1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Куздан вафо истаган кўнгил

Орзу, умид, ишонч ва муҳаббат ташлаб кетган бўм-бўш юрагим остонасига ёғаётган ёмғир, сизнинг соғинчингиз тимсолида қалбим ойнасига томаяпти. Куз ҳам худди менга ўхшаб журъатсизлик билан қишга бемаврид ўрин алмашяпти. Яна сизни ўйлаяпман… Сиз... Севгингиз... Соғинчингиз... Айрилиғингиз... Биласизми, аслида бошимизга тушган мусибатларнинг ҳеч бирида сиз айбдор эмассиз! Ва тақдир ҳам... Ёлғиз гуноҳкор - мен... Фақат ўзим...

Танишувимизнинг илк кунларидаёқ сизни бойликка, зебу зарларга ўчлигингизни пайқаган эдим. Бироқ ўйладимки, менинг муҳаббатим сизни қалбим аршидаги маликага айлантиради ва сиз ҳеч қандай тиллою забаржадга кўнглингизни алишмайсиз...

— Биласизми, Беҳруз ака, кеча курсдошим Заринанинг туғилган кунида қайлиғи бриллиант кўзли узук совға қилибди. Ҳамманинг оғзида шу гап. Унга жуда ҳавасим келди. Эҳ... Қанийди... - Гапингизнинг давомини эслагим келмайди. Гарчанд, юрагим оғриган бўлса-да, сизга сир бой бермадим:

— Ўша дугонангизнинг қайлиғи Амир Олимхоннинг хазинаси кўмилган жойни топгандир-да. - Ҳазилим маънисиз чиққанини фаҳмлаган бўлсам-да, лаб йиртиб тиржайишга уриндим. Бир зум менга тикилиб қолдингиз. Сизни ҳеч қачон бундай дарғазаб ҳолатда кўрмагандим.

— Жинни-пиннимисиз? Қанақа хазина? У йигитнинг бутиги бор. Дубайдан кийим-кечак, аксесуарлар опкелиб сотади. Яқинда ўша ёқлардан машина ҳам олиб келган.

Жаҳл билан шу гапларни айта туриб, охирида чуқур “уҳ” тортдингиз. Шу куни учрашувимиз жуда совуққон тарзда якунланди. Сизни ниҳоятда қаттиқ севардим. Мен учун ягона қиз эдингиз. Сизгача кўзимга ўт-олов бўлиб кўринган сулувлар сизни учратганимдан кейин мен учун ҳеч ким бўлиб қолди. Сиз шу даражада кўҳлик, латофатли эдингиз-ки, ҳатто битта-яримта қусурингиз ҳам мукаммал ҳуснингизга оро берарди. Мен сиздаги бойликпарастликни ҳам ана шу арзимас камчиликлар қаторига қўшган эдим. Аммо бу менинг энг катта хатойим бўлди...

— Эртага совчилар боради, ойижонга шипшитиб қўйинг. Яна қуруққўл билан қайтишмасин-а? - Бир галги дийдор дамларида шодлик ва бахтиёрлик завқидан осмонларга учаётиб сизга гапирдим. Пинагингизни ҳам бузмадингиз:

— Совчилар?! Менимча, ҳали анча эртамасмикин? Ҳали тузукроқ жойда ҳам ишламасангиз... Оила қургандан кейин метро-автобусда судралиб юрамизми?! Пича шошмай турсангиз бўларди...

— Сиз мени яхши кўрмайсизми?! — Бепарволарча қилган иддаоларингиз жон-жонимдан ўтиб кетди.

— Беҳруз ака, яхши яшаш учун фақат севгининг ўзи камлик қилади...

Энди сизга ортиқ гап уқтиришнинг ҳожати йўқлигини ва сизга ҳар қандай зебу зардан қиммат қалб қўрғоним эшигини очиб хатога йўл қўйганимни англадим...

Совчилар ўзим кутгандек қуруқ билан қайтишди. “Ҳозир узатиладиган қизимиз йўқ...” Бир ҳафтадан кейин эса...

Билмадим, феъл-атворингизда муҳаббатга лойиқ хислатлар камроқ бўлса ҳам, сизни улкан севги билан ардоқлайман. Шу сабаб ҳам бегона йигитга унаштирилганингизни эшитиб эс-ҳушимдан айрилаёздим... Алам устида ўз-ўзимга “Дунёдаги энг бадавлат одамга айланаман!” дея аҳд қилиб қўйдим. Алам устида...

Ўша машъум кузга ҳам бир йил тўлибди... Ўтган куз эди у. Сизни бир умр унутолмасам керак, деб ўйлагандим. Тўғри, анча қийналдим. Чеҳрангизни, кўзларингизни, шўхликларингизни ҳар сония қўмсайвериб, ўз ёғимда қоврилиб юрдим. Ўнгимда ҳам, тушимда ҳам нигоҳларим олдида сиз... Дунёни фақат оқ-қора рангда кўрардим. Сизга аччиқ устида бой бўлишни, жуда-жуда бой бўлишни истардим. Ўқишни битириб ишга жойлашдим. Иш бошлаган ташкилотим анча обрўли, анча номдор муассаса. Уч ой ичида ўзимни анча таниб олдим. Билмадим, куз ўз вазифасини бажарганида, ҳали табиат заъфарон япроқлар билан хайрлашиб улдгурганида, шошқалоқ қиш оппоқ орзуларини тўкмаганида сизни эслармидим-йўқми…

Ҳар куни бир танишим сиз ҳақингизда бир гап топиб келади.

“Беҳруз ака, Дилафрўзнинг эри ногирон экан...”

“Беҳруз ака, Дилафрўз теккан йигитнинг қулоғи яхши эшитмас экан...”

“Беҳруз ака, Дилафрўзнинг эри дудуқланар экан...”

Ҳеч бирига жавоб қлмайман. Худо гувоҳ, сизга энг чиройли бахтни, ўзингиз истаган иқболга эришишингизни тилаганман. Куёвболанинг хоҳлаганингиздан ҳам зиёда, бақувват бўлишини, аммо тани носоғ, ногирон бўлишини, бутун умрингизни касалманд эр билан изтиробда ўтказишингизни тиламаганман. Сизни бу аламларга муносиб кўрмаганман...

Мен бироз журъатли, бироз қаттиққўл, бироз қайсар бўлганимда сизни қисматнинг бу қийин қистовига бой бериб қўймасмидим. Билмадим... билмадим, хуллас, сиз бойлик, мол-дунё ва ҳашаматни деб, бир пулдорнинг ногирон ўғлига ёр бўлдингиз, менинг куздан вафо истаган етим қалбим эса АРМОНга ёр бўлди. Қанийди, ҳеч йўқ менинг шикаста кўнглимга хазон фасли вафо қилсайди... У ҳам менга ўхшаб журъатсизлик қилиб, ўз ўрнини бемаврид ташриф буюрган қишга бериб индамай томошабин бўлиб турибди. Икки журъатсиз... Мен ва куз... Икки аламзада... мен ва ку... Ўртада сарсон муҳаббат ва масъулият...

Беҳрузнинг кечинмаларини Фарзона оққа кўчирди