Сайт бўлимлари
Мол-дунёнинг хатари
- Подробности
- Бўлим: Турмуш сабоқлари
- Чиққан санаси: 18 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Мол-дунё фитнаси бошқа фитналар каби жуда хатарли ва охиратда чексиз азоб-уқубатларга дучор этувчи зарарли нарсадир. Инсонлар Яратган томонидан мол-дунё фитнасидан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирилган: «Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос»; «Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин!».
Ривоятларда бундай дейилган: «Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир»; «Кўчмас мулкларга (ер-сувга) эга бўлишга киришманглар. Чунки у дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради»; «Мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунё учун кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман»; «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сув қанча бўлса, шу миқдордадир».
Фозил аждодларимиз, улуғ донишмандлар, тасаввуф шайхлари дунёдан юз ўгиришган, унга муҳаббат қўйишмаган, аксинча ҳамиша уни қоралаб, ерга уриб ўтишган. Чунки улар дунё мол-мулкининг хатарини яхши билишган, дунё васавасаларини бошқалардан кўра теранроқ илғашган, унинг бевафолигинию инсонга катта душман эканини чуқур англашган. Шунинг учун уларнинг насиҳатига қулоқ солиш, айтганларига амал қилиш, қайтарганларидан юз ўгириш икки дунё саодатига эришиш йўли ҳисобланган.
Абу Бакр Сиддиқ бундай дейдилар: «Эй инсонлар! Қай замон тугаши сизга номаълум бир умр ичида кун ва тунларингизни ўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан келса, бу ҳаётингизни солиҳ амаллар билан ўтказинг… Дунё ила охират икки оиласи бор кишига ўхшайди: инсон бирини рози қилар экан, иккинчисини ранжитади. Дунё – мўминларнинг бозори, кеча ва кундуз – сармоялари, гўзал амаллар – тижорат моллари, жаҳаннам эса зарарларидир».
Умар ибн Хаттоб дейдилар: «Дунёсини тарк этиб, фақат охирати учун амал қилган одам ҳам ва охиратини тарк этиб фақат дунёси учун амал қилган одам ҳам сизларнинг яхшиларингиз эмас. Балки унисиниям, бунисиниям ушлаган одам яхшиларингиздир. Энг жоҳил инсон охиратини бировнинг дунёси учун сотган кишидир. Аллоҳ хоҳласа, бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради. Унинг даргоҳидаги ажр-мукофотлар таваккул қилганлар учун дунё манфаатларидан устунроқ ва битмас-туганмасдир». Бу зотнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар эса: «Бир бандага дунё молидан нима етса, у сахий бўлса ҳам, Аллоҳ наздидаги даражаси пасаяди», деганлар.
Усмон ибн Аффоннинг насиҳатларига эътибор қилинг: «Дунёда экинлар экиб- ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Парвардигор дунёга нақадар аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга шундай берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз ва умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган».
Али ибн Абу Толиб бундай деганлар: «Дунё ҳаётида соғлом одам хастадир. Завқу сафо сурган киши охири пушаймон бўлгусидир. Фақир одам ҳазиндир. Бой кимса балога гирифтордир. Моли ҳалолининг ҳисоби бор, ҳаромининг азоби бор, шубҳали фойдалардан озор топилгусидир». Ҳазрати Али пулни қўлларига олиб, шундай деган эканлар: «Эй пул, тўғриси, сенга туф… Сен шундай нарсасанки, токи инсон қўлидан чиқиб кетмагунингча бирорта фойданг тегмайди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд бундай деганлар: «Бир миллатда ишончли кишилар озайса, динини сотиб, дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди. Ҳам дунё, ҳам охират учун ҳаракат қилмаган одамни хушламайман».
Сумайт ибн Ожлон: «Пул – мунофиқларнинг тизгини, улар оташдан қочмоқчи бўлиб турганларида пул тизгин бўлиб туради», дейди.
«Пул чаёндир, агар ҳалолидан топмасанг ва ўрнида ишлатмасанг, яқинлаша кўрма, чунки у чақса, заҳри сени ҳалок қилади. Дунё шайтоннинг дўконидир, ундан бирор нарса ўғирламаки, шайтон уни олишга келиб, сенинг додингни бермасин», дейди Яҳё ибн Муоз. Яна шу зотнинг мана бундай фикрлари ҳам бор: «Эҳ бизлар, бу дунёда фақир ва бечораҳол бўлишдан қўрқамиз. Аммо охиратда фақир, ночор ва расвойи жаҳон бўлишдан қўрқмаймиз. Ҳолбуки, биз – бандаларнинг яхши амалларга фақир бўлишимиз бу дунёдаги камбағаллигимиз ва ночорлигимиздан қўрқинчлироқ ва уятлироқдир».
Машҳур шайх Фузайл ибн Иёз бундай деган: «Дунё ҳаётининг масъулиятсиз, ифлос ва ғайриахлоқий йўриғига кириш осон, лекин чиқиш қийин. Дунёда ҳеч бир нарса йўқки, сендан илгари унинг эгаси бўлмаган бўлсин ва яна ҳеч бир нарса йўқки, сендан кейин эгаси бўлмасин. Дунё молининг сармояси ҳавойи нафсдир. Топгани эса жаҳаннам оташидир. Агар дунё ҳалол бўлса ҳам ва охиратда ҳисоб сўралмаса ҳам, бордию менга берилса, сиз нажасотдан қандай жиркансангиз, мен ҳам дунёдан шундай жирканар эдим»; «Ёмонликнинг ҳаммаси бир уйда бўлса, унинг калити дунёни севишдир. Яхшиликнинг ҳаммаси бир уйда бўлса, унинг калити дунёни тарк қилишдир».
Абу Лайс ас-Самарқандий дейдилар: «Оқил киши дунёдаги ризқига рози бўлади ва мол тўплашга машғул бўлмайди. Охират амаллари билан шуғулланади. Чунки охират қарор топиш ва неъматлар уйидир. Дунё фонийлик уйи, у хиёнаткор, фитнакордир».
Заҳҳок айтадилар: «Аллоҳ таоло Одам билан Ҳаввони Ерга туширганида улар дунё ҳидини топишди ва жаннат бўйини йўқотишди. Иккаласини қирқ кун дунёнинг бадбўй иси чулғаб олди».
Ҳикоя қилинишича, бир аъробий (саҳройи одам) саҳрода қўнган бир қабиланинг чодирига меҳмон бўлибди. Уни едиришибди, ичиришибди, уйқуга жой тайёрлаб беришибди. Тонг отганида қабила йўлга чиқиши керак экан. Улар аъробийни уйғотишга кўзлари қиймабди ва унинг устидан чодирни йиғиштириб олиб жўнаб кетишибди. Кўзига қуёш нури тушиб уйғонган аъробий бўлган воқеага шундай баҳо берган экан: «Дунё ҳаёти қурган чодирингнинг соясига ўхшайди. Бир куни келиб сенинг соянг ҳам зоил бўлиши турган гап, эй дунё!».
Улуғ ҳаким ва файласуф олим Абу Али ибн Синонинг дунё ҳақида мана бундай фикрлари бор: «Мол-дунёинг сени алдамасин, чунки асраган мол-дунёинг бошқаларники бўлади. Уларни сарф эта олсанг, ана шуниси сеникидир. Кундалик ризқ кўп, қайғураверма! Шу билан бирга мол орттираман, деб ўзингни кўп қийнайверма! Чунки ҳар ким насибасидан ортиқ битта ҳам дон ея олмайди. Бойликни топишадию ақл-идрокни йўқотишади. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди?».
«Дунё – подшоҳлар келинчаги ва зоҳидлар кўзгуси: подшоҳлар у билан мақтанишади, зоҳидлар бу кўзгудаги офатларни кўриб, бурилиб кетишади», дейди Муҳаммад ибн Али.
«Дунё – илон, илонбоздир дунё қидирган, илонбоздан қасдин олур илон оқибат», дейди улуғ форс-тожик шоири Абу Абдуллоҳ Рудакий. Шунинг учун туркиялик атоқли шайх Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий: «Дунёнинг ичига кир, сайр қил, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин», деб огоҳлантиради.
Абдураззоқ Самарқандий дейдики, «Бу дунё ва унинг молига кўнгил қўймагин. Чунки ҳеч бир киши ундан вафо кўрмаган». «Бойликка ҳирс қўйиш жодунинг сиртмоғига тушиш билан баробардир», дейди Қози Аҳмад Ғаффорий.
Аҳмад Югнакийнинг мана бу насиҳатига бир қулоқ солинг: «Мол-дунёим кўп, деб кибрланмагин. Мол-дунёнинг фойдаси нимага арзийди? (Ўлганда) яланғоч кетасан. Ҳамёнинг, тўрванг, бойлик тўла сандиғинг – бари қолиб кетади».
«Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан, дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам. Яна бир тасаввуф шайхи ва улуғ олим Ҳасан Басрий: «Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, пул азиз қилган ҳар инсонни Аллоҳ хор айлагай», дейди афсусланиб. Шу зотнинг айтишича, «Одамзот уч нарсага афсусланиб бу дунёдан кўчади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират учун ҳозирлигини қилолмайди».
«Бас, дунё ва дунё ҳаётидан баҳслашиб, уни ёмонламанг! Агар қалбингизда дунё севгиси бўлмасайди, уни ёдга олмасдингиз. Зеро, ким бир нарсани севса, ўшани кўп зикр этади», дейди атоқли сўфия Робия ал-Адавийя.
Агар кимда-ким юқоридаги насиҳатларга амал қилиб, дунё ҳаётида вақтинчалик бир қўноқ эканини ҳис этиб яшаса, у дунёга асло ишонмайди ва унга суянмайди. Дунё ҳаётидаги кунлари машаққат ва тангликда ўтадими ёки кенгчилик ва фаровонликда ўтадими, парво қилмайди. Ўзига буюрилганидай ва тавсия қилинганидай турмуш кечиради. Бойликда ҳам, йўқчиликда ҳам зикр ва шукрни тўхтатмайди. Бошқа соҳалар каби бу ўринда ҳам Фахри коинотга эргашади. У зот ғишт устига бир ғишт, чўп устига бир чўп қўймай ўтдилар. Айтдиларки: «Дунё билан нима ишим бор. Дарҳақиқат, мен билан дунёнинг мисоли дарахт остига келиб қайлула (тушдаги ором уйқуси) қилган кишига ўхшайди. Сўнг у одам кетади, дарахт эса қолади».
Молик ибн Динорда шундай ҳикмат бор: «Ҳар ким дунёга (бойликка) «уйланиш» истагида бўлса, дунё маҳр бадали учун инсондаги тамоми дин-диёнатни ундан тортиб олади». Яна шу зот бундай деган эканлар: «Одамлар мени зоҳид деб ўйлашади. Ҳолбуки ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиздир. Зеро, дунё бутун дабдабаси билан унга келди, у эса дунёдан юз ўгирди».
Бир донишманд айтибдики, «Дунё – инсонлар учун бир ўйингоҳ, Аллоҳга далолат қилувчи макон, охиратни топишга василадир. Дунёни ёмон кўриш ўзи дунёга етолмаганлар учун самимий эмас, қўлида дунё тўхтамаганлар учун ҳақиқий эмас, охиратдан тўсгани эса ҳақиқатдир».
Тоғ сайрига чиққанимизда бир қирғиз йигити ғалати савол бериб қолди: «Мана, муллакалар, сизлар ўқимишли одамга ўхшайсизлар. Бир ишга сира ақлим етмайди. Аллақаёқдаги безори, тоат-ибодатдан йироқ, золим одамларга мол-дунёни керагича, ҳатто ортиғи билан бериб қўйилган, аксинча доим ибодатда бўлган, меҳнаткаш, яхши одамлар пул-давлатдан қисилган, камбағал қилиб қўйилган. Назаримда шу ерда адолат бўлмаганга ўхшаб кўринади».
Эҳ, соддагина дўстим, агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг заррача қадри йўқлигини, бир кишига мол-давлатнинг кўп берилгани унга марҳамат эмас, аксинча қаттиқ синови эканини, У инсонларни синаш учун яхшига ҳам, ёмонга ҳам, обидга ҳам, фосиққа ҳам мол-дунё бераверишини тушунган бўлганингизда, бу каби саволларга ўрин қолмас эди. Бир инсонга бойлик ато қилиниши адолату берилмаслиги адолатсизлик эмас. Суфёни Саврий айтганидай, «Бу дунёнинг неъматлари бамисоли илоҳий ғазабга учрагандай, нопок кишиларга насиб бўлади».
Мол-дунёнинг зарар ва офатлари ҳам диний, ҳам дунёвий бўлади. Чунки мол-дунё инсонни Аллоҳнинг маърифатидан, Унинг азамати ва қудратини ҳис этишдан, неъматлари шукрини қилишдан тўсиб қўяди. Катта ер эгаси бўлса фикри-ёди эрта-кеч «Еримнинг вақти ўтмасдан нима эктирсам экан, даладаги деҳқонлар дангасалик қилмаяптимикин, сув олиб келишдимикин, ўғит топилдимикин» деган хаёллар билан банд бўлади. Агар у тожир-савдогар бўлса, молини осон ўтказиш ташвишлари, савдодаги шерикларининг хиёнати, солиқ машмашалари, алданиб қолиш хавфи, қандай қилиб каттароқ фойда олиш режалари миясини бутунлай банд қилган бўлади.
Давлатмандларга бойлигини асраб олишнинг ўзи катта муаммо. Эшикларга қўша-қўша қулфлар осилган, деразаларга билакдай симлардан панжаралар ўрнатилган, деворлар баланд қилиниб, тепасига тиконли сим тортилган ва унга электр токи юрғизилган. Булар ҳам таскин беролмай чинқироқ қўнғироқлар (сигнализатсия) туширилган. Бунинг устига кузатув камералари ҳам ўрнатилган. Бу ҳам камлик қилганидан ҳовлига бўрибосар итлар боғланган. Бу ҳам етмагандай ёстиқ тагига пичоқ, чўқмор каби қуроллар яширилган. Донишмандлар айтганидай, илм ўз соҳибини ҳимоя қилади, мол-давлатни эса эгаси бир умр қўриқлаб ўтишга маҳкум.
Бойлик-дунё кимгадир қалб хотиржамлиги, саховат ва мурувват орқали улкан ажр-мукофотга эришиш эшикларини очиб берса, кимнидир у бузуқликлар, айш-ишратлар, куч-қудрат ва ниҳоят исён ва осийлик ботқоғига отади. Мол-дунё жоҳиллар қўлига тушиб қолса, у эгасини гуноҳ, фаҳш ишларга бошлайди. Катта бойликка эга бўлиб қолган бундай одам ўзини боса олмай, идора қилолмай қолади. Нафсининг ҳамма айтганларини бажаришга баҳона ахтаришга тушади. Шайтон унинг кўзига итоатни, ибодатни оғир, машаққатли қилиб кўрсатади, аксинча гуноҳ ишлар, айш-ишрат ва фаровонликни осон, чиройли қилиб қўяди.
Атрофингизга бир қаранг, қўлига туйқус мол-дунё келиб қолган айрим одамларни кузатинг: дарров бус-бутун уйини бузиб ташлаб, янги қурилиш бошлаган, бинойидай хизмат қилиб турган уловини янгисига, одамлар гапириши учун фахрлироғига алмаштирган, иймонлилари дарров хотинни иккита қилишга, фосиқлари эса ўйнашлар тутишга киришган бўлади. Ҳаттоки юриш-туриш, кийиниш, гапиришлар ҳам ўзгача бўлиб қолади. У ўзини бошқаларга қараганда қудратли, уддабурро, тадбирли, ақлли ҳис эта бошлайди. Ҳар соҳада фаровонликка, одамлар тилига тушишга, бошқалардан фарқли туришга интилади. Мол-дунё уни ҳар доим фаровон ҳаётга, хурсандчилик, айшу ишратга чорлаб туради. Чунки хурсандчилик, фаровонлик фитнаси хафачилик, йўқчилик фитнасидан каттароқ ва хатарлироқдир.
У бора-бора бундай ҳаётдан узилгиси келмай қолади. Нима қилиб бўлса ҳам шундай ҳаётнинг бардавом бўлишини истайди, бунинг учун шубҳали нарсалардан, ҳаромдан ҳам ҳазар қилмайдиган ҳолга келади. Молини кўпайтириш ёки ҳозирги мавқеини сақлаб қолиш учун одамларга доимий аралашишга мажбур бўлади. Бу эса унинг феълида нифоқ, адоват, кек, ҳасад, ғийбат, бахиллик каби ярамас иллатларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Бир парвона шамни узоқдан кўриб, «у нур таратар экан-да», деб ўйлайдию бепарво кетаверади. Бошқа бир парвона шамга яқинроқ келади ва «у иссиқ ҳам чиқарар экан», дейдию иссиғидан бироз баҳра олади. Яна бир парвона шамнинг ичига кириб, уни синаб кўрмоқчи бўлади ва ўзи ёниб ҳалок бўлади. Дунё ҳам шамга ўхшайди. Узоқдан унинг жилосига маҳлиё бўлиб юриш осонроқ. Унинг тафтидан фойда олишни хоҳлаб қолсанг, иссиғидан бироз азият чекишга тўғри келади. Бордию унинг ичига батамом кирмоқчи бўлсанг, ҳалокатингни кутавер. Хабарда айтилганидек: «Ҳар бир уммат учун фитна бор, умматимнинг фитнаси мол-дунёдир».
Утба ибн ўазвон Басранинг ҳокими эди. У одамларга қуйидагича мурожаат қилди: «Албатта, дунё ўзининг фоний эканини эълон қилди. Ва тезлик ила йўлга тушди. Унда бирор қизиқарли нарса қолмади. Фақатгина идиш тагида қолувчи сарқит каби бир нарса қолдики, уни эгаси қўлга киритиб жамлайди. Албатта, сизлар бир диёрга кўчасизларки, у ерда заволлик йўқ. Сизлар қзингиздаги бор нарсанинг яхшиси ила у ерга кўчинглар. Бизга хабар берилдики, агар жаҳаннам қирғоғидан бир тош улоқтирилса, у етмиш йилда ҳам қаърига етмайди. Қасамки, мана шу жаҳаннам тўлдирилади. Сизлар бу айтилган сўзлардан ажабланяпсизларми? Ва яна хабар берилдики, жаннатнинг икки эшиги ораси қирқ йиллик йўлдир. Шундоқ кун келадики, одамлар издиҳом бўлганидан у ер ҳам тўлиб кетади. Мен Набий билан бирга иймон келтирганларнинг еттинчисидирман. Овқатланишимиз учун дарахт баргидан бошқа нарса йўқ эди. Биз уни еяверганимиздан оғизларимиз атрофи шилиниб кетар эди. Бир куни мен устки кийим топиб олдим. Уни ўртасидан бўлиб, Саъд ибн Моликка бердим. Ярмини ўзимга иштон қилиб олдим. Саъд ҳам ўзига теккан ярмини иштон қилиб олди. Ўша пайтдагиларнинг барчалари бугун бир шаҳарга амирдир. Мен эса Аллоҳ ҳузурида кичик бўлатуриб ўзимни юқори санашдан Аллоҳ номи ила паноҳ тилайман», дедилар.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар