиб йиғлади. Чил-чил синган тасаввури ойнасида Шерзоднинг хира акси кўринар, шаҳзодасининг махлуққа айланиб қолганидан ўкиниб ёш тўкди. “Менга аталган БАХТнинг оҳори тўкилмаган!” Шу тун тонг отар паллада  унинг кўнглида шундай аҳд уйғонди. Осмон ҳам унинг аҳдини қўллагандек тонг палласида замин узра оби раҳмат нурларини ёғдира бошлади. Ўшанда ҳам куз эди. Орзу армонлардан беркиниб, куз ёмғирига маҳв бўлиб, хаёлида ҳижоланган сўзларни сатрларга кўчирди:
“...Куз! Хазонларинг шивири хаста,
Мунгли нигоҳимда аксланар ёмғир...
Кўнглим сарҳадидан ўтиб сен аста,
Худди юрагимга ёғяпсан, ёмғир...
... Ўша куздан сўнг яна бир қанча кузлар ўтди. Орзу орзу қасрида  ўзига аталган бахтнинг имосини кутиб куз ёмғирларига туйғуларини тутиб юраверди. Қалб тубида бир истак аҳён-аҳёнда бош кўтариб, ўша нолойиғи- Шерзоддан олдин турмуш қуришни, унинг кўзларини куйдириб келинлик либосида фариштага айланишни астойдил хоҳларди. Одам ниманики  жуда қаттиқ истаса, бутун олам унинг истаги амалга ошишида кўмаклашаркан. Орзу севган куз унга бахтини инъом этди. Пахта мавсумида уларнинг қишлоғига тиббиёт олий ўқув юртининг талабалари штаби жойлаштирилди. Август ойида синф хонасини таъмирдан чиқарган Орзуга, талабаларни у ерга жойлаштириш ёқмади.
—         Гулнора Саидовна, нима бу бебош талабаларга мени хонамдан бошқа жой қуриб қолибдими? Ахир синф хонасини инглиз тили ўқув кабинетига айлантириш учун озмунча қийналдимми? Мен қиз бола бошим билан яна уста қидириб, қурилиш ашёларини ташиб юраманми? Мана, мактаб ошхонасида ётаверишсин!- Орзу директор ўринбосарининг гапини охиригача эшитишни ҳам истамади.
—         Орзухон, жон қизим, ўзинг ҳам талаба бўлгансан-ку.- Табиатан оғир-босиқ, ва хушмуомала Гулнора Саидовна Орзунинг ўқувчилик йилларидаги устози эди. Шогирд қизини феъл-атворини билгани учун  ҳам унга ётиғи билан тушунтиришга уринди. Ёнидаги салобатли, кўринишидан талабаларнинг домласига ўхшайдиган йигитга хижолатли қаради:- Орзухон мактабимизнинг энг фаол ва эркатой ўқитувчиларидан. Энди айбга буюрмайсиз, меҳмон. Бирозгина жаҳли тез бўлгани билан ўзи яхши қиз.- Орзуга қараб гапида давом этди:- Қизим, ошхонага ҳам талабалрни жойлаштирганмиз. Сенинг синф хонангга эса фақат қизларни жойлаштирамиз. Бошқа хоналардан кўра сенинг хонанг иссиқроқ, қизларни соғлигини ўйлаш керак, Орзу...
Синф хонасига жойлашган талаба қизларга бириктирилган домла Орзунинг бошига қўнган бахт қушининг эгаси чиқди. Нима бўлган тақдирда ҳам шу галги совчиларга розилик беришни кўнглига тугиб учрашувга чиқиб... ҳайрат ва таажжубдан қотиб қолди. Ўша кунги домла йигит жилмайиб турарди:
—         Ишқилиб, нега совчи қўйдинг, деб жанжаллашмассиз?..
Орзу кулимсираган куйи ерга тикилди. Бу қизнинг мамнунлигига ишора эди.
Умиджон (домланинг исми) Орзунинг фақат ўзига хос феъл-атвори, хаёлпарастлигини, ёмғирни яхши кўринишини билиб, унга “ёмғир қизи” деб эркалайдиган бўлди. Тўй ҳам кузга белгиланди. Орзу ўзига аталган “оҳори тўкилмаган БАХТ” томон йўл оладиган куни Шерзоднинг кўзларига қарашни, унинг нигоҳларида пушаймонлик изтиробларини кўрмоқликни истарди.  Тақдирнинг ўзи унга ёрдам берди. Тўй арафасида  Шерзод Россиядан қайтди. Негадир Орзуни кўрганида унга илтижоли термуладиган, нимадир демоқчидек туюлар, Орзу ҳаммасини сезиб турган бўлса-да, ўзини унга парво  қилмагандек тутиб, зимдан Шерзодни кузатарди. “Энди фойдаси йўқ. Сен махлуққа айланган шаҳзодасан. Сен ўзингга аталган соф туйғулар қадрини билмаган қалби сўқирсан.” Орзу ортидан ноумид тикилиб қолган йигитдан кўнглида ғашланиб қўярди.
... Тўй куни Орзу гарчи бахтдан ял-ял ёниб турган бўлса-да, кўзлари билан уни изларди. “Сен бахтиёрлигимни, саодат қасрининг маликаси эканимни кўришинг, билишинг шарт!” Орзу куёвнинг қўлтиғидан тутиб , ёр-ёр садолари, дуолар қанотида ота уйини тарк этаётганида қаердандир ўзига ўткир тикилаётган нигоҳлар кучини ҳис қилди. Ҳарир рўмол остидан ён-атрофга тикилди. Ўша! У! Девор панасидан туриб Орзунинг келинлигини томоша қилаётган Шерзоднинг нигоҳларига мунг ўрнашган эди.
—         “Ўшанда мен эрга тегишинг керак деб, сен менга тегишинг керак деган маънода айтгандим, Орзу-у-у.”- Шерзоднинг нигоҳлари ушндай сўзларди.
—         “Сен мени бир умрга йўқотдинг, Шерзод. Сен Мен кутган шаҳзода эмаслигингни исботладинг. Энди мени унут. Мен бахтим остонасига абадий малика бўлиш учун ошиқяпман”. – Орзунинг нигоҳлари жавоб қилди.
—         “Бахтли бўл, Орзу. Алвидо, алвидо, Орзу-у-у-у...”- Орзу Шерзоднинг нигоҳларида ёғилаётган ўкинчга яна бир қур назар ташлаб, оппоқ машинага ўтирди.
“... Сарпо тўлар сандиққа,
Онам унсиз йиғлайди.
Мен қучаман юракни
Ёр армонинг тиғлайди.
Ёр- ёр!
Мени интиқтирган куй,
Бугун сени ҳеч эшитгим келмайди.
Оқ кўйлакка томчилар ёшим,
Сурнай навонг дилга отар ўқ!
Кетяпман, юзингни яшир,
Дарвозадан пойлама бехос.
Эй, журъатсиз!
Айтилмай қолган
Изҳорингни мажнунтолга ос!..” Келинчак Орзу биринчи муҳаббатига айтолмаган таъналарини шеърга кўчириб, болакайларнинг қийқириғи, машиналарнинг сигналлари садоси остида севинч ёшларини тўкиб болалилик маҳалласини тарк этди...

Рухшона Фаррух
(Шеърда ёш шоира Умида Тоғаева шеърларидан фойдаланилди)

 

 

 

Хотиннинг гапига кириб...

 

 

 

Турмушларига ўн беш йил бўлди. Аллоҳ уларга туҳфа этган жаннатий чечаклари - бир қиз ва икки ўғил фарзандлари бор. Ҳамиша уларнинг ҳидидан бахт исини туйиб юришади. Улар борига сабр ва қаноат қилиб, тинч ва саодатли умргузаронлик қилаётгандилар.
Бир куни Раҳима эрига:
- Ўғилларимиз улғайиб қолди. Энди уларни суннат қилишимиз керак, - деди. Албатта, аёлнинг хоҳишига кўра суннат маросими жуда дабдабали ўтиши керак эди. Эри унга қарши чиқди:
- Онаси, кел, ўз имкониятларимизга қараб, исрофгарчилик ва нобудга йўл қўймай ихчамгина тўй қиламиз. Фарзандларимиз улғайиб келишяпти, Худога шукр. Болалар катта бўлгани сари уларнинг орзу-ҳаваслари, эҳтиёжлари ҳам ортиб кетавераркан. Давлатимизни исроф қилиб, риёкорликка юз тутмайлик-да, ундан кўра болаларимизнинг соғлиги, илм олиши, келажакда ҳақиқий  баркамол инсон бўлиб етишишлари йўлида имкониятимиз ва маблағимизни сарф этайлик.
Йўқ. Ҳар сафаргидек эркакнинг мулоҳазалари хотинининг дийдиёлари ва норозиликлари остида қолиб кетди. Бор-будларини, турмуш қурганларидан бери рўзғор қилиб тўплаганларини суннат тўйи баҳонасида совура бошлашди. Яна Раҳиманинг орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш учун эри таниш-билиш, хеш-ақраболардан қарз кўтарди.
Тўй ўтди. Довруғи етти маҳаллани тутди. Тўй бериб, ташвишлардан ҳориган эр-хотин уч-тўрт кун ҳашамдор ўтган маросимларининг завқидан оғизлари қулоққа етиб юрдилар. Хотини ва фарзандларининг қувончидан Абдураҳмоннинг завқи келса-да, у астойдил қувона олмас эди. Чунки, дабдабали тўй бериш учун олган қарзлари эркакнинг қувончига қарши қилич яланғочларди. Шундай кунларнинг бирида  катта ўғилчасининг соғлигидаги муаммолар оилани ташвишга сола бошлади. Тўй садолари, карнай-сурнай наволари таралган уйга, бир ҳафта ўтиб-ўтмай маҳзунлик ва маъюслик аро алланечук кўнгилни хира қилгувчи сукунат чўмди.
Катта ўғлининг дардига шифо етмай туриб, кичкинаси ҳам йўтала бошлади ва ярим тунга бориб иситмаю олов ичра оташ бўлиб ёна бошлади. Абдураҳмон нима қилишга, болаларининг дардини қандай енгиллатишга чора тополмай ҳалак эди. Уйга чақирилган шифокорлар ёзиб берган муолажа учун дори-дармонларни олишга пули йўқ. Сотиб, фарзандларини даволашга уйда қўлга илингулик нарса топилмайди. Хотинининг бор-йўқ бир сирға ва бир узугини демаса, сотишга яроқли ҳеч вақо топилмайди. Аммо Раҳиманинг таіинчоқлари келинлик сарпоси, уларни қизига атаган.
Абдураҳмоннинг боши қотди. Хотинининг гапига кириб, бор-будини совуриб, дабдабавозлик қилгани учун ўзини тинмай сўкарди. Лекин айни чоғда бундан бирор наф чиқмасди.
Йўқ, ҳартугул тақинчоқларни сотиш Раҳиманинг ўзидан чиқди. Дарҳол пулини олиб болаларини касалхонага олиб бордилар. Шифокорлар гўдакларда  вирусли гепатит (сариқ касаллиги) аломатларини аниқлашди.  Қатъий тартибда даволанишлари шарт эди. Эр-хотиннинг дарду дунёсини зулмат эгаллади. Улар Аллоҳга кечаю кундуз илтижо қилиб, фарзандларига шифо сўрардилар. Раҳима эса, илтижолари орасида:
— Эй, Яратган Эгам, менинг қандай гуноҳларим бор эди-ки,  гўдакларимни дардга мубтало этдинг? — дея иддао қилишдан ҳам тортинмас эди. Абдураҳмон аёлига норози тикилди.
«Ахир, Аллоҳ берган неъматларни риё йўлида сарфлаш, имконияти етмай туриб, қарз-қавола билан дабдабали тўй қилиш гуноҳ эмасми?! Тўйимиздан кейин қанча-қанча ноз-неъмат, нонлар, таомлар увол бўлмади?! Ёз фасли бўлгани учун эрталаб тайёрланган егулик, тушгача айниб, ҳидланиб қолаверди. Кейин қайта-қайта тайёрланарди. Бу исроф эмасми?! Исроф ношукрчилик, ношукрчилик гуноҳ эмасми?!” дегиси келди. Бироқ индамади. Болаларининг дарди кўйида адо бўлаёзган хотинини аяди. Болаларнинг муттасил даволаниши уч ой давом этди. Шу уч ойда Абдураҳмоннинг тинкаси батамом қуриди. У эрталаб ишга, ишдан касалхонага, касалхонадан уйга шошилар, маоши касалхона харажатлари ва дори-уколлардан бери келмас, рўзғори чўкиб қолганди. Боз устига қарз берганлар кунда-кунора қарзини сўраб эркакнинг тинчини ўғирлаб қўйишди. Раҳима кундан-кунга сочларига оқ оралаб, қадди букчайиб ёшига нисбатан анча қариб бораётган эрига қараб ич-ичдан эзила бошлади. У эридаги бу ўзгаришни фарзандларининг хасталигидан деб ўйларди. Аммо бир куни укаларидан хабар олишга келган ўн тўрт яшар қизалоғининг гапи аёлнинг мудроқ босган қалбини қаттиқ туртиб юборди:
- Аяжон, мен жуда ҳам хавотирланяпман. Биласизми нимадан, дадам ҳам укаларимга ўхшаб касал бўлиб қолишларидан қўрқаяпман.
- Нега ундай дейсан, офтобим?
- Чунки ҳар куни эшигимизни тақиллатиб укаларимнинг тўйида қарз берган одамлар  келишади. Дадам тунлари ухлолмай чиқадилар. Уйда томоқларидан таом ўтмайди. Улар касал бўлиб қолсалар биз нима қиламиз?..
Ўксиб-ўксиб йиғлаётган қизини овутиш учун Раҳиманинг бисотида таскин сўз топилмасди. У қизининг бошини кўксига босганича бир нуқтага сўзсиз тикилиб қолди. Аёл ўз хатосини, манманлиги ортидаги изтиробларни энди англай бошлаган эди. Аммо кеч. Шундай бўлса-да, Раҳима тавбага чоғланди. Худога ёлворди. Гуноҳларини мағфират қилишини сўраб, фарзандларига марҳаматли бўлишини истаб ўтинди. Энди ҳеч қачон манманликка, ёлғон кибру ҳавога асира бўлмасликка ҳаракат қилишини, ҳамиша эрининг айтганларини қонун билишни ният қилди. Илтижолари орасида,  фарзандларининг дардига шифо бериб, эрининг қарзларидан қутулиши учун имкон  яратишини Аллоҳдан астойдил истади. Эрта тонгда Раҳиманинг кўзлари уйқусизлик ва йиғи зўридан қизаринқираган, вужудида толиқиш ва ҳорғинлик бўлса-да, кўнгли хотиржам эди. У бундай ғалати ўзгариш сирини тушгача англолмай юрди. Туш вақтида қувончдан осмонларга учгулик бўлиб келган эрининг айтганлари, унинг қалбидаги хотиржамлик ва хушҳоллик боисини англатган бўлди:
- Онаси, суюнчи бер, менинг муҳандислик бўйича қилган ихтироим тан олинди. Бугун ишхонамизда мажлис бўлиб, кашфиётимнинг халқ хўжалигида нечоғли фойдали экани қайта-қайта таъкидланди. Шундай қилиб, менга катта мукофот пули тайинланибди. Банкда ҳисоб рақами очиб ўша пулларни ҳисобимга ўтказиб олишим керак. Яна ишхонамдан ҳам яхшигина мукофот пули олдим. Энди болаларимиз тузалиб кетса бўлгани. Сенга аввалгидан ҳам яхшироі тақинчоілар олиб бераман, майлими?
Эри Раҳиманинг кўнгли оғримаслиги учун тўй сабаб олинган қарзлари ҳақида хотинига оғиз очмади. Раҳима эса буни сезиб турганди. Унинг қароқларида ёш айланди. Секингина эрининг кўксига бош қўйди:
- Мени кечиринг, дадаси... ҳаммаси учун...
- Нега ундай дейсан?
- Энди ҳамиша сизнинг гапингизга қулоқ тутаман. Менга ҳеч қанақа дабдаба, элга мақтаниш керак эмас. Менга сиз ва фарзандларим соғ-саломат бўлсаларингиз бўлди... Сизни ва болаларимни қийнаб қўйганим учун кечиринг, дадаси?
Абдураҳмон аёлини овутиш учун елкасидан меҳр билан қучиб олди. Деразадан боқаётган мамнун бобоқуёш оиланинг саодатли ва хотиржам кунлари яқинлигини сезгандек яна-да кўпроқ нур сочаётганди...

Рухшона Фаррух

 

 

 

“Менга таскин эмас, муҳаббат керак”

 

 

 

Бугун якшанбалигига кун ёйилиб, чошгоҳга яқинлашгунича ухладим. Ора-сирада уйғониб Гулиноз ётган хонага қулоқ тутаман. Менимча у ҳам ухлаяпти. Бўлмаса комьпютернинг чиқиллаган овозию, мусиқа товушлари чиқиши керак эди. Нима бўлди экан? Унинг бу пайтгача ухлайдиган одати йўқ эди-ку. Ҳа майли, ухлаётган бўлса ухлаётгандир. Оромини бузмайин. Кеча алламаҳалгача клавиатураларни силаб чиқди ўзиям. Яхшиси нонушта тайёрлайман. Тақир-туқуримдан  Гулиноз ўзи уйғониб кетади. Ўрнимни йиғиштирмай, бет-қўлимни чайиб, ошхонага ўтдим. Идишлар овозию қадам товушимдан Гулиноз уйғониб кетди.
Хоним, ҳеч йўқ якшанбада мазза қилиб ухламайсизми? Одати бўйича менга тонгги биринчи табассумини ҳадя этиб, қўл силкиб қўйди.
— Қандайсиз?- Жилмайиб қўл силкийман мен ҳам.- Уйқум ўчиб кетди, нонушта тайёрлай дедим.- Гулиноз “бош устига хоним” деб ваннахонага йўналди. Феъл- атвори ғалати шу дугонамнинг. Яқинда томдан тараша тушгандай, “энди сизни хоним дейман, биз ҳали каааатттта хоним бўламиз” деб қолди. Нима ҳам дейман, у менга  хоним деб мурожаат этадию, аслида ўзи қайсар хоним. Қайсар бўлса ҳам яхши кўраман. Шу мусофир юртларда бир-биримизга суяниб қолганмиз. Аввал Тошкентда ўқидик, кейин пойтахтпарастлигимиз тутиб ишлаб қолдик. Мана уч йилдан бери хориждамиз. Мен таҳсил важидан Берлинга келадиган бўлдим. Гули аввал оҳуникига ўхшаган чиройли кўзларини ёшга тўлдириб пирпиратиб турди-да, сўнг қатъият билан:
— Мен ҳам кетаман сиз билан. Сизнинг мени бу тош шаҳарга ёлғиз ташлаб кетгани ҳаққингиз йўқ. Мени эса бир тўда ажнабийлар ичига сизни ёлғиз юборишга ҳақим йўқ. Бораверайлик-чи, шу ерда топилган иш ўша ерда ҳам топилар. Ўртамиёна газетада ишласам ҳам, икки йилда анча тажриба орттириб қайтаман,- деб қолди. Тўғриси, унинг бу таклифи менга жуда ёққани билан бирга кўнглимни ҳам ийдириб юборди.
— Сизга қийин бўлмаса бўлди, ёнимдалигингиз менинг хотиржамлигим - дедим уни бағримга босиб. Суҳбатимиздан уч ой ўтиб иккимиз ҳам Германияга келдик. Мана салкам икки йилдан бери шу ердамиз. Худо хохласа икки ойдан кейин юртга қайтамиз. Гулиноз бу ерда немис тилини мукаммал ўрганиш билан бирга, ёшларбоп журналда ишлаяпти. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг газеталарини ҳам “тинч қўймаяпти”. “Юртга қайтганимиздан кейин гонорарларни бир йўла миллион қилиб оламан ҳар бир газетадан” дейди, ҳазиллашиб.  Мен ҳам яқинда илмий ишимни ёқлайман. Ундан кейин яна бу телба кўнгил қайларга бошлайди, Худо билади...
— Хоним, бугун ажойиб бир туш кўрдим. Тушимда биз Бухорода эмишмиз. Сиз билан айланиб юрганимизда, аллақаёқдан иккита оппоқ тулпор ёнимизда пайдо бўлибди. Шўхлигимиз тутиб тулпорларни минволибмиз-да, пойга чоптирибмиз... Бирам тушимга берилиб кетибманки...- Гулиноз столга қаҳва идиши, шакар, сарёқ ва нонни жойлаштира туриб тушини гапира кетди. Қуймоғим бўлди. Нонушта қила бошладик. 
— Бугун нима қиламиз? Ҳарқалай якшанба. Бунинг устига яқинда Ўзбекистонга қайтамиз.Ўқиш ва иш билан бўлиб тузукроқ айланмабмиз ҳам. Эртага таниш-билишлар сўраса, нима деймиз?- Гулинозни биламан. Кўчада сандирақлашни жини суймайди, менга кўнглим учун айтяпти.
— Ҳеч йўқ якшанба куни уйда ўтириб дам олайлик. Бугун сизга мен овқат тайёрлайман. Грециялик ўртоғим Натальядан ажойиб бир таом рецептини ўргандим.
— Фақат ичига аллақанақа карам, қўзиқорин, пишлоқ солмайсиз а?- Кўзларини пирпиратди Гули. Ҳазил-ҳузул билан тамадди қилдик. Нонуштадан кейин одатдагидек компьютерини ёқиб интернетга уланди. Мен ҳам ҳар галгидек телевизор қаршисидаги диванга ёнбошлаб олдим. Қандайдир фантастик кино бераётган экан, берилиб томоша қилаётгандим телефонимнинг чинқириғи чалғитди. Экранда Тожикистонлик дугонам Парвинанинг рақами кўринаётганди.
— Самиражон, мен билан бир жойга бориб келолмайсизми? Бир ўзим боргани оёғим тортмаяпти. Таксида уйингиздан олиб кетаман. Тезюрарда  шаҳар чеккасидаги посёлкага бориб келамиз.  Табиатан бировга рад жавобини беролмайман.  Ҳозир умуман кўчага чиқишни истамаётган бўлсам-да, Парвинага рад жавобини беролмадим. Аммо Гулинозга тансиқ таом ваъда этгандим-ку...
— Гули, мен Парвина билан шаҳар чеккасига кетяпман. Кечгача қайтамиз. Албатта ваъда қилган таомни тайёрлаб бераман. Сиз ҳам борадиган бўлсангиз юринг, у ерда Парвина нима қилади, ҳозирча сўрамадим. Менимча илмий ишига бирор нима керак бўлганов.
— Шу Парвинани ҳеч ёқтирмадим-да.- Гулиноз сохта жаҳл билан қовоқ ўйди.- Қачон қарама сизни мендан айириш тараддудида бўлади.
—Ундай деманг, шириним, рашкчилигингизни қадрлайман. Сизни мендан ўлим айиради.
— Ие, турмушга чиқсак-чи?
- Ака-укаларга овсин бўлишга келишганмизу...- Гулиноз бу жавобдан қониқди ҳарқалай мени яхши тилаклар ва оқ йўл тилаб кузатиб қўйди.
Парвина таксида кутаётган экан. Йўлга тушдик. Мен тожик тилини унча яхши билмайман, Парвина эса ўзбек тилини билмайди. Рус тилида мулоқот қиламиз. Гаплашиб кетаётганимизда кутилмаганда такси ҳайдовчиси пешойнадан бизга қараб русчалаб сўради:
-Қизлар қаерликсизлар?
-Мен Тожикистонданман.- Парвина эътиборсизлик билан жавоб қайтарди.
-Мен Ўзбекистонликман,- дедим негадир йигитга қизиқсиниб қараб.
-Ўзбекистонданмисиз?- Йигит ўзбек тилида ҳайрат ва қувонч аралаш энтикиш билан сўради.
-Ҳа.
-Ҳамюрт эканмиз. Сиз қайси шаҳардансиз?- Ҳайдовчи дам бадам пешойнадан қараб сўради.
- Бухороданман. Сиз-чи?
- Мен Самарқандликман. Ўн йилдан бери шу ердаман. Тирикчилик, тақдир шу ерларга бошлади. Сизлар нима иш қиласизлар?
- Биз ўқиймиз. Яқинда таҳсил тугайди, насиб этса юртга қайтамиз.
- Ҳа... Юртга қайтиш керак... Менинг ҳам шартномам тугайди. Олти ойлик муддатим қолди. Онам ҳар гаплашганимизда “сен тенгиларнинг болалари бўйига бўйлашиб қолди, қачон уйланасан? Тезроқ кел, сени уйлантирайлик, мен ҳам невара қучайин” деб эзиб юбордилар...- Йигит билан суҳбатимиз қовушиб кетди.  Айтишича, исми Абдуллоҳ бўлиб, ўзи асли самарқандлик экан. Кўзойнагини олиб, орқага қараган эди жисму жоним қақшаб, гўёки юрагим танамдан узилиб кетандай бўлди.  Билмадим, бу қандай ҳиссиёт эди, лекин мен айни пайтда унинг чеҳрасидаги аланечук дардли, самимий, сирли қиёфанинг мафтунига айлангандим. Бўғзимни аччиқ алам куйдира бошлади. Манзилга етиб келдик. Тушаётганимизда йигит телефон рақамимни сўради. Мен ўзимда эмасдим. Ҳеч қачон биринчи марта  кўриб турган одамимга телефон рақам бермасдим. Ҳозирги ҳолатим эса... Унга рақамим ва электрон манзилим ёзилган ташриф қоғозимни узатдим. У хайрлашиб машинасини юргизиб кетди. У билан бирга юрагим, хаёлларим кетди. Кўксимда чала ўлик илинж- ташриф қоғозимнинг ундалиги менга нимёруғ умид берарди...
Гулиноз эшикни оча туриб менга ҳайрон тикилди:
- Вой ўлмасам, тинчликми? Яхши бориб келдингизми? Нима гап? Рангу рўйингиз бир аҳволку!
- Ҳаммаси жойида... Йўлда толиқдим шекилли... Ҳозир ювиниб чиқиб сизга ваъда қилган таомни тайёрлайман...- Унинг кўзларига қарашга дош беролмай, хонамга отилдим.
- Менга қаранг, алдашни эплаёлмайсиз! Гапиринг, нима бўлди сизга?!- Гулиноз елкамдан тутиб ўзига қаратди. Дугонамнинг ўткир нигоҳларидан сир яшириб бўлмаслигини шу топда ҳис қилдим:
- Гули... мен тентакман-а... Гули.... Мен севиб қолдим шекилли... Буни тушунтириб беришим қийин... Бундан ўн йил аввал шундай ҳисни бошдан кечиргандим... Бугун туйғуларим янгиланди...- Йиғлаб юбордим. Ўзимга ҳайрат аралаш таажжуб билан термулиб турган дугонам мажолсиз креслога чўкди. Унга бўлган воқеани гапириб бердим.
- Телефон рақамингизни сўрабдими, демак у ҳам сизга бефарқ эмас. Мен телепатия деган нарсага ишонаман. Ким менга қандай ҳисда бўлса, менда ҳам ўша инсонга нисбатан  худди ўшандай туйғу жонланади.
- Мен ҳам шундайман...- Гулинозга журъатсизгина жавоб бердим.
- Бу яхши...- Сиз тайёргарлик кўраверинг, сизни буюк муҳаббат кутмоқда.- Гулиноз  мужмал таскин берган бўлди. Бир муддат лабларини қимтиб ўйланиб турди-да, ўзи доим такрорлаб юрадиган сатрларни ўқиди:
Менга таскин эмас, МУҲАББАТ керак,
Умидсиз кунларим қилар сазойи...
Унинг гаплари нашъа қилиб кўзларимдан дув-дув ёш оқа бошлади. Гулиноз хонасига кириб ичкаридан эшикни қулфлаб олди...

***

Дарду дунёимни қора қилган ўша кундан кейин хаёлларим Абдуллоҳ томонга бошлар, назаримда мен  келажаги йўқ муҳаббат, охири йўқ сароб сари бораётгандим. Телефонимнинг  ҳар чақириғини умид билан қарши оламан, ҳар куни электрон почтамни илинж билан очаман... Сўнг умидсизгина хаёлга толаман. Хаёлларда висол, орзуларда дийдор топаман. Бора-бора кўксимни алангалатаётган муҳаббатнинг олови сал пастлаган бўлди. Мусофир юртда танишган нотаниш қўнғироқ  ҳам қилмади, электрон манзилимга мактуб ҳам ёзмади.  Вақт олий тоифали шифокор экан, кўнглимдаги бу дардга бироз бўлсада малҳам бўлди. Бу орда таҳсил муддати ҳам охирлаб, юртга қайтадиган бўлдик. Икки йил мобайнида қадрдон бўлиб қолган дўсту танишлардан айрилиш қанчалик изтиробли бўлмасин, Ватан, яқинлар, ота-она ва жигарлар соғинчи, ширин дийдорга интиқлик баридан устунлик қилаётганди.

***

Ўзбекистонга қайтганимиздан сўнг бир ойча туғилиб ўсган она юртимизда Бухорода яқинларимиз бағрида бироз муддат яйрадик. Бир ойлардан кейин Гулиноз иккимиз яна Тошкентга қайтдик.  Мен Университетга ишга қайтдим, Гулиноз  интернет журналистикаси бўйича ўзини синаб кўрмоқчи бўлиб веб-сайт очди. Кунларимиз яна ўша зайлда, бир-биримизга суяниш, далда бўлиш билан ўтаётганди. Бир куни шом қоронғусида уйга келсам, Гули  шошилинқираб эшикни очдию қўлимдан етаклаб хонасига олиб кирди:
- Буни қаранг, Самира, мана бу мақоламга шарҳ ёзган Абдуллоҳ сизнинг Абдуллоҳингиз эмасмикин? Шарҳини ўқиб юргаим жиз этди. Биласиз, сезги органларим аниқ ишлайди, хўп деяверинг, Ягонам, бу ўша!- Гулинознинг гапларини эшитиш баробарида Истиқлол неъматлари ва Ватан мустақиллиги ва юртдан олисда юрган пайтларимиздаги соғинч ҳислари мадҳ этилган мақолага “Абдуллоҳ”  имзоси остидаги шарҳни ўқий бошладим: “Мақола муалифига ташаккур! Чиндан ҳам Ватан қадрини, юрт соғинчи бу муқаддас гўшадан олисда юрганимизда кўпроқ сезилади. Мақолани кўзларимда ёш билан ўқидим.. Яна бир бор муаллифга Аллоҳдан офият сўраб қоламан!” Гарчи юрагимда ўша мени ишқ оташидан куйдирган Абдуллоҳ бўлишини астойдил истаётган бўлсам-да, ноумид алпозда Гулинозга термулдим:
- Қизиқмисиз, бунақа хорижда юрган Абдуллоҳлардан озмунчаси борми? Ўша бўлгани билан унга нима ҳам дердик... - Қўйинг, дардим ўзи энди-энди эскираяпти, уни тирнамайлик...
- Самира, менга келган шарҳларда муаллифнинг электрон манзили кўрсатилади, фақат мен шарҳда уни кўрсатмайман.  Агар билсангиз, шу изоҳни қолдирган Абдуллоҳнинг электрон манзили Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. экан. Хўш, энди бунга нима дейсиз? Ҳа, энди, бунисига нима дейсиз?- Гулиноз машҳур кинофильм қаҳрамонига тақлидан қошларини чимириб Ойпошшанинг иборасини такрорлади.
- Билмасам, Гули. Ҳа, хўп, ўша Абдуллоҳ ҳам  бўлди, дейлик, нима қилмоқчисиз? Кел, дугонам сени деб адойи тамом бўляпти, уни сев, унга уйлан, дейсизми?- Менга умид бериб телефон рақамим ва электрон манзилимни олиб шу бўйи жимиб кетган йигитга нисбатан алам юрагимни ўртаётганини дугонамга билдиришдан хижолат бўлсам-да, айни пайтда унга  яқинлашиш, унга яна бир бор дуч келишни астойдил истаётгандим. Гулинозга индамай хонамга кириб кийимларимни алмаштира бошладим. Томоғимни аччиқ алам бўғиб қўйганди. Ҳарчанд йиғламасликка уринсам-да, кўз ёшларим қуйилиб келаверди. Ўксиб-ўксиб ёш тўкдим... Ҳар доим мен билан шундай бўлади. Назаримда армон бўйнимга маҳкам осилиб олгану  мени ҳеч қўйиб юборгиси келмаяпти...
Доимгидек ишга келиб ишларимни бошлашдан аввал электрон манзилимни текиширишга тушдим. “Нотаниш гўзалимга” сарлавҳали мактуб диққатимни тортиб, юрагим ҳақпириб кетди. Курсорни мактуб манзили кўрсатиладиган жойга олиб боргандим, Гулиноз айтган манзилни кўрсатди. Ҳаяжон ва титроқ аралаш энтикиш билан мактубни ўқий бошладим:
“Самирахон! Дугонангиз Гулинозхоннинг мактуби зулмат қалбимга қуёш бўлиб кириб келди! Уларнинг сайтига анчадан бери кирардиму, ҳеч қчаон мақолаларга шарҳ ёзмагандим. Аммо дугонангизнинг Ватан соғинчи ҳақидаги кечинмалари мени бефарқ қолдирмади! Жуда ҳам хурсандман, у мақола менга сизни топиш имконини берди, беҳисоб шукр! Ўшанда сизларни манзилингизга ташлаб қайтаёттб кутилмаганда бахтсиз ҳодисага йўлиқдим. Хаёлларим сизда олиб кетибдими... (ҳазил) Хуллас, мени шифохонага олиб бориб кийимларимни алмаштиришибди. Икки кундан кейин кўзимни очиб, ўзимга келибман. Муолажалар таъсирида бир ҳафталардан кейин ўзимни таний бошладим. Шунда хаёлимга биринчи келганлар онажоним ва сиз бўлдингиз... Афсуски таъмирталаб бўлиб мажақланган машинамда қолиб кетган ташриф қоғозингизни тополмадим. Шундан бери то Гулинозхоннинг мактубини олгунимга қадар телбавор юрдим, Самирахон... икки ҳафтадан сўнг Ўзбекистонга қайтаман. Албатта дийдорлашамиз а? Жавобингизни интиқ кутаман! Абдуллоҳ”
- Ҳов, Самир? – Гулиноз одати бўйича бандлигини сездириб телефонга жавоб берди.
-Ўзбошимча дугонам мени. Уйга босам таъзирингизни бераман. Нега бир оғиз менга индамадингиз?
-Нима экан?- Гулиноз Абдуллоҳга хат ёзгани эсидан ҳам чииқб кетган экан шекилли, ҳайрон бўлди.
-Абдуллоҳ Самарақандийга хат ёзибсизу?
-Ааа, жавоб келдими?!- Гулиноз қийқириб юборди.
-Ҳм... Уйга борганимда гаплашамиз...
-Йўқ, сабрим етмайди, бўлинг, паролингизни беринг, ҳозироқ ўқимасм, кўнглим жойига тушмайди.- Гулинозни биламан, бир нарсани эшитдими, тагига етмагунича тинчимайди. Бироздан кейин қўл телефонимга Гулиноздан смс хабари келиб тушди “Келаётганингизда менга шоколад олиб келинг. Қанақаси ёқишини жуда яхши биласиз а? Қора, аччиқ, ораси коваклигидан”...
Абдуллоҳни кутиб олгани аэропортга чиқдим. Негадир хижолатлик, истиҳола, ҳаяжон ва ширин энтикиш ҳислари аралашиб кетиб юзларим чўғдай ёнар, юрагим ўрнидан чиқиб кетаётгандек тез ураяпти. Аллоҳим, ҳар бир бахтдан умидвор бандангни ноумид қилма, деб кўнглимда қайта-қайта такрорлайман. Хайрли бўлсин, илойим.... Мен кутган бахт қуёшдек нур сочиб мени кутаётган бўлсин...

Рухшона ФАРРУХ   
(Шеърий сатрлар муаллифи Воҳид Луқмон)

 

 

 

Иккинчи хотиннинг “гуноҳ”и

 

 

 

Вагон оралаб чиптамда кўрсатилган ўриндиқни излаётгандим, охирги ўриндиқлардан бирини банд этган ўрта ёшлардаги, кўҳликка жувон овоз берди:
—    Синглим, нечанчи ўринни излаяпсиз?
—    Қирқ бешинчи, -дедим излашда давом этганча.
—    Мана бу ерда, менинг ёнимда экан жойингиз... “Оббо, вагон ташқарисидан жой беришса бўларкан-да...” деб ғудраниб қўйдим ичимда. Сафар халталаримни махсус жойга жойлаштириб ўриндиққа чўкдим. Одатда бегоналар билан чиқишиб кетишим қийин бўлади. Шу сабаб ҳам ёнимдаги аёлга эътибор бермай, ўзим билан олиб чиққан газетани варақлашга тушдим.
—    Синглим, сиз ҳам Бухорога кетяпсизми?- Аёл  афтидан мен билан гаплашишни истарди. “Дастлабки тергов” деган истеҳзоли ўй миямни ялаб ўтди.
—    “Ҳмм...” деб қўйдим, “ҳамма саволларингга жавоб беришга мажбур эмасман”дегандек.
—    Узоқ йўлда ишқилиб аёл ҳамроҳ тушсин, гаплашиб кетардик, деб ният қилгандим. Худога шукр, ниятим холис экан. Ҳозир хўжайинга қўнғироқ қилиб, ёнимда шеригим аёл кишилигини айтиб қўяйин.- Аёл шундай деб қўл телефонида қўнғироқ қилишга тушди. Кулиб-қувониб эрига “ҳисобот” бергач, менга  ҳам қараб ширингина жилмайиб қўйди. Аёлнинг мулойим табассуми юрагимни эритиб юбориб, қўполлигимдан хижолат чекдим. “Биров сенга ҳам шундай муомала қилсин-чи, қандай ботаркан? Бир мунис аёлнинг самимиятини менсимайдиган даражада манманлик қалбингга қандай ўрнашган экан-а?!” деб ўзимдан ёзғириб ҳам қўйдим. 
—    Бухорога кетаяпсиз экан-да?-дедим ўзимни хижолатликдан қутқариш учун аёлга кулимсираб қараганча.
—    Ҳа. Ўзим бухороликман. Тошкентда яшаймиз. Болаларни ёлғизлатиб эр-хотин иккимиз ҳам кетмайлик, деб дадаси мени чиқариб юбордилар. Уйдагиларни кўриб келайин, жуда соғиндим.
—    Болаларингизни ҳам бирга олиб чиқмабсиз-да, бобо-бувисини кўриб, ўйнаб келишарди.
—    Дадаси унамадилар. Ёзда бир опкетгандик, болалар кўзикдими, кинна кирдими, иккови ҳам касал бўлди. Ўзим икки кунда қайтаман, Худо хохласа. Сиз меҳмонга кетяпсизми ё Тошкентга меҳмонга келганмидингиз?- Аёл кўринишидан менинг “очилганимдан” кўнгли ёришган эди.
—    Уйга кетяпман, ота-онамни кўриб қайтайин, деб ишдан жиндек озод қилдим ўзимни.
—    Тошкентда ишлайсизми?- Аёлнинг саволини энди йўлга чиққан поезднинг тақир-туқури босиб кетди. Ҳар гал уйга бориш учун сафарга чиқсам, поезд юраётгандан алланечук тотли ҳислардан юрагим ширин энтикиб кетади. Ҳозир ҳам ширин титроқдан энтикиб, аёлнинг саволига салдан кейин жавоб бердим:
—    Ҳа, Тошкентда ишлайман. Журналистман.
—    Яхши-ку, телевидениеми ё радиодами?- Одатда кўпчилик журналист деганда фақат телевидение ва радиодан ишлайдиган ходимларни тушунади. Аёл ҳам журналистни шундай хаёл қиларкан.
—    Йўқ, матбуотда ишлайман. Газетада.- Жавобим аёлни қониқтирди. Ҳартугул, ҳамроҳим газета ўқиб турар экан, мен ишлайдиган газетани номини эшитиб тилла топган одамдек суюниб кетди. Бироз муддат уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Суҳбат мавзуи айланиб шахсий ҳаётимиз атрофида тўхтади. Аёл ўриндиққа яхшироқ ўрнашиб олиб, боягидек сирли жилмайиб қўйди. Аммо галги табассуми менга изтиробли туюлди.
—    Менинг ҳаётимни ёзса бир китоб бўлади. Орасида армон ҳам бор, бахт ҳам бор, қувонч ҳам, изтироб ҳам бор... Аммо минг шукрки, афсус йўқ...Бўлмасин ҳам... - Ҳамроҳимнинг ҳаётига қизиқиш устунлик қилаётган бўлса-да, саволга тутиш одоб-ахлоқ доирасига тўғри келмайди. Суҳбатдошимнинг ўзи гап бошлашини ботиний истак билан кутдим. Бу орада вагон ходимаси олдимизга қаҳва келтириб қўйди. Пойтахтни ортда қолдириб, Сирдарёга яқинлашган эдик, яна ҳамроҳим гап бошлади:
—    Айрим нарсаларни ўйлаб ҳайрон қоламан-да, синглим. Одамлар иккинчи хотин деганда фақат ахлоқи бузуқ, енгилтак аёлни тасаввур қилишади. Гўёки кундош устига теккан хотин шарманда, ўта гуноҳ иш қилган, юзиқаро фоҳиша... Иккинчи хотин бўлиш гуноҳ бўлса, Аллоҳ таоло рухсат қилмаган бўларкди-ку. Одамлар калтафаҳм, фақат бир томонлама ўйлашади, танганинг фақат олд томонига қарашадию, орқа томонига эътибор беришмайди.
—    Ҳар кимнинг дунёқараши  ҳар хил-да, -деб қўйдим. Тўғриси, бу борада менинг ҳам фикрим аёл айтаётган одамларники билан бир хил эди. Шунинг учун ҳам навбатчи жумлалар билан у гапираётган муаммога муносабат билдирдим. 
—    Дунёқарашимиз ҳар хил бўлгани билан, мусулмонмиз-ку. Мусулмончиликда мен айтаётган нарса қораланмайди...- “Ўзи иккинчи хотин экан, шекилли” деган ўйда унга синчковлик билан тикилдим. Дилимдан кечган ўйни тилимга кўчиришга истиҳола қилдим. Ахир, аёл айтганидек, бу анча-мунча одам кўтарадиган гап эмас-да. Ҳамроҳим бироз муддат бир нуқтага тикилган куйи қўл телефони брелогини ўйнаб турди-да, сўнг ўзига ярашиқли ўша табассуми билан менга қараб гап бошлади:
Оилада ёлғиз қизман. Икки ўғилдан кейин ота-онам мени  Аллоҳдан сўраб-тилаб олишган. Исмим Хуршида. Дадам ҳаёти қуёшдек порлоқ бўлсин деб, менга шундай исм берган эканлар. Жуда эркак-тантиқ, айтганим айтган, деганимдеган қиз эдим. Уйда ҳамма менинг кўнглимга қарарди, хоҳишим билан ҳисоблашишарди. Жуда эркатой бўлсам-да, мактабда ўқишим яхши эди. Деярли ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўқирдим. Мактабни тамомлаб пойтахтга ўқишга келдим. Ўз билимим, ўз кучим билан Университетга ўқишга қабул қилиндим. Худбинлигим, қайсарлигим билан ўқишда ҳам ном қозондим. Негадир, ўжар, урушқоқ қиз бўлсам ҳам ошиқларим кўп эди. Мақтаниш эмасу, жуда гўзал эдим ёшлигимда.- Аёл шундай деб кулисмираб қўйди. Унинг латиф ва чиройли чеҳрасидан ёшлигида ҳам ўзига етгуликкина кўҳли бўлганини билиш мумкин эди.- Мен ҳуснимга, ақлимга, мағрурлигимга ошиқ бўлиб юраверибман. Вақт эса югурик дарё экан. Бир зумда ўқишни тамомлаб, ёшим ҳам йигирма тўртга бориб қолибди. Талабалик таҳсилидан сўнг юртимга- Бухорога қайтдим. Совчиларнинг ҳали унисидан, ҳали бунисидан айб топаверибман, топаверибман. Бу орада акаларим уйланиб, болалари улғайиб қолди. Келинойларим мен ҳақимда гап кетса, бир-бирига чимирилиб: “Қари қиз” дейишларини эшитиб қолдим. Энди аввалгидек инжиқликларим эркалик эмас, асабийлик эди. Қшлоқдаги ишимни ташлаб, шаҳардан иш топдим. Тақдирда борини кўравераман, мен касал бўлмасам, бузуқ бўлмасам, бирор айбим бўлмаса, қўлимда дипломим, тузуккина ишим бўлса, қўлимдан бир аёл эплаши керак бўлган иш келса яна нима керак? Ўзи турган битганим бахтку, агар турмушга  чиқиш бахт очилиши бўлса бир кун келиб шу бахтга ҳам етишаман, деб юравердим. Мен ўзимга олмасликка, тенг-тўшларимнинг фарзандини етаклаб юрганини кўрганимда юрагим бўлиниб кетганини кўрсатмасликка уринардиму аммо ота-онам ёлғизгина қизларининг кемтик шахсий ҳаётини ўйлаб кўп эзилишларини билардим. Аммо начора, бу дунёда инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган, тақдир билан боғлиқ нарсалар ҳам бор. Инсон ўзи хоҳлагани билан тақдирини, Яратганнинг ёзуғини ўзгартиролмайди-ку.
Пул асраб юролмаганим учун маошим қўлимга теккан заҳоти тилла магазинга бориб тилла тақинчоқлар олиб қўярдим.  Ўзим ҳар доим кириб турадиган тилла магазинда баъзи-баъзида кўриниб турадиган  бир йигит билан аввал салом-алигимиз бор эди. Бир куни у мен излаётган италян тилласидан ишланган қалин тилла занжирдан олиб келишини айтиб, иш хонамнинг телефон рақамини олди. Орадан бироз вақт ўтиб ваъда қилган занжирни ҳам олиб келди. У пайтлари ҳозиргидек италян тилласини ҳамма магазиндан топиб бўлмасди. Хуллас, шу баҳона биз ҳалиги йигит билан яқин муносабат ўрнатдик. У мендан уч ёш катта, Молия институтини тамомлаган, соҳаси бўйича пойтахтда давлат ишида ишлаб, ўзимизнинг шаҳримизда тилла дўкони очган экан. Мен ҳар доим тилла тақинчоқ харид қиладиган дўкон уники экан. Йигит уйланмаган экан. Биз учраша бошладик. У дўконига мол олиб келса, албатта мен билан учрашар, унинг жуда эътиборли, ақлли, иймонли экани менга жуда ёқарди. Муносабатларимиз ҳақида онамга айтиб бердим. Улар ҳам, “ўзинг биласан, сенга маъқул бўлса, сен бахтли бўлсанг бўлди. Отанг иккимизга фақат сенинг бахтинг керак” дедилар. Олти ойча синашиб, учрашиб юрганимиздан кейин Иброҳимжон ака (йигитнинг исми) уйимизга совчи юбордилар. Ота-онам менинг гапларим ва совчиларнинг айтганига ишониб, ёмон йигит бўлса йигирма саккизга кирган қизимиз биларди, қизимиз одам айиришни жуда яхши билади, деб  меҳмонларнинг учинчи келишида нон ушатишди. Негадир, тўй кунимиз яқинлашаётган бўлса-да, Иброҳимжон ака загсга ариза бериш ҳақида оғиз очмасдилар. Мен ўзим орзу қилган, ўзим кутган, менга ҳар томонлама муносиб инсон билан турмуш қураётганимдан, гарчи одамлар назарида “ўтириб қолган қиз”, “қари қиз” деган тамға менга ёпишган бўлса-да, жойим чиққанидан хурсанд эдим. Сарпо-суруқ, фотиҳа тўй каби нарсаларда бошқалардан зиёда қилдиларки, кам бўлмади. Бахтдан осмонларда учиб юрган кезларим Иброҳимжон аканинг машиналарида паспортларини кўриб қолдиму, гўёки еттинчи қават осмондан ерга қулаб тушгандек кучли зарбага йўлиқдим. Иброҳим ака уйланган экан... Иброҳим ака билан менга ваъда қилган сариқ тилладан ишланган ёқут кўзли никоҳ узугини олиш учун бир танишиникига боргандик. Улар мени машинада қолдириб, ўзлари чиқиб кетгандилар. Паспортлари бехосдан қўлимга тушиб қолди... 
—    Хўш?..- Аёлнинг ўзгариб кетган ранги ва гапириш оҳангидан айтмоқчи бўлган гапини илғагандай бўлдим.
—    Улар уйланган эканлар... Мен фақат меники деб билган инсон аллақачон бошқа аёлнинг жуфти экан...
—    Вой, астоғфуррулоҳ... Одам ҳам шунчаликка борар эканми?!..
—    ...  Дод солиб бу алдовига изоҳ сўрадим. Нима ҳам дерди, сени севиб қолгандим, сени яхши кўраман, мен истаган қизсан... ва ҳоказолар... Йиғлай-йиғлай тўйни тўхтатадим...
—    Эҳ... Сизни тушуниб турибман. Бошингиздан қандай кунлар ўтганини кўз олдимга келтиряпман... Одамларнинг гап-сўзи... Миш-мишлар...
—    Асти гапирасизми, сингилжоним. Бегоналарни қўяверинг, ўзимникилар, акаларим, уларга қўшилиб хотинлари... Янга дўст бўлмас экан. Ота-онамнинг ҳам андишасини қилишмасди. Кўзларимга қараб, очиқ-ойдин таъна қилишарди. Мен аламимни фақат кўз ёшларимдан олардим...
—    Анави йигит-чи?- Хуршида опа гапираётган воқеалар кўз ўнгимда гавдаланиб, ўзим танимагана инсондан нафратланиб кетдим.
—    Иброҳим ака қўнғироқ қилишни, ишхонамга келишни кандай қилмасди. Ҳатто тортинмай қишлоққа, уйимизга  ҳам келаверардилар. Мен уларни яхши кўрардим, лекин алдагани алам қилиб ҳеч гаплашишни истамасдим. Ана шундай тортишувлар билан яна икки йил ўтиб кетди. Одам бир инсонга қаттиқ кўнгил қўйса, кўнгил узиши қийин бўларкан. Гарчанд қаттиқ ранжиган бўлсам-да, Иброҳим акани яхши кўрардим.  Танишган кунимизни нишонлаш учун шаҳарнинг қиммат, машҳур ресторанларидан биригажой буюртмалаган эканлар. Ишимга келиб кўзига илтижоли термулиб тургандилар, йўқ деёлмадим... Ўтириш баҳона кўз-кўзга тушиб меҳримиз қайталанди. Иброҳим аканинг ота-онаси кўнгли билан ҳисоблашмай уйлантиришганини, келин уларнинг оиласидан кўра анча бадвлатроқ хонадондан чиққани учун на қайнона-қайнотани, на эрнинг ҳурматини қилмаслигини, Иброҳим ака фарзандли бўлсак, бироз феълини ўнглар, деб чидаб келганини, лекин хотини баттар авжга минса минганию, ҳеч ўзига келмаганини ўксиб гапириб берди. “Ҳаётдан безиб, ўзимни эркак сифатида ҳам, одам сифатида ҳам ҳеч кимга кераксиз, билиб қийналиб юрган пайтларим сенга рўпара келдим. Хуршида, қалбимга қуёш бўлиб кирдинг. Сенга уйланмоқчи бўлганимга ота-онам ҳеч қаршилик қилишмаган. Шунинг учун ҳам совчиликка келишди-да ахир. Оиламиз намозхон хонадон. Ўзим ҳам ибодатимни имкони даражасида бажариб юраман. Илтимос, сен тўғри тушун, ўксинма, рози бўл, никоҳимга олайин, ҳаммаси яхши бўлади. Мен фақат бахт таъмини туйиш учун, эр бўлиб иззат-икром кўриш учун сенга уйланмоқчиман. Сен айтганингдек эҳтирос бандаси эмасман...” – дедилар ерга тикилганча... Уларни яхши кўрардим. Қолаверса, бизнинг оиламиз ҳам  намозхон, ота-онам Аллоҳни таниган инсонлар. Иброҳим аканинг гапларига сукут билан жавоб бердим. Хуллас, улар ота-онамни кўндирдилар. Икки йил кечиккан тўйимиз бўлиб ўтди. Мени Тошкентдаги уйларига туширдиар. Худога шукр, ҳаммаси ўз изига тушиб кетди. Ҳозир иккита ширингина ўғилчамиз бор. Иброҳим акам деярли биз билан яшайдилар, онда-сонда биринчи оилаларига борадилар. Мақтаниш эмас, уларни мен ундайман, “боринг, ахир у ерда ҳам оилангиз, фарзандларингиз бор, уларни дийдорингизга, меҳрингизга зор қилманг” деб тураман. Этни тирноқдан айиришнинг гуноҳи оғир, синглим. Кундошим бир ғалати феълли хотин экан, эрининг бор йўқлиги, ундан хабар олиш олмаслиги унга барибир. Пул топса, яхши яшаса, яхши кийинса бўлди... Шунқақа гаплар-да синглим...- Хуршида опанинг ҳикоясига берилиб йўлнинг узоқлиги ҳам сезилмабди. Когонга яқинлашиб қолган эканмиз. Ҳамроҳимнинг чеҳрасига синовчан тикилдим. Унда иккинчи хотин бўлгани учун армон, ўкинч сезилмасди. Аксинча, бахтдан ял-ял ёниб турганди. Шу орада қўл телефони жиринглаб қолди, эри экан, “Лаббай дадаси” деб жавоб берганида кўзлари чақнаб кетди.
—    Синглим, иккинчи хотин бўлганларнинг ҳаммаси ҳам одамлар ўйлагандек фоҳиша, бузуқи эмас. Бу дунёда хотиндан омади келмаган, куйиб юрган эркаклар камми?! Ҳамманинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор. Мен шундай инсонга бахт бериб, ўз бахтимни топдим... Аллоҳга шукр. Бошқалар бахтини ўйлаш билан ўз бахтимизни топамиз, деган гапни ўқигандим қаердадир. Бу фикрнинг нечоғли тўғри эканлигини ўз ҳаётим мисолида кўрдим. Албатта ҳаётимни газетангизга ёзиб чиқаринг. Мен қилган ишимни хато деб билмайман...
Поезд Когон вокзалига аллақачон етиб келган, йўловчилар бирин-кетин тушаётганди. Хуршида опа билан телефон рақамларимизни алмашиб, қадрдонларча хайрлашдик. Перрондан тушганимдан кейин ҳам унинг орти дан термулиб қолдим. Хуршида опа ҳаётга тик боқиб, мағрур қадамлар билан манзили томон ошиқаётганди...

Рухшона Фаррух

 

 

 

Азадаги шармисорлик

 

 

 

Дадасининг жанозасидан кейин қишлоққа биринчи марта келишди. Келганидан бери чеҳраси ёришмайди. Хотини ҳам бу ҳолни ўзича тушуниб, бири олиб бири қўйиб тўполон қилаётган болаларини етаклаб, ота ҳовлисига чиқди. Анваржон худди шуни кутиб тургандек қабристон томонга йўл олди. Дадасининг қабри устида бир муддат жим туриб қолди. Бўғзига тиқилган аччиқ аламни куч билан ичига тортиб, қабр устидан бир ҳовуч тупроқ олиб четга сочган бўлди. Кейин чўккалаб ўтирганча, кўзларини юмиб қироат билан Қуръон тиловат қилди. Юзига фотиҳа тортиб қабрга термулганча дадасининг сиймосини кўз олдига келтирди. “Шунча дард, шунча изтироб билан бошингизни тик кўтариб юрганмидингиз, дадажон?!” Анваржон ёшли кўзлари билан дадасининг қабри ёнидаги ғарибгина қабр-бувисининг қабрига тикилди. Ёлғон дунёда бир-биридан тамомила узоқ бўлган  икки банданинг хобгоҳи ёнма-ён жойлашган.  Ихтиёрсиз равишда тиловат қила бошлади. Зиёратдан сўнг яна бироз қабристонда куймаланиб, ортига қайтди.
— Анваржон, ҳо Анваржон?- Йигитнинг хаёллари узум доналаридек сочилиб кетиб, овоз келган томонга қаради.- Жиян, қишлоққа келсанг, бундоқ хабар ҳам олмайсан-а? Яхши эмас, сени Тошкентда ишлайди, пойтахтда яшайди деб биз таниш-нотанишларга мақтаниб юрамиз, ахир. Дийдор ғанимат, жиян, бизникига ҳам кир-да, ўзи қанчада бир келсанг қишлоққа.- Анваржон шалдир-шулдир бу одамни ҳурмат қиларди. Дадасининг аммасининг ўғли, ота томондан қариндошлари орасида  шу одам анча оқибатли. Шунинг учун ҳозир хижолатлик билан гапни илиб кетди:
— Ассалому алайкум, тоғажон. Яхшимисиз, келинаям, жиянлар соғ-саломатми? Ўзи сизникига чиқиш учун кўчага чиққандим, сизни кўрсам дадамни кўргандек бўламан. 
— Ваалайкум салом. Шукр, бизда ҳамма саломат. Ўзинглар яхши юрибсизларми, келин, болалар? Қани гапинг рост бўлса, бошла-чи.- Абдураҳмон тоға Анваржонни уйига бошлади. Анваржон қариндошига эргашди. Йўл бўйи Тошкентдаги нарх-наво, бу йил қайси мева қандай ҳосил берганию, ёзнинг иссиқ келгани, кузнинг  илк кунларидан салқин тушиши эҳтимоли мавжудлиги ва ҳоказоларни эрмак қилиб кетишди. Абдураҳмон тоғанинг дарвозасига яқинлашишганди, тоға ичкари ҳовлига овоз бериб, меҳмон бошлаб келганини маълум қилди. Бир зумда меҳмонхонага дастурхон тузалиб, мезбон аёл қовун-тавруз, мевалар билан дастурхон устини тўлдирди.
— Шундай қилиб, Тошкентда ишларинг яхшими?- Абдураҳмон тоға Анваржонга ҳавас билан қараган куйи сўради.
— Шукр. Яхши... Тақдир қилгани-да, тоға...
- Ҳа, яхши бўлсин-да илойим. Раҳматли Аҳмад  акам сенинг касбу коринг билан фахрланардилар. Ҳа, афсус камол топиб, ҳозир шундай мартабаларга эришганингни  кўра олмадилар. Майли, руҳлар кишилардан кўра аниқ ва тиниқ кўради, дейишади. Сени бу ерларда кўриб руҳлари шод бўлаяпти, иншоаллоҳ...
- Ҳа, тўғри айтасиз. Дадамни ўйласам, юрагимга оғриқ киради, тоға. Шунча изтиробни бир ўзлари қандоқ кўтариб юрган эканлар-а? Тўғриси, болалигимда унча эътибор бермаган эканманми ё ақлим етмаганми, хуллас дадам вафот этганларидан кейин кўп улар ҳақида ўйлайдиган бўлдим. Ўликнинг орқасидан гап қилиш бўлмасину, бувим раҳматли дадамни ҳеч тўнғич ўғил ўрнида кўрмасдилар. Шунда ҳам раҳматли дадам доим оналарининг иссиқ –совуғидан хабардор бўлиб, кунда тўртта нонми, икки кило гуручми, бир кило гўштми кўтариб бувимдан хабар олиб турардилар. Амакиларимнинг аҳволини биласиз...
- Ҳа, уларни гапирма, жиян. Катта амакинг Туробжон-ку, эсини таниганидан бери уйланади, мана ҳозир олтмишга қараб боряпти, ҳозир ҳам аммаларинг кўчама кўча изғиб унга хотин қидириб юришибди. Айтсанг, биров ишонмайди-я...
- Ўша аммаларим дадам раҳматлининг жанозаларига ҳам келишмаган... Ҳеч тушунмайман, тоға дадам ука-сингилларига нима ёмонлик қилган эканлар-а? Худо раҳмат қилгур дадам пашшага ҳам озор бермайдиган, мулойим, беозор эдилар. Нега жигарлари уларга шунчалик бемеҳр чиқди экан-а?..
- Э, ким билади, дейсан, Анваржон,- Абдураҳмон тоға ёстиқни буклаб ёнбошлаб олди, раҳматли бобонг- тоғам эрта ўтиб кетдилар, келинаям аёл боши билан болаларнинг бошини қовуштириб, тўғри тарбия беролмадилар, чоғи. Жиян, ундоқ-мундоқ деймизу, боланинг тарбиясида отани ўрни бошқа барибир.
Шундайку-я, лекин бувимнинг ўзлари дадамни негадир ажратардилар-да. Икки гапнинг бирида Туробжон, Туробжон, Туробжон қилавериб, ўша амакимни чамамда саккиз марта уйлантирдиларов. Айримларини ҳатто кўришга ҳам улгурмадик...
-Ҳа, барибир бувингнинг бетоблигига, қазоси жанозаю маъракасига сизлар ярадиларингизку. Ўша бувингнинг севимли Туробжони онасини касал ҳолида ташлаб  Россияга кетворди-ку. Жиян, сен ўксинма, маҳалла –куй, қариндош-уруғлар ҳаммаси кимнинг қандоқлигини жуда яхши билади.
- Шундайликка шундай, аммо дадам шу ташвишларни  фақат ичларига ютавериб, охири бевақти-соат қазо қилдиларми, деб ўксинаман-да. Кичик укамни уйлантирганимизда амаки билан аммаларим тўйга ҳам келишмаганди. Ўшанда дадам қаттиқ сиқилган эканлар. Биз ёшмиз, тўйнинг югур-югур ташвиши билан бўлиб эътибор бермаганмиз,  аямнинг айтишларича,  ўшанда дадам  жуда қаттиқ сиқилган эканлар. Эл-юрт, қуда-андалар олдида нима деган одам бўлдим, деб куйингандирлар-да... Дадам раҳматли, “Бу дунё тўрт кунлик, жуда қисқа яшаймиз болаларим, бир-бирингизни авайланг,  қадрингизга етинг, меҳрибон бўлинг”, деб кўп айтардилар. Энди-энди эсласам, ака-укалар болалигимизда гап талашиб, уришиб қолсак, дадам раҳматли астойдил хафа бўлардилар. Менимча,  “ўғилларим ҳам ука-сингилларимга ўхшаб бир-бирига меҳрсиз бўлиб қолмасин” деб қўрққанлар шекилли...- Анваржон чуқур хўрсиниб қўйди. Бу орада Абдураҳмон тоғанинг аёли чинни товоқда ош олиб чиқди. Ош устида деярли суҳбат мавзуи ўзгарган бўлса-да,  Анваржоннинг юрагида оғриқ симиллаётгани мезбонга сезилиб турди.  Бироз ўтиб Абдураҳмон тоға муҳим нарсани эслагандек, салмоқ билан гап бошалди:
-Толибжон амакингнинг  ўғли уйланибди. Аёли хўп андишали хотин экан, тўйга айтгани одам юборибди. Ўғлининг кўнгли ўксимасин, деб бордик, жиян. Яхши хонадонга куёв бўлди. Тинчиб кетсин энди, даадсига ўхшамасин...- Анваржон Толибжон амакисини эслади. Ароқхўрлиги сабабидан оиласи бузилганди, ажралишаётганда ўғлини опқолиб хотинини қўйворган эди. Битта ўғилни эплаб боқолмади, охири онасининг ёнига кетиб қолганди... Кексалар “ароқ –хўр, ароққа ружуъ қўйган охири хору зор бўлади” деб бекор гапиришмаган экан. Толибжон амакиси хор бўлиб ўлди. На уйи, на оиласи, на бир бошпанаси бор эди. Товуқ катакларимией, отхона-молхонадамией, хуллас дала-дашт, чўлу биёбон дуч келган жойда туниб-ухлаб қолаверарди. Мактабда ўқиб юрган пайтлари синфдошлари “Анварнинг амакисини молхонамиздан чиқарвордик”, “Амакинг тут дарахти тагида маст ухлаб ётган экан, қўй боққани чиққанимизда кўрдик” деб  масхаралаб изза қилишарди.  “Дадам бу ботқоқликдан қандай чиққан эканлар, ҳайронман,- деб ўйлади, кўнглида Анваржон.- Кўз олдимда расво бир оила манзараси... Тавба... Бувимнинг жанозаси ўқилиб, тобути ердан кўтарилишга улгурмай аммаларим билан амакиларимнинг уй-жой талашишгани-чи...  Шармандалик... Дадам бояқишни изтироб ва уят ўлдирди. Уят- ўлимдан қаттиқ, дейишганку. Аёл киши бўлса, дардини унга бунга айтади, дил ёради, йиғлайди-сиқтайди, бироз бўлса ҳам ғуборини аритади, эркак киши ҳаммасини ичга ютавериб, ўзини адои тамом қиларкан... Дадамни жигарларининг бемеҳр-беобрўлиги ўлдирди... Дадажоним... Сиз ҳали яшашингиз керак эди. Эрта ўтиб кетган отангиздан ололмаган, онангиз қизғонган, жигарларингиздан топмаган меҳрингизни биз фарзандларингиздан кўриб узоқ яшашингиз, кемтик кўнглингизни бутлашингиз керак эди... Ҳа... Бандасининг айтгани эмас, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлар экан...” Абдураҳмон тоға унинг кўзларида айланган ёшни сезди чоғи, синиқ овозда:
- Аҳмад акам раҳматли, “Шу ука-сингилларимни деб фарзандларим олдида уяламан. Илоҳим, болаларим уларга ўхшамасин...” деган эдилар, бир гал шундай даврада ўтирганимизда... Нима қиласан энди, жиян... Аҳмад акамнинг жойлари жаннатда бўлсин. Сизлар ҳам сабрли бўлинглар...
Анваржон қариндошлариникидан қандай чиққанини, Абдураҳмон тоға билан қандай хайрлашганию, қандай кўчага чиққанини билмай қолди. Унинг тафаккурида тоғанинг “Аҳмад акам,  ука-сингилларим учун фарзандларим олдида уяламан” деган гапи тинмай айланар, аччиқ изтироб бўғиб қўйган томоғидан нарига ҳаво ўтмасди...

Дадажон, ахир...-  У  калласига келган гапни айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, негадир ўзини тўхтатди.- Кўнгилни қандай алдайман, дадажон... Хиёнаткор хотин билан бир том остида яшаш, бир уйга кириб-чиқишнинг ўзи бўладими...- Шуҳрат кейинги гапларини паст, изтиробли товушда айтди.  Шавкат ака  ўғлининг  ҳам ажрашгиси йўқлигини пайқаб, бироз таскин топгандай бўлди. Аммо келиничи, келини ҳам хатосини англаб, узр сўраб келармикан? Хотин дегани ҳам янглиш қалтис қадам босиб, ҳам яна қайсарлик қилиб туриб олса... Эҳ, одамларга нима бўлган ўзи...

***

Шуҳрат Лайлони талабаликнинг биринчи кунларидаёқ ёқтириб қолганди. Гапирганда киши кўзига тик қарамайдиган, бирор гап сўрасангиз узун, оппоқ бармоқларини ўйнаб, ёноқларига қизиллик югуриб, ийманибгина сўзлайдиган қизни кузатиб юриб, иккинчи курсни битирар арафада унга кўнглини очди. Қизнинг ҳам йигитга мойиллиги бор эканми, Шуҳратнинг изҳорларини  жилмайиб қўйиш билан қабул қилган бўлди. Севги тўла кунлар, аҳду паймон, соғинч, рашк ва муҳаббат ришталари кундан кунга бир биридан куч олиб, таҳсилдан кейин муносабатларни никоҳ билан мустаҳкамладилар. 
Тўйдан кейин Шуҳрат иш тақозоси билан тез-тез хизмат сафарларига бориб турар, Лайло келинлик, рафиқалик хизматидан ошиниб эгаллаган касби бўйича ишлаёлмади ҳам. Шуҳрат баъзида ўсмоқчилаб,  рафиқасидан ишламаётгани учун ўксинмаётганини сўраса, Лайло жилмайиб:
-Олдин рафиқалик бурчимни, кеилнлик вазифамни, оналик касбимни қойиллатиб бажаришни ўрганай, ана ундан кейин ўқиган соҳам бўйича ишларман,- деганди. Шу-шу бирин кетин туғилган болалар, уй-рўзғор ишларига кўмилиб қолиб, иши ҳам, дипломи ҳам эсидан чиқиб кетди. Ҳаммаси бир текисда,  ажойиб кечаётганди. Нимадир бўлиб бахтли оиланинг мусаффо осмонига қора булут кўланка солди. Қора булутки хонадон шаънига бир умрга соя соладиган, исноди бошни эгиб, юзни қора қиладиган...


***

...— Ойижон, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг! Мен хиёнаткор эмасман! Виждоним тоза менинг!- Лайло зўр бериб онасига гап уқтиришга уринарди. Сожида хола ҳўнграганча йиғлаб юборди:
Виждонинг тоза бўлса, поклигингни исботлагин-да, уйингга бориб ўтир. Болаларинингни сарсон қилма! Беваликнинг қийинчилиги қурсин! Ахир қайнотанг бир неча марта келди-ку, яна нима керак сенга?
Ойижон билан Шуҳрат акам менга ишонишмаяпти. Гўёки мен хиёнаткорман, гўёки мен бошқа эркак билан дон олишяпман. Биз қайси замонда яшаяпмиз, ойижон? Наҳотки, эркак билан аёл дўстона муносабатда бўлолмаса?! Хўш, синфдошим билан дўстона гаплашсам, учрашсам бунинг нимаси ёмон? Шунга шунча ваҳима қилиш керакми?..- Она қизининг гапларига тоқат қилолмай қолди:
-Уят эмасми, болам?! Мен дўстона учрашяпман, учрашсам нима бўлибди, дейишингнинг ўзи шармисорлик эмасми?! Шу бир оғиз гапинг билан хиёнатингни тан оляпсан-ку! Биз ўзбек аёлимиз, қизим! Мусулмонмиз! Биз учун бир пайтлари бирга ўқиган синфдош йигит тугул, ҳатто эримизнинг яқин қариндошлари ҳам бизга номаҳрам саналади! Номаҳрам аёл билан номаҳрам эркакнинг хуфёна учрашуви зинога элтади! Сен шу гапларингни ўйлаб гапиряпсанми?!  Эринг йўқлигида, ундан берухсат, бесўроқ аллақаёқдаги синфдошинг билан учрашибюринг сенингча хиёнатга кирмайдими? Лайло-я, қизгинам-а, шундай чиройли бахтингга ўзинг дарз кеткизиб ўтирибсан-а!? Яна иддаоларинг ортиқча. Сендан шундай ақлсизликни кутмагандим...
Лайло индамади. Шу топда у ўзича ҳақ эди. “Шундай одамлар орасида, шу муҳитда туғилганимдан рози эмасман,- деб ўйлаётганди у- эркак билан аёл деб ажратиш қаердан чиққан? Одамлар қачон бир-бирига инсон сифатида қарайди?” Жувон шу хаёллари билан ҳарчанд ўзига таскин беришга уринмасин, кўнглининг бир чеккаси хижилланиб  тураверди. Кўнглидаги ғубор ҳадеганда тарқалавермаганди, қўл телефонидан қандайдир рақамларни териб қўнғироқ қила бошлади.
- Фарида, яхшимисан ўртоқ? Вақтинг қанақа, бирор жойда ўтирайлик, жуда кайфиятим йўқ... Бироз чалғирмидим...- Нарёғдан тасдиқ жавоби бўлди, чоғи Лайло телефонини ўчириб, кийинишга тушди.
- Ойи, мен бирор соатларда қайтаман. Фарида билан кўришмоқчиман. Эзилиб кетдим уйда...- Сожида хола индамади. Онанинг қизидан кўнги ранжигани шундоқ билиниб турганди...
Дугонаси Лайлони ўзлари ҳар гал ўтириб дам оладиган  қаҳвахонада кутиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг Фарида хавотирли оҳангда гап бошлади:
- Лайлош, нима гап ўзи? Тинчмисан?
- Ҳмм... Ўзим шунчаки... Бироз кайфиятим йўқ эди. Шунга ўтирайлик дедим...
- Тинчликка ўхшамайди ўртоқ. Мендан ниманидир яширишга уриняпсан. Ичингда изтироб бор. Гапир. Бўл аввал сен гапир, кейин мен билганларимни айтаман.- Лайло алам билан ютиниб қўйиб, бошини қуйи солди:
- Айтмасам ҳам ҳаммасидан хабар топган кўринасан. Ўзинг гапиравер. Бир нарсани айтгани ҳам қўрқиб қолганман. Ҳамма мени нотўғри тушунади. Биров одам санаб мени тушунишни истамайди. Ҳамма учун мен ёмонман, ақлсизман...
- Лайло,- Фарида қаҳвахона хизматчиси қўйиб кетган яхна ичимликни идишларга қуя туриб гап бошлади,- аслида ҳам хато қилганингни ўзинг ҳам яхши биласан. Менику бор гапдан хабарим йўқ, лекин тунов куни Нигора ўғилчасига суннат тўйи қилган экан, беш-олти синфдош қизлар йиғилишгандик.- Фарида шундай деб Лайлога зимдан назар солганди, жувон қизаринқираб, лабларини қимтиб олди.- Лайло, яхши иш бўлмабди, ўртоқ. Лазиз билан ўртангизда қандай муносабат бор, билмадиму, лекин Дилфузанинг айтишича Лазизнинг хотини “оиламизни бузмоқчи бўлиб юрибди, эримнинг ҳол жонига қўймайди. Эрим ҳам қулоғидан телефонини қўймай пана-паналарда шивирлагани шивирлаган. Мен у хотинни тинч қўймайман, шармандасини чиқараман”, деган экан.  Мен ғийбат гапларга ишонмайман. Айниқса, сен ҳақингдаги гапларга! Шунинг учун ўз оғзингдан ҳаммасини эшитмоқчиман. Хўш, бу гаплар қаердан чиқяпти? Нега атрофингда бунақа фисқу фасод гаплар айланиб юрибди?
Фарида гапини тугатар тугатмай Лайло ҳўнграб йиғлаб юборди. Бироз йиғлаб ҳовуридан тушгач, ҳозирги ҳолатига сабаб бўлаётган вазиятни дугонасига гапириб бера бошлади.
- Шунақа, дегин... Биласанми, мени нима оғринтиряпти, сен шу ҳолатингда ҳам ўзингни ҳақ деб билаётганинг. Лайло, дугонажон, ахир виждонинг қийналяпти-ку! Сен нима деб ўйлагандинг, эркак билан аёл ҳеч замонда дўст бўлибдими? Аёл учун севгани ҳам, дўсти ҳам, ўртоғию яқин кишиси ҳам эри бўлади! Наҳотки шу ҳақиқатни унутдинг?! Яна, Шуҳрат акам мени хиёнаткорликда айблаяптилар, деб эрингдан хафа ҳам бўляпсан. Сен хато қиляпсан, дугонажон. Эрингдан кечирим сўрашинг керак. Бу ерда унинг айбини кўрмаяпман.
- Узр сўраганим билан мени тўғри тушунармиканлар? Улар мендан қаттиқ ранжиганлар...- Лайло нажот истагандек дугонасига илтижоли термулди.
- Агар истасанг, ўзим улар билан гаплашаман. Тўғри, эр-хотиннинг орасига эсини еган тушади-ю,  лекин ҳаракат қилиб кўраман. Шуҳрат ака ақлли, мулоҳазали инсон, умид қиламанки, улар сени тўғри тушуниб, кечирадилар. Лекин сен ҳам бошқа бундай ишларни қилма. Сенинг ҳаётинг, бахтинг оиланг билан. Дўст, синфдош деган гаплар ортда қолиб кетганига анча бўлди. Унутма. Аёлнинг хатоси кечирилмайди! Аёлни ақлдан адаштирмасин!..
Лайло овоз чиқармайгина дугонасининг гапларини тасдиқлади...

Рухшона Фаррух