Сайт бўлимлари
Оилам.Уз сайти «Турмуш сабоқлари» рукни остида зукко муаллифимиз Аҳмад Муҳаммад Турсун қаламига мансуб оилавий муносабатларга оид китоб ва мақолаларини жойлаштиришни ният қилди. Мазкур мавзулар фаровон турмуш кечириш, бахтли бўлиш, саломатлик, ҳалол йўл билан бойиш, оила фароғати, эр ва хотин муносабатлари, қиз ва йигитларни турмушга тайёрлаш, маънавий ва руҳий оламни бойитиш каби кўплаб ҳаётий мавзуларни қамраб олади. Инсоннинг руҳий оламини инкор этиб, фақат моддиятни тарғиб қиладиган Ғарбда тўхтовсиз чоп этилаётган ҳамда кишиларга ҳақиқий бахт-иқболга эришиш йўлларини ўз андозалари орқали кўрсатадиган китоб ва дастурлардан фарқли ўлароқ бу китобларда соф инсоний муносабатлар, асл қадриятлар, иймон-эътиқоднинг тамал тошлари ҳақида қизиқарли ва батафсил сўз юритилади.
Бойлик яхшими ё камбағаллик?
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Инсоннинг феъл-атвори жуда қизиқ: ҳеч нарсага рози бўлмайди, на иссиққа кўнади, на совуққа. Камбағаллигида нуқул бойиб кетишни, қўлига катта пул келиб қолса чиройли ва ҳашаматли уйлар қуришни, шоҳона дастурхонлар солиб катта тўйлар қилишни, бир эмас, бир неча автомобиллар харид қилишни орзу қилади. Боласига ҳам тинмай «бойиб кетсам, уни обераман, буни совға қиламан», деб ваъдалар беради.
Бир куни келиб бойиб ҳам кетади, аввал орзу қилган ҳамма нарсасига эришади. Ҳатто ўзи кутганидан ҳам кўп мол-дунёга эга бўлади. «Энди у мақсадига эришиб, хотиржам бўлгандир, бойлик ва неъматларга ғарқ бўлиб мазза қилиб яшаётгандир, пули йўқлигида кўп марта орзу қилганидай, оиласини етаклаб жаҳон кезгани саёҳатга жўнагандир ёки мол-дунё билан ўралашиб қолганида унутилган севимли машғулотларига қайтгандир?» деб ўйлаётган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз. Унинг аввалги ташвишлари ўн чандон ортиб кетган: қўлга киритган бойлигини қандай қилиб кўпайтириш, уни тажовузлардан асраш, фойдани қайси ишларга йўналтириш, фаолият юритишнинг янги режаларини тузишга бош-кўзи билан шўнғиган.
Пулим кўпайса, хотиржам бўламан, ҳеч кимга боғлиқ бўлмайман, деб ўйлаганди. Қаёқда: ҳатто овқатини хотиржам ея олмайди, уйқусида ҳаловат йўқ, қачон одамларга ўхшаб дам олганини эслолмайди ҳам. Ана шундай кунларнинг бирида миясидами, қалбидами, онгидами нимадир «чирс» этиб узилиб кетгандай бўлади. Тўплаган, жонидан ҳам азиз қилиб асраган, уни кўпайтириш учун ҳамма нарсадан воз кечиб елиб-югурган мол-дунёси бирданига кўзига хунук кўриниб қолади. Шунча умрини бефойда ўтказиб юборгандай надомат чекади. Кўнгли камбағал одамларникига ўхшаган оддийгина уйларни, камтарона турмушни, фақирона ҳаётни қўмсаб қолади.
Америкада Хюз деган бир миллиардер ўтган. «Авиатор» филми ўша одам ҳақида. Ана шу миллиардер шўрлик қайси мамлакатга борса, бойларнинг таомилига кўра энг қимматбаҳо меҳмонхоналарга тушар, унинг ходимларини ҳайратга солиб, юмшоқ кўрпа-тўшакларни рад қилган ҳолда полга газета тўшаб ухлар экан. Нодир ва қимматбаҳо таомлар ўрнига фақат моғорли нон ва совуқ сув сўрар экан. Бу ҳам бойларнинг бир хурмача қилиғи-да, деб ҳайрон бўлманг. Аллоҳ Хюз жанобларига шунча давлатни бериб қўйибдию, унинг миясига микроб хавфини ҳам солиб қўйибди. Ҳамма нарсада касаллик келтирувчи микроблар борлигидан, улар бир куни ўзини ҳалок қилишидан хавфсираб қолган миллиардер умрининг охиригача ана шундай қўрқув ичида яшади, бойлигини ишлата олмай меросхўрларига ташлади-кетди.
Мисрлик яна бир давлатманд киши воқеасини сўзлаб беришган эди: у Қоҳиранинг бойлар яшайдиган маҳалласидаги шоҳона уйининг деразасидан ташқарига қараб афсус билан шундай деган экан: «Мен бир нарсага сира тушуна олмадим: уйим ва жиҳозларим гард юқмаган ҳолатда тоза, энг сара ва покиза овқатларни ейман, лекин бошим касалдан чиқмайди. Анави фаллоҳлар тупроқнинг ичида туғилиб, иркит кўчада улғаяди, овқатини чанг-тўзон ичида еб, лойқа сувни ичиб кетаверади, бирортасини дард ҳам урмайди».
Энди биз камбағал деб ўйлайдиган кишининг аҳволига бир назар ташлайлик: оила бошлиғи эртадан-кечгача тиним билмай ишлайди, аёли ва болалари ҳам унга ёрдамлашишади. Ҳамма нарсада тежашади: аканинг кийимини ука кияди, каттасининг ўқув қуроллари кичигига қолган, кечаги овқатни бугун иситиб ейишган, ҳатто битта йўл чиптасидан уч киши фойдаланади. Аммо бирлари ҳеч икки бўлмайди: ейишга пул топилса, кийимга йўқ, кийимга бир илож қилиб жамғаришса, ўқишга маблағ излаб қийналишган. Шунда ҳаммалари баравар фиғон чекишади: «Нима гуноҳимиз учун биз камбағал қилиб яратилганмиз, қўшнимиз фалончидан қаеримиз кам ахир, у ҳам ишлайди, биз ҳам ишлаймиз, унинг ҳам олтита боласи бор, биз ҳам шунчамиз, аммо унинг уйи фалонча хонали, хорижий жиҳозларини, гаражидаги машиналарини айтмай қўяқолайлик, шуми адолат?!»
Иш шундоқ экан, бой бўлиш яхшими ёки камбағаллик? Биров: «Бойликка нима етсин, тилинг бурро, мартабанг жойида, ҳамма ҳурмат қилади, истаган нарсангга эриша оласан, бошқага мутеъ бўлмайсан, яна садақа-эҳсонларни кўп қилиб, Худогаям, бандасигаям яхши кўринасан», деб маслаҳат беради.
Яна бошқаси камбағалликни мақтайди: «Камбағалнинг ҳеч қанақа ғами-ташвиши бўлмайди. Бой одам ҳеч қачон иккита нон ея олмаган, иккита костюм кия олмаган, аммо бойлигини қўлга киритгунича соғлиғидан, асабидан, яқинларидан, хотиржамлигидан ажраб бўлган. Камбағалда бунақа ташвишлар йўқ. Қорнини битта тўйдиради-да мазза қилиб қотиб ухлайди. Бойларга ўхшаб элликка кирмай туриб қанд, қон босими, юрак хуружи каби бир неча касалликни орттириб олмайди».
Хўш, унда ким ҳақ? Ҳаётда бой бўлган маъқулми ёки фақирликка кўниб кун кечирган аълороқми? Моддиятга қул бўлган Ғарб оламининг ақлли кишилари ҳамма ишда бойликни, мол-дунёни биринчи ўринга қўйишади. Улар наздида ҳаётда тўкин ва фаровон яшаш, жамиятда катта мавқе ва обрў-эътиборга эришиш, ҳатто оила аъзоларингга ёқиш учун сен бадавлат киши бўлишинг, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлмасин, анча-мунча мол-дунёни қўлга киритишинг зарур. Китобларда, газет-журналларда, киноларда бойликни мақташади, бойлар ҳаётининг бор «жозибаси»ни кўз-кўз қилишади, ҳаммани бойлардан ибрат олишга чақиришади. Шунинг учун аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида Москвада ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 64 фоизи бахтли бўлиш учун инсон бой бўлиши керак, деб жавоб берган, 8 фоизигина одамларга фойдали эканингни ҳис этиб яшаш бахтиёрлик омили, деб ҳисоблаган.
Бунга қарши ўлароқ Шарқ донишмандлиги инсоннинг бахтли яшаши учун энг аввало у ҳалол яшаши, ахлоқий мезонларга риоя қилиши, одамлар билан муносабатларда олийжаноблик кўрсатишини асосий шартлардан ҳисоблайди. Бойлик, мол-дунё инсоннинг олий мақсадларга эришувида бир восита, уни синаш учун бир имтиҳон сифатида талқин қилинади. Олимлар ва донишмандлар мол-дунёга эътибор қилишмаган, одамларни унга рағбатлантиришмаган. Инсонга бойлик келса уни керакли жойларга сарфлаш, саховатни, эҳсон-садақани кўпайтириш, бойликнинг тўпланишига йўл қўймасликка чорлашган. Фақир-камбағалларга уларнинг бу ҳолати Яратганнинг улуғ марҳамати, уларни имтиҳон қилаётгани белгиси экани тушунтирилган, улар сабр-қаноатга, тақдир ёзуғига кўнишга ва чидашга чақирилган.
Ушбу китоб бойлик ва камбағаллик, мол-дунёнинг фойдаси ва зарарлари, бойлар ва камбағалларнинг ўз ҳаётларига муносабатлари қандай бўлиши, мол-дунё келганида ёки унинг йўқлигида қандай йўл тутиш, сахийлар васфи ва бахилларни қоралаш каби мавзуларни миллий мафкурамиз ва Шарқ донишмандларининг панд-насиҳатлари асосида таҳлил қилади. Уни ёзишдан мақсад бойларни ва бойликни мақташ ёки ёмонлаш, аксинча камбағалликни ва фақирларни мадҳ этиш ёки танқид қилиш эмас. Ниятимиз ҳамма замонда, ҳамма жойда, ҳамма вақт ҳам бойлар ва камбағалларнинг бўлишини, бу Яратганнинг ҳикмати ва ўлчовлари эканини, буни ўзгартирмоқчи бўлганлар советларнинг бойларни йўқотиб, ҳаммани камбағал қилиш «тажрибаси» каби кулгили аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини муҳтарам ўқувчиларга бир карра эслатишдир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам инсонга берилган неъмат, бир синов. Бойлик келганда инсонийликдан чекинмай, мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўймай уни жойига сарфлаш, камбағалликда эса буни ўзига берилган бир неъмат сифатида қабул қилиб, сабр ва шукр қилиш чин инсонийлик мезонларидир. Агар китобимиз ҳозирги ҳавойи нафслар жунбушга келиб, ҳамма мол-дунё «ишқи»да ёнаётган бир пайтда кимларгадир бу борадаги чин ўлчовларни англата олса, мақсадга эришган бўлур эдик.
Муҳаммадшокир отанинг уйи
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Суҳбат асносида Муҳаммадшокир ака ўн беш йилдан буён шу ерда муқим яшаётганини, дўкондан фақат гугурт, туз, керосин сотиб олишини, қолган ҳамма нарсани ўзида етиштиришини, кеч кузда уй ёнидаги боғдан чиққан ҳосилни сотиб, кийим-кечак, рўзғор ашёларининг бир йиллигини ғамлаб олишини гапириб берганида, гапнинг рости, худди бошқа оламга келиб қолгандай бўлган эдим. Яшириб нима қилай, ўшанда Муҳаммадшокир ака, у кишининг аёли ва икки фарзандига роса раҳмим келган. Маданиятдан, шаҳар қулайликларидан узилиб, мана шундай «ғарибона, фақирона» ҳаёт кечираётганига афсусланганман. Иложсизликданми, ёки бирор касби бўлмаганидан ўзига шундай ҳаёт тарзини танлаган бўлса керак, дея тахминлар қилганман.
Орадан йиллар ўтиб, улғайдик. Ҳаётнинг икир-чикирларига ақлимиз етадиган бўлди. Турли кишиларнинг шоҳона уйларини, фаровон ҳаётларини, ҳисобсиз бойликларини ҳам кўрдик. Ўзимиз ҳам чиройли уйлар қуришга, рўзғорни қулай қилиш учун турли жиҳозлар сотиб олишга, кўпроқ пул топиб, «яхшироқ, фаровонроқ» яшашга рағбат кўрсатдик. Лекин ана шу рағбатлар, дунё шаҳватларига интилишлар кучайгани сайин, ҳаётимиз тобора қулайлашиб-яхшилангани билан турмушимизда, руҳиятимизда нимадир етишмаётгандай, кўнглимиз нимадандир тўлмаётгандай бўлаверди. Бунинг асл сабаби орадан кўп йиллар ўтиб яна Муҳаммадшокир отанинг уйига йўқлаб борганимда аён бўлди. У киши ҳамон ўша тахлитда умргузаронлик қилар, уйининг ёнидан ўтган электр ва газни инкор қилиб, «эскичаси»га ҳаёт кечирар эди. У билан суҳбат қурар эканман, анча кексайиб қолган Муҳаммадшокир ота турмушидан мамнунлигини изҳор этиб, тинмай Яратганга шукрона айтар, сўнгги соатини интиқлик билан кутар эди.
Шунда мен анчадан буён йўқотиб қўйган нарсамни топиб олгандай бўлдим. Мен яратилиш фитратимдан, аслиятимдан, оддийлигимдан, қаноатимдан, табиийлигимдан узоқлашиб кетган эканман. Безовта қалбим, хотиржамлик истаган нафсим яна ўша аслиятга қайтишни хоҳлаётган экан. Муҳаммадшокир отанинг аёли дастурхонга келтирган қора тандир нон, бир ҳовуч туршак ва жийда, сопол косада ивитилган қатиқ, олма ва шафтолининг қуритилган гулидан дамланган чой ҳаётимдаги энг тансиқ ва мазали таом бўлганини кейин ҳам узоқ вақт унута олмай юрдим.
Кейинчалик у кишининг турмуш тарзи қанча-қанча одамларга бир умрли етиб бўлмас армон, ушалмас орзу бўлиб қолгани ҳақида кўп ўйладим. Ҳовлисига саройларга ўхшаш муҳташам, серҳашам меҳмонхона қуриб қўйиб, бир марта одам тўплаганидан кейин ҳафсаласи пир бўлгач, «кўзимга шунақанги хунук кўриниб қолдики, булдозер опкелиб таг-туги билан буздириб ташласаммикин», деб фиғон чеккан танишимнинг аҳволини кўрганимда Муҳаммадшокир ота эсга тушаверади. Ёлғиз ўғлига атаб икки қаватли, йигирма беш хонали уй қурган бошқа бир танишимнинг «ҳали ўзим иккинчи қаватга чиқиб кўришга улгура олмадим», дея зорланганини эшитиб, Муҳаммадшокир ота хаёлга келаверди. Бойликдан, ҳашамдан, дабдабадан роса тўйган бир арбобнинг «қишлоқнинг энг четига пахса деворли уй қураман, чойдишда чой дамлаб, ўчоқда овқат қилинадиган бўлади», деган орзусини эшитганимда дарров Муҳаммадшокир отани ўйлайман.
Ана шундай пайтда «Дунёга ўзи нима учун келганмиз, фақат еб-ичишу, башанг кийимлар кийишгами ёки баланд уйлар қуришу хорижий машиналарни минишгами?» деб ўзингга ўзинг савол бергинг келиб қолади. Аммо ҳаёт ҳақида жиддийроқ ўйлайдиган кишилар бу саволларга бошқача жавоб беришади: «Йўқ, фақат булар учун эмас! Тўғри, дунёга келдингми, ҳаёт кечириш учун бу нарсалар ҳам зарур бўлади. Ҳа, улар фақат зарурат холос, ҳаётнинг асл мақсади эмас, ҳамиша интиладиган, ҳамма нарсани унга қурбон қилиб юборадиган орзу-мақсадлар эмас. Парвардигор дунёни инсонларга дунё ҳаётида яшаш баробарида асл дунё учун тайёргарлик кўриш маскани сифатида танлаган».
Биз дунёга унинг лаззатларига ғарқ бўлиш, неъматларини қўлга киритиш йўлида мусобақалашиш, мол-дунёга рағбат кўрсатиш учун келмаганмиз. Дунё биз учун абадий ватанимизга олиб борувчи йўлдаги бир карвонсаройдир, сафарга отланганлар учун бир қўним жойидир. Йўлдаги мусофирхоналарда жиндай тамадди қилиб олинганидай, бироз ҳордиқ чиқариб куч йиғилганидай, дунёдан ҳам бир йўловчи мусофир каби ўтишимиз керак. Ўша мусофир карвонсаройдаги ҳашам ва қулайликларга қанчалик бепарво, ошхонасидаги таомларнинг тури ва мазасига қанчалик беэътибор бўлса, дунё ҳаёти ва унинг неъматларига ҳам шундай муносабатда бўлишимиз керак.
Инсон дунёга келибоқ ўзига омонатга берилган Ер ва унинг устидаги барча нарсалардан фойдаланишга киришади. Ҳақиқатан ҳам дунё ва ундаги нарсалар инсон учун яратилган. Инсон бу замин устида кияди, ейди, ичади, уйланади, бола-чақа орттиради, ибодат қилади, хулласи, не мақсадда яратилган бўлса, шу мақсад йўлида тайёргарлигини қилади.
Донишмандлар айтишадики, ким ана шу берилган нарсалардан фақат керагини, ўзига буюрилган миқдордагисини олиб ишлатса, у тўғри йўл тутган бўлади ва мақталади. Бордию у ҳожатидан ортиғини олиб, очкўзлик қилса, ёмон йўлга кирган бўлади ва бунинг учун қораланади.
Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир инсоннинг яшаши учун нима нарсалар зарур бўлади? Яшашга битта маскан, ётгани кўрпа-ёстиқ, кийгани бир, борингки икки сидирға кийим, очдан ўлмаслик учун кифоя қиладиган егуликлар… Хабарларда айтилишича: «Одам болаларининг қуйидаги нарсалардан бошқа ҳеч бир ҳаққи йўқдир: яшайдиган уйи, авратини тўсадиган кийими, ноннинг ўзи ҳамда сув».
Энди ўзимизнинг турмушимизга бир назар ташлайлик: битта оилага бир уй-даҳлиз кифоя қилгани ҳолда йигирматалаб хонаси бўлган бир неча қаватли уйларни қуриб олганмиз. (Бир танишим яқинда қўшниларига тақлид қилиб, қурилганига беш йил бўлган яп-янги уйини бузиб бошқатдан қуряпти). Қўша-қўша қишки, ёзлик, баҳорги, кузги кийим-бошлар… Буларнинг кўпи «урфдан қолди», «ярашмаяпти шекилли», «тикувчим бичимини ўхшата олмапти» деган айбномалар билан анчадан буён кийилмай куяга ем бўлиб ётгани ҳам рост гап. Пойабзалимиз ҳам бир неча жуфт: ёзги, қишки, мавсумий, кўчага, уйга, меҳмондорчиликка, маҳси-калиш, этик каби бир неча хил ва кўринишда. Машинамиз ҳам ишга, оилага, дам олишга миниладиган каби хизматларга алоҳида-алоҳида тақсимлаб қўйилган.
Ўтмишдаги солиҳ аждодларнинг ҳаётлари бугунгидай тўкин бўлмаган. Уларнинг кўплари вафот этишганида катта-катта қарз, битта қурол, жойнамоз, обдаста, тери пўстак ва бир сидирға кийим «мерос» қолган. Мадинада «Суффа аҳли» деган фақирлар ҳам бор эди, уларнинг уйи ҳам, моли ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган, масжид ёнидаги суффада яшашган. Уларнинг бирортасида ҳатто чопон йґі эди.
Машҳур шайхлардан Молик ибн Динор ҳазратларининг бисотларида битта бўйра, Мусҳафи шариф ва кўзачадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бир куни бир одам у кишига янги кўзача ҳадя қилди. Эртаси куни эрталаб Шайх ҳалиги кўзачани дўстларидан бирининг қўлига тутқазиб, «Қардошим, шу кўзачани ол, ажибки кеча оқшомдан буён «ишқилиб, кўзачани бирортаси ўғрлаб кетмасин-да», деган хавотир билан юрагим нотинч, беҳузурман», деди.
Агар «Илгариги даврларда шундай бўлса, бўлгандир, ҳозир тўкинчилик, фаровонлик замони, ҳамма нарса модда билан ўлчанадиган бўлиб кетган, энди бу тахлитда кун кечиришнинг иложи йўқ-да», деб эътироз билдирадиганлар бўлса, унда ҳозирги кунимиздан мисол келтирай. Эроннинг руҳоний раҳнамоси Оятуллоҳ Ҳумайний хориждаги ҳижратидан Эронга қайтиб келганидан сўнг Қум шаҳрида камтарона бир кулбани макон тутди. Хонанинг бор жиҳози кўҳна бир диван, шолча, Мусҳафи шариф, битта обдаста, жойнамоз ва асо бўлган. Ҳумайнийнинг ўғли «Отажон, сиз Эроннинг руҳоний раҳбарисиз, ҳузурингизга турли давлатлардан мўътабар меҳмонлар келиб туради, ҳеч бўлмаса мана шу диванни янгилаб қўяйлик», деганида, Оятуллоҳ: «Меҳмонлар уйнинг жиҳозларини эмас, Ҳумайнийни кўргани келишади», деб жавоб қайтарган экан. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» китобида «Девонанинг дунё ва охират ҳақида айтганлари» деган ҳикоят бор:
Не эмиш ул икки олам чун хаёл?
Деди: бу икки жаҳон баланду паст,
Қатра сувдир, бор эмас ул, йўқ эмас.
Қатрайи сув бўлди аввал ошкор,
Қатрада акс этди сўнг нақши нигор.
Ҳар неким сув эрди, кўр охир ҳисоб,
Гар темирдин эрса ҳам бўлди хароб.
Боқ, ўшал ҳам сув била ҳосил бўлур.
Ҳар неким ул аввали сув эрди, бас,
Охири тупроқ бўлиб, топгай абас.
Сувда кўргайму киши сабру қарор?
Сувда тургайму иморат устувор?
Энди инсоният яратилганидан буён бу кўҳна замин устида бўлиб ўтган ишларга ғойибона бир қур назар ташлаб чиқайлик. Одам Ато замонидан буён куррамиз устида не воқеалар бўлмади, кимлар келиб, кимлар кетмади. Дунёни зир титратиб, ҳамма ёқни қонга ботирган саркардаларни ҳам, қудрати ва бойлигининг исига маст бўлиб ҳатто худолик даъвосини қилган ҳукмдорларни ҳам, илмига маҳлиё бўлиб, Ер устини алғов-далғов қилиб юбораман, деган олимларни ҳам кўрди бу курраи замин. Уларнинг орасида Муҳаммадшокир ака каби бир четда, камтарона, ҳеч кимга малоли келмай, Яратганнинг берган кунига шукр қилиб яшаб ўтган одамлар ҳам кўп бўлди. Илм-фан энг чўққисига чиқиб, инсоният ҳатто фазоларни ҳам «забт» этаётган бугунги кунимизда ҳам сайёранинг энг овлоқ гўшаларида – Амазонка ўрмонларида, Тинч океанидаги оролларда ёки Саҳрои кабирнинг кимсасиз қумликларида ҳамон ўрта асрлардаги каби оддийгина, ибтидоий кўринишда, дунё ҳазораси (сивилизатсияси) қулайликларига «иши тушмай» ўтаётган минглаб-миллионлаб кишилар бемалол яшаб юришибди.
Агар маданият ўчоғи ҳисобланган Лондон ёки Парижда яшаётган бир оврупалик билан Саҳрои Кабирдаги оми саҳройидан «сиз бахтли яшаяпсизми, турмушингиздан розимисиз?» деб бараварига сўраб кўрсангиз, иккови ҳам тасдиқ ишорасини билдиради. Чунки оврупалик ҳам, саҳройи ҳам ўзига берилган умрни яшаб, ато қилинган ризқни еб куни ўтиб турибди. Агар ғарблик қулай ҳаёт тарзи, фаровонлик ва тўкин дастурхонни бахт тимсоли ҳисобласа, шарқлик бадавий саодатни оддий, камтарона ва бировга бўйсунмай яшашда деб билади. Оврупалик илм-фан тараққиёти билан биз инсониятни бахтли келажак сари олиб боряпмиз, деб ўйласа, саҳройи одам «инсонлар тараққиётни жадаллаштирганлари сари эртаси бўлмайдиган кун соатларини ҳам тезлаштиришяпти», деб фикр юритади. Бу мангу тортишувда ким ҳақу, ким ноҳақ, буниси ёлғиз Яратганнинг Ўзига аён.
Бойлар кўпроқ йиғлашади
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Одамизод қўлига пул-мол келиб, иши юришиб турса, хурсанд, хотиржам бўлади. «Омадим келди, Худо мени суйгани учун мол-дунёни беҳисоб бериб қўйди», дея хаёл суради. Сал пули камайиб қолса, ёки келиши тўхтаса тушкунликка тушади, ваҳима босади: «Худога қайсидир ишим ёқмапти, шунинг учун мени бойликдан қисиб қўйди, ризқимни камайтириб қўйди», деган ўй-фикрларга боради. Ахир бойлик инсон учун ҳеч қачон руҳий хотиржамлик келтирмайди-ку!
Аждодларимиз дунё ҳаётига аҳамият беришмаган, эътибор кўрсатишмаган. Сабаби, дунё ҳаёти инсонлар учун берилган бир имтиҳон, холос. Киши дунё ҳаётига эътибор бермаса, камбағал бўлиб қолади, деган бирор қоида ёки мезон йўқ. Чунки у ҳам, иншааллоҳ, эртага бой бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, кечагина бойлигининг ҳидига маст бўлиб ўзини қўйгани жой тополмай шошиб қолган кимса эртага бир лаҳзада фақирга айланиб қолиши ҳам мумкин.
Бойлик кўплар учун имтиёз, неъмат эмас, аксинча жазо, офат ҳисобланади. Ривоят қилинишича, бир гуруҳ бадавлат одам зоҳидлар даврасига кириб ўлтириш учун улардан ижозат сўрабди. Воқеа рамазон ойида кечаётган экан. Бойваччалар ҳам зоҳидлар даврасида нонни туз билан ейишибди. Уйларига қайтгач, бояги бойваччалардан бири уларга минг динор тилла пул жўнатибди. Шунда зоҳидлардан бири пулни: «Сенга ўхшаганларга сирини очганнинг жазоси шудир», деган сўзлар билан эгасига қайтариб юборибди (яъни юборилган пулни улар ўзларига жазо деб қабул қилишган экан).
Бойларнинг ҳаёт тарзини, яшаш фалсафасини орзу қилаётган камбағаллар уларга қанчалик қийин ва оғир эканини тасаввур ҳам қила олишмайди. Пул кела бошлагани баробарида бойнинг хонадонига катта ташвишлар, кулфатлар, харажатлар, машаққатлар, нафратлар, уқубатлар оқиб кела бошлайди. Илгари минг сўм билан битирган ишини энди ўн минг сўм, юз минг сўм билан битадиган бўлиб қолганини кўрасиз. Чунки у энди бадавлат киши, сарф-харажатни ҳам ўз даражасида қилиши керак-да.
Камбағаллигида нонуштасига нон, жиндай ширинлик ёки сут-қатиқ кифоя қилар эди. Энди бир-икки хил иссиқ таом тайёрланган, қази, пишлоқ, сариёғ, қаймоқ, қуймоқ каби неъматлар тортилган бўлади. Аммо қани эди бу неъматлардан маза қилиб тотина олса?! Ейиши ўша-ўша, қўлида телефон, хаёлида бугунги кунга режалаган юмушлари, миясида минг бир ташвиш, муаммо. Жиндай таомни оғзига тиқдими ёки бурнигами, билолмай дастурхондан шошиб туриб кетади. Авваллари дўкондан харид қилган оддий кийимларни кийиб кетаверарди. Энди ундай қилолмайди. Урфга кирган, атрофидаги бадавлат кишилар буюртма билан хориждан олдириб келтираётган камёб кийимларни топиши керак. Илгари фарзанди касал бўлиб қолса, ҳамма қатнайдиган поликлиникадаги шифокорларга мурожаат қиларди. Энди бойлик мақоми бунга йўл қўймайди: эл орасида машҳур бўлган «профессор»дан маслаҳат олиши, унинг тавсияси билан энг шоҳона жиҳозланган хусусий клиникага ётқизиши зарур бўлади. Хусусий муаллим, хусусий репетитор, хусусий тарбиячи, хусусий ҳайдовчи, хусусий тиш дўхтири…буларнинг ҳаммаси жарақ-жарақ пул туради.
Бойлар хоҳламаса ҳам, малол келса ҳам, бундан ўзгача йўл тутолмайди. Дунё эгаларининг қисмати шу, бой бўлишнинг таомили, ёзилмаган қонунлари шунга мажбурлайди. Саудия Арабистонида бўлганимда Жидда шаҳрида бойлар учун очилган шоҳона дўкон (супермаркет) га олиб киришди. Уч қаватли, ойнаванд, ўртасида фаввора, ичидаги одамлар кўриниб турадиган лифти бўлган бу дўконнинг шаҳардаги бошқа савдо тармоқларидан фарқи ундаги молларнинг нархи ҳар қандай одамни «чақиб олиши» эди. Суриштирсам, бошқа дўконда эллик риёл турадиган битта кўйлак бу ерда юз эллик-икки юз риёлдан сотиларкан. Ўртадаги фойданинг каттагина қисми ночорларга ёрдам жамғармасига ўтказилар экан. Агар бадавлат киши ушбу дўкондан харид қилмай, арзонроғини кўзлаб қолса, «бечоранинг аҳволи танглашиб қопти-да ёки синдимикин» деб ўйлай бошлаган танишларининг кулгисига ёки маломатига қолар экан. Бу ҳам бой бўлишнинг одамлар нигоҳидан ташқаридаги аломатларидандир.
Бойликнинг яна бундан ҳам ғаройиб маш-машалари ҳам бор. Ўртамиёна яшаган бу одамнинг бой бўлгунича бир-икки яқин қариндоши бўлса, у бойиган заҳоти уларнинг сони ўн-ўн беш баравар ортиб кетади: бири ўғлини ўқишга киритиб қўйишни сўраб келган, бирови қийналиб қолиб ёрдамга муҳтож, яна бири қизини турмушга узатиш учун «маслаҳат» сўраган, бошқаси иш топа олмаётганидан шикоят бошлаган. Ҳаммасини тинглаши, ёрдам бериши, сўраганини қайтармаслиги керак. Агар бирортасига рад жавоби бериб ёки «қани, бир ўйлаб кўрайлик-чи» деб қўйсин-чи, ҳолига маймунлар аза тутиб юборади. «Фалончи опам сени шу ниятда катта қилганмиди», «Дадангнинг бирдан-бир жияни ҳали сандан ёрдам сўраб келдию сан рад қиладиган бўлдингми», «Пулинг кўпайиб одамнинг қадрига етмайдиган бўлиб кетибсан-ку» деган таъна-маломатлар бошига тошдай ёғилади.
Бойлик қанча ака-укаларни, опа-сингилларни бир-бирига ғаним қилган. Ота билан болани ёвга айлантирган. Мерос талашиб қанча қон-қардошлар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетган. Бойлик илинжида қанча илм аҳллари бойлар эшигида ялтоқланган, обрўсини тўккан, илмини хўрлаган. Бойлик неча-неча аёлларнинг иффатини емирган, ҳаёсини ўғирлаган, бахтини поймол қилган. Бойликни деб қанчалаб буюк ишлар амалга ошмай қолган, эътиқодлар бузилган, иймонлар сустлашган, ватанлар сотилган, виждон дарвозаларига қулфлар урилган.
Булар бойлик мартабасининг пулга боғлиқ ҳангомалари, холос. Унинг кўзга кўринмайдиган ботиний машмашалари ҳам бор. Бойнинг душмани кўп, деганларидай, ҳасаддан, ғайирликдан, кўролмасликдан унинг ғанимлари ҳаддан ортиқ кўпайиб кетади. Кечагина оғиз-бурун ўпишган «қиёматли» дўстлар ҳам, бир қориндан талашиб тушган оға-инию опа-сингиллар ҳам, ҳамкасбларию маҳалла-кўйдагилар ҳам, барча бараварига энг ёвуз душманга айланади. Сабаби, унда пул бор, давлат бор, уларда эса йўқ. Бой бечоранинг оддий гапи ҳам уларга қўпол туюлади: «ҳа, энди, пули кўпайиб босар-тусарини билмай қолди, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин экан-да». Хаёл билан бўлиб саломига алик олишни унутса, ҳангомани кўраверинг: «Қўлига пул тушиб, дарров кибрланиб кетганини қаранг, кечагина юрувди чориғини судраб, энди бойиб атрофидагиларни менсимай қолибди». Бой энди ҳаммага бирдай ёқмай қолган. Ҳамкасбларининг ҳасад ва кўролмаслик орқасидан бошлаган фитна, душманликлари ҳақида-ку, гапирмай қўяқолайлик. Ҳамма унинг синишини, бойлигидан мосуво бўлишини интизор кутади. Сал бошига иш тушса чекка-чеккада висир-висирлар бошланади. «Айтмабмидим, отасидан қолган катта меросга қувониб юрган экан-да, ҳаммаси ошкор бўлди-ку», «Жа ўзи босар-тусарини билмай қолувди, Худо боплаб жазосини берди-ку!» деган гаплар кўпайиб кетади.
Бир ёқда қўлга киритган мол-дунёсини кўпайтириш, асраш қийинчиликлари… Агар уни кўпайтириш, сотиш, фойда олиш ҳақида тинмай бош қотирмаса, тезда бойлигининг таги кўриниб- камайиб кетиши ёки ўзи синиб қолиши мумкин. «Ётиб егани тоғ ҳам чидамайди», деган гап бор-ку. Ҳар қадамда чув тушириш, алдаб кетиш, зўрлик билан тортиб олиш каби хавф-хатарлар ҳам ҳамла қилиб туради. Хулласи, булар ҳам бадавлат кишининг ҳаловатини ўғирлайдиган, оромидан маҳрум қиладиган, сочидаги оқларни кўпайтирадиган муаммоларнинг бир улуши, холос.
Мол-дунёнинг инсонни не кўйларга солишини тажрибада кўп кўрганмиз. Кичкина мисол: бир куни ўғлим Закариё маошини олиб келди-да ҳали уч ёшга ҳам тўлмаган ўғли Абдумўминга бир тахлам икки юз сўмликни тутқазиб қўйди. «Нима қиларкин», деган хаёлда ҳаммамиз уни кузатиб турибмиз. У пулни қўлга олдию ҳаяжондан ўзини тутолмай қолди: дам уни чўнтагига тиқмоқчи бўлади, сиғмагач бирор жойга яшириб қўйиш ниятида атрофига аланглайди. Ҳамманинг ўзига қараб турганидан хавотирланиб, яна уни кўйлагининг ичига тиқади. Бунга ҳам қаноат қилмади. Пулни олиб, болалар хонасига қараб юрди. Яширинча ортидан биз ҳам кирдик. У аввал пул тахламини кўрпача қатига яширди. Кейин нимадандир шубҳаланди, шекилли у ердан олиб столнинг ғаладонига беркитди. Бунга ҳам қаноат қилмади. Ғаладондан ҳам олиб яна кўйлагининг остига яширди. Шу пайт кўриб қолганимизни англадию иложсизликдан овозининг борича йиғлаб юборди. Бу манзара изоҳга муҳтож эмасди. Кичкина бола арзимас, бунинг устига ўзиники бўлмаган озгина маблағни асрашни эплай олмай шунчалик қийналса, эсли-ҳушли кишилар катта-катта бойликларни қўриқлаш учун не кўйларга тушишаркин?
Ҳали бойлик ичида яшаган кишининг бундан ҳам муҳимроқ вазифалари, буни адо этмасликдан келиб чиқадиган кўргуликлари, қийинчиликлари ҳақида тўхталганимиз йўқ. Агар бу мол-дунёнинг закоти вақтида ёки керакли миқдорда берилмаган бўлса, бунинг оқибатида шу дунёнинг ўзида дуч келинадиган офатларнинг ўзи талайгина. Ўша молнинг баракаси бўлмайди, ҳаромдан покланмайди, натижада у албатта ҳалокатга учрайди. Бунинг устига жамиятдаги ҳақдорларнинг ҳаққи адо этилмагани учун бойлар ва камбағаллар ўртасидаги мувозанат бузилиб, кескин ихтилофлар бошланиб кетиш хавфи пайдо бўлади. Молининг закотини бермаган кимса қаттиқ ҳисоб-китоб ва азобларга гирифтор бўлади. У шунингдек, хасислик туфайли камбағалларга садақа бермагани, инфоқ-эҳсон қилмагани, молини буюрилмаган ножўя жойларга сарфлагани, уни исроф қилгани учун ҳам ҳисобга тортилади.
Бадавлат кишининг дунё ҳаётидан узилиши ҳам оғир кечади. Минг машаққатлар билан, кечаю-кундуз зир югуриб, ором-ҳаловатидан кечиб, соғлиғидан ажраб, ҳаммага ёмон кўриниб, қанча душман орттириб, гуноҳларга ботиб тўплаган мол-мулки, ички-ташқи ҳовлилар, уйлар, қўша-қўша уловлар, тилла тақинчоқлар, пуллар меросхўрларга қолиб кетишини ўйлар экан, бир ғами ўн бўлади. Меросхўрларнинг ҳали у жон таслим қилмай туриб бойликка эга бўлиш учун бир-бирларига ола қараш-қора қараш қилиб ёвга айланишаётгани юрагини қиймалайди. Шунча пул-давлатни топса ҳам ўзига вафо қилмагани, тузукроқ еб-ичмагани, дам олмагани эсига тушиб, ич-ичини нимадир кемиради. Бойлик топаман деб соғлиғидан ажрагани, беш-олти хил касаллар «гулдастаси»ни орттириб олгани ҳам алам қилади. Чунки, донолар айтганидай, соғлик ва бойлик ҳеч қачон бир кўчадан юролмайди, асло келиша олмайди. Бири келса, иккинчиси албатта соҳибини тарк этади. Энг даҳшатлиси, дунё ортидан чопиб Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришга вақти етишмагани, тоат учун бўшамагани ҳаммасидан алам қилади. Қани эди, тўплаган бойликларининг, қурган иморатларининг, харид қилган уловларининг ҳозир жиндай фойдаси тегса?! Фойдаси тегиши уёқда турсин, аксинча, ҳисоб-китоби қийинлашиб, боқий ҳаётини барбод қилиши мумкин.
Дунёнинг ярмини забт этган Македонияли Александр ўлими олдидан шундай васият қилган экан: «Мени бир тобутга солинг, тобутнинг бир томонини тешиб, шу тешикдан қўлимни чиқаринг ва кафтимни очиб қўйинг. Токи барча халойиқ кўрсинки, жаҳондаги ҳамма мамлакатни эгаллаб олган бўлсам ҳам бу дунёдан қўлларим бўш кетаётир».
Бир восита холос
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Яратган кимларгадир ҳамма нарсани: мол-дунёни, мартаба-обрўни, ҳусн ва чиройли ахлоқни тўкис қилиб берган. Кимнидир эса бойлик, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Унинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгуликдир. Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик бир неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди. Балки ўз ўрнига кўра фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олийжаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин.
Шарқ ахлоқи, донишмандлиги дунёга рағбат қилмаслик, аҳамият бермаслик, дунё ишларидан четланган бир обид ва зоҳид инсондай бўлиш қалб ва вужудга ором бағишлаши, дунёга рағбат қилиш, уни севиш эса ғам ва маҳзунликни зиёда қилиши ҳақида огоҳлантиради. Ҳақиқатан дунёга муҳаббат қўйиш, унинг кўйида ҳамма нарсани унутиб елиб-югуриш барча хатоликларнинг боши, ҳамма кўнгилсизликларнинг бош сабабидир.
Инсон дунёга ҳирси, муҳаббати туфайли кўп зарар кўради, ҳаловати кетади, боқий дунёга тайёргарлик ишларидан чекинади. Дунёга муҳаббатли, молпараст кимсалар инсонлар билан муносабатларини манфаатлар устига қуришади. Яъни, бировдан фойда кўриш, иш битириш имкони бўлса, у билан яхши муомала қилишади, айланиб-ўргилишади, эҳтиром кўрсатишади. Унинг ёрдам бермаслиги, бойлигидан «томизмаслиги» аён бўлган заҳотиёқ уни тарк этишади. Бордию тўқнаш келиб қолишса, йўлни чапга ё кўрмасликка олишади. Худо кўрсатмасин, агар бир вақтлар роса ёрдами тегиб турган одам қийинчиликка тушиб қолса, «баттар бўлсин» дея устидан кулиб ўтишади. Мол-дунёга асосланган муносабатларнинг «башараси» ана шундай!
Хабарларда айтилишича, «Дунёни тарк этиш қалбни ва баданни тинчлантиради. Унга рағбат ва муҳаббат қўйиш эса ғам-ташвишни кўпайтиради». Дунёга харислик билан чанг солишимиз учун ҳеч қандай сабаб-баҳона йўқ. Агар бундай йўл тутсак, зарарга кирамиз, дунё бизни фойдали амаллардан, катта ишлардан чалғитади, йўлдан оздиради, ўзига мубтало-машғул қилиб қўяди. Унга берилиб кетиб, бора-бора дунёга не мақсадда келганимизни ҳам унутамиз, ҳақ йўлдан адашамиз, гумроҳлик кўчаларида адашиб-улоқа бошлаймиз.
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарида Исо алайҳиссалом ва шайтон мунозараси ҳақида ғоят ибратли бир ҳикоят бор. Бир куни Исо алайҳиссалом бошига ёстиқ ўрнига бир ғиштни қўйиб ухлаб ётган эди. Кўзини очиб қараса, қаршисида лаънати Иблис турган эмиш. У Исо Масиҳга: «Менинг ғиштим устига бош қўйиб ухлабсан, демак менинг молимни ишлатиб, менга ўзингни бойлабсан. Чунки жумла дунё дахлсиз менинг мулким ҳисобланади, шу синиқ ғишт ҳам менинг молимдир», дебди. Исо алайҳиссалом ғиштни олиб, отиб юборди ва ерга бош қўйиб уйқуга кетди…Шоир инсонларга хитоб қилади: «Эй инсон, бир куни келиб дунёдаги ҳамма нарсани тарк этаркансан, шайтоннинг мулки саналган дунёга бунчалик қаттиқ боғланиш нечун? Қабрингга ғишт қўйишгунича намунча ғишт устига ғишт териб дунё иморатини қуришга рағбат кўрсатмасанг? Бир кун келиб молингга завол етишини билсанг-да бунча мол-мулк тўплашга ишқибоз бўлмасанг? Ёки Қорун каби сени ҳам ер ютиб, тўплаган молинг тупроққа қоришиб кетишини истайсанми? Бу ҳирс ва тамаъ устига қурилган дунё ўзини қудратда илоҳ санаган Фиръавн ва Намруд каби подшоҳлардан ҳам қолиб кетди-ку! «Лош демиш Аллоҳ, назар сол номига, Сен эсанг жонингни тутдинг домига», дейди шоир.
Яҳё ибн Муоз айтган эканлар: «Дирҳам (пул) чаёндир. Сен уни аввал яхшилаб аврамасдан қўлингга олма, агар у сен чақиб олса, заҳри ўлдиради». Шунда у кишидан: «Уни авраш қандай бўлади?» деб сўрашди. У киши: «Дирҳамнинг ҳалолини олиш ва уни ҳақ жойга сарфлаш», дедилар. Яна бу зот шундай дедилар: «Банданинг ўлим олдида дуч келадиган икки мусибатини халойиқ ҳеч қачон кўрмайди». «Бу икки мусибат қайсилар?» деб сўрашди. Яҳё ибн Муоз: «Барча мол-мулки ундан олиб қўйилади ва топган ҳамма мол-мулкидан сўроққа тортилади», деб жавоб бердилар.
Фосиқ ёки кофир кимсалар ғурурланиши учун Аллоҳ таоло уларга дунёни керагича бериб қўяди. У худди шунингдек, солиҳ бир кишига ҳам беҳисоб мол-дунё ато қилиши мумкин. Бойликка қодир бўлган одам дунёсига мағрур бўлиб, «Худо мени севгани учун ёки иззат-икром қилгани учун менга беҳисоб мол-дунё ато қилди», деб ўйлайди. У бунча бойликни уни синаш учун, вақтинча бир муҳлатга берилганини ўйлаб кўрмайди. Буларни ўзимнинг кўрган тадбирларим, уддабуронлигим, елиб-югуришларим орқасидан қўлга киритдим, деган хаёлга боради.
Бойлик обрў-мартаба ёки фахр-кибрланиш асоси эмас. Баъзан кўча-кўйда, тўй-маросимларда айрим нодон кишиларнинг бой-бадавлат кишиларга ўзгаларга қараганда бошқачароқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини, улар олдида ялтоқланиб, тамаъ илинжида айланиб-ўргилишини, нима қилиб бўлса-да унга яхши кўринишга уринишини кўрамиз. Ҳолбуки, ўша одам илм аҳли эмас ёки яхши фазилатлар соҳиби бўлган фозил киши ҳам эмас ёхуд динига, миллатига, ватанига катта хизматларни дўндириб қўйган салоҳиятли инсон ҳам эмас. Шунчаки Аллоҳнинг иродаси билан бугун мулк-бойлик эгаси бўлган. Дунёни берган Зот эртага уни олиб қўйса, у яна аслига, ўша оддий одамга айланади-қолади. Хўш, унинг бойлигидан бошқа «фазилати» бўлмаса, бойликни аждодларимиз қоралаб, ундан юз ўгириб ўтишган бўлса, биз оддий бир инсонни нима учун ўша қадрсиз бойлиги учун ҳурматлашимиз, бошқалардан устун кўришимиз керак? Абу Лайс Самарқандий айтганлар: «Фазилат аҳлини ҳаддидан оширмай ҳурмат қилиш яхшидир. Бирор кишини бойлигидан умид қилиб, бой бўлгани учун ҳурматлаш жоиз эмас». Чунки мол ва мато ҳеч қачон инсоннинг мукаррамлигини ва мавқеини белгилай олмайди.
Хабарларда келишича: «Аллоҳ ҳузурида дунёнинг чивин қанотичалик қиймати бўлганида эди, кофирларни ундан бир қултум сувчалик манфаатлантирмас эди». Бошқа бир хабарда бундай келган: «Дунё мўминнинг қамоқхонаси ва кофирнинг жаннатидир».
Шунинг учун Фахри коинот дунё салтанатини орзу қилмадилар, дунё матосига майл-рағбат кўрсатмадилар, мол-дунё тўпламадилар. Тўйиб таом емадилар, гоҳо очликларини яшириш учун қоринларига тош бойлаб юрдилар. Қўлларига пул тушгудай бўлса, ўша куни кеч бўлмаёқ садақа қилишга ошиқар эдилар.
Муҳаммад ибн Фазл шундай ҳикоя қиладилар: Хуросонлик авлиёлар султони Аҳмад ибн Хадравайх бир кишидан юз минг дирҳам пул сўради. У киши шайхдан: «Ахир сизлар бу дунёда зоҳид бўлсангиз, шунча пулни нима қиласиз?» деб сўради. Шайх: «Бу пулларга таом сотиб олиб, мўминларни таомлантирмоқчиман. Лекин бунинг савобини Аллоҳ таолодан сўрашга журъат этолмайман», деб жавоб қилди. Бояги киши: «Нега?» деб сўради. Шайх бундай жавоб берди: «Чунки бу дунёнинг чивин қанотичалик қиймати йўқ, чивиннинг қаноти олдида юз минг дирҳаминг нима экан?! Шу пулни олиб бориб унга нарса оламан десанг нима ҳам оласан, дунёнинг бутун туриши чивин қанотичалик қадрга эга бўлмаса?»
Дунёнинг ҳаммаси чивин қанотичалик қийматга эга бўлмасаю сиз билан биз тўплаётган, интилаётган бир қисмгина дунё қанчалик қийматли экан? Бойларнинг бойлиги учунгина ҳурматлаш, улардан таъма ва манфаат кутиш, бойлар эшигига серқатнов бўлиш, улар олдида ялтоқланиш ана шу қадрсиз дунёга эҳтиром кўрсатиш, уни эъзозлаш эмасми?
Имом Шаъронийнинг китобида келтирилишича, Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Эй Али! Ҳалокат сабабига интилганлардан қоч!» Ҳазрати Али сўрадилар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар?». У зот айтдилар: «Улар бойлар ва дунёпарастлардир. Улар она боласига талпингани каби дунё тўплашга интилган кимсалардир. Улар эртага пушаймон қиладиган кимсалардир».
Довуд алайҳиссаломга бундай ваҳий келган: «Эй Довуд! Дунё итлар тўпланиб талашган бир ўлакса (ўлимтик) га ўхшайди. Сен ҳам улар билан баравар талашишни хоҳлармидинг?!»
Дунё шундайин бадбахт нарсаки, инсонларни боқий дунё тадорикидан чалғитиб, васвасаларга гирифтор қилади. Оға-инилар ўртасидаги муҳаббатни кўтаради, ҳаттоки уларни ғанимларга айлантиради. Олимни султонлар ва бойлар эшигига тамаъ илинжида йўллаб хор қилади. Аёлларнинг иффат-ҳаё пардасини йиртиб, шармандаи шармисор этади. Мардни номардга муҳтож ва қарам қилиб қўяди. Умр бўйи интилиб, курашиб, севиб, унинг дардида ҳамма нарсадан: соғлиғингиздан, яқинларингиздан, ибодатдан, борингки ҳамма нарсадан маҳрум бўлиб бойлик тўплаганингизда у сизга вафо қилмай меросхўрларингизга, бундан ҳам ёмонроғи, бирор золим кимсага қолиб кетади. Бир хабарда айтилганидек, «Қиёмат куни бандасининг оёқлари ҳаракатдан тўхтамасданоқ ундан тўрт нарса сўралади: «умрингни қандай яшадинг, жасадингни нима билан қаритдинг, мол-мулкни қай йўл билан топдингу нимага ишлатдинг, илминг нима манфаат келтирди?».
Шайх Саъдийнинг «Гулистон»ида шундай бир ривоят келтирилибди. «Бир саҳройи бадавийни кўрдим. У Басра жавоҳирфурушлари растасида шундай ҳикоя қилаётган экан: «Бир вақт чўлда кетаётиб йўлни йўқотиб қўйдим. Ёнимда бирор егулик қолмаган эди. Очликдан силлам қуриб, ўзимни ҳалокатга чоғлаб борар эдим. Ногаҳон бир ҳамён топиб олдим, қарасам, ичи тўла инжу-марварид. Уни кўтардиму қовурилган буғдой деб гумон қилганимдаги хурсандчилигимни ва завқимни ҳозиргача унута олмайман. Бироқ ҳамёнда буғдой эмас, марварид борлигини кўрганимдаги ноумидлик ва аччиғланишимни ҳам шу пайтгача эсдан чиқара олмайман».
Яна Шайх Саъдий ҳикоя қилади: Мағриблик бир соил (тиланчи) Ҳалаб шаҳридаги кийим-бош растасида шундай деб борар эди: «Эй неъмат соҳиблари бўлмиш бойлар! Агар сизнинг инсофингиз бўлса эди ва бизларда жиндай қаноат бўлса эди, тиланмоқ одати ер юзидан кўтарилиб кетган бўлур эди».
Яратганнинг ҳузурида дунёнинг қиймати бўлганида уни севган бандаларига ато қилган бўлур эди. У: «Агар расулим бойликни хоҳласа, Макка атрофидаги тоғларни олтинга айлантириб бераман», деб билдирганида Сарвари коинот бу таклифни қабул қилмаганлар. «Бир саҳобия аёл Пайғамбар алайҳиссаломнинг тўшаклари ниҳоятда юпқа эканини кўриб, уйидан чиройли бир тўшак бериб юборади. Ҳазрати Оиша уни Расулуллоҳ тагларига тўшамоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз шундай дейдилар: «Бу тўшакни эгасига қайтариб бер, агар Аллоҳдан сўраганимда эди, олтину кумушдан тоғлар муҳайё қилган бўлар эди, аммо мен буни хоҳламайман».
Дунёга янги келганимизда яланғоч танамизни сув билан ювиб, бир парча арзимас матога ўраб қабул қилишади. Дунё билан хайрлашаётганимизда ҳам яланғоч танамизни сувда ювиб, бир парча матога ўраб кузатишади. Бу фоний дунёдан улушимиз шу бўлгач, нега унинг бойликларига бунчалик ўчмиз, ишқибозмиз? Нега унинг матоҳларини тўплашга уринаверамиз, сира тўймай йиғаверамиз? Дунё ортда қолади, боқий дунё эса қаршимизда турибди. Шундай бўлгач, ортда қоладиган нарсага қизиқиб, муҳаббат қўйиб нима қиламиз? Шунинг учун Яратган яхши инсонларни дунёдан бездириб, охиратни севдириб қўйган.
Пайғамбаримиз бундай деганлар: «Кимнинг орзу-истаги, васф этгани, ўнгида ҳам, тушида ҳам такрорлаб турган нарсаси дунё бўлса, Аллоҳ бундай одамга охиратда менинг ёнимда қўшни бўлмоқликни ҳаром қилади. Чунки мен дунёни хароб қилиш (бузиш) учун юборилдим, мен бу дунёга уни маъмур қилиш учун келмадим»; «Одам боласи икки водий тўла мол-дунёси бўлса ҳам мол-дунё тўла учинчи водийни орзу қилади. Унинг қорнини фақат тупроқ тўйдира олади»; «Сен дунёда бир ғариб каби ёки бир йўловчидек бўл»; «Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлганида унинг уч кеча бўлса-да менда қолиши хурсанд қилмаган бўларди, ундан фақат қарзимга етадиганини олиб қолиб, қолганини эҳсон қилиб юборган бўлур эдим»; «Жаннатга боқиб, унинг кўпчилик аҳли камбағал эканини ва дўзахга боқиб, унинг кўпчилик аҳли аёллар эканини кўрдим».
Улуғ олимимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳаётда бой-бадавлат киши эдилар. Оталаридан жуда кўп мол-мулк, бойлик мерос қолган эди. Бу бозорларда рақобат қилиш йўли билан катта фойда келтирарди. Олим охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун барча бойликни камбағалларга улашиб, дунё неъматларидан воз кечдилар. Фақат очликнинг олдини оладиган миқдордагиси билан кифояландилар. Қотган, суви қочган қуруқ ноннинг ўзи билан қаноатланардилар, ҳатто нонхурушни ҳам тарк этган эдилар. Ваҳоланки жуссалари нозик эди, тўйиб-тўйиб ейишга эҳтиёжлари бор эди. Аммо ҳаётларининг кўп қисмини рўза тутиб ўтказганлар. Бир гал нафақалари кечикиб қолганида уч кунгача ўт-ўлан еб тириклик қилганлар. Умар ибн Нафс ал-Ашқар бундай деган: «Биз Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий) билан бирга Басрада ҳадис ёзар эдик. Иттифоқо, у зотни бир неча кун йўқотиб қўйдик. Кейин яланғоч ҳолатда бир уйдан топдик. Билсак, бисотидаги бор нарсаси тугаган экан. Ўртада пул йиғиб, у зотни кийинтирдик».
Аммо бизлар қаноатни, сабрни унутганмиз. Нафсимизга қул бўлганмиз, ҳамиша йўлдан урувчи шайтонга ошно тутинганмиз. Ғамлаётган озиқ-овқатига торлик қилиб қолиб, иккитадан музхона харид қилаётганлар ҳам, жавонида қанчалаб кийим-бош ва пойабзали кийилмай навбат кутиб ётганлар ҳам, ризқи сал танглашса, дарров «Эй Худо, Санга нима ёмонлик қилувдим, мени бунчалар хорлайсан», деб дод соладиганлар ҳам атрофимизда кўплаб топилади.
Мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса-ку, ҳай-ҳай… У буни бир синов сифатида қабул қилиб, уни ўз жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, бундан бошқа савобли ишларга харжлайди.
Аммо иймони суст ёки иймонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани: атрофидаги муҳтожларни ҳам, пул кўйида ҳаромдан ва зулмдан қайтмаётганини ҳам, ўғирликдану пора олишдан ва беришдан ҳам жирканмаётганини кўрасиз. Туркиялик марҳум олим Шайх Маҳмуд Асъад Жўшоннинг қуйидаги сўзлари қанчалик аччиқ бўлмасин, бугунги дунё учун жуда долзарбдир: «Пора олган раҳбар виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади. Мана шундай йўллар билан жамиятдаги қонунлар оёқ ости бўлади, ривожланиш оқсайди, ҳақлар топталади, мазлум ва бегуноҳ халқнинг ҳақи ҳимояланмайди. Золимлар халқ пулини, молини, давлат хазинасини, бюджетдаги бойликни талон-тарож қиладилар, халқ манфаатини асло ўйламайдилар. Қалъа деворидан бирор жойига дарз кетса, бир тешик очилса қалъа қулагани каби, ҳовузнинг остки қисми тешилиб, суви оқиб кетгани каби оламнинг низом-қоидалари бузилади, даҳшатли зарарлар юзага келади».
Яҳё ибн Муъоз ар-Розий дунёга қизиқувчи бир фақиҳ олимни кўриб, бундай дедилар: «Эй илм ва суннат соҳиби, қасрларингиз Қайсарникидай, уйларингиз Кисроникидай, масканларингиз Қорунникидай, дарвозаларингиз Толутникидай, кийимларингиз Жолутникидай, тутган йўлларингиз Шайтонникидай, вилоятларингиз Фиръавнникидай, қозиларингиз дунёни истовчи порахўр, ғирром бўлса, Муҳаммадия (яъни Пайғамбар алайҳиссалом ҳидоятлари) қаерда қолди?».
Ибн Ҳожар Асқалонийнинг «Мунаббиҳот» китобида: «Дунё (бойлик) ни яхши кўриш жамики хатоларнинг бошланишидир», дейилган. Яна шу китобда бундай ёзилибди: «Аллоҳдан умид қилиш бойликдир, бунда камбағаллик ҳам зарар келтира олмайди. Ундан ноумид бўлиш камбағалликдир, бунда бойлик ҳам фойда келтира олмайди. Қалб бойлиги ила чўнтак камбағаллиги зарар келтира олмайди, қалб камбағаллиги ила чўнтак бойлиги фойда келтира олмайди».
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: «Набий елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин», дедилар». Ибн Умар (мана шу сўзни эшитганларидан кейин) у зот: «Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол», дедилар.
Абдуллоҳ ар-Румий айтадилар: «Мен Умму Талақ деган аёлнинг уйига кирдим-да: «Уйингизнинг шифти жуда паст экан», дедим. Шунда Умму Талақ: «Эй ўғилчам, Ҳазрати Умар атрофдаги омиллари (иш юритувчилари) га мактуб юбориб, «Биноларингизни баланд қилманг, чунки биноларнинг баланд бўлиши ёмон кунларингиздан бири экани аломатидир», деб тайинлаганлар», деди.
Бир ривоятда бундай дейилган: «Эй одам боласи, агар заруратингдан ортиқчасини эҳсон қилсанг, ўзинг учун яхши. Агар бермасдан ушлаб қолсанг, ўзинг учун ёмон. Кифоя қилгудек ризққа қаноат қилсанг, маломат этилмайсан. Эµсон қилишни ўз қўл остингдагилардан бошлагин»; «Кимнинг нафси омон, хотиржам ва жасади саломат ҳамда ҳузурида бир кунлик ризқи бўлса, гўёки дунёни тўлалигича ўзига бўйсундирибди».
Хожа Аҳрор Валий бундай деган: «Зуҳд мол йўқлиги билан эмас, балки Аллоҳдан бошқасидан кўнгилни фориғ тутишдир. Дунёни севгучи дарвешни зоҳид демаслар ва Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом шунча дастгоҳ, подшоҳлик билан зуҳд (эгаси) дерлар».
Дунё ҳаётининг матоҳлари жуда жозибали, жалб қилувчи, ўзига тортувчи бўлади. Манаман деган одам ҳам унинг жилвасидан ўзини торта олмайди, сеҳрига мубталоликдан асрала олмайди. Чунки Яратганнинг иродаси шундай бўлган, яратилиш ҳикмати шундай бўлган. Сурув-сурув подалар, бепоён далалар, қўша-қўша чопқир уловлар, серҳашам ва муҳташам қурилган уйлар, тахлам-тахлам пуллар, олтин-кумуш бойликлар, хотинлар, бола-чақалар, хулласи дунёнинг барча жимжималари инсонни синаш учун, имтиҳон қилиш учун яратиб қўйилган.
Кимдир ана шу бойликлар билан фахрланиб, кибрланиб, ўралашиб қолиб, Яратганни унутади, унутмаганда ҳам Унинг амр-фармонларига бепарво бўлиб қолади. Кимдир ўзига беҳисоб дунё ато қилинса ҳам бандалигини бир зум эсдан чиқармайди, итоат-ибодатдан чекинмайди.
Атоқли сўфий шоир Юнус Эмро бундай дейди:
Сен теп уни, кетсин нари, севмоқ уни ордир биза.
Дунё ҳаромдир хослара, лекин ҳалолдир мослара,
Дўст бўлмагай, бил, бу жаҳон, макруҳу мурдордир биза.
Абдуллоҳ ибн Умар бир куни бетобланиб қолиб, кўнгли балиқ ейишни тусади. Ходимлари Мадинани кеза-кеза ниҳоят балиқ топишди. Олиб келиб қовуришди ва ноннинг устига қўйиб, Ибн Умарнинг олдига киритишди. У балиқдан энди тотиб кўрмоқчи эди, эшик олдига бир тиланчи келиб, бирон егулик беришларини сўради. Ибн Умар ходимларига балиқни нонга ўраб, тиланчига тутқазишни буюрди. «Аллоҳ сизга шифо берсин, зўрға етган таомингизни тиланчига бериб юборасизми, яхшиси пул берақолайлик», деди ходим. Ибн Умар: «Балиқни бериб юборинглар», деб буюрди яна. Ходим гадонинг олдига чиқиб: «Балиқни оласанми ёки пул берайми?» деб сўради. Тиланчи пулни олди. Ходим балиқни қайтариб кирганини кўрган Ибн Умар: «Балиқни унга олиб бориб бер, пулни ҳам олма, мен Расулуллоҳдан кўнгли тусаб турган нарсасини биродарига улашган кишининг гуноҳлари кечирилишини эшитганман», деди.
Зоҳид ва воиз Абу Ҳазм шундай деган: «Молларингизни Аллоҳ йўлида сарфлашни асло канда қилманг. Болаларим бор-ку, деб уларни харжлашдан ҳам қўрқманг. Зеро бола-чақангиз мўмин бўлса, Аллоҳнинг Ўзи уларни (сиздан ҳам яхшироқ) ризқлантиришига ишонинг. Агар улар фосиқ бўлсалар, молларингизни фисқ-фасод йўлида сарф қилишларига имкон яратиб берманг». Умавийлар султони Сулаймон ибн Абдулмалик Абу Ҳазмдан: «Эй Абу Ҳазм, биз нима учун ўлимдан қўрқамиз?» деб сўради. Абу Ҳазм: «Чунки дунёимизни обод қилиб, охиратимизни хароб айлаганмиз. Одамзот обод жойни ташлаб, харобага кетишни хоҳламайди», деб жавоб қилди.
Мол-дунёни жойига сарфлаш, инфоқ-эҳсон ва садақани кўпайтириш, молга бахил бўлмаслик мўмин-мусулмоннинг иймонига далолатдир, унинг Ҳаққа итоатига далолатдир. Хабарда келганки: «Энг аввал ўзингга нафақа қил, агар молинг ортиб қолса оилангнинг, яна ортиб қолса, бошқа яқинларингнинг ҳожатларига сарфла. Аллоҳ сенга озми-кўпми бойлик насиб этса, бойликни шу равишда сарфлагин». Мол-дунёни тасарруф қилишда энг мақбул, талаб қилинган йўл шудир.
Лекин инсонларнинг кўпи бойликни харжлашда бу кўрсатмалардан аллақачон чекиниб бўлган. Ўзлари фақир, бола-чақалари оч-яланғоч бўлатуриб, минг машаққат билан топган молини харжлаб, ном чиқариш, одамлар мақтовини эшитиш мақсадида дабдабали, серҳашам тўйлар ва маросимлар қилишади. Ёки бошқалар «сахий» деб мақташи учун топган молини кераксиз ўринларга, ҳатто гуноҳ ишларга сарфлаб юборадиганлар ҳам йўқ эмас. Яна бир тоифа кишилар борки, ўзлари қарзга ботиб, ортиқча жиҳозлар сотиб олишади, баланд ва шоҳона уйлар тиклашади, хотин, бола-чақаларини (ўзларини ҳам) безантириб, ясан-тусан қилишади. Таниш-нотанишни уйга чорлаб, риёкорларча зиёфатлар ва меҳмондорчиликлар ташкил этишади. Агар булар илм мажлисларига айланса, майлийди, аммо уларда бемаъни суҳбатлар, кайфу сафолар, ғийбат-фитналар тўлиб-тошган бўлади.
Мол-мулк, бойлик ва пул чўнтакка кирсаю қалбга кирмаса, бу гўзал ва мақбулдир. Бордию мазкур мол-дунё қалбларни забт этса, бундан ёмон нарса йўқ. Дунёга муҳаббат қўйиш ўғрилик, зулм, ҳақсизлик, адолатсизликларнинг қилинишига, жамиятнинг қонун ва низомлари бузилишига сабаб бўлади. Шунинг учун ёшларни кўзи тўқ, дунёга ҳирс қўймайдиган қилиб тарбиялаш лозим. Бундай тарбия инсонни ҳаромдан, ўғриликдан, зулмдан асрайди, уни Ҳаққа йўналтиради, инсофга чорлайди, фаол ва ишончли инсонга айлантиради.
Ҳамма ишда бўлгани каби мол-дунёга интилишда ҳам ўртача, мўътадил йўл тутган яхши. Аллоҳ таоло инсоннинг феъл-атворида нафсининг интилишларини қўшиб яратган. Шунинг учун мен мол-дунёдан беҳожатман, дея ундан ўзини қайтариш, ато этилган неъматлардан юз ўгириш зоҳидлик белгиси эмас, аксинча Аллоҳ берган беҳисоб неъматларга ҳурматсизлик, манманлик ва риё кўринишларидандир. Улуғ тасаввуф шайхи Суфёни Саврий кўпинча чиройли таомларни суюб еярдилар ва сафарга чиқсалар ўзлари билан қиём олиб юрардилар. Яна бир атоқли шайх Иброҳим Адҳам эса баъзан лазиз ва яхши таомларни тановул этар ва «Агар топсак, одамларга ўхшаб еймиз ва агар топа олмасак, одамларга ўхшаб сабр қиламиз», дер эдилар.
Камбағаллик айб эмас
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Аммо фақир одам қаноатли бўлса, халқдан бирор нарса тамаъ қилмаса, уларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, қандай йўл билан бўлмасин мол-дунё орттиришга интилмаса ёки ҳарис бўлмаса, шундагина у мақталувчи фақир ҳисобланади. Хабарда айтилганидек, «Бойларнинг уйига камроқ киринглар, акс ҳолда Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини писанд қилмаган бўласизлар».
Яна фақирларни жуда катта ажр-мукофотлардан, савоблардан тўсадиган бир иллат борки, бу уларнинг кибридир. Фақирнинг кибри бойларникидан ёмон бўлади, сабаби бой мол-давлатидан фахрланиб кибр қилса, камбағал ҳеч нарсага эга бўлмасдан туриб кибр қилади. Ана шу кибр ортидан у ҳамма ишда бойга тенглашишга интилади, ўзини бой кўрсатиш учун ҳар қандай алдов ва найрангларга боради, бу билан тақдирга исён қилган ҳисобланади. Хабарда айтилганки: «Уч кимсага қиёмат кунида Аллоҳ таоло гапирмайди ва қарамайди ҳам, уларга қаттиқ, аламли азоб бўлади: улар – зино қилувчи кекса, ёлғончи подшоҳ ва кибрли фақир кишилардир»; «Аллоҳ мутакаббирни ёмон кўради, мутакаббир фақирни ундан ҳам ёмон кўради».
Ҳақ йўлдан йироқ бўлган инсон учун фақирликнинг машъум хатарлари бор. Баъзи маънавий ожиз одамлар учун фақирлик, унинг ортидан келадиган қийинчилик-машаққатлар куфрга кетиш учун бир восита бўлиб қолиши мумкин. Чунки сабр ва қаноат каби улуғ неъматлардан бебаҳра инсонлар фақирлик имтиҳонининг қийноқларига дош беролмай, ҳар куни Яратгандан норози бўлиб, ширку исён байроғини кўтаришга одатланиб қолишади. Ўзини камситилган ҳис этишади ёки илоҳий адолат бузилганмикин, деган куфрона гумонларга боришади.
Баъзан фақирликда, камбағалликда яшаётган одамларни кузатсангиз, уларнинг гўё фақирликларига ўзлари айбдордай, ўксиниб, бошқалар олдида хижолат чекиб, ноқулай ҳолатга тушишларини кўп кўргансиз. Ёки «Нима қилайлик, пешонамиз шўр экан, Худо бизни фақир қилиб, ночор қилиб яратиб қўйган бўлса!» деб зорланишганини эшитгансиз. Айримлари ўзларининг фақирликларидан уялиб, сал ўзига тўқроқ қариндошлар билан борди-келдини ҳам йиғиштириб қўйишади. Баъзилар камбағалликдан шунчалик орланишадики, таркидунё қилган роҳиб каби одамлардан бутунлай ўзларини тортишади. Маҳалла-кўй, тўй-маросимларга аралашишдан ҳам воз кечишади. Нима, камбағаллик айримлар ўйлаганидай, шунчалик айбми, камчиликми, пешонанинг шўрими, Аллоҳнинг жазосими ёки тақдирнинг шумлигими?
Йўқ ва яна йўқ. Агар инсон фақирлик орқасидан ўзига қандай улуғ марҳамат, ажр-мукофотлар борлигини, у фақирлик билан синалаётган экан, бундан сабр, шукр орқали шараф билан ўта олса, уни боқий дунёда қандай улкан неъматлар ва мукофотлар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмайди. Бежизга ўтмишдаги сўфийлар: «Агар ҳукмдорлар биздаги руҳий хотиржамликнинг сабабини билиб қолишса, эгнимиздаги жандаларни тортиб олган бўлишар эди», дейишмаган. Шундай экан, сиз фақирлик келганида хафа бўлиш ўрнига севининг, камбағаллигингизни қўрқмай, уялмай тан олинг, ўзингизни камбағалликка тайёрланг. Закот ейишдан уялманг, шуни билингки агар сиз каби камбағаллар бўлмаса, бойлар закотини бергани одам тополмай, Аллоҳнинг фарзини бажара олмай қолишарди-ку!
Фақирона ҳаётнинг руҳий ва маънавий сакинати, қалб хотиржамлигини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди. Мол-дунёси бўлмаган одам уни тасарруф қилиш, кўпайтириш, фойда олиш, асраш, алданиш хавфи каби қанчалаб офат-хатарлардан омонда, хотиржам яшайди. Дунёнинг ташвиши ва ҳисоб-китоби миясини банд қилмагани учун ибодатларида ҳаловат, роҳатланиш бор. Боқий дунёда ҳисобга тортилмаслигининг ўзи ва бунинг ортидаги қалб ҳаловатини унча-бунча нарса билан ўлчаб бўлмайди. Камбағалнинг бойлардан беш юз йил аввал жаннатга кириши башорати ҳамма бойликлардан устун мукофот эмасми? Хабарларда айтилганидай: «Одамларнинг олдидан айланиб юрганида бир ва икки луқма ёки битта ва иккита хурмо берсанг, олиб кетадиган киши ҳақиқий мискин эмас. Ҳақиқий мискин ўзини беҳожат қиладиган нарса топа олмаса ва садақа бериш учун унинг аҳволидан бошқаларнинг хабарлари бўлмаса ҳамда ўзи ҳам тиланиб юрмайдиган кишидир»; «Ҳар бир нарсанинг калити бор, жаннатнинг калити мискин-фақирларни севишдир».
Фақир саҳобийлар ораларидан бир кишини вакил қилиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига юборишди. Вакил у зотга бундай деди: «Мени асҳобингизнинг фақирлари ҳузурингизга юборишди». У зот: «Сенга ва сени юборганларга марҳабо! Улар мен севган кишилардир», дедилар. Келган вакил истакларини шундай баён қилди: «Бойлар моллари бўлгани учун ҳаж қилишяпти. Жуда кўп хайрли ишларни қилишяпти. Биз эса фақирлик орқасидан буларни уддалай олмаяпмиз. Шунинг учун охиратдаги мукофотимиз, хайрли амалларимиз оз бўлиб қоладими, деб ўйлаяпмиз. Мени сизга юборган фақирлар «бизнинг ҳолимиз нима бўлади», деб сўрашди. Фахри коинот бундай дедилар: «Фақирларга мендан шуни етказгинки, охиратда эришадиган мукофотларини ўйлаб, бу дунёдаги маҳрумият ҳолларига сабр қилсинлар. Чунки фақирларнинг бойлардан афзал учта жиҳатлари бор:
1. Уларга бу дунёда чеккан машаққат-қийинчиликлари, дунё неъматларидан бебаҳраликлари эвазига жаннатда шундай кўшк-пар бериладики, бошқалар у кўшкларга дунёда энг порлоқ юлдузларга қарагандек маҳлиё бўлиб қарашади. Бу кўшклар пайғамбарлар, шаҳидлар ва фақир мусулмонлар учундир.
2. Фақирларнинг ҳисоблари осон бўлади ва улар бойлардан олдинроқ жаннатга киришади.
3. Бой киши садақа бериб эришадиган савобга фақирлар: «Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», деб эриша олишади. Фақирлар бу каби зикр ва тасбеҳларни бойлардан кўпроқ айтишса, бойларнинг пул ва моллари билан қозонган савобларига шу айтган зикрлари билан эриша олишади».
Зуннун Мисрий дейдики: «Бир камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир куни тушимга кирди. Ундан: «Аллоҳ сен билан қандай йўл тутди?» деб сўрадим. У шундай жавоб қайтарди: «Аллоҳ: «Пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим», деди». Шу зотнинг яна бундай сўзи бор: «Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сайин мол-дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари мол-дунё муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? У илми орқали мол-дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасоддир».
Бишр Хофий айтади: «Фақирлар уч тоифа бўлишади: биринчиси сўрамайди, берсанг олмайди ҳам, бу тоифа руҳонияти олий одамлардир, улар Аллоҳдан сўрашса Аллоҳ беради, Аллоҳга қасам келтиришса қабул бўлади. Иккинчи тоифа сўрамайди, берсанг олади, булар ўрта қавм, Аллоҳга таваккул қилиб яшашади, буларга жаннатда дастурхонлар ёзилади. Учинчи тоифа сабрни ўзига қалқон қилганки, бошга ҳожат келса Аллоҳга мурожаат қилади, Ўзи сингарилар ёнига чиқади, ҳақиқатгўйлиги унинг хизматкоридир». Шу зотнинг мана бундай гаплари ҳам бор: «Шундай замонлар келадики, қоплаб дунё тентаклар қўлига ўтиб кетади». Ишонмасангиз, атрофингизга бир назар солинг: беҳисоб мол-дунёга эга бўлганлар ақлли, доно, тақводор одамларми ёки аксинчами?
Абул Ҳасан Сирий бундай деганлар: «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ҳеч кимдан ҳеч нима олма, шунда бировга беришга ҳеч ниманг бўлмайди. Дунёнинг турган-битгани ортиқчадир, лекин беш нарса бундан мустасно: нон, сув, кийим, уй ва манфаатли илм».
Шақиқ Балхий фақирликни ёқлаб ўтган шайхлардан. У айтадики, «Дунёга интилиб ўлишдан сақлан, хотиржам бўлгинки, сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди. Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? У бадавлат одам камбағал бўлиб қолишдан қўрққанидек бойиб қолишдан қўрқади ва фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди. Фақирликни сақлаш фақирликни Яратганнинг инъоми деб тушунишдир. Бойлардан четда юр, чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтовоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан».
Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний бундай деган эди: «Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: «Агар пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди», деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди».
Баъзи кимсаларнинг камбағалларни қўл учида кўрсатиши, уларни назарга илмаслиги, улар ҳузурида бойлиги билан керилиши ёки кибрланиши, инсоний муносабатларда камбағаллардан устунлик даъво қилиши нодонликдан, жоҳилликдан бошқа нарса эмас.
Мана шундай нохуш ҳолатларга келин олишда, қиз чиқаришда айниқса кўпроқ дуч келинади. Келин ахтарганлар бойроқ хонадондан қиз олсам, ўғлимнинг келажаги таъминланади, қайнотаси ёки қайнонаси турмушда ёш оилани қўллаб туради, деган бемаъни хаёлларга боришади. Қиз узатадиганлар бадавлат хонадонга узатсам, егани олдида, емагани кетида, ҳеч нарсадан муҳтожлик кўрмай юради, деган режалар тузишади. Билишмайдики, Аллоҳ таолонинг ризқ тақсимлашда алоҳида ҳикмати, иродаси бор, бировга кўпроқ, бировга озроқ ризқ беради.
«Нега камбағалга қиз бермайсиз, битта айби гоҳо оч қолади-да», деб сўради бир доно киши маҳалладошларидан. Уларнинг чеҳрасида тасдиқ ишорасини кўргач афсусланиб хитоб қилди: «Йўқ, аксинча бойнинг хонадонида оч қолади. Қизингиз юрган йўлида еса бой «нега туриб еяпсан», деб кўз очирмайди, ўтириб еса «нега ўтирволиб ейверасан», деб тинчлик бермайди. Ишонмасангиз, текшириб кўринг, барча бойларнинг келини ориқ… Камбағал эса фақирлигим сезилиб қолмасин, дея ҳали синашта бўлмаган келинга нуқул овқат тиқиштиради».
Аксарият бадавлат кишиларнинг қизлари тўкинчиликда, фаровонликда, эрка бўлиб улғайгани учун кўп ҳолларда оддий, камтарона яшайдиган хонадонларга муносиб келин бўлолмайди. Сабаби, одатда уларнинг қўлини совуқ сувга урдиришмайди, айтганини ҳамиша муҳайё қилишади, қилини эгри дейишмайди, хулласи ҳамма айбу нуқсонларини қилинган мўл-кўл сеплар, шоҳона тўй маросимлари ёпиб кетади, деб ўйлашади. Аксинча, камбағалроқ оиладан келин бўлиб тушган қизлар эсли-ҳушли, «оилам, эрим, рўзғорим» дейдиган, борган жойига тошдай чўкадиган, ҳамманинг хизматини қилиб кўнглини оладиган эпли бўлишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, қўли калталигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйда деб иззат-нафсини койитмасангиз, бўлди.
Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг сутчи аёлнинг ҳалол қизини келин қилганлари ҳақидаги гўзал бир ривоятни келтириш ўринлидир: Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларини айланиб юрганларида бир воқеанинг гувоҳи бўладилар. Бир хонадонда сутчи аёл бугун сути одатдагидан камроқ кўрингани учун унга бироз сув қўшмоқчи бўлар, унинг қизи эса «Аллоҳдан қўрқмайсизми?» деб уни бу гуноҳ ишдан қайтарар эди. Воқедан воқиф бўлган Ҳазрати Умар эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли ва иффатли қизни ўғлига хотинликка сўради. Бутун мусулмон оламининг амири ўғлини фақир қизга, оддий сутчининг қизига уйлантирди. Ўша покиза келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган, халифалик қилган йиллари «энг саодатли ва адолатли давр» сифатида тарихга кирган Умар ибн Абдулазиз эди…
«Тазкират ул-авлиё»да шундай нақл қилинган: Шайх Ҳотами Асом Балх шайхларининг улуғларидан эди. Бир куни Ҳотам аёлидан:
– Мен тўрт ойлик сафарга кетяпман. Шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа қолдиришимни истайсан? – деб сўради. Аёли бундай жавоб қилди:
– Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг.
– Тириклигинг ва ўлиминг асло менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг қўлидадир, – деди Ҳотам.
– Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг қўлидадир, – деди хотин.
Ҳотамга бу сўз маъқул келди ва хотинини дуо қилди. Қўшни хотинлар келиб аёлга: «Ҳотамдан нечун нафақа сўрамадинг?» дейишди. Хотин бунга жавобан:
– У киши ҳам мен каби ризқ еювчидир, бергувчи эмасдир, – деди.
Ҳофиз ибн Ражаб ушбу воқеани қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийдан нақл қилади: «Мен Макка шаҳрида фақирона ҳаёт кечирар эдим. Бир куни кўчада ҳамён топиб олдим. Уйга келиб очиб қарасам, ичидан бир шода марварид чиқди. Бунақасини умримда кўрмаган эдим.
Қайтиб кўчага чиқдим. Бир одам: «Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим, ким топиб олиб қайтариб берса, беш юз динор бераман», деб юрган экан. Шунда мен: қорним оч, ҳожатмандман, ҳамённи бериб эвазига пулни оламану ундан фойдаланаман, деб ўйладим.
Ўша одамни чақирдим. У уйимга киргач, ҳамённинг ва ундаги марвариднинг белгиларини сўрадим, аниқ айтиб берди, шунда унга ҳамёнини топширдим. У беш юз динор пулни узатди, аммо мен олмадим, тўғрироғи олишни эп кўрмадим.
Орадан анча вақт ўтиб, денгиз сафарига чиқдим. Ногаҳон кемамиз ҳалокатга учраб, ҳамма сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ёлғиз менгина бир парча тахтага ёпишиб, жон сақлаб қолдим. Кейин бир оролга чиқиб олдим ва ўша ердаги масжиддан паноҳ топдим. Қуръонни чиройли ўқишимни эшитиб, одамлар олдимга кела бошлашди. «Ёзувни ҳам биласанми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедим. Улар бола-чақалари билан келиб, мендан ўқиш-ёзишни ўргана бошлашди. Моддий ёрдамлари туфайли мен ҳам ўзимни тиклаб олдим. Бир етим қизлари бор экан, бир куни улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Аввалига рози бўлмадим, қистайверишгач кўнишга мажбур бўлдим.
Тўй куни…қизнинг бўйнидаги марваридга кўзим тушиб, ҳайратда қотиб қолдим. У ўша мен топиб олган марварид эди. Одамлар менинг аҳволимга ҳайрон… Уларга бошимдан ўтган воқеани айтиб бердим. Одамлар такбир айтиб юборишди. Сўнг бу қизнинг отаси ўша ҳамёнини йўқотган киши эканини, у умрининг охиригача: «Дунёда ҳамёнимни қайтариб берган йигитга ўхшаган софдил кишини бошқа кўрмадим, эй Аллоҳ, мени яна ўша йигитга рўбарў қил, қизимни унга никоҳлаб берай», деб дуо қилганларини айтиб беришди…».
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар