1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Иккинчи хотиннинг “гуноҳ”и

 

 

 

Вагон оралаб чиптамда кўрсатилган ўриндиқни излаётгандим, охирги ўриндиқлардан бирини банд этган ўрта ёшлардаги, кўҳликка жувон овоз берди:
—    Синглим, нечанчи ўринни излаяпсиз?
—    Қирқ бешинчи, -дедим излашда давом этганча.
—    Мана бу ерда, менинг ёнимда экан жойингиз... “Оббо, вагон ташқарисидан жой беришса бўларкан-да...” деб ғудраниб қўйдим ичимда. Сафар халталаримни махсус жойга жойлаштириб ўриндиққа чўкдим. Одатда бегоналар билан чиқишиб кетишим қийин бўлади. Шу сабаб ҳам ёнимдаги аёлга эътибор бермай, ўзим билан олиб чиққан газетани варақлашга тушдим.
—    Синглим, сиз ҳам Бухорога кетяпсизми?- Аёл  афтидан мен билан гаплашишни истарди. “Дастлабки тергов” деган истеҳзоли ўй миямни ялаб ўтди.
—    “Ҳмм...” деб қўйдим, “ҳамма саволларингга жавоб беришга мажбур эмасман”дегандек.
—    Узоқ йўлда ишқилиб аёл ҳамроҳ тушсин, гаплашиб кетардик, деб ният қилгандим. Худога шукр, ниятим холис экан. Ҳозир хўжайинга қўнғироқ қилиб, ёнимда шеригим аёл кишилигини айтиб қўяйин.- Аёл шундай деб қўл телефонида қўнғироқ қилишга тушди. Кулиб-қувониб эрига “ҳисобот” бергач, менга  ҳам қараб ширингина жилмайиб қўйди. Аёлнинг мулойим табассуми юрагимни эритиб юбориб, қўполлигимдан хижолат чекдим. “Биров сенга ҳам шундай муомала қилсин-чи, қандай ботаркан? Бир мунис аёлнинг самимиятини менсимайдиган даражада манманлик қалбингга қандай ўрнашган экан-а?!” деб ўзимдан ёзғириб ҳам қўйдим. 
—    Бухорога кетаяпсиз экан-да?-дедим ўзимни хижолатликдан қутқариш учун аёлга кулимсираб қараганча.
—    Ҳа. Ўзим бухороликман. Тошкентда яшаймиз. Болаларни ёлғизлатиб эр-хотин иккимиз ҳам кетмайлик, деб дадаси мени чиқариб юбордилар. Уйдагиларни кўриб келайин, жуда соғиндим.
—    Болаларингизни ҳам бирга олиб чиқмабсиз-да, бобо-бувисини кўриб, ўйнаб келишарди.
—    Дадаси унамадилар. Ёзда бир опкетгандик, болалар кўзикдими, кинна кирдими, иккови ҳам касал бўлди. Ўзим икки кунда қайтаман, Худо хохласа. Сиз меҳмонга кетяпсизми ё Тошкентга меҳмонга келганмидингиз?- Аёл кўринишидан менинг “очилганимдан” кўнгли ёришган эди.
—    Уйга кетяпман, ота-онамни кўриб қайтайин, деб ишдан жиндек озод қилдим ўзимни.
—    Тошкентда ишлайсизми?- Аёлнинг саволини энди йўлга чиққан поезднинг тақир-туқури босиб кетди. Ҳар гал уйга бориш учун сафарга чиқсам, поезд юраётгандан алланечук тотли ҳислардан юрагим ширин энтикиб кетади. Ҳозир ҳам ширин титроқдан энтикиб, аёлнинг саволига салдан кейин жавоб бердим:
—    Ҳа, Тошкентда ишлайман. Журналистман.
—    Яхши-ку, телевидениеми ё радиодами?- Одатда кўпчилик журналист деганда фақат телевидение ва радиодан ишлайдиган ходимларни тушунади. Аёл ҳам журналистни шундай хаёл қиларкан.
—    Йўқ, матбуотда ишлайман. Газетада.- Жавобим аёлни қониқтирди. Ҳартугул, ҳамроҳим газета ўқиб турар экан, мен ишлайдиган газетани номини эшитиб тилла топган одамдек суюниб кетди. Бироз муддат уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик. Суҳбат мавзуи айланиб шахсий ҳаётимиз атрофида тўхтади. Аёл ўриндиққа яхшироқ ўрнашиб олиб, боягидек сирли жилмайиб қўйди. Аммо галги табассуми менга изтиробли туюлди.
—    Менинг ҳаётимни ёзса бир китоб бўлади. Орасида армон ҳам бор, бахт ҳам бор, қувонч ҳам, изтироб ҳам бор... Аммо минг шукрки, афсус йўқ...Бўлмасин ҳам... - Ҳамроҳимнинг ҳаётига қизиқиш устунлик қилаётган бўлса-да, саволга тутиш одоб-ахлоқ доирасига тўғри келмайди. Суҳбатдошимнинг ўзи гап бошлашини ботиний истак билан кутдим. Бу орада вагон ходимаси олдимизга қаҳва келтириб қўйди. Пойтахтни ортда қолдириб, Сирдарёга яқинлашган эдик, яна ҳамроҳим гап бошлади:
—    Айрим нарсаларни ўйлаб ҳайрон қоламан-да, синглим. Одамлар иккинчи хотин деганда фақат ахлоқи бузуқ, енгилтак аёлни тасаввур қилишади. Гўёки кундош устига теккан хотин шарманда, ўта гуноҳ иш қилган, юзиқаро фоҳиша... Иккинчи хотин бўлиш гуноҳ бўлса, Аллоҳ таоло рухсат қилмаган бўларкди-ку. Одамлар калтафаҳм, фақат бир томонлама ўйлашади, танганинг фақат олд томонига қарашадию, орқа томонига эътибор беришмайди.
—    Ҳар кимнинг дунёқараши  ҳар хил-да, -деб қўйдим. Тўғриси, бу борада менинг ҳам фикрим аёл айтаётган одамларники билан бир хил эди. Шунинг учун ҳам навбатчи жумлалар билан у гапираётган муаммога муносабат билдирдим. 
—    Дунёқарашимиз ҳар хил бўлгани билан, мусулмонмиз-ку. Мусулмончиликда мен айтаётган нарса қораланмайди...- “Ўзи иккинчи хотин экан, шекилли” деган ўйда унга синчковлик билан тикилдим. Дилимдан кечган ўйни тилимга кўчиришга истиҳола қилдим. Ахир, аёл айтганидек, бу анча-мунча одам кўтарадиган гап эмас-да. Ҳамроҳим бироз муддат бир нуқтага тикилган куйи қўл телефони брелогини ўйнаб турди-да, сўнг ўзига ярашиқли ўша табассуми билан менга қараб гап бошлади:
Оилада ёлғиз қизман. Икки ўғилдан кейин ота-онам мени  Аллоҳдан сўраб-тилаб олишган. Исмим Хуршида. Дадам ҳаёти қуёшдек порлоқ бўлсин деб, менга шундай исм берган эканлар. Жуда эркак-тантиқ, айтганим айтган, деганимдеган қиз эдим. Уйда ҳамма менинг кўнглимга қарарди, хоҳишим билан ҳисоблашишарди. Жуда эркатой бўлсам-да, мактабда ўқишим яхши эди. Деярли ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўқирдим. Мактабни тамомлаб пойтахтга ўқишга келдим. Ўз билимим, ўз кучим билан Университетга ўқишга қабул қилиндим. Худбинлигим, қайсарлигим билан ўқишда ҳам ном қозондим. Негадир, ўжар, урушқоқ қиз бўлсам ҳам ошиқларим кўп эди. Мақтаниш эмасу, жуда гўзал эдим ёшлигимда.- Аёл шундай деб кулисмираб қўйди. Унинг латиф ва чиройли чеҳрасидан ёшлигида ҳам ўзига етгуликкина кўҳли бўлганини билиш мумкин эди.- Мен ҳуснимга, ақлимга, мағрурлигимга ошиқ бўлиб юраверибман. Вақт эса югурик дарё экан. Бир зумда ўқишни тамомлаб, ёшим ҳам йигирма тўртга бориб қолибди. Талабалик таҳсилидан сўнг юртимга- Бухорога қайтдим. Совчиларнинг ҳали унисидан, ҳали бунисидан айб топаверибман, топаверибман. Бу орада акаларим уйланиб, болалари улғайиб қолди. Келинойларим мен ҳақимда гап кетса, бир-бирига чимирилиб: “Қари қиз” дейишларини эшитиб қолдим. Энди аввалгидек инжиқликларим эркалик эмас, асабийлик эди. Қшлоқдаги ишимни ташлаб, шаҳардан иш топдим. Тақдирда борини кўравераман, мен касал бўлмасам, бузуқ бўлмасам, бирор айбим бўлмаса, қўлимда дипломим, тузуккина ишим бўлса, қўлимдан бир аёл эплаши керак бўлган иш келса яна нима керак? Ўзи турган битганим бахтку, агар турмушга  чиқиш бахт очилиши бўлса бир кун келиб шу бахтга ҳам етишаман, деб юравердим. Мен ўзимга олмасликка, тенг-тўшларимнинг фарзандини етаклаб юрганини кўрганимда юрагим бўлиниб кетганини кўрсатмасликка уринардиму аммо ота-онам ёлғизгина қизларининг кемтик шахсий ҳаётини ўйлаб кўп эзилишларини билардим. Аммо начора, бу дунёда инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган, тақдир билан боғлиқ нарсалар ҳам бор. Инсон ўзи хоҳлагани билан тақдирини, Яратганнинг ёзуғини ўзгартиролмайди-ку.
Пул асраб юролмаганим учун маошим қўлимга теккан заҳоти тилла магазинга бориб тилла тақинчоқлар олиб қўярдим.  Ўзим ҳар доим кириб турадиган тилла магазинда баъзи-баъзида кўриниб турадиган  бир йигит билан аввал салом-алигимиз бор эди. Бир куни у мен излаётган италян тилласидан ишланган қалин тилла занжирдан олиб келишини айтиб, иш хонамнинг телефон рақамини олди. Орадан бироз вақт ўтиб ваъда қилган занжирни ҳам олиб келди. У пайтлари ҳозиргидек италян тилласини ҳамма магазиндан топиб бўлмасди. Хуллас, шу баҳона биз ҳалиги йигит билан яқин муносабат ўрнатдик. У мендан уч ёш катта, Молия институтини тамомлаган, соҳаси бўйича пойтахтда давлат ишида ишлаб, ўзимизнинг шаҳримизда тилла дўкони очган экан. Мен ҳар доим тилла тақинчоқ харид қиладиган дўкон уники экан. Йигит уйланмаган экан. Биз учраша бошладик. У дўконига мол олиб келса, албатта мен билан учрашар, унинг жуда эътиборли, ақлли, иймонли экани менга жуда ёқарди. Муносабатларимиз ҳақида онамга айтиб бердим. Улар ҳам, “ўзинг биласан, сенга маъқул бўлса, сен бахтли бўлсанг бўлди. Отанг иккимизга фақат сенинг бахтинг керак” дедилар. Олти ойча синашиб, учрашиб юрганимиздан кейин Иброҳимжон ака (йигитнинг исми) уйимизга совчи юбордилар. Ота-онам менинг гапларим ва совчиларнинг айтганига ишониб, ёмон йигит бўлса йигирма саккизга кирган қизимиз биларди, қизимиз одам айиришни жуда яхши билади, деб  меҳмонларнинг учинчи келишида нон ушатишди. Негадир, тўй кунимиз яқинлашаётган бўлса-да, Иброҳимжон ака загсга ариза бериш ҳақида оғиз очмасдилар. Мен ўзим орзу қилган, ўзим кутган, менга ҳар томонлама муносиб инсон билан турмуш қураётганимдан, гарчи одамлар назарида “ўтириб қолган қиз”, “қари қиз” деган тамға менга ёпишган бўлса-да, жойим чиққанидан хурсанд эдим. Сарпо-суруқ, фотиҳа тўй каби нарсаларда бошқалардан зиёда қилдиларки, кам бўлмади. Бахтдан осмонларда учиб юрган кезларим Иброҳимжон аканинг машиналарида паспортларини кўриб қолдиму, гўёки еттинчи қават осмондан ерга қулаб тушгандек кучли зарбага йўлиқдим. Иброҳим ака уйланган экан... Иброҳим ака билан менга ваъда қилган сариқ тилладан ишланган ёқут кўзли никоҳ узугини олиш учун бир танишиникига боргандик. Улар мени машинада қолдириб, ўзлари чиқиб кетгандилар. Паспортлари бехосдан қўлимга тушиб қолди... 
—    Хўш?..- Аёлнинг ўзгариб кетган ранги ва гапириш оҳангидан айтмоқчи бўлган гапини илғагандай бўлдим.
—    Улар уйланган эканлар... Мен фақат меники деб билган инсон аллақачон бошқа аёлнинг жуфти экан...
—    Вой, астоғфуррулоҳ... Одам ҳам шунчаликка борар эканми?!..
—    ...  Дод солиб бу алдовига изоҳ сўрадим. Нима ҳам дерди, сени севиб қолгандим, сени яхши кўраман, мен истаган қизсан... ва ҳоказолар... Йиғлай-йиғлай тўйни тўхтатадим...
—    Эҳ... Сизни тушуниб турибман. Бошингиздан қандай кунлар ўтганини кўз олдимга келтиряпман... Одамларнинг гап-сўзи... Миш-мишлар...
—    Асти гапирасизми, сингилжоним. Бегоналарни қўяверинг, ўзимникилар, акаларим, уларга қўшилиб хотинлари... Янга дўст бўлмас экан. Ота-онамнинг ҳам андишасини қилишмасди. Кўзларимга қараб, очиқ-ойдин таъна қилишарди. Мен аламимни фақат кўз ёшларимдан олардим...
—    Анави йигит-чи?- Хуршида опа гапираётган воқеалар кўз ўнгимда гавдаланиб, ўзим танимагана инсондан нафратланиб кетдим.
—    Иброҳим ака қўнғироқ қилишни, ишхонамга келишни кандай қилмасди. Ҳатто тортинмай қишлоққа, уйимизга  ҳам келаверардилар. Мен уларни яхши кўрардим, лекин алдагани алам қилиб ҳеч гаплашишни истамасдим. Ана шундай тортишувлар билан яна икки йил ўтиб кетди. Одам бир инсонга қаттиқ кўнгил қўйса, кўнгил узиши қийин бўларкан. Гарчанд қаттиқ ранжиган бўлсам-да, Иброҳим акани яхши кўрардим.  Танишган кунимизни нишонлаш учун шаҳарнинг қиммат, машҳур ресторанларидан биригажой буюртмалаган эканлар. Ишимга келиб кўзига илтижоли термулиб тургандилар, йўқ деёлмадим... Ўтириш баҳона кўз-кўзга тушиб меҳримиз қайталанди. Иброҳим аканинг ота-онаси кўнгли билан ҳисоблашмай уйлантиришганини, келин уларнинг оиласидан кўра анча бадвлатроқ хонадондан чиққани учун на қайнона-қайнотани, на эрнинг ҳурматини қилмаслигини, Иброҳим ака фарзандли бўлсак, бироз феълини ўнглар, деб чидаб келганини, лекин хотини баттар авжга минса минганию, ҳеч ўзига келмаганини ўксиб гапириб берди. “Ҳаётдан безиб, ўзимни эркак сифатида ҳам, одам сифатида ҳам ҳеч кимга кераксиз, билиб қийналиб юрган пайтларим сенга рўпара келдим. Хуршида, қалбимга қуёш бўлиб кирдинг. Сенга уйланмоқчи бўлганимга ота-онам ҳеч қаршилик қилишмаган. Шунинг учун ҳам совчиликка келишди-да ахир. Оиламиз намозхон хонадон. Ўзим ҳам ибодатимни имкони даражасида бажариб юраман. Илтимос, сен тўғри тушун, ўксинма, рози бўл, никоҳимга олайин, ҳаммаси яхши бўлади. Мен фақат бахт таъмини туйиш учун, эр бўлиб иззат-икром кўриш учун сенга уйланмоқчиман. Сен айтганингдек эҳтирос бандаси эмасман...” – дедилар ерга тикилганча... Уларни яхши кўрардим. Қолаверса, бизнинг оиламиз ҳам  намозхон, ота-онам Аллоҳни таниган инсонлар. Иброҳим аканинг гапларига сукут билан жавоб бердим. Хуллас, улар ота-онамни кўндирдилар. Икки йил кечиккан тўйимиз бўлиб ўтди. Мени Тошкентдаги уйларига туширдиар. Худога шукр, ҳаммаси ўз изига тушиб кетди. Ҳозир иккита ширингина ўғилчамиз бор. Иброҳим акам деярли биз билан яшайдилар, онда-сонда биринчи оилаларига борадилар. Мақтаниш эмас, уларни мен ундайман, “боринг, ахир у ерда ҳам оилангиз, фарзандларингиз бор, уларни дийдорингизга, меҳрингизга зор қилманг” деб тураман. Этни тирноқдан айиришнинг гуноҳи оғир, синглим. Кундошим бир ғалати феълли хотин экан, эрининг бор йўқлиги, ундан хабар олиш олмаслиги унга барибир. Пул топса, яхши яшаса, яхши кийинса бўлди... Шунқақа гаплар-да синглим...- Хуршида опанинг ҳикоясига берилиб йўлнинг узоқлиги ҳам сезилмабди. Когонга яқинлашиб қолган эканмиз. Ҳамроҳимнинг чеҳрасига синовчан тикилдим. Унда иккинчи хотин бўлгани учун армон, ўкинч сезилмасди. Аксинча, бахтдан ял-ял ёниб турганди. Шу орада қўл телефони жиринглаб қолди, эри экан, “Лаббай дадаси” деб жавоб берганида кўзлари чақнаб кетди.
—    Синглим, иккинчи хотин бўлганларнинг ҳаммаси ҳам одамлар ўйлагандек фоҳиша, бузуқи эмас. Бу дунёда хотиндан омади келмаган, куйиб юрган эркаклар камми?! Ҳамманинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор. Мен шундай инсонга бахт бериб, ўз бахтимни топдим... Аллоҳга шукр. Бошқалар бахтини ўйлаш билан ўз бахтимизни топамиз, деган гапни ўқигандим қаердадир. Бу фикрнинг нечоғли тўғри эканлигини ўз ҳаётим мисолида кўрдим. Албатта ҳаётимни газетангизга ёзиб чиқаринг. Мен қилган ишимни хато деб билмайман...
Поезд Когон вокзалига аллақачон етиб келган, йўловчилар бирин-кетин тушаётганди. Хуршида опа билан телефон рақамларимизни алмашиб, қадрдонларча хайрлашдик. Перрондан тушганимдан кейин ҳам унинг орти дан термулиб қолдим. Хуршида опа ҳаётга тик боқиб, мағрур қадамлар билан манзили томон ошиқаётганди...

Рухшона Фаррух