Сайт бўлимлари
Эримга ўғил туғиб беролмадим
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 31 Март 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Эримга ўғил туғиб беролмадим
Таҳририятга келаётан мактубларда, телефон қўнғироқларида кўпчилик аёлларимиз «Эримга ўғил туғиб беролмадим», дея ҳасрат қилишади.
Ҳатто айримлари «Шу сабаб эрим билан ўртамизда келишмовчиликлар чиқаяпти», деса, яна бошқаси «Ажрашишгача бордик», дейди. Хуллас, оилада ўғил фарзанднинг дунёга келмаслигига асосан аёлларни айбдор қилишга одатланиб қолганмиз. Аслида эса қиз ёки ўғилнинг туғилишида асосан эркаклар сабабчи бўлишаркан. Бунга янада аниқлик киритиш мақсадида Чилонзор тумани, 34-оилавий поликлиника бош шифокори Нигора Соатова билан суҳбатда бўлдик.
—Оилада фарзанд дунёга келаркан, унинг ҳаётига ота ҳам, она ҳам бирдай масъул, тўғри-ми? Лекин бугун бизни қизиқтираётган масала қиз туғилишига аёллар сабабчи бўладими ёки эркаклар? Умуман, ҳомиланинг жинси қандай бўлишида кимнинг роли кўпроқ?
—Энг аввало шуни айтишим керакки, оналик ва оталик бахти бу Аллоҳ томонидан берилган энг буюк мўъзижалардан бири. Энди фанда айнан шу жараён, яъни эмбрионнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва ҳомиланинг туғилиши ўрганиб чиқилган. Унга кўра, ҳомила жинсининг яралиши X ва У хромосомаларнинг қўшилишига боғлиқ. X хромосома қиз уруғи, У хромосома эса ўғил уруғидир.
Ўғил ёки қиз туғилишида аёлнинг хеч қандай ўрни бўлмайди. Аёл вужудида қайси жинсдаги эмбрион бўлса тўққиз ой давомида парваришлаш вазифасини бажаради. Чунки, аёл организмида бўлажак ҳомиланинг тухуми, эркакникида ҳомиланинг уруғи (сперматозоид) мавжуд. Демак, ҳомиланинг жинси қандай бўлиши эркак организмига боғлиқ экан. Жумладан, тайёр тухумдонга тухумча чиқиб ёрилишидан олдин сперматозоидлар тез етиб олишга ҳаракат қилади. Тухумдонга биттагина этиклетка кириши мумкин. Битта хромосома етиб келса бўлди, тухумдон ёрилади. Шу билан ҳамма занжирлар кулфланиб бошқа қабул қилинмайди. Жуда кам ҳолларда учраши мумкин, иккита тухум пишиб уларга иккита этиклетка жойлашиб олади. Айнан шу ҳолатда ҳомиладор аёл иккита фарзандни дунёга келтиради. Ёки бўлмаса битта этиклетканинг ўзи қандайдир шароитда иккига бўлиниши мумкин. Бу ҳолатда бир-бирига ўта даражада ўхшаган чақалоқлар дунёга келади. Уларнинг нафақат кўриниши, балки ички дунёси ва қизиқишлари ҳам бирдай бўлади. Буларнинг ҳаммаси фанда ўз исботини топган.
—Эркаклар қиз ёки ўғил фарзанд кўриш борасида муаммоларга учрамаслиги учун нималарга эътибор бериши лозим?
—У хромосома X хромосомага қараганда нозикроқ бўлади. Шунинг учун ҳам оддий бир эътиборсизлик туфайли У хромосома нобуд бўлиши мумкин. Эркаклар ўз соғликларига эътибор бериш, салбий одатлардан воз кечиш орқали ўзларидаги У хромосоманинг кучли бўлишини таъминлаши керак.
Сўнгги йилларда оила маданияти, балоғатга етган қизларни ҳаётга тайёрлаш борасида кўп ишлар амалга оширилаяпти. Лекин негадир йигитлар билан ишлаш бизда унчалик қониқарли эмас. Ахир йигитлар ҳам ёшлигидан организмида бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида, келажак ҳаёти тўғрисида қизлар қатори билимга эга бўлиши керак эмасми?
—Кўпчилик аёлларимиз ҳомила жинсини турли календарлар орқали аниқлашга ҳаракат қилади. Бундай календарларга ишонса бўладими?
—Тўғри, эмбрион ҳосил бўлиши дан олдин ҳисоб-китоб қилиб, унинг жинсини аниқлаш мумкин. Ҳозирги кунда кўпчилик шу усул билан фарзанд кўришни режалаштираяпти. Бундай ҳолларда биз иккала жуфтнинг қон алмашишига қараймиз. Маълумки, аёлларда ҳар уч йилда, эркакларда эса ҳар тўрт йилда қон алмашади. Шуларнинг ҳисобини олиб, эр-хотинга маслаҳат берамиз. Лекин бу усул ҳам тўлиқ кафолатли эмас. 85 фоизигина ишончли чиқиши мумкин. Очиғини айтсам, биз шифокорлар фақатгина воситачимиз, холос! Аслида ҳаммаси Аллохдан!
—Соғлом оилавий муҳит яратишда нималарга эътибор бериш керак? Бу борада ёшларга, умуман ота-оналарга қандай маслаҳатлар бера оласиз?
—Ҳар бир ота-онанинг энг асосий вазифаси, фарзандининг соғлигига доим кўз-қулоқ бўлиб туриши лозим. Инсон кайфиятини доим бир маромда ушлаб туриши, ўз устида ишлаши керак. Булар биз ўйлагандек қийин ишлар эмас. Масалан, эрталабдан ўзимизга ёққан мусиқани тинглаб, керак бўлса рақсга тушиб кайфиятимиз ни аъло даражага кўтариб олиши-миз мумкин. Ён-атрофдагиларга кек сақлаш ҳам соғликка салбий таъсир этмай қолмайди. Психоло-гик жиҳатдан ўзимизни хурсанд қилиб юришимизнинг соғлик учун фойдаси чексиз.
ҲУЛКАР суҳбатлашди
Ҳақиқатни кеч англадим
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ёшим анчага бориб қолган. Ўзимни жуда кекса деб ҳам атамайману аммо олтмишдан нарёғини кўзлаб кетяпмиз. Бошидан гапирсам, пойтахтга ўқиш ниятида келиб, ризқу насибамизни тортиб, шу ерларда ишлаб қолганмиз. Кўп йиллар раҳбар лавозимларда ишладим. Ўзим оддий оиладан чиққанман, ака-укаларим, опа-сингилларим бор. Бу дунёда одам боласи ҳамма нарсага тўяр экану, меҳрга ҳеч тўймас экан-да. Аммо шу меҳрга эҳтиёж ҳам ҳамма вақт бўлавермас экан. Фақат ён-атрофингдагиларга аллақандай манфаат учунгина керак бўлганингни пайқаб қолганингда меҳрга муҳтожлик сезар экансан. Пойинтар-сойинтар гапларим сизга ғалати туюляптими? “Бу одам уйда зерикиб ўтириб, нима қиларини билмай газетага дийдиёларини достон қилишга тушибдими”- деган хаёлга борган бўлсангиз ажаб эмас. Мен бу газетани мунтазам кузатиб бораман. Уйда ўтириб қолганимдан бери “Кўнгил кўчалари” кўнглимга яқин бўлиб қолган. Деярли барча сонини жамлаб тахлаб қўйганман. Зериккан пайтларимда қайта-қайта варақлайман. Яқинда газетанинг аввалги йиллардаги бир сони қўлимга тушди. Унда таниқли адиба билан замонавий эркаклар борасида суҳбат бер илган экан. Ўша мақолани ҳар сафар ўқиганимда мулоҳазага ботаман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Аммо бу сафар ўйларимни сизлар билан бўлишмоқли кучун мактуб ёзишга қарор қилдим.
Газетада эълон қилинадиган аксарият мақолаларда эркакнинг оила бошлиғива рўзғор таъминотчиси сифатида ўз ўрнини унутаётганини, аёллар эркаклар устидан ҳукмронликни мутлақ қўлга олганликлари хусусида куюнчаклик билан айтилган фикрлар кўп чоп этилади. Аммо масаланинг яна бир томони ҳам бор. Тўғри, эркак оила бошлиғи, рўзғор таъминотчиси, оиланинг устуни! Бироқ, унутмаслик керак, эркак ҳам — ИНСОН! Унинг ҳам кўнгил кечинмалари, ўй-хаёллари, изтироблари бор. Мен узоқ йиллар катта лавозимларда ишладим. Шу даврларда қанчадан-қанча “меҳрибон”ларни кўрдим. Ҳар бирининг “меҳр”и замирида қандайдир манфаат кўзлови ётарди. Ўша пайтларда буни сезмаганим аниқ, лекин тўсатдан юрагимни ушлаб, касалхонага тушганимда, шифокорлар менга ишлаш мумкин эмаслигини айтиб, нафақага чиқишим зарур эканлигини таъкидлашди. Ўшанда ёнимда парвоналарнинг зумда йўқолиб қолганини, бир ондаёқ дўсту ёрдан, “қариндош”ликни даъво қилиб юрганлардан “айрилиб” қолганимни англадим. Кимга ёлғон, Худога рост, ҳатто никоҳимдаги аёлим ҳам амалдан тушганимдан кейин, қовоғини уйиб, тўнини тескари кийган. “Наҳот жуфтлик туйғуларида ҳам моддий манфаат, таъма ғимирласа?” –деган ўй миянгиздан ўтгани аниқ. Бироқ шундай экан. Энг ачинарлиси, буни элликдан ошганимда билдим. Шунча йил фақат одамлар учун, БОШҚАлар учун яшаган эканман. Майли, ўғил-іизим ўзимники, уларга нимаики қилсам, бу аввалло оталик бурчим, қолаверса, мен улар билан тирикман. Аммо хотинимнинг қариндошлари, ака-укаларию уруқ-аймоғи, ҳатто таниш-нотаниш дугоналари ва алламбалолари учун ҳам мурувватпеша одам эдим. Алам қиларлиси шундаки, юрак хуружи билан касалхонага тушганимда, хотиним соғлигимдан хавотирга тушиш ўрнига, холасининг тўй қилаётган ўғлига қандай тўёна олиб бориш ва укасининг ўқишдан шартнома пулини тўламагани учун талабаликдан ўчирилган қизининг муаммосидан ташвиш қилганди. Шундан кейин кўзимдан олов чиққандек чор-атроф ёришиб кетди ва каминанинг кўр кўзлари очилди. Бир пайтлари қайнонам бетоб бўлиб қолганида, хотиним билан уларни шифохонага олиб боргандим. У ерда қишлоғимдан келган, мактабдош дўстимни учратиб қолдим. У онамнинг саломатликлари унча яхши эмаслигини, укаларим дўхтирларга олиб боришаётганини айтиб кўзларимга маъноли тикилганди. Ишдан ортиб албатта онамни кўргани бораман, деб аҳд қилдиму вақтида боролмадим. Орадан бирор ҳафталарча ўтиб, дам олиш куни қишлоғимга боришга отланаётсам, укам қўнғироқ қилиб, онамдан ажраб қолганимизни айтди... Бу оғир аҳволимни ифодалашим мушкул... Хуллас бемор бўлиб, бошим ёстиққа етганида, мансабим бевафолик қилиб, оддий ИНСОНга айланганимда, мени бир қориндан талашиб тушган жигарларим унутишмади. Гарчи улар менинг амалимдан ҳеч қачон наф кўрмаган, ҳаётда уларга ҳеч бир ёрдамим тегмаган бўлса-да, ака-ука, опа-сингилларим маломат қилишмади, мени яккалатиб қўйишмади. Ҳа, жону жигар дейишади-ку, ака-укалар бир дарахтнинг шохларига ўхшайди. Дарахтнинг илдизига болта урсанг, шохлари титрайди...
Ҳатто ўз фарзандларим таъна қилишди. “Қўлингиз узун бўлганда менга у қилмагансиз, менга бу қилмагансиз, сизни даврингизда машина минмаганмиз, қўшіаватли уй қурмагансиз. Шунча пулни нима қилгансиз” деган иддаолар юрак-бағримни тиғдай тилди. Ваҳоланки, қўшқаватли уй қилолмаган бўлсам-да, тўртта боламга, ҳатто куёвларимга ҳам икки хонали квартира олиб берганман. Катта ўқишларда ўқитганман. Энди қўлимдан келгани шу бўлган-да. Аммо жигарларимни... иккита нон билан йўқламаганман... Бу юрагимни кемириб ётган ДАРД! Буни ҳамма ҳам тушунавермайди! Бу аламларни ўзим муҳокама қиламан, ўзим ўйлайман ва ўзим таҳлил қиламан.
Аслида бу дунёнинг майда-чуйда ташвишлари ўкинишга, изтироб чекишга арзимайди, лекин шундай хатолар борки, кишини борган сари виждон азобига солиб, қийнайверади. Бу ўз яқинларингга нисбатан меҳрсизлик, эътиборсизлик қилганинг, уларнинг яхши-ёмон кунига ярамаганинг ва муҳтожлигида қўлламаганинг...
Менинг дардимни ўқиган, эшитган одам яқинларини, туғишганларини ўз вақтида, ўз ўрнида қадрласа, менга ўхшаб қийналиб юрмайди, демоқчиман. Тожик халқтида шундай нақл бор: “Жигар-жигар, дигар -дигар” дейдилар. Бунинг маъносини изоҳлаб ўтириш шарт эмасдир деб ўйлайман.
Бешим отанинг айтганларини Фарзона оққа кўчирди
Куздан вафо истаган кўнгил
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Орзу, умид, ишонч ва муҳаббат ташлаб кетган бўм-бўш юрагим остонасига ёғаётган ёмғир, сизнинг соғинчингиз тимсолида қалбим ойнасига томаяпти. Куз ҳам худди менга ўхшаб журъатсизлик билан қишга бемаврид ўрин алмашяпти. Яна сизни ўйлаяпман… Сиз... Севгингиз... Соғинчингиз... Айрилиғингиз... Биласизми, аслида бошимизга тушган мусибатларнинг ҳеч бирида сиз айбдор эмассиз! Ва тақдир ҳам... Ёлғиз гуноҳкор - мен... Фақат ўзим...
Танишувимизнинг илк кунларидаёқ сизни бойликка, зебу зарларга ўчлигингизни пайқаган эдим. Бироқ ўйладимки, менинг муҳаббатим сизни қалбим аршидаги маликага айлантиради ва сиз ҳеч қандай тиллою забаржадга кўнглингизни алишмайсиз...
— Биласизми, Беҳруз ака, кеча курсдошим Заринанинг туғилган кунида қайлиғи бриллиант кўзли узук совға қилибди. Ҳамманинг оғзида шу гап. Унга жуда ҳавасим келди. Эҳ... Қанийди... - Гапингизнинг давомини эслагим келмайди. Гарчанд, юрагим оғриган бўлса-да, сизга сир бой бермадим:
— Ўша дугонангизнинг қайлиғи Амир Олимхоннинг хазинаси кўмилган жойни топгандир-да. - Ҳазилим маънисиз чиққанини фаҳмлаган бўлсам-да, лаб йиртиб тиржайишга уриндим. Бир зум менга тикилиб қолдингиз. Сизни ҳеч қачон бундай дарғазаб ҳолатда кўрмагандим.
— Жинни-пиннимисиз? Қанақа хазина? У йигитнинг бутиги бор. Дубайдан кийим-кечак, аксесуарлар опкелиб сотади. Яқинда ўша ёқлардан машина ҳам олиб келган.
Жаҳл билан шу гапларни айта туриб, охирида чуқур “уҳ” тортдингиз. Шу куни учрашувимиз жуда совуққон тарзда якунланди. Сизни ниҳоятда қаттиқ севардим. Мен учун ягона қиз эдингиз. Сизгача кўзимга ўт-олов бўлиб кўринган сулувлар сизни учратганимдан кейин мен учун ҳеч ким бўлиб қолди. Сиз шу даражада кўҳлик, латофатли эдингиз-ки, ҳатто битта-яримта қусурингиз ҳам мукаммал ҳуснингизга оро берарди. Мен сиздаги бойликпарастликни ҳам ана шу арзимас камчиликлар қаторига қўшган эдим. Аммо бу менинг энг катта хатойим бўлди...
— Эртага совчилар боради, ойижонга шипшитиб қўйинг. Яна қуруққўл билан қайтишмасин-а? - Бир галги дийдор дамларида шодлик ва бахтиёрлик завқидан осмонларга учаётиб сизга гапирдим. Пинагингизни ҳам бузмадингиз:
— Совчилар?! Менимча, ҳали анча эртамасмикин? Ҳали тузукроқ жойда ҳам ишламасангиз... Оила қургандан кейин метро-автобусда судралиб юрамизми?! Пича шошмай турсангиз бўларди...
— Сиз мени яхши кўрмайсизми?! — Бепарволарча қилган иддаоларингиз жон-жонимдан ўтиб кетди.
— Беҳруз ака, яхши яшаш учун фақат севгининг ўзи камлик қилади...
Энди сизга ортиқ гап уқтиришнинг ҳожати йўқлигини ва сизга ҳар қандай зебу зардан қиммат қалб қўрғоним эшигини очиб хатога йўл қўйганимни англадим...
Совчилар ўзим кутгандек қуруқ билан қайтишди. “Ҳозир узатиладиган қизимиз йўқ...” Бир ҳафтадан кейин эса...
Билмадим, феъл-атворингизда муҳаббатга лойиқ хислатлар камроқ бўлса ҳам, сизни улкан севги билан ардоқлайман. Шу сабаб ҳам бегона йигитга унаштирилганингизни эшитиб эс-ҳушимдан айрилаёздим... Алам устида ўз-ўзимга “Дунёдаги энг бадавлат одамга айланаман!” дея аҳд қилиб қўйдим. Алам устида...
Ўша машъум кузга ҳам бир йил тўлибди... Ўтган куз эди у. Сизни бир умр унутолмасам керак, деб ўйлагандим. Тўғри, анча қийналдим. Чеҳрангизни, кўзларингизни, шўхликларингизни ҳар сония қўмсайвериб, ўз ёғимда қоврилиб юрдим. Ўнгимда ҳам, тушимда ҳам нигоҳларим олдида сиз... Дунёни фақат оқ-қора рангда кўрардим. Сизга аччиқ устида бой бўлишни, жуда-жуда бой бўлишни истардим. Ўқишни битириб ишга жойлашдим. Иш бошлаган ташкилотим анча обрўли, анча номдор муассаса. Уч ой ичида ўзимни анча таниб олдим. Билмадим, куз ўз вазифасини бажарганида, ҳали табиат заъфарон япроқлар билан хайрлашиб улдгурганида, шошқалоқ қиш оппоқ орзуларини тўкмаганида сизни эслармидим-йўқми…
Ҳар куни бир танишим сиз ҳақингизда бир гап топиб келади.
“Беҳруз ака, Дилафрўзнинг эри ногирон экан...”
“Беҳруз ака, Дилафрўз теккан йигитнинг қулоғи яхши эшитмас экан...”
“Беҳруз ака, Дилафрўзнинг эри дудуқланар экан...”
Ҳеч бирига жавоб қлмайман. Худо гувоҳ, сизга энг чиройли бахтни, ўзингиз истаган иқболга эришишингизни тилаганман. Куёвболанинг хоҳлаганингиздан ҳам зиёда, бақувват бўлишини, аммо тани носоғ, ногирон бўлишини, бутун умрингизни касалманд эр билан изтиробда ўтказишингизни тиламаганман. Сизни бу аламларга муносиб кўрмаганман...
Мен бироз журъатли, бироз қаттиққўл, бироз қайсар бўлганимда сизни қисматнинг бу қийин қистовига бой бериб қўймасмидим. Билмадим... билмадим, хуллас, сиз бойлик, мол-дунё ва ҳашаматни деб, бир пулдорнинг ногирон ўғлига ёр бўлдингиз, менинг куздан вафо истаган етим қалбим эса АРМОНга ёр бўлди. Қанийди, ҳеч йўқ менинг шикаста кўнглимга хазон фасли вафо қилсайди... У ҳам менга ўхшаб журъатсизлик қилиб, ўз ўрнини бемаврид ташриф буюрган қишга бериб индамай томошабин бўлиб турибди. Икки журъатсиз... Мен ва куз... Икки аламзада... мен ва ку... Ўртада сарсон муҳаббат ва масъулият...
Беҳрузнинг кечинмаларини Фарзона оққа кўчирди
Барча ёмонликлар онаси
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ишдан қайтаётиб автомаршруткага чиққандим, спиртли ичимликнинг қўланса ҳидидан кўнглим беҳузур бўлди. Бўш ўриндиқдан жой олиб йўловчиларга бир-бир назар ташладим. Йўналишли таксида уч аёл, бир йигит ва ёши каттароқ зиёлинамо, бўйинбоғ тақиб олган, ҳаво совуқ бўлишига қарамай яхна ичимлик идишини лунжида симираётган киши кетаётган эди. Эътибор берсам, ёқимсиз ҳид ҳам шу «зиёли»дан «таралаётган» экан. Сал ўтиб бошимдаги оғриқ зўридан кўзларимни очолмай қолдим. Транспортдаги ёқимсиз ҳидга тоқат қилиб бўлмайди. Нафас олишга имкон йўқ! Ойнани очай десам, совуқ киради. Дастрўмолни буклаб, оғиз-бурнимга тутиб олганча, йўлнинг таноби тортилиб, тезроқ манзилимга етиб олишни истардим.
Абу Ҳурайра Расулуллоҳ (сав)дан нақл қиладиларки: тўрт кишининг жаннатга киргизмаслиги ва уларга жаннат неъматларини едирмаслиги Аллоҳнинг ҳақидир: Булар: шаробга ружу қўйганлар, фоиз еганлар, етим молини ноҳақ еганлар ва ота-онага осий бўлганлар.
— Ичкиликбозлик, алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш ва савдосини йўлга қўйиш борасида ҳукуматимиз томонидан тегишли фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамай, жойларда савдо шаҳобчалари ва овқатланиш муассасаларида ноқонуний равишда, пештахта тагидан олиб ароқ, шароб маҳсулотларини сотишяпти,- деганди таҳририятга Самарқанд вилоятидан қўнғироқ қилган муштарийимиз Абдураҳмон ота Абдукаримов .- Айнан маҳалламизда ҳам шундай дўкон ва ошхоналар бор. Биз катталар кўп маротаба уларга танбеҳ бериб, бу иши яхши эмаслигини таъкидлаганмиз, аммо яна ўз билганида давом этаверишади. Хотин бечора тўрт танга пул топиб, тирикчиликнинг бир кунини қандай ўтказиш дардида, эр бўлса, уйдан ўғирлабми, зўравонлик қилибми хуллас, қандай бўлмасин бояқиш болаларнинг ризқидан қийиб ароқ ичиб олади. Ана ундан кейин эртадан кечгача, кўчада ур-сур, жанжал тўполон. Айрим беандиша, фарзанд тарбиясига масъулиятсиз оталар эса, тап тортмай вояга етмаган ёш боласига пул бериб, дўконга югуртиради. Шунинг учун ҳам кейинги пайтларда балоғатга етмаган болалар ҳам спиртли ичимликларни ичиб, безорилик қилиб юришибди. Бундай иллатлар маънавиятимизга катта талофат етказади-ку. Юқоридаги кимсаларга фақат тегишли идоралар вакиллари эмас, бутун бошли фуқаролар ҳам қарши курашса, ўзимизга фойда. фарзандларимиз учун ўзимиз қайғурмасак, уларни қалтис йўлдан қайтариб, ҳақ йўлга бошламасак, бизга ташқаридан биров келиб кемтигимизни тўғрилаб берармиди?!..
Отахон астойдил оғриниб мулоҳазаларини билдирар экан, албатта айни газетада мақола чоп этишимизни сўрадилар. Йўналишли таксида кета туриб, ўша отахоннинг мулоҳазалари хотирладим. Чиндан ҳам ароқ ичиб жамоат жойларида юришга хижолат тортмаган одам, қандай қилиб фарзанд тарбияси, одамийлик, инсонийлик туйғуларини ҳис қилсин?!
Ичкилик бутун ёмонликларнинг онасидир. Ароқ ичган киши ўзи билмаган ҳолатда гуноҳ ва жиноятга қадам қўя бошлайди. Бир жойда шундай ривоят ўқиган эдим: кунлардан бир кун бир зот ибодат учун одамлардан холи бир жойга чекилибди. У ерда ибодат билан машғул бўлибди. Бир аёл унга ошиқ бўлиб қолган экан. Хизматкорини юбориб: «Бир гувоҳлик масаласи туфайли хонимимиз сизни уйига чақиряпти», деб ҳалиги зоҳидни алдаб уйига олиб келибди. А ёлнинг уйида хоналар кўп экан. Ҳар хонадан бошқасига ўтганда эшиклар қулфланибди ва ниҳоят, ғоят гўзал бир аёл отирган хонага кириб қараса, бир ёш гўдак билан катта бир идишда ичкилик турганмиш. Аёл обидга: «Сени гувоҳлик учун чақирдим, мақсадим ё бу болани ўлдирасан, ё мен билан жинсий муомала қиласан ва ё шу шаробни ичасан. Бош тортадиган бўлсанг, доду фарёд қилиб сени разилу расво қиламан», дебди. Бечора обид қараса қутулишнинг ҳеч чораси йўқ, шароб ичишга қарор қилибди. Бир пастда туппа-тузук одам маст бўлиб зино ҳам қилибди, гўдакни ҳам ўлдирибди. Ривоятдаги ҳидоят лўнда:- ҳаром қилинган ичкиликни ичган одам разилликлар ботқоғига боти қолиши тайин!
Ичкилик инсонийлик жавҳари бўлган кўнгилни қорайтирувчи ва ортиқ яхшилик билан ёмонликни фарқлай олмас даражада одамийликдан чиқарувчи, ҳатто ҳайвондан пастроққа туширувчи фалокат манбаидир.
— Турмуш ўртоғим деярли ҳар куни ичиб келарди,- дейди, яна бир мухлисамимиз. - Тиббиёт ходими бўлганим учун ҳам, алкоголли ичимликларнинг зиёни, нафақат соғлиққа, балки ақлий ва руҳий томондан ҳам ичкиликка берилган кишиларда ноқислик кўзга ташланишини яхши билардим. Бир неча бор бу борада хўжайиним билан гаплашиб кўрдим. Ҳатто жанжаллашиб, отамникига ҳам кетиб қолган пайтларим бўлди. Аммо икки бола билан қаерга сиғардим?! Яна эримникига қайтдик. Кунда ичиб келади, кунда уруш-жанжал. Бир томонда болаларим зада бўлиб кетган, бир томонда ўзим дўст душман олдида уятлиман. Кейин нима бўлса бўлар, энди пешонамдагини кўравераман деб, эримнинг мастлигидан фойдаланиб, наркология диспансерига қўнғироқ қилиб, уларни ўша ерга ётқиздим. Дастлаб олти ой муолажа олдилар. Ундан кейин яна уч ой. Кейинги уч ой давомида даволаниш жараёнида анча ўзларига келиб қолганликлари учун хўжайинимга ҳадис китоблар, диний-ахлоқий-тарбиявий мажмуалардан олиб бориб берардим. Шукр, Аллоҳ иноят этса, ҳар нарсанинг давоси бор экан. Турмуш ўртоғим ҳам даволаниб, спиртли ичимлик хуружидан тамоман халос бўлиб чиқди, ҳам дину диёнатни, Худони таниб қолди.
Инсон Яратганнинг барча мавжудотлари орасида азиз ва мукаррам махлуқоти. Шундай экан, Аллоҳ таоло бандаларига муносиб кўрган тансиқ ва ҳалол неъматлар билан ризқланиб, У макруҳ қилган озиқлардан тийилиш ҳам иймон нишонасидир.
Фарзона Хон
Адашганни тепкилаш керакми?
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
“Оилада тўрт нафар фарзандмиз. Дадам биз ёшлигимизда қазо қилганлар. Онам уй бекаси. Раҳматли дадам кўп ичарди. Мастликларида ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ҳаммамизни қўрқитардилар. Мен болалигимда нима сабабдан бунчалик қаттиқ маст бўлиб, йиғлашларининг сабабини тушунмасдим. Кейин англасам, дадам Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган эканлар. У ерларда кўп ваҳшийлик, қотилликларни кўрганлар, бунинг устига бошларидан ўқ еб, миялари чайқалган ҳам экан. Хуллас, укамнинг ногирон туғилганини кўтаролмадиларми, ичкилик ўзининг “вазифа”сини қойиллатиб бажардими, дадамдан эрта ажрадик, жойлари жаннатдан бўлсин.
Онам бизни минг бир азоблар билан боқиб катта қилди. Аёллар орасида мардикорчиликни бошлаган яъни, одамларнинг уйида, чойчақа ишлаб, болаларини оёққа турғазишни менинг онам бошлаб берган, десам ёлғончи бўлмайман. Тўққизинчи синфни тамомлаганимдан кейин, машҳур ўқув марказида ўқиб тикувчиликни ўргандим, сал туриб яна бориб пишириілар тайёрлашни ҳам эгаллаб қайтдим. Қишлоқда озми кўпми ишлаб насибамни топаётган, оиламизга, онамга ёрдам бераётгандим. Ўзим пиширган ширинликлар ва салатларни шаҳардаги гавжум бозорларда олиб сотарлик қилаётган аёлларга кўтарасига сотиб келардим. Фақат ва фақат, бой бўлсакгина одамлар бизга ҳам одамдай қарашади, укамни ҳам тузатишимиз мумкин. Менинг онам ҳам бежирим кийимларни кийиб, бахтиёр яшашлари керак, деб ўйлардим. Балким мени ана шу хаёлларим ўша нокас, виждонсиз, номуссиз Зуля билан таништиргандир...
Бозор куни эди. Одатдагидек пиширган пирожний, тортларим тайёрлаган салатларимни кўтариб бозорга бордим. Таниш аёлларни кўзим билан қидираётсам, башанг кийинган бир аёл обдон менга тикилгач, ширинликларимнинг нархини сўради. Мен уларни сотадиган одамим борлигини айтгандим, аёл тилла тишларини ярқиратиб илжайди: «Ҳа сотавермайсизми асалим, бугун меҳмондорчилигим бор эди. Ҳаммасини, салатларингизни ҳам ўзим сотиб олардим». Менга нима бўлса-ю, қимматроққа сотиб, уйга кўпроқ пул билан қайтсам. Кўндим. Аёл пишириқларни ким қилганини сўради, ўзим тайёрлашимни айтгандим, лаби-лабига ёпишмай мақтай кетди. Хуллас одамфурушлар домига шу тахлит тушиб қолдим. Зуля мени авраб-алдар, қачонгача “шундай ҳусн”им билан ўчоқ-қозон қилиб юришимни, ундан кўра чет элда ишлаб келиб, бадавлат яшашимни, бир “круг” ишлаб қайтганимдан кейин укамни ҳам ўша ерларда даволатишим мумкинлигини айтиб чарчамасди. Айни ўша пайтлар маҳалламиздан хорижга ишлагани кетган аёлларнинг машина ҳайдаётгани, қўш қаватли уйлар қураётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалаётган пайтлар эди. Шундай қилиб, онагинамнинг минг зорланиб қаршилик кўрсатганларига қарамай Зуля билан хорижга ишлагани кетдим...
Мол-дунёга ўчлик, шоҳона ҳаётга интилиш, умуман нафс жиловини эркин қўйиш, киши бошига балолар ёғдириши тайин экан. У ерда кўрган изтиробларим, хўрликларим, таҳқир ва камситилишлар, бажарган ифлос ва чиркин ишларим ҳақида гапириб сизни ҳам, ўзимни ҳам диққат қилмоқчи эмасман. Бўлди, хато қилдим, афсусларда ёндим, адашдим ва тақдиримдаги ўша қора кунларни кўрдим. Яна ҳам Аллоҳнинг раҳми келиб, яхши одамларнинг ёрдами билан юртимга, онажонимнинг, сингилларим, оиламнинг бағрига іайтдим. Яна қишлоғимнинг сўлим ҳавосидан нафас олиш, уйимиз олдидан оқиб ўтувчи ариқчанинг зилол сувида юз-қўлимни ювиш, буғдой нонидан, майизу туршаклардан ейиш бахти насиб этди. Аммо... Буларни мусофирчиликда, минг таҳқиру изтироб ичида кун санаётганимда орзу қилган эдим. Қайтганимдан кейин эса... Худо кечирсину, ўша ерларда ўлиб кетмаганимга ҳам афсусланяпман. Онам, сингилларим тўғри тушуниб, хатойимни юзимга солмай кўнглимга қараб муомала қилишяпти. Лекин укам... У ҳатто қайрилиб ҳам қарамади менга... Яна маҳалла-кўйдагиларнинг гап-сўзи, маломатлари. Шармандалик юки оғир келиб, кўчага ҳам чиқмаяпман. Бироқ одамлар шу аҳволимга ҳам қўймай, уйга келиб қўлини бигиз қилиб кўрсатишяпти. Камига “бу маҳалламизнинг обрўсини тўкяпти, энди бизнинг қишлоғимиз қизларини ҳеч ким келин қилмайди. Қизингизнинг исноди қизларимизга ҳам бир умр ҳамроҳлик қилади” деб, онамнинг кўнгилларига ҳам озор беришяпти. Ўзимни ўлдирсамми, дейман. Мени деб онагинам, рўшнолик кўрмаган мунисгинам, сингилларим, укам азият чекишяпти. Илтимос менга ёрдам беринглар. Адашганга тўғри йўл кўрсатиб, суяш керак, аксинча уни яна тепкилаган билан бирор нима ўзгарармиди?.. Иложсиз қолдим...
Ҳуснида, Когон тумани.
Таҳририятдан: Тушкунликка тушманг! Сингилжоним, ўзингизни қўлга олинг! Ҳаётда ҳамма ҳам адашади, хато қилади. Сиз кўра била туриб ўша ёқларга бормагансиз, мақсадингиз эзгу бўлган, қалтис қадам қўяётганингизни билмагансиз. Аввало ўзингизни ўзингиз кечиринг, шунда сизни бошқалар ҳам кечиради. Иш билан, меҳнат билан овунинг. Одамларга тик боіинг, токи айбдор одамдай ўзингизни олиб қочаверсангиз, сиз ҳақингиздаги салбий тасаввурлари шунча ошаверади. Ўзингизга ўзингиз янги ҳаёт қураман, деб сўз беринг ва сўзингиз устидан чиқишга интилинг. Эсингизда бўлсин, ҳаёт курашлардан иборат. Ҳар қандай мусибат кези келиб вақт қанотида учиб кетади. Сизга омонлик, сабр ва бахт тилайман.
Шу ўринда ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам икки оғиз сўзимиз бор эди. Жойлардаги маҳалла вакиллари, маслаҳатчи опалар нима қилиб юришибди, ҳайронман?! Синглимизнинг оналари маҳалла маслаҳатчисидан ёрдам сўраганларида, опахон “Ўтмишидан қолган оғриііа бир куни малҳам топилади” деб жавоб қилибдилар. Қачон?! Нега шунча пайтдан бери топилмади ўша малҳам?! Нега қиз ўз жонига қасд қилишни ўйлашгача боради?! У маҳаллада битта бўлса ҳам ўқимишли, зиёли, тушунган одам топилмадими?! Нега бизда адашганларга нисбатан батарроқ хўрлик ва камситиш кўрсатилади?! Синглимизнинг қўлида гулдай ҳунари бор экан. Маҳалла вакиллари бош бўлиб кичкинагина цех очиб беришса, шу билан бироз овунар, элга ёрдами тегишини ҳис қилиб ҳаётга қайтар, деб ўйлашса бўлмайдими?!
Билмадим, аслида орамиздан меҳр-оқибат, яхшилик кўтарилиб бораётгани учун Зуляга ўхшаган нокаслар таҳририятимизга мактуб йўллаган мухлисамиз каби покиза, содда, беғубор қизларнинг ҳаётини издан чиқаришяпти. Майли, бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейди халқимиз. Одамфурушлар қонун олдида ҳам, Аллоҳ даргоҳида ҳам гуноҳига яраша жазога лойиқ кўрилади, аммо улардан қолган дил яраларининг битиши мушкулроқ.
Рухшона Фаррух мактубни нашрга тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар