1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Тантанами ёки машмаша

 

 

 

Хайрли ниятлар ила пок оила қурганларнинг хонадонлари осмонида саодат қуёшини порлатиб қўювчи,  ал Қуддус, ас Салом, ал Азиз, ар Раззоқ, ал Ваҳҳоб, ал Фаттоҳ, Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ таборак ва таолонинг пок номини дилга жо қилиб сўз бошладик.

Муножот:

-Ё раббимиз Аллоҳ! Бандаларинг берган неъматларингга шукрлар қилган ҳолда Ўзингга илтижо қилиб, тўйларга етказишингни ҳам сўрайдилар. Ҳатто ўлим тўшагида ётган бемор ҳам “набирамнинг тўйини кўриб қолсам эди”, деб Ўзингдан умид қилади. Ё Аллоҳ! Бандаларига неъмат, ризқ ва кушойиш берувчи ёлғиз меҳрибон- Ўзингсан, руҳ бахш этувчи ҳам Ўзинг, бандаларига сездирмай ўз лутфу эҳсонини етказиб турувчи карамли, саҳоватли, кечиримли Зот ҳам Ўзингсан! Ҳар бир умидвор бандангни тўйга етказ. Умид ушалган кунда, шодлик эшиклари очилган онда, кибру ҳаводан ўзларини тийган ҳолда тўйларини Ўзинг рози бўлган тартиб ила, исрофсиз, ортиқча дабдабасиз, ҳаром аралашмаган ҳолда ўтказган хонадонларга марҳаматларингни янада кўпроқ ёғдир. Омийн, йа Раб ал-оламийн.

Ҳар қандай қурилишнинг аввали ва охири бўлиши сиз, азизларга аён. Энг аввал “чиройли уй қурсам” деган ният туғилади. Сўнг ниятни амалга ошириш лойиҳалари яратилади. Кейин пойдевор қўйилади... “Оила”га нисбатан “қуриш” деган атамани ишлатамиз. Хўш, бу “қуриш” нимадан бошланади? Фарзанд туғилганида ота ва онанинг, буви ва буванинг “боламнинг файзли хонадонга куёв (ёки келин) бўлишини кўрайин”, деган умиди билан бошланади. Бу умид туғилган бола билан эгизак, десак ҳам бўлади. Ота-она ҳар иккисини авайлаб-асраб, вояга етказади.  Сўнг совчилар.... кейин тўй... Кўпчилик оила қуриш тўйдан бошланади,  деб ҳисоблайди. Ундан олдинги ҳаракатлар инобатга олинмайди. Биз бу фикрга қўшилмасак ҳам, “Бахт саройи” ҳақидаги суҳбатимизни айнан шу жараёндан бошламоқчимиз. Ёшларни турмушга тайёрлаш масаласини алоҳида кўрмаймиз, балки ҳар бир мавзуда, ўз ўрнида эслатиб турамиз.

Бидъат ва хурофот дейилганда биз асосан динга доир маросимларни назарда тутамиз. Ҳолбуки, хурсандчилик тўйларимизга доир ярамас одатларимиз ҳам борки, бу ҳақда ҳам бир оз фикр қилсак, балки мунозара қилсак фойдадан ҳоли бўлмас. Тўйлар ҳақидаги гаплар меъдангизга теккан бўлса ҳам, суҳбатимизни тарк этманг. Бу ҳақда доимий равишда гапириб турмасак, кераксиз, ҳатто ярамас одатлар урчиб-кўпайиб, қадрлашимиз шарт бўлган одатларимиз эса бир-бир “ўлиб” бораверади.

Хурсандчилик хабари етган онда «Аллоҳ ҳаммани тўйга етказсин...» «Топганингиз яхши тўйларга буюрсин...» -  деб  дуо қиладилар. Биз ҳам бошқаларга шу саодатни тилаймиз.

Тўйга узоқ йиллар ҳам моддий, ҳам руҳий томондан тайёргарлик кўрилиши барчага маълум. «Қизингни бешикка бела, молини сандиққа ташла», деган мақол бежиз айтилмагандир. Бу мақолга бир тилак илова қилинса, фойдадан ҳоли бўлмас: “Яхши хулқларни қалбига жойла!” Ўғил туғилганида йигирма туп терак экиш одати ҳам ана шу тўйга тайёргарликнинг бир кўриниши. Ўғил улғайгунига қадар тераклар ўсиб, иморатбоп бўлади. Бўлажак ёш оилага атаб уй солинади. Сўнг қарабсизки, тўй-да...

Тўй туфайли хонадонимизга ташриф буюражак шодлик ва бахт умрининг нечоғли узун бўлмоғи ўзимизнинг фаҳму фаросатимизга боғлиқ. «Қарз қутилар, хотин ёнга қолар», мақолига амал қилган бўлсак, шодлигимиз тўй тугаши билан тугаб, ташвишимиз бошланади. Агар «Кўрпангга қараб оёқ узат», ҳикматидан юз ўгирмасак, қарз ташвиши бизларни азобга солмайди.

Биз кўпгина ташвишларга ўзимиз харидор бўламиз-да, сўнг «бизни шунча қийноқларга соласанми», деб Худога даъво ҳам қилиб қўямиз. «Топганингиз яхши тўйларга буюрсин», дейилмиш дуони «Топган-тутганингнинг барчасини битта тўйга совуриб юбор, етмаганига қарз ол», деган маънода тушунмаслик керак. Кўнгил хоҳиши билан ҳаёт ҳақиқатининг муросага келмоғи мушкуллиги унутилмаса дуруст. Тўйдан кейин бошланажак ҳаёт, турмуш ташвишлари назардан четда қолмаса янада яхши. «Ортиқча кучаниш белни синдирар», деган мақолни ёдда тутиш эса доноликдир. Сиз билан биз ҳар қанча данғиллама тўй қилмайлик, унинг шуҳрати енгил шабада ҳам учириб кета олувчи хазон кабидир. Одамлар тўйингизни ойлаб-йиллаб эслаб, мадҳ этиб юрмайдилар. Яқинларимиз кўришганда «Қалай тўйларнинг чарчоғи чиқдими?» деб қўйишлари билан ҳаммаси тугайди. Тўй ҳар қанча дабдабали бўлмасин, кишининг обрўсига обрў қўшмайди. Бугунги  куёв ва келиннинг эртанги тотув ҳаёти, саодат йўлидаги интилиши, ота-оналари, қариндош-уруғлари, қўни-қўшниларига бўлган меҳр-оқибати, ҳаё ва одоби хонадонга ҳурмат ва эътибор келтиради. Билмоғимиз жоизки, манманлик ва мақтанчоқликнинг энг хунук кўриниши - тўй-маросимларда қилинаётган сохта сахийликдир. Тўй баҳонасида манманликларини кўз-кўз қилмоқчи бўлган қудалар ҳавойи полвонларга ўхшашади. Куч ҳам йўқ, усул ҳам бўлмаса-да, гиламга тушган полвоннинг бели синганидек, қудаларнинг нодонлиги туфайли оиланинг бели синади.

Тўй қилиш бўйича аниқ тавсиялар йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Аввал айтганимиздай, тўй - кўнгил иши. Кўнгилни эса ақл бошқаради. Яна бир гап: кўнгил талаб қилувчи дабдабани чўнтак кўтаролмаслиги мумкин. Ҳар бир шаҳар-қишлоқнинг тўйга ҳос ўз одатлари, удумлари бор. Афсус шундаки, асосий эътиборни дастурхон безашга қаратиб, яхши урф-одатларимизни унутилишга маҳкум этяпмиз. Барча жой учун бир ҳилда бўлган ярамас одатимиз - «ким ўзар» мусобақаси. Бу мусобақанинг шиори «Агар сендан ортда қолсам - қулоғимни кесаман!» Ҳа, бизга айнан шу шиор маъқул бўлиб қолди. Ақлни ишлатиб демаймизки: «Биров томдан ташласа мен ҳам ташлашим керакми?»

Тўйга доир муаммолар ҳақида оқил устозларимиз кўп ва хўб ёзганлар, гапирганлар. Йил йўқки, матбуотда бу масала кўтарилмаса. Тўй қилувчилар бу ҳикматларни ўқимайдиларми, ҳар ҳолда ўз билгиларидан қолмайдилар. Демоғингиз мумкинки: «Тўй қилувчи Фалончи, қийналса ўзига жабр, сизга нима?» Сиртдан қараганда шундай. Аммо «жамият, унинг тараққий этмоғи», деган тушунчаларимиз ҳам бор-ку? Бугун оила қурадиганларнинг маънавий-руҳий оламлари, маданий даражаларини жамиятдан айри ҳолда кўролмаймиз-ку? Тўйлардаги исрофгарчилик жамият тараққиётига салбий таъсир ўтказмайдими?

Йиллар оша гаплар гапирилаверилди, оқибат махсус қарор ҳам қабул қилинди, бироқ, бир оз фурсат ўтиб, бу зарур қарорни унута бошладик. Замон яна шу масалага қайтишни талаб қиляпти. Биз устозлардан ўқиганимиз, доно отахонлардан эшитганимиз асосида бир-икки фикрни баён қилишга эҳтиёж сездик.

Улуғимиз Абдулла Қодирийнинг дастлабки саҳна асарлари «Бахтсиз куяв» деб номланган. Асарнинг маъносини сарлавҳаданоқ англагандирсиз? Фақат «ўтмищда уйланажак қаллиғини никоҳдан аввал кўришмаган, бир йигитга қари қиз дуч келган бўлса, унинг бахтсизлиги шу-да», деб фикр қилманг. Асардаги куёв боланинг бахтсизлиги - тўй туфайлидир.  «Тўй» ва «касофат» тушунчалари бир-бирини инкор этса-да, мазкур воқеадаги куёвнинг бахтсизлиги айнан шу тўйнинг касофатидандир. Бўлажак куёв - етим. Амаки ота ўрнида ота бўлиб, жиянни уйлантириш ҳаракатига тушади. Яхши хонадоннинг қизига совчи бўладилар. Қизнинг отаси «тўй-тўйдек бўлсин», деган орзуда оламжаҳон нарсаларни талаб қилади. «Бўлажак оилани қийнамаслик керак, дабдабали тўйнинг ҳожати йўқ», деган насиҳатларга қулоқ солмайди. Куёв боланинг амакиси уятга қолмаслик учун бу талабларга кўнади. Оқибат отадан қолган ҳовли-жой гаровга қўйилиб, кўп миқдорда қарз олинади. Куёв қарзни вақтида беролмайди. Судхўр ҳовли-жойни тортиб олажагини билдирганда, куёв «бу кунимдан ўлганим яхши», деб жонига қасд қилади. Буни кўрган келинчак кўзига дунё тор кўриниб, у ҳам ўзини ўзи ўлдиради.

Таъсирли тарзда, насиҳат йўсинида битилган бу асарда баён этилган воқеа юз йилнинг нари-берисида бўлиб ўтган. Ажабким,  тўйда исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида унда айтилган гаплар бугунга ҳамоҳанг бўлиб турибди. Тўй эгасига қилинган насиҳатларнинг шамолга қарши қичқириш каби самарасиз кетиши ҳам юз йилни оралаб бизнинг кунимизгача етиб келибди. Тўғри, ҳозир кўп жойларда «қалин» деган тушунча йўқ. Аммо унинг ўрнига ёзилмаган, балки кибр эгалари томонидан  ўйлаб топилган, аммо бажарилиши шарт де тушунилган турли-туман қоидалар мавжуд. Бу қоидалар бадавлат оилалар томонидан тез-тез ўзгартирилиб турилади. Агар  келин томонга тўй юборилганда аввал битта қўй берилган бўлса, серҳиммат биродарларимиздан бири жуфт қила қолди. Сўнг унинг ёнига бузоқ қўшилди. Бугун-эрта янада “саҳоватлироқ” танти киши чиқиб, келин томонга иккита фил жўнатса, ажабланмаслик керак. Бора-бора, тўйдан олдин тимсоҳ қидирилиб қолинмасайди... Илгари битта сандиғу битта жавон билан оила қуриш мумкин эди, ҳозир «мебел» дегани пайдо бўлди. Аввал фақат ётоқ учун олинган бўлса, энди унинг ёнига меҳмонхона, ошхона мебеллари ҳам қўшилди. «Фарзандимнинг кўнгли чўкмасин», деб ота-она жонини жабборга беришга мажбур. «Мебел» отлиқ ҳашамни Тошкентда келин томон қилади. Бошқа ерларда куёв олиши керак.    Бир хонадонда тўйга тайёргарлик бошланган эди. Қиз томон «мебел»ни олиб келиб ўрнатмоқчи бўлганида, куёв томон «ие, мебел чет элники эмас экан-ку?» дебди. Шу гап туфайли тўй бузилди, десак, ишонмассиз. Сиз ишонинг бу бўлган воқеа. Ана энди ўзимизга савол берайлик: йигит «мебел»га уйланадими, ё қиз «мебел»га турмушга чиқадими? Шу матохни деб тўйни орқага суришлар ҳам мавжуд-ку? Бунга нима деймиз? Қўполроқ бўлса ҳам жавобимиз шу: бу - ақлсизликнинг ўзгинасидир!

Ўрни келганда айтиб ўтайлик: тўй ҳаракати жараёни ҳам ёшлар тарбиясига, дунёқарашига таъсир этади. Бошқача айтсак, бу ҳам тарбиянинг бир тури. Шу боис ота-она тўй ҳаракатини бошлаганида аввало ўз имкониятини чамалаб кўриши ва шунга қараб маросимнинг даражасини, ўтказиш тартибини белгилаб олиши лозим. Ундан сўнг фарзанднинг тарбиясида шу масалага ҳам жой берилиши шарт. Яъни, дабдабадан, демакким, кибрдан қочишнинг савоблиги, бировларга қараб кўнгилнинг чўкиши яхши эмаслиги, оила қурмоқлик фақат дабдабали тўйдан иборат  бўлмаслиги, оила саодатини тўйнинг шуҳрати эмас, тўйдан кейинги тотув ҳаёт белгилаши ҳақидаги ҳақиқатларни фарзанднинг онгига сингдиришга уриниш керак. Айбситмасангиз, мисолни ўз оиламдаги воқеадан келтирсам: агар кузатсангиз «ЗАГС» деб аталмиш маросимда келинникига келувчи автомашиналарнинг русуми, саноғи болаларни қизиқтиради. Каминанинг ўғли ҳам бир-икки «фалончиникига учта «Мерседес», ўнта «Волга» келди», деган хабарларни айтарди. Бир куни шундай хабардан сўнг «уч-тўрт йилдан сўнг Худо хоҳласа сени уйлантирамиз. Сен ҳам шундай машина карвони билан келинникига борасанми?» деб сўрадим. Ўғлим ва у каби ўсмирлар учун автомашиналар карвони мажбурий қоида каби кўриниши табиий. Чунки ҳамма шундай қиляпти. «Фалончининг қизига «Лимузин» келибди...» деган шов-шувлар шамолдай учиб юради. Ўсмир ота-онасидан шундай марҳамат кутади ёки орзу қилади. Шуни билган ҳолда камина ўғилга «Худо тўйга етказсин, аммо биз бундай қилмаймиз. Никоҳни рўйҳатдан ўтказиш учун турнақатор бўлиб борилмайди, вакилни тўйхонага таклиф этамиз», дедим. Бу гапимдан ўғлимнинг ажабланишини, ранжишини билардим. Турнақатор автомашиналар эгаларига тўлаш учун ортиқча маблағим йўқ, десам эҳтимол тушунарди. Лекин  бунга моддий имконият бўла туриб рад этилиши ўсмирни лол қолдирди.  Шундан сўнг бу каби одатлар манманлик экани, манманлик эса гуноҳлигини тушунтиргандай бўлдим. Бу суҳбатдан сўнг ўғлим автомашиналар карвони ҳақида гапирмай қўйди. Аммо ич-ичида армон мавжудлигини билардим ва шунинг учун вақт-бемаҳал кўчада кўрганим карвонлар ҳақида ўзим гап очардим ва бу одатнинг яхши эмаслигини таъкидлардим. Шунинг баробаринда санъаткорлардан яқинларим кўп бўлса-да, фақат битта ёки иккитасини таклиф этиш ниятимни ҳам билдириб турардим. Шу зайлда орадан бир неча йил ўтиб Худо бизни ҳам  тўйга етказди. Совчилар келин бўлмишнинг уйларига бордилар. Орага воситачи одам қўймай тўй тартиби ҳақида ўзимиз гаплашайлик, деган таклифимиз қуда томонга маъқул тушиб, маҳалламизнинг оқсоқоли билан бордик. Камина орзу қилинаётган тўйнинг тартибини баён этдим. Никоҳ рўйхатидан ўтишга бормаслик, «чарлар», сўнг эса «куёв чақирди», «қуда чақирди», деб аталмиш маросимларни ўтказмаслик ҳақидаги таклифимиз уларни бир оз ўйлантирди, бамаслаҳат жавоб қилажакларини билдиришди. Шукрки, қудаларимиз ҳам, келинимиз ҳам буни тўғри тушундилар. Орзу қилган тўйимиз бир кунда чиройли тарзда ўтди, исрофдан қочганимиз учунми, Оллоҳ ёшларимизнинг бахтини берди. Орадан йиллар ўтиб, бир куни келинимдан: “Чарлар қилишга рухсат бермаганим учун ўшанда ранжиганмисиз?” деб сўраган эдим, у кулиб, “дугоналарим ажабланишди, лекин уларнинг тўйидан кейин ҳам  чарлар бўлмади”, деди.  Бир-икки жойда “чарларсиз тўй-тўйми?” деб ўжарлик қилаётганларга “Тоҳир Малик ўғлини уйлантириб чарлар қилмади-ку?” дейишгач, қайсарликдан қайтганларини эшитиб, қувонган эдим. Демоқчиманки, бу хусусда сўз ва иш бирлиги мавжуд бўлсагина, ижобий самара кутиш мумкин.

Энди бугунги тўйларимиз хусусида бир-икки сўз айтсак: бизларда ё у томонга ёки бу томонга кескин оғиш одатимиз бор. Бугунги кунда «Исломий тўй» деган тушунча пайдо бўлди ва бунинг тарафдорлари тўйдаги ўйин-кулгуни мутлақо рад этадилар. Келинг, шу тарздаги тўйларнинг тарихига бир назар ташлайлик: тўйдан мақсад - фақат хурсандчилик эмас, балки шаръий, қонуний никоҳдан атрофдагиларни бохабар қилиб қўйишдир. Саҳобалардан бири шаръий тарзда уйланганларини хабар қилганларида пайғамбаримиз алайҳиссалом «Бир таом тайёрланг-да, қўни-қўшниларингизни чорлаб,  никоҳдан огоҳ этиб қўйинг», деган эканлар. (Албатта, исломдан аввал ҳам ҳар жойнинг ва диннинг ўзига ҳос тўй маросими бўлган.) Мақсад шуки, одамлар буларни кўрсалар «фалончининг ўғли билан пистончининг қизи номақбул юришибди», деган ножўя хаёлга бормасинлар. Уламолар етказган ҳадисга кўра, пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ерга кириб бораётганларида қўшиқ айтаётган аёл, ашулани узиб салавотга ўтганида, жанобимиз «аввалги қўшиғингни айтавер», деган эканлар. Шунга кўра, мусулмон мамлакатлардаги тўйларда қўшиқдан воз кечмаганлар. Аммо бу масалада бизда сал қуюшқондан чиқилиши афсусли ҳолдир.

Маст-аластлик билан беҳаё ашулаларни айтишлик, беҳаё қилиқлар билан рақсга тушишлик, ўртада шодланиб ўйнаётган қиз-жувонларга кайф аралаш ҳирс билан тикилишлик каби иллатларни маъқуллай олмаймиз. Ахир ўйлаб кўрайлик: тўйдан шодланиб рақсга тушаётган қиз ёки жувон кимнингдир суюкли фарзанди, кимнингдир жуфти-ҳалоли. Бу тикилишнинг ёки маст ҳолда ёнига тушиб ўйнашнинг ёмон оқибатларини кўриб турамиз-ку?! Бир тўйда ёнимда ўтирган одам “э, тўй қизимаяпти-да”, деб қўйди. Ажабландим. Хилма-хил ашулачилар навбат кутиб туришибди. Зиёфат авжида. Бу кишига нимаси ёқмаяпти экан? У одам ажбланишимни сезиб, изоҳ берди: “ёшлар муштлашмаяпти, муштлашув бўлмаса, тўй қизимайди”, деди. Бу гап жиддиймиди, ҳазилмиди ё кесатиқмиди, англай олмадим.

Тўйлардаги ичкилик ичиш алоҳида  масала. Бир танишим тўй қилиб, ўғлини уйлантирди. Бу билан зиммасидаги бурчини адо этгандек бўлди. «Этгандек бўлди», деб кесатишимга асос бор. Айтмоқчиманки, бурчни бажариш икки ҳил бўлади: биринчиси - атрофидаги одамларнинг розилиги, хурсандлиги учун. Яъни, бир тўда еб-ичиб, маишат қилиб кетса бас. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига борилмайди. Савоб-гуноҳнинг нима эканига ҳам эътибор берилмайди. Бунинг оқибати маълум: бугун фарзандининг оиласидаги нотинчликдан беҳаловат бўлаётган ота-оналар бу ташвишнинг илдизини топмоқ учун тўйни қандай ўтказганлари, бурчларини қандай адо этганларини ўйлаб кўрсалармикин? Иккинчи бурч Яратганнинг розилиги учун адо этилади. Яъни ҳаромдан («ҳаром»нинг  маъноси - таъқиқлаш, ман этишдир), гуноҳдан эҳтиёт бўлинади. Янги оилани муаззам бир уй деб тасаввур этсак, унинг пойдеворида ҳалоллик ётсагина бақувват бўлади. Туз бетонни еб адо этганидек, аввал бошда аралашган ҳаром аста-секин умр саройи пойдеворини кемиради.

Бу гаплар шунчаки хаёл маҳсули эмас, балки ҳаётдаги воқеалар юзага чиқарган ҳақиқатдир. Баён қилаётган танишимиз бадавлат эмас, дабдабали тўй қилишга қурби етмайди. Аксинча, қарз-ҳаволадан умид қилувчи одам. Камина унга қарз кўтармасдан осонгина тўй қилишнинг йўлини айтдим. Аслида бу йўлни мен ўйлаб топмаганман. Олтмишинчи йилларга қадар барча шу ҳилда тўй қилган. Кейин «комсомол тўйи» деб номланмиш касофат - бемаъни базм кашф қилиниб, ҳаражатлар кўпайгандан кўпайди. Бугунги келиб «комсомол» деган нарса йўқолди. Бироқ, унинг номи билан юзага келган тўй шакли сақланиб қолди. Асл ўзбек тўйидаги ёр-ёр, тортишмачоқ каби ажойиб одатлар ўрнини маст-аласт қийқириқлар эгаллади. Уруш-жанжал, баъзан қотиллик ҳам шу янги тўйнинг мевалари экани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, буларни билиб турсак-да, билмагандек ҳотиржам юраверамиз.

Хуллас, танишим ароқсиз тўй қилишдан уялди. Маҳалла аҳлидан уялди. Уларнинг «тўйига ароқ қўймабди», деган маломатидан қўрқди. Ароқни ман этган Зотдан қўрқмади, уялмади. Лекин ўз фикрича, савоб ишга ҳам қўл урди: тўй арафасида «худойи» деб аталмиш эҳсон қилди. Энди «худойи» дастурхони билан базм дастурхонини бир-бирига солиштирсангиз савобнинг миқдорини чамалай оларсиз. Аллоҳ бандасининг дастурхонига муҳтож эмас. Аксинча, банда Яратганнинг марҳаматига муҳтож. Ўша базмда сўзловчилар ёшларга бахт тилашади. Кимдан? Бахтни ким беради? Бахт берувчи «ичма» деган нарсани ичсагу яна ундан тилак тиласак берармикин? Бу томонини ўйламаймизми? Ичига ҳаром луқма кирган банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслигини наҳот билмаймиз? Яна бир гап шуки, ёшларнинг ичиб юриши ота-онага ёқмайди, тўғрими? Кеча уйланган йигит эртага уйга маст келса-ю, ота-она унга танбеҳ беришга ҳақлими? Менингча, ҳақли эмас. Кечагина уйланган ўша бадмаст йигит танбеҳ берган отасига қараб, “ичиш ёмон хулқ экан, унда нима учун тўйга уч юз шиша ароқ олиб, ҳаммани ичирдингиз?” деб маломат қилишга ҳақлими? Ҳа, ҳақли!

Иккинчи бир танишимизда ўзгача аҳвол юз берди. Куёв бўлмиш йигит дастурхонга ароқ қўйилмаслигини талаб қилибди. Ота-бола орасида шу хусусда келишмовчилик чиқибди. Ота ўғлидан нолиб: «Ароқ қўймасам шарманда бўламан-ку, мен ҳам тўйларга бориб ичганман-ку», деб эзилди. Биз дедик-ки: «Биродар, ўғлингизнинг ақлига тасанно айтмоқ лозим. Сиз тўйларга борганингизда қарзга ёки насияга олиб ичмагансиз-ку? Ё барчаларига «тўйимда қайтарам ичган ароғимни», деб ваъда қилганмисиз?» Ота-бола баҳсида ўғил енгиб, у айтгандай тўй бўлди. Санъаткорлар карвони ёғилмай, биттагина гуруҳ ичкиликсиз ҳам тўйни ширин тарзда ўтказиб беришди. Мезбонлар ўйнаб-кулиб роҳатландилар. Шу маҳаллада, икки кўча наридаги тўй эса фожиа билан якунланди. Маст йигитларнинг жанжали ҳали чимилдиқ кўрмаган дўстларининг ўлимига сабаб бўлди. Мана сизга, бир вақтда бўлиб ўтган икки тўйнинг якуни. «Бадмаст улфат - даврага кулфат», деб бежиз айтмаганлар машойихлар. Биз айтаётган масала бошқа миллатларда ҳам мавжуд. Агар эсласангиз,  саксонинчи йилларда украиналикларнинг «Тўй айбланади», деб номланган кинофильми бўларди. Фильм ўзбек тилига таржима қилинган, ҳозир ҳам телевидение орқали намойиш этиб турилади. Унда ёш футбол юлдузининг ўлимига сабаб бўлган ресторандаги тўй, исрофгарчилик, маст-аласт йигитларнинг қилиқлари кўрсатилади. Эътибор берайлик: Европа учун ресторандаги тўй, ичкилик одатий нарса. Шунда ҳам улар бу одатга қарши чиқяптилар. Биз эса  Европадан маданиятни эмас, уларнинг ўзлари ҳам рад этаётган ёмон одатларни оляпмиз.

Европадаги миллионер оилалар тўйларида биз каби сочиб, исроф қилмайдилар. Улардаги никоҳ ўқитиш маросимининг ўзи тўй. Энг яқин одамларини таклиф этишади. Бир неча соат ичида тўй ўтади. Биз улардан мана шу никоҳ ўқитиш (яъни - ЗАГС) маросимини олдик-да, ўзимизникига қўшдик. Ана энди  тўй маросимларимизни санаб ўтайлик: совчилар ишни пиширишгач, қиз билан йигитнинг кўчада кўришув маросими бўлади. Қиз билан йигит аввалдан бир-бирларини билсалар-да, совчиларнинг аралашувисиз аҳду паймон қилиб қўйган бўлсалар-да, бу маросимга келадилар. Йигит қизга қимматбаҳо совға беради. Совғанинг қабул қилиниши - ризолик аломати экан. Ана ундан кейин яна совчилар борадилар ва «оқ ўраш ёки патир синдириш» маросими бўлади. Кейин эса фотиҳа тўйи, бошқача айтилса, қўни-қўшнилар, яқинларга маълум қилиш мақсадида бўлажак келиннинг уйига тоғоралар карвони жўнатилади. Агар тўйга қадар орада хайит байрами бўлса «йўқлов» деб аталмиш янги “карвон” йўлга чиқади. Булар - тўйнинг дебочалари. Баъзи жойларда «маслаҳат оши» дегани ҳам бор. Номидан маълумки, яқинлар тўйни ўтказиш тартибини белгилаш учун чақирилади. Ошдан сўнг маслаҳатлар берилади ва... тўй эгаси маслаҳатларга қулоқ ҳам солмайди, ўз билганидан қолмайди. Орада дастурхон сарсон... Ниҳоят тўй. (Еткизганига шукур!) Бир кун тўй юборилади (тўй олинади). Бир кун куёв (ёки келин)нинг отаси ишхонасидагиларни зиёфат қилади, яна бир кун онаси ҳамкасбларига дастурхон ёзади. Бир кун келинникида «Қиз базми». Ҳозир бу маросимга куёв жўралари ҳамда отаси ва унинг яқинлари билан келадиган бўлган. Бундан олдин ёки кейин ҳар икки хонадонда «худойи». Сўнг «сабзи тўғрар» деб номланмиш зиёфатча. Эртасига эрталаб (ёки пешинда) ош. Кейин «ЗАГС» деб аталувчи маросим. Никоҳдан ўтилгач, ёшлар учун бирон ерда кичкина зиёфатча. Ниҳоят, ҳовлида ёки бирон ресторанда никоҳ базми! Эрталаб келинсалом ва аёлларнинг қаймоқхўрлик зиёфати. Авваллари келинсаломни келин янга билганича ўзи ўтқазарди. “Қайноталарига салом”, деса, қайнота бир гилам берарди. “Холасига (аммасига, тоғасига...) салом”... Улар ҳам совғаларини берардилар. Маросим ўн-ўн беш дақиқада ниҳоясига етиб, хотинлар уй-уйларига тарқар эдилар. Энди азонлаб аёл қўшиқчилар данғир-дунғирлари билан етиб келадилар. Келинсалом ҳам энди бир тўй даражасида ўтади.  Тўй эгалари нафас ростлашга улгурмай, эртага кутилаётган «чарлари» маросимига тайёрланишни бошлайдилар. Куёв тўра эса ўртоқларига яна бир зиёфат берадиким, бунинг номини «куёв оши» дерлар. Авваллари Тошкентда “чарлари” аталмиш маросимга, яъни,  келин отасиникига тўйдан уч кун ўтиб келарди. Ҳозир тезлашув замоними, тўйнинг эртасигаёқ келади. Камида 60 аёл билан келган қуда хотинлар камида 6-7 хил таом билан сийланадилар. Аёллар кетишгач, энди куёв бўлмиш жўралари билан келади. (Худди қайнотасига «бу ёғини қойиллатиб қўйдим», дегандай ҳисоб бергани келганга ўхшайди, шундай эмасми?) Изма-из куёвнинг отаси, бошқа қариндошлари билан келишиб «чарлари» давом этади. Тўйлар шу зайлда ниҳоясига етгач, «тоғаникида келинсалом», «Амма-холаникида келинсалом»... каби маросимлар бошланади. Бу орада Худо фарзанд берса «ақиқа» ёки «бешик тўйи»... Хуллас, сўзни мухтасар қилсак, тўй-тўйга уланади. Донолар таъбири билан айтсак, «йўғонни чўзадиган, ингичкани узадиган» маънисиз ва кераксиз одатлар, расм-русумлар оқими...

Кези келганда хайит байрамидаги келинсалом маросимларини эсламасак бўлмас. Бу маросимга келин томон беҳисоб тоғоралар карвонини жўнатади. Уч кун давомида келиннинг уйи, ясатиғлиқ дастурхон атрофи гавжум бўлади. Меҳмонлар орасида қариндошлар ҳам етти ёт бегоналар ҳам бор. Бу маросимни фитна уйғотувчи тадбир десак, янглишмасмиз. Чунки бунга келганлар фақат еб-ичмайдилар, балки уйнинг ҳашами, дастурхон тўкинлиги, келмиш тоғораларнинг сон-саноғи билан қизиқадилар ва муҳокама қиладилар. Бундай муҳокамаларнинг кераксиз гапларга ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши бир масала, яна бир масала телевидениеда бадавлат хонадонларнинг уйлари кўрсатилиб, бу ҳол энг азиз қадриятлар сифатида обдон тарғиб қилинди. Ҳайриятки, бунинг асл мазмунига тушунилибдими, энди такрорланмаяпти.

Биз Тошкент тўйларини баён этдик. Бошқа ерларда буларданда баттар кераксиз одатлар борким, ўзингиз яхши биласиз. Одат ёқимсиз ва заруратсиз эканини билсангиз-да, уни бажаришга мажбур бўласиз. Нима учун? Наҳот «маҳалла-кўй нима дейди?» деган истиҳолани енгиб ўтиш шунчалик қийин бўлса?  «Тўй қиламан, деб бели синибди, бечоранинг», деган маломат қайда-ю, «Тўйни ихчамгина ўтказди, барака топсин», деган шараф қайда!  Тўғри, орамизда оғзига кучи етмаган «оғзи бедарвоза»лар ҳам бор. Аммо уларнинг гаплари кўпчиликнинг фикрини ифода этмайди. Бунақа тузсиз гапларга сал қўполроқ бўлса-да: «Ит ҳурар, карвон ўтар», деб қўя қолган маъқулмикин...

Бизларни шодлантирадиган нарса: бугунга келиб «суннат тўйи» («хатна тўйи) деб аталмиш зиёфатлар анча камайди. Бунақа тўйлар бутунлай қилинмаса янада яхши. Чунки мазкур тўй номининг ўзиёқ ножоиз. Суннат - пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилган ишлари, одатлари демак. У зот ҳаётлик чоқларида бунақа тўй қилмаганлар ва шундай қилинглар, деб айтмаганлар. Мусулмон мамлакатларида туғруқхонада туғилган ўғил бола шу ернинг ўзидаёқ хатна қилинар экан. У томонларда «суннат тўйи» деган тушунчанинг ўзи йўқ. Бу одатни бизда бирон бойвачча манманлик йўсинида бошлагану кейин ўзгаларга мажбуриятга айланиб қолган бўлса эҳтимол. “Суннат тўйи” – пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак номлари билан боғлашлари етмагандек, бу дабдабали зиёфатнинг маст-аласт ҳолда ўтишига нима деймиз?

Кейинги пайтларда никоҳ тўйларида куёв томоннинг ош бериши ҳам камайяпти. Афсус шуки, бели бақувват биродарларимиз бу заруратсиз одатни ҳамон давом эттиришяпти. Мен бир нарсага тушуна олмайман: эркак қудалар фақат тўй ошида бир-бирлари билан кўришадилар. Унгача худди бир-бирларидан уялгандай кўришмоқликдан сақланадилар. Ахир тўйдан олдин учрашсалар, тўй тартибини ўзаро маслаҳат қилиб олсалар  ёмонми? Икки томонда ош бермай, биргалашиб бир ерда қилинса бўлади-ку, бу маросим. Бунақа яхши одат кам бўлса-да, учраб турибди ва биз буни қуда бўлмишларнинг донолиги деб ҳисоблаб, уларни шарафлаймиз.

Тўй қилиш жараёнида энг мураккаби хотинларнинг талабларини ва инжиқликларини енгиб ўтиш. Муҳтарама аёлларимиз, ҳақ гапимиздан ранжиманглар, мавжуд кераксиз одатларнинг ихтирочилари ҳам, садоқатли ва ўжар ижрочилари айнан сизларсизлар. Тўй учун топган-тутганларни елга совуриш бўйича сиз жаҳоннинг мутлақ чемпионларисиз, десак, бу мартабани қабул қиларсиз. Совуриб бўлгач, тўйдан кейин нолишларни бошловчилар ҳам ўзингиз. Кераксиз одатлардан воз кечиш ҳақида гапиравериб тоғларни эритиб юбориш мумкин, аммо сиздаги жоҳиллик ва ўжарликни енгиш мумкин бўлмаяпти. Сиз узоқ ташвиқотдан сўнг бирон масалада чекинишга мажбур бўласиз-у, ўша заҳоти янги бир кераксиз, баъзан зарарли одатни ихтиро қиласиз. Масалан: тугун ва тоғоралар муаммоси. Кўп аёллар гўё тугундан воз кечдилар. Бунинг ўрнига эса битта тугун учун сарфланажак маблағ чамаланиб, тўй эгаси аёлнинг қўлига пул қистириш одати расм бўлди. Бойроқ аёлларимиз эса долларни ошкора равишда узатишга уринадилар: одамлар кўриб қўйишсин-да! Камроқ пул узатувчилар эса ийманадилар. Бу одат тўй эгаси учун ортиқча даҳмаза эшигини очди. Энди у пул берганларга жавоб тариқасида тугун ўрнига қоғоз халталарни шайлаб қўяди. Аввал тугунлардаги нарсаларни ўзаро алмаштириб қўйган бўлса, янди ҳар бирига алоҳида нарса солиши керак. Агар минг кишилик ошда 500 нон ишлатилса, юз кишилик аёллар маросимига мингдан ортиқ нон олинади.

Келин-куёвни кийинтириш бобида ҳам аёлларга бир сўз айтмоқлик мушкул. Куёв тўра зар чопон кийиб, салла ўрайдилар. Буни тушуниш мумкин: гўё қадриятларимизга қайтаётган эканмиз. Келинпошшани европача кийинтириб, елкалари очиқ, ҳатто ярим яланғоч ҳолда, бошларига шляпа кийдириб қўйишлари-чи? Бир ерда «келиннинг эгнига атлас куйлак-лозим,  беқасам нимча, бошига ироқи дўппи кийгизиб оқ рўмол ташланса бўлмайдими?» деган эдик, «нима, бизнинг келинимиз жувонми?» деган танбеҳни эшитдик ва ажабландик: атлас кийим жувонлик белгиси эканми? Келин ҳали қизлик оламини тарк этмай туриб, тўй базми эртасига келинсаломга атлас кийим-бошда чиқади-ку, бунга нима деймиз? Машҳур бир қўшиқчи тўртинчими ё бешинчими марта эрга тегаётганида ҳам ярим-очиқ оқ либос кийган экан. Бу ҳам бокиралик белгисми? Истиқлолдан аввал, ҳориждаги ўзбеклар билан борди-келди қийин бўлган даврларда эшитган эдим: ватандошлар атлас мато топилмагунча қизларининг тўйларини бошламас эканлар. Гап бу ерда бизнинг европача кийимга нисбатан инжиқлигимизда эмас. Тўғри, оқ либос ҳам қизларимизга ярашади, оқликда покизалик рамзи ҳам мавжуд. Лекин бу куйлак (куёвнинг зар чопони ҳам) ўзлариники эмас-ку? Бировдан ижарага олинади-ку? Наҳот покиза қизимизни неча-неча одам кийган, охори тўкилган куйлакда узатиб боришдан истиҳола қилмаймиз. Эртасига бу кийимларни тахлаб изига қайтаришдан уялмаймиз? Бу масаланинг тиббий томони ҳам бор: ўша оқ либос оқ пахтадан эмас, кимёвий толалардан тўғилган матодан тикилган. Бундай матолар турли микробу бактерияларни урчитиб бериш хусусиятига эга. Демоқчимизки, кўйлакни аввал кийган келиннинг терисида касаллик бўлса, бунисига дарров юқади. Худо асрасин-у, агар шундай бўлса-ю, куёвда гумон уйғониб, келинни бузуқликда айблаб юборса-чи? Яна бир томони, кўйлакнинг узун этаги кўчадаги ахлатни супуриб юради. Кўчадаги ифлосликни супуриб, келин янги уйга кириб келади. Наҳот шу нарсаларни азиз опа-сингилларимиз ўйламасалар?

Катта ёшдаги мўътабар одамлардан эшитган эдим: уруш ва ундан кейинги азобли йилларда ҳам замонга мос равишда тўйлар бўлиб турган. Дастурхонга бир неча туршак, жийда қўйиб ҳам тўйни ўтказишган. Жамоа хўжалигининг ёки қишлоқ кенгаши раисининг хонасида ямоқ тушмаган битта тўн билан бир атлас кўйлак сақланаркан. Тўй куни келин-куёвга шу либослар ижарага бериб туриларкан. У замонда умумнинг кийими ноиложликдан олиб кийилган. Ҳозир-чи?

Ўтмишдаги тўйлар ҳақида гапирганимизда маросимларимиз албатта ўшандай бўлиши шарт, деб даъво қилмоқчи эмасмиз. Тўйлар давримизга яраша бўлиши керак. Шунинг баробаринда, замонавий тўй маданияти ҳақида ўйлаб кўришга ҳам мажбурмиз. Айрим биродарларимиз хориждан келган меҳмонларни тўй ошига ёки базмига олиб боришни хуш кўришади. Камина эса бундан ҳижолатдаман. Қаранг, тўй учун кўп минглаб пул сарф қиламизу маданиятни белгиловчи арзимас нарсаларга эътибор бермаймиз. Ҳатто ресторанлардаги тўйларда ҳам аҳвол шу. Ҳориждаги зиёфатларга эътибор берайлик: хизматчилар меҳмондан доимо хабар олиб турадилар, бўшаган идишлар дарров алмаштирилади. Ҳатто тўкилган ушоқлар ҳам кичик чангютар ёрдамида тозалаб турилади. Сочиқлар алмаштирилади. Хуллас, хизмат маданияти юксак даражада. Бизнинг тўйларимизда-чи? Айниқса, тўй ошларида қўл ювадиган жой йўқ. Баъзан ёшлар сув тутиб туришади, раҳмат, аммо сочиққа қўл артилаверилганидан уни сиқиб қайтариб беришдан ўзга чорангиз қолмайди. Ичкарига кирсангиз, дастурхон усти йиғиштирилмаган. Ёғли қошиқлар оппоқ дастурхон устини доғ қилиб турибди. Бурда нонлар бетартиб сочилган. Ярим ейилган узум бошлари маъюс. Пиёлалардаги қолдиқ чойлар ҳам тўкилмаган. Сочиқни сиқсангиз, бир камбағалнинг ошига етгулик ёғ сизиб чиқади... Биз бунақа манзарага кўникиб кетганмиз. Аммо хорижлик меҳмон буларни кўриб бизнинг тантилигимизга тасаннолар айтиб кетармикин? Йигирмата ароқни камроқ олиб, бунинг маблағини покизалик хизматига, тўйчилик маданиятини оширишга сарф этиш наҳот мушкул бўлса?

Тўй маданияти ҳақида гапирганда санъаткорларнинг ўзларини тутишлари, пул қистириш, пулни бошдан сочиш каби ярамас одатни айтмай иложимиз йўқ. Бу ҳолат ва раққосаларнинг беҳаё қилиқлар қилиш эвазига пул тўплашлари бизнинг маънавий оламимиз пастлигидан далолат бермайдими? Бир тўйда ҳайратга тушганим ёдимда. Қўқон атрофидаги тўйлардан бирида раққосага тўхтовсиз пул қистираётган киши диққатимизни тортди. Ўша одам бир кун аввал биз билан суҳбатлаша туриб, иқтисодий қийинчиликдан нолиб, «болаларимга қишлик кийим ҳам олиб берганимча йўқ», деган эди. Эртасига у одам билан яна кўришганимизда «пул қистириш ўрнига болаларингизга кийим олиб берсангиз бўлмайдими?» десак, «тўй эгаси - тоғам бўладилар, ҳамма қистирганда мен қараб турсам уят эмасми?» дейди. Қаранг, боласи юпун юрса уят эмас, ҳаёсиз раққосанинг даҳанига пул қистирмаса айб экан. Бунисига нима деймиз?

Сирдарёдаги бир тўйни гапириб беришди. Тўй эгаси икки минг доллар сарф қилиб бир ашулачини олиб келибди. Ўша куни ёмғир ёғиб йўлларнинг аталаси чиқиб кетганидан кўпчилик тўйга келишга қийналиб, охири «ўша икки мингни йўлни тузатишга сарфласа савоби мўлроқ бўларди», деб кетишибди. Бу гапда ҳам жон бор.

Тўйларни батартиб, чиройли равишда ўтказишда маҳалланинг бурчи ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, очиғини айтиш керак, бугунги кунимизда тўй қилувчилар маҳалланинг фикри билан деярли ҳисоблашмайдилар. Аввал тўй куни маҳалла билан бамаслаҳат белгиланарди. «Сиз айтган куни фалончи ҳам белгилаб қўйган, сиз тўйингизни бошқа кунга кўчиринг», дейиларди ва бу маслаҳатга амал қилинарди. Ҳозир эса битта маҳаллада баъзан бир пайтнинг ўзида тўрт-беш тўй бўлиб ўтяпти. Одамлар қайси тўйга боришга ҳайрон. Биринчи жойда ош еб чиқилгач, иккинчи тўйдаги лаган тўла ошга қўл ҳам урилмайди. Қарабсизки, яна исроф. Тўйга келолмаганлар ҳижолатда, тўй эгалари эса гина-кудуратда. Илгарилари идиш-товоқ маҳалладан олингани туфайли маҳалла раисининг тўй эгасига сўзи ўтарди. Энди эса гап гаплигича қолиб кетади. Бироқ,  дабдабали тўйга қурби етадиган биродарларга «тўйингизнинг дабдабасини сал камайтириб, тежалишдан ҳосил бўлгувчи маблағни фалончи хонадонга берсангиз савоб бўларди. Улар ҳам тўйларини вақтида кўнгилдагидек ўтказишиб олишарди», деган маслаҳатга юрадиганлар ҳам топиляпти-ки, бу яхшиликлари эвазига топилган савоблар туфайли уларнинг тўйлари  файзли ўтиб, фарзандлари тотувлик ва бахтга эришяптилар.

Кейинги йиллари кўркам тўйхоналар қурилиши натижасида тўй эгаларининг ортиқча югур-югури камайди. Тўйхоналарнинг ижобий томонларини инкор этмаймиз. Лекин назаримизда, тантаналарнинг тўйхонага кўчирилиши бу маросимнинг асосий фазилати ҳисобланган файзни йўқотаётганга ўхшайди. Кўп қаватли уйда турувчиларни ёки қишли қировли кунларда тўй қилувчиларни тушуниш мумкин. Лекин кенг ҳовлиси бор одамлар-чи? Тўйнинг файзи қўни-қўшнилар, бола-бақралар билан бўлади. Ҳозир уч-тўрт эшик наридаги хонадон қўшнисининг тўйидан бехабар қоляпти. Баъзи тўй ошларига бориб, ажабланамиз: хизмат қилувчилар жуда оз бўлади, ош келса, чой келмайди, чой келса, ош йўқ.  Чунки қўни-қўшни йўқ. Ошга шаҳарнинг нариги бетидаги киши йигирма чақирим йўл босиб келади, йигирма қадам наридаги қўшни эса бехабар... Тўй оши фақат қорин ғамида келиш эмас, балки бу маросимдаги асосий файз – дийдорлашув.

Тўйни тартибли ўтказишда маҳалла кўп ишлар қилиши мумкин. Авваллари тўй базмларида бадмастлик авжга чиқса, жанжал кўтарилса, маҳалла қариялари бу хонадонда тортилажак ошга чиқмасдилар. Бу ўзига хос танбеҳ, ўзига ҳос жазо тури бўлиб, тўйчиларга таъсири  сезиларди. Маҳалланинг таъсири ё маслаҳат ва насиҳат йўсинида ёки қатъий чора тарзида ҳам бўлиши мумкин. Андижон атрофидаги хўжаликлардан бирининг раиси қўллаган чорани ибрат сифатида келтирсак: у киши тўйга аёллар келадиган пайтда  ҳовлида ўтириб олибдилар-да, тугун кўтариб келаётган аёлни тўхтатиб «тугунингни анави четга қўй», деб буюрибдилар. Аёллар раиснинг ихтиёрига қарши чиқишармиди. Хуллас, барча тугунлар бир ерга тўпланади. Очиб ҳам кўрилмайди. Раис аёлларнинг маросими тугагунча тўйхонадан кетмайди. Кетса нима бўлиши маълум: тугунлар одатдагидай очилади... Тўй тугагач, раис аёлларга тугунларингни ола кетинглар ва бундан кейин тугун қилманглар, деб тайинлайди. Аёллар нима кўтариб келишган бўлса, уни қайтариб олиб кетадилар. Бу ҳол ўн-ўн беш маротаба қайтарилгач, масала ҳал этилади. Бу ҳаракат айримларга эриш туюлиши ҳам мумкин. У ҳолда бошқа чорани тавсия этиб кўринг.

Кераксиз одатларнинг пайдо бўлуви ва изсиз йўқолуви сиз билан бизнинг онгимизга, виждонимизга боғлиқдир. Кибр ва манманликдан озгина чекинсак, олам-олам савобга эришамиз ва хонадонимизнинг чексиз саодатга етмоғини таъминлаймиз. Суҳбатимиздан мақсад сизларга ақл ўргатиш эмас, фикрлашга таклиф этмоқликдир. Сўзларимизни ҳадиси қудсийда келтирилган Аллоҳнинг хитоби билан якунлашни маъқул кўрдикким, бу ҳақиқат юмуқлик кўзларни очар:

«Эй Одам фарзанди, агар мендан уялмасанг, ҳарна хоҳласанг қил!..»

Тоҳир Малик

 

 

 

Бахт саройи

 

 

 

Муножот:

- Ё раббимиз Аллоҳ! Бизларга оила неъматини берганинг учун Ўзингга шукрлар қиламиз. Бир-бирларимизга иймонли солиҳ ва солиҳа, оқил ва оқила, вафоли, ҳаёли ёр бердинг, шукр, энди бир-бирларимиз орамиздаги меҳр-муҳаббатни зиёда ва бардавом қил. Кимнинг оиласида тинчлик-тотувлик йўқ бўлса, эрнинг ҳам хотиннинг ҳам кўнгилларини Қуръон нурлари билан нурлантириб, хонадонларига осойишталик бер. Хиёнаткор эр ёки хотинларга инсоф бериб, уларни иблис йўлларидан Ўзинг қайтар. Меҳр-муҳаббат занжирлари узилай деб турган оилаларни Ўзинг асра. Ўзинг яратган бу муаззам ҳаётда тирик етимларнинг кўз ёшлари тўкилмагай. Ота-боболаримиздан қолган «Қўша қаринглар» деган хайрли дуо бор, бу дуоларимизни ижобат эт. Ёшларимиз онгига, қалбига оиланинг муқаддас экани ҳақидаги тушунча ва туйғуларни сингдир. Ҳар бир оилани турли балою офатлардан Ўзинг асра. Омийн, йа Раб ал-оламийн.


Тўй... Тантана. Орзу ҳавасларга етилган саодатли дамлар... барча ёшларга бахт тилайди. Барчанинг қалби, нияти келин эгнидаги либос каби оқ – ёмонлик тилашдан жуда-жуда узоқ. Тўйга кўнгли қора одам келмайди. Аммо... дуолар, тилаклар ҳисоби минглардан, миллионлардан ошса ҳам ёшларнинг ўзида бу бахтга интилиш бўлмаса, унга етолмайдилар. Тўй бир сарой қурилишининг аввалидир, бошланишидир. Икки ёш бирлашиб, ажиб сарой қурмоқчи. Бу саройнинг номи – бахт! Қурганда ҳам пойдеворини мустаҳкам қилиб, турмушнинг зилзилаю дўлларига бардош берадиган тарзда бино қилиш шарт. Демак, «оила» ёшлар қўлига тантана билан тутқазиладиган зарқоғозга ўралган ширинлик эмас. Бу саройнинг пойдевори – иффат, ҳаё, ғиштлари – сабр ва шукр, девори иймон, томи – ақл ва ирода. Безаклари – фаросат, саховат, меҳр... Одамлар дуо қилиб уларга омад тилашади, ҳалос. Биров битта ғишт олиб узатмайди. Аксинча, бахт саройини қурилишида кейинчалик ҳалақит берадиганлар топилади. Агар ёшлар умрларини улар билан олишишга сарфласалар сарой қурилиши чала қолади.

«Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши» деган мақолни кўпчилик билади. Эр-хотин орасида низо чиқса қисқа муддатда бартараф бўлади, деган маънодаги бу мақол айрим ҳолларда ҳақиқатга айланмай қоляпти. Ёш оилалардаги жанжал «ажралиш» деган фожиа билан якун топяпти. «Фожиа» деб баҳо беришимизни баъзи биродарлар маъқулламасликлари мумкин. «Талоқ Аллоҳ томонидан руҳсат этилган, оиланинг бузилиши кўнгилсиз ҳол, лекин фожиа эмас», дегувчиларга биз деймизки: «Азизим, соатингиз бузилса неча мароталаб бўлса ҳам тузатиш учун устага олиб борасиз. Ҳеч иложи бўлмаса ташлаб юборасиз. Бу фожиа эмас, шунчаки кўнгилсиз ҳол. Лекин оила бузилса, икки ёшни яраштиришга ҳаракат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмаса ўртага талоқ тушади. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз. Яъни жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам хотин ҳам бошқа оила қуриб яшайверади. Лекин болалар-чи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Қалбларининг парчаланиши фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дурру гавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва гавҳарларни ардоқлаб асраймиз. Оилани-чи?

Тилимизда «оила қурди» ёки «оила барпо этилди» каби иборалар кўп учрайди. Шунинг қаторида «оила бузилди» ёки «оиласи барбод бўлди» деганлари ҳам бор. Оила умр йўлидаги гўзал бир саройга ҳам ўхшатилади. Афсуски, айрим бадавлат ота-оналар оилани бошқачароқ тушунадилар ва фарзандларини моддий томондан тўла-тўкис таъминлаб қўйиш билан кифояланиб, «оила қурилди», деб хотиржам бўладилар. Тўғри, оила саройини қуришда ота-онанинг вазифаси ҳам мавжуд. Аммо тўлалигича қуриб бера олмайди. Бу қурилишда эр-хотиннинг ўзи ҳам фаол иштирок этмас экан, бу сарой дастлаб шоколад каби кўринса ҳам, аммо сал вақт ўтиб эрий-эрий йўқ бўлиб кетади. Ўзича эриб кетса, тақдирга тан берилар, аммо бу шоколад қасрни ялашга ишқибозлар ҳам топилиб қолса-чи?

Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз?

Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу «жамиятча»нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайсики жамиятдаги оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Хароб уйдаги бахтсиз одамлардан ташкил топган жамиятнинг ҳалокатга маҳкумлиги шундан келиб чиқади. Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди. Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганида эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғу саҳрога айланиб қолган бўларди. Инсон учун юракнинг маънавий оламидан ташқари ҳаётнинг яна бир буюк олами – ижтимоий фаоллик олами ҳам бор. Буни инкор этиш ёки четлаб ўтишга уриниш мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам минг йиллар давомида Аллоҳнинг бу масаладаги буйруқларига ғоят жиддий муносабатда бўлганлар. Пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этганлар. Инсоният тарихи давомида яшаб ўтган донишманд файласуфларнинг диққат-эътиборларидан ҳам бу масала четда қолган эмас. Ўтмиш устозларнинг фикрлари бизлар учун ҳамиша қадрли. Аммо улар ўз даврларидаги жамият талабларидан келиб чиқиб, оилага турлича талаблар қўйганлар. Масалан «Оилавий ҳаёт инқилобчининг ғайрат-шижоатини сусайтиради», деган аҳмақона фикр йигирманчи асрда юзага чиқди ва ўзбек тилидаги ахлоққа оид китобларда қайта-қайта зикр этилди. Ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги бадиий асарларда севишганлар тўй ҳақида сўз очишса, «Шошилма, аввал жаҳон инқилоби ғалаба қилсин!» деб инқилобга содиқликларини намойиш қилишган. Бунақа тентакларнинг қанчаси жаҳон инқилобининг ғалабасини кутиб, тўй кўрмай ўтиб кетди экан. Эсизгина умр! Шунга ўхшаган ҳолат бизда ҳам учрарди. Фақат биздаги ошиқ-маъшуқлар тўйни жаҳон инқилоби ғалабасигача чўзишмасди. Ашулалар бўларди: «Бўйларингга бўйлари, қачон бўлар тўйлари?» деб сўралса «Аввал пахта мавсуми ўтиб олсин», деб жавоб беришарди. Йигит бечоранинг то кеч кузгача, эҳтимол қишга қадар юлдуз санаб, ёстиқни қучоқлаб ётишдан ўзга чораси йўқ... Агар севган қизи сулув бўлса-ю, бирон чапдаст йигит чиқиб, пахта мавсуми охирлашини кутиб ўтирмай, уни илиб кетса!? Урди Худо! Бу ҳозир бизга кулгили туюлади, лекин оила билан жамият манфаатини бу хилда талқин этиш бефаҳмликнинг бир кўриниши эди. Жамият манфаати биринчи ўринда турадими ёки оила манфаатими, деган саволга бир хилда, қатъий жавоб бериш ҳам мумкинмас. Чунки айрим ўринларда оила, баъзан эса жамият манфаатлари биринчи даражали масала бўлиб қолади. Айрим ҳолларда жамиятнинг оиладан сўровлари бор, яна бир ҳолларда оиланинг жамиятдан талаблари бўлади. Бу масалани ҳам битта қолипга солиб тақдим этиш мумкинмас.

Оила ўз хоҳишича яшаши керакми ёки жамият талабларини бажаришга мажбурми? Агар жамият талабларига бўйсуниб яшаши шарт бўлса, оиланинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ эканда? Бу ўринда ҳам савол умумий тарзда эмас, аниқ масалалар бўйича ўртага қўйилиши керак. Яъни: жамият оиланинг пок бўлишини талаб этадими, демак, бу талабга бўйсуниши шарт. Жамият оиладан оқил фарзанд тарбиясини талаб этадими, демак, бу талабни ҳам сўзсиз бажармоғи зарур. Лекин бу талабларни барча оилалар бир хилда бажармайдилар. Чунки барча оилаларнинг бу соҳалардаги тушунчалари, ҳаётий тажрибалари турлича. Ҳар бир халқнинг, ҳатто ҳар бир мамлакатдаги ҳар бир вилоят, шаҳарнинг ўзига хос урф-одатлари оила ва жамият орасидаги муносабатларни ўзига хос равишда белгилайди.

Русларнинг улуғ ёзувчиси Лев Толстойнинг «Анна Каренина» деб номланган асари шундай сатрлар билан бошланади: «Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир». Бу яхши фалсафий фикрга ўхшагани билан баҳслашиш мумкин. Чунки бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ва бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи!

Турли халқлардаги оила ва бахт тушунчаси ҳақида сўз очдик, асосий гапларимизга ўтишдан олдин кичик бир мисолга мурожаат қилайлик.

Тилга олганимиз асардаги Анна Каренинанинг оиласи ва унинг ўлими билан Кумушбибининг оиласи ва ўлими орасида қандай фарқ бор?

Икки ёзувчининг тасвирига қараганда, бу аёлларнинг иккови ҳам ғоят гўзал, икковида ҳам муҳаббат бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам лобарларнинг ўлимлари билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари ва оилага садоқатлари бир ҳилми? Анна – оилали жувон, бегона эркакни севди. Оқибатда ўзини ҳалок қилди. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби – маъсума аёл. У жуфти ҳалолига содиқ. Уни ҳатто кундошидан ҳам қизғанади. Балки ана шу қизғаниши, рашкининг чегарасидан чиққани учун ўлим топгандир? Бу икки аёл ўлими сабабчилари - Аннанинг севгилиси (Эри эмас!) билан Кумушнинг кундоши – Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор? Ҳеч қандай! Кумуш-зайнаблар тақдирини европаликлар ҳаётидан излаб тополмаймиз. Келинг, икки ўлимга доир икки баёнга диққат қилайлик:

«...яқиндагина ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди; соғ қолган чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган; гўзал чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди; бу ифода уришиб қолишганда Вронскийга «Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз», деган ўша даҳшатли сўзни айтиб турганга ўхшарди...»

Бу баёндаги «Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди», деган тасвирга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Ишқ-муҳаббат деган баҳона билан оиласига хиёнат қилган, ибосиз ҳаёт кечирган аёлнинг жасади бегоналар кўзи олдида уятсиз ҳолатда ётибди. Бу ҳам ибосиз ҳаёт учун берилган бир мукофот эмасми! Энди бу тасвирга диққатингизни тортамиз:

«...Ҳожи Кумушнинг бошига келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёқ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланган юзини кўрди ва ва манглайини босди...

- Ойим... Ойим!- деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.

- Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг!

Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:

- Худо шифо берар, болам!

Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётгач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди:

- Ойи... дада... - сўнгра,-бегим, - деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди....»

Устоз Абдулла Қодирий қаламларидан кўчган бу тасвирнинг ҳар бир нуқтасига диққат билан разм солайлик. Биз истаймизми, истамаймизми, оила масаласини англашда ғарб ва шарқ тушунчалари орасида кескин фарқлар борлигини тан олишга мажбурмиз. Буни юқоридаги икки баён ҳам тасдиқлаб турибди.

Кумуш «эрининг юзини юзига қўйди, уялгансумон кўзини юмди...» Бу ҳолат оддий муҳаббат тасвири эмас, балки ўлими олдидан ҳам эрининг мартабасига риоя қилинишининг ифодасидир. «Исломда инсонга сажда қилиш йўқ. Агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим», мазмунли ҳадиснинг маъносида аёл киши эрига бутунлай итоат этиши лозимлиги англашилади.

Эри қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши шарт. Шарқдаги оилалар асрлар бўйи шу одат бўйича яшаганлар. Бу одат бузилган онларда шу оилада ихтилоф чиққан. Ҳозирги кунимизда аёлларимиз ёшлик қилибми, ёки ғарбнинг таъсиридами, бу одатни рад этишга интилишади. Эр чақирганда «ҳозир» деб қўядилар-да, ишларини қилаверадилар. Бирон иш билан машғул бўлишса, узрлидир, лекин телефондаги узундан узоқ гапларини бас қилмасликлари, телевизордаги Мексиканинг беҳаё фильмларидан кўз узгилари келмай ўтиришлари айб саналади. Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ, ёш оилаларнинг қўйди-чиқдиларида иштирок этганимда деярли ҳар бирида хотинга нисбатан шу айб айтилади. Бу ўринда «демак, эр хўжайин, хотин – чўри мартабасидами?» деган фикрдан узоқ бўлиш керак. Эрга хизмат қилиш чўрилик эмаслигини тўйдан олдин қизларимизга яхшилаб тушунтириб қўйишимиз керак. Афсуски, биз қизларимизга сеп тўплашга берилиб кетиб, одоб бойлигини беришни унутиб қўямиз. Оиладаги эр ўрнини тўрт-беш эркак бамаслаҳат белгилаб бермаган. Бу мартаба Аллоҳнинг иродаси: «Эркаклар хотинлари устидан (оила бошлиғи сифатида) раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-ҳаражат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сурасидан). Қаердаки, Аллоҳнинг бу иродасига қарши чиқилса, ёки ислоҳ этишга уриниш бўлса, билингким, бу оилани аввало тотувлик тарк этади оқибат эса ажралишгача бориб етади. Янги турмуш қураётган фарзандларимизнинг барчаси бу оятни билишлари керак. Чунки мазкур ояти Каримада оиладаги эр билан хотиннинг ўрни аниқ белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат саналмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Фарзанд тарбиялаётган ота-она буларни билсалар ва билдирсалар яхши. Турмуш қураётган қиз ёки йигит бу фазилатдан бехабар бўлса, никоҳ ўқиётган домла яхшилаб тушунтириб қўйиши шарт. Афсуски, домла-имомларимиз ёдлаб олганлари араб тилидаги қисқа хутба билан чекланадилар (бу ҳақда яна сўз юритамиз). Улар қуйида зикр этилувчи одоб дарсини ёшларга етказа олсалар қанчалар яхши!

Эзгу зотли Ҳафса бинт Умар яхши хулқли Фотимага дедиларки:

- Сен нечун эрингга бу қадар бўйсунурсан?

Ҳазрати Фотима айтдиларки:

- Менинг эримга бўйинсиниб хизмат этмагимдан муроду мақсадим Тангри таолонинг ризосидир. Шу аснода эримнинг даъво қилмиш нарсаси ҳам тугайди. Яъни эримга кўп хизмат қилмоғим Аллоҳ учундир. Шу йўсин мен эримнинг дунё ва охират даъвосини адо этаман. Бунинг учун эрим мендан хушнуд бўлади.

Яна дедиларки:

- Бир хизмат билан икки тоат енгил бўлди. Бири – Аллоҳ ризолиги. Иккинчиси – эримнинг шод бўлгани. Киши бир хизмат билан бундай улуғ савобларга муяссар бўлгач, нима учун Аллоҳ буюрганга бўйинсунмас экан? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло хотинларга эрларига бўйинсунмоқни буюради.

Демак, оилада эрнинг аёлига нисбатан ўта жиддий ўз масъулияти бор экан. Аёлнинг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланишига масъул эканликларини унутган айрим эрлар борки, уларни ғафлат уйқусидан уйғонишлари вақти келмадимикин? Такрор ва такрор эслатамиз: оилани моддий жиҳатдан таъминлаш эрнинг вазифаси. Ҳатто бирон сабаб билан аёл болани эмизишни хоҳламаса, эмизадиган энага топиб, болани улғайтириш ҳам эрнинг бурчи. Ислом дини оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради. Эр-хотиннинг бир-бирларига муносабатлари аниқ белгилаб берилган. «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди» (Бақара сурасидан). Эр кучли-қувватли деб, аёлнинг эр тарафидан таҳқирланишига йўл қўйилмайди; айни чоқда аёлнинг ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди. Баъзи бир эрлар дейишсаки: «Мен хотинимнинг ҳаққини билмайман. Мен хўжайинман. Икки гапнинг бирида сўкмасам, хумордан чиқмайман. Урмасам, қўлим қичиб туради». Шундайми? Яхши, истагингизни қилаверинг биродар. Аммо бу учун охиратда албатта жазога тортилишингизни унутманг. Аллоҳ бизларни огоҳлантиради: «У кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию бола-чақасидан ҳам қочур». Ажаб! Нега охират куни эр ўз хотинидан қочар экан, ўйлаб кўрмаганмисиз? Чунки фоний дунёда уни ноҳақ урди, унга тўғри йўлни кўрсатмади, моддий таъмин этмади... Энди вақт келдики, хотин ҳаққини талаб этади. Агар шундай бўлишига ишонмасангиз, қандай яшагингиз келса, яшайверинг. Аллоҳ ҳозирча ихтиёрингизга қўйибди. Охират шундайки, бу дунёда қул мартабасида яшаганлар хўжайинидан кўра юқорироқ даражага етишади. Бу дунёда керилиб юрган жаноблар менсимагани, сариқ чақага олмагани, ҳақоратлагани, хўрлагани, қул ўрнида кўргани одамнинг ҳам шафоатига муҳтож бўлиб қолади. Хотини ҳақига риоя қилмаган эрнинг оқибати ҳам шундан ўзгача бўлмайди. «Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан меҳр-шафқат ила муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Хотинлар сизларга Парвардигорнинг омонатидир». Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Вадо хутбаларидаги бу васиятни ҳар бир эр доимо дилида сақлаши ва амал қилиши шарт. Бу Парвардигорнинг омонатларига хиёнат қилишдан ўзни сақламак керакдир, дегани бўлади.

Эшитган эдим, ростми ёлғонми, билмайман: лўлиларнинг қайси бир уруғида тўй чоғи куёв бола гулхан атрофида ўтирар экан. Келин эса бўйнига хуржун осиб олиб унинг атрофида айланиб «Ўлгунимча сени боқаман», деб қасам ичаркан. Шу зайлда уч марта айланиб, қасам ичгач, куёв унга уйланишга розилик бераркан. Бозорларда катта-катта ва оғир-оғир халталарни кўтариб юрган аёлларимизни кўрганимда шу одат эсимга тушади. Бизда никоҳ чоғи эр зиммасига оила ташвиши юкланади. Агар узоқ сафарга отланса ҳам, таъминотни мукаммал қилиб кетиши керак. Аёлларнинг рўзғор ҳаражатларини кўтариб чиқишлари эр учун бир уят бўлса, тижорат мақсадида бегона юртларга бегона эрлар билан юбориши ундан баттар уятдир. Тижорат мақсадида узоққа борган аёлларимиз ҳақида турли миш-мишлар юради, биз уларни маъқулламоқчи эмасмиз. Агар шундай десак, покиза опа-сингилларимизга туҳмат қилиб қўйган бўламиз. Лекин ризқ қидириб узоққа бормаслик ва танмаҳрамсиз юрмаслик ҳақидаги буйруқларга амал қилсалар, ўзларига нисбатан ортиқча гап орттириб олмайдилар. Ундан ташқари бизни ранжитадиган нарса – аёллар мусофирликда қийналиб, оғир юклар кўтариб юрадилар, йўл азобини кўрадилар, ўз масъулиятига риоя қилмаётган эрлар эса чойхонада ошхўрлик қилиб ётадилар.

Ўтган асрда Европада эр-хотин ўртасида тенгҳуқуқлилик деган масала кўтарилди. Совет жамияти бунга алоҳида эътибор берди. Аммо аёлларни эрлар билан тенгҳуқуқли қиламан, деб уларни аксинча чўридан баттар ҳолатга айлантирди. Тенгҳуқуқлилик дегани эр нима иш қилса аёл ҳам бажарсин, дегани эмас. Эр қурилишда ғишт терди – аёл ҳам, бетон қуйди – аёл ҳам, трактор минди – аёл ҳам. Бу ўтакетган инсофсизлик-ку! Европада кўтарилган масала бошқача эди. Ўтган асрларда заводда айнан битта ишни бажарган эрга кўпроқ, аёлга эса камроқ ҳақ тўланган. Аёллларнинг халқаро ҳаракати ҳақ тўлашдаги тенгҳуқуқлиликни талаб қилган. Афсуски, тенгҳуқуқлиликни нотўғри тушуниш ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Ўрни келганда айтиб кетайлик: штанга, кураш, бокс, футбол... каби спорт турларида қиз-жувонларнинг қатнашишлари бизнингча, дуруст эмас.

Агар диққат қилиб кузатсак, баъзи жамиятларда адолатли мувозанатларнинг бузилиши кузатилмоқди. Ғарбда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган. Юз йил аввал Анна Каренинага ўхшаганлар бармоқ билан санарли бўлса, энди кишининг ақли ҳисобдан адашиб кетади. Бундай ҳолатларни биз хорижга қилган сафарларимиз даврида ўз кўзимиз билан кузатдик. Ғарбнинг кинофильмлари ҳам фикримизни исботлайди. Ғарб аёллари ўзларини эрлар билан тенг ҳуқуқли деб билишади. Ҳоланки, оилада эр ва аёлнинг ўз ўрни мувозанат ва адолат билан белгилаб берилган. Бу мувозанат бузилган жамиятларда «эркин муҳаббат» деган аҳмоқона, айтиш мумкинки, ҳайвонларга ҳос тушунчалар туғилди. Яъни эр-хотин биргаликда яшайверади, аммо хотин кўнгли тусаган эркак билан, эр эса кўнглига ёққан аёл билан зино қилаверади. Агар бола туғилса, қайси эрдан туғилганини аниқлаш учун ирсият соҳасидаги мутаҳассисларга мурожаат қилишади. Бу ҳам етмагандай, эркакнинг эркак билан аёлнинг аёл билан никоҳларини расмийлаштириш бошланди ва бу ҳайвоний қўшилишни ҳам муқаддас ном – «оила» деб атаяптилар. Бу ҳам майли, ана шу “оила”нинг бола асраб олишига ижозат берилаётганига нима дейсиз!? Улар болани қай йўсинда тарбия этар эканлар? (Бу ҳақда кейинроқ яна фикрлашамиз.)

Ислом динининг жинсий муносабатлар хусусида ғоятда маъқул, ниҳоятда мақбул тавсиялари бор. Биринчидан, никоҳ суннат ва савобдир; никоҳланган кишининг савоби ортади. Уйланган киши уйига бир ҳисса егулик ва ичгулик олиб келса, етти юз ҳисса савоб берилади. Рўзғор тебратиш учун қилинган сарф-ҳаражатлар жиҳод қилиш билан баробар ҳисобланади (яъни, «жиҳод» деганда фақат уруш назарда тутилмайди, савоб фақат уруш туфайли ҳосил бўлмайди, бунга аҳамият бермоқ жоиз). Ҳатто никоҳдаги эр-хотиннинг жинсий алоқасида ҳам савоб бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) шу ҳақда гапирганларида саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, биз нафсимизнинг, шаҳватимизнинг орзусини қондирамиз, бундан ҳам савоб ҳам топамизми?» деб сўрашганларида жавоб бердиларким: «Албатта! Шундай қилмасангиз, гуноҳ йўли билан қондиришингиз мумкин... Шунинг учун ҳам савобдир».

Исломда инсон табиатига, фитратига, яратилишига ғоятда мос бир ҳатти-ҳаракат мавжуд. Эрнинг хотини ёнига узоқ муддат яқинлашмаслиги ҳам дуруст эмас. Чунки у аёлнинг ҳам жинсий хоҳишлари бор, унинг ҳам эҳтиёжларини қондириш керак, деган маънода адолат қилишга чақирганлар. Шунинг учун исломда шаръий жинсий муаммога эътибор беришган, уни асло айб санашмаган. Баъзан эр-хотиннинг ажралиши сабабларини диққат билан ўргансангиз, оилани бузилишига олиб келувчи жиддий ҳолатларни учратмайсиз. Бизда оиланинг бузилишига айнан жинсий муносбатлардаги етишмовчиликлар ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги сира айтилмайди. Бу айб саналади. Ҳатто айрим эрларнинг ёки аёлларнинг зинога юриб кетишларига ҳам бир-бирларидан қониқмаганлари сабаб бўладики, буни эътибордан четда қолдириш мумкинмас.

Шаъбий (р.а.) айтадилар:

«Бир аёл ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб: «Эй амирал мўъминин, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар», деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва: «Эй мўъминларнинг амири, мени кечиринг», - деди.

- Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.

Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сур (р.а.) дедилар:

- Эй амирал мўъминин, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.

- Аёлнинг қандай шикояти бор эди?

- Аёл эридан «завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир», деб шикоят қилмоқчи эди.

Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:

- Ораларида сен ҳакамлик қил-, дедилар.

- Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?

- Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар ҳалифа.

Шунда Каъб халиги одамга:

- Аллоҳ субханаҳу ва таоло эрларга хитобан: «агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар», дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.

Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:

- Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир, - дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар».

Бу ривоятда гўзал бир донолик ҳам чарақлаб турибди: ҳазрати Умар эрга тўғридан-тўғри «эрлик вазифангни бажар», деб амр қилмадилар ва буни доно биродарларига топширдилар. Каъб ҳам ўта нозиклик билан тушунтирди. Чунки у киши ҳам «ибодатларингни йиғиштириб, хотининг билан бирга бўл», дея олмасдилар.

«Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмасдир», дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айш-ишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун уйланмайдиларми? Шу ниятда энг сулув қизларга етишмоқ учун не-не шумликлар қилмайдилар? Бу шумликнинг оқибатини биз «оила» дея олмаймиз. Баъзилар эса бой бўлиш мақсадида бой хотинга тузоқ қўядилар. Бунинг натижаси ҳам «оила» эмас. Яна бир ҳил одамлар фарзандталаб бўладилар ва шу мақсадда оила қурадилар. Баъзи одамлар гуноҳдан сақланиш учун уйланадилар. Яна бир қанчалари уй-рўзғор, саранжом-саришталиклари учун уйланадилар.

Оила қуришда улуғ савоблар борлигини яна таъкид этамиз. Шундай инсонлар борки, савоб учун атайин уйланишади, савоб истагида турмушга чиқишади. Бир илмли одам бир қизни сўраб совчи юборади. «Аллоҳнинг амри, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига мувофиқ қизингизга уйланмоқчилар. Биз розилигингизни олмоққа келдик», дейишади совчилар. «У киши жонимни сўрасалар, жонимни берай, аммо қизим у зотга муносиб эмас. Чунки қизимнинг икки оёғи шол. У муҳтарам зотга эса хизматларини адо этувчи соғлом жуфти ҳалол керак», дейди қизнинг отаси узр билан. Совчи қўйган киши қизнинг аҳволидан хабардор эди. «Бу қиз ногирон бўлгани сабабли унга ҳеч ким уйланмайди. Мен шу бечорага уйланиб, кўнглини кўтарай», деган қароридан қайтмайди.

Шунга ўхшаш бошқа воқеа: Шуҳрат Умаров исмли шоир бўлардилар. (Аллоҳ раҳмат этсин!) Шуҳрат ака талабалик йилларида йиқилиб, беллари майиб бўлиб ётиб қолган эдилар. Бу ҳолдан хабар топган шоира синглимиз Насибахон тақдирларини шу ногирон шоир тақдири билан боғлашга қарор қилдилар. Ёш ва гўзал қизнинг бу қарори кўпчиликни таажжубга солди. Таажжубланганлар Насибахоннинг ташқи гўзалликларини кўрардилару аммо қалб гўзалликларини, иймон гўзалликларини ҳис қила олмасдилар. (Биз шунақамиз: ногирон фақат ногирон билан турмуш қуриш керак, деган бемаъни тушунча билан яшаймиз. Соғлом йигит шол ёки кўзи ожиз қизга уйланса ажабланамиз. Гўзал қиз ногиронни севса ишонқирамаймиз. Демаймизки, Аллоҳ розилиги учун қилинаётган бу амаллар нақадар гўзал!) Шуҳрат ака билан Насибахонга Аллоҳ солиҳ ўғил фарзанд берди. Шуҳрат ака ҳали ёш ўғилларига «онангни Ҳаж ибодатига олиб борасан», деб васият қилган эканлар. Беҳзод улғайгач, ота мерос автомашина сотилиб, васият бажарилди – Аллоҳ она ва болага улуғ ибодатни насиб этди. Насибахоннинг бахтларини айнан шу оилада топганларига ишора эмасми бу!

Улуғлик деганимиз ҳам шу, қаҳрамонлик деганимиз ҳам шу! Оиланинг муқаддас тушунча эканига ҳам мисол шу.

«Уйланишдан олдин иккала кўзингни катта оч, уйланганингдан кейин биттасини юм», деган тагдор бир ҳикмат борки, кўпчилик унга амал қилмайди. Аввало, йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам кўзларини катта очишларига ота-оналари йўл қўймайдилар. Кейин эса ёш хотиннинг ҳаракатларини кузатишда битта кўзни юмиш ўрнига тўрт-бешта кўз билан қарай бошлайдилар. Аҳмад Дониш айтган эканларким: «Агар келин-куёв бировларнинг гапларига, фисқу фасодларига кирар эканлар, уларнинг ширин турмушлари бузилади, ораларига совуқлик тушади».

Йигит ва қиз ёстиқдош бўлгунларига қадар бир-бирларининг одатлари, феъл-атворлари ва руҳиятларини мукаммал ўрганишмаса, оилани бахтиёрлик пойдеворига қуришлари осон бўлмайди. Чунки яхши оила қуриш учун биргина муҳаббат кифоя эмас. Орада дўстлик ва ишонч ҳам бўлиши керак. Шундай оилаларни учратамизки, эр-хотин бир-бирини севади, турмуш қуришни эса билмайди. Оила қуришда маълум босқичларда биргаликдаги кураш, машаққатларни биргаликда енгиб ўтиш талаб этилади. Дейдиларки: «Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади». Яъни бир-бирига кўнгил қўйган йигит ва қиз унча-мунча хато ва камчиликларни сезмайдилар, сезсалар ҳам эътибор бермайдилар. Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлса, оиланинг кўзлари ҳамиша очиқ бўлади. У ҳатто тунлари ҳам юмилмайди. Илгари арзимас ҳисобланган камчиликлар жиддий аҳамият касб эта бошлайди. Ота-оналарнинг эса бошлари қотади: ахир бир-бирларини яхши кўришарди-ку? Йигит «шу қиздан бошқасига уйланмайман», деб қанча «номзод»ларни рад этган эди-ку? (Қиз ҳам бошқа йигитларни хушламаган эди!)

Бир-бирини билиш – бир-бири ҳақида ҳамма нарсани билиш эмас. Бу бир-бирига нисбатан ишончли ва ёқимли муносабатда бўлиш, бир-бирига ишониш демакдир. Одам бошқа шахснинг руҳий оламига бостириб киришга уринмаслиги керак. Аёл билан танишиш учун бир неча дақиқа етарли, уни яхши билиш учун эса йиллар керак. Айрим «доно»ларнинг фикрича, аёлни тўлиқ билиш учун у билан ажралиш керак экан. Албатта, биз бу фикрни ҳазил маъносида қабул қиламиз. Лекин, айрим эр-хотинлар ажралишиб кетишганларидан сўнг, айниқса бошқа оила қурганларидан кейин бир-бирларининг қадрларига ета бошлайдилар. Аксарият яхши эрнинг қадрига етмаган хотинга Аллоҳ янада золимроқ эрни, солиҳа аёлнинг қадрига етмаган эрга эса куйдиргувчи хотинни рўпара қилиб қўяди. Чунки эр ёки хотин шайтон васвасасига кириб, Раҳмон йўлини унутганлари учун шундай жазони олишлари тайин. Аллоҳ буюрадики: «Эй иймон келтирганлар! ...улар (хотинларингиз) билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар» (Нисо сурасидан). Аллоҳ иймон келтирганлар, деб мурожаат этяпти. Демак, иймон келтирдингми, энди иймон шартларидан бири бўлмиш оиланг ҳаққига риоя қил, тотув яша. Бўлар-бўлмасга жанжал чиқарма. Хотинни (ёки эрни) янгилашга ошиқма. Оилани қайта-қайта бузиш иймонсизларга хосдир.

Европаликларда «эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёллар эса эрлар учун сўнггиси бўлишни орзу қиладилар», деган гап бор. Бир қараганда ақлли гапга ўхшайди. Аммо бу ўша томон учун ақлли, уларнинг оила ҳақидаги бузуқ тушунчаларига мос келади. Дейилмоқчики: эр уйланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига ҳалол юрса бас. Хотин эса «эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин», деб орзу қилади. Эътибор беряпсизми, орзу қиляпти! Исломда эса бундай бузуқ ҳолда оила қуриш ман этилади. Оила номусига гард ҳам қўнмаслиги керак.

Ҳозирги кунимизда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетган. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас деб ҳисобланган. Оилага «эркинлик» мартабасини берилиши жамиятни ҳам бора-бора издан чиқаради. Чунки «эркинлик» тушунчаси «нима истасанг қилавер», дегани эмас. Аллоҳ «мендан уялмасанг, нима истасанг қилавер», деб бекорга огоҳлантирмаган. Аллоҳдан уялмадими, демак, ота-онасидан ҳам, қариндошлари, атрофидаги бошқа одамлардан ҳам уялмайди, кенгроқ маънода олсак, жамиятдан уялмайди. Уялмадими, жамият олдидаги бурчини унутади. Жамият қонунларидан юз ўгирган оилалар кўпайса, бу жамиятнинг ҳолига вой эмасми!

Ғарбда бугунги кунда оила бобидаги бир қанча бузилишлар мавжуд:

* одамни ҳайвондан ажратиб турувчи нарса онгли равишда покиза оила қуриш. Оила деганда биз эр ва аёлнинг қўшилувини англаймиз. Лекин эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг қўшилувини «оила» деб аташ одамзотни ҳайвонот олами билан теппа-тенг қилиб қўймайдими? Бу фикрни иккинчи бор қайта таъкид этишимиз бежиз эмас. Бу ҳолатни ҳайвонот оламига ўхшатяпмизу, аммо урғочи билан урғочининг, нар билан нарнинг қўшилуви ҳайвонларда ҳам йўқ. Эркакнинг эркакка интилиши кўп юз йиллардан бери мавжуд, бироқ, жамият бундайдлардан нафратланиб келган, кўпайишига йўл қўймаган. Лут алайҳиссалом қавмларига юборилган офатни эсласак кифоя қилар? Эндиликда эса бундай «оила» қуришга айрим мамлакатларда қонун йўли билан рухсат берилди, яна айримларида шунга интилиш бор.

* оила қурмай якка-ёлғиз яшашга интилиш кучли. Маълумотларга кўра, жаҳон бўйича америкаликлар бу соҳада ҳам пешқадам эканлар. Эркакнинг ёки аёлнинг оила қуришдан бўйин товлаб, ёлғиз яшаши ҳам оқибатда жамиятни жар ёқасига келтириб қўяди. Илгарилари собиқ иттифоқнинг европа қисмида шундай одамлар рағбатлантириларди. «Мать одиночка» деганлари бўларди. Яъни боланинг онаси бору отаси йўқ. Бу хонимча мутлақо оила қурмасдан кимдандир бола орттирганлар. Шу учун унга навбатдан ташқари уй беришгача борганлар. Мана энди Россияда аҳоли кескин камайиб кетяпти, деб бонг уриб ўтиришибди. Ўтмиш ғарб файласуфларидан Энгельс хотиннинг эрга бўйсуниши фақат иқтисодий қарамликка боғлиқ. Яъни, эр моддий таъминотчи, агар хотин ўзини ўзи таъминлай олса, эрга бўйсунмай қўяди, деган ғояни илгари сурган эди. Бу ғоя орадан юз йил ўтиб, ўша томонларда ўз исботини топяпти. Лекин бу ғояни ҳаётий ҳақиқатга асосланган, деб бўлмайди. Қайсики оилада руҳий-маънавий тушкунлик ҳукмрон бўлса, бу ғоя ҳам яшайди. Танҳо яшовчи одамнинг (у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин) ҳаёти қанчалик яхши таъминлаганидан қатъи назар қашшоқликдан иборатдир.

* биз томонларда оила бузиладиган бўлса, эр талоқ қилади ёки хотинни эр ташлаб кетади. Европада эса акси: эрни хотин ташлаб кетади. Русларда «Брошенний муж» деган ибора бор. Уларда хотини ташлаб кетган эр нима қилиши керак, деган муаммо ҳам мавжуд. Хотин эрни ташлаб кетди, дегани отасининг уйига бориб турибди, дегани эмас. Хотин эрни нима учун ташлайди? Севмай қолгани учун. Уларда севиб қолиш ҳам осон, севгидан айниш ҳам осон. Хотинга бошқа эркак ёқиб қолса, эрига: «ранжимагин, мен бошқани севиб қолдим», деб кетаверади. Бу ўринда оила фақат бузуқлик туфайли бузилади.

Биринчи ҳолат ҳам, иккинчи-учинчиси ҳам юқимли хасталикка ўхшайди. Тез тарқалади, давоси эса ғоят мушкул. Оқибат эса миллатнинг йўқ бўлиб кетишигача олиб бориши ҳеч гап эмас. Демоқчимизки, бизда ҳам бу касаллик нишоналари кўриниб қоляпти. Зийракликни бой берсак, кечикиб қолишимиз мумкин. Қишлоқларда сезилмайди, аммо шаҳарларда эрдан ажралганидан кейин «агар эр шунақа бўлса, бети қурсин, жонимни қийнамай, эрсиз ўтаман бу дунёдан», деб бошқа турмуш қурмай яшовчи аёллар сони камаяётгани йўқ. Биз бу аёлларни бузуқликда айблашдан йироқмиз. Лекин оила билан яшасалар, ўзлари учун ҳам, жамият учун дурустроқ бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, агар ким «фалончининг қизи эрдан ажраб кўп қаватли уйда ёлғиз яшаркан», деб эшитса, хаёлига дарров шум фикр келади. Қўшни аёллар ҳам ёлғиз яшовчи бу хотинни тинмай кузатишади. Агар бирон бегона эркакнинг меҳмон бўлганини билишса, тамом «достонлар» битилаверади.

Турмуш қурмай ёлғиз яшаш ғарбликлар учун янгилик эмас. Насроний дини тобелари орасида таркидунёчилик одати бор. Насронийлар бунинг учун махсус дайр (роҳиблар яшайдиган монастир)лар қурадилар. Роҳибларга уйланиш, роҳибаларга турмушга чиқиш ман этилади. Улар «Уйланиш ва фарзанд орттириш кишини Ҳақ хизматидан ва Худога яқин бўлишдан четлаштиради», деган ақидага асосан турмуш қурмасликни комилликдан деб биладилар. Оила қуриш, унинг ташвишлари муқобилида эркин яшаш роҳати туради. Агар одамзот ихтиёри ўзида бўлганида шу роҳатдан бошқасини истамаган бўларди. Аммо Яратган Аллоҳ ҳам эр, ҳам аёл мижозига шаҳватни қўшиб берканки, ана шу шаҳват тақозосига кўра бирга бўлишни истаб, оила қурадилар. Шу сабабли башарият насли Аллоҳнинг иродасига кўра охиратгача сақланиб қолади. Шаҳват тақозоси деганимиз бир сабаб. Аслида оила қуришни, насл қолдиришни Аллоҳ ирода этган, бандаларга фарз қилган. Бақара сурасида бу хусусда шундай маъноларни ўқиймиз: «Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади. (бу сўзлар билан Қуръон эр-хотиннинг яқинлашувидан биринчи муддао – фарзанд талаб қилиш эканига ишора қилмоқда) Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва ҳосили – фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Аллоҳдан қўрқинг, унинг қаҳрига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилманг. Эй Муҳаммад, саодат муждасини (жаннат хушхабарини) иймонлиларга бергин». Демак, уйланиш ва оила қуриш иймон талабларидан бири экан. Буни дунёвий мисол билан шарҳласак: бир одам ижарага ер олди, деҳқончилик қиламан, дегани учун унга банк маблағ ҳам берди. Аммо бу одам ваъдасига хиёнат қилди. Ерга қарамади, маблағни бошқа нарсага сарф қилди. Мамлакат қонунига кўра у жиноий жавобгарликка тортиладими, қамаладими? Демак, эрлик қувватига эга одам бу қувватни ишлатишда Лут қавмига ўхшаса ёки бошқа бузуқликлар қилса, Аллоҳ белгилаган қонунга хиёнат қилган бўлади ва шунга яраша жазосини олади. Анас (р.а.) ривоят қилган бир ҳадис бор. Набий (с.а.в.) дедиларким: «Худо ҳаққи, мен сизлардан ҳам кўпроқ парҳезкор ва Аллоҳдан қўрқадиган одамман, лекин рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Ким бу суннатдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас». Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган кишидир», деб марҳамат қиладилар. Уйланишни истамаганлар илоҳий қонунларга қарши иш тутганлари сабабли Пайғамабаримиз алайҳиссалом шундай қаттиқ ҳукм чиқарганлар. Саид Абу Ҳилол (р.а.) ривоят қилишларича, Набий (с.а.в.) «Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан», деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса, олимлари: «Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!» деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 милён, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 милён экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 милёнга етибди. Франция аҳолиси эса 39 милёнга етибди. Бу дегани 80-90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 милён ошганлари ҳолда французлар 11 милёнга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: «Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз – французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак». Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом этирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 милён, Германияда 76,5 милён Францияда эса 53 милённи ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60-70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай, уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи миллионлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримизнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглизларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганларнинг йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этяптилар.

Мазкур рисола оққа кўчирилаётган пайтда Германияда чиқадиган «Вельт» газетаси ўтказган бир тадқиқот билан танишиб қолдим. Бу тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст бўлган. Сўровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандлигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукумати фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти. Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. «Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?» «Берлинер цайтунг» газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйибди. Яқинда тарқатилган хабарга кўра, Европаликларнинг ўртача ёши 50-55 экан. Бу ёшлар кам, демак, келажак йўқ, дегани эмасми?

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида русларда бир қўшиқ машҳур эди. Қизалоқ номидан айтилувчи ашуланинг маъноси: “Менинг укачам йўқ, сингилчам ҳам йўқ менинг. Мен бувимникида яшайман. Ота-онам меҳмонга келиб туришади. Яна юз йилдан кейин боласиз яшаш расм бўлса, нима бўларкин, оҳ! Ота-онанинг иштирокисиз укача, сингилча ясаб олиш мумкин бўлсайди...” Ақл билан ўйлаб кўрилса, бу ўйинқароқ қўшиқ замирида фожиа бор. Саксонинчи йилларнинг ёшлари бу фожиани фаҳм этмай, эчкидай диконглаб рақсга тушардилар. Қўшиқда хавотир билан айтилган юз йилга ҳожат қолмади. Фожиа тез орада юз оча бошлади. Ўша давр машҳур қўшиқчисининг бир қизи, санъатдаги шуҳрат пиллапоясига кўтарилаётган бир набираси бор. Аммо, бугунга келиб у ёлғиз яшайди. Унинг бахти шундаки, набираси ҳафтада бир қўнғироқ қилиб тураркан. Мухбирнинг “ёлғиз яшаш оғирми?” деган саволига жиддий равишда “Нега ёлғиз бўларканман, тўртта итим бор”, деб жониворларни ўз суюкли фарзандидай бир-бир эркалаб чиқди. Ғарбда буни ҳам “оила” дейдилар. Яқинда Россиядаги “қўшиқ қироли” деб ардоқланувчи санъаткорни ота бўлгани билан табриклашди. Ажабки, ота бўлмиш ўзининг қизини ҳам, қизнинг онасини ҳам кўрмаган. Гап шундаки, фан тараққиётидан ўзларича фойдаланаётган айрим нодонлар бола кўришнинг янгича, илмий йўлини кашф этдилар. Ота бўлмишнинг уруғи катта пул эвазига она бўлишга розилик берган аёл бачадонига юборилади. Она бўлмиш ҳомиласини тўққиз ой кўтариб юриб, ўзи танимаган отага фарзанд туғиб беради. Ҳомилани кўтариб юришни, туғиш азобини, фарзанд тарбия қилиш машаққатини кўришни истамаган аёллар ҳам шу йўлни танлаяптилар. Энди махсус идишларда уруғлаб урчитилиб, бошқа аёл бачадонига юборилади. У хотин туғиб беради, бу хоним эса “она” бўладилар. Нақадар тубанлик! Аслида “ваҳшийлик” демоқчи эдим, ўйлаб қарасам, ваҳший ҳайвонлар бу тубанликка бормас эканлар. Агар лаънатларим уларнинг қулоғига етиб боргудай бўлса, нега ўша одамларни таққослаб, бизларга туҳмат қиласиз, деб юборишармикин? Бизлардан наридаги мамлакатларда юз бераётган нохуш воқеаларни тилга олишдан мақсад: ҳар қандай ёмон қилиқ юқумли касалликка ўхшайди. У томонларда бошланган касаллик, агар олди олинмаса, биз томонларга бир неча соатда етиб келиши мумкин. Қизлари кияётган беҳаё кийимларни кийиб юрганларни кўрмаяпмизми? У томонларда бошланган “одам савдоси” бизларга етиб келмадими? Шу боис ҳам зийрак бўлишимиз керак.

Юқорида Россия аҳолисининг камайиб боришидан мамлакат раҳбариятининг ташвишланаётганини баён қилиб эдик. 1982 йилда Латвияда бўлганимда, шу ерлик бир ёзувчи «яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди», деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир милённи ташкил қилар, туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фарзандни дунёга келтириши керак. Иккита фарзанд – ўринга ўрин қолди, демак. Битта фарзанд – миллатнинг кескин камайишидан дарак. Фарзандсиз оила – миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, кўпайиш жиҳатдан суръати тез миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йиғилишиб, талай халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар.

Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилишга даъват қилиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди. Рим папаси ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтирмоқликдан сақланиш шарт. Хулоса чиқадики, фарзандлар балоғат ёшига етганида уларни уйлантириш (турмушга узатиш) ота-она зиммасидаги фарз, бажарилиши шарт бўлган вазифа. Агар ота-она вафот этган бўлса, бу фарз яқин қариндошлар зиммасига ўтади. Агар улар ҳам бўлмаса, бу вазифани маҳалла, қўни-қўшнилар, дўстлар бажарадилар. Ҳозир айрим ота-оналар баҳона топадиган бўлиб қолганлар. «Аввал ўқишини битириб олсин», «Бир-икки йил ишласин»... Ўқишни битириш, ишлаш орқага сурилса зарари йўқ. Лекин уйланиш – табиий зарурат, уни орқага суриш оила учун уятли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Тўйсиз, никоҳсиз, ота-она розилигисиз уйланиб олаётганлар бошқаларга ибрат бўлмайдими? Бир биродаримиз қизига келаётган совчиларни сабабсиз қайтараверар экан. Айтишича, қизига ҳали мебел олмабди. Шу қизи севган йигити билан мебелсиз, энг муҳими, ота-она розилигисиз никоҳдан ўтиб олса, кимни айблаш керак бўлади?

Оиланинг барпо этилиши гўзал ҳодиса: тўю тамошалар билан нишонланади, бу кунларга йиллаб тайёргарлик кўрилади. Барбод этилиши эса хунук манзара, бунга ҳам узоқ ойлар ёки йиллар тайёргарлик кўрилади. Фақат одамнинг ўзи буни сезмайди. Ҳеч ким озгина бирга яшаб, кейин ажралишиб кетайин, деган мақсадда оила қурмайди. Лекин...

Лекин нима учун оила бузилади? Бунга аниқ бир жавоб бериш қийин. Ҳар бир ҳолатда ўзига яраша сабаб ёки баҳона бўлади. Лекин алоҳида бир сабабларни умумий тарзда бирлаштириб турувчи сабаблар ҳам мавжудким, шулар ҳақида фикрлашсак.

Сир эмас, оилаларнинг бузилиши ҳоллари бизда ҳам кўпайиб боряпти. Буни айримлар иқтисодий қийинчиликлар билан боғлашяпти. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Бу фикр бизни оилага хос бўлган асосий масалалардан чалғитиши мумкин. Яқин тарихимизда машаққати жиҳатидан ғоят тенгсиз ҳисобланувчи қаҳатчилик, очарчилик, қимматчилик, уруш йиллари бўлган. Бу балою офатлар машаққатларини ўз бошларидан кечирган отахонлар-онахонлар айтишсин: ўша оғир йилларда оиланинг бузилиши бугунгидай кўп бўлмаган-ку? Мен буни ўз оиламиз мисолида ҳам айтишим мумкин. Дадам раҳматли Марғилондан, аям раҳматли Андижондан Тошкентга ўқишга келишиб, шу ерда турмуш қурган эканлар. Беш фарзанд кўриб, барчаларини ўқитганлар. Камина бешинчи фарзандман. Қарийб йигирма беш йил мобайнида бизнинг ўз уйимиз бўлмаган. Ижара уйларда яшаб келганмиз. Оиланинг ягона бисоти эски сандиқ уйдан уйга кўчавериш натижасида шалағи чиқиб кетаёзган эди. Гилам деган матоҳни орзу ҳам қилмаганмиз. Мен ўша ўтмишни эсласам, «ҳаммамиз ижара уйларда туғилганмиз», деб ҳазиллашиб қўяман. Ҳолбуки, бу ҳазил эмас, ҳақиқат эди. Ҳукумат томонидан ҳовли берилиб, бир уй, бир даҳлиз қуриб, кўчиб келганимиздан кейин ҳам машаққатлар давом этган эди. Куз, қиш, баҳор чакка ўтган уйларда дийдираб яшардик. Мен бу ўринда шунчаки хотираларни баён қилаётганим йўқ. Бизга ўхшаб азобланиб яшаган оилалар жуда кўп эди. Лекин «қийинчилик важҳидан оиласи бузилибди», деган гапларни кам эшитардик. Ота-оналаримиз қурган оилани нима ушлаб турарди? Сабр-бардошми? Ажаб! Сабр-бардош билан яшаганларнинг набиралари энди никоҳга «мерседес», «лимузин»ларда боришни талаб қилишяпти. Майли, боришса боришсин. Биз фарзандларимизга қийинчилик тиламаймиз. Бобо, бувиларининг уйлари гилам кўрмаган бўлмаса, уларнинг уйлари қўша-қўша гиламлар билан тўлсин. Лекин бу моддий таъминот нима учун фарзандларимизнинг бахтли турмуш кечиришларини таъмин эта олмаяпти? Биз шу ҳақда кўпроқ ўйлашимиз шартга ўхшаб қолди. «Кимга яхши куёв учраган бўлса, у одам ўғиллик бўлибди. Кимга ярамас куёв йўлиққан бўлса, у одам қизини йўқотибди», дейдилар. Ҳудди шуни «Кимнинг уйига яхши келин келса, қизлик бўлибди, ёмон келин келса ўғлидан ажрабди», деб изоҳласак ҳам бўлади. Келин ва куёв танлаш ҳуқуқи биз – ота-оналарда бўлатуриб, нега шошиламиз, нега ўйламай қадам босамиз? Ёшларни-ку, ҳаётни билмайди, ғўр, деймиз. Ўзимиз-чи? Ўзимиз ҳам ҳаётни билмаймизми?

Бизда шу кунларда икки ҳил никоҳ мавжуд. Бири давлат томонидан расмийлаштирилади. Никоҳнинг муқаддаслигини ўзи ҳам ҳис эта олмаган, ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган гўзал хонимлар икки-уч дақиқанинг ичида ишларини бажарадилар. Диний никоҳимиз ҳам ундан қолишмайди. Домланинг қисқагина савол-жавоби билан хутбаси таҳминан шунча вақт олишини айтиб эдик. Бу оғриқли гапга яна қайтишимизнинг боиси, дуо қилгач ўзига аталган тугунни қўлтиқлаб, жўнаб қолувчи домламиз муқаддас ва муаззам сарой пойдеворини қўйишга восита бўлаётганларини ўзлари ҳам ҳис этмайдилар. Никоҳланган айрим ёшлар иймон калимасини ҳам билмайдилар. Исломдаги никоҳ ва оиланинг муқаддаслиги нималардан иборат эканини тасаввур ҳам қила олмайдилар. Кўпларининг фикрича, никоҳ жинсий алоқага руҳсатдан иборатдир. Жинсий алоқанинг ижозат этилган ва ман қилинган жиҳатлари мавжудлигини билмайдилар, тарбия берувчи оталари ҳам бундан бехабар бўлсалар эҳтимол. Хабардор бўлган тақдирларида ҳам ўғил билан бу мавзуда суҳбат қуриш одати бизларда йўқким, бу афсусли ҳолдир. Ислом илмидан оз бўлса-да хабари бор домла никоҳ чоғида Қуръон оятлари асосида бу хусусда маълумот бериб қўйиши шарт деб ўйлаймиз. Чунки ғарбнинг беҳаё фильмларини кўраётган ёшларнинг айримлари жуфти ҳалолларидан ўша кинода кўрганларига ўхшаш алоқани талаб қиладилар. Бундай алоқани ўзи учун шармандалик деб билган келинларнинг уйларига қайтиб кетиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Кетиб қолмаган тақдирларида ҳам, куёв боланинг ташқаридан нафсини қондиришга уриниши бошланиб қоляпти. Бизнинг ёш оилаларимизга ғарбдан шундай балолар даф қиляптики, биз катталар ғофил бўлмайлик. Бу ўринда, отанинг ўғлига насиҳати муҳим. Шу боис, азизлар, бу мавзуда сўз очиш уят ёки одобдан эмас, деган истиҳолага борманг. Тўғри, сиз дафъатан «сен шундай беҳаёлик қилаётган эмишсан», дея олмайсиз. Бунга асосингиз йўқ. Келинингиз ҳеч қачон сизга шикоят қилмайди. Агар шундай ҳолатлар юз бераётган бўлса, у онасига айтиши ва қудалар орқали маълум бўлиши мумкин. Лекин бундай ходиса юз беришини кутиб ўтириш шарт эмас. Ўғлингиз бундай беҳаёликдан узоқ бўлса ҳам, умумий тарзда «баъзилар кинода кўрганларини хотинидан талаб қилар экан, бу гуноҳ ҳисобланади» қабилида, эслатма тарзида айтиб қўйилса зарар қилмайди.

Никоҳ ўқиётган домламиз ёшларга талоқнинг маъносини ҳам англатиб қўйишлари керак. Кўпчилик талоқнинг маъносини билмай яшайди ва кунларнинг бирида ғазабланиб «уч талоқсан!» деб юборади. Шу бир оғиз ҳукм билан оила бузилади. Кейин ярашмоқчи бўлиб боришса, домламиз «уч талоқ» дебсиз, қайта никоҳланмайди, деб қаттиқ туриб оладилар. Бу масалада озгина мулоҳазамиз бор: бу оила шаръий ҳукмлар асосида яшамади, шариат нималигини билмайди, шунинг баробарида эр ҳам, хотин ҳам талоқ тушунчасидан бехабар. Эрнинг билгани: «уч талоқсан, уйингга жўна!» Хотин ҳам битта бўғчасини тугиб, боласини етаклаб, йиғи-сиғи билан отасиникига қайтаверади. Уларда «идда», «маҳр» деган тушунча ҳам йўқ.

Агар оила бузилса, биринчи галда хотинни айблашга кўникиб қолганмиз. Қайсидир биродаримизнинг ажралишганини эшитсак, «хотини ёмондир-да» деб қўямиз. Камдан-кам ҳолларда «ўзи ёмон-да» деймиз. Оила бузила бошлаётганини эшитсак «эр-хотиннинг орасига аҳмоқ одам тушади», деб ўзимизни олиб қочамиз. Бу таънани ноўрин деб биласизми? Унда эслаб кўрайлик-чи, қайси оилани ўнглаб қўйишга ҳаракат қилдик? «Баттар бўлмайдими!» баъзан шу тўхтамга ҳам келамиз. Ахлоққа доир кўп китоблар кўришга тўғри келди. Оиланинг бузилиши масаласи кўрилганда уларда ҳам асосий айб хотинлар зиммасига юкланади. Наҳотки эркаклар фаришта каби беайб бўлсалар? Кунда маст-аласт юрса ҳам эр «яхши». Хотинини дўппосласа ҳам эр «яхши» –хотин яхши бўлса калтак ермиди! Хотини топиб келганини совурса ҳам эр «яхши». Яхши... яхши... минг марта яхши! Ҳатто оиласига хиёнат қилиб, зино устида қўлга тушса ҳам эр «яхши». «Ҳа, энди йигитчиликда шунақа шўхлик бўлиб туради-да!»деб қўя қоламиз. Ҳеч маҳал «Аллоҳ зинони ҳаром қилган эди, бу гуноҳи учун тошбўрон қилиниши керак» демаймиз. Бу ўринда тошбўронни кўчма маънода, нафрат тошбўрони деб билсак, дуруст.

Аввалроқ таъкид этганимиздай, эркакнинг зиммасига моддий таъминот ва жисмоний ҳимоядан ташқари хотинига адолатли бўлиш, унинг ҳаққига риоя қилиш масъулияти юкланган. Хотин кечки овқатни пишириб қўйиб, эрнинг келишини кутади, эр иши кўплиги баҳона, бузуқликда юрмаса ҳам, ошналари билан чойхонада паловхонтўра билан тиллашадилар. Нима деймиз, бу адолатданми? Эр оилада ҳукмрон эканлигини яхши англайди, ҳукмрон мартабасида туриб, хотинига фақат қўпол муомала қилади. Хотиннинг ширин сўз эшитишга ҳаққи йўқми? Нима бўлганда ҳам «Қарс икки қўлдан чиқади» деган гап бор. Агар оила бузилиш жари ёқасига келиб қолса, айбни ҳар икки томондан излаш керак. Шунда оилани сақлаб қолиш имкони кенгаяди. Агар айб бир томонга ағдарилаверса, тарозининг бир палласи дош беролмай қолиши мумкин.

Аллоҳ таборак ва таоло марҳамат қилади: «Агар бирон аёл эри томонидан кўнгилсизлик ёки юз ўгириб кетиш содир бўлишидан қўрқса, у ҳолда иккови ўзаро бир сулҳга келишиб олишса (яъни аёл эрининг ҳоли ва хоҳишига қараб ўзи учун эрга малол келадиган даражада нафақа талаб қилмаса, шу билан баробар эр ҳам хотинни ташламасликка, унга зулм қилмасликка рози бўлса) зарарсиздир. Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир. Нафслар қизғанишга ҳозиру нозир бўлиб турадилар. Агар (аёлларингизга) чиройли муомала қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир». Оятни дурустроқ фаҳм этмоғимиз учун уламоларимизнинг тафсирларига мурожаат қилишга тўғри келади:

Маълумки, турли сабабларга кўра эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала ҳам қилмай ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади. Эрнинг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга тиришади.

Мисол учун, ҳатто ўз қонуний ҳаққи бўлмиш маҳрнинг ҳаммасидан ёки бир қисмидан воз кечиб юбориши мумкин. Нафақа бермасанг ҳам майли, ёки озроқ нафақа берсанг ҳам талоқ қилмасанг бўлди, дейиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатга қараб, турли таклиф ва муросалар билан сулҳ тузиб, ажралмай қолишда гуноҳ йўқ экан. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида: «Сулҳ яхшидир», дейилмоқда. (Бу тафсир шариат ҳукми бўйича яшайдиган оилаларга хос. Бугунги кунда маҳр нима, нафақа нималигини билмай яшаётганлар нима қилишлари керак? Орага совуқчилик тушишига сабаб бўлган ҳолатни аниқлаб, муолажа қилишдан бошқа чоралари йўқ. Бунақа пайтда кўпроқ аёл кишининг ён босиши лозим бўлади.)

Бошқа диларда ҳам, хусусан, исломда ҳам турли усулларни қўллаб, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Ушбу чоралар мазкур рағбатдан келиб чиққан. Оятнинг давомида нафсларнинг қизғанишга ҳозиру нозир эканликлари таъкид этилмоқда. Яъни инсон табиатида қизғанишга мойиллик мавжуд. Одам молу мулкни, чиройли нарсаларни ёки мансабни қизғанади. Ана шу табиий ҳол эътиборга олинса, хотин томондан таклиф қилинган молу мулк ёки айрим қулайликлар эрдаги қизғаниш табиатини қўзғаб, ажралмай қолишга ундаши мумкин. Лекин инсоний алоқалар фақат молу мулк ёки баъзи бир манфаатлар асосидагина қурилмайди. Балки яхшилик, савоб ишлар қилиш каби ҳолатлар ҳам кўп. Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак шу хотиннинг ажралиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.

Ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, эрни мол-мулк билан ушлаб туришнинг ҳам чегараси бор. Агар хотин бадавлат оиладан бўлса-ю ҳар жанжалда куёв боланинг кўнглини овлаш учун бирон нима совға қилиб турилса: бир сафар уй, кейин автомашина... Айрим беморлар бир ҳил дорини ичаверишса, аввалига шифо берган шу дори оқибат таъсир этмай қўяди. Мол-мулк билан кўнгил овлаш ҳам шундай бўлади. Ёки куёв бола қимматбаҳо совғаларга ўрганиб, канага ўхшаб қолиши мумкин.

Ҳазрати шайх Ҳотами Асомнинг хотинлари ҳам солиҳа ва каромати зоҳир аёл эдилар. Бир куни Ҳотам ҳазратлари ғазотга кетмоқчи бўлиб, аёлларига:

- Мен тўрт ойлик сафарга кетгайман, шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа истайсан?-деб сўрадилар.

- Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг, - дедилар аёллари.

- Тириклигинг ва ўлиминг менинг қўлимда эмас, Ҳақ таолонинг измидадир.

- Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг измидадир.

Ҳотам ҳазратлари бу жавобни хуш кўрдилар ва аҳли аёлларини дуо қилдилар. Қўшни хотинлар келиб «Эрингиздан нечун нафақа сўрамадингиз?» деб ажабландилар. Жавобан дедиларким: «Ул ҳам мен каби ризқ егувчидир, бергувчи эмасдир».

Эр-хотинлик ўртасида Аллоҳ ҳузуридаги тенглик шундай бўлади. Буни англаган оилага бузилиш ҳавф солмайди. Эр ўз масъулиятига, хотин ўз масъулиятига тенг жавобгарлигини ҳис этиш керак. Тенг ҳуқуқлилик шундан иборат. Эр билан теппа-тенг гап талашиш, теппа-тенг олишиш – тенгҳуқуқлилик эмас, нодонлик. Енгил вазндаги боксчи ҳеч маҳал оғир вазндаги боксчи билан олишмайди. Оилада ҳам мана шу қоидага амал қилинса яхши.

Никоҳ эр ва хотиннинг ҳаётда шерик бўлишлари хусусидаги аҳд-паймондир. Аҳд-паймон ва шериклик турли соҳа вакилларида ҳам учрайди. Айтайлик, ҳунармандчиликда, тижоратда, зироатда... Агар шериклар аҳдларига вафо қилсалар, хайрли неъматларга эга бўладилар. Орага хиёнат, ғараз ёки тамаъ аралашса ишларидан барака кетади. Ҳар икки томон ҳам зарар кўради. Никоҳ билан боғланган оила ҳам шунга ўхшашдир. Эр ҳам, хотин ҳам аҳдига вафо қилса, оилада барака бўлади ва бундай оилани биз «фариштали хонадон» деб сифатлаймиз. Уруш-жанжалдан бўшамаган оилани эса «шайтон васвасасидаги хонадон», деб таърифлаймиз. Агар оиладаги нафрат ўти меҳр ва муҳаббат гулини сўндирадиган даражага етса, никоҳ – дастлабки аҳд-паймон бекор қилинади ва бу битим шариат тилида «талоқ» деб аталади. Талоқ хусусида қисман сўзлаган эдик, яна мавзуга қайтишга ҳожат сезилди. Тўғри, оиладаги жанжал тоқат қилиб бўлмас даражага етгандан сўнг орада талоқ бўлмаса, эрнинг ҳам хотиннинг ҳам бутун умри ғам ва қайғуга сарф бўлиб қолади. Ислом динида талоқ эр ва хотинни шундай балодан асраш учун қўлланилади. Баъзан шундай бўлади: хотиннинг нияти яхши. Нодонлиги ёки тажрибасизлиги, қайсарлиги ёки уқувсизлиги туфайли уй ишларидами ё бола тарбиясидами ёки эрига муносабатидами хато-камчиликларга йўл қўяди. Бундай аёлларни кечириш, уларга марҳамат кўрсатиш керак бўлади. Лекин хотин эрига адоват ва хусуматини доимий равишда кучайтириб бораверса-чи? Бу ҳолатда ҳам дарров талоқ берилмайди. Бу хусусда Аллоҳ буюрадики: «...аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳат кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (шунда ҳам сизга бўйсунмасалар) уринглар! Аммо сизга итоат этсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг Юксак ва Буюк бўлган Зотдир» (Нисо сурасидан). Энди мазкур оят мағзини тушунишга уриниб кўрайлик: демак, хотин томонидан оиланинг ё эр-хотиннинг тинч-тотувлигига раҳна соладиган бирон ҳолат содир бўлса, эрнинг вазифаси биринчи галда насиҳат қилиб, тўғри йўлга даъват этиши лозим экан. Аёлларнинг кўнгиллари табиатан юмшоқ ва эҳтиросли бўлади. Кўпинча маъқул сўзлар ва дўстона ўгитлардан аёллар таъсирланиб, ёмон ишлардан ва амалларидан қайтадилар. Лекин насиҳатлар фойда бермаса-чи? Унда жазо сифатида ўрнини бошқа қилиб, унга икки-уч кеча яқинлашмайди ва шу ҳаракати билан қаттиқ норозилигини билдиради. Ақли бор хотин бу ҳолатни қатъий огоҳлантириш ўрнида қабул қилади. Чунки икки-уч кун ўрнини бўлак қилган эр, оқибатда бутунлай ажрашиб кетиши ҳам мумкин. Демак, бу оддий араз эмас, ажралиш эҳтимолидан жиддий огоҳлантириш. Дили қотиб қолган аёлга бу восита ҳам таъсир этмаса-чи? У вақтда хотинни қаттиқ озор бермаслик шарти билан уриш жоиздир. Ҳар ким англаши зарурки, хотин роҳатланиш учун урилмайди, балки уни тўғри йўлга солиш мақсадидагина қўл кўтаришга ижозат берилади. Лекин табиийки, эрга итоат этишни ўзи учун бурч деб билган аёл ва ўзидан Қудратлироқ бўлган Зот – Аллоҳ кўриб турганига иймони комил бўлган эр бу охирги чорага етиб келмайдилар. “Уриб, дабдала қиламан”, деган фикрдан эр нари бўлиши керак. Унга ҳеч ким хотинини дабдала қилишга ижозат бермаган. (Хотинни уриш фақат бизда эмас, тараққий этган мамлакатларда ҳам бор экан. Яқинда Европанинг бир неча мамлакатида хотинини урганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида қонунлар қабул қилинди.) Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ҳадисдирки: «Агарда хотинларингиз шаръий ва савоб ишларда сизларга бўйсунмасалар, уларни мажруҳ қилмасдан ва кўкартирмасдан, қаттиқ озор бермасдан уринглар».

Хотин бу чоралардан кейин бемаъни ҳаракатидан тийилса, эр бошқа баҳона қидирмаслиги, ҳаддидан ошмаслиги керак бўлади. Эркак бўлганидан мағрурланиб, асоссиз гумонларга бориб, аёлига зулм ва жафо қилиши ман этилади. Асоссиз жафо қилар экан, жабр чеккан аёлнинг ўчини Аллоҳ олади. Баъзи биродарларимиз хотинларини тез-тез урадилар ва бу ҳаракатларини оят ҳукми билан изоҳлайдилар. Ўтмишда ҳам шундай ҳолатлар учраб турган экан. Устоз Абдурауф Фитрат бу ҳақда 1914 йилда шундай ёзган эканлар:

«Нисо сурасидаги ўттиз тўртинчи ва ўттиз бешинчи оятлар таржимаси ва изоҳи билан машғул бўлиб ўтирганимда бир дўстим мулоқот учун келди. Мен шу мавзуда мулоқот қилмоқни орзиқиб кутар эдим. Шу масалани унинг ҳузурида баён қилиб, оятни ўқиб бердим.У кулиб айтди: «Эй Абдурауф, хотинларни уруш ва ҳақоратлаш биз бухороликларни умумий одатларимиздир. Лекин бугунгача бу ярамас ҳаракатимиз шариатга мувофиқ эканини билмасдик. Шукрким, бугун сен бунинг мумкин эканини тушунтирдинг. Инша Аллоҳ бундан кейин хотинларимизни кўпроқ ва яхшироқ урамиз». Дедим: “Азизим! Масалани тўғри тушунтира олмадим шекилли!? Ислом дини аёллларни уришни ман қилади, балки эркакларга хотинларингизга марҳамат ва муросаю мадора қилиб, ҳурмат қилинглар деб амр қилган. Юқорида мен бу масалани баён қилган эдим. Лекин сенга баён қилган бу масала алоҳидадир. Фараз қилайликки, бир ёмон хислатли ва бадахлоқ аёл бор. Бечора эр хотинининг унга адовати борлигини билиб, унинг ҳаловатини бузаётганини тушунтиради. Хотин қулоқ солмайди. Икки-уч кун хотинидан узоқлашади. Хотин шунда ҳам хулоса чиқара олмайди. Шунда сиз ҳам биласизки, эрнинг хотинига талоқ беришдан бошқа иложи қолмайди. Бироқ Ислом дини талоқни ман қилмоқчи бўлиб, эрга: «Талоқ беришга шошилмагин», деб амр қилади. Хотиннинг аъзоларини майиб қилмай ва лат бермай уни озгина ургин, зора ёмон ишдан тавба қилса ва муносабати ўзгарса. Менинг изоҳимдан билдингки, Қуръон ҳукми маслаҳат юзасидан бўлиб, аҳли Ислом оилалари учун, хусусан, мусулмон аёлларига буюк марҳаматдир». Мен бу шахсий суҳбатни шунинг учун ёздимки, бошқалар ҳам менинг баёнотимни шу дўстимга ўхшаб тушуниб, хотинларини уриш учун баҳона қилиб олмасинлар».

Тўқсон йил аввал баён этилган бу фикр ҳалигача қадрини йўқотмаган ва Қуръон ҳукмини нотўғри англаб юрган биродарларимизга ҳали ҳам ибратдир.

Эр оилани сақлаб қолишнинг барча чораларини кўрди, аммо фойдаси бўлмади, бирга яшашнинг сира иложи қолмади. У ҳолда, начора, ажралишсин, талоққа рухсат берилади. «Агарда эр-хотин тинчлик ва розилик билан ажрашсалар, Аллоҳ кенг марҳамати ва карами билан уларни бир-биридан беҳожат қилади» (Нисо сурасидан). Аммо заруратсиз, балки нафс ҳавосининг тақозоси билан талоқ берилса, албатта, гуноҳ ва ҳаромдир, албатта, гуноҳкор жазосини олади. Демак, талоққа ижозат бор. Лекин Ислом динида хуш ёқмайдиган мубоҳ (мумкин) амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Аллоҳ олдида энг ёмон мубоҳ – талоқдир».

Баъзан оиладаги ёмон шароит, эрнинг зулми ва бошқа қабих одатлари хотиннинг силласини қуритади ва унинг ўзи эридан талоқ талаб қилади. Бу жараён тез бўлмайди. Ҳар қандай аёл аввалига сабр қилади. Эҳтимол йиллар бўйи бардош берар. Охири сабр-бардош тўғони ўпирилиш даражасига келгач, талоқ сўрайди. Лекин унинг талаблари ҳам асосли бўлиши керак. Бирорта миш-миш ёки гумонларга ишониб ёки бошқа эркакка кўнгил қўйгани сабабли ўз эри билан ажрашни қасд қилмаслиги керак. Бу хусусда саҳоба Суҳбон (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Қайси хотин безарурат ва эҳтиёжсиз эридан талоқ талаб қилса, жаннат ва Аллоҳнинг раҳмати унга тегмайди».

Айрим сингилларимиз ота-оналарининг хоҳиши билан ўзлари кўнгил қўймаган йигитга турмушга чиқадилар. Оилада кейинроқ бошланадиган келишмовчиликлар заминида хотиннинг айнан шу кўнгилсизлиги ётади. Айрим аёллар шу кўнгилсизлик сабабли хиёнат кўчасига ҳам кириб қоладилар. Ана шундайларга солиҳа бир аёлнинг гапларини эслатмоқчимиз: ҳакимлардан бири ёш ва гўзал бир аёлни имтиҳон этиш учун бундай дебдилар:

- Сендай гўзал бир аёлнинг шундай хунук эри бўлиши яхши эмас.

Бу гўзалнинг эри чиндан ҳам хунук, бу ҳам камлик қилгандай ҳамиша кир юрадиган, нохуш одам эди. Гўзал хотин уламонинг гапига бу гўзал жавобни берди:

- Эй Ҳаким! Сиз кўп янглиш сўзладингиз! Гапингиз тўғри эмас. Бундай сўзларни сиздай одамдан эшитиб кўп ранжидим. Чунки эримнинг Аллоҳ таоло олдида бир савоби борлигидан бўлса керак, мени ул савобга нисбатан бир мукофот ўлароқ насиб этгандир. Балки мен бирор иш қилган бўлишим мумкин. Ҳақ таоло бу гуноҳимнинг жазоси сифатида мени унга бергандир. Жаноби Ҳақнинг берган тақдирига рози бўлиш керак.

Бу жавобдан мамнун бўлган ул олим гўзал аёлга дебди:

- Болажоним, мен сенинг ақлли бир аёл эканлигингни сезгандим. Шунинг учун имтиҳон қилиб кўрайин, деган эдим. Қизим, аёлларда жаннатга кириш учун энг буюк нишон – аломат эрларининг ёмон феълларига сабр қилмоқдир. Бу сабр уларни жаннатга олиб боради. Жаннатий солиҳа аёлнинг нишони ва аломати эрига итоат этмоғи, эрининг хотирини хуш тутиши, эри йўқлигида хайр-дуо этмоғи ва эрининг мол-мулкини сақлаб, эҳтиёт қилмоғи каби хусусиятлардан иборатдир. Менинг бу айтганларим солиҳа аёлнинг жаннатга кириши учун бир нишондир.

Ҳар кишининг аёли шундай солиҳа бўлишини Аллоҳ насиб этсин. Эр қадрини билмайдиган жаҳаннамий хотинларга Аллоҳ инсоф-тавфиқ берсин!

Эр-хотиннинг ажраши биргина оилага хос масала эмас. Оиланинг бузилишига жамият бефарқ қараб туролмайди. Ҳар томондан оилани сақлаб қолишга уринишлар бўлади. Шу ўринда эр-хотиннинг жанжалидан ўзларини олиб қочувчи биродарларимизга ҳам Аллоҳнинг амрини эслатиб ўтишимиз жоиз: «Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Хабардор Зотдир» (Нисо сурасидан). Бу ояти каримада гап ҳам эр, ҳам хотин томонидан келишмовчилик чиққан пайтида кўриладиган чора ҳақида кетяпти. Шундай ҳолат юзага келдики, энди оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи йўқ. Энди бошқаларнинг аралашуви билан оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши шарт. Эр ўзи рози бўлган қариндошларидан, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошларидан ҳакам тайин этади. Агар оила ҳали ёш бўлса, бу вазифани ота-оналар бажаришади. Муфассирлар бу ўринда «ўзи рози бўлган» деб алоҳида таъкид этишади. Бунга сабаб улар тайин этган ҳакамлар даъволарни эшитиб, шунчаки насиҳат қилиб қўйиш билан чекланишмайди. Улар ҳукм ҳам чиқарадилар ва эр ҳам, хотин ҳам уларнинг ҳукмига рози бўлишлари керак. Ҳакамлар танланганида уларнинг ақллари, турмушнинг пасту баландидан ўтиб келган тажрибалари инобатга олинади. Энг муҳими, ҳар икки томоннинг ҳаками Аллоҳдан қўрққан ҳолда адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак бўлади. Агар ўртада тақво бўлмаса, икки томон ўзи томонга оғиб кетаверса, унда адолат қарор топа олмайди. Бу ўринда тақво адолатни юзага чиқарувчи муҳим омилдир. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада «агар улар ислоҳ қилишни истасалар», деб уларга ислоҳчилик нисбати бериляпти. Айрим уламолар «Ҳакамларга фақат яраштириш – ислоҳ ҳуқуқи берилган», дейдилар. Яна айримлари «Ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, улар тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», дейдилар. Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имкониятлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Ҳакамликка номзод мўлжаллаганда булар ҳам эътиборга олинмоғи шарт. Эр ёки хотин томон ҳакамликка қариндошларидан бирларини танлашгач, унга ажралишга сабаб бўлаётган ходиса ёки гапни баён қила бошлайдилар. Шубҳасизки, мағзава қарши томонга ағдарилади. Ҳакамларни қийин аҳволга солиб қўядиган ҳолат ҳам айнан шунда. Ҳакам донишманд бўлса, айтилганларнинг мағзини чақиб кўради, мантиқ тарозисига солиб чамалайди. Аравани қуруқ олиб қочадиганлардан бўлса, қарши томонни айблашдан бўшамайди. Баъзан бир-бирига мутлақо зид равишда фикрлайдиган ҳакамлар учрашиб қоладиларки, ярашишга умид қилиб ўтирган эр-хотин оқибатда тамоман тескари бўлиб кетадилар. Шундай воқеалардан бири: ёш оила ярим йил ичида бузилиш жари ёқасига келиб қолди. Куёв бола ажралишга асосий сабаб деб келиннинг кийиниш маданиятини кўрсатади. Яъни келин шим кияркан, эрнинг ҳижобга кириш ҳақидаги талабини рад этаркан. Бир қараганда талаб тўғри. Хотин эр хоҳлагандай кийиниб юриши керак. Чунки хотин биринчи галда эрига чиройли ва ёқимли кўриниш ҳаракатида бўлиши керак. Бизда кўпинча тескари ҳолат кузатилади: аёлларимиз уйда ўзларига қарамайдилар, кўчага чиқадиган бўлсалар пардоз-андозни бошлаб юборадилар. Хуллас, йигит томон унинг талабларини мутлақо ҳақ деб туришибди. Келин томондан тайинланган ҳакам эллик ёшлардаги гапга чечан аёл замонавий тарзда кийинган. Ёшига ярашмаса ҳам шим кийган, бошда рўмол йўқ. У шубҳасизки, ўз дунёқараши асосида келинни ҳимоя қилади. Куёв томонни феодалликда айблайди. «Шу қиз биринчи учрашувга чиққанида ҳам шим кийиб олган эди, ўшанда нима учун индамадингиз?» деб куёвга савол беради. Куёв «кейинроқ тўғри йўлга солиб олишга умид қилганини» айтади. Дуруст, куёвнинг шундай яхши нияти бор экан. Аммо бир одамни ўзгартириш учун ярим йил кифоя қилармикин? Келин ҳижобга кириши учун аввал Исломни ўргана бошлаши керак. Талабларини билиб, унга кўника бориши керак. Сўфи Оллоҳёр айтмоқчи:

Замона хотунуни йўлга солмоқ

Эрур осон ул ишдин жанг қилмоқ...

Дейилмоқчиким, бу замонда хотинларни тўғри йўлга солмоқ бир қалъани жанг қилиб олмоқдан мушкулдир.

Бу шароитдаги икки ҳакам гўё сув билан олов каби эди. Эр-хотин четда қолиб улар ўзаро даҳанаки жангни бошлаб юборишди. Бу жангда ҳеч ким ғолиб келмади, оила барбод бўлди холос. Демоқчимизки, ҳакамликка гапга чечанларни эмас, сермулоҳаза, доно одамларни танлаш керак. Шу хусусда яна бир воқеа: эр хотинини бузуқликда айблаб ажрашмоқчи. Шунчаки бировнинг гапи ёки гумон билан ўз аёлини бундай айблаш мумкин эмас. Гувоҳлар билан зино устида ушласагина даъвоси ўринли бўлади. Ажрашмоқчи бўлаётган эр айблайди, хотини бу айбни рад этиб, қасам ичади, айни чоқда эрини туҳматда айблайди. Ҳакамлар иштирокидаги мунозара узоқ давом этади. Шунда маҳалланинг доно оқсоқоли ҳисобланган ҳакамлардан бири эрни ташқарига имлаб чақиради-да, нимадир дейди. Эр ташқарида бир оз ўйланиб тургач, изига қайтиб, хотини билан ярашажагини маълум қилади. Бу ҳол кўпчиликни ажаблантиради, оқсоқолдан «йигитга нима девдингиз?» деб қизиқишади. Аммо оқсоқол орадаги сирни очмайди. Орадан кўп йиллар ўтди, оила тинч-тотув яшади, фарзандлар кўрди. Тўйлар қилишди. Ажрашмоқчи бўлган ўша эр автомобил ҳалокатида жон бергандан кейин, бир куни отахон менга сирни очдилар. Эрни фикрдан қайтарган гап бундай экан: «Ўғлим, бу хотинни қўйсанг, энди барибир сенга бокира қиз тегмайди. Битта ёки иккита эрдан чиққан хотинга уйланасан. Эҳтимол, сен уйланадиган хотин эридан чиққанидан кейин чакки юриб, яна қанча эркакларни кўргандир. Сен «хотиним битта одам билан юради», деб гумон қиляпсан. Гумонинг тўғри чиққанда ҳам шу хотининг кейин келадиганидан покизароқ бўлиб чиқади-ку? Ундан кўра, гумонни бошингдан чиқариб ташла. Хотинингнинг чин сўзига ишон. Худо ҳам шунга буюради». Отахоннинг донолиги шундаки, бу гапни кўпчиликнинг орасида айтганида эр қулоқ солмаган бўларди. Аксинча «Ҳали қараб турасиз, онаси ўпмаган қизга уйланаман!» деб кўкрагига урган бўларди.

***

Ҳар бир оилада ўзаро рашк бўлади. Аслида рашкнинг бўлгани ҳам яхши. Чунки улуғларимиздан Сўфи Оллоҳёр айтмоқчи:

Жамиъ жонворлар тушса кўзга,

Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.

Дейилмоқчиким, барча ҳайвонларда ҳам рашк бор, фақат тўнғизда йўқ, модасини қизғанмайди.

Таажжуб фитналикдур бу замона

Тушубдур эрлар аҳволи йамона.

Дейилмоқчики, ажаб фитналар кўпдир бу замонда. Эрлар ўзларини ёмон аҳволга солганлар. Яъни уларда ғайрат ва рашкдан асар ҳам қолмай, хотинларини бозорларга пардасиз юборурлар. Хотинини сира рашк қилмайдиган, била туриб бегона эркакдан қизғанмайдиган эрни даюс дейдилар. Бошқача айтсак, ўз хотинига қўшмачилик қилувчи эркак даюсдир. Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) жаннатга кирмайдиган уч тоифадан бири, деб айнан шу даюсни, билиб туриб хотинини ёмон йўлга киришига йўл қўйган эрни айтганлар.

Агар рашк бутунлай бўлмаса эр тўнғизтабиатли ҳисобланаркан. Яна дерларким: «Ғайрат мардин (ҳақиқий рашкни) бажо келтурғил. Беғайрат кишини киши демағил. Ҳар кишида ғайрат бўлмаса, дини ҳам бўлмағусидир». Демак, рашк керакли фазилат экан. Бироқ, рашк ўти ҳаддан зиёд аланга олса, иллатга айланади. Эр хотиннинг ёки хотин эрнинг ҳар бир қадамини кузатаверса, орада ишонч йўқолади. Ишонч йўқолган уйдан файз кетади. Шу туфайли арзимаган нарсадан жанжал чиқаверади. «Бошқасини топганга ўхшайсизда, менинг ҳамма ишларим кўзингизга ёмон кўриниб кетяпти», дейди хотин. «Битта яримта хушторинг борми, пардозларинг бошқача бўлиб кетяпти», дейди эр. Қарабсизки, яхшиликка хизмат қилиши керак бўлган рашк оилани бузишга олиб келади.

«Агар сен хотинингга рашклик қилмасанг, у сенга самимият била муносабатда бўлур. У сенга ота-онанг ва фарзандингдин ҳам мушфиқроқ бўлур ва сенга ундин дўстроқ киши топилмас. Агар унга ғайрат кўргузсанг, сенга минг душмандин душманроқ бўлур ва бегона душмандин ҳазар қилса бўлур, лекин ундин ҳазар қилиб бўлмас». Кайковуснинг бу панди рашкни меёрдан ошириб юборадиганларга ибрат бўлиши лозим. Агар эр хотинига рашкни ошириб, уни айблайвермаса, хотин унга ўз ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлар экан. Меёрдан ошса, душмандан ҳам баттарроқ душманга айланар экан.

Бир оиланинг бузилишига сабаб бўлган воқеани айтиб беришган эди. Уйга эрнинг дўсти меҳмон бўлиб келган. Хотин хизматда. Эрнинг кўзи пойафзалларга тушади. Қарасаки, меҳмоннинг туфлиси ёнида хотинининг калиши турибди. Хотинини чақиради: «Нега калишинг унинг туфлиси ёнида туради?» Хотин, турган гапки, бунга эътибор бермаган. Шунда эр бошқачароқ даъво қилади: «нима учун сенинг калишинг унинг туфлисига кулиб қараяпти!» Бу ҳолат сизга тентакнамо бўлиб туюляпти, а? Албатта, бу аҳмоқона рашкнинг кўриниши. Шунга ўхшаш воқеалар такрорланавергач, хотин икки боласини олиб ажралиб кетишга мажбур бўлди. Шундан сўнг ўша рашкчи яна бир неча марта уйланди. Охири оғир касалга чалингач, сўнгги хотини уни қариялар уйига топширибди. Бундан хабар топган ўғиллари оталарини уйларига олиб келиб парвариш қилишибди. Оналари бунга монелик қилмабди. Икки дунё саодатига етувчи хотин ва фарзандлар шундай бўлишади!

Оилада дўстнинг ўрни масаласи ҳам муҳимдир. Дўстлик тарихи эр-хотин тарихидан аввалроқ бошланган, маълум синовлардан ўтган бўлади. Айрим йигитларнинг дўстлиги боғча ёшидан бошланган, баъзилариники институтдан. Йигит оила қургач, дўстлардан бир оз узоқлашиши мумкин, аммо бутунлай узилиб кетмайди. Айрим дўстларнинг тўйдан кейин ҳам аввалгидай серқатнов бўлишларини кузатамиз. Айримлари эса дўстининг аҳли аёлига номаҳрам эканликларини англаб, бу хонадонга тез-тез келишдан ўзларини тия бошлайдилар. Ақлли дўст деганда биз шундайларни тушунамиз. Тўғри, номаҳрамлик нималигини билмайдиган серқатнов дўст кўнглида шумлик йўқдир, қалби тозадир. Дўстининг хотинини ўз синглисидай кўрар. Аммо орада шайтон бор, бу бир. Яна атрофдагиларнинг турли гумонларга ёки иғволарга асосланган гап тарқатишлари бор. Ана шу иғво гаплар бир кунмас бир кун эрга таъсир қилиб, ёмон оқибатларга олиб келиши табиий. Дўстлар бирин-кетин оила қура бошлашгач, аёлларини ҳам яқинлаштириш мақсадида «улфат» ташкил қиладилар. Айримлар аёллар учун алоҳида «улфат» ташкил этсалар, баъзилар жуфт-жуфт бўлиб ўтиришни маъқул кўрадилар. Мана шу иккинчи ҳолатда кўп фитналар туғилади. Аёллар аввало бир-бирларини синчковлик билан кузатадилар, шунинг баробарида йигитлар ҳам эътиборларидан четда қолмайди. Янги танишган ёш жувонлар орасида иболи, ҳаёлилари ҳам, шўх, ёки одобсизлари ҳам бўлади. Йигитлар билан баравар аския айтишадиганларни ҳам учратамиз. Демак, даврада турли феъл-атворли аёллар тўпланишган экан, турли қилиқлар ҳам юзага чиқаверади. Йигитлар орасида ҳам дўстининг хотинига кўнгли сус кетувчилар топилмайди, дейсизми? Шундай «улфатлар» шарофати билан бузилган оилаларни кузатганмиз. Сўфи Оллоҳёр ёзадиларким:

Ўшал хотунки, номаҳрам назардур

Агар шамсу қамардур мочайи хардур.

Дейилмоқчиким: хотин бегона эрларга қарагувчи бўлса, гарчи ўзи ойдек, қуёшдек гўзал бўлса-да, уни урғочи эшак, демоқ лозим.

“Ё мени дейсиз, ё дўстингизни!” дегувчи аёллар ҳам бор. Уларнинг бу хитоби тўғри бўлмаса-да, баъзан асосли равишда талаб қилишади. Ёш олим оиласи билан икки хонали уйда яшайди. Вилоятдан келган дўстига бир хонани бўшатиб беради. Хотан, табиийки, бундан норози. Эр “сендан ажрашсам ажрашаманки, дўстимдан ажрашмайман”, деб ўжарлик қилади. Бу ўринда хотин ҳақ. Эрнинг гапи эса тутуруқсиз. Ҳаётда хотиннинг ўз ўрни, дўстнинг ўз ўрни бор. Бири иккинчисининг ўрнини боса олмайди.

Тилимизда ҳамонки «ёмон хотин» деган ибора мавжуд экан, демак, ҳаётда ҳам шундайлари бор экан. Лекин биз «ёмон хулқли хотин» деб изоҳ берсак тўғрироқ бўлар. Ёмон ёки яхши хотин деган тушунчалар ҳам нисбийдир. Маълум бир хотин маълум оила учун ёмон ёки яхши туюлиши мумкин. Шунинг учун узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Хотиннинг ёмонлиги кимларга нисбатан бўлиши мумкин?

* хотин эр учун ёмон;

* хотин қайнона учун ёмон;

* хотин қўшнилар учун ёмон;

* хотин эрнинг қариндошлари учун ёмон;

* хотин ҳамкасблари учун ёмон.

Нима учун?

* эрини ҳурмат қилмайди, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаради, рашк қилади...

* қайнонасини менсимайди, айтган ишларини вақтида бажармайди, эрига ёмонлайди...

* қўшниларни ғийбат қилади, бир-бирига гап ташийди, хасислик қилади...

* қариндошларининг меҳмон бўлиб келишини хоҳламайди, улар келганда терслик қилади...

*ҳамкасбларини ғийбат қилади, бошлиққа кириб чақади...

Хотин эри билан чиқишмаслиги мумкин, аммо қайнона-қайнотаси, қайинсингиллари билан муносабати яхши. Бу масалани ҳал этиш унча қийин эмасдек туюлади. Қайнона-қайнота келин томон бўлиб, ўғилни тарбия этишга уринишади.

Набий алайҳиссалом дейдиларким: «Ҳеч бир мўмин ўз хотинидан нафрат қилиши тўғри эмас. Зеро, хотинининг баъзи одат ва атвори унинг назарида ёмон кўринса ҳам, баъзи одатларидан рози бўлади. Бас, унинг ёмонликларини яхшиликларига бахшида этсин». Агар эрнинг кўнгли кўчадаги жононда бўлса, уни қайтариш анча қийин. Хотиндан биринчи галда сабр этиш талаб қилинади (бу хусусда алоҳида фикрлашамиз). Эр-хотин бахтли яшашлари учун битта қоидага қаттиқ амал қилишлари керак. Бу қоиданинг номи – БИТТА ГАПДАН ҚОЛИШ! Ҳа, айнан шундай. Битта гапдан қолиш билан олам гулистон! Хўш, ким битта гапдан қолиши керак? Биринчи галда хотин. Эрига гап қайтариб, бахтли бўлган хотинни тарихда - минг йиллардан бери ҳеч ким учратмаган, бундан кейин ҳам учратмаслиги тайин. Эр ҳам битта гапдан қолишга мажбур. Эҳтимол, хотин битта гапдан қолган маҳалда эр иккита, баъзан учта гапдан қолса ўзи учун ҳам яхши. Лекин хотин жаврайверса-ю у индамай ўтираверса, яхшилик бўлмайди. Вақти келганда қайноналар ҳам битта гапдан қолганлари маъқул, деган фикримизни опа-сингилларимиз эҳтимол маъқулламаслар. Лекин баъзан муроса қилиб, келишмовчилик чўғини жанжал алангасига айлантириб юбормаслик учун қайноналар ҳам битта гапда қолиб турганлари дуруст.

«Онангни отангга бепардоз кўрсатма», деган гап бор. Орасталик, ўзига меъёр қадар зеб бериш яхши. Биз нима учундир ўзига қараб юришни фақат аёлларга хос, деб биламиз. Айрим биродарларимиз хотини, қизларини чиройли кийинтириб қўядилару ўзлари офтобда куйиб кетган дўппида, ёқаси буралиб кетган куйлакда юрадилар. Бу йўқчиликдан эмас, кўпроқ бефаросатликдан бўлади. Бефаросат деганда биз эрни ҳам, хотинни ҳам назарда тутамиз. Эр кийим-бошга эътиборсиз бўлса, хотин зийрак бўлиши керак, эрига қараши керак. Шундай ривоят қиладилар:

Бир куни ҳазрат Умарнинг (р.а.) ҳузурларига бир хотин эри билан бошлашиб келди-да эрини кўрсатиб:

- Ё Амирал мўъминин! Бу киши менинг эрим бўладилар. У билан қурган турмушимизни ўйлаб кўрдим. Уч ойдирки, тотув яшаш учун кўп ҳаракатлар қилдим. Аммо эримда рағбат кўрмадим. Уч ой давомидаги турмушимиздан бир нарсага ақлим етди: биз бир-биримизни тушуна олмас эканмиз, шунинг учун ажрашамиз.

Ҳазрати Умар (р.а.) қаршисида индамай турган одамдан сўрадилар:

- Сен нима дейсан?

- Ё Амирал мўъминин! Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ. Мен ажралишни истамайман, - деди эр.

Ҳазрати Умар эрнинг ранг-рўйи, кийим-бошига қараб аҳволни яхши тушундилар.

- Сен ҳозир уйингга кетгин-да, бир оздан кейин келгин. Унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз.

Хотин кетгач, ҳазрати Умар у одамни ҳаммомга олиб боришни, ювинтириб, тоза кийимлар кийинтиришни буюрдилар. Эркак покиза бир ҳолга келтирилди. Пича вақт ўтгач, хотин келиб башанг кийимдаги озода эрини кўриб, қувониб кетди. У ажрашиш ҳақидаги аҳдини ҳам унутиб, эрини бошлаб уйига кетди. Ҳазрати Умар (р.а.) шу ерда ҳозир бўлганларга қараб дедилар:

- Сизлар оилаларингизнинг (аёлларингизнинг) яхши ва покиза кийиниб, сизни кутиб олишларини севганингиз каби, улар ҳам сизни яхши ва покиза кийинганингиздан завқ оладилар, сизларни ясанган бир ҳолда кўришни истайдилар.

Агар хотин эри билан яхши бўлиб, қайнона билан чиқишмаса, кўпинча бу масалани уларнинг рўзғорини бўлак қилиш, баъзан эса уларни бошқа уйга кўчириш орқали ҳал қилишга уринадилар. Қайнона-келин муносабати энг чигал, айни пайтда, мавҳум масалалардан бири. Агар уларнинг даъволарини эшитсак, умумийликни кўрамиз. Қайнона дейдики: келин дангаса, ишёқмас, уйнинг тозалигига яхши қарамайди, муғомбир, онасига гап ташийди, катталарга гап қайтаради... Келин дейдики: қайнонам биринчи кундан мени чиқиштирмайдилар, ҳар қадамимни ўлчайдилар, бир пас дам олишимни ҳам кўролмайдилар, овқатга тузни ўзлари солиб, эримнинг олдида «шўр қилиб қўйибсан», деб уришадилар... Қайнона-келин муносабатида бир нарсани унутамиз: қайнона билан келиннинг ёш жиҳатдан камида йигирма йиллик фарқи мавжуд. Баъзи қайноналар келинлари билан уришиб қолсалар «Мендан ёш-ку, ўзимни ҳурмат қилмаса ҳам ёшимни ҳурмат қилмайдими!» деб нолийдилар. Биз фарқни фақат ёшда, йилларда кўрамиз. Аслида орадаги йигирма йиллик фарқ – дунёқарашдаги фарқ дегани. 40-50 ёшдаги аёлнинг ҳаёт тажрибаси ўзига яраша дунёқарашини шакллантирган. 20 ёшли жувон замоннинг таъсирида бу дунёқарашни инкор этиши ҳам мумкин. Бундайлар орасида «қайнонамнинг фикрлари эскириб қолган», деган гапларни эшитамиз. Бу нуқтада икки шахснинг тўқнашувини шунчаки оилавий можаро эмас, ижтимоий масала сифатида ўрганишимиз ва ҳал этишимиз керак бўлади. Буларни биз бедаво дард эмас, тузатиш имкониятлари мавжуд арзимаган камчиликлар деб қабул қилишимиз керак. Бу камчиликлар туфайли оила бузилса, қайнонани айблашга ҳақлимиз. Баъзан келин камчиликларини тан олиб тузатишга киришса ҳам, қайнона бўш келмайди, талабларини янада кучайтираверади. Шу ўринда бир фикримиз борки, буни ҳам опа-сингилларимиз рад этишлари мумкин. Халқимизда «Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деган мақол бор. Бу келин келиб, ўғлимни ўзиники қилиб олди, дегани. Айрим аёлларда ўғлини қизғаниш ҳисси мавжуд. Ўғил уйланиб, келин билан ётоғига кириб кетганидан кейин она қалбида бир узилиш бўлади. Яъни, ҳамиша ёнида бўлган ўғил энди ўзганинг иҳтиёрида. Балки шу ҳис онада келинга нисбатан норозилик уйғотар? Бу руҳият муаммоси. Фикрни бирданига рад этмайлигу ўйлаб кўрайлик. Қайнона-келин муаммосини ҳал этишда шу руҳий ҳолатни ҳам назардан четда қолдирмайлик. Айниқса, ўғил фарзандлар шу масалада эҳтиёт бўлишлари керак. Тўйдан кейин онага бўлган эътиборни зарра қадар ҳам камайтирмасликлари шарт.

«Кўча хандон, уй зиндон» деган таърифни эшитганмиз. Гарчи бу ибора кўпроқ эркакларга нисбатан қўлланилса-да, баъзан аёлларга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Чунки айрим аёлларга уй зиндон, ишхона эса жаннатдай кўринади. Нега? Аёлнинг феъли шундайми ёки уйдаги шароит чиндан ҳам зиндон, ишхонадагиси жаннатдайми? Агар аёлнинг феъли кўчага мойил бўлса, унинг тарбияси осон кечмайди. Агар уйдаги шароит ёмон бўлса, унинг муолажасини қилиш шарт.

Ёмон хулқли хотиннинг мавжудлиги замонга, жамиятга ҳам, хонадоннинг бой ёки камбағаллигига ҳам қарамайди. Агар камбағаллик ёмон хотинларни юзага чиқарса, дунёни ёмон хотинлар босиб кетарди. Ҳолбуки, камбағал оилаларда ёмон хотинларни камроқ учратамиз. Агар оиланинг бахтини бойлик белгилаганда эди, биронта бой хонадонда оилавий жанжал кўтарилмас эди. Ҳолбуки, бой хонадонлардаги оилаларнинг бузилиши кўпроқ кузатиляпти. Бу ҳолат фақат бугунги кунимизга хос эмас. Келинг, тарихга назар ташлайлик: Бобур ҳазратлари «Бобурнома»да Ҳусайн Бойқаронинг хотинлари ҳақида ёзадилар: «...аввал олғон хотуни Бека Султонбегим эди, Санжар мирзо Марвийнинг қизи эди. Бадиуззамон мирзо мундин туғиб эди. Кўп кажхулқ эди. Султон Ҳусайн мирзони кўп оғритур эди. Кажхулқлиғидин мирзо батанг келди, охир қўйди ва халос бўлди, не қилсун ҳақ мирзо жониби эди.

Зани бад дар саройи накў

Ҳам дар ин олам аст дўзахи ў.

(Дейилмоқчиким: яхши кишининг хонасидаги ёмон хотин шу дунёнинг ўзидаёқ унинг дўзахидир.)

Тенгри ҳеч бир мусулмонға бу балони солмағай. Ёмон хўйлуқ, кажхулқ хотун илоҳий оламда қолмағай».

Маликанинг нима учун ёмон бўлгани бизга маълум эмас. Бобур мирзо ҳам буни бошқалардан эшитиб ёзган бўлсалар ажаб эмас. Эҳтимол, малика эрининг кетма-кет хотин олаверишидан, бу ҳам етмагандай канизаклар билан маишат қилаверишидан безиб, жанжал қилгандир?.. Машойихлар эрларни ёмон хотин балосидан бот-бот огоҳлантириб келганлар. Мана, шулардан бири: «...дўст бўлмағон хотиндин қочғил, нединким, дебдурлар: «Кадбону (ишчан уй бекаси) бўлмағон тезроқ банд бўлур, аммо у масобада (ҳолатда) эрмак. Бунингдек хотин сенинг молингни қўлингдин олиб, сўнгра сени унга молик бўлурға қўймағай, ундин сўнг сен унинг хотини бўлурсан, лекин у сенга хотин бўлмас».

Сўфи Оллоҳёрда ҳам ёмон хотинлар хусусида бир қанча байт айтилганки, танишсак зарар қилмас:

Йамон бўлса, наъузу биллаҳ андин,

Зиёндин ўзга ҳеч қолмас йамондин.

Дейилмоқчиким: олган хотин ёмон чиқса, бу хотин қўлидан зиёну ёмонликдан бўлак нарса келмас. Бундайин хотинлар шумлигидан Аллоҳга сиғиниб, паноҳ тилаймиз.

Йамон хотун шайотин қамчисидур,

Қўлинг боғлағувчи арғамчисидур.

Дейилмоқчиким: ёмон хотин гуноҳлар дарёсига чўктирувчи (мазкур байт ҳадиси шариф асосида айтилган).

Ду олам нари бўлса, нари кетсун

Кўзинг кўрмаса шум дийдори битсун.

Дейилмоқчиким: бу ёмон хотин икки дунёнинг дўзахидир ва уни ўзингдан нари қил. Бу икки дунё тамуғи кетсин, битсин, дея талоқ қил.

Агар чандеки, бузургзодадир ул,

Яқин бил, тўрт оёқлиқ модадир ул.

Дейилмоқчиким: ёмон хотин гарчи пайғамбарзода бўлса ҳам, билгилки, шу ёмонлиги учун тўрт оёқли урғочи ҳайвондан бошқа нарса эмас.

Ҳа, олган хотининг жоҳил, хоин чиқса хотин эмас, бошингга бало олган саналасан. Бир уйда аёлнинг овози баланд чиқса, яъни эр сўзини тингламаса, унга итоат этмай, гап қайтараверса, у уйда хайр –яхшилик бўлмайди, бу уйдан саодат кутилмайди, кутилгани билан етишиб бўлмайди.

Хўп, ёмон хулқли хотинларга шунчалик нафратимиз бор экан. Уларга нисбатан энг сўнгги чора мақолда ҳам айтилган: «Қўшнинг ёмон бўлса - кўчиб қутиласан, хотининг ёмон бўлса - қўйиб қутиласан». Бу сўнгги чорадан Аллоҳ асрасин. Ёмон хулқли аёлларга хушхулқ насиб этсин.

Худога шукрким, ёнимизда ёмондан кўра яхши аёллар кўпроқ. Хўш, кимларни яхши деймиз?

* олижаноб, покиза ва қалби гўзалларни;

* ақлли, қаноатли, иффатли, вафолиларни;

* барча ҳаракатларини ўйлаб қиладиган, эрининг борида ҳам, йўғида ҳам ҳурматлаб, ўзини ва номусини сақлайдиганларни;

* яхши ва ёмон кунларда фидокор бўлишни ўзларига шиор қилиб олганларни;

* юзидан кулги аримайдиган, тили ширин, қўли баракали, қадами қутлуғ бўлганларни...

Яхши аёлларга хос фазилатларни баён қилиб, сиз азизлар учун ҳеч бир янгилик кашф қилганим йўқ. Бу фазилатларни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Лекин мен диққатингизни икки нарсага қаратмоқчиман: аввало бу фазилатлар фақат аёлларга хосми? Эркаклар учун зарур эмасми? Бизнингча зарур. Иккинчидан, фарзандларимизни, айниқса, қизларимизни бу фазилатлар асосида тарбия қиляпмизми?

«Кимнинг хотини дўст, меҳрибон ва уйи саранжом-саришта бўлса, у киши ҳақиқатан бахтиёрдир. Агар хотининг иффатли, номусли, очиқ юзли ва ширинсўзли бўлса, у хоҳ гўзал, хоҳ хунук бўлсин, бирибир уни сев, яна ҳурмат қил. Бу сўзлар ёлғиз хотинларгагина эмас, эркакларга ҳам махсусдир. Эр ва хотин ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлсалар, уларнинг кўзлаган ҳамма мурод ва мақсадлари ҳосил бўлди, демакдир», дейдилар. Машойихлар дерларким: «Хотин пок ниҳод (тоза табиатли) ва пок дил бўлсун; кадбону (ишчан уй бекаси) эрига дўст бўлғай. Ҳаёлиғ, тақводор, тили қисқа, молни яхши сақлағувчи бўлсин. Дебдурларки, яхши хотин эрнинг ва умрнинг роҳати бўлур. Агар хотининг хўбрўй, меҳрибон ва мақбул бўлса ҳам ихтиёрингни унга буткул бермағил ва унинг ҳукми остиға кирмағил. Нединким, Искандарга дебдурлар: «Доронинг қизин нима учун олиб хотин қилмассан, бағоят хушрўйдир?» Искандар деди: «Жаҳон халқиға ғолибман, энди бир хотинга мағлуб бўлсам, кўп ёмон кўринур».

Эр сўзига қулоқ солган, Аллоҳ амрини адо этган хотин фақирни (камбағални) подшоҳ қилади. Кимнингки кўнгил ҳабибаси бўлган аёли, хонадонининг бекаси ўзига уйғун ва мос бўлса, ўша одам энг бахтиёр кимсадир. Ҳар куни тонг отгандан то оқшомгача ишда банд, узун тун бедорлик билан ўтса-ю аммо ёнингда кўнглингни овловчи, сенга тасалли берувчи, қийинчилик ва машаққатингга шерик, дардингни олувчи бир аёл – беканг бўлса, бу дунё ташвишларидан сира қўрқмасанг ҳам бўлаверади. Кимнингки уйи маъмур, ёстиқдоши уни жондан севучи экан, демак, Жаноби Ҳақ ўша қулига раҳмат назари билан қараяпти экан. У одам Аллоҳнинг лутфига эришган бахтиёрлардан экан. Диққат қиляпсизми, ҳаёт қонуни асли шу – Аллоҳни, Пайғамбарни таниган хотин эрга итоат этади, бундай хотин эрнинг бошига бахт тожини кийдирувчидир.

Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг ёмон хотинлар ҳақидаги фикрлари билан танишдик, яхши хотинлар ҳақида нима деган эканлар?

Хуш ул зан билмаса беҳуда дерни,

Сучук лафзи билан шод этса эрни.

Дейилмоқчиким: яхши хотин беҳуда сўзларни айтишни билмас. Аммо ширин сўзлари билан эрини шод қилур.

Агар ўн йил уйида бўлмаса ун,

Уни чиқмас, ани айтурга бир кун.

Дейилмоқчиким: агар хотин яхши бўлса, эрининг уйида ўн йил давомида ун бўлмаса, бировга ҳеч вақт ун йўқ, деб ун (товуш) чиқармас, шикоят қилмас.

Ровийлар дерларким, фақир бир одам уйланиб, ўғил фарзанд кўрди. У ўғлини бағоят севар эди. Бола тиш чиқара бошлагач, ота нолиб қолди:

- Қара, тишлари чиқиб қолди. Энди овқат ейишни хоҳлайди. Энди мен унга овқатни қайдан топиб келаман?

Эрининг ақлини, дидини билган солиҳа хотин уни шундай деб юпатди:

- Эй менинг соддагинам, тушунчаси нуқсонли эргинам. Сиз кўпам васваса қилаверманг. Фарзандимизга тишни Аллоҳ берган, унга овқатни ҳам Ўзи беради. Бутун оламга ризқ берган Жаноби Ҳақ қодирдир. Гўдаклар, чақалоқларнинг ҳам ризқини беради. Сиз ташвиш қилманг!

Чиндан ҳам чақалоқларга она қорнида сурат ва шакл берган Аллоҳ уларнинг ризқларини, умрларини ҳам берадир. Агар аёл солиҳа эмас, бу ҳақиқатдан узоқ бўлганида эди шаддодлик ёки қўполлик билан «Сиз отасиз, топиб келиш бурчингиз», деб дилини хира қилиши тайин эди.

Бундай фаросат эгасини ҳар бир эркак орзу қилади. Бу бахтиёрликдир. Бундай бахт мол-мулк, бойлик, давлатмандлик, хонлик, беклик ёки ўқиган, катта мартаба соҳиби бўлиш билан қўлга киритиладиган давлат эмас. Баъзан икки карра иккининг тўртлигини билмайдиган одам илмли, фаросатли, оқила аёлга эр бўлади. Инсон мол-мулк топа олади. Қўлидан ҳар нарса келади. Аммо яхши аёл қўлда ясаб оладиган неъмат эмас. Аллоҳ кимга солиҳа бир хотин берган бўлса, ул одамга, ул қулига барча эзгуликларни, хайрли нарсаларни ўзида мужассам қилган неъматни берганидир. Агар кимгадир кўнглидаги бир аёлни бермаган экан, у қанчалик бадавлат бўлмасин, қандай мартабага эришмасин ва мақсадига етмасин, бу одам барибир фақир ва заволлидир. Чунки унинг кўнглидаги хоними йўқдир. Демоқчимизким, яхши хотинни истаган эр аввало Аллоҳ ҳузурида бу неъматга арзийдиган солиҳ банда мартабасига етсин. Оддий ҳақиқатни ўйлаб кўрайлик: ёмонликлари туфайли дўзахга лойиқ бандасига Аллоҳ бу дунёнинг жаннатини раво кўрармикин?

Яхши хотинга эга биродарларимизнинг айримлари баъзан хотинларини бирон бир даврада мақтаб қўядилар. Билмайдиларки, хотинни мақташ одобдан эмас, чунки одатда сотилгувчи нарса мақталади. Бир янги уйланган йигит тақдиридан қувониб, мақтанибди:

- Амаки, келинингиз шундай назокатли, фаросатлики, сиз билмайсиз.

Амакиси жиянига насиҳат қилиб ўтирмай, оқшомда меҳмон бўлиб боришни тайинлабди.

Жияни келгач, амаки хотинига тарвуз келтиришни буюрибди. Хотин олиб келибди. Амаки тарвузни кўриб: «Буниси яхши эмас, бошқасини олиб кел», дебди. Хотин итоат билан иккинчисини олиб келибди. Шу тарзда эрнинг хоҳишига қараб ўн марта бошқа тарвузга қатнабди. Аммо лом-мим демабди. Жияннинг таклифи билан эртасига амаки меҳмонга борибди. Жиян ҳам хотинига тарвуз келтиришни буюрибди. Биринчи тарвузни кўриб: «Бу яхши чиқмайди, бошқасини олиб кел», дебди. Жувон итоат билан иккинчи тарвузни олиб келибди. Жиян бундан мамнун бўлиб, амакисига «кўрдингизми!» дегандай кулиб қарабди-да, «бу ҳам бўлмайди, бошқасини олиб кел», дебди. Учинчи тарвузни ҳам бўлмайдига чиқариб қайтармоқчи бўлганида жувон:

- Нима, бир арава тарвуз тушириб қўйганмисиз, ҳали унисини, ҳали бунисини олиб кел, деяверасиз. Бор-йўғи учта тарвуз бор уйда, ёқмаса турингда, яхшисини ўзингиз танлаб олинг. Мен танлашни билмайман!-деб норозилигин баён қилибди.

Шунда амаки жиянига деган экан:

- Кўрдингми, болагинам, сен кўпам мақтанавермагин. Менинг уйимда бир донагина тарвуз бор эди. Хотиним яхши феълли, фаросатли бўлгани учун менга эътироз билдирмай ўша битта тарвузни ўн марта олиб келди. Лекин бирон марта итоатсизлик билан гап қайтармади, лабини ҳам бурмади.

Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг битикларини ўқишни давом эттирамиз:

Сирин фош айламас, гар ғамда бўлсун,

Агар танг бўлса, айтур: «Бўлса – бўлсун».

Дейилмоқчиким: яхши хотин ўзи аламда бўлса ҳам, эрнинг сирин асло фош айламас. Агар рўзғори тангликда қолганини биров айтса, эслатса ҳам «бўлса бўлар, эртага Худо бериб қолар», деб ўзга сўз айтмас.

Агар заннинг мунингдек бўлса хишти,

Ани дегил бу дунёнинг беҳишти.

Дейилмоқчиким: агар хотиннинг сифати юқорида баён қилинганидек бўлса, ул хотинни бу дунёнинг жаннати бил.

Иликка тушса мундоғ нозанин гул,

Дегил бу сандадур бўсанда, ман – қул.

Дейилмоқчиким: Аллоҳ таоло насиб айлаб, шундай хотин қўлингга тушса, нимаики сиринг бўлса, яширмай айтишинг мумкин ва уни қучиб, бўса олиб «қулингман сенинг» десанг ҳам арзийди.

Бундай фазилатли аёллар ҳар бир эркакнинг орзусидир. Айни чоқда яхши фазилатли эрлар ҳар қандай аёлнинг орзусидир. Яъни, ақлли хотинни орзу қилмиш эрнинг ўзи ҳам ақлли бўлмоғи шарт. Вафони талаб қилувчи эрнинг ўзи аввало вафоли бўлсин. Аллоҳ ҳар бир эркакка ўзига яраша қизни насиб этади. Диққат қилайлик: ақлли одамга камдан кам ҳолларда аҳмоқ хотин дуч келади. Чунки, ақлли йигит дуч келган қизга уйланавермайди. Фақат қош-кўзларига эмас, гап-сўзларига, одоб-ахлоқига эътибор беради. Эр-хотиннинг ақл-заковати, феъли, зеҳни-фаросати орасида кескин фарқ бўлмаса, уларнинг турмушлари яхши кечади. Бир-бирларини тушунишлари осон бўлади. Улуғлардан шундай панд-насиҳат бор: «Хотин олсанг улуғ салоҳлиғ (яхши) хонадондин хотин талаб қилғил. Ҳар турлик авбошнинг қизин олмағил, нединким, хотинни уйнинг кадбонлиғи учун олурлар, шаҳват учун олмаслар. Хотин камолга етғон, оқила бўлғон, онасининг кадбонлиғин (сариштали уй бекаси эканлигини), отасининг кадхудолиғин (оила хўжаси эканини) кўрғон ва билғон бўлсун. Агар бундай нозанин қўлингга тушса, уни асло қўлдин чиқармағил ва жаҳд қилиб уни олғил».

Қадим Арабистонда илму ҳикматда беназир Шан деган бир ҳаким «ўзимга ўхшаган бирор билимдон қиз топилмагунича уйланмайман», деб аҳд қилган экан. Қайлиқ ахтариб мамлакатни кезиб чиқса ҳамки, ўзига муносиб ёр топа олмабди. Шу ниятда сарсон-саргардон юрган кезлари бир одам унга йўлда ҳамроҳ бўлибди. Шан ундан:

- Сиз мени кўтарасизми ё мен сизни кўтарайинми?-деб сўрабди.

- Ажаб бетамиз одам экансиз, - дебди ҳамроҳи аччиқланиб,-ўзим салламни зўрға кўтариб юрибману, сизни қанақасига кўтараман?

Шан индамабди. Бир оз йўл юрганларидан кейин барқ уриб яшнаб турган бир буғдойзорга етибдилар. Шан экинзорга қараб:

- Бу буғдойзорнинг донини еб бўлишдимикан?-деб ҳамроҳига қарабди.

- Жиннига ўхшайсиз-а! Буғдойи пишмаган, ўриб олинмай туриб қанақасига еб бўлади!

Шан яна индамабди. Яна бир оз юришгандан сўнг тобут кўтариб кетаётганларга йўлиқишибди.

- Бу одам ўлдимикан ё ҳали ҳам тирикмикан?-деб Шан ҳамроҳидан сўрабди.

Ҳамроҳининг баттар жаҳли чиқибди:

- Умрим бино бўлиб сизга ўхшаган аҳмоқни энди кўришим. Қабристонга кўтариб олиб кетилаётган ўликни тирикми ё ўликми, деб сўрашингиз ақлли одамнинг гапи эмас. Илтимос, энди гапирмай жим кетинг. Гапирсангиз кўнглим озиб кетяпти.

Шундай қилиб индамай юраверишибди. Манзилга етишгач, ҳалиги одам «мусофирни меҳмон қилиб ҳам савоб олай, ҳам бояги қўполлигимни кўнглидан чиқарай», деб уйига таклиф қилибди. У одамнинг ҳусну малоҳатда, ақлу фаросатда тенгсиз қизи бор экан. У отасидан «Ҳамроҳингиз ким экан, йўлда нималарни гаплашиб келдингиз?» деб сўрабди.

- Эй қизим, бу сафар қип-қизил аҳмоққа рўпара келиб қолдим,-ота шундай деб бўлиб ўтган гапларни сўзлаб берибди.

- Унинг кўнглини оғритиб чакки қилибсиз, - дебди қиз. - Сизга айтган сўзлари унинг жуда катта ҳаким ва зўр билимдон эканидан далолат беряпти. Биринчи саволининг маъноси шу: «Йўлнинг захматини камайтириш учун сиз бирон нарса сўзлаб берасизми ё мен айтиб берайми?» «Бу ернинг ғалласини еб бўлишдимикин?» деб «Бу ғаллани эккан одам бирор судхўрдан қарздор бўлиши, унинг қистовидан тезроқ қутилиш мақсадида, буғдойни ўриши биланоқ тўғри бозорга бориб сотиши мумкин», деган маънони назарда тутган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бу ҳол экин пишишидан олдинроқ еб кетилгандай бўлади. Тобутдаги мурдани ўликми ё тирикми, деб сўраганининг маъноси шу: «бу одам ўлганидан кейин ёдгорлик сифатида бирор фарзанд ёки шогирд қолдирдимикан, эслашга арзигулик бирор хайрли иш қилдимикин ёхуд жоҳил ва фосиқлигидан, ўлиши биланоқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетдимикин?» Сиз дарҳол унинг ҳузурига чиқиб, узр сўранг, айтган сўзларини шарҳлаб беринг. Акс ҳолда у сизни аҳмоқ ва жоҳил деган қарорга келиши мумкин.

Шунда ота чиқиб, қизининг айтганларини билдирибди. Шан унинг шарҳини тинглаб бўлгач сўрабди:

- Бу шарҳ сизнинг табиатингизга мутлақо хилоф. Яхшиси, бу сўзларни ким ўргатганини айтинг.

Қизнинг отаси ҳақиқатни айтишга мажбур бўлгач, Шан шунча йиллардан бери қидириб юрган гавҳаримни энди топдим, деб суюниб кетибди. Отасининг розилиги билан қизни никоҳига олиб, муродига етибди.

Ривоятдан оладиган ибратимиз шуки, киши ўз ҳолига, даражасига қараб, ҳар жиҳатдан ўзига мос бўлган оиланинг қизига уйлангани маъқул. Ўзидан юқори даражадаги қизга уйланса, хотини отасининг ҳашамати ва дабдабасига мағрур бўлиб, эрни менсимай қолиши мумкин. Иффатли, ҳаё-номусли хотин марғуб ва мақбул бўлса, аччиқ тилли, ҳаёсиз хотин фақат ўз эрининг эмас, балки халқнинг нафратига сазовор бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Мусулмоннинг уйи жаннат боғидан бир боғчадир», деганлар. Бундан ибрат шуки, «жаннатда ўсган» қизга уйланган эрнинг бошига бахт қуши қўнибди. Аммо бахт қуши қўниши учун унинг ўзи ҳам жаннатда ўсган бўлиши керак.

Қози Шурайк тобеинлардан Шаъбий ҳазратларига насиҳат қилибдилар:

- Эй Шаъбий, агар уйлансанг, Бани Тамим қабиласидаги бир қизга уйлан. Улар қизларига яхши тарбия беришади.

Шаъбий: «Қаердан биласиз?»-деб сўрадилар. Қози Шурайк саволга жавобан шундай дебдилар:

- Ёшлик фаслимда Бани Тамим қабиласи томонга борган эдим. Қайтиб келаётиб, қари бир аёл билан ёш қиз ўтиришганини кўрдим. Қиз ғоятда чиройли, латофатли кўринар эди. Қизни яқинроқдан кўрмоқ учун чанқоғимни босиш баҳонасида уларнинг олдига бориб, сув сўрадим. Аёл қизга сув олиб келишни буюрди. Сувни ичгач, ул хотиндан: «Бу қиз кимнинг фарзанди, исми нима?»-деб сўрадим.

- Бу қиз Худоёрнинг қизидир, исми Зайнаб, - деди кампир.

- Турмушга чиққанми?-деб сўрашга журъат этдим.

- Йўқ, ҳали турмуш қурмаган.

- Аллоҳнинг амри ила менга берасизми?-деб сўрадим.

- Аввал сўраб-суриштириб, куёвликка лойиқ бўлсанг берамиз, - деди кампир.

Уйимга қайтганимдан кейин ҳам қизни кўргим келаверди. Унга уйланишни ихтиёр этдим. Қариндошимдан бирини олиб, қизнинг амакиси ҳузурига бордик-да, мақсадимизни айтдик. Қизни суриштирган эдик «У сенга муносиб», дедилар. Никоҳ бўлганидан кейин Бани Тамим қабиласининг аёллари қандай эканини яхши билмайман, бошқа-бошқа муҳит, бошқа қабила одамларимиз, шошилиб, адашмадиммикин, деб пушаймон бўла бошладим. Лекин ичимдагини ҳеч кимга айтмай, охири бахайр бўлар, деб кутдим. Уйландим, келинни олиб келдик. Ёлғиз қолганимизда никоҳимга олганим қиз менга шундай деди:

- Афандим, бу оқшом куёв икки ракаат намоз ўқиши керак. Аллоҳ ризоси учун ўқиладиган бу намоздан кейин келиннинг хайрли ва бахтли бўлишини тилаши, Жаноби Ҳақдан эзгуликлар, баракот ниёз этмоғини тилаши суннатдир.

Унинг гапи маъқул келиб, икки ракаат намоз ўқидим. Саломдан кейин қарасам, у ҳам намоз ўқияпти. Намоздан сўнг у менга қараб шундай деди:

- Афандим, мен саҳройи муҳитнинг қизиман. Сиз эса бошқа муҳитда тарбия топгансиз. Тақдир бизни бирлаштирди. Сизга ўз муҳитингиздан бир қиз, менга эса ўз қабиламдан бир йигит топилар эди. Аммо тақдири илоҳий шундай экан, бир-биримизнинг феъл атворимиз ва ахлоқимизни билмаганимиз ҳолда тақдир ҳукми билан оила қурдик. Сиздан биринчи илтимосим, яхши кўрадиганингиз ва мамнун бўладиганингиз нарсаларни менга айтиб қўйсангиз. Сизнинг истагингизга мос хизмат қиламан, ёқтирмайдиган ва хуш кўрмайдиган ҳолларни ҳам айтиб қўйинг, токи мен улардан сақланай. Шундан кейин сиз менга лутф этиб, мулойим феълли бўлинг, мен ҳам сизга хотинлик вазифаларимни ўрнига қўймоқ учун астойдил ҳаракат қилай. Агар мен ўз вазифамни бажармай, танбаллик ва итоатсизлик қилсам, мени отамнинг уйига қайтариб юборишингиз мумкин. Бунинг учун ҳеч ранжимайман. «Бошга тушганни кўз кўрар», «Бошга тушса йиғламас», дейдилар. Мен сиздан шуларнигина илтимос қиламан. Жаноби Ҳақдан бир-биримиз учун хайрли ва баракотли турмуш қуришимизни тилайман. Исломий бир оила ҳаёти ила яшамоғимиз учун дуо қиламан.

Менга унинг сўзлари хуш ёқиб, дедимки:

- Хоним, сен менга шундай пурмаъно сўзлар айтдингки, агар айтганларингни адо этсанг, мени толеи баланд ва бахтиёр этасан. Агар сўзингда турмасанг, аҳвол бошқача бўлади. Мен мана бу нарсаларни истайман, бу нарсаларни севаман, мана буларини эса ёқтирмайман. Мен орзу қилганларни адо эт. Хуш кўрмаганларимни яшир, кўрсатма.

Сўнг у «Қариндошларимнинг келиб-кетиб туришларини хоҳлайсизми?»-деб сўради. «Узоқ турмаслик шарти билан майли, лекин ҳаддан зиёд тез-тез келишларини хоҳламайман», дедим. «Қўшнилардан кимлар кириб-чиқа олади? Хоҳламаганингиз билан кўришмайман», деди. Мен дедим:

- Фалон қўшнилар чиқиши мумкин. Улар номусли ва диндор одамлар. Фалон кимсаларни хоҳламайман, уларнинг ҳаёти исломий эмас. Ундайларнинг хонадонимизга қадам босишлари яхшилик келтирмайди. Бундай мезонлар билан қурилган оила қисқа вақт ичида бир жаннати хонадон бўлади.

Орадан бирор йил ўтди. Бир куни уйимга келсам, кекса аёл меҳмон бўлиб ўтирган экан. Унинг аёлимга «Қизим, бундай қил, ундай қилма», деб насиҳат қилишидан таажжубланиб: «Бу ким?» деб сўрадим. Аёлим «Қайнонангиз», деб жавоб берди. Мен қайнонамнинг ҳурматини бажо келтириб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдим. Қайнонам «Хотинингиздан мамнунмисиз?» деб сўрадилар.

- Жуда мамнунман, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, жуда ҳам яхши фарзанд етиштирибсиз. Бундан яхшиси бўлмайди. Ниҳоятда мамнунман, - дедим.

Бунга жавобан қайнонам:

- Мен уни жаннатдай оила гўшасида ўстирганман, ўғлим. Аёлнинг бадфеълидан Аллоҳ сақласин. Қариндошларимиз сизни кўргани келишмоқчи, қачон келишсин?-деб сўрадилар.

Мен: «Истаган кунлари келишсин. Уйимнинг тўри уларники», дедим.

Қайнонам ҳар йили бир келиб, қизига насиҳатлар қилиб кетардилар. Мен хоним билан йигирма йил бирга яшаб, унинг бирорта айбини кўрмадим.

Қози Шурайкнинг қўшнисиникида ҳар куни жанжал экан. Қўшни хотин тарбия кўрмаган, ёмон феълли бўлгани сабабли, турмушлари хароб экан. Уларнинг ҳолини кўрган Қози Шурайк суюкли хоними Зайнаб шарафига бу сатрларни битган эканлар:

Завжалар ичинда Зайнабим танҳо,

Қўлим синсин, унга кўтарсам гоҳо.

Адолатсизликдир беайб урмоқ,

Зайнабимга муносибдир мадҳ этиб юрмоқ.

Хотинлар ичида у бир қуёшдир,

Бошқа барча хотинлар юлдузга эшдир.

Қуёшнинг ёнида юлдузлар учар,

Эркак саодати уйида бўлар.

Зайнаб итоатли, Зайнаб содиқдир,

Унга таёқ эмас, мадҳия ҳақдир.

Азизлар, мазкур ҳикояни, ундаги қизнинг гапларини яна бир қайта ўқиб чиқинг. Яқин ойларда ёки яқин йилларда келинлик либосини эгнига илувчи қизингизга ҳам ўқиб, маъносини тушунтириб беринг. Биз, ҳар биримиз уйимизда жаннат ҳузури бўлишини истаймиз, Аллоҳдан сўраймиз. Албатта, бундай ҳузурни бергувчи ёлғиз Аллоҳдир. Аммо бу неъмат фақат дуо билан бўлмайди. Бу неъматга эришиш учун банданинг ўзида яхшилик сари интилиш бўлиши керак. Қизининг бахтли бўлишини истаган ота-она унга яхши тарбия бериши керак. Мазкур ҳикояда шундай ўгитлар борки, уларга амал қилиш хонадонни жаннат мисоли ҳузур манбаи қила оладир. Қози Шурайкнинг қайнонаси «Қизимни жаннатда ўстирдим» деганига диққат қилайлик: бунда аввало ҳикоя аввалида зикр этилган ҳадисга ишора бор. Иккинчидан эса жаннат – иймон эгалари тўпланадиган жой. Қиз иймон эгалари таъсирида вояга етган. Ҳар бир ҳаракатида имон талабларига амал қилади. Кимки уйини жаннат боғчаси қилса, фарзандини шу боғча гули каби парваришлайди. Кўриниши гўзал бўлгани учун эмас, феъли гўзал, ахлоқи яхши бўлгани учун аёл эъзозланади. Чунки мол-дунё тугайди, гўзаллик ўтиб кетади. Шу гапларни айтсак, айримларнинг энсаси қотиб «ўтмишдаги гапларни мисол қилишнинг нима фойдаси бор?» деб қўл силташади.

Бизнинг афсусимиз ҳам шунда. Ажаб, ажабки, жаннат боғчалари ўтмишда қолиб кетдимикин? Йигирма биринчи аср мезони бу жаннат боғчаларини инкор этадими? Бўлажак келин бой, бўялган, тузанган бўлса басми? Тор шим кийиб, киндигини кўрсатиб юрувчи, ота-онасидан ҳам кўра дискотекани яхши кўрувчи қизлар қайси боғчада парвариш қилиндилар экан? Жаннат боғчасидами ё дўзахнинг қуриб қовжираган биёбонидами? Баъзан кўчада кўрамиз: онаси бинойи аёл, ҳатто ҳижобда. Қизи эса шармандали кийимда. Бу қанақа оила бўлди?!

Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига: «Ахлатхонада битган гулдан эҳтиёт бўлинг», деганлар. Асҳоб: «Ахлатхонада битган гул қандай гул, ё Расулаллоҳ?»-деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар:

- Ёмон муҳитда, исломий тарбиядан узоқ, ахлоқсиз бир оилада етишган аёл.

Қиз олинаётганида оиласининг ахлоқи, яшаш тарзи яхши ўрганилиши керак. Албатта, қўни-қўшниларнинг айтганлари эътиборга олинади. Лекин қўшнининг ҳам ҳар хили бўлади. Бу ишда кўриниши чиройли қўшнилардан эмас, балки ахлоқи гўзал одамлардан сўралади. Қиз берувчи ҳам куёвнинг ахлоқини билиши шарт. Яхши суриштирмасдан тўйдан кейин «куёв бадахлоқ экан, куёв гиёҳванд экан», деб вовайло айтишдан фойда йўқ. Суриштиришда ёлғон ишлатилмаслиги керак. «Айби бор, аммо тўйдан кейин тузатиб олар», деб алдаш виждонга зид. Умуман ёлғон энг ёмон иллатлардан ҳисобланади. Икки ёшнинг тақдири ҳал қилинаётганда бунга алоҳида диққат қилиш керак.

Бу ўткинчи имтиҳон дунёсида бахт кишига ҳадеб кулиб боқавермайди. Бировнинг оти бўлса, араваси йўқ, араваси борнинг оти йўқ. Оила бахти ҳам шундай. Бугун эр-хотин ўзини бағоят бахтиёр хис этади, эртага эса акси. Оила бахтини бир дарахтга қиёс этсак, унинг икки ўқ илдизи бўлади. Бири эрнинг фазилатидан, иккинчиси хотиннинг хислатларидан сув ичади. Агар бу баробарлик йўқолса, масъудлик дарахтининг умри қисқа бўлиб қолиши мумкин. Шу боис оила бахтини таъминлашда эрнинг масъулиятини яна қайта таъкидлаб, бир ривоятни эслаймиз:

Бир йигит гўзал ва оқила қизга ошиқ бўлиб қолди. Қизнинг ҳам унда кўнгли бор эди, унаштириб қўйилдилар. Аммо тўйдан аввал қиз хасталикка чалинди, юзларига чечакка ўхшаган нимадир тошиб кетди, табиблар унинг чорасини қила олмадилар. Оқибатда қиз аввалги гўзаллигини йўқотди ва йигитга турмушга чиқиш аҳдидан қайтди, ўзини дунёдан ёлғиз ўтишга ҳукм қилди. Иттифоқо йигит ҳам касалликка чалиниб, бир неча кун қимирламай ётди. Кейин оёққа турди-ю бироқ кўзлари ожиз бўлиб қолди. Йигит қизга уйланиш аҳдидан қайтмади. Қиз ҳам ноилож кўнди. Икковлари шу тарзда анча йил бахтиёр умр кўрдилар. Вақти-соати келиб, аёл вафот этди. Унинг жанозасидан кейин эрнинг кўзлари кўр эмаслиги маълум бўлди. Бу ривоятдан мурод - оила бахти учун эр ҳам фидойи бўлмоғи керак.

Ҳар бир эркак номусли, ҳаёли қизга уйланишни истайди. Бу фазилатни қиз энг аввало ўз оиласида ўзлаштиради. Агар оиладаги ота-она тарбияли, одобли ва бир-бирларига хушмуомалали бўлишса, фарзандлари ҳам улардан ибрат олиб, шундай фазилатлар эгаси бўладилар. «Онасини кўргину қизини ол», деб бекорга айтмаганлар. Совчилар борган уйларининг ҳашаматига лол қолиб ўтирмасдан уй бекасининг саришталигига, муомаласига диққат қилсалар адашмайдилар. Агар ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар»нинг аввалидаёқ уйланиш машаққатидан сўз очадилар:

«-Манимча уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, - деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. - Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.

Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.

- Сўзингизнинг тўғрилигига шубҳа йўқ, - деди,-аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хотинга мувофиқуттабъ(таъбига мос) бўлсин.

- Хотинга мувофиқ бўлиш ва бўлмаслиқни унча кераги йўқ, - деди Ҳомид эътирозланиб,-хотинларға «эр» деган исмнинг ўзи кифоя... аммо жиян айткандек, хотин деган эрга мувофиқ бўлса бас.

Раҳмат кулиб, Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳзоли табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади..

- Уйланишдаги ихтиёримиз, - деди Раҳмат,- ота-оналаримизда бўлғанлиқдан, оладиган келинлари ўғилларига ёқса эмас, балки унинг ота-оналари ўзларига ёқса бас. Бу тўғрида уйлангувчи йигит билан эр қилғувчи қизнинг лом-мим дейишка ҳақ ва ихтиёрлари бўлмай, бу одатимиз маъқул ва машруъ ишлардан эмасдир. Масалан, мен ота-онамнинг ёқдиришлари билан уйландим.... аммо хотиним ота-онамға мувофиқ бўлса ҳам менга мувофиқ эмас.Сиз айткандек, эҳтимол мен ҳам хотинимга мувофиқ эмасдирман...»

Китобдаги бу сатрларни батафсил эслашимизнинг боиси, эътибор қилган бўлсангиз, ўтмиш ва бугунги кун ҳолатида ўзгариш кам. Орамизда Ҳомидга ўхшаб чакки фикрловчилар ҳам учраб турибди. Фарзандларини уйлантиришда уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олмаётганлар ҳам кўп. Демак, бу хусусдаги баҳсларга чек қўйиш вақти ҳали келмабди.

Оила қурган кишини кеманинг ичига тушган одамга қиёслаш мумкин: кема денгиз ўртасига йўл олган. Денгизда эса пўртаналар мавжуд. Фарзандларнинг туғилиши бу кемани бошқаришни янада қийинлаштиради. Энди кема дарғасидан янада кўпроқ куч ва маҳорат талаб этилади.

Фарзанд туғилиши қувонч ва бахт келтириши билан бирга айрим оилаларда кутилмаган ташвишларни ҳам юзага чиқаради. Айниқса, эр-хотин, қайнона-келин орасида келишмовчилик мавжуд оилаларда бола туғилиши билан вазият янада кескинлашади. Тўғрироғи, вазиятнинг кескинлашиши аёл ҳомиладорлигини сезган кунлардан бошланади. Маълумки, аёллардаги ҳомиладорлик жараёни бир ҳилда кечмайди. Айримлари бу жараёндан енгил ўтадилар, айримлари ғоятда қийналадилар, махсус муолажага ҳам муҳтож бўладилар. Ана шу пайтда оилада ҳам эр, ҳам қайнона, ҳам бошқа аъзолар томонидан ҳомиладор аёлга алоҳида меҳр ва шафқатли муносабатда бўлиш талаб этилади. Баъзи қайноналарнинг «шунга шунчами, менам ҳомиладор бўлганман, менам туққанман, бунақа талтайиб ётмас эдим», дейишларини нодонликка йўйсак ранжимасинлар. Келинларнинг барчаси ҳам айёр эмасдир. Уларнинг вужуди қақшаса, қийналишса нима қилишсин? Келиннинг бундай азобли кунларида ақлли, инсофли қайнона унга ўз онасидай меҳрибонлик билан муомала қилиши керак. Эр ҳам хўжайинлик мартабасидан тушиб, меҳрибон йўлдош мақомини олиши шарт. Бола туғилгунига қадар аёлга моддий-маънавий шароит яратиб берилиши керак. Уни айрим оғир вазифалардан озод қилиш лозим. Эр сув сепмоқчи бўлган хотини қўлидан челакни олса, бу ёқдагилар кулги қилмасликлари зарур. Ҳомиладор аёлни, айниқса, асабийлашишдан эҳтиёт қилиш керак. Аёл кўп асабийлашса, мажбурий қийноқларга рўпара қилинса, боланинг асабий касаллик билан туғилишини тиббиёт исбот қилиб берган. Демак, агар ҳомиладор аёлга яхши шароит яратиб берсак, аслида туғилажак фарзандимизга яхшилик қилган бўламиз. Фарзанд соғлом туғилса, ўзимизнинг бахтимиз-ку! Унинг хаста туғилишига ўзимиз сабаб бўлиб, кейин зир югуриб юришимиз Аллоҳ томонидан бизга ўша ёмонлигимиз учун берилган жазо эмасми?

Аёл ҳомиладорлик пайтида арзимаган гапдан ҳам ранжийдиган бўлиб қолади. Қувноқ онларидан ғамгин дамлари кўпаяди. Агар бу қайғуси ҳаддан ошса, бола ташлайди. Шу боис ҳам эркакларнинг бу даврда аёлларини авайлашлари хотинни эркалатиш дегани эмас, балки туғилажак болани авайлашдир. Аёлини ғам ва камқувватликдан эҳтиётлаш эрнинг бурчи. Аёлнинг баҳаво жойларда кўпроқ юриши, тез ҳазм бўладиган кучли овқатларни тез-тез ва оз-оз тановвул қилиши бизнинг оилалар учун камёб ҳодиса. Ҳомиладор келин қорни очса ҳам бошқаларнинг дастурхон атрофига ўтиришини кутишга мажбур. Ўзича овқатланса, уни очофатга чиқариб қўямиз. Кейин эса болани сақлаш учун шифохонага ётқизамиз. Агар келин кетма кет икки марта бола ташласа, «бунинг пушти чатоқ экан, боламга бошқа хотин олиб бериш керак», деган ҳаракатга тушиб қоламиз. «Келин ҳомиладор бўлганидан кейин унинг шароитини яхшилаш учун нима қилдик?» деб ўзимиздан сўрамаймиз. Агар келин камовқат бўлиши, кўп қайғуга берилиш оқибатида бола ташласа, бунинг гуноҳи эр, қайнота-қайнона зиммасига тушади.

Никоҳнинг биринчи мақсади – одам наслини кўпайтиришдир. Шунинг учун ҳар бир одам бутун куч-қуватини авлодининг ҳимоясига қаратиши керак. Ҳеч бир ота-она боласини нобуд бўлишини истамайди. Она қорнида бола пайдо бўлганидан сўнг унинг ҳаёт-мамоти ота-онага боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам улар болани нобуд бўлишига олиб келадиган ишларни қилмасликлари керак. Аёллар, айниқса эрлар болага зарар келтириши мумкин бўлган ташқи таъсирлар нималардан иборат эканини яхши билмайдилар. Масалан, тиббиёт фани маълумотига кўра, ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан то тўртинчи ойигача кўп оналар бола ташлайдилар. Бунинг сабаблари қўрқув, камқувватлилик, оғир жисмоний ишларни бажариш, эр билан бирга бўлиш ва кўп қайғуриш бўлади. Оғироёқ аёлларни уйда ёлғиз қолдириш ҳам мумкин эмас. Тиббиёт илмининг тавсиясига кўра, ҳомиладорликнинг иккинчи ойидан бошлаб эркак аёлига яқинлашмаслиги керак. Агар ҳайвонлар оламини кузатсак, улар бу масалага қатъий амал қиладилар, ҳомиладор жуфтларига яқинлашмайдилар. Биз – одамлар шаҳватпарастликда ҳайвонларни ортда қолдириб кетганмиз. Бир неча дақиқалик нафс ороми учун фарзандимизни ҳам аямаймиз. Бола она қорнида тўрт-беш ойлик бўлганида висол онларининг зарари билан майиб бўлиб қолиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Бу зарарларни кўпчилик билмайди, билганлар эса амал қилмайди. Яхши баҳонамиз бор: Худо сақласин!

Ҳомиладор аёлга яхши шароит яратиб бериш ҳам ҳар бир оиланинг бурчи, ҳам жамиятнинг вазифаси. Бизда ҳомила етти ойлик бўлганда аёлга таътил берилади. Етти ойлик болани қорнида кўтариб, қийналиб ишлаб юрган аёлларни кўрсам, ачиниб кетаман. Наҳот жамият уларга янада қулайлик яратиб беришга ожиз? Аёлларга таътилни ҳомила икки ойлик бўлганда беришнинг иложи йўқми? Албатта, бу жамият учун иқтисодий жиҳатдан оғир муаммо. Бир ойда ёки бир йилда ҳал қилиб бўлмайди. Бу масалани босқичма босқич ҳал этиш мумкин. Масалан, ҳомила беш ойлик бўлганда тўла таътил бериш мумкин ёки маошини сақлаб қолган тарзда ярим кун ишлатса ҳам бўлади. Ёки бола туғилгандан кейинги таътилни қисқартириш ҳисобига ҳомиладорлик таътилига қўшиш мумкин. Ёки авваллари эркаклардан фарзандсизлик солиғи олинарди. Қизлар турмушга чиқмаган бўлишса, олинмасди. Шуни бир оз ўзгатириш мумкин: қизлардан ҳам шундай солиқ олиб, уни ҳудди пенсия жамғармаси каби ўзларининг жамғармаларига тўпланса, ҳомиладорлик даврида маош сифатида тўлаш мумкин бўлади. Хуллас, таклифлар кўп, энг муҳими «мумкин эмас», деб рад этмасдан ҳаракат қилиш керак. Чунки бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши, фарзанд кўриши бир оиланинг муаммоси эмас. Бу – жамият келажагига доир муҳим масала!

Фарзанд туғилганидан кейин эр ҳам хотин ҳам бир нарсани англаб олишлари керак: фарзанди туғилгунига қадар ҳар бир одам ўзи учун яшайди, туғилганидан кейин фарзанди учун яшайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Яқинда бир даврада илмли биродаримиздан «Бир одамнинг хотини ва қизи бор. Хотинининг оғзидан ёмон ҳид келади. Даволатай деса, давоси йўқ экан. Ажрашмоқчи, шу тўғрими?» деб сўраб қолишди. Илмли биродаримиз ўйлаб ҳам ўтирмай «Тўғри, ажралиши керак, оғзидан ҳид келишини қиз тўйдан олдин айтиши керак эди», деди. Мен бу фатводан ранжидим. Агар оилада фарзанд бўлмаганда ажрашиб кетишса майлига эди. Лекин фарзанд тирик етим қоляпти-ку, наҳот буни ўйлашмаса?! Мен илм кишиси билан баҳслашишга ожизман, лекин бундай фатво беришларини тўғри деб ҳисоблай олмадим. Аввало, аёлнинг оғзидан келувчи ҳид тўйдан кейин пайдо бўлгандир. Бу кўпроқ ошқозон-ичак хасталиги билан боғлиқ. Лекин аёллар эрларидан шундай ҳид келса, ажраб кетмайдилар-ку? Ҳам ароқ, ҳам тамаки ҳиди анқиб турган эркаклар билан баъзан ёнма ён ўтириб, беш-ўн дақиқага чидамаймиз, уларнинг аёлларига эса балли деймиз. Яна шу ўринда юзига яра тошиб, гўзаллигини йўқотган қаллиғига уйланиш учун кўзини ожиз қилиб кўрсатган инсоф эгаси ҳақидаги ривоятни эслайлик. Бизлар шундай танти, мард, олижаноб бўла олмаймизми? Бизлар ўз нафсимиз йўлида шу қадар тубанлашдикми?

Маҳалладаги қўйди-чиқдиларни ҳал қилувчи йиғинда бир эр хотинини талоқ қилганини айтиб «У менинг минталитетимга тўғри келмайди», деб изоҳ берди. Маълум бўлишича, бу «минталитет эгаси» Америкага ишга бориб келган экан. Агар йирик олим сифатида бориб келса-ю «хотинимнинг савияси паст», деса тушунуш мумкин. Америкада икки йил бир меҳмонхона зиналарини ювиш билан машғул бўлган экан, бу жанобнинг минталитетлари қандай бўлиши мумкин? Энг муҳими, бу нодон жанобнинг уч фарзандлари бор. Бу фарзандлар туғилгунича минталитетлари қаерда эди? Ким нима деса десин, аммо жиддий сабабсиз болаларини тирик етим қилаётганларни айблашдан тоймаймиз. Фарзанд оилани бузишга сабабчи эмас, балки оилани сақлаб қолишга восита бўлиши керак. Хотинга чидай олмай қолган эр, эрига чидай олмай қолган хотин фарзандининг келажагини ўйлаб кўрса-чи? Эҳтимол, шу уларни охирги қадамдан сақлаб қолар? Судда эр ҳам хотин ҳам фарзандни талашади. Фарзандни шунчалик яхши кўрар экан, шу боланинг бахти учун ўз нафсидан кеча қолса бўлмасмикин? Судда фарзандларини талашадилар. Кейин... янги оила қураётганларида уни “меҳрибонлик уйи”га олиб бориб берадилар. Бунга нима деймиз? Боласини тирик етим қилиб қўйганлар янги оилаларида наҳот ўзларини бахтли хис қила олсалар? Ота ёки она меҳрига ташна боланинг уволи уларни тутмайдими? Бу дунёда отасиз ёки онасиз, ёки ота-онасиз ўсган фарзандлари билан қиёматда юз кўришишганларида бола меҳр-шафқат ҳақини даъво қилса, нима деб жавоб берадилар?

Қиёматдаги жавобга қадар ота ва онанинг жамият олдидаги бурчи бор. Қамалиб қолган ўсмирлар ҳаёти билан қизиқиб кўрганимда улар орасида ота-онаси, буваси ва бувиси тарбиясида улғайлаганлари оз эди. Ота-онасининг ажрашиб кетиши натижасида отаси ёки онаси меҳридан бегона равишда ўсганлари эса кўпчиликни ташкил қилар эди. Болалиги ёки ўсмирлигида жиноят йўлига кириб, сўнг бу оламда умрининг охиригача қолиб кетган фарзанд ота-онасини ҳаётлик давридаёқ куйдириб кул қилади. Бундай фарзанд ота-онаси вафотидан кейин уларни йўқлаб бирор марта дуо қилармикин? Бу ҳам бир масала. Дуоталаб руҳларнинг қиёматга қадар азобланиб, чирқираб туришидан Аллоҳ асрасин!

Аёллар ишлашлари керакми ё йўқми, деган муаммо бугунги кун оиласи учун муҳим бўлиб турибди. «Бугунги кун» деб таъкидлашимизнинг боиси, авваллари бундай муаммо бўлмаган. Аёллар уйда ўтирганлар. Бироқ, бу ишламаганлар, деган гап эмас. Аёллар уй юмушлари, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишдан ташқари маълум бир ҳунар билан банд бўлганлар. Масалан, каштачилик, дўппичилик... каби. Ундан ташқари аёллар ишлаши керакми ё йўқми, деган масала фақат шаҳарга хос. Қишлоқларда бундай масала йўқ. Эркак далада кетмон чопиб, аёл уйда пашша қўриб ўтирмайди. Эр билан баравар ишлайди. Фарзанд тарбияси ҳам шу меҳнат жараёнида олиб борилади.

Хўш, бугун шаҳар оиласида аёл ишлаши керакми ё йўқми?

Бу саволга ҳар бир оила ўз шароитидан келиб чиқиб жавоб бериши зарур. Энг муҳими, аёлнинг нима иш билан шуғулланишига жиддий эътибор бериш керак. Аёлларни оғир ва соғлиқ учун зарарли ишлардан эҳтиёт қилишимиз керак. Бугун биз аёлларни қурилишдами ёки заводдами оғир ишларни бажараётганини кўрамиз. Ҳатто далада тракторга ҳам миндириб қўйиб, уни олқишлаймиз. Аёлларни жисмоний оғир ва зарарли ишларда ишлашлари биз – эрлар учун уят эмасми?! Бухородаги сайёҳларга тарихдан ҳикоя сўзловчилар зардўзлик санъати ҳақида гапира туриб, «қадимда зардўзлик билан фақат эркаклар шуғулланганлар, аёлларни менсимаганлар, уларга ишонмаганлар», деб изоҳ беришади. Бу нодонларча изоҳга сайёҳлар, албатта, ишонадилар. Ҳоланки, у замонларда эрлар аёлларни эҳтиёт қилганлар. Аввало бу иш анча машаққатли. Иккинчидан, зардан турли чанг кўтарилади ва аёлнинг саломатлигига таъсир қилади. Яқинда бир биродаримизнинг аёли вафот этди. Шунда биродаримиз «аёлимни ишлатмасам бўларкан, барвақт ўлмас эди», деб қолди. Унинг аёли босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишларди. У пайтлар «линотипчи» деган касб эгаси, яъни ҳарф терувчининг шундайгина ёнида қўрғошин қайнаб турарди. Ўша ишда орттирилган касаллик охири ўз кучини кўрсатди.

Бу масалада айрим биродарларимиз сал кескинроқ фикр ҳам билдириб «ишлайдиган аёлларнинг бузилишлари осонроқ бўлади», дейишади. Бу фикрга қўшилмаймиз. Бузиладиган аёл уйида ўтириб ҳам бузилаверади.

Бошқа биродарларимиз ишламай уйда ўтирган аёлларнинг дунёқараши тор, савияси пастлашиб кетади, дейдилар. Бу ҳам бир ёқлама тўхтам. Дейлик, бир хонада олти аёл ишлайди. Биттаси китобхон, бошқалари китоб деса, боши оғрийдиган тоифадан. Ўша китобхон аёл жаҳон адабиётидан гапирса, қолганлар эшитишадими? Эшитишмайди. Уларга бундан кўра ғийбат афзал. Ғийбатдан лаззатланишади. Оқибатда ўша китобхон аёлни ҳам ўз қаторларига қўшиб олишади. Агар уйда ўтирган аёлларнинг савияси паст бўлса, Зебуннисо бегим, Нодира бегим, Увайсий бегим...лар дунё адабиёти тарихига гавҳарлар тўкармидилар?

Ишлаш масаласини ҳал этишда ҳар икки томон кескин талаблардан воз кечиб, шароитдан келиб чиққан ҳолда муроса қилганлари маъқул. Бу масалада бир оила иккинчисига намуна бўла олмайди.

Энди оилага доир нозик масала ҳисобланган кўпхотинлилик хусусида фикр юритсак. (Аниқлик киритамиз: оиласи бузилиши натижасида талоқ бериб, сўнг иккинчи ёки учинчи марта уйланганлар эмас, балки айни бир вақтда икки ёки ундан кўп хотинга эга бўлувчилар назарда тутилади.) Русларда «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас», деган мақол бор. Шуни сал ўзгартириб айтсак, иккита хотин олишни орзу қилмаган эр эр эмас, деган маъно чиқиши ҳам мумкин. Гарчи бу гап ҳазил тариқасида бўлса-да, лекин шундай орзу кўпгина эрларда мавжуд. Айрим эрлар учун хаёл орзу бўйича қолиб кетади, айримлар эса орзуни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Камбағаллар учун бу муаммо йўқ, десак ҳам бўлар. Камбағал эрнинг иккинчи хотин олишга ҳаракат қилиши осмондаги қуёшни узиб олишга уринишдай гап. Чўнтакка тушган пул нафсни қитиқлайди. Бу нафсни қондириш учун мусулмон эрлар учун тайёр баҳона бор: Аллоҳ тўрттагача уйланишга ижозат этган. Эр қандай ҳолатларда хотинни кўпайтириш ҳаракатига тушади?

* ўз хотини билан нафсини қондира олмаса, ташқаридан лаззат излайди.

* ота-онасининг зўри билан уйланган хотини кўнглига ёқмайди, ўзига ёқадиганини истайди. Гўё «Ўткан кунлар»даги Ҳомиднинг маслаҳатига амал қилади: «Жиян, - деди Ҳомид Раҳматка қараб,-бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб, улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр кишининг иши эмас». Бу маслаҳатга амал қилганларни биз «адашганлар» деб атасак ранжимасинлар.

* Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари, деб иккинчи, учинчи марта уйланадилар. Ажабки, суннатга амал қилишни айнан шу соҳада бошлайдилар. Қолган ўнлаб суннатлар эса бажарилмай қолади. Бу биродарларимизда андак жоҳиллик бор. Бу борадаги суннатнинг маъносини яхши англаб етмаганлар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳисалом нафсни қондириш учун эмас, беваларга меҳрибонлик қилиш учун уйланганлар.

* биринчи оиладаги фарзандсизлик оқибатида бошқа турмуш қуришни ҳеч ким рад этолмаса керак.

* ота-онасини беҳурмат қилувчи хотинни қўйиб, ҳурматлайдиганига уйланувчилар ҳам бор. Аммо иккинчи ёки учинчи хотин ота-онасини ҳурматлайди, деб ким кафолат беради? Эҳтимол ҳурматсизликда кейингилари аввалгисидан ошиб тушар. Балки «ота-онани ҳурмат қилмаслик» нафс талабини яширишдаги бир баҳонадир?

* уйланишдан илгари зино қилган эр яна бегона аёлни қўмсайверади. Бу нафсини қондириш учун маблағи бўлса бирон қизни ёки жувонни шаръий никоҳига олади, пули камлик қилса, фоҳишаларнинг хизматидан фойдаланади.

Суриштираман, десангиз сабаб ва баҳоналар қайнаб чиқаверади. «Нечта хотин олган маъқул?» деган саволни кун тартибига қўйсак, бир хил жавоб ололмаймиз. «Ўткан кунлар»даги тоға-жиян баҳсини эслайлик:

«Раҳмат Отабекка кулимсираб қаради-да, тоғасига жавоб берди:

- Хотинни кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин?-деди. - Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.

- Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалик қиладир, - деб кулди Ҳомид. - Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчинингдан қон томса,юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйганимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас.»

Ҳомидга ўхшаб фикр қилувчилар ҳозир ҳам топилади. Фақат айрим фарқлар бор. Чунончи: кўпхотинликнинг уйида ҳозир жанжал йўқ, чунки хотинлар бир уйда яшамайдилар. Ҳар бир хотинга алоҳида уй олиб берилади. Иккинчидан, қамчиндан қон томмайди, балки пул томиб туради. Пул томиб турар экан, жанжалга ўрин йўқ.

Устоз Абдурауф Фитратнинг мазкур масаладаги мулоҳазаларидан фойдаланиб фикрларимизни давом эттирамиз.

Одамлар аввал оила шаклида жам бўладилар ва бир неча оиладан бир қавм пайдо бўлади. Маълумки, бир қавмнинг ҳар бир оиласи саодатли ва бахтли бўлмасалар, ўша қавмни бахтиёр ва саодатли дейиш хатодир. Ҳамда оила аъзосидан бирортаси бахтли бўлмаса, ўша оилани бахтиёр дейиш ҳам нотўғри бўлади. Модомики, қавм оилалардан ва оила эса алоҳида одамлардан таркиб топган экан, «оздан кўпга» дегандек, айтиш мумкинки, ҳар қавмнинг саодати шу қавм оилаларининг бахтиёрлигидан ва ҳар бир оиланинг саодати шу оила аъзоларининг саодати ва бахтлилиги билан боғлиқ.

Нечта хотин билан яшаш масаласини шу нуқтаи назардан муҳокама қилиш ўринли. Бир нечта хотин билан яшаш оилаларни бахтли қиладими ё бахтсиз? Шу оила аъзоларига шодонлик келтирадими ёки бахтсизлик? Агар висол онлари ҳисобга олинса бу эр учун айни бахтиёрлик туюлади. Аммо кундош балоси билан сийланган хотин учун бу бахти қароликдир.

Дейлик, Фалончи Писмадон қизни никоҳига олди. Яъни ул бечорага саодат ва бахтиёрлик ваъда қилиб, ҳаётининг бойлиги, яъни ёшлигини ўз тасарруфига олди. Икки-уч йил яхши яшайди. Уйланишдан мақсад бўлган икки-уч фарзанд вужудга келади. Аёлнинг таровати ва ёшлиги эрнинг муҳаббати ва меҳри йўлида сарф бўлгандан сўнг Фалончи жанобнинг шаҳвати уйғониб, ҳаракатга келади. Нафси ором топиши учун энди унга ўз хотини кифоя қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, саодат ва бахтиёрлик умиди билан ёшлик айёмини эрининг орзу ҳавасларига адо қилиб, икки-уч фарзанд кўрган хотин ёнига янги хотин олади. Бу нима, дастлабки никоҳ онидаги ваъдага хилофлик ва хиёнат эмасми? Турмушнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларида ҳар бир эркак хотинига тилда бўлмаса ҳам дилида бахт тилайди. Кўнгли бошқасини тусаганда бу ваъда унутиладими?

Хуллас, Фалончи жанобимиз биринчи хотинларига айтибми ё яширин равишдами, ишқилиб уйландилар. Янги хотинга бутунлай берилиб кетишлари табиий. Биринчи хотин ва ҳаёти мевалари бўлган фарзандлари шууридан четлаша бошлайди. Табиийки, ўша хотин ва фарзандлар буни сезадилар ва жавоб тарзида унга бўлган муҳаббатларини йўқотадилар. Ундан ва янги хотинидан нафратланадилар. Вақт ўтиши билан янги хотиндан ҳам бир-икки фарзанд туғилгач, бу ўзаро нафрат янада кучаяди. Ваҳоланки, коинотда қайси иккита жинс бирга бўлса, муҳаббат натижаси экани маълум. Шундай экан, оила аъзолари орасида муҳаббат кўтарилса, вайронлик, тарқоқлик ва интизомсизлик келиб чиқади. Агар бу қўшхотин бир ҳовлида яшаса, улар ва уларнинг болалари ўртасида кун сайин нафрат ошиб боради. Ёқалашиш юзага келади, Фалончи ўзини бахтсиз сеза бошлайди, фарзандларининг хулқи эса ёмон бўлиб бораверади. Юқорида зикр этганимидек, ҳозирги кундошлар бир ҳовлида яшамайдиларким, бу қўшхотинлик жанобнинг мушкулини анча осон қилади. Аммо уйнинг алоҳидалиги биринчи оиласида ёнаётган нафрат ўтини заррача камайтирмайди. Биринчи оилани моддий жиҳатдан таъминлаб турса-да, унга нисбатан бўлган муҳаббат сақланиб қолмайди. Фарзандлари ҳам уни суюкли ота сифатида қадрламайдилар, балки моддий таъминотчи сифатида ҳурмат қилиб турадилар. Биринчи оила ўзини мустақил таъмин этадиган ҳолга етгач, отага бўлган бу ҳурмат ҳам сўнади.

Давлат қонуни қўшхотинлиликни ман этади. Ислом ижозат беради. Айрим европаликлар Исломнинг шу жиҳатини маъқуллайдилар. Эркак фоҳишахонага боргандан кўра яна битта хотин олиб покиза яшагани маъқул, дейдилар. Дарҳақиқат, қўшхотин олишнинг бу томони ҳам бор. Айрим эркакларда шаҳват иштиёқи кучли бўлади. Ўз аёли билан қўшилиш мумкин бўлмаган кезлари у кўчадан нажот излайди, гуноҳга ботади. Агар никоҳида яна битта хотин бўлса, бу гуноҳдан сақланади. Ундан ташқари бу ўринда аёлларнинг тақдири ҳам бор. Аввало, ўғил болалардан кўра қизлар кўпроқ туғиларкан, ундан ташқари турли уруш ёки фожиалар туфайли эрлар кўп қирилади. Демак, бир эрга икки ё уч аёл тўғри келади. Шундай экан, аёллар нима қилишсин?

* ҳаром йўлга юрсинларми? Ҳаром бола орттирсинларми?

* бировнинг оиласини бузиб, хотинидан бутунлай ажратиб, болаларини тириклай етим қилиб унга тегиб олсинларми?

* ҳалол ва поклик, рози-ризолик йўли билан бир кишига никоҳланиб, оила қурсинларми?

Албатта, барчамиз шу учинчи йўлни маъқуллаймиз.

Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимасида ўқиймиз: «Агар етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқсангиз, уларни ўз никоҳингизга олманг, балки никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳаққига зулм етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир». Нисо сурасида келган мазкур оятни ақлимиз етганча ўрганишга ҳаракат қилайлик. Тарихдан маълумки, жоҳилият даврларида аёллар ҳуқуқи бағоят даражада поймол қилинган. Бир эрга ўнлаб аёллар тутқун бўлган. Кейин эса урушлар туфайли кўп аёллар тул қолардилар. Ислом ана шу аёллар тақдирини одилона ҳал қилиб беради.

Ояти каримадаги етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқилса иккитами, учтами, тўрттами хотин олишга ижозат берилиши ўқиган одамга ғалати ва тушунарсиз туюлиши мумкин. «Тафсири ҳилол»да бу мураккаб масала яхши тушунтириб берилган. Имоми Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоятда шундай дейилган экан: «Менга Урвату ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар», ояти ҳақида сўраган экан у киши (розийаллоҳу анҳо) дебдиларки: «Эй жиян, бир етим қиз кафилнинг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, улар уйланишдан қайтариладилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилинадилар». Демак, оятда «етимлар» дейилганда етим қизлар назарда тутилган экан. Етим қизларга уларни ўз кафолоти (ҳимояси)га олган киши уйланмоқчи бўлса-ю аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсинда, ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган бошқа аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Агар хотинлари орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин.

Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан қайд қилинмасдан, мутлоқ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қанақа адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керакдир. Жумладан, эр бу қизга фақат моли учун уйланганда, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиши натижасида оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини умуман топмаслиги мумкин. Бу ҳам адолатсизликка киради.

Уламоларимиз оятдаги «етимлар» сўзини шундай талқин қиладилар ва бунга эътироз қилиш қийин. Бизда улар билан баҳс юритишга етарли илм бўлмаса-да, шу хусусдаги тушунчамизни баён этишга журъат этамиз. Таъкид этамизки, бу фикр баҳс йўсинида эмас, балки бир банданинг ақли етган даражасидаги тушунчасидир. Билишимизча, Қуръони Каримда мавҳум кўрсатмалар берилмайди. Масалан, масхара қилишдан қайтарилган оятда эр ва аёллар алоҳида таъкид этилади. Ёки илм олиш ҳақида ҳам «илм олмоқлик муслим ва муслималар учун фарздир» деб буюрилади. Ёки «Ёсин» сурасини айрим тафсирларида «Антокия» шаҳри тилга олинади. Баъзи муфассирлар эса «Агар шу шаҳар бўлганида Аллоҳ уни ўз номи билан атарди», дейишади. Аллоҳ билгувчидир. Нисо сурасининг биз ўрганаётган оятида ҳам «етим қизлар» деб алоҳида таъкид этилиши мумкин эди. Эҳтимол бу ўринда бошқа маънолар ҳам бордир? Яъни, етимлари билан бева қолган аёлларга меҳрибонлик қилишга даъват бордир? Яъни, етимларга меҳрибонлик қилинг, лекин ташқаридан туриб уларнинг ҳақини адо этишга кўзингиз етмаса, уларнинг оналарига, яъни беваларга уйланинг, деган маъно йўқмикин? Бизнингча, тўрттагача уйланиш ижозати нафсни қондириш учун эмас, балки айнан беваларни ўз паноҳига олиш учун бўлса керак. Бу ўринда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кимларга уйланганларини яна бир эсга олсак жоиз бўлар.

Ким тўрттагача хотин олиши мумкин? Албатта, бой одам. Камбағал орзу қилмаса ҳам бўлади. Демак, бу имтиёз фақат бойлар учунми? Юқорида кўпхотинлиликнинг фойдаси ҳақида ҳам айтиб эдик. Демак, хотини билан қўшилиш мумкин бўлмаган дамларда бой одам бошқага уйланиб, нафсини қондириши мумкин. Камбағал-чи? Унинг уйланишга пули бўлмагани билан, унда ҳам нафс бор, шаҳват бор. Ҳа, биз ундан сабрни талаб қиламиз. Бойга эса сабрнинг кераги йўқ, шундайми?

Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинлилар қандай адолат қилишади? Камина «Ўткан кунлар» романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди, иккинчи марта уйланиш ҳақида сўз чиққанда Кумушга маълум қилиб, ижозат олган, мусулмонлик бурчига риоя қилмаса, улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: «Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан руҳсат олиш шарт эмас». Дуруст, биринчи хотиннинг руҳсати шарт бўлмаса, унга маълум қилиш лозимми ё йўқми? «Маълум қилгани дуруст». Хўп, унда талаб қилинаётган адолат нима бўлади? Бугунги хотинларнинг кўпчилиги кундоши борлигини билмайди. Никоҳ яширинча ўқилади. Эр иккинчи хотини билан яширинча яшайди. Фақат хотинидан эмас, қариндошларидан ҳам сир тутади. Иккинчи хотини висолида маст бўлиш учун биринчисига «узоқ сафарга кетяпман» , деганга ўхшаш баҳона қилади. Яъни, ёлғон гапиради. Бу ҳаракатда қандай адолат бўлиши мумкин? Адолат деганда кечанинг биринчи ярмида биринчи хотин билан, иккинчи ярмида иккинчи хотин билан бўлишгина назарда тутилмайди. Адолатнинг қамрови кенг. Шунинг учун ҳам адолат қила олмасангиз биттаси билан кифояланинг, деб буюрилади. Биз икки хотинлик биродарларимизни айбламоқчи эмасмиз, иккита хотин олиш мумкин эмас, деб таъқиқлаш ҳуқуқи бизда йўқ. Биз фақат икки ёки ундан кўп хотинга уйланган ёки шундай фикрда юрган биродарларимизни Аллоҳнинг адолат хусусидаги огоҳлантиришини унутмасликка чақирмоқчимиз. Шу огоҳлантиришдан келиб чиқадиган маъно: уйланган эрнинг хаёлида иккинчи хотин олиш орзуси бўлса, адолат қилиш ёки қилолмаслигини аввалдан аниқ билмоғи даркор. Агар адолат қила олмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлса, иккинчи хотинга уйланиш хаёлидан воз кеча қолганлари дуруст. Аммо икки хотин ўртасида адолат ва инсоф ўрната олса, уларнинг оғирлигидан чўчимаса, ихтиёри ўзида. Икки ёки ундан кўп хотин олишнинг шарти шу - адолат ва инсофдир. Қўшхотинли эр шу ояти карима ҳукми ва виждони ҳукми ила фарз бўлган адолатни хотинлари ўртасида ўрнатишига мажбур. Яъни, еб-ичиш, кийим-кечак, уй-жой, эркак мажбуриятида ҳам бир ҳил муносабатда бўлиши шарт. Илгарилари қизиқ одатлар бўлган экан. Масалан, адолатга риоя этиш учун хотинлардан бири кундошига пул бериб, унинг навбатини сотиб оларкан. Ёки эрнинг ўзи бир хотинига ҳадя бериш билан рози қилиб, иккинчи хотинига бораркан. Аммо ўша даврлардаги Ислом фақиҳлари буни маъқул кўрмай, пулни ва ҳадяни ўз эгаларига қайтаришни лозим билганлар. Адолатнинг бажарилиши вожиб экан, эр бўйнида у абадий қолади.

«Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (уларнинг барчаларига баробар меҳр кўсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўйманг (муаллақа аёл – эри бедарак кетган аёлдир. Эрим Бор, деса – йўқ, беваман, деса – эри талоқ қилмаган). Агар (ўзларингизни ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ мағфиратли, Меҳрибон Зотдир» (Нисо сурасидан).

Набий акрам (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: «Агарда эрнинг икки хотини бўлса ва уларнинг олдиларида адолат қилмаса, қиёматда танаси яримта бўлғай”.

Оила асосини муҳаббат ташкил қилишини айтиб эдик. Муҳаббатда адолатни ўрнатиш қийин, эр ҳамма хотинларини бир хил сева олмайди. Эр ёш ва гўзалроқ бўлган иккинчи хотинини биринчисидан кўра кўпроқ яхши кўради. Аллоҳ таоло эса хотинлар ўртасида адл ва инсоф ўрнатишни талаб этяпти. Нима қилиш керак? Ислом йўлидаги эрга Аллоҳ таълим берадики: «Ҳақиқатда инсоф юзасидан ҳамма хотинларингизни бир ҳил севмоқчи бўласизлар. Лекин муҳаббатда адолат ўрнатмоқ сизларнинг иқтидорингиз доирасидан чиқади. Шундай экан, кўпроқ севадиган хотинингизга камроқ майл қилинг, токи бошқа хотин ранжимасин. Севмайдиган хотинни муҳаббат ва ҳурмат чегарасида тутиб турингиз, аслида севмасангиз ҳам зоҳирда шундай муомала қилингки, у ҳам севади, деб ўйласин».

Бу борада Расулуллоҳнинг (с.а.в.) хулқлари бизга ибратдир. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша онамизни (р.а.) бошқа хотинларидан кўпроқ севганлар. Аммо хотинлари ўртасидаги адолат мезонига риоя қилиб айтарканларким: «Ё Аллоҳим, иқтидорим борича хотинларим ўртасида адолат қилурман. Аммо ихтиёримда бўлмаган нарсага мени гирифтор этмагин, яъни ҳаммаларини бир хилда сева олмайман, мени авф этгин, чунки менинг қўлимда эмас». Ўз хотинларига қай даражада адолат қилиши лозимлигини билмай юрган эр учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шу муборак гаплари кифоя қилар? Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз (р.а.) шундай дейдилар: «Пайғамбарнинг аҳволлари оғир бўлганда, улар менинг хонамда қолишлари учун бошқа хотинларидан изн сўрадилар. Улар рози бўлдилар». Ислом дини кўп хотинлиликка шундай оғир шартлар билан ижозат беради. Шундай шартларга амал қилмай ёки аҳамият бермай икки ёки ундан кўп хотинга уйланган эрлар билиб қўйсинларки, уларнинг ишлари Қуръон ва ҳадисга хилофдир. Фарзандлари қалбига зулм қилганлари учун бу дунёнинг ўзида жазо олишларини унутмасинлар. Бу жазодан ташқари яна ҳисоб-китоб куни кутаётганини ҳам эсдан чиқармасинлар.

Ожиз ақлимизнинг хулосаси шуки, бу кунда ҳеч бир эр талаб қилинмиш адолат талабига жавоб бера олмайди. Шу боис битта хотинга кифоят қилсин ва қиёмат азобидан ўзини ҳимоят этсин.

Мавзу сўнггида кўпхотинлиликнинг жамиятга зарарини айтиб ўтмасак бўлмас. Тарихга назар ташласак, қудратли давлатларнинг парчаланиб кетганларига гувоҳ бўламиз. Нега шундай? Бунинг турли сабаблари мавжуд. Шу сабабларнинг энг асосийси подшоларнинг шаҳват балосига учраганларидир яъни тўхтовсиз ва беҳисоб уйланишларидир. Подшоларнинг хотинларидан туғилган фарзандлар расман ака-ука ҳисоблансалар-да, тож-тахтга ким ўтиради, деган муаммо кўтарилганида, жигарбандликни унутганлар. Ҳеч бўлмаса Мўъмин мирзо фожиасини эслайлик. Мўъмин мирзо Бадиуззамоннинг ўғли, яъни аввал зикр этганимиз Ҳусайн Бойқаро ажрашган хотиннинг набираси. Ҳусайн Бойқаро бу набирасига Астробод вилоятини инъом қилган, кейин эса Хадичабегимдан туғилган ўғлига ҳадя этди. Оқибат Бобур мирзо ёзганларидай: «Муҳаммад Мўъмин мирзони анинг (яъни Хадичабегимнинг) саъйи билан ўлтурдилар». Ҳусайн Бойқародан ўн тўрт ўғил ва ўн бир қиз қолган эди. Қизларни ҳисобга олмасак, бу ўғилларнинг қайси бири кўнглида тахт эгаллаш истаги бўлмаган? Амир Темур салтанатини кимлар ҳароб қилди? Темурзодалар...

Оила, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бир-бирларига меҳр-муҳаббатлари хусусида адоқсиз равишда фикр юритиш мумкин. Чунки ҳар бир оила - ўзига хос бир олам. Бу оламнинг эса ўзига хос олам-олам қувончлари, олам-олам ташвишлари, олам-олам муаммолари мавжуд. Бу муаммоларни шариат ҳукми асосида ҳал этиш эса оила бошлиғи – эрнинг бурчи. Биз шу муаммоларни ҳал этишда унга холис бир маслаҳатчи бўлишга уриндик холос.

Тоҳир Малик

 

 

 

Жондан ҳам қимматли

 

 

 

-Ё Аллоҳ! Ҳамонки, беномуслик пойдеворига гўзал оила саройи қуриб бўлмас экан, Бизларни  номус ила яшовчилардан қил. Қалбимизни ҳидоят қил. Қалбидан номуссизликка ўрин берган бандаларингни шайтон йўлидан қутқар. Шайтон ҳийлалари устидан барчаларимизга нусрат-ғалаба бер.  Ё Аллоҳ, сендан поклик ва номус  сўраймиз. Номуссизлик қилишдан Сендан паноҳ тилаймиз. Ё Аллоҳ, бизларни паноҳингда номусимиз ила сақла ва беномуслик туфайли эл аро шарманда бўлиб қолишдан асра!
Омийн, йа Раб ал-оламийн.

Вақти келганда баъзи нарсалар учун жонни фидо қилиш мумкин. Аммо номусни ҳеч нарсага фидо қилиш мумкин эмас. Чунки номус жондан ҳам қимматлидир. Сувнинг софлиги унга қиймат бергани каби, инсоннинг номуси ҳам унга қадр келтиради.
Сиз Россия телевидениесини кўрасизми ё йўқми, билмайман, лекин уларда кўп бемаъни, ҳатто аҳмақона суҳбатлар бўлиб туради. Шулардан бирида (“Пусть говорят” – “Майли, гапиришсин”) “қиз боланинг  турмушга чиқишидан олдин номусли ҳолда бўлиши шартми?” деган мавзуда баҳс юритилди. Эътибор беряпсизми, баҳс юритилди. Чунки студияга тўпланганларнинг ярми “шарт эмас”, деган аҳмақона тўхтам тарафдорлари эдилар. “Аҳмақона” деб қўполлик қилишимиз боиси – агар қиз боланинг турмушга чиқишидан олдин номусли ҳолда бўлиши шарт бўлмаса, Аллоҳ уни бокира қилиб яратмас эди. 
Яна бошқа бир кўрсатувда хотинларни уриш масаласи кўрилаётганда “хотинлар номус билан яшасалар эрлар урмайдилар”, деган фикр ўртага ташланди. Кўрсатувни олиб бораётган хоним бу фикрга қарши чиққанида иштирокчилардан бири унга “қизингизни бокира ҳолида узатиш бахтидан қувонмайсизми?” деб сўради. Хоним “мен учун бу шарт эмас, мен учун қизим йигитни севса бас”, деди. Шунда баҳслашаётган йигит “бу кўрсатувда иштирок этишдан ҳазар қиламан”, деб чиқиб кетди. Қолганлар эса уни маломат қилишди.
Одобни номусдан, номусни эса одобдан ажратиб бўлмайди. Башарти, униси ҳам, буниси ҳам нурай бошласа ва емирилса,  кўркам оила биноси йиқилади, қадрсизланади ва энди нафратдан бўлак ҳеч бир туйғу уйғонмайди.
Нафратга лойиқ бу воқеани эслаш, айниқса баён қилишдан ўзим ҳам ғашланяпман. Чунки, Худога шукр, бизда бундай муаммо йўқ, бундай бемаъни баҳслар йўқ. Лекин афсуски, шу фикрдаги айрим одамлар топилади. Вақти келганда улар ҳам вайсаб қолишлари эҳтимоли борлиги учун огоҳлантириш мақсадида мавзуни шундан бошладим, айбга буюрмайсиз. Шоир Маъруф Жалил айтмоқчи:
Ота-она меҳрисиз ҳам яшамоқ мумкин,
Аммо мумкин эмас, номуссиз яшаш.
Номус инсон қалбидаги буткул эҳтиросларнинг энг кўрками бўлмиш севгининг жонидир. Ҳа, энг асл гўзаллик – номусда. Инсон ақлининг пойдевори ҳам номус. Номус туйғуси туғма бўлади. Шу учун халқда “номусингни болалигингдан бошлаб асра”, деган ҳикмат бор. “Қон билан кирган – жон билан чиқади”, деганларидек, номус ота-онадан ўтувчи фазилат. Ота-она покиза бўлса, фарзанд ҳам номусли ҳаёт йўлидан боради. Ота ёки она этагига номуссизлик балчиғи сачраган бўлса, унинг доғи фарзанд ҳаётида ҳам акс этади.
Номусни ўзига фан қилган бандасини Аллоҳ таоло қўллайди. Бунга мисол тариқасида бир ривоятни эслаймиз:
Бир тақводор кишининг иффатли ва ҳаёли хотини бор эди. Унинг исми Маъсума эди. Иттифоқо, у киши ҳаж ибодатига отланди. Ўз укасига: “Уйимдан хабардор бўл!” деб васият қилгач, сафарга жўнаб кетди. Бир неча муддат ўтгач, хотин ҳузурига эрининг укаси – қайниси келди ва эшик тирқишидан ичкарига мўралаб, унинг чиройини кўргач, кўнгли шайтоний йўлга мойил бўлди-ю ака-укалар орасидаги шарм-ҳаё ҳам ёдидан кўтарилди. Ичкарига кирди ва янгасига ўз ишқини изҳор қилди. (Шу ўринда хотин эрининг дўсти у ёқда турсин, қайин оғаси ёки қайин укаси ёки бошқа яқин қариндоши, хусусан, эрининг тоғаси ва амакиси билан ҳам уйда  ёлғиз қолиши мумкин эмаслигини эслатиб қўйишни лозим топдик.) Хотин номусли ва покдомон эди. Қайнисининг сўзларини эшитгач: “Эй беҳаё, уялмайсанми?! Эй беномус, ор қилмайсанми?! Бу сўзларингдан қайт, ҳожатингга мендан раво истама ва муродинг мендан ҳосил бўлмайди. Ҳаргиз зино қилиб номусимни барбод этмагайман ва ҳаётимнинг соф чашмасини бу жиноятнинг андуҳи билан ифлос қилмагайман”, деди. “Мен билан бирга бўл ва муродимни ҳосил қил! Агар рози бўлмасанг, жонингга қасд қилурман”, деди йигит. “Жондан кечсам-кечаман, аммо бундай гуноҳ йўлга қадам қўймайман”, деб жавоб берди хотин.
Йигит тўрт нафар ёлғон гувоҳни топиб, хотинни қози маҳкамасига олиб борди. Улар хотинни зино қилишда айблаб, ёлғон гувоҳлик бердилар. Қози уларга ишониб, хотинни ўлимга ҳукм қилди. Гуноҳсиз хотинни биёбонга олиб бориб, тошбўрон қилдилар. Аммо Аллоҳ таоло унинг жонини омон сақлади. Хотин ҳушидан кетиб йиқилди. Одамлар “ўлди” деб гумон қилишиб, хотинни ташлаб, изларига қайтдилар.
Хотин ҳушига келиб, оҳ чекиб, нола қилди. Шу яқиндан ўтиб кетаётган араб тошлар орасидан келаётган юракни эзувчи нолани эшитди. Хотиннинг ноласига тошлар ҳам эрирди. Араб хотиннинг аҳволига ачинди. Уни тошлар орасидан четга олиб чиқди-да ўзи билан олиб кетди. Маъсума тузалгач, унинг қадди-камоли аслига қайтди. Буни кўрган араб Маъсумани ўз никоҳига киритишга ҳаракат қилди. Маъсума арабга жавобан: “Менинг эрим бор”, деб ўз бошидан кечирганларни айтиб берди.
Араб художўй ва раҳмдил киши эди. Маъсумани “синглим” деб атаб, уни ўз ҳимоясига олди. Арабнинг бир хизматкори бор эди. Ниҳоятда бадкирдор ва ҳаёсиз эди. У Маъсумага ошиқ бўлди ва ўз аҳволини унга изҳор қилиб, ҳожатини раво қилишини жувондан талаб этар экан, “агар рози бўлмасанг, сендан ўч олурман”, деб қўрқитди.
Маъсума рад жавобини берди. Арабнинг ҳали ёшига етмаган ўғли бор эди. Араб фарзандини ниҳоятда ардоқлар ва севарди. Хизматкор шум ниятини амалга оширди: боланинг бошини кесиб, унинг қонидан Маъсуманинг кўйлаги этагига суртди ва қонли пичоқни унинг ёстиғи остига қўйди. Эртаси куни болани ўлик ҳолда кўрдилар. Маъсуманинг этагидаги қонга кўзлари тушди. Қонли пичоқни унинг ёстиғи остидан топдилар. Фарзанд доғига куйган араб ва ўзини қайғули қилиб кўрсатган хизматкор Маъсумани аёвсиз калтакладилар. Аёл ўлар ҳолга яқинлашганда Аллоҳ таолога муножот қилди: “Эй Худойим! Кўриб турибсан, гуноҳим йўқ, Ўзинг қўлла! Ўзинг билиб турибсан, додимга ет!!”
-Эй Маъсума, -деди араб,-менинг умидим юлдузини нима учун ўлдирдинг?
Маъсума “Мен ўлдирганим йўқ”, деб қасам ичди-да, хизматкор билан бўлган можарони сўзлаб берди. Араб унинг рост гапираётганига ишонди. Маъсумага тўрт юз дирҳам олтин бериб, “ўғлимнинг онаси фарзанди фироқида сенинг жонингга қасд қилмоғи муқаррар, уйимдан чиқиб кетганинг маъқул”, деди.
Маъсума тўрт юз дирҳамни олиб уйдан чиқди-да, боши оққан томон қараб кетди. Шаҳар четига етганида йўл устида қурилган дорга кўзи тушди. Дор атрофига оломон йиғилган эди. Маъсума улардан тўпланиш сабабини сўради.
-Шаҳар амирининг бир одати бор: агар кимда ким хирож тўламаса, уни дорга остиради. Дор остидаги йигит хирожни вақтида тўламабди, шунинг учун ҳозир жони олинади,-деб жавоб бердилар.
-Унинг қарзи қанча экан?-деб сўради Маъсума.
-Тўрт юз дирҳам,-дедилар.
“Менинг тўрт юз дирҳамим бор. Мусулмончилик йўлида  бу йигитнинг қарзини бериб, уни ўлимдан  ҳалос қилай. Менинг ризқимни Худонинг ўзи етказар”, деб олтинни бериб, йигитни дордан қутқазди.
Йигит жазодан қутилгач, ташаккур айтиш учун Маъсуманинг олдига келиб, унинг ҳусну жамолини кўрди-ю қалби ишқ дорига осилди. Маъсумадан висол талаб қилди. Маъсума рад жавобини берди. Аммо йигит унинг изидан эргашиб кетаверди. Ниҳоят дарё лабига етдилар. Маъсума кемага тушмоқчи бўлди. Бироқ, номард йигит: “Бу хотин  канизагим эди, мендан қочиб бу ерга келибди”, деб туҳмат қилди. Кеманинг эгаси савдогар эди. Йигитга ўн минг дирҳам санаб бериб,  Маъсумани сотиб олди. Кейин унга яқинлашмоқчи бўлди. Маъсума фарёд чекиб: “Мен чўри эмасман, озод кишиман, эрим бордир”, деди. Маъсуманинг фарёдини эшитган кемадагилар уни савдогар қўлидан қутқариб олдилар. Аммо унинг жамолини кўришгач, барчалари унга ошифта бўлиб, унинг билан бирга бўлишга қасд қилдилар. Маъсума нола қилиб Худога ёлборди. Марҳамат ва қудрат эгаси  Аллоҳ таоло кемага ўт юборди. Шум ниятлиларнинг барчалари халок бўлдилар. Кемада Маъсуманинг якка ўзи қолди. Қаттиқ шамол туриб, кемани дарё қирғоғига олиб борди. Маъсума яна бир балога гирифтор бўлмаслик учун эркакча кийиниб кемадан тушди-да шаҳар амирининг ҳузурига борди.
-Сизга бир ҳожатим бор,-деб унга мурожаат қилди.-Кемани сизга тортиқ қилурман. Ундаги барча мол ҳам сизгадир. Эвазига шу шаҳарнинг чеккасидан мен учун бир ҳужра бино қилдирсангиз, токи  бу ҳужрада Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлгайман.
Амир Маъсуманинг илтимосини бажо қилдирди. Маъсума ҳужрага жойлашиб, тоат-ибодатга берилди. Аллоҳ таолонинг бу суюкли бандасини дуоталаблар  зиёрат қила бошладилар. Покдомон, номусли хотиннинг дуолари ижобат бўла бошлади. Унинг дуолари туфайли Аллоҳ таоло дардмандларга шифо берди, ҳожатмандларнинг ҳожатини раво қилди.
Бу орада Маъсуманинг эри ҳаж ибодатидан эсон-омон қайтиб келди. Укаси унга хотини зинокорлиги учун қатл этилганини маълум қилди.
Шундан кейин туҳматчи ва беномус уканинг кўзи кўр бўлиб қолди. Табибларнинг муолажаси таъсир этмади. Шунда акаси шаҳар чеккасида дуоси ўткир зоҳид ҳақидаги хабарни эшитди. Укасини опичиб олди-да, ўша томон юрди. Уларнинг йўли бир маҳаллар Маъсумага яхшилик қилган арабнинг уйи ёнидан ўтарди. Бу кунга келиб арабнинг туҳматчи ва нопок хизматкори ҳам кўр  бўлиб қолган эди. Ака-уканинг мақсадини билиб, шифо илинжида уларга эргашди. Энди уларнинг йўли Маъсума дордан озод қилган йигитнинг қишлоғидан   ўтарди. Йигит ҳам кўр бўлган, қари онаси эса қаровсиз қолганди. Уларнинг мақсадини билиб, йигит ҳам эргашди.
Дуоталаблар шаҳар чеккасида макон тутган зоҳиднинг ҳужрасига яқинлашганларидаёқ Маъсума уларни таниди. “Эртага бомдоддан кейин шаҳар амири билан бирга келинглар, токи сизларни унинг ҳузурида дуо қилай”, деди Маъсума. Эртаси куни ҳамма йиғилгач, Маъсума деди:
-Агар бу дард балосидан халос бўлишни истасанглар, ҳар ким қандай ёмон иш қилган бўлса ростини сўзласин, гуноҳига иқрор бўлсин.
Эрининг укаси аввалига гапни чалғитди. Бу ҳолатида шифога умид йўқлигини билгач, гуноҳига иқрор бўлди. Хизматкор билан йигит ҳам жиноятларини бўйинларига олдилар. Бу бадбахтларнинг иқрорини амир ҳам, тўпланган аҳоли ҳам эшитди. Кек сақлаш иффат эгаси учун ҳусн эмас, шу боис Маъсума уларни дуо қилди. Астойдил қилинган тавбани Раҳмон ва Роҳийм Аллоҳ таоло  қабул этди,  уларга сиҳатлик берди. Шундан сўнг Маъсума ўзини танитди:
-Билингларки, бу ҳожим менинг эримдир. Мен эса туҳмат туфайли қатл қилинган Маъсумадирман. Мен кўп синовларга дуч келдим. Аллоҳ таоло тўғрилигим ва поклигим туфайли ҳамма балолардан асради.
Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳ таоло номус эгаларини ҳеч қачон хорлатиб қўймайди. Аксинча, киши номусига тажовуз қилганларни жазосиз қолдирмайди. Номус тушунчаси ғоят кенг, таъбир жоиз бўлса, “шохлаб” кетган. Лекин барчаси бир ўзак атрофида бирлашади. Бу ўзакнинг номи – нафс. Нафснинг балолик қудрати бор. Нафс – шайтоннинг энг ишончли қуроли. У алайҳилаъна одамнинг ёшига қарамайди, болага ҳам, ўсмирга ҳам, ёшу қарига ҳам тўхтовсиз ҳужум қилаверади. Ҳа, унинг ҳужуми тўхтовсиз давом этади. Демак, инсоннинг номус поклиги учун нафс балоси билан олишуви сўнгги нафасигача давом этади. Ҳеч ким “Мен комил иффат ёки номус эгасиман!” деб мақтана олмайди. Мақтангудай бўлса номуси комил эмас экан, чунки мақтаниш – шайтоннинг ғолиблигидан бир даракдир. Номусга доир тушунчаларнинг барчаси бир ўзак атрофига бирлашади, дедик. Барча тушунчаларнинг душмани ҳам бир – нафс қуроли билан ҳамла қилувчи шайтон. Айни чоқда номуснинг соқчиси ҳам бир – ақл!
Бир гапни афсус билан айтишим шарт: кейинги пайтда одам савдоси ҳақида, фоҳишалар ҳақида гапириляпти. Баъзилар буни иқтисодий қийинчилик билан  боғлашга уринишяпти. Бузуқликка иқтисодий камчилик сабаб  эмас,  балки маънавий қашшоқлик сабаб. Бу ривоятни ўқиганлар, фикримга қўшилишса керак, деб умид қиламан:
Бир обид ниҳоятда фақир яшар эди. Шундай бўлдики, уйда ейишга бир тишлам ҳам нон қолмади. Болалари очлик азобига чидаёлмай йиғлайвердилар. Очликдан обиднинг ҳам силласи қуриган эди. Ҳатто кўчага чиқиб тиланишга  қурби етмай қолди. Унинг ўрнига хотини чиқди. Бир кишидан нон тилаган эди, у ноинсоф “Эй нозанин, агар танингни менга бахш этсанг, сенга сўраганингни берурман”, деди. Бу талабдан ғазабга келган хотин вужуди титраган ҳолда уйига қайтди. Онанинг қуруқ қўл билан қайтганини кўрган болалар яна нола қила бошладилар. Фарзандларининг ўлар ҳолга келганига чидолмаган хотин яна кўчага чиқди. Яна тиланди. Унинг ҳуснига маҳлиё бўлган киши нафси талабини айтди. Хотин ундан юз ўгириб, яна бир одамга бориб тиланган эди, яна ўша беҳаё талабни эшитди. Бас, ночор хотин рози бўлди. Хилват жойга борганларида аъзои бадани титроқдан ларзага келди. У одам “Эй нозанин, нега титраяпсан?” деб сўради. “Бу гуноҳни қилмакка Худодан қўрқиб вужудим ларзага кирди”, деди хотин. Бу гапни эшитиб, у одамнинг виждони уйғонди. “Эй хотин, шунчалар фақир бўлсанг ҳам сен Аллоҳ таолодан қўрқяпсан. Бас, менга бу қадар неъматлар берган Аллоҳ таолодан менинг ҳам қўрқишим зарурдир”, деб гуноҳдан қайтди ва хотинга кўп неъматлар ҳадя этди.
Бу ривоятнинг бир неча хулосаси мавжуд. Бирида “у киши Худодан қўрқиб нафсини тийгани учун барча гуноҳлари кечирилган” дейилади. Яна бир хулосага кўра, бечора хотин унинг ҳаққига дуо қилиб: “Ё Аллоҳ, бу банданг нафсини тийиб қўлини баданимга етказмагани учун гуноҳларини кечир ва унинг қўлларини икки дунё оловларидан асра!” деб илтижо қилган экан. Дуо ижобат бўлиши натижасида у киши чўғни кафтига олса ҳам куймас экан...
Киши ўз номусини асрашга масъул бўлгани ҳолда ўзгалар номусига дахл қилишга ҳақсиздир. Ўзгалар номусига дахл ёки тажовуз қилиш дейилганда фақат қизларни зўрлашгина назарда тутилмайди. Ғийбат ёки туҳмат қилиш ҳам номусга тажовуз ҳисобланади. Пайғамбар муҳтарам (Аллоҳнинг саломи  ёғилсин) бу хусусда марҳамат қилдилар: “Мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва номуси ҳаромдир”. Яъни: Мусулмон учун мусулмоннинг қонини тўкиши ёки молини ўзлаштириб олиши ҳаром бўлганидай (Аллоҳ таоло томонидан қатъий равишда таъқиқланганидай), унинг номусига тегиш ҳам ҳаромдир. Ғийбат тўри номусни ҳам ўз ичига олади. Номус жон ва молга қасд этиш қаторида зикр этилиши бежиз эмас. Анас (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Меърож кечаси бир тўда кишиларга дуч келдим. Тирноқлари билан юзларини тимдалардилар. “Эй Жаброил, кимлар булар?” деб сўрадим. Жаброил: “Булар – инсонларни ғийбат қилганлар, инсонларнинг ор-номусларига тил теккизганлар”, деди”. 
Номуснинг ор (уят) ва қадр тушунчаларига ҳам маънодошлиги бор. Шунинг учун “ор-номус” атамасини учратиб турамиз. “Ор-номус” кўпинча эр-йигитларга нисбатан қўлланилади. Оилани, Ватанни, дўстни... ҳимоя қилиш – эр-йигит учун ор-номус саналади. “Эр йигитга икки номус -  бир ўлим”, деган мақол бор. Бунинг маъноси - йигит ўз жони ҳузури учун номусини парчалайдиган бўлса, унинг учун ўлим афзалроқ, дегани.
Бедов от туёғидан тойиларми?
Мард йигит тўғри йўлдан қайриларми?
Номуси, орияти бор йигитлар
Ақча деб туққанидан айриларми?
Бу халқ қўшиғига изоҳнинг ҳожати йўқдир.
Ривоятда баён қилинишича, бир танбал илон  овга чиқишга эриниб, тирикчиликнинг осон йўлини излади. Макр-ҳийла йўли билан бўлса-да, қорин тўйғазишни ўйлади. Қурбақалари кўп бўлган кўл қирғоғига судралиб келиб, чўзилиб ётиб олди. Унинг бу аҳволидан ажаблаган бир қурбақа яқин келиб:
-Сенга нима бўлди? Нега шаштинг паст?-деб сўради.
-Дунёда мендан ҳам бахтсизроқ бир маҳлуқ бормикин?-деди илон афсус билан вишиллаб.-Шундай бир касалликка йўлиқдимки, энди қурбақаларнинг ўзлари оғзимга кирсалар ҳам юта олмайман.
Қурбақа бу янгиликни ўз подшоҳига етказди. Подшоҳ ҳам таажжубланиб, илонга яқин келди-да касаллиги сабабини сўради.
-Бир куни қурбақани тутмоқчи бўлиб қувладим. Қурбақа бир зоҳиднинг уйига кириб кетди. Изидан кирдим. Уй зимистон қоронғи эди. Зоҳиднинг ўғли ухлаб ётганини сезмабман. Қурбақани ютаман, деб унинг бармоғини тишлаб узиб олибман. Бола ўша заҳоти ўлди. Зоҳид эса мени лаънатлади: “Илоё, сен шундай бир касалликка йўлиққинки, қурбақалар подшоси  устингга миниб, гаштини сурадиган бўлсин. Қурбақалар подшосининг ўзи инъом қилмагунича қурбақа ютолмагин!” деб қарғади. Энди бу ерга зора подшоҳ  устимга минармикин, деган умидда келдим.
Қурбақалар подшоҳига бу гап маъқул келди. Ўзининг шундай бир шаън-шавкатга, шараф ва ҳурматга лойиқ бўлганлигидан шод бўлди ва илоннинг устига миниб олиб, керилганича сайрга жўнади. Бир оздан кейин илон тўхтади:
-Подшоҳим, омон бўлсинлар, сизни роҳатбаҳш сайр қилдиришим учун менга куч керак. Кучга киришим учун эса таом керак.
-Тўғри айтасан, ҳар куни сенга иккитадан қурбақа инъом этаман,-деди подшоҳ.
Илон ҳар куни иккитадан қурбақа еб кунини ўтказаверди. У иккита қурбақани ўзининг ор-номуси эвазига ютаётганини ўйлаб ҳам кўрмас эди...
Айрим ёшлар эҳтимол бизнинг бу суҳбатимизни ўқишни истамаслар. Шундай бўлса,  муҳтарам ота-оналар, гап мавриди келиб қолганда, шу ривоятни уларга айтиб беринг. Ҳар ҳолда эр номусини бой бериб қўйса, ҳар қандай хонадон ҳам иснодга қолиши аниқ.
Бирор кишининг камчилигидан сўз очилса, уни ҳимоя қилиш мақсадида: “Ҳа энди, Ойда ҳам доғ бор”, деб қўйилади. Ойнинг бизга кўринадиган томонида доғларни кўрамиз. Орқа томонида нималар бор, билмаймиз. Одамларнинг гуноҳлари ҳам шундай. Айрим гуноҳлари барчага равшан – кўриниб туради, айримлари эса пинҳоний. Икки киши орасидаги гуноҳларини ўзгалар билмайди, деб ўйлаб янглишадилар. Бу ўринда, англагандирсиз, номуснинг зидди бўлган номуссизлик, бошқачароқ айтсак, бузуқликни назарда тутяпмиз.
Бугунги кунда жамиятдаги жуда кўп гуноҳларнинг бошланиши, хусусан, бу гуноҳлар оқибатида бола-чақаларнинг хор-зор бўлиши фаҳш ишларнинг кенг тарғиб этилиши ва зинонинг - ношаръий жинсий муносабатларнинг кенг авж олгани оқибатидадир. Зино дунё ва охиратда  инсонни беномус, хору расво, аламли азобларга мубтало қилади. Ояту ҳадисларда бу ҳақда банда қатъий огоҳлантирилган: “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқликдир - энг ёмон йўлдир” (Исро сурасидан). Диққат қилдингизми, оятда шунчаки “зино қилманглар” эмас, “зинога яқинлашманглар”, деб буюриляпти. Буйруқдаги қатъийлик бекорга эмас. Виждонли, номусли одам зинонинг кўчасига яқинлашмаслиги ҳам керак. Демак, зинога олиб борувчи барча нарсалардан узоқда бўлиши шарт.
Мазкур оятдан олдинги оятда Аллоҳ таоло  фақирликдан қўрқиб болаларини ўлдиришдан қайтаради. Зийраклик билан кузатсак, “Зинога яқинлашманглар”, “болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг” оятининг мантиқий давомига ўхшайди. Воқеан шундай. Қадимда араблар болаларини боқа олмасликдан, очликдан қўрқиб, гўдакларини тириклай кўмиб юборишар экан. Ҳозир ҳомиланинг бошланишида олдиришади ва бунинг номини “аборт” деб қўйишган. Онанинг саломатлигига хавф солинган дамларда абортнинг зарурлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин баъзи ҳолларда аборт бузуқликни яшириш учун амалга ошириладики, бу ҳол билан муроса қилиш мутлақо мумкин эмас. Жаҳоннинг кўп мамлакатларида бу қонун йўли билан таъқиқланган ва тўғри қилинган. Рус императори даврида аборт қатъий таъқиқланган. Ленин бу жиноятга рухсат берди. Аёлларни қулликдан қутқаришда, унинг телба фикрича, бу муҳим аҳамият касб этар экан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Сталин абортни яна таъқиқлади. У фаҳш йўлини тўсиш учун эмас, балки урушда ўлганлар ўрнини тўлдириш учун туғилишни кўпайтиришни ўйлади. Орадан йиллар ўтиб, совет жамияти бу жиноятга яна йўл очиб берди. Ҳозир Россияда бир чақалоқ туғилса, икки одам ўлиб турганини биларсиз. Маълумотларга кўра,  у ерда кунда ярим миллион аборт қилинади. Демак, ярим миллион қотиллик! Бу дунёда жазо қўлланилмаётган жиноят!
Европада, хусусан Россиядаги ёш  оилалар орасида бузуқликка доир аҳмоқликнинг янги бир кўриниши пайдо бўлган. Дам олгани чиққан икки “оила” хотинларини ўзаро алмаштириб, маишат қиладилар. Буни “ўйин” деб атаб, унга “свинка” деб ном берганлар. Шундай ном берилиши бежиз эмас. Жониворлар ичида фақт чўчқагина урғочисини рашк қилмайди...
Бузуқликни яшириш мақсадида қилинаётган абортларнинг жиноят эканини тан олувчилар кўп. Аммо бу ҳақиқатга қарши турувчилар сони ошиб боряпти. Чунки пашшалар ахлат устида озиқланганлари каби, ғафлат аҳли ҳам ўзларининг қўланса дунёсида бузғунчиликларини бахт, деб биладилар. АҚШнинг аввалги президенти Буш абортга қарши бўлгани учун унга норозилик билдириб, юз мингларча одамлар намойишга чиқдилар
“Эр кишининг ўз никоҳида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилиши”, деб таърифланган зинонинг гуноҳи кўпчиликка маълум бўлса-да, “Худо кечиради”, деган аҳмоқона умид билан баъзилар бу гуноҳдан ўзини тиёлмайди. Кундузи “зарур ишларим бор”, деган баҳонада кўчага чиққан эр кун бўйи бузуқ маишатини қилиб шом (ёки хуфтон) чоғи, хизматида хориб-чарчаган кўринишда уйига кириб келади. Алҳазар!! Маишатхонадаги ювиниши билан ўз назарида гўё поклангандай бўлади. Уйига бир арава ифлос ахлат кўтариб кирганини, наҳс босганини эса ўйламайди, қўрқмайди. Аксинча, болаларини қучиб, ўпиб, эркалайди. Хотини билан бир тўшакда ётади. Янада афсуслар бўлсинки,  айрим  аёллар ҳам шу ишни қилишади. Тирикчилик важҳидан танасини сотувчини “фоҳиша” деймиз, улардан нафратланамиз, улар эса бу ишларини касб ўрнида кўриб, уялишмайди ҳам, яширишмайди ҳам. Аммо эрли зинокор  аёлларни нима деймиз? Улар қандай лаънатга лойиқлар? Фаҳшга шўнғиган эр “хотиним билмасин”, деб эҳтиётини қилар. Фаҳшга шўнғиган хотин эса “эрим билиб қолмасин”, деб чўчийди. Аммо бу ғофил бандалар “Худо кўриб-билиб турибди-ку?!”- деб ўйлашмайди, қўрқишмайди-я! Кейинчалик, қариган чоқларида фарзандлари бемеҳрлик қилишганда эса нолиб юришади. Фарзанднинг бемеҳрлиги – жазонинг бошланиши. Жазо уларни дўзахда кутиб  турибди.
Ҳориж киноларидан билардик, айрим аёллар (ёки эрлар) жуфтининг хиёнатини фош этиш учун ёлланма изқувар (ҳуфя ёки детектив)га мурожаат этишарди. Ҳозир шунақа ҳолат бизда ҳам учраб турибди. Мана, шулардан бири:
Эр (ёки хотин) хиёнат қила бошлагач,тўшакдаги ҳолатида ўзгариш бўлади. Агар хотин (ёки эр) сезгир бўлса, буни тез фаҳмлайди. Биз айтмоқчи бўлган аёл шундайлардан экан, сезибди. Аввал эрини ўзи пойлаган. Айрим нарсаларни аниқлаган ҳам. Аммо жиноят устида қўлга тушмагани учун эр айбини бўйнига олмаган. Шунда аёл “детектив” ёллаган. Эр ўйнаши билан қаерда маишат қилаётганини аниқланган онда аёл у ерга фарзандларини бошлаб борган. Фарзандлари ёш болалар эмас, оилали. Ана энди аҳволни ўзингиз тасаввур қилинг! Оиланинг тақдири нима бўлади? Ота ва бола орасидаги муносабат бундан бу ёғига қандай бўлади? Хулоса чиқаришни, азизлар, ўзингизга ҳавола этамиз.
“Зинокор аёл ва зинокор эркак –икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва Охират Кунига имон келтиргувчи бўлсангизлар Аллоҳнинг бу ҳукмида (яъни зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат туйғулари тутмасин! Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!” Нур сурасидаги мазкур оят “Тафсири ҳилол”да муҳтарам шайхимиз томонидан гўзал тарзда илмий асослар билан тушунтирилганки, уни олиб ўқисангиз кўп ибрат топажаксиз. Бизнинг суҳбатимизда илмийликка кўра оммабоплик устун тургани сабабли, тафсирни тўла келтирмай, қисқа баёнидан фойдаланамиз.
Ояти каримада зикр қилинган юз дарра уриш жазоси ҳали оила қурмаганлар учун тайин этилган. Яъни, никоҳда бўлмай, эр-хотинлик муносабатида бўлмаган кишилар зино қилсалар, юз дарра уриладилар.
Зино барча замонларда, барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разолат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналган. Инсонийлигини йўқотган жамиятларгина бу умумий қоидадан четга чиққанлар. Соф инсоний табиат ҳеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қила олмайди. Чунки инсониятнинг боқий қолиши, камол топиши учун эр ва аёлнинг ўртасидаги алоқа доимий ва мустаҳкам аҳду вафо, жамият шоҳид бўлган аҳду паймон асосида бўлиши керак. Шундай бўлмаса, наслу-насаб поклиги ҳам, ота-болалик туйғуси ҳам, оила ҳам, жамият ҳам қолмайди. Инсоният таназзулга юз тутади. Зино поклик ва олиймақомликни йўққа чиқарадиган амалдир. Шунинг учун ҳам ҳамма халқлар, ҳамма динлар, ҳамма жамиятлар зинони қоралаганлар. Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, жазога лойиқ иш деб ҳисоблаганлар. Масалан, қадимги мисрликлар эркакни таёқ билан қаттиқ калтаклашган, хотиннинг эса, бурнини кесишган. Ҳиндлар аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб, атрофидан олов ёқишган. Рим қонунлари бўйича қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Яҳудийларда эса ўлимга ҳукм этилган...
Табиати бузуқ, маънавий покликдан кўра шаҳватга кўпроқ интиладиган жамиятларда эса, зинони икки тоифага бўлиб қарашган: биринчиси – оддий зино, яъни эрсиз аёл билан жинсий алоқада бўлиш. Бу зинога эътиборсиз қарашган, жуда борса, жарима солиш билан чекланганлар. Бугун  “эрсиз хотинни қувонтириш савоб”, дейдиган аҳмоқлар “фатво”ни ўша бузуқ жамиятлардан олган бўлсалар ажаб эмас. Иккинчиси – эри бор хотин билан алоқа қилиш. Бу хилдаги зинони “турмуш ўртоғига хиёнат қилиш” деб аташади. “Хиёнат қилганларга” турли жазолар ҳам тайин этилган.
Ўлимидан сўнг “Қизил иблис” деб ном олган Лаврентий Берия фақат қонхўрлиги билан эмас, бузуқлиги билан ҳам тарихда қолган. Маълумотларга қараганда, унинг мингга яқин ўйнаши бўлган. Лекин расмий айблов ҳужжатларида олтмиш бир аёлнинг зўрлангани таъкидланган. Шулар ичида еттинчи синф ўқувчиси ҳам бўлган. Бу қизча ҳатто ундан ҳомиладор ҳам бўлган... Берия ўлдирилди. Лекин ундан оққан қон ифлосликларини юва олдимикин?
Бу ўтмиш. Бугун аҳвол қандай? АҚШ Президенти Клинтон бузуқлигини тан олиб, узр сўради. Исроилнинг собиқ президенти фаҳш ишларда айбланди, Италиянинг собиқ Бош вазири Берлусконининг маишатлари фош қилинди... Қани жазо? Ким жазо беради?
Мавзуга қайтсак, масиҳийларда биринчи тоифа – “оддий зино”га жазо йўқ. Ҳозирги кундаги зинога оид қонунлар шу қоидаларга асосланган. Бу фалсафадаги мантиқсизликни, бемаъниликни қаранг-ки, икки тарафнинг розилиги билан бўлган зино жиноят ҳисобланмас эмиш. (Шу бузуқ фикрга асосланган “эркин муҳаббат” тарафдорларининг бузуқ оила қуришлари ҳақида аввалги суҳбатимизда фикрлашган эдик.) Бугунги кунда зинонинг кенг тарқалиб, унинг касофати ҳаммаёқни босиб кетгани ҳам шундан.
Исломда  зино улкан жиноят ҳисобланади. Шу сабабли ҳам бу жиноят оила кўрган кишилар томонидан содир этилса,  тошбўрон қилиб ўлдирилганлар.
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар” (Нур сурасидан).
Ҳозир сўлим ерлардаги хонадонлар шаҳарликларни дам олишлари учун уйларига қўядилар. Шаҳарликлар баъзи ҳолларда фоҳишаларни бошлаб келадилар. Ҳовузда чўмиладилар... Хонадон пул учун ўзи яшайдиган гўшани ифлос фохишахонага айлантирганидан уялмайди. Бузуқлар кетишгач, пок бир оила дам олгани қўйилади. Улар, айниқса болалар, яқиндагина бузуқлар чўмилган ҳовузда чўмиладилар... Уйини фоҳишахонага айлантирган хонадонда тарбия топаётган болалар нимани ўрганишади? Қизлари-чи? Фарзандларига фаҳшдан топилган луқмани едириб, булар нимага эришадилар?
Йигитларнинг қизлар билан маишат қилишлари одат тусига кириб бораётганини афсус билан таъкидлаймиз. Ёз чилласида шундай “дўстлар давра”си  “дам олиш учун” тоққа чиқди. Улфатдагилардан бири машинасига ўтириб, қимиз олиб келгани кетди. Ҳадеганда қайтавермагач, ҳавотирланиб, изидан боришди. Қарашса, машина ағдарилган, ёниб ётибди. Йигитнинг қарийб ярми кўмирга айланиб бўлган. Ҳали ҳаёт аломати сезилиб турган танани ўтдан олиб, ерга ётқизишди. Жон талвасасидаги йигит “Олов!Олов!” деганича алаҳсирай бошлади. Кейин “Энди нима дейман унга! Нима дейман унга!” деб ҳайқирди. “Кимга?” деб ажабланиб сўрашди. Йигит: “Аллоҳга! Аллоҳга!” деди-ю, жон берди.
Бу воқеа баёнини эшитганда “Қани эди, бошқалар бир балога учрамай туриб “Унга нима дейман?!” деб яшасалар. Фаҳш сари қадам босганларида ўша машинада ёнаётган йигитни кўз олдиларига келтирсалар. Машинада ёниш – ҳолва, ҳали дўзахда ёниш бор...” деган фикр хаёлимизни ёритиб ўтди.
Агар шу йигитнинг ёки спиддан ўлим топган бошқа бир бузуқнинг яқинлари орасида “энди у дўзах азобларига гирифтор бўлади”, десангиз, балога қоласиз. “Нега ёмон ният қиласиз?” деб, сизга маломат тошларини отишади. Тўғри, марҳум ҳақида ёмон сўз айтилмайди, ёмон тилак ҳам тиланмайди. Дўзах азобини бериш ҳам Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. Лекин Аллоҳ таоло айтадики: “Эй Одам фарзанди, бирор гуноҳ ишга қўл урмасдан бурун ҳамиша бўлғувси жазо ва азобларимни эсла”. “Агар сен дўзахни ёмон кўрсанг, Парвардигоринг гуноҳ ишларни ёмон кўради. Бас, У ёмон кўрган ишларни қилма! Раббинг сени ўзинг ёмон кўрадиган жойдан асрайди”. “Қачонки сенга бирор мусибат ёки офат етса, қара: агар ўша мусибат сенга нопок ҳолда туранингда етган бўлса, демак, билгилки, бу офатнинг сабабчиси ўзингсан!” (Ҳадиси қудсийдан).
Бир одам спидга чалиниб ўлди. Оиласи уялиб, ўлимга бошқа хасталик сабаб, деб гап тарқатдилар. Одамлар ишонгандай бўлишди. Барча ишонди, ҳам дейлик. Бундан нима наф? Ахир уларнинг ўзлари то ўзларининг ўлимларига қадар бу иснод билан яшайдилар-ку? У одам бир неча дақиқалик роҳати учун оиласига шармандалик юкини мерос қилиб кетди... “Рўзғорига файз кирмоқни ақли расо ёр келтирар, ёрнинг ори бўлмаганда оилага зор келтирар”, деб шунга айтадилар-да.
Лут алайҳиссалом қавмларига офат юборилганини биламиз. Од, Самуд қавмига юборилган офатлар ҳақида Қуръони каримда ўқиганмиз. Афсуски, орамизда буларга ишонмайдиганлар ҳам борга ўхшайди. Хўп, ўтмиш офатларига ишонишмасин, бугунгиларига-чи? 2004 йил 26 декабр куни Тинч уммонида кўтарилган “Цунами” деб аталувчи даҳшатли тўлқин ҳам бу одамларга ибрат бўлмасмикин? Тасаввур этинг: қуёш чарақлаб турибди, момақалдироқ ҳам, ўтли чақмоғу кучли шамол ҳам йўқ. Миллиард-миллиард тонна оғирликдаги сувни бирданига чайқатиб, етти-саккиз қаватли уй баландлигида тўлқин ҳосил қилиб, неча чақирим йўл босиб қирғоқларни бостириш учун қанақанки қудрат керак? Бу офат ёпирилган қирғоқлар “курорт” дейиларди. Аммо аслида бузуқлик ошёнлари эди. Офатдан сўнг эълон қилинган маълумотлар айниқса аянчли: маҳаллий аҳоли ўн-ўн икки ёшли фарзандларини ҳам фаҳш учун сотар экан. Қандай қабоҳат!  “Педофилия” – гўдаклар билан жинсий алоқа қилиш Европада жазоланади. Шу боис бузуқлар Осиёдаги “курорт”ларга келиб, нафсларини қондириб кетарканлар. Дунёда “сексбизнес” деган тушунча ҳам пайдо бўлган. Маҳфий “сексбизнес” билан шуғулланмайдиган мамлакат кам бу дунёда. Таиланддаги офат чоғида  ота-онасини йўқотган ўн икки ёшли ўғил бола шифохонада ётган пайтида германиялик бир бузуқ уни ўғирлаб кетибди. Бундан ҳам ортиқ аблахлик бўладими?
Албатта, офат чоғи ўлганларнинг барчаси бузуқ бўлмагандир. Аммо улар бузуқликка қарши курашмаганлари, бефарқ бўлганлари учун ҳалок қилингандирлар? Аллоҳ  таоло билади.
Бутун дунё офат зарарларини тугатишга ёрдам берди. Бу, албатта, яхши. Бироқ, биринчи навбатда одамларнинг уй-жойлари эмас, ўша “курортлар” тикланди. Инсоният офатни тўғри англамадими? Демак, Аллоҳ таолонинг янги ғазабини кутаверсинлар...
Педофилия ҳақида сўз айтдик. Бу жиноят гомосексуализмдан ҳам баттарроқ офат бўлди. Агар “педофиллар”ни “ҳайвон!” деб сўксангиз, жониворлар ранжиса керак. Чунки ҳайвонлар бунақа ифлосликни қилишмайди. Бир ойлик ғунажинга буқанинг сакраганини ҳали ҳеч ким кўрмаган.  Францияда олтмиш олти одам педофилияда айбланиб, суд жараёни бошланди. Улар зўрлаган болаларнинг ёшига диққат қилсангиз даҳшатга тушасиз: зўрланган болаларнинг энг каттаси ўн икки ёшда, энг кичиги... олти ойлик чақалоқ! Ишонмаяпсизми? Мен ҳам ишонмаган эдим.   “Евроньюс” телеканали тарқатган бу хабарни қайта-қайта эшитдим. Бу олтмиш олти аблах орасида ўз фарзандини зўрлаб роҳатлангани ҳам бор, фарзандини бир неча қути сигарет эвазига бегона тўшакка отганлар ҳам бор. Бу қабоҳат ҳақида ўзингиз бир нима денг. Мен сўз топа олмаяпман...
Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, тезда инсоният ва унинг маданияти, маънавияти ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиялашда, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди.
Эр киши билан эр кишиинг никоҳланиши тарафдорлари Лут алайҳиссалом қиссаларини билмасмикинлар? Рим папаси Ғарб мамлакатлари раҳбарларига нома йўллаб, бу ҳаракатдан сақланишни талаб қилган. Аммо давлат раҳбарлари бир жинсдагиларнинг никоҳини чеклашни инсон ҳуқуқларининг топталиши, деб ҳисоблаганлар. Бу ҳаракатга (улар тилида “гомосексуализм” дейилади) қарши чора кўрмадилар, чекловчи қонунлар қабул қилмадилар. Аввалига бу ҳаракат уят ҳисобланарди, энди эса турли мамлакатларда очиқ намойишларга чиқишяпти (улар тилида “гейпарад” дейилади).  Савол туғилади: улар қанақа инсон ҳуқуқини назарда тутишяпти? Инсонга бундай қабиҳ ҳаракат учун ким ва қачон ҳуқуқ берган? Умуман, бузуқликда ҳуқуқ бўлиши мумкинми? Ҳар ҳолда Исломда бундай ҳуқуқ йўқ, аксинча, таъқиқ бор. Шуаро сурасида ўқиймиз: “Одамлар ичида эркакларга борасизларми? (яъни “эркаклар билан жинсий алоқа қиласизларми?”-дейдилар Лут алайҳиссалом) Ва Раббингиз сиз учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизларми?! Йўқ!!! Сиз ҳаддан ошган қавмсиз (инсонлик чегарсидан чиққан қавмсиз)! Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг ёмғири қандоқ ҳам ёмон бўлди”.
(Аллоҳ таоло уларнинг устига тошдан ёмғир ёғдириб, битта ҳам қўймай ҳалок этди. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабидаги баъзи фақихлар Лут алайҳиссалом қавми кирдикорини қилган баччавозларни тошбўрон қилиб ўлдириш керак, дейдилар).
Евроиттифоқнинг адлия ва хавфсизлик комиссарлиги лавозимига номзод, италиялик депутат Бутириони “бесоқолбозлик (гомосексуализм) гуноҳ, хотинлар ўз эрларидан бола туғишлари керак”, деган фикри учун қаттиқ танқид остига олинди, у инсон ҳуқуқларини топташ, чеклашда айбланди. Комиссарликка сайланишда жиддий қаршиликка учради ва сайланмади. Евроиттифоққа  аъзо бўлиб кирмоққа интилаётган Туркия эр-хотин орасидаги хиёнат учун қамоқ жазоси жорий қилиш ҳақида қонун лойиҳасини мамлакат Миллий мажлисига муҳокамасига қўйганда ҳам, ўз миллат вакиллари бу ёнда қолиб, Евроиттифоқ норозилигига, қаршилигига учради.
Рус православ черковининг олдинги раҳбари, Москва ва бутун Рус патриархи Алексий П Евроиттифоқ йиғинида диний масалалар хусусида фикр юритаётиб, инсон ҳуқуқлари ва маънавият бир-бирига зид қўйилмаслиги лозимлигини таъкид этиб, Европада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида маънавият парокандаликка учратилаётганига алоҳида эътибор қаратган эди. Православ черкови “гейпарад” ўтказишга қаршилигини билдирди. Бунинг гуноҳ эканини тасдиқловчи сўзлари Евроиттифоқнинг айрим депутатларига ёқмабди. Патриархни у нодонлар инсон ҳуқуқларига чанг солганликда айблашди. Ҳолбуки, Патриарх ўз сўзлари  эмас, Инжил сўзлари билан жавоб қайтарган эди. Гомосексуалистлар “Биз шундай туғилганмиз, шундай яшашга ҳаққимиз бор”, деб даъво қиладилар. Бекор айтибдилар! Улар бундай бузуқ ҳолда туғилишмаган!
Дарвоқе... “гейпарад”... “Парад” сўзини биз “намойиш” деб нотўғри ишлатамиз. “Намойиш” – “демонстрация”. “Парад” эса ғолибона, дабдабали юриш. Яъни, ғолибликни намойиш этиш. Хўш, инсоф юзасидан айтсинлар-чи, улар иймон устидан ғолибларми? Поклик тарафдорлари, иймон эгалари бутунлай мағлуб бўлдиларми? Бу юриш Ер юзида поклик бутунлай маҳв этилганига бир ишорами? Фашистлар ҳам фаолиятларини шундай ғолибона юришлар билан бошлаган эдилар!
Во дариғ! Қуддуси Шариф – мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган шаҳарда “гейпарад” уюштирилишига нима деймиз?! Ақлга сиғадиган нарсами?! 2006 йилда Исроил ҳукумати  кўчаларда намойишкорона юришга ижозат бермай, уларнинг иҳтиёрига стадионни топширган эди. Номи “жамоат  тартибини сақлаш”, аслида эса бузуқларни ҳимоя қилиш учун стадион полис томонидан қўриқланган, бу бузуқликдан нафратланган яҳудийларни бузуқлар маконига яқинлаштиришмаган эди. Кейинги йили бадбахтларга Қуддуси Шариф кўчаларида тантана қилиш ижозатини берганларнинг ўзлари ҳам “майдақадам” эмасмикинлар, деган фикрга борилиши табиий. Бу ҳолатда полисни айблаш нотўғри бўлур эди. Чунки улар буйруққа итоат этишади. Ажабки, полис аблахлар тинчини ҳимоя қиляпти. Наҳсга қарши чиққанларни эса тўқмоқ билан уряпти, ҳибсга оляпти. Аслида акси бўлиши керак эмасми?
Испанияда бир жинсдаги икки аҳмоқнинг қўшилувини “оила” деб атаганлари камлик қилиб, уларга бола асраб олишга ижозат берувчи қонун қабул этилди. Хўш, бу “оила”да “тарбия” олган боладан келажакда нималарни кутиш мумкин? Яна бир масала: бир жинсдан таркиб топган “оила”лар кўпаяверса, бола қаердан туғилади?
Эр киши билан эр киши, хотин билан хотин “никоҳи” ҳақида олдинги суҳбатларимизда фикрлашган эдик. Масала муҳим бўлгани учун яна мавзуга тўхталяпмиз, айбга буюрмайсиз.
“Киши номаҳрам аёл билан ёлғиз қолмасин, агар қолса, учинчиси шайтон бўлади”, дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Исломда ҳатто номаҳрамга қараб қўйиш ҳам ман этилганки, буни “кўз зиноси” дейдилар. Кўчадаги аёлга тасодифан қаралса, айби йўқ. Аммо иккинчи дафъа қаралса, айниқса, бу қарашда шаҳват ҳисси бўлса, гуноҳ ёзилади. Кўзлар ҳам зино қилади, қўллар ҳам. Кўз зиноси – номаҳрамга қараш билан. Қўл зиноси эса номаҳрам билан қўл бериб саломлашиш орқали ҳам юзага келади. Ҳазрати Усмон (р.а.) ҳузурларига бир киши кириб келганда у зот: “Сенинг кўзларингда зино изларини кўряпман”, деганларида у киши қўрқиб кетади. Чунки йўлда кетаётиб бир уйнинг чала ёпиқ эшигидан қараганида очиқ-сочиқ ювинаётган аёлни кўрган экан...
Бир иймон эгаси вафот этганда яқин таниши “Раҳматли бизникига келганларида эшикни тақиллатардилар-у, то ичкаридан эр овозини эшитмагунларича тутқични тортиб турардилар. Мабодо аёл киши “Ким?” деб овоз берса, тутқични қўйиб юбормай, гапларини айтиб кетардилар”, деди. Бу баъзиларга оддий гап бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, бизнингча, бу одобда иймон қудрати бор.
Ҳазрати шайх Утбат ул-Ғуломни (қ.с.) вафотларидан сўнг улуғлардан бири тушида кўрди. Қарасаки, шайх ҳазратлари юзларининг бир ёни суяк-қобурға бўлиб қолган эди. “не сабабдан бундай бўлдингиз?” деб сўрадилар. Жавоб бердилар: “Устозимнинг ҳузурларига борган эдим. Бир чиройли ўғлон чиқди. Бир мартагина боққан эдим. Вафот вақти келганда Ҳақ таоло мени жаннатга буюрди. Йўлимда дўзах бор эди. Бир илон чиқиб келди. Ўзини устимга отди. Бир юзимга урди ва айтди: “Бир марта боққанга бир марта урмоқдир. Агар яна бир марта боқсанг эдинг, чақиб олардим”.
Ҳазрати шайх Самадоний Боязид Бистомий (қ.с.а.) дедилар: “Ҳар кимнинг кўнглида шаҳват кўп бўлса, ложарам уни лаънат кафанига ўрагайлару надомат туфроғига дафн қилгайлар. Ҳар ким шаҳват нафсини ўлдирса, ложарам уни раҳмат кафанига ўраб, саломат туфроғига дафн айлагайлар”. Ё Аллоҳ,бизларга саломат тупроғини насиб эт!
Умар ибн Ҳаттоб (р.а.) замонларида  намозини доимо масжидда жамоат билан ўқийдиган бир йигит бор эди. Ҳазрати Умар у йигитни тақвоси учун жуда яхши кўрардилар. Йигит ҳар хуфтон намозидан сўнг қари отасини зиёрат қилар эди.
Йўл бўйидаги уйлардан бирида яшовчи хотин бу йигитга ошиқ эди. У ҳар куни йигит йўлини пойлаб, уни ўзига оғдиришга уринарди. Ниҳоят, бир сафар йигит ўзини бошқара олмай, аёлнинг ортидан эргашди. Бироқ, остонани босиб ўтар экан, Аллоҳ таолони эслаб, ҳушёр тортди ва Аъроф сурасидаги: “Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирор васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, тўғри йўлни кўра бошлайдилар” мазмунли ояти каримани ўқиди-ю, ҳушсиз йиқилди. Аёл дарҳол жориясини чақирди. Икковлари йигитни кўтаришиб, отанинг уйига элтдилар ва эшикни тақиллатдилар. Эшикни очган ота беҳуш ётган ўғлини кўрди. Уни ичкарига олдилар. Йигит ярим тунда ўзига келди.
-Ўғлим, сенга нима бўлди?-сўради ота. Йигит бўлган воқеани сўзлагач, “ўғлим, қайси оятни ўқидинг?”- деб яна сўради. Йигит мазкур оятни такрор ўқигач, яна ҳушидан кетди. Сўнг жон таслим қилди. У дафн этилгач, Ҳазрат Умарга хабар етказдилар. Ҳазрат Умар келиб, йигитнинг отасига таъзия изҳор этгач, “Нега мени чақирмадингиз?”-деб сўради.
-Эй мўминлар амири, вақт алламаҳал бўлиб қолган эди, сизни безовта қилгимиз келмади,-деди ота.
-Ундай бўлса юринг, қабр бошига борайлик,-дедилар халифа.
Икковлон у ерга етгач, “Эй фалончи!”-деб йигитнинг отини айтиб чақирдилар ва: “Парвардигори ҳузурида туришдан (яъни, Парвардигор олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир” (Раҳмон сурасидан) мазмунли оятни ўқидилар.
Иттифоқо, қабрдан йигитнинг овози эшитилди:
-Эй Умар! Сиз эслатган икки жаннатни Раббим менга икки бора инъом қилди!..
Жинсият мавзусида Бақара сурасидаги бир ояти карима ғоят ибратлидир: “Улар (аёлларингиз) сизлар учун бир либосдир, сиз ҳам улар учун бир либосдирсизлар”.
Либос, яъни кийим... Эр ва хотин бир-бирини ҳимоя қилувчи либос. Бир-бирини ёмон йўллардан асрайдиган тўсиқ... Бу қисқа дунё ҳаётида номус имтиҳонини топширишлари учун ҳар икки тараф бир-бирига неъматдир. Бошқаларнинг номусига кўз олайтирмаслик учун катта бир боғланиш... Таъкидки, никоҳ – номус хусусида ҳар икки тарафнинг бир-бирига қилган аҳду-паймонидир. Яъни оилавий масалада хотинни эрга омонат қилган ва рўзғорни бошқариш юкини эрнинг зиммасига юклаган бир шартномадир. Ҳозир эса ёшларнинг онгига бу ҳақиқатларни “қолоқлик” деб сингдиришга ҳаракат қилаётган, манбаи ташқарида бўлган баъзи мафкура, жамият ва гуруҳлар бор. Уларнинг тузоғига тушмаслик, ноғорасига ўйнамаслик учун ғоят диққатли ва сергак бўлиш керак. Акс ҳолда, ҳаётнинг асл ғояси икки жинс ўртасидаги ношаръий муносабатлардан иборат, деб тушунувчи ёшларнинг сони янада кўпайиб кетиши хавфи бор. Бу эса уларнинг охират ҳаётларини барбод қилиши билан бирга мамлакат тараққиётига ҳам катта зарар етказиши шубҳасиздир.
Аввалроқ айтганимиздек, ёшлар турмуш қурадилару никоҳнинг моҳиятини, масъулиятини яхши англамайдилар. Англамайдиларми, демак, унинг муқаддаслигини ҳис қила олмайдилар. Тилга олганимиз, Ғарбдаги “эркин муҳаббат”, қўполроқ айтилганда “эркин жинсий ҳаёт” ғоясига қарши биз нимани қарши қўя оламиз? Никоҳ ўкиётган домла ёки никоҳни расмий рўйхатдан ўтказувчи идора ходими икки ёшга зино ва унинг оқибати ҳақида ҳеч гапирадими? Йўқ!
Кўз зиноси, қулоқ зиноси... деган тушунчаларни ёшларга ким ўргатади? Радио ёки телевизорда беҳаё ашулаларни тинмай айлантиришади: бири “Тегаман!” деб ҳайқиради, бири “ачом-ачом қиласизу аммо, хиёнат ҳам қилиб турасиз”, деб нозланади. Яна бири: “Бировнинг ёрини олдим омонат”, деб мақтанади в.ҳ.к. Ғарб қўшиқлари-чи? Булардан беш баттар! Кўп ота-оналар чет тилларни билмайдилар, аммо қўшиқларни берилиб тинглаётган ёшлар маъносини яхши англайдилар. Чет қўшиқларда беҳаёлик ва аҳмоқликни таърифлашга сўз ожиз! Мана шулар бугунги тарбиямиз! Яна эротик тарбия деган балолар ҳам бор...
Бу манзараларни кўриб ичимизни маъюслик қопламайдими? “Сен ҳам одамсан-ку! Шу ахлоқсизлик тўфонини тўхтатиш сенинг зиммангда йўқми? Шуларни кўра-била туриб хотиржам виждон билан яшаяпсанми?!” деб ҳайқирмайдими иймонимиз?
Кўз зиносини яхши тушунмаганларнинг Сўфи Оллоҳёр сўзларига эътибор беришларини истар эдик:
Кел, эй мўмин агар тарсанда бўлсанг,
Кўзингни сақлағил ҳар қанда бўлсанг.
Дейилмоқчики, эй мусулмон, кўнгил бериб ваъзу насиҳатни эшит. Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқсанг, кўзингни бегона хотинлардан сақлаб, уларга қарамагил.
Қавий бўлсин ҳамиша нуқтайи чашм,
Мабодо қолмағай боло тушиб хашм.
Дейилмоқчики, кўзингнинг нуқтаси маҳкам бўлмай, тушиб хашм бўлиб қолмасин. Бу ўринда “чашм” ва “хашм” сўзларида ўйин бор. Байтнинг маъноси эса бундай: кўз қорачуғинг кучли бўлсин, яъни номаҳрам аёлга қарамасин. Йўқса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келур.
Назар қилғунча, э нафси маъйуб,
Тушуб кўз нуқтаси кўр бўлғани хўб.
Бу байтда ҳам “кўз” ва “кўр” сўзларининг ўйини бор. Маъноси – номаҳрам хотинга қараган кўзнинг кўр бўлгани яхши.
Ҳазрати Сўфи бу масалага кўп ўрин ажратганлар. Биз “Саботул ожизин”га шарҳ ёзган Тожуддин Ёлчиқулнинг насрий баёнидан фойдаланишни маъқул кўрдик:
“Назаринг ҳамиша оёқ остида бўлса, саодатли бўларсан. Аммо номаҳрам аёлларга кўз қаратсанг, Қиёмат Кунида ўкинчда қоларсан. Кўз қонли бўлса ҳам, номаҳрамларга қарамаса, бу кўз ҳақиқий кўздир. Бундай кўз хатарли ерга, яъни номаҳрамларга қараган соғ кўздан яхшидир. Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб номаҳрамларга боқмайдиган кўз қандай яхшидир! Аммо шундай бўлмаса, кўзнинг косасидан чиққани дуруст. Шундай экан, номаҳрамлардан кўзингни юм, эй Аллоҳ таолодан қўрқувчи инсоннинг фарзанди! Имоми Аъзам ҳазратлари (раҳматуллоҳи алайҳ)  юмганлари каби юм. Абу Ҳанифа (р.а.)  ҳазратлари кўркам йигитларга кўзлари  тушмаслиги учун уларни орқаларига ўтирғизиб сабоқ берар эмишлар. Сен юрагим тоза бўлгани учун номаҳрамларга қарасам зиёни йўқ, деб лоф урма. Чунки имоми Аъзам (р.а.) каби эмассан. Зеро, ул зот шундайин сўфийликлари билан йигитларга суқланиб қарашдан сақланганлар. Инсоф юзасидан айтганда, сен қанчалар собир ва сўфий бўлсанг-да, унингдек эмассан. Сен номаҳрамлар юзига қарамоғингни қўймас экансан ва қарашда давом этаркансан, билгилки, шайтон сабрингни узиб, ихтиёринг жиловини қўлига олиб, ўзингни зинога бошлар.
Бас, шундай экан, эй инсонлар, наҳот гуноҳ нарсаларга қарайсиз?! Зероки, номаҳрамларнинг юзлари нақадар гўзал бўлса-да, улардан қанчалар лаззат олинса-да, буларнинг бари фонийдир. Шундай экан, нима учун жонингизга зулм қилиб, ўзингизни ўзингиз жаҳаннам ўтига соласизлар?
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали биз, мўминларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтариб, дейди: “(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан тикишдан) тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар! Мана шу улар учун энг пок йўлдир” (Нур сурасидан). Бу амр аёллар учун алоҳида таъкид этилади: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини номаҳрам эрларга тикишдан тўссинлар ва авратларини ҳаромдан сақласинлар”. Маълумингизки, кўп ҳолларда Аллоҳ таоло бандаларига умумий тарзда “Эй иймон келтирганлар”, тарзида хитоб қилади. Бу ўринда аёлларга алоҳида амр этилиши бу масаланинг нақадар муҳимлигига далолатдир. Бу қайтариқда қалб тозалиги, нафс софлиги, ният холислиги, амал мақбуллиги мавжуд.
Кўзни ҳаромдан тийиш дегани эр киши аёлнинг қорасини, аёл эрнинг қорасини кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, бир номаҳрамга кўзи тушса, назарини дарҳол бошқа томонга олсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки бегона аёлга назарнинг давомий бўлиши шаҳвоний ҳисларни уйғотади.
Набий алайҳиссалом: “Одамлар ўтадиган йўлда ўтирманглар”, дедилар. “Ё Расулаллоҳ, ахир биз у ерда суҳбатлашиб ўтирамиз-ку?” дейишди. “Унда йўлнинг ҳақини бериб ўтиринглар”, дедилар. “Йўлнинг ҳақи нима?” деб сўрашганида “Кўзни бегона аёлларга қарашдан тийиш, бировга озор бермаслик, саломга алик олиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир”, дедилар.
Демак, йўлда ўтирган одам энг аввал югурик кўзини номаҳрамларга тикишдан тиймоғи лозим. Энди, агар кўз беихтиёр ҳаром нарсага тушиб қолса-чи? Бу ҳақда шарафли ҳадисда дейиладики: “Эй Али, бир қарашга иккинчи қарашни эргаштирма! Зеро, биринчиси сенга фойда, иккинчиси сенга зиён (яъни гуноҳ)”. Тасодифий нигоҳда гуноҳ йўқ экан. Йигит уйланмоқчи бўлган қизга қараши мумкин. Муғира ибн Шўъба (р.а.) бир қизга уйланмоқчи бўлганларида Рисолатпаноҳ (с.а.в.) “Қизни кўрдингми?” деб сўрадилар. У зот “йўқ”, деб жавоб берганларида. “Уни кўр”,- дедилар.
Динимизда номаҳрам эр-аёлни бир-бирига қарашдан қайтарилибгина қолмай, бу амрга бўйсунганларга савоб ва мукофотлар ҳам ваъда қилинган. Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Номаҳрам аёлга қараш шайтоннинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у назарни тарк этса, эвазига шундай имон бераманки, унинг ҳаловатини, албатта, қалбида топади”. Ҳаромдан тийилган назар учун берилажак энг катта неъмат, шубҳасиз, Қиёматда бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Ҳар бир кўз Қиёмат Куни, албатта, йиғлайди. Фақат Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан бурилган кўз, Аллоҳ таоло йўлида тунлари бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб, пашшанинг бошидек ёш тўккан кўз йиғламайди”.
Кўзни ҳаромдан тийишда Расулуллоҳ (с.а.в.) биз учун энг яхши намунадирлар. Ул зот чимилдиқдаги келиндан ҳам ҳаёлироқ эдилар, бировнинг юзига тикилиб турмасдилар...
Беихтиёр кўзингга номаҳрамнинг юзи тушса, зинҳор, унинг юзига иккинчи бор қарама. Биринчи қараганинг ихтиёрсиз бўлгани учун гуноҳдан эмас. Агар яна билиб қарасанг, унда гуноҳга ботарсан. Чунки иккинчи қарамоқда шаҳват хатари бордир. Мўътабар китоб “Ниҳойа”да дейилмишки, кимки бир номаҳрам хотиннинг юзига шаҳват тариқи билан қараса, қарагувчининг кўзига эриган қўрғошин қуярлар. “Ширъатул ислом” китобининг соҳиби ёзмишки, ҳар кишики, номаҳрам хотин билан сўз ўйнашса, у киши айтган ҳар сўзи учун минг йилгача дўзахда қолади. Яна ўша китобда битилдики, номаҳрам билан зино қилинса, зинокорлар Қиёмат Куни  одил ҳукм қилиниб шайтон билан занжирбанд этилиб, дўзахга ташланарлар. Шайтони лаъинки, ўта душмандир. Бояги зиночи ўша шайтон билан бирга дўзахга кирар.
“Фатавойи хулоса”, “Хизонатул фатаво” ва “Шарҳи аврод” китобларида бундай ёзилган: бир ёш хотин номаҳрам бўлса, унга салом бермоқ ҳаромдир. Ўша ёш хотин салом берса, унга жавоби салом қилмоқ ҳаромдир. Чунки у ёш хотиннинг овози авратдир. Шунинг учун эшиттириб айтган сўзи ҳаром бўлади. Демак, ул ёш хотиннинг  овози аврат бўлса, у билан сўзлашмоқлик раво кўрилмас. Хуллас, эй одамлар, Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқсангиз, номаҳрам хотинлар томон қарашдан сақланинглар, номаҳрамларга кўз қаратманглар. Номаҳрам аёл сари қарагандан кўра, шу кўзларингга ниш санчганлари яхшидир. Бу дунёнинг даврони бир замон келиб ўтар, аммо Қиёмат давронидан омон қолмоқ йўқдир. Чунки, Қиёмат Куни жуда шиддатли бўлади. Гуноҳи бор кишининг боши қуйи бўлади. Қиёматда баъзи кишилар юзларини қора қилгудек гуноҳларини яширмоқ истасалар, қўл ва оёқлари гуноҳларидан хабар берурлар. Зероки, ул Кунда Аллоҳ таоло оғизларга муҳр урар. Сўзлаша олмаслар. Гувоҳликни қўлу оёқлари қилурлар. Қиёмат Кунида барча аъзоларинг бизларни нима учун ҳаромга ишлатдинг, дея даъво қилурлар ва ота-онанг гуноҳларингни айтиб, халқ олдида шарманда қилурлар. Ўша Кунда бутун жисминг гуноҳларинг хусусида беҳисоб даъволар қилади. Шунда сен пушаймон бўларсан. Аммо бу пушаймонлардан фойда бўлмас. Чунки ўкинч ери бу дунёдир, охират ери эмас.
Сўфи Оллоҳёрнинг бу ҳикматларини бир ўқигач, фикр қилиб, яна қайта-қайта ўқилса фойдалидир. Ўқиб, амал қилинса оқибат янада хайрли бўлар.
Кейинги йилларда “Одам савдоси” деб аталган жиноят  тури юзага келди. Яъни, қулликнинг янги кўриниши яратилди. Бунда эрлар қул каби ишлатилса, қиз-жувонлар фоҳишаликка тортиладилар. Ҳорижга бориб фоҳишалик қилиб келганлар афсусланиб “мени алдаб олиб кетишди”, дейишяпти, ўзларини оқлашяпти. Бунга кўпам ишонмайман. Ахир улар конфет бериб қўлларидан етакласа, индамай кетаверадиган кичкина қизалоқ эмас-ку! Миллат номини булғаётганлари учун мен бундайлардан нафратланаман! Шунақа фоҳишалардан бири Москва телевидениесида Инжилдан мисол қилиб гапириб: “Сен ўзингни ўзинг кечира олсанг, Парвардигор ҳам кечиради”, дейди. Во, ажаб! Булар Инжилни ҳам билишади-я!!
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти маълумотига кўра, МДҲ, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидан Ғарбий Европа ва АҚШга бир йилда бир миллионга яқин қиз-жувонлар “экспорт” қилинар экан. Италиялик эксперт Гианпиэро Кофано ўз мамлакатидаги фоҳишабозлик муаммосини таҳлил қила туриб, дейди: “Мен бир сиёсатчидан нега мамлакатдаги ноқонуний инсон савдоларига қарши дастур билан чиқмайсиз?”-деб сўрадим. У эса: “Ҳозир Италияда ўн миллионга яқин эр ҳорижлик фоҳишалар хизматидан фойдаланади. Мен сайловларда ўн миллион овозни ўзимга қарши қўйишни истамайман”,-деб жавоб берди”. Бу ҳолатга изоҳнинг ҳожати йўқдир?
Бир йигит фоҳиша билан савдолаша туриб: “Яқинда уйланаман, шунгача ўзимни синаб олай (аниқроғи: “Практика”)”, дебди. Қаранг, никоҳнинг муқаддас чимилдиғига пок ҳолда кирмай, бузуқлик балчиғига беланиб киришни унга ким ўргатди экан?! Эҳтимол, кўп ёшларимиз Нур сурасидаги бу ояти каримани билмаслар: “Зинокор эр фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эр никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир”. Азизлар, буни билмаган ёшларга албатта билдириб қўйинг. Мазкур оятга кўра, “практика” қилган йигит зинокордир ва унга ўзи каби бузуқ аёл мосдир. Агар Европага қарасак, мазкур оятнинг амалдаги кўринишига гувоҳ бўламиз. У томонларда бокира қиз билан покиза йигитнинг никоҳи камёб ҳодиса бўлиб қолган. Куёв ва келин никоҳга қадар зино қилганлар ва бу жиҳатдан бир-бирларига мос.
Саодат асрида Расулуллоҳ (с.а.в.) асҳоб ила суҳбатда эдилар. Бир йигит кириб келиб, одобсизлик билан:
-Ё Расулаллоҳ, мен фалончи аёл билан яқинлашмоқчиман, у билан зино қилмоқ истайман,-деди.
Асҳоби киром бу муомаладан ранжидилар. Улар орасида ғазабланганлар, ҳаёсиз йигитни уриб-суриб Пайғамбаримиз ҳузурларидан чиқариб ташлашни қасд қилганлар ҳам бўлди. Баъзилари эса дўқ қилдилар. Суюкли Пайғамбаримиз ғазабдагиларни тийдилар, “Йигитга тегманг, бери келсин”, дедилар. Йигит яқин келиб, тиз чўкиб ўтирди. Пайғамбаримиз унинг тиззасига ўзларининг муборак тиззаларини теккизиб ўтирдилар ва дедилар:
-Йигит, бировнинг онанг ила бундай ёмон иш қилишини истайсанми? Бу жирканч ҳаракат сенга хуш келадими?
Йигит шиддат билан: “Йўқ, Расулаллоҳ!” деб хитоб қилди.
Яна дедилар:
-Ундай бўлса, бу жирканч ишни қилганинг аёлнинг авлодлари, яқинлари ҳам бундан қувонмайдилар. Агар бу хунук ишни сенинг онанг, синглингга қилсалар яхшими? Ёки холанг, амманг ёки қариндошларингдан бири ила шу ишни истасалар яхши кўрасанми?
Бу саволдан сўнг йигит ўрнидан сапчиб туриб кетиб: “Йўқ!”-деб бақириб юборди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар:
-Бошқа одамлар ҳам бу ишдан хурсанд бўлмайдилар ва ҳеч бири буни яхши кўрмайди. Айт, синглингга шундай қилсалар суюнасанми?
-Йўқ, асло!
Шундан кейин ҳазрат Пайғамбаримиз муборак қўлларини йигитнинг кўкрагига қўйиб бундай дуо қилдилар:
-Аллоҳим! Сен бу йигитнинг қалбини покиза қил. Номуси ва шарафини муҳофаза айла ва гуноҳларини кечир.
Йигит Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларидан қувонган ҳолда чиқди.
Қаранг, азизлар, Расуллулоҳнинг бу иршодларида бизлар учун қандай гўзал мисол бор! Расулуллоҳ яна: “Хотинларингизнинг номусли бўлишини истасангиз, бошқаларнинг хотинларига ёмон кўз билан боқмангиз”, деб амр этганлар. Бировнинг номусини қадрламаган кимсада номус йўқдир. Номусли одам бошқаларнинг номусини ҳам муқаддас деб билади. Ҳеч кимсанинг номусига ёмон кўз билан олайиб қарамаслик керак. Ақлли одам бўлмоқ лозим. Номуссизлик инсон ақлини йўқотади. Инсонни тўғри йўлдан адаштиради.
“Кўп ҳолларда инсон шаҳватга бўйин эгади. Ақл ўз идорасини унга топширади. Натижада, шаҳват қутуриб, бузуқликларга бошлайди. Риёзат билан шаҳватни мўътадилликка ўргатиш мумкин”. Ғаззолий ҳазратларининг бу фикрларини кўп олимлар маъқуллайдилар. Инсоннинг адашишига ундаги шаҳват ўтини сабаб қилиб кўрсатадиларки, бу масалани четлаб ўтсак бўлмас. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Сиздан энг хавотирланиб қўрққан нарсам – қоринларингиздан ва белингиздан қуйида бўладиган шаҳват ва фитналардир”.
“Мен сизларнинг аёллар фитнасига учишингиздан кўпроқ ҳавотирдаман,- дедилар Муоз ибн Жабал (р.а.). - Улар олтин ва кумуш билакузуклар тақиб, Шом ва Яманнинг юпқа, безаквор куйлакларини кийиб, бойни чарчатиб қўюрлар, камбағални эса тополмаган нарсаларини топишга мажбур этурлар”.
Абу Яҳё Варроқ дебдиларки: “Кимки аъзоларини шаҳватлар билан тўлдирса, билсинки, қалбига афсус ва надомат уруғини эккан бўлади”. Чунки энг ёмон қуллик – шаҳват қуллигидир. “Нон бўлатуриб, яна қўшимча егуликларни исташ шаҳватдир,-дейдилар Ваҳиб ибн Вард.-Кимки дунё шаҳватларини севса, хорликка ҳозирлигини кўраверсин”. “Жаннатга муштоқ киши бу дунёда шаҳватларини унутади”, дейдилар ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.).
Иброҳим Хавос бундай ҳикоя қиладилар:
“Бир куни Луком тоғида ҳосилга кирган анорларни кўриб қолдим. Егим келиб, биттасини уздим. Ёриб қарасам, анор ҳали хом экан, ташлаб юбордим. Шунда чеккароқда оч ва юпун ҳолда ётган, устида пашшаю арилар ғужғон ўйнаётган бир одамга кўзим тушиб, салом бердим. “Ва алайкум ассалом, эй Иброҳим”,-деди у.
-Мени қаердан танийсан?-деб сўрадим.
-Улуғ ва қудратли Зотни таниган одамга ҳеч нарсадан хавф йўқ,-деб жавоб берди.
-Сенда улуғ ва қудратли Зотга суюкли бир ҳолни кўряпман. Аллоҳ таоло сени арилардан ҳимоя қилишини нега сўрамаяпсан?
-Мен ҳам сенда Аллоҳ таолога суюкли бир ҳолни кўряпман. Нега Аллоҳ таолодан анорга бўлган шаҳватдан сени тийишни сўрамадинг? Ахир, анорнинг “чақиши” арининг нишидан шиддатлироқ-ку! Негаки, арининг чақишидан етган оғриқ бу дунёда тугайди, анорники эса охиратда ҳам давом этади,-деди у”.
“Шаҳват” дейилганда фақат жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади. Сўз кўпроқ кадхудолик (уйланганлик, уй-рўзғор эгаси) рағбати, жинсий алоқага рағбат  маъносида ишлатилади. “Шаҳвати нафсоний” – “нафс шаҳвати” демакдир. “Шаҳватпараст – нафсға зердаст”, дейдилар Навоий ҳазратлари. Байт:
Ғазабда сабуъ (ваҳший), шаҳват ичра баҳим (ҳайвон),
Агарчи эрур одамизода шайх.
Кўзлар фақат гўзал нарсаларга назар ташлашга қанчалик одатланмасин, нигоҳни ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан тиёлмайди. Бошқа шаҳватлар ҳам шунга ўхшайди.  Ҳалолни исташи мумкин бўлган аъзонинг айни ўзи ҳаромни ҳам хоҳлаши мумкин. Шаҳват, яъни истак бир хилдир. Банданинг вазифаси шаҳватни ҳаромдан тийиш. Кимки шаҳватни зарурат чегарасида юришга ўргатмаса, шаҳват ундан ғолиб келади. Бу мубоҳот (яъни, рухсат бор, деб ҳар қандай амални қилавериш) офатларидан бири бўлиб, унинг ортида бундан ҳам каттароқ балолар бор. Бу балолардан бири -  нафснинг дунёдан лаззат олиб, хурсанд бўлиши, дунёга суяниб қолиши, дунё билан гердайиб, ўзини хотиржам тутиши. Бундай одам гўё кайфи тарқамаётган мастга ўхшайди. Мол-дунёга қувониш шундай ҳалокатли заҳарки, унинг йўли томирларда. Бундай “қувонч” билан заҳарланган қалбни Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқиш ҳисси, охират ғами, ўлим қайғуси, Қиёматнинг даҳшатли манзаралари тарк этади. Бу эса қалбнинг ҳалокатидан далолат.
Ғаззолий ҳазратлари дедиларки, шаҳват – табиий зарурат. Унинг яратилишидан муайян фойда кўзланган. Агар таомга бўлган иштаҳа бутунлай сўнса, инсон ҳалокатга юз тутади. Агар шаҳвоний истак кесилса, насл  қирқилади.
Модомики, инсон табиатида шаҳват мавжуд экан, албатта, мол-дунёга муҳаббат йўқолмайди. Бу муҳаббат ўз навбатида инсонни янада кўпроқ шаҳватга етаклайди. Ҳатто мол-дунё тўплашга ундайди. Мақсад – бу туйғуларни батамом йўқ қилиш эмас, балки уларни муътадил бир ўзанга буриш. Шаҳват қувватининг гўзал ва мўътадил бўлишидан иффат ҳосил бўлади. Шаҳват бамисоли овга миниладиган от. Баъзан тарбия кўрган – ювош, баъзан асов ва қайсар... Агар шаҳват мўътадил ҳолатдан ошса – очкўзлик, пасайса – фаолиятсизлик бошланади.
Шаҳват қувватининг гўзал ва муносиб шаклда бўлиши ҳикмат тақозоси остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади. Исо алайҳиссалом айтдилар: “Кўз кўрмаган, ғойибда ваъда қилинган нарса учун шундай ёнидаги шаҳватни тарк қилган киши қандай гўзал!” Зеро, тан гўзаллигига шайдолик шаҳватга, дин гўзаллигига шайдолик ҳақиқатга элтади. Киши худди эртага ёки бир неча соатдан кейин ўладиган каби аъзоларини ҳаромдан қўриқлаши керак.
Ақл эгалари қалбларини шод-ҳуррам ҳолатда дунёга машғул қилиш билан синайдилар. Шунда улар қалбларини дунё лаззатларидан тийишга, шаҳватлардан сақланишга, сабрга ўргатадилар. Улар билишади, дунё шаҳватларининг ҳалоли учун ҳисоб, ҳароми учун азоб, шубҳалилари учун итоб (танбеҳ) бор ва итоб ҳам, аслида, азобнинг бир тури.
Ёввойи, ваҳший лочин қўлга қандай ўргатилса, шаҳватлар ҳам шу йўсинда тарбия қилинади. Аввало лочин қоронғи уйга қамалади. Ҳавода учиб юрган қушларга ташланиш истаги босилгунча кўзлари беркитиб қўйилади. Шу тарзда лочин ўзининг ёввойи табиатини унутиб, қўлга ўргана боради. Эгасини танийдиган бўлади, чақирса келади.
Шунингдек, нафс ҳам то хилват ва узлат билан ўзининг ёввойи одатларидан озод бўлмагунича эгасига дўст бўлолмайди. Бунинг учун қулоқ ва кўзни ғийбат, кўз зиноси каби ёмон одатлардан сақламоқ лозим. Сўнгра  хилватда зикр ва дуо билан машғул бўлинади. Аста-секин нафснинг дунё ва бошқа шаҳватлар билан улфат тутиниши сўниб, бунинг ўрнини Аллоҳ таолонинг зикрига муҳаббат эгаллайди. Бошланишида бу ҳолат кишига оғир келгандай туюлади. Кейинроққа бориб бамисоли она кўкрагидан ажратилган гўдак каби лаззат ола бошлайди. Биласиз, болани кўкракдан ажратиш қийин. Кўкракни қўмсайди, талпинади, йиғлайди. Энг тотли таомдан ҳам юз ўгиради. Лекин бу ҳол уни чарчатади, очлик ғолиб келади ва таомни мажбуран ейди. Бора-бора таом ейиш унинг табиатига айланади. Шундан сўнг болага кўкрак тутилса, юз буради.
Миниладиган ҳайвон ҳам бошида эгардан, жиловдан қочади. Мажбуран боғлаб қўйиб, уни эгар-жабдуққа ўргатилади. Ўрганганидан кейин эса жилов ва арқонсиз ҳам жойида тураверадиган бўлади. Нафс ҳам қуш ва ҳайвон каби тарбияланади. Нафс тарбияси дунё неъматига, умуман, ўлим келиши билан йўқ бўлиб кетадиган ҳар қандай нарсага назар қилиш, уни дўст тутиш, ундан шодланиш каби иллатлардан сақланиш билан амалга оширилади.
Мавзуни ақлимиз етганича якунлашдан олдин сизга, айниқса ёшларимизга айтадиган яна бир гапимиз бор: ярамас, бузуқ ишларнинг эшиклари саноқсиздир. Ҳушёрлик, сезгирликни сира ҳам қўлдан берманг. Эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмасангиз, бузуқ йўлларга кириб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Эҳтиётсизлик  -  шайтонга асир бўлишдир!

 

 

 

Пок кўнгулли маҳбуба

 

 

 

Муножот:

Ё Аллоҳ! Биз гўзал оилани вафосиз тасаввур эта олмаймиз. Сен оламни чиройли тарзда яратдинг! Ер-у осмонга ҳусн берган Сенсан! Азиз ва мукаррам қилиб яратганинг Инсон қалбига гўзал фазилатлар билан чирой бердинг. Бундай чиройдан бебаҳра бандаларингга ҳидоят бериш баробаринда уларнинг қалбларини ҳам ясантир. Ҳар биримизнинг хонадонимиз аҳлини вафо гули билан қувонтир. Ер сатҳидаги табиат гулларининг умри қисқа - куз нафаси уларга ўлим хабарини беради. Қалбга уфурилган шайтон нафаси вафо гули умрига зомин бўлади. Шайтон алайҳилаъна васвасасига учиб қолишдан, қалбларимиздаги вафо гулининг сўлишидан ўзинг асра!

Омийн, йа Раб ал-оламийн.


“Одамий бўлса вафо андин йироқ, ит вафо бобида андин яхшироқ”, деб ёзганлар ҳазрати Алишер Навоий.

Инсон табиатига хос шундай фазилатлар борки, бирини иккинчисидан айирган ҳолда тарбия этиб бўлмайди. Иффат ва ҳаё, садоқат ва вафо шулар жумласидандир.

Вафо ва садоқат солиҳ бандага хос алоҳида гўзал фазилат ҳисобланади.

Садоқат адолатга хос хислатлардан бўлиб, чин дўстлик демакдир. Яъни, киши ўзига раво кўрганни ўзгага раво кўриб, ўзига раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрмайди.

Вафо кишининг ўз навъига, хусусан яқинларига мардона муносабатда бўлишидир. Вафони биз кўпроқ эр ва хотин орасидаги ишқий муносабатга нисбатан қўллашга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, бу атаманинг қамрови кенгроқдир. Вафо қайси муносабатда бўлмасин, аҳдда, ваъдада туриш демак.

Ҳазрат Навоийдан байт:

Бу даҳр ажузеки, вафоси йўқ анинг

Бир фоҳишаедекдурки, ҳаёси йўқ анинг.

Мазкур байтда “вафо” сўзи “маккора замонанинг вафоси йўқ” деган маънода қўлланилган. Оламда абадий ҳеч нарса бўлмагани учун мумтоз адабиётда дунёга, хусусан инсон ҳаётига “вафосиз”, деб сифат берадилар. Ҳолбуки, дунёни яратган Холиқ абадийликни ваъда этмаган, аксинча, бу дунёнинг ўткинчилигини қайта-қайта таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан дунёни бевафоликда айблаш ғалати туюлади.

“Вафо” баъзи ўринларда “доимийлик” ёки “абадийлик” маъносини ҳам беради:

Ангаким жаҳондин вафо етмади,

Жаҳон ичра тинмади, то кетмади.

Мумтоз адабиётда “вафо” сўзини “ишонч” маъносида қўлланганига ҳам гувоҳ бўламиз:

Ки билса жаҳонға вафо йўқ турур,

Жаҳон аҳлиға ҳам бақо йўқ турур.

“Вафо аҳли” дейилганда вафодорлар, аҳдида турувчилар назарда тутилади. Бу хушхулқ эгаларини “қавлимаҳкамлар” ҳам деб атайдилар.

“Вафо гули” – аҳдида туришлик. Бу атама сафо-покликни ҳам англатади.

“Вафо жоми” – ёридан вафо кўришлик:

Ҳар киши ҳам қилса вафо жоми нўш,

Кўнгли муҳаббат майидин урса жўш.

Вафо хусусида ҳазрат Алишер Навоий гўзал ва мукаммал таърифлар берганларки, ўзимдан бир сўз қўшмоқ ҳам одобсизлик бўлур, деган мулоҳазада баённи айнан келтираман:

“Карам ва мурувват – халқни вафодек бир яхши сифатдан маҳрум кўрибдилар ва уни топиш учун йўқлик дунёси томон кетибдилар.

Жаҳон гулшани вафо гули зийнатидан бўшаб қолган, башарият гули вафонинг муаттар ҳидларидан айрилган. Дунёнинг қоронғи тупроқхонасини вафо шамъи ёритмаяпти ва замон бевафолар кўнгли билан улфатлашяпти. Вафонинг наргис гули давр чаманига кўз солмайди ва кишиларнинг кўнгил ғунчасида кўролмаслик ва ҳасаддан ўзга нарса топилмайди.

Вафо – шундай бир покиза кўнгулли маҳбубаки, у табиати ва кўнгли пок бўлмаган кимсага ром ва улфат бўлмайди; вафо шундай покзот бир матлубаки, у зоти тоза, табиати пок бўлмаган одамга яқинлашмайди ва унга рағбат кўрсатмайди. Вафо – шундай асл гавҳарки, у инсоният тожига зийнатдир. Лекин дунёда вафога лойиқ инсон йўқдирки, бу унинг бошидаги жиғада порлаб турса. Аммо олам элида одамийлик йўқдир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, вафо – ҳаё билан пайваста, ҳаё ҳам вафо билан боғлиқдир.

Карам ва мурувват ота ва онадирлар; вафо билан ҳаё эса буларнинг икки эгизак фарзандларидир. У икковида қанча равшанлик ва софлик бўлса, бу икковида ҳам шунчалик жипслик ва бирлик бор. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бор ва ҳар масканда у топилса, бу ҳам барқарор. Вафосизда ҳаё йўқ; ҳаёсизда вафо йўқ. Агар, кимда бу икки сифат бўлмаса – унда иймон ҳам йўқ. Ва агар кимда иймон бўлмаса, унда одамийлик ҳам йўқ...

Камолга етган одамлар – ҳаёли; камол топмаганлар – нуқсонли ва ҳаёсиз.

Вафо билан ҳаё оламнинг қоронғи жойидан ўтиб, йўқлик (ломакон) оламидан ўрин олганлар. Шундай қилиб, улар ўзларини бир-бирлари билан овутибдилар. Қолган вафосиз беҳаёлар эса уларни унутибдилар.

Ҳар кимга бир вафо кўрсатдим, ундан юз бевафолик кўрмагунча қутилмадим; ҳар ким билан бир меҳр-муҳаббат муомаласида бўлдим, минг жабру жафо тортмагунча халос бўлмадим.

Байт:

Кимга қилдим бир вафоким – юз жафосин кўрмадим?
Кўргузиб юз меҳр, минг дарду балосин кўрмадим.
Давр бевафоларининг жабридан дод! Ва замон беҳаёлари зулмидан фиғон ва фарёд! То олам пайдо бўлганидан бери бу ўтда ҳеч ким менчалик ўртанмаган; то бевафолик бошланганидан бери ҳеч ким мен каби бу алангада ёнмаган. Замон кишилари бевафолигидан бағримда тиконлар бор ва давр халқи беҳаёлигидан кўксимда яралар бор. Булар ҳақида ёзай десам, катта чидам менга вафо қилмайди ва барчасини қаламга олай десам, узоқ умр давомида ҳам тугатиб бўлмайди.

Ҳақ уларга инсоф ва раҳм бергай ва ёки бу маҳрум жафокашга сабру чидам ато қилғай!”

Шоир ҳазратларининг нолишларини айнан англаб, тушкунликка тушмаслик, “дунёни бевафолар босиб кетибди”, деб ваҳима ҳам қилмаслик керак. Фоний дунёда иймон эгалари бор экан, вафодорлар ҳам бор. Иллат эгалари, хусусан аҳдига вафо қилмайдиганлар қай ерда озроқ, қай ерда кўпроқдир. Буни ҳеч ким санаб кўрмаган. Бундайлар оз бўлган тақдирда ҳам жамият учун нохушдир. Олимлару шоирлар мазкур ҳолатни назарда тутиб, бошқаларни шу зайлда огоҳлантириб турадилар.

Тўғри, дунёда беҳаёлар, бевафолар кўпга ўхшаб кўринади. Аммо вафоли ва ҳаёлилар улардан жабр чексалар-да ҳеч қачон тиз чўкмаганлар. Биз ўша бевафо ва беҳаёларга қараб, вафо ва ҳаё қадрини белгиламаймизми? Бевафонинг бевафолигини, беҳаёнинг беҳаёлигини аниқлаш учун Аллоҳ таоло сизу бизга ақл берган. Бевафо билан беҳаёнинг аянчли охиратини бизларга ибрат учун шу дунёнинг ўзидаёқ кўрсатиб қўйган. Ёшлигини бевафолик ва беҳаёлик билан ўтқазиб, қариганида хорланганларни кўриб турибмиз-ку? Бизга яна қандай ибрат керак?

Яна бир ибратки, ҳаёт йўлида бевафо ва беҳаёга дуч келинса, фарёд чекиб қочмаслик лозим. Ҳар биримиздаги ҳаё ва вафо кучи-қудрати уларга қарши қурол вазифасини ўтайди. Одам боласи бевафо ва беҳаё бўлиб туғилмайди. Адашиш оқибатида ёки нотўғри тарбия туфайли бу руҳий хасталикка чалиниб қолади. Шундай экан, уларни муолажа қилишга уриниш иффат эгасининг бурчи.

“Ваъдага вафо – марднинг иши” деган мақолни эшитгансиз. Ҳа, вафо фақат эрга ёки хотинга нисбатан эмас, ўз сўзига нисбатан ҳам бўлиши керак. Суюкли ёшларимизда баъзан ана шундай вафо етишмай қолади. Бунинг сабаблари: баъзан бир жойга боришга ваъда берадилару оила катталаридан руҳсат тегмагани учун бажаролмайдилар. Бу ҳолда ваъдалашган кишини дарров огоҳлантириб, узр сўраш керак бўладики, шундай қилинса ваъдани бажармаслик бевафоликка йўйилмайди. Баъзан эса лоқайдлик ёки эриниш туфайли ваъда бажарилмайди. Масалан, қор ёғаётгани учун кўчага чиқишга эриниб, ваъдалашган жойга борилмайди. Огоҳлантирилмайди, узр ҳам сўралмайди. Буни бевафолик деймиз, гуноҳ эканини ҳам эслатамиз. “Боролмайман”, деб ёлғон баҳона билан огоҳлантирилган тақдирда ҳам гуноҳ соқит бўлмайди.

Ваъдада туриш, ваъдаги хилоф қилиш, ваъдасизлик маънолари лозим маънода ўлчанмайди. Бизда ваъдабозлик кенг тарқалган ва ваъдага вафо қилмаслик оддий ҳол бўлиб қолган. Ҳолбуки, “Арбаин”да таъкид этилганидек:

Кимки ҳар кимга ваъдае қилди –

Шарт эрур ваъдага вафо қилмоқ.

Ҳазрат Сўфи Оллоҳёрдан байт:

Кел, эй содиқки қилдинг сидқ лофин,

Ўланча қилмағил ваъда хилофин.

Дейилмоқчики, эй банда, сен ростлик даъвосини қилсанг, ўлар кунгача ваъдангга хилоф қилмасдан тур. Чунки ваъдада тўғри турмоқ яхши ахлоқнинг юқори мартабасидир.

Юқорида айтганимиздай, бир кишининг чақириғига ваъда қиламизу бормаймиз ёки белгиланган соатда бора олмаймиз. У киши ўз ишларини ташлаб, кутиб туради ва хавотирланади. Биз унинг ишдан қолганини ва хавотир олганини бир чақага ҳам олмаймиз. “Ваъда – қарз” эканини, ваъдага хилоф эса, мунофиқлик эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳатто кўпимиз бажариш ниятида эмас, балки шунчаки суҳбатдошнинг сўзини қайтаришдан уялиб ваъда бериб юбораверамиз. Бу ҳол ваъдада турмаслик эмас, балки ваъдабозлик нияти билан бўлганидан икки карра қабоҳатдир.

Кишининг лафзида турмоқлиги “вафо гулини очти” тарзида ҳам баён этилади: “Абнойи замонғаким, бир вафо гули очтиким, алардин юз жафо тикани бағриға санчилмади”.

Иброҳим Халилуллоҳнинг ўғиллари Исмоил алайҳумассалом Маккадан Фаластин ерига бориш учун чиққанларида Абдурраҳмон исмли кимсага йўлиқдилар. Бу кимса дедики:

-Эй Аллоҳнинг Расули, агар сизлар мени йўлдошликка олсангиз эди, мен ҳам сизлар билан борур эдим.

Исмоил алайҳиссалом кўндилар. У киши яна дедики:

-Уйимда баъзи ишларим бор, бир оз кутсангизлар, уларни бажариб келсам, сўнг бирга борур эдик.

Исмоил алайҳиссалом “Яхши, кутамиз”, деб ваъда қилдилар. “Келурман”, деб кетган Абдурраҳмон ваъдасини унутиб, қайтиб келмади. Исмоил алайҳиссалом ваъдаларига хилоф қилмай, ваъда берган ерларида уни олти йил кутдилар. Абдурраҳмон еттинчи йили шу йўлдан тасодифан ўтиб, Исмоил алайҳиссаломга дуч келди-ю, ваъдасини эслади. Уят ели билан тутдек тўкилиб, йиқилди. Исмоил алайҳиссаломга узрлар дафтарини очиб, оёқлари остига кўз ёш дурларини сочди. Исмоил алайҳиссалом эса лутф билан: “Хуш келдинг, сафо келдинг, айтган сўзингда турдинг”, деб тавозуъ қилдилар.

Жангларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Муборак Рум элининг жуда кучли, ҳайбатли аскари билан тўқнаш келдилар. Яккама-якка олишдилар, қилич солдилар, гурзи билан урдилар, хуллас, ҳарчанд уринишмасин, бир-бирларини енга олмадилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Танаффус қилайлик, жангни тўхтатиб турайлик, мен намозимни ўқиб олай”, деб рақибдан озгина муҳлат сўрадилар. Рақибга бу илтимос маъқул келиб: “Яхши, мен ҳам ибодатимни қилиб олай”, деб нари кетди. Абдуллоҳ отни соҳилга боғлаб, оқаётган сувда таҳорат олдилар. У одам ҳам ўз эътиқодига кўра нималардир қилди. Абдуллоҳ намозни ўқиб бўлиб, дуо қилар чоғларида ўзларича: “Шу одамни отдан ҳеч ағдара олмадим, ҳозир отидан тушган, ҳимоясиз ҳолда ўтирибди. Фурсатдан фойдалансаму бостириб бориб, ўлдирсам-чи?” деб ўйладилар. Аммо бир қарорга келмай туриб Қуръони каримдаги: “Аҳдга вафо қилинглар, зеро, аҳд-паймон Қиёмат кунида сўраладиган ишдир”, мазмунли оят эсларига тушди.

Ҳа! Инсон сўз бердими, аҳдлашдими, аҳдида туриши керак! Бунинг ҳисоби бор! Нима учун дуо чоғи, фикр ёмонлик томонга ўзгарганида айнан шу ояти карима беихтиёр ёдга тушди? Биз бундай ҳолларда “беихтиёр” дейишга ўрганиб қолганмиз. Ҳа, бу инсоннинг иҳтиёридан ташқари. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлагани учун шундай бўлган. Бу ўринда ҳам Аллоҳ таоло ўз оятини эслатди ва гўё бундай танбеҳ берди-ки: “Эй бандам, сен Менинг яхши бандаларимдансан, аҳдга вафо қилиш ҳақидаги оятни унутдингми? Аҳдингга вафо қил!” Оятни хотирлатиш замирида шу маъно яширинган эди. Абдуллоҳ ибн Муборак буни яхши англадилар ва йиғлай бошладилар. Жангни бошламоқ қасдида яқинлашган рақиб у зотни бу аҳволда кўриб ажабланди:

-Эй одам, нега йиғлаяпсан? Ўлимингнинг яқинлигини сезиб, қўрққанингдан йиғлаяпсанми?-деб сўради.

-Раббим мени сен туфайли йиғлатди,-дедилар Абдуллоҳ.

-Нега? Қандай қилиб?-деб баттар ажабланди рақиб.

-Мен дуо қилаётган пайтимда сенинг устингга беҳос ҳужум қилиб, ўлдириш истаги туғилди. Шу нафаснинг ўзида Аллоҳ таоло менга аҳдга вафо қилиш ҳақидаги оятини эслатди. Мен бу жангга Раббимнинг розилигини истаб келсаму, қилмоқчи бўлган ишимни қара! Шуни ўйлаб йиғлаяпман, тўғри йўлимни йўқотганимдан йиғлаяпман...

Бу гапни эшитиб, рақиб ҳам йиғлади ва “Сизнинг динингиз ҳақ дин экан”, деб калима келтирди-да, мусулмон бўлди. Инсон қалби қилич билан эмас, шу тарзда гўзал ахлоқ билан эгалланди.

Қалб чиройини очувчи фазилат эгалари ҳақида бундай мисоллар беҳисоб. Одам боласининг олий вафо бурчи Аллоҳ таологадир. Негаки,у Аллоҳ таолога аҳд берган: “Сенга муносиб бандалик қиламан”, деган. Бунга риоя қилмаса, аҳдини бузган, сўзида турмаган бўлади. Бир подшоҳ ўғлига шундай васият қилган экан: “Ўғлим, давлатингда қаллоб, мунофиқ, ибодат ва тоатни қилмайдиган одамни ишлатма, ходим қилма ва ишонма! Чунки у сенга вафо қилмайди. Агар у вафодор бўлганида эди, Раббисига вафо қилган бўларди. Модомики, Раббисига вафо қилмаган, намоз ўқимаган, покиза ва ҳалол юрмаган, аҳдида турмас экан, сенга ундан ҳеч яхшилик келмайди. Аллоҳ таолога вафодор қулларнигина ўзингга ходим қил!” Одам боласи унутмасинки, вафодорлик одамгарчиликни кучайтиради, сўзидан қайтган эса одамгарчиликни тарк этади... Довуд алайҳиссалом айтган эдилар: “Суҳбатдошингга бир нарса ваъда қилсанг, ўшани амалга ошир. Ваъда қилган нарсангни амалга оширмасанг, орангизда адоват ҳосил бўлади. Эслаган вақтингда сенга ёрдами тегмайдиган ва унутганингда сени эсламайдиган суҳбатдошдан паноҳ беришни Аллоҳ таолодан сўраб юр...”

Келин ва куёв никоҳ ўқилаётган пайтда Аллоҳ таолога: “Сенга муносиб бандалик қиламан”, деб аҳд беради. Аҳдга кўра, оила мустаҳкамлигига, бахтига доир қандай талаб бўлса бажариши шарт бўлади. Бунга риоя қилмаса, аҳдини бузган, сўзида турмаган бўлади.

Бу ўринда Жўшон ҳазратларининг бир ҳикоялари диққатга молик. Ул зот касби қурилиш муҳандиси бўлган бир дўстлари билан йўл-йўлакай Адапазари деган шаҳарда ибодат учун тўхташибди. Масжидга кириб, намозни бошлашганда уларга яна икки киши қўшилибди. Намоздан сўнг улар билан танишмоқ ниятида сўзга тутибдилар. Каттароқ ёшдаги киши бу шаҳарга тижорат мақсадида келган экан. Ўн беш ёшли ўспирин эса ишлаб, пул топиш учун Арзурум шаҳридан келибди. Шунда ҳазрат тижоратчига қараб: “Шу йигитчани хизматкор қилиб олинг”, дебди. Бой бунинг сабабини сўраганда бундай дебдилар:

“Йигитчанинг бу шаҳарда ҳеч кими йўқ экан. Ёш бўлишига қарамай, ибодатини канда қилмаяпти, Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдига вафо қиляпти. Баъзилар ота-онасининг зўри билан намоз ўқийди. Ота-онасидан сал узоқлашса ўқимай қўя қолади. Бу йигитча вафодор экан, ундан фақат яхшилик келади. У Аллоҳ таолога бўлган вафосини бузмаяпти. Унга ишингизни ҳам, пулингизни ҳам бемалол ишониб топширишингиз мумкин”.

Ривоят:

Қадимги араб подшоҳларидан Нўъмон ибн Мунзирнинг бири ярамас ва бири яхши икки одати бор эди. У йилда бир кунни “Ғазаб куни” деб белгилаб, кўчага чиқарди-да, биринчи дуч келган одамни ҳибсга олдириб, ўлимга ҳукм қиларди. Яна бир кунни “Марҳамат куни” деб белгилаб, биринчи учраган одамга совғалар берарди.

Тоий лақабли камбағал бир киши “Ғазаб куни”да Нўъмон ибн Мунзирга дуч келди. Золим подшоҳ у бечорани ўлдириш қасдида жаллодни чақирди. Шунда Тоий ёлвориб деди:

-Менинг хотиним ва фарзандларим бор. Кунимни ўтказишдан жуда-жуда қийналдим. Оилам оч-яланғоч яшайди. Гадойлик қилиб оиламни зўрға боқиб турибман. Бугун эҳтиётсизлик қилиб, “Ғазаб кунингиз”да сизга дуч келиб қолдим. Биламан, мени ўлдирасиз, лекин ҳозирнинг ўзида ўлдириш ёки кечки пайт жонимни олиш сиз учун фарқсиз бир иш. Мен шаҳардан унча узоқ бўлмаган бир қишлоқда яшайман. Менга рухсат беринг, тиланчиликдан топган озиқ-овқатларимни оиламга олиб бориб берай. Сўнгра оилам ва ёру дўстларим билан хайрлашиб, кун ботарда қайтиб келаман. Ваъдамга хилоф қилмайман, бунга ишонинг.

Подшоҳ унга раҳм қилмади, бир кафил топилмагунча рухсат бермаслигини айтди. Нўъмон ибн Мунзирнинг суҳбатдоши Шурайк ибн Адий Тоийнинг қабиласидан эди. Тоий унга қараб мурожаат қилди:

-Эй Шурайк ибн Адий! Мен ўлимдан қўрқмайман. Фақат оч-яланғоч қолаётган оиламга ачинаман. Менга кафил бўл. Уйимга бориб, топганларимни оиламга ташлаб, хайрлашиб олай. Кун ботгунча шу ерга етиб келаман.

Шурайк илтимосни қабул қилди. Подшоҳдан рухсат теккач, Тоий қишлоғига йўл олди. Кун ўтиб, қуёш уфққа бош қўйса ҳам Тоийдан дарак бўлмади. Подшоҳ жаллодни чақириб, кафилликка ўтган Шурайкни қатл этишни буюрди. Шу чоқда узоқда бир одамнинг югуриб келаётгани кўринди. Шурайк:

-Шошиб келаётган киши Тоий бўлса керак, озгина сабр қилинг,-деб ўтинди.

У адашмаган эди. Тоий терлаб-пишиб, ҳолдан тойганича, ҳансираб кириб келди ва подшоҳга деди:

-Ваъдамга вафо қилдим. Шомга етиб келолмасам, кафилим Шурайк менинг ўрнимга қатл бўлади, деб жуда-жуда қўрқдим. Аллоҳ таолога шукрки, вақтида етиб келдим. Олижаноб Шурайкдан миннатдорман, энди эса подшоҳим, иҳтиёр ўзингизда, “Ғазаб куни”да жон бериш қисматимда бор экан, мен ўлимга тайёрман.

Подшоҳ бу ҳолни кўриб, ҳайрат дарёсига чўмди. Сўнг Тоий ва Шурайкка қараб айтди:

-Сизлардан ажойиброқ кишини кўрмадим. Эй Тоий, дунёда ҳеч кимга ваъдага вафо қилиш майдонида турадиган жой қолдирмадинг. Эй Шурайк, карам, шафқат ва марҳаматинг билан ҳаммани ҳайратга солдинг. Мен сизларнинг учинчингиз бўлолмасам ҳам, олижаноблигингизга қойил бўлиб, бугундан эътиборан “Ғазаб куни”ни бекор қилишга аҳд этдим.

Подшоҳ Тоий билан Шурайкка инъом-эҳсон қилиб, ҳурматлаб, уйларига қайтишга рухсат берди.

Қўлдан келмайдиган, вафо қилиб бўлмайдиган нарса ҳақида ҳеч вақт ваъда бермаслик ва “бу иш менинг қўлимдан келмайди”, деб очиқ айтиш зарур. Сўзида турмайдиганни халқда “бебурд” деб ҳам атайдилар. Сўз берган сўзида турсин, сўзидан қайтган кишидан ёмонроқ киши йўқ. Чунки ваъдага вафо қилишни инсонийлик фазилати деб шарафладик. Қўлдан келмаган ишга ваъда бериш яхши хислатлардан саналмайди.

Бировга ваъда бергил, уддасидан гар чиқар бўлсанг,

Вафо қилмай аҳдингга, бўлма юз қаролардин.

Қўлидан келмайдиган ишга ваъда берувчиларнинг турли тоифалари бор. Биринчи тоифанинг нияти яхши, кимнингдир мушкулини осон қилишни истайди ва бу ишни зиммасига олади. Сўнг эса ё ҳафсаласизлик қилади ё кучи етмайди-ю бевафолик ботқоғига ботиб қолганини ўзи ҳам билмайди. Афсус шундаки, бундай кимсалар аҳдга вафосиз одамнинг гуноҳга ботишини тасаввур қилмайдилар. Бу тоифанинг ҳам аслида юзи қора, лекин нияти яхши бўлгани сабабли кучли нафрат ўқига дуч қилмасак ҳам бўлади. Уларга ишонмаслик билан ўзимизни четга олиш кифоя.

Иккинчи тоифанинг вафосизлиги виждонсизлик ва ғараз кўлмакларидан сув ичади. Улар ўзларининг бирон ишларини битириб олгунларича олам-олам ваъдаларни бераверадилар. Агар ваъдаларини эслатгудай бўлсангиз ўзларини йўқотиб қўймайдилар, аксинча “Ҳозир шу масалани ҳал қилаётгандим” ёки “ҳозир шу масалада ўзингизга учрашмоқчи эдим”, деб ёлғон устига ёлғон тўқийдилар.

Яна бир тоифа вазифанинг мушкуллигини ҳис этмай ёки бирор яқин одамининг марҳамати, ҳиммати ёинки кучига, амалига ишониб ваъда бериб юборади. Ваъдасини бажариш учун ҳаракат қилади. Уддасидан чиқолмагач, уялади, узр сўрайди. Бундай одамлар хатоларини англаб, кейинчалик қуруқ ваъдадан ўзларини тийганлари яхши. Агар хатоларини такрорлайверсалар, одамлар уларни бебурдлар сафига қўшиб иззат қилмай қўядилар. Ҳа, сўзига вафо қилмайдиганларнинг бу дунёдаги биринчи жазоси шундай – одамлар орасида беобрў ва қадрсиз бўладилар.

Шарафли ҳадисда баён этилишича, бир араб Пайғамбар алайҳиссаломга “Сенга келурман”, деб ваъда қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу арабни кутиб, қирқ кун уйдан чиқмадилар. Бир куни ўша араб келиб, салом берди. Набий муҳтарам алик олмадилар. Араб бундан ранжиб, сабабини сўраган эди, дедилар: “Сен мунофиқсан, мунофиқнинг саломини олиш жоиз эмасдир”. Демак, мазкур ҳадисдан маълум бўляпти-ки, ваъдага хилофлик - мунофиқлик экан.

Байт:

Сўзун бузғон кишини яхши эрлар:

“Қусиб қайтиб ани ичгунча”,-дерлар.

Дейилмоқчики, яхши инсонлар сўзида турмаган кимсани қусган қусиқни қайта ичмак билан тенг қилурлар. Қусиқ ичмаклик макруҳ бўлганидек, аҳли булағо (сўз усталари) қошида сўзда турмаслик ҳам макруҳдир.

“Давр бевафоларининг жабридан дод! Ҳақ уларга инсоф ва раҳм бергай ва ёки бу маҳрум жафокашга сабру чидам ато қилғай”, дейдилар ҳазрат Навоий.

Одам дунёларга тенг шараф эгасидир. Ит эса жирканч маҳлуқдир. Аммо яхшиликни билмайдиган бевафо одам – яхшиликни унутмайдиган, вафодор итдан пастдир. Вафодор қўтир ит – вафосиз гўзал, барно йигитдан яхшироқдир:

Бевафо ҳақношунос элдин йироғлиғ истаким,

Келмади ҳаргиз алардин ғайри бедоду жафо.

Итга итлик айламак жону кўнгул бирла бўлур,

Ҳақшунос ўлса у бўлса анда ойини вафо.

Дейилмоқчики, яхшилигингга вафо ила жавоб қайтармайдиган одамдан йироқ бўлишга интил. Чунки улардан ҳеч қачон жабру жафодан бошқа нарса келмайди. Итга жону кўнгил билан боғланиш мумкин, агар яхшиликни билувчи вафодор бўлса.

Шайх Саъдий ҳазратларининг “Гулистон”идан бир ҳикмат гули:

“Бир киши кураш тушмоқ илмида бағоят олим эрди ва уч юз олтмиш амал билур эди. Иттифоқо, ўз шогирдларидин бирининг жамолига хотири майл этиб, ҳар куни зиёдароқ тарбия қилур эди ва таълим берур эрди. То уч юз эллик тўққиз амални ўргатди. Аммо бир амалнинг таълимида таъхир қилиб, тааллулға солди (бир баҳона билан кейинга сурди). Алқисса, шогирд қувват ва суръатда барча полвондин баланд бўлди ва онинг била кураш тутмоқға ҳеч кишида қувват ва мажол қолмади, то бир кун подшоҳнинг олдида дедиким: “Устодимнинг мендин зиёдалиги тарбиятда улуғлик жиҳатидиндур, йўқ эрса, қувватда ман ондин кам эрмасман ва санъатда баробардурман”. Подшоҳга бу сўз оғир келиб, буюрди, то иккови кураш тушғайлар ва бир улуғ майдонни таъйин этдилар. Подшоҳ бошлиқ аркони давлат аъёни ҳазрат, барча шаҳру саҳронинг халойиқи ва ер юзининг паҳлавонлари – барча ҳозир бўлдилар. Шогирд фили мастдек бир навъ садмат била майдонга кирдиким, агар олдида кўҳи оҳанин бўлса эрди, бир ҳамлада жойидин қўпорур эрди. Устод билдиким, қувватда ўзидин зиёдадур. Ҳамул ўргатмай пинҳон сақлағон амали била кураш тутди. Шогирд ани дафъ эта олмай ожиз бўлди. Устод ани икки қўли била ердин кўториб, боши устига чиқариб ондоқ ерга урдиким, халоқий ғарив ва ғулғула садосин авжидин ошурди ва подшоҳ устодга хилъат ва неъмат берди ва шогирдга зажр ва маломат қилди ва деди:

-Нечун тарбият қилғон устодинға бевафолик қилиб, муқобил бўлдинг?

Шогирд ер ўпиб, деди:

-Эй подшоҳ, устод зўрлик била мени йиқмади, лекин кураш илмида бир амални мендин дариғ тутуб ўргатмамиш эрди. Бугун ҳамул амал билан мени йиқди.

Устод деди:

-Ул амални мундоқ бир кун учун ўргатмай сақлаб эрдим, нединким, ҳакимлар дебдурлар: “Дўстга андоқ қувват бермагилким, бир вақт сенга душманлик қилса, муқобил бўла олмағайсан. Эшитмадингмуким, бир киши ўзининг парвариш қилғон шогирдидин жафо кўруб на сўз айтубдур. Қитъа:

Вафо йўқ эрдиму оламда ҳаргиз,

Ва ёхуд қилмади аҳли замона.

Ки ҳар ким отмоқ ўқ ўрганди мендин,

Мани ул оқибат қилди нишона.

Подшоҳга устоднинг бу достони бағоят хуш келиб, буюрди, кўп неъматлар еткурдилар. Шогирдга сарзаниш қилиб, таъна таёғин урдилар, то мундин сўнгра устоди ҳақида бевафолиғ қилмағай ва ўзгаларга доғи танбеҳ бўлгай”.

Биз гулларни севамиз. Ҳовлимиздаги мўъжаз боғчага (ёки тўрт хонали уйимиздаги тувакларга) турфа гулларни экиб, парвариш қиламиз. Қилган ишимиздан ўзимиз ҳам роҳатланамиз, анвойи гуллар гўзаллигидан меҳмонларимиз ҳам завқ оладилар. Инсоний фазилатлар ҳам гулзор чаманига ўхшайди. Вафо гули бу чаманда алоҳида чиройга эга. Бу чирой барчамизга жуда-жуда ярашиб туради.

 

 

 

Виждон ниқоби

 

 

 

Муножот:
-Ё Аллоҳ! Аҳволимиз Ўзингга маълум.
Иллатлар йўлига тиклайдиган иффат ва ҳаё тўғонини мустаҳкам эт.
Қиёматда ҳузурингда уятдан бош эгиб турмаслигимиз учун бу дунёда ўз виждонидан уяладиган бандаларингдан қил.
Қариндошлар, дўстлар орасида уятсизлиги билан юзи қора бўлаётганлар бор. Уларга ҳидоят бер, иффат ва ҳаё булоғининг покиза сувидан баҳраманд эт. Барчаларимизнинг ҳаёт йўлимизни иффат ва ҳаё қуёшининг нури билан мунаввар қил.
Омийн, йа Раб ал-оламийн.

Бир ҳукмдор хизматчисининг хотинига хуштор бўлди. Хизматчини бир баҳона билан сафарга жўнатди. Шомдан сўнг хотинни хобхонасига чорлади ва “Барча эшикларни ёп”, деб амр қилди. Хотин амрни бажарди. Ҳукмдор “Эшикларни беркитдингми?” деб сўради. “Уй эшикларини маҳкамлаб ёпдим, лекин ҳарчанд уринмай, бир эшикни беркита олмадим”, деди хотин. “Қайси эшикни айтяпсан?” деб ажабланди ҳукмдор. “Ҳаё ва иффат эшикларини”, деб жавоб берди хотин. Ҳукмдор бу жавобдан уялди. Ундаги ҳаё ҳам уйғониб, хотиндан узр сўради. 
Ҳа, дунёвий қонун таъқиқламаганни иффату ҳаё таъқиқлайди.
Бу ривоят Қудсий ҳадисни ёдга солади: “Эй Одам фарзанди!- дейди Аллоҳ таоло биз –бандаларга хитобан.-Албатта, соч ва соқолинг оқи Менинг нуримдандир. Мен нуримни ўз дўзахим оловида куйдиргани ҳаё қиламан. Шундай экан, сен ҳам Мендан ҳаё қилгин”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳаё иймон шохчаларидан биридир”, деганлар.  Зийраклик билан кузатсак, ҳар бир одамда ўзига яраша уят бўлади. Ўғри ҳам, фоҳиша ҳам уятни ўзича тушунади. Лекин ҳаё фақат иймонли қалбда бўлади. Шуни фарқламоқ лозим. “Ақл ва ҳаё ажралмас дўстдир,-дейилади “Калила ва Димна” асарида.- Бири йўқолса, иккинчисини ҳам топиб бўлмайди”. Зеро, уятдан қизарган юз қора қалбдан яхшироқдир. Шарму ҳаё ниқобидаги чеҳра қутида сақланган қимматбаҳо гавҳарга ўхшайди.
Аллоҳ таоло одам болаларини пок ва шарафли исломий фитратда яратди. Бу билан инсон энг юксак шараф эгаси ҳисобланади. Эртанинг ота-онаси, келажак наслнинг суянчиғи ва муаллими бўлмиш эр-хотиннинг зиммасида кўп масъулият мавжуд. Шулардан бири иффат ва ҳаё фазилатига эга бўлиш ҳамда қадрлаш, эҳтиётлаш бурчидир. Ким табиатан хунук бўлса, уни ҳеч ким айбламайди. Аммо иффати ва ҳаёси хунук бўлса, жамият ундан юз ўгиради. Фақат ўзигина лаънатланмайди, ўтган насабию  туғилажак наслига ҳам нафрат ёғилади. Бугун “бу беҳаё фалончининг қизи”, деб маломат қилсалар, эртага “бу иффатсиз хотин фалончининг онаси”, деб фарзандини ҳам хижолат қилаверадилар. Демак, ҳаёли бўлиш ё бўлмаслик билан  ҳар бир инсон насабу наслига ё шараф келтиради ё лаънат. Шу боис  фарзанд  тарбияси айнан ҳаё тарбиясидан бошлангани мақсадга мувофиқдир.
Тилимизда “иффат”, “шарм”, “ҳаё”... каби атамалар бор. Бир қараганда булар маънодош сўзларга ўхшайди. Лекин ундай эмас. Ҳар бирининг ўзига хос маъноси мавжуд бўлгани ҳолда “уят” дейилмиш сўз тушунчасига боғланади. Масалан, “шарм” уятни англатади, “фалончи шарманда бўлди” деганимизда эл аро уятга қолди, деб тушунамиз.
Ривоят: бир ҳасадчи хотиннинг ҳаёли хотинни  кўрарга кўзи йўқ эди. У ҳасад ва адоватнинг зўрлигидан бир кеча ўзининг кенжатой ўғлини ўлдириб, ҳаёли хотиннинг ҳовлисига ташлади. Эрта тонгда ҳукмдор ҳузурига бориб: “Ўғлимни қўшним ўлдирди!” деб дод-фарёд қила бошлади. Ҳукмдор фаросатли одам эди. Ҳаёли аёлни чақириб сўроқ қилди. Ҳаёли хотин бундай ярамас ишдан бехабар эканини, ўзининг мутлақо бегуноҳлигини сўзлади. Шунда ҳукмдор унга дедики:
-Агар алдамаётган бўлсанг,  ҳузуримизда либосларингни ечиб, қип-яланғоч турасан. Шундагина сўзларингга ишонажакмиз.
Ҳукмдор бу шартни айтиш билан унинг ҳаёли хотинми ё йўқми эканини аниқламоқчи эди.
Ҳаёли хотин ҳукмдорнинг талабини эшитиб, бошини қуйи эгди-да, деди:
-Бу ҳолга тушганимдан кўра ўлганим афзал. Мен бу шармандаликни сира қабул қила олмайман. Буюринг, мени қатл этсинлар...
Ҳаё – юракнинг ҳақиқий кўзгуси, деб бежиз айтмаганлар. Аёлнинг сўзлари ҳаёсини, ҳаёси эса юрагининг пок эканини кўрсатди. Ҳукмдор бу бокира аёлга дилида офаринлар айтиб, уни чиқариб юборди-да, ҳасадчини чақиртириб:
-Агар ҳузуримизда ечиниб, қип-яланғоч бўлсанг, даъвоинг тўғри эканига ишонармиз ва қўшнингни қатл этажакмиз,-деди. Туҳматчи хотин ҳукмдорнинг бу талабини фикр ҳам қилиб ўтирмай, ечинмоқни бошлади. Шунда ҳукмдор уни тўхтатиб:
-Сен туҳматчи экансан. Бу қабиҳ ишни ўзинг қилиб, номусли аёлни айблагансан. Ҳаёсиз ва номуссизлигингни ўзинг исбот этдинг,-деб уни жазога ҳукм қилди.
Ҳаёсизлик инсонга бало эшигини очади, деганлари шу-да!
“Иффат” атамасининг маъноси бир оз кенгроқ.  Аҳли донишнинг баёнига кўра, иффат – поклик ва маъсумликни англатади. У комил инсон учун талаб этилувчи тўрт фазилатнинг учинчисидир, яъни: ҳикмат, шижоат, иффат, адолат. “Иффат” дейилганда шаҳват, яъни лаззат ва манфаатга бўлган интилишнинг ақлга бўйсундирилиши тушунилади ва у етти нарсани ўз ичига олади.
1.    Ҳаё – уят ва енгилтаклик ҳисобланган ишлардан тийилиш.
2.    Ҳусн-и ибтидо  - яхши хислатларни эгаллаш ва имкон борича ўз яқинларининг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилиш.
3.    Сабр – нафсоний қувватларни жиловлаш.
4.    Қаноат – еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмаслик.
5.    Виқор – Талаб қилинган нарсаларга эришишга бўлган ишонч ва бу йўлга шошма-шошарлик қилмасликдир. Виқор – вазминлик, улуғворлик, матонат. “Виқор шамъин ўчир” дейилганда мағрурликни емирмоқ назарда тутилади.
6.    Хайрият – маишатни ҳалол кечириш, молни яхшилик билан топиб, яхшиликка сарф қилиш. Хайрият – эзгулик демак.
7.    Саҳоват – ачинмасдан, қизғанмасдан,  ҳаддан ошмасдан, молни керакли ўринларда ўзига, яқинларига ва муҳтожларга сарф қилиш малакаси.
Имом Ғаззолий ёзадилар:
“Ким иффат билан хулқланса, саҳоватли, ҳаёли, сабрли, кечиримли, қаноатли, парҳезкор, латиф, зариф, барчага кўмакчи, бетамъа бўлади. Агар иффат меъёридан ошса ёки кам бўлса, ҳирс ва очкўзлик, қўполлик ва беҳаёлик, исрофгарчилик ва хасислик, риёкорлик ва шармсизлик, ҳасад, ичқоралик, бойларга ялтоқланиб, камбағални камситиш каби иллатлар юзага чиқади”.
Мухтасар тарзда айтилса, иффат – ёмон нарсалардан ўзини пок сақлаш, демак. Бизда уят маъносида қўллаш расм бўлган. Масалан, баъзан “пул сўрашдан уялди”, демай, “пул сўрашга иффати йўл қўймади”, деймиз. Бу ўринда иффатнинг фақат бир шохчаси назарда тутилади.
Биз ҳаётда иффат ва ҳаё фазилатини кўпроқ аёлларга хос деб биламиз ва талабимиз ҳам шунга қараб бўлади. “Иффатли ёки ҳаёли йигит” деган сифатни кам эшитамиз. Ҳолбуки, бу баёнимиздан  аниқ кўриниб турибдики, “иффат” фазилати қиз учун қанчалар ҳусн бўлса, йигит учун ҳам шундайдир. Бу борада талаб бир, Аллоҳ таоло ҳузурида жавоб ҳам бирдир. Бу фикрнинг яна бир далили учун ҳазрат Навоий битикларига мурожаат этаман: “Хожаким, биби борида додакка айланғай, бибининг иффат этаги қулға булғанғай”. Дейилмоқчики, агар эр иффатсизликни касб этиб, ўз хотинига вафосизлик қилса, хотинининг иффат этагини унинг қули булғайди. (Қадимда иффатли кишини “иффатмаоб”, деб, покдомонликни эса “иффатпаноҳ” деб атаганлар.)
Демак, ҳаё иффатнинг асосларидан  экан. Иффат ва ҳаё йўқолмас бир ҳусн, ҳаёсиз юзнинг жонсиз жасад эканини унутмаслик ҳар бир одамнинг бурчи. Ҳаё дилни равшан қиладирган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шу маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир. Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби – ҳаёдир. Ҳаё пардаси ила ўралмиш инсонларнинг иффат пардаси йиртилмас. Бу чодир шундай муборакдирки, анча-мунча шундай хатоларни беркитиб йўқ қилур. Агар дурга садаф парда-ю либос бўлмаса эди, сувга қўшилиб йўқ бўлиб кетмасмиди?
Дунёда шундай одамлар учрайдики, ҳаёнинг нима эканини яхши билади, аммо ҳаёсизликдан ўзни тиймайди. Ҳазрати шайх Абдуллоҳ Манозил (қ.с.) бундай кишилар ҳақида дедиларки: “Мен ул кишидин таажжуб этарманки, ҳаёдан сўз айтиб, ўзи Аллоҳ таолодан ҳаё қилмағай”.
Ким фарзандини кичиклигидаёқ ҳаёсизликка ўргатса, уларни, катта бўлишгач, ҳаёга ўргата олмайди. Ота-она болага ҳаё ҳақида ўгит қилади. Агар бола бу фазилатни эгаллаб олмаса – инсонийликдан маҳрум бўлади. Ҳаёсизларнинг ёмон ўлим топишини тарих кўп мароталаб тасдиқ этган. Болага бир ёки юз маротаба “ҳаёли бўлиш керак”, дейишнинг ўзи кифоя қилмайди. Аввало ота-онанинг ўзи ҳар бир ҳаракати ва сўзлари билан боласига ибрат бўлиши керак. Бола кўчада ёки телевизорда кўрган ҳаёсизликларини тарозининг бир  палласига қўйсак, ота-она иккинчи палласига қандай тарбияни қўяди?  
Бир хонадондаги манзарани айтиб беришиб эди: қўшни чиқиб қарасаки, ҳовлидаги сўрида келин бир томонда, қайнота иккинчи томонда ёнбошлаганларича телевизор томоша қилишаётган экан. Келиннинг қайнота ҳузурида  ёнбошлаши ғоят беҳаёликдир. Қайнотанинг индамаслиги эса унинг бефаросатлигидир. Келинга ота-она ҳам бу ҳақда тарбия бермаган экан.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом олти нарсанинг йўқлиги ё камлиги амалларни маҳв (нобуд) қилади, зое бўлишига сабабдир, деб тўртинчи ўринда ҳаёни тилга олганлар. Яъни, ҳаё-андишанинг озлиги ҳам амалларни маҳв этади. Шу ўринда аввалги суҳбатларда тилга олганимиз  “Ўтган кунлар”даги ўлим тўшагида ётган Кумушбибининг ҳаё-андишаларини яна бир эслайлик. Ҳаёсиз томошлар кўпайганини ҳам таъкид этайлик. Беҳаё қўшиқлар-чи?
Айбга буюрманг-у,  ёшларимизни баъзан тушунмай қоламан. Радио ёки телевизорда берилаётган беҳаё қўшиқларни маъносига эътибор бермай, дарров ёдлаб олишади-ю ҳиргойи қилиб юраверишади. Қани айтинг-чи, бизнинг қизлар йигитга тик қараб туриб “Мен сизни севаман! Мени қучоғингизга олинг!” дейдими? Демайди. Табиатан шундай яралганки, қушларнинг модаси эмас, эркаги сайрайди. Ашулачи қизлар эса аксинча. “Ойижон, кеч келганим учун урушманг, бугунги сирни кейин бир кун айтаман”,  дейди, “қачон келасан, юрагим кутмоқда, ёргинам”, дейди, ҳатто “келсанг, тиззамга ўтқазиб новвот чой қилиб бераман”,  ҳам дейди. Беҳаёликни биз санъат ўрнида кўрмаймиз. Бу санъатни булғашдир.
Айниқса, кейинги йилларда пайдо бўлган “клип” деб номланувчи беҳаёлик томошасида санъатнинг заррасини ҳам тополмаймиз. Унда ярим яланғоч ҳолда рақсга тушаётган қизлар беҳаё қилиқлари билан санъат асари яратяпмиз, деб ўйлашса хато қилишади. Ёш қизларимиз эса уларни томоша қилаверадилар. Жоҳилликлари туфайли уларга эргашаверадилар. Тўйларда шундай беҳаё ашулаларга қиз-жувонлар рақсга тушаверадилар. Ҳозир куёвнинг келин белидан ушлаб европача рақсга тушиши ҳам одат тусига кириб бораётганмиш. Бунинг учун келин тўйдан олдин махсус дарс олармиш. Биз нима ҳам дердик, уялмасангиз ундан баттар қилиқларни ҳам қилаверинг. Аммо ҳаёсизлик оқибатида оила бузилса, бировлардан ўпкалаб юрмасангиз бас. Бизнингча, куёв тўранинг, айниқса келинпошшанинг тўйдаги энг гўзал ҳолати – ҳаё билан ўтиришидир.
Яна бир янгича одатга нисбатан салбий фикримни баён қилмасам, кўнглим жойига тушмайди. Илгарилари туғруқхоналарга эр зоти яқинлаштирилмасди. Ҳозир Европадан ўрганишибдими, аёл туғаётган пайтда эр ёнида турармиш. Эр ёнида турса, хотинга осон бўлармиш. Шу ростми? Менингча, европалик аёлларга енгилдир, лекин бизнинг аёллар уялишса керак. Ҳар ҳолда  туғруқхонадаги эркак дояни кўрганда хотиндан тўлғоқ қочиб қийналганини эшитганман. Бу масала бўйича кескин фикр билдиролмайман. Аммо аёл туққанидан кейиноқ отаси ва қайнотасининг кириб, суюнчи беришида мен ҳаёни кўрмаяпман. Андишали ота ва қайнота бундай қилмас, андишали аёл ҳам уларнинг киришини истамас, деб ўйлайман. Билишимча, аёллар туғруқхонадан қайтгандан кейин ҳам оталари ва қайноталари, акаларига кўринишга уялиб туришган. Ҳатто биринчи фарзандларини уларнинг ҳузурида “болам” деб эркалашга ҳам истиҳола қилишган. Бир жойда ёшларга шуни айтсам “Нега уялиш керак?” деб ажабланишди.  Майли, бу саволга жавоб бермайин. Ёшларнинг ўзлари фикр қилиб кўришсин: бола қандай ҳаракатнинг оқибатида дунёга келади?
“Калила ва Димна”да ибратли фикр бор:
“Ҳаёни қўлдан берган одам кек сақлайдиган ва сўкинадиган бўлади. Ғам пардаси унинг ақлини қоплайди, фаросати, зеҳни-заковати озаяди. Бундай бахтсизликка мубтало бўлган одамнинг бутун қилган иши, сўзи ҳаммага ёмон кўринади. Берадиган маслаҳатлари ўзига зиён етказади. Илгари уни яхши, деб юрган дўстлари энди уни ёмон деб ҳисоблайдилар. Бошқаларнинг гуноҳини ҳам унинг бўйнига тўнкайдилар”.
Бир кичикроқ раҳбар идорасидаги мажлисда сўкиниб гапиришни одат қилди. Чунки у бойий бошлаган, кибрга берилган эди. Ҳалолдан чекиниш, ҳаромдан ирганмаслик ва кибр ундаги ҳаёни бўғиб ўлдира бошлаган эди. Ҳаёсини йўқотган одам ҳар қандай пасткашликка рози бўлиши мумкин.
Сўкиш дейилганда  эрларни назарда тутамиз. Ҳолбуки, аёлларнинг қарғиши ҳам сўкишнинг бир тури. Бу ҳам майли, айрим аёллар, ҳатто қизлар оғзидан ҳам баъзан эркакча беҳаё сўкишларни эшитиб қоламиз.   Узоқ йиллар муқаддам, мухбирлик хизмати билан бир район раҳбарига учрашишим лозим эди. Аёллардан биринчи раҳбарлар у дамларда оз эди. Қабулхонада ўтирганимда  барваста бир одам шаҳдам қадамлар билан ичкари кириб кетди. Билсам, у катта хўжаликнинг раиси экан. Эшик қия очиқ қолган эди. Бир маҳал ичкаридан аёл раҳбарнинг овози эшитилди. Ўша онга қадар  аёл кишининг  бунчалар беҳаё тарзда сўкиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмаган эдим. Сўкишлар ниҳоясига етгач, бир нима тарақлади. Кейин терга ботган раис чиқди. Бояги шаҳдамликдан асар ҳам йўқ, сувга тушиб бўккан мушук ҳолида эди, бечора.  Ҳазрати Яҳё Ибн Муоз (қ.с.)нинг бу хитоблари  ўша дамда унинг ҳолатига айни мос эди:
-Субҳаналлоҳ! Бандалар гуноҳ ишлардан ҳаё қилмаслар. Аллоҳ таоло кўриб уялар...
Ташқаридан қаралса, бу аёл раҳбарнинг обрўйи баланд кўринарди. Аслида эса унинг ҳурмати йўқ эди. Ҳамма ундан қўрқарди. Қўрққанидан таъзим қилиб турарди. Замон айланиб, “пахта иши” бўйича қама-қамалар бошланганида уни ҳам қўлига кишан уриб, олиб кетдилар. Аёл кишининг қўлига кишан уришдан ҳам аянчлироқ манзара бўлмаса керак. Лекин унинг аҳволидан атрофидагилар ачинишмади.
Дунёда чиройли нарсалар кўп, аммо уларданда чиройлироқлари ҳам мавжуд: эрларнинг ҳаёли бўлишлари ғоят гўзалдир... Ҳаёсиз эрни “сурбет” деб ҳам маломат қиладилар. Нақлдирки, ҳазрати имом Абу Ҳанифа (қуддиса сирруҳу) ҳаммомга кирдилар. Кўрдиларки, биров лунгисиз ўлтирибди. Кўзларини юмдилар. У киши айтдики, “Эй имом! Кўзингнинг нурини қачон олдилар?” Дедиларки: “Сенинг парданг ва ҳаёйингни олгандан бери”.
Ҳазрати шайх Ҳотами Асомнинг муборак қулоқлари аслида кар эмас эди.  “Ҳотами Асом” дейишларининг сабаби шулки, бир куни у зотнинг ҳузурларига масала сўраш учун бир хотин келди. Гаплашар экан, ғафлат босиб, у аёлдан ел чиқди. Ҳотам ҳазратлари ўзларини эшитмаганга олиб: “Баландроқ гапиринг, қулоғим оғир, эшитмайман”, дедилар. Токи у хотин уялмасин, хижил бўлмасин, учун шундай дедилар. Хотин саволини баланд овозда сўради. Ҳотам ҳазратлари жавоб қайтардилар. Ўша хотин билиб қолиб маълул бўлмасин, деб ўн беш йил давомида ўзларини карликка солиб юрдилар. Хотин охиратга равона бўлганидан кейингина буни давом эттиришни лозим кўрмадилар. Буни ҳам эрларга ҳос иффат кучи дерлар.
Ҳаёсини йўқотган одам ҳар қандай пасткашликка ҳам рози бўлиши мумкин. Агар у бир кетган ҳаёнинг қайтиб келиши мушкул эканини англай олса, балки ўзини ўзи тарбия эта олармиди? “Ўзингдан ҳам худди бошқа одамлардан орлангандек орланишинг ва бир ўзинг бўлиб туриб ҳам бошқалар билса-билмаса, бундан қатъи назар, бари бир ёмон ишдан тортилишинг керак. Аммо ҳаммасидан ҳам ўз виждонингдан уял”, деб ўгит берган Демокрит ҳақли эди. Одамлар ҳузурида уялиш ҳам яхши фазилат, лекин бундан ҳам афзали кишининг ўз-ўзидан уялишидир. Уятдан қизариш – яхшилик либоси ҳисобланади. Чунки, одамнинг маънавий камолотда қай поғонага кўтарилганини нимадан уялиши ва уялмаслигидек аниқ кўрсатиб берадиган нарса йўқ. Яна бир ҳақиқатки, ҳаё ва иффат ҳайвонларда йўқ. Уларнинг юзлари уятдан қизармайди. Буни тушуниб етиш ҳам фазилат. Иффат ва ҳаё барча иллатлар йўлидаги ишончли тўғондир. Агар бу тўғон бўлмаса, кишининг ҳаёт йўлига иллатлар сели ёпирилади. Уялмасанг -  ғийбатдан бўшама, уялмасанг – пора ол, уялмасанг – зино балчиғига бошинг билан шўнғи, уялмасанг – зулм қилавер, уялмасанг – бахил бўл... Фикрни давом эттирай, десак, дўзах оловлари кўз олдимизга келиб, юраклар қўрқувдан зириллаб кетяпти...