Сайт бўлимлари
Бойлар ва камбағаллар
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳамма замонда, барча жамиятда бой ҳам, камбағал ҳам бўлади. Бу Аллоҳнинг иродаси, У инсонларни бой ва камабағал қилиб яратгани белгисидир. Одамларни тенглаштириб, бир қолипга солишга уринган жамиятлар фақат кулгига қолган. Буни яқин тарихимизда совет ҳокимияти олиб борган сиёсатнинг охири нима билан тугагани ҳам исботлаб турибди. Бу ҳокимият бойларнинг барча мол-мулкини тортиб олиб, уни камбағаллар ўртасида тақсимлаб бериш ва шу йўл билан синфий адолат ўрнатиш орқали фаровон жамият қуришни истаган эди. Советларнинг бу «тажрибаси» нима билан якун топганини ҳамма яхши билади. «Йўқолсин бойлар» деб бойларни йўқотди, «Яшасин йўқсиллар» деб йўқсилликни урчитди.
Девор-дармиён, томлари туташ икки қўшни бор. Лекин ана шу қурғур томдан бошлаб уларнинг бутун туриш-турмуши бир-бирининг акси, бир-бирига қарама-қарши. Ўнгдаги қўшнининг томи чапдагисига қараганда бир уй баланд, оқ тунукадан, ҳаттоки тарновлари ҳам кунгурадор ясалган. Бунисиникини пастроқ, шиферли, тарнови қора тунукадан. Ўнгдаги қўшнининг «Нексия»си бор, бунинг устига яқинда ўнинчида ўқийдиган ўғлига нимдошроқ бўлса ҳам «Тико» олиб берди. Чапдаги қўшни ҳам улардан ортда қолмаслик учун қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам, ўғлини уйлантиришга атаб қўйган молини сотиб «Запорожес» сотиб олди. Энг қизиғи, қўшнисининг жиғига тегиш учун ана шу машинасини тор кўчанинг ўртасига тўхтатиб кириб кетади, қўшни машинасини уйига олиб киролмай хуноб.
Кунлар шу зайлда ўтиб борар, икки қўшни ўртасидаги тортишув, пинҳона хусумат тобора кучаяр, зиддият чуқурлашарди. Авваллари бир-бирларини кўрганда оғзиларидан бол томган қўшнилар энди икки эшикдан ўқрайишиб чиқиб, бақрайишиб ўтиб кетишади. Тўй-маъракада ёнма-ён ўтириб қолишса терс ўгирилишади. Катталарнинг қилиғи уйдагиларга ҳам кўчган:
– Ордона қолсин, уйида сичқонлар қўлтиқтаёқда, сувараклар силласи қуриб ётибдию, яна нимасига кериларкин? – дея бурнини жийиради ўнгдаги қўшни аёл.
– Кўрмаганнинг кўргани қурсин, яқинда уйимизга туз сўраб чиқарди, энди жир битиб бурни кўтарилиб қоптими? – дейди чапдаги қўшни аёл.
Кунлар ўтиб борар, икки қўшиннинг муомалалари борган сари терслашарди. Сезган бўлсангиз керак, ўнг томондаги қўшни ўзига тўқ, бадавлат киши бўлиб, бир неча дўкони ва корхонаси бор эди. Иккинчиси эса оддий ишчи бўлиб ишлар, бозор шароитида дасти қисқалик қилиб, турмуши хийла тортилиб қолганди. Шундай бўлса ҳам, у буни тан олгиси келмас, қўшнидан ортда қолмасликка тиришарди. Устига-устак қўшнисининг бойлиги, тўкин, фаровон яшаши жиғига тегарди, ҳасадданми, ғайирликданми кўнглининг қатида ўзининг ночорлигига гўёки у айбдордай қўшнисидан ўч олиш истаги ҳам ғимирлаб қоларди.
Кунлар шу тахлитда ўтар, икки қўшни ўзини ҳақ санаб, шеригидан ўпкалар, лекин иккови ҳам оддий бир ҳақиқатни тушунгиси келмасди. Оддий ҳақиқат эса шунда эдики, Аллоҳ таоло бировни бадавлат қилиб, бировни фақир қилиб яратган. Барча замонларда, барча юртларда бой ҳам, камбағал ҳам бўлган. Фақатгина бойлар мен бадавлатман деб фахрланмасликлари, шариат ҳукмига кўра топган бойликларидан закот беришлари, камбағалларга эҳсон, садақа қилишлари зарур. Камбағаллар эса ўз ҳолатларидан уялмай, афсусланмай, буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилишлари, бадавлат кишилардан қаерим кам деб, уларга тенглашиш учун интилмасликлари зарур экан. Чунки, бу нарсалар – Яратганнинг ўлчовларидир, буларни бузган кишилар унинг ҳукмидан чекинган ҳисобланишади. Бир хабарда айтилганидай: «Қай бирингиз ўзингиздан бойроқ ва кўркамроқ одамни кўриб қолсангиз, дарҳол ўзингиздан камбағалроқ ва хунукроқ одамлар ҳам борлигини эсланг».
Дарҳақиқат, бойлар дунёга мағрурланиб, ҳаддиларидан ошишса, эҳсон-садақани тарк этишса, камбағаллар фақирликни Аллоҳнинг жазоси санаб, ношукрлик ёки сабрсизлик қилишса, бараварига Унинг раҳматидан узилган бўлишади.
Ривоятларда бундай дейилган: «КамбаІаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади»; «Жаннатга боідим, кґрдимки, у ердагиларнинг аксарияти камбаІаллар экан. Ґамда дґзахга боідим, кґрдимки, у ердагиларнинг аксарияти аёллар экан»; «Жаннат дарвозаси олдида туриб іарасам, у ерга кираётганларнинг кґплари бечора-мискинлар экан. Бойлар эса ташіарида ушлаб турилибди. Лекин дґзах аµлларини эса дґзахга ташлаш буюрилибди».
Бир жамиятда бойлар қадрланиб, фақирлар хўрланса, бойлар қўлларига келган мол-дунёда камбағалларнинг ҳам ҳаққи борлигини «унутиб» юборишса, ҳаёт мувозанати бузилади, жамият низоми издан чиқади. Фақирлар бойларнинг душманига айланади. «Ижтимоий портлаш»лар, инқилоб ва исёнлар майдонга чиқади. 1917 йилда Русияда, кейинчалик Туркистонда бўлган тўнтаришлар бунга жонли мисолдир. Туркистондаги «Шўрои Исломия» ташкилоти раҳбарлари (Абдулла Авлоний ва Мунавварқори Абдурашидхонов)нинг 1917 йил 28 апрелда «Нажот» газетасида босилган мурожаатномасида қуйидаги гаплар ёзилган: «Шўрои Исломия давлатлик кишилардин илтимос қиладурки, урф-маъракаларни ҳам кўб катта қилиб юбормасдин, мумкин қадар қасди риоя қилсалар (тежаб сарф қилсалар), ҳам тўйдаги пул ва ғалла сарфини маҳаллалардаги оч-яланғоч, бева-бечораларга, мактаб, мадраса ва жамияти хайрияларга берсалар». Аммо очиқ фикрли алломаларнинг қайноқ мурожаатларига унча қулоқ солинмади. Орадан ярим йил ўтиб бу юрт бошига, ўша «қулоғи том битган» бадавлат кишилар, ўлканинг барча халқи бошига не кунлар, не кўргиликлар, очлик, қаҳатчилик, зулм, уруш ва вайронагарчиликлар тушгани ҳаммага аён. Бундай кунлар қайтарилишидан Худо асрасин! Лекин тарихдан хулоса чиқармаслик ҳам катта кулфатларга сабаб бўлиши мумкин.
Ислом дини ана шу мувозанатни тутиб туриш мақсадида закотни, садақа, инфоқ-эҳсонларни жорий қилган. «Закот Исломнинг кўпригидир», дейилган. Бу бой билан фақир орасидаги низонинг олдини олувчи «кўприк», фақирнинг бойга душман бўлишининг олдини олувчи «кўприк»дир. Закот айрим нодонлар ўйлаганидай бойларни жазолаш ёки фақирни бадавлат қилиш чораси эмас, балки динимизда инсон бойликдан юқори туришини кўрсатишдир.
Хабарларда келишича: «Сизлардан олдин ўтган бир одам ҳисоб-китоб қилинди. Қаралса, номаи аъмолида бирорта савобли амали йўқ экан. Лекин ўзи бой бўлиб, камбағаллардаги ҳақларини кечиб юрар экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам: «Кечишга Мен лойиқроқман», деб унинг гуноҳларини кечириб юборган экан»; «Қайси бир амир ёки ҳоким ҳожатмандлар, фақир ва мискинларга хайр-эҳсон эшигини ёпса, Аллоҳ таоло ҳам унга нисбатан хайр-эҳсон ва ҳожати учун осмон эшикларини ёпиб қўяди»; «Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса ҳам бошқалар мол-дунё берса, уни олаверсин. Зеро, бу Аллоҳнинг унга етказган ризқу насибасидир»; «Ким дуоларим ижобат бўлсин, ташвишларим бошимдан арисин, деса камбағаллар ҳолидан хабар олсин».
«Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки эс-ҳуши, касб-ҳунари бўлмаган киши камбағалдир», дейди Мажидиддин Хавофий. Абу Туроб Нахшабий эса фақирга бундай баҳо беради: «Фақир улки, унинг овқати – нима топса, ўша бўлади, либоси авратини ёпишга етади, макони қаерда ўтирган бўлса, ўша ердир».
Яна шундай бир ривоят бор: Бир бойнинг ўғли саҳрода сув ахтариб юрганида ўша ердаги йилқичи бир чорвадорнинг қизини кўриб унга ишқи тушиб қолади. Қизнинг отасидан уни ўзига никоҳлаб беришини сўрайди. Ота йигитдан қандай ҳунари борлигини сўраганида йигит: «Мен фалон бойнинг ўғлиман, бойлигимиз ўзимизга ҳам, болаларимизга ҳам, болаларимизнинг болаларига ҳам етиб ортади», деб жавоб беради. Йилқичи: «Бойлик бир ойлик, унга ишонч йўқ, бирор ҳодиса сабабли бир чақасиз қолишингиз мумкин. У вақтда ўзингизни ва оилангизни нима билан боқасиз? Ҳунари бўлмаган кишига қизимни бера олмайман», деб йигитни қайтариб юборади. Йигит икки ойдан сўнг келиб, йилқичидан яна қизининг қўлини сўрайди ҳамда: «Мен сават тўқишни ўргандим, манави саватни ўзим ясадим, энди йўқ демассиз?» дейди. Шунда йилқичи: «Бу бошқа гап» дейди ва қизини йигитга никоҳлаб беради.
Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: «Ким бойни икром қилиб (ҳурматлаб), камбағални хорласа, у лаънатлангандир». Абдуллоҳ ибн Масъуд эса бундай деганлар: «Кўпчилик ёқтирмайдиган ўлим ва камбағаллик қандай ажойиб нарсалардир. Аллоҳга қасамки, бойлик ҳам, фақирлик ҳам бир неъматдир. Қайсиси билан имтиҳон қилинсам ҳам хотиржамман. Бой бўлган кезлар муҳтожларга ёрдам қилиш, фақирликда эса сабр этиш фазилати бор».
«Бой биродарларимизга адолат қилмадик. Улар ейдилар, биз ҳам еймиз. Улар ичадилар, биз ҳам ичамиз. Улар қийналишади, биз ҳам қийналамиз. Уларнинг кўп моллари бор, унга қарашади, биз ҳам улар билан бирга ўша молларга қараймиз. Улар ҳисоб беришади, биз эса ҳисоб беришдан озодмиз», дейди Абу ад-Дардо.
Шақиқ Зоҳид эса мана бундай фикрда: «Камбағаллар ҳам, бойлар ҳам учта нарсани ихтиёр этишган. Камбағалларнинг ихтиёр этган нарсалари – нафснинг роҳати, қалбнинг юмшоқ ва ҳисобнинг енгил бўлиши. Бойларнинг ихтиёри – нафснинг чарчаши, қалбнинг машғуллиги ва қаттиқ ҳисоб».
«Бойнинг бир кўзи камбағалда бўлиши керак. Бир қўлини камбағалга бериши лозим. Камбағалдан юз ўгирган бойнинг кўзлари хоин кўзлардир», дейди Муҳаммад Камол Пилав ўғли.
Бойларнинг энг катта фожиаси шундаки, улар ҳамиша камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб яшашади. Уларнинг бутун фикри-ёди ана шу бойликни тинмай тўплаб-кўпайтириш, ҳеч бўлмаганда уни ҳозирги миқдорда ушлаб туришга қаратилган бўлади. Улар бу йўлда ҳамма нарсага: ўзгаларни алдашга, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришга, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасликка, судхўрлик, муттаҳамлик қилишга, пора олиш ва беришга, зулмга, ҳаттоки иймондан кечишга тайёр туради. Айрим бойлар ўз мол-дунёсини асраб қолиш учун ҳатто эътиқодини ўзгартириш, миллатга ва динга хиёнатлар қилиш даражасигача боради.
Бадавлат киши иймонли бўлса, бойликнинг вақтинчалик бир ато, инъом эканини ҳис қилиб, иложи борича уни керакли ўринларга сарфлашга интилади. У мабодо қўлидан кетса, буни одатий ҳол сифатида қабул қилади, унга унчалик афсус-надомат ва фиғон чекмайди, ҳаётини келган жойидан давом эттириб кетаверади. Мана шу ерда нозик бир нуқта бор. Жуда кўп иймонли бойларни кўрганмиз: мол-дунёси тўлиб-тошганида ҳам, ёнида ҳеч вақоси қолмаганида ҳам ўзини бирдай тутади, аҳли-аёлининг нафақаси бир меъёрда бўлади, эҳсон-садақаси ҳам аввалгидай, камтарлик, ҳокисорлик, сахийлик бойлигида ҳам, камбағаллигида ҳам бир хил кўринишда қолади. Чунки бойлик, мол-дунё улар учун жамиятдаги мақомини белгилайдиган омил, иззат-икром асоси, фахр ва кибр манбаи эмас, балки Аллоҳ таолонинг омонати, синови, атосидир. Улар бойигани сайин тобора камтарроқ, тавозеълироқ бўлиб боришади, ночорлашганларида эса бу хислатлари ортса ортадики, асло камаймайди. Улар бойликда ҳам, камбағалликда ҳам бирдай тоат-ибодатда бўлишади, Яратганнинг шукри ва зикри билан доимий машғул бўлишади. Мана шу нарса динимиз бойлар учун белгилаб берган мўътадил, хайрли йўлдир.
Камбағаллар эса доимо бойишни орзулаб турмуш кечиради. Бойларнинг қўрқуви асослироқ, чунки бойлик уларга бир умрли қилиб берилмаган, бугун кенг-мўл ризқ, беҳисоб мол-дунё ато қилиб қўйилган бўлса, бир кечада ҳаммасидан маҳрум бўлиб, фақирга айланиб қолиши ҳам мумкин. Аксинча камбағал-фақир кишига бир кечада туганмас бойлик ато этилиши мумкин. Камбағалнинг вазифаси эса берилган энг улуғ неъмат ва имтиёз бўлмиш фақирликнинг қадрига етиш, бунинг учун Яратганга тинмай ҳамд-шукроналар айтиш, буни ўзига берилган бир имтиҳон ва айни пайтда боқий дунёда эришилажак улкан ажр-мукофотлар ва савоблар манбаи сифатида қабул қилишдан иборатдир.
Дамашқни қонга ботирган босқинчи ҳукмдор Абдуллоҳ ибн Али ҳатто умавийлар масжидига от ва хачирларни ҳайдаб киритган ваҳший эди. У вазирларига қарата: «Яна менга қарши одам борми», деди. Улар: «йўқ!» дейишди. «Мени танқид ёки ҳақорат қиладиган-чи?» сўради у. «Фақат Авзоий танқид қилиши мумкин», деб жавоб қилишди мулозимлар. Абу Амр Авзоий улуғ фақиҳ ва муҳаддис, ғоятда тақводор, обид ва тўғрисўз киши эди. Сипоҳийлар уни тутиб келтиришди. Олим ваҳшатли ҳукмдор билан юзма-юз бўлди. Султон олимни ўлдиришга баҳона ахтарарди. Ноҳақ қон тўкилиши ҳақидаги кўнгилсиз савол-жавобдан кейин яна сўради: «Биз қўлга киритган ўлжалар хусусида нима дейсан?». «Ҳалол бўлса, ҳисоб-китоби бор, ҳаром бўлса, қийноқ-азоби бор», деб жавоб қилди Авзоий. Ҳукмдор тилла тўла халтачани унга узатди. Олим мол-дунёга хоҳиши йўқлигини айтди. Вазирлардан бири қатл қилиш учун сабаб излаётган ҳукмдорнинг жаҳли чиқмасин, дея уни «олтинларни ол» дегандек туртарди. Авзоийнинг пулга қўл узатмаётганини кўрган султон олтинларни қўшинга тарқатиб юборди-да, бўш халтачани улоқтириб чиқиб кетди. Султон олдига «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил» деб кирган олим яна шу калималарни айтиб, саройни тарк қилди.
Айтилишича, Исо алайҳиссалом дунёни тишлари тўкилиб кетган ва зеб-зийнатга чулғанган бир қари кампир суратида кўрдилар. Ундан: «Неча марта эрга тегдинг?» деб сўрадилар. Кампир қиёфасидаги дунё: «Ҳисобини билмайман», деб жавоб берди. Исо алайҳиссалом яна: «Уларнинг ҳаммаси ўлдими ёки барчаси сени талоқ қилдими?» деб сўрадилар. У: «Йўқ, ҳаммаларини ўлдирдим», деди. Исо алайҳиссалом: «Қолган эрларингнинг ҳолига вой бўлсин, Нима учун улар олдинги эрларингдан ибрат олишмайди? Сен уларни бирма-бир ҳалок қиласан, улар бўлса сендан эҳтиёт бўлишмайди», дедилар.
Донишмандлар дунёни кўприкка ўхшатишган ва: «Ундан ўтинглар, аммо таъмир қилманглар», дейишган. Чиндан ҳам дунё охиратга ўтадиган бир кўприкдир. Ҳамманинг шу кўприкдан бир ўтиши бор. Инсон туғилиши билан кўприкнинг бир таянчи бўлмиш бешикка ётқизилади. Вафот этиши билан иккинчи таянчи бўлган тобутга ётқизилади. Кимдир бу кўприкдан уёқ-буёққа алангламай, тезроқ нариги томонга етиб олишни кўзлаб шитоб билан ўтади. Кимдир қадамларини ғофиллик билан ташлайди. Кимдир тўхтаб кўприк устида нимадир қуришга, уни безашга машғул бўлиб қолиб, асл мақсадни унутади. Мана шуниси бениҳоя жаҳолат ва ҳамоқатдир.
Айтишларича, дунёни севган, унга мубтало бўлган кимса худди денгиз сувини тинмай ичувчи кимсага ўхшар экан. Қанча кўп ичса, ташналиги шунча зиёда бўлаверади, чанқоғини қондирмоқчи бўлиб тўхтамай ичаверса, охири ҳалокатга олиб боради.
Аждодлардан бири сафдошларига қарата: «Мен билан юринглар, сизларга дунёни кўрсатаман», деган экан. Ҳамма унга эргашибди, у эса сафдошларини ахлатхонага бошлаб борибди ва: «Мана, сизлар минг машаққат билан излаб-топиб еган мевалар, товуқлар, асал ва ёғларингизга бир боқинглар. Сизлар айланиб-ўргилиб истеъмол қилган нарсалар охири нималарга айланди?» дебди.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар