Сайт бўлимлари
Сабри таҳаммул
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
Оилани мустаҳкамлигини таъминловчи
устунлардан бири сабру тоқат, сабри бардош экан,
ё раббимиз Аллоҳ, бизларни собирлардан қил!
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
Қудсий ҳадисда: «Эй Одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўтараман», деб марҳамат қилинган. Бизлар қандай даражада эканмиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Яқинда уч синглимиз оилавий аҳволларидан арз этиб, маслаҳат сўрадилар. Улар бир-бирларини танимайдилар. Турли вилоятларда яшайдилар. Лекин дарду-хасратлари бир: “бахт саройи” деб аталмиш оилалари нураш арафасида. Оилани қандай қилиб сақлаб қолиш кераклиги борасида маслаҳатга муҳтожлар.
“Эрим бетўхтов ичади. Пул бермасам, жанжал қилади. Болалар улғайишди. Эрим маст-аласт келганда ўғилларим қўпол муомала қиладиган бўлиб қолишди. Эрим оталик ҳурматини йўқотди. Мен сабр қилиб яшаб келяпман. Сабрнинг чегараси борми?”
“Эримнинг саёқ юришини биринчи фарзандим туғилгандаёқ билганман. Лекин инсоф кириб қолар, деб сабр қилдим. Фарзандларимиз учта бўлди. Лекин эримга инсоф кирмади. Энди бизларни ташлаб, бошқага уйланиб, чиқиб кетмоқчи. Бунга ҳам сабр қилишим керакми?”
“Эримнинг тили ёмон. Сўкишдан бўшамайди. Мен-ку, сабр қилиб шунча йил бирга яшадим. Яқинда келин туширдик. Эримга ақл битиб қолар, десам, акси бўлиб чиқди. Келинчакни ҳам бўралаб сўкиб қолади. Келиним аразлаб кетиб қолмасайди, деб қўрқаман. Менинг сабр қилганим камлик қилиб, энди келиним ҳам сабр қилиши керакми?”
Чиндан ҳам бу каби ҳолатлар ҳар қандай мустаҳкам оилани парчалаб ташлаши мумкин. Уч синглимиз йиллар бўйи ўз сабр-тоқатлари билан бу парчаланиш олдини олиб келганлар. Бундан кейин ҳам сабр қилишга тайёрлар. Ҳа, сабр, гўзал фазилат. Лекин ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда бўйин эгиб туравер, дегани эмас бу. Сабр билан мутеликнинг фарқига бориш керак. Сингилларимизнинг ҳаракатларида мен сабрни эмас, ўша мутеликни кўряпман. “Инсоф кириб қолар” деб сабр билан кутишдан ёки фақат дуо қилиш билан муродга етиб бўлмайди. Сабр билан кураш ҳеч қачон бир-бирини инкор этмаган. “Кураш” дейилганда “эр билан жанжаллашиб туриш керак экан-да”, деб тушунманг. Баъзи аёллар эрлари ҳар куни ичиб келаверса, тоқатлари тоқ бўлиб, жанжални бошлайдилар. Ҳолбуки, маст одамга гап таъсир қилганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Баъзи иллатларни қаттиқ гап билан эмас, мулойимлик билан тузатиш мумкин. “Бу юришингиз жонимга тегди, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим!” дейиш ўрнига, “дадаси бу юришингиз ўзингизга ҳам ёқмайди, лекин иллатни енгиб чиқишга кўзингиз етмайди. Бу қўрқоқлигингизда асос йўқ. Сизда куч бор, ирода бор. Мен сизга ишонаман, сиз ҳам ўзингизга ишонинг”, дейилгани фойдалироқ эмасми? Эрларга қай пайт, қай аҳволда ва қай тарзда танбеҳ бериш кераклиги тўғрисида бир ҳил дастур йўқ. Ҳар бир эрнинг ўз феъли атворига, танбеҳга бўлган муносабатига қараб, аёл донолик билан тадбир ишлаб чиқиши керак.
Оилани мустаҳкам қилишда биз (аввалроқ айтганимиздай) сабрни аёллардан талаб қилишга кўникиб қолганмиз. Ҳоланки, эрга ҳам сабр-қаноат зарур. Икки томоннинг сабри тарозининг икки палласини бир ҳилда босиб турсагина оиланинг мустаҳкамлиги ортади.
Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда бахт-саодат тилаймиз-у аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш аъло фазилатлардан. Қудсий ҳадисда дейилади-ки: «Эй бандаларим, мен бандаларим ичидан бир мўъмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойдан турганида хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидек пок бўлиб туради». Мусибатга чидаш қийин бўлганидан унга сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти! Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Мусибат кўрганида кишининг илк сўзлари: «Аллоҳим, мени собирлардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ қил», деган дуо бўлса хайрлидир. Бироқ, афсуски, айрим биродарларимиз мусибат тоши остида эзилиб, тилларидан қандай сўзлар учаётганини билмайдилар, Аллоҳга қарши исён қиладиган даражага бориб етадиларки, шу боис уларга сабр тиламоғимиз, Имом Ғаззолий ҳазратларининг: «Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир», деган ҳикматларини эслатиш дурустдир. Аммо сабр фақат мусибатли кундагина керакми? Бу саволга ҳар биримиздан жавоб лозим.
Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари унданда кўпроқ. Инсон сабрсиздир, қаноатсиздир. Шу боис «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмайди» (Бақара сураси). Мўминлар Аллоҳнинг барча амрларини бажарсалар-да, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб: «Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин» (Бақара сураси), деб муножот қиладилар. Бундай дуо қилишда бандаларнинг ўз ожизликларига иқрорликлари мужассамдир. Ҳуд сурасида Одам болаларининг қандайлиги чиройли тарзда баён этилган:
«Қасамки, агар Биз инсон зотига Ўз томонимиздан раҳмат-марҳаматимизни тотдириб, сўнгра уни Ўзимиз тортиб олсак, у, албатта, ноумид ва ношкурчилик қилиши шубҳасиздир. Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етканидан кейин Биз ноз-неъматларни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди, энди қайтиб келмайди», дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир. Магар балоли кунларда сабр қилиб, сафоли кунларда шукроналик билан яхши амаллар қиладиган зотлар бор-ки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофотлар мавжуддир».
Мазкур уч оят «Бу васф иймон ва ислом тақозо қилган сифатлари билан тўла сифатланмаган инсоннинг васфидир», -деб тафсир қилинади «Тафсири ҳилол»да. - Агар ундай одамга бирор неъмат бериб туриб, сўнгра олиб қўйилса, тушкунликка тушиб, дод-вой қилади, ўзини ҳар томонга уради. Ёки аксинча, ё иссиққа кўнади ё совуққа. Охирги оятда солиҳ бандаларнинг икки сифати алоҳида таъкидланмоқда: сабр ва яхши амаллар қилиш. Сабр доимо, ҳаммага керак: яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам ғоятда зарур. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик-тўқчиликка ҳамма ҳам тоқат қила олмайди. Аслида банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганда шукр ва яхшилик билан сабр қилсагина саодатга етиша олади».
Яқинда каминанинг уйига бир одам келиб, сўзининг аввалида хотинидан шикоят қилди. Хотини бошқа бир кишига кўнгил қўйиб, ажрашибди. «Хотиним мени ташлаб кетмасин, деб намоз ҳам ўқишни ўргана бошлаган эдим, энди фойдаси йўқ экан, деб намозни ҳам йиғиштириб қўя қолдим». Бу мисолни келтиришимиздан мақсад шуки, орамизда шу одамга ўхшаганлар озми-кўпми учраб туради. Шу одам мисолида айтмоқчимиз-ки: «Биродар, ибодат холис бўлмоғи шарт. Бирон нима тамасида намоз ўқиётган бўлсангиз, янглиш йўлда экансиз. Аллоҳ сизнинг намозингизга муҳтож эмас. Намоз ўзингизнинг саодатингиз учундир. Агар хотинингиздан норози бўлсангиз, даъвоингизни унга айтаверинг, Аллоҳга карши исён қилишдан қўрқинг. Сиздан сабр талаб этиляпти. Сабрга иймон билан эришилади. Сабри йўқ одамнинг иймонида шубҳа бор. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтганларидек: «Сабри бўлмаган кишининг дини йўқ». Донолар айтмоқчи, сабр – қулларни подшоҳларга айлантиради. Сизга шу мартаба насиб этсин!»
Яна бир ибрат: «Эй Одам фарзандлари!-дейилади ҳадиси қудсийда. - Сизлар менинг ҳузуримдаги нарсаларимга фақат менинг розилигимни талаб қилиш йўлида ўзларингиз хуш кўрмаган нарсаларга сабр қилмагунча ета олмайсизлар. Менга итоат қилишдаги бардошлик менга осий-гуноҳкор бўлиб жазога гирифтор бўлишдан осонроқдир».
Ҳаёти давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробаринда турли ҳил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик - танглик ҳам, тўқлик – очлик ҳам, ғалаба –мағлубият ҳам, шодлик – мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.
Одамга сабр гар кўрингай заҳар,
Чидам ниҳояси жонга бўлгай шакар.
Ҳа, ўн йил уйида ун бўлмаса-да, уни чиқмас яхши хотин мисолида аввалги суҳбатимизда айтганимиздай, йўқчилик ва танг ҳолатларда сабр керак. Аммо бу машаққатлар кушойиш топганидан сўнг ҳам сабр лозим бўлади. Чунки мусибатга тоқат қилишдан кўра, аввал айтганимиздай, кенгчиликка сабр қилиш оғирроқ.
Молнинг нархи пасайиб, савдогар молиявий инқирозга дуч келди. Ёки молини ортиб келаётган кема ё самолёт ҳалокатга учради (Аллоҳ сақласин!). Савдогар нима қилади? Ҳасрату надоматга бериладими? Шундай қилса, Аллоҳга осий бўлади, шайтон васвасасига бўйсуниб қолади. Мўъмин эса бу ишни Аллоҳнинг тақдири деб билади ва сабр қилади. Тасаввур қилайлик: савдогар хунук хабарни олган дамда азон чақирилди. Жамоат билан намозга кирадими ё молини йўқотган идораларга даъво қилгани югурадими? Шунга ўхшаш воқеа юз берганда бир савдогарнинг «кун бўйи ҳали у идорага, ҳали бу идорага югуриб, намоз ўқишга ҳам вақт бўлмади», деб нолиганини эшитган эдик. Эҳтимол, биродаримиз ибодатларини вақтида бажарганларида Аллоҳ мушкулларини осон этиб, идорама-идора югуришларига ҳожат қолмасмиди... Сабр қилиб, Ҳақ томон юрганларида, Аллоҳ бу собир томон югурган бўларди. Ҳақ томон бир қарич сурилсалар, Аллоҳ бир қулоч яқинлашарди, бу ўзимиз тўқиган таҳмин эмас, балки ҳадиси қудсийда баён этилган ҳақиқатдир. Киши умр бўйи кўп қийинчиликларга дуч келиши, бу қийинчиликларни фақат сабр билан енгиб ўта олиши мумкинлигни, сабрсизлик эса инсонни қайғудан қутқара олмаслигини, сабрсизликнинг ўзи куйдиргувчи зўр қайғу эканини болалигиданоқ онгига сингдириш керак. Ҳар қандай хасталикнинг энг биринчи давоси – сабр дорисидир. Сабр – дориларнинг энг ишонарлисидир. Дорихонадан харид қилган дорингиз шифо берадими ё йўқми, билмайсиз. Бу олган дорингиз бир дардингизга даво бериб иккинчисини уйғотиши эҳтимоли ҳам бор. Аммо сабр дорисида бундай хатар йўқ. Сабрни моддият ва маънавият устуни десак ҳам янглишмаймиз. Уни асрамай, йиқилишига йўл қўйилса, моддият ҳам, маънавият ҳам йиқилади.
Буқрот ҳаким илми ҳикматда равнақ топгач, узлатни ихтиёр этдилар. Бир куни подшоҳ хасталаниб, ул зотни ҳузурига чақиртирди. Буқрот ҳаким подшоҳнинг даъватини қабул қилмадилар. Шунда ул зотнинг ҳузурига вазирнинг ўзи келди. Қарасаки, Буқрот ҳакимнинг емишлари турли гиёҳлар экан. Вазир подшоҳнинг амрини айтиб, ялинса ҳам, ҳаким кўнмадилар. Шунда вазир аччиқланиб деди-ки:
- Подшоҳларнинг хизматини қилишни ўрганганингда бунақа гиёҳ еб ўтирмас эдинг.
Бу дашномни эшитган ҳаким кулдилар ва дедилар-ки:
- Агар сен гиёҳ еб яшашга қаноат қилишни ўрганганингда жонингни хатарга қўйиб, подшоҳ хизматини қилмас эдинг.
Донолар деганлар-ки: «Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси». Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганларки, ажрлари юқори бўлгай, инша Аллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: «Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ». Чунки Раъд сурасида таъкид этилганидек, «...уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар».
Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканлигини сўрадилар.
- Билмайман, - деб жавоб берди Диоген,- мен фақат унинг пули кўплигини биламан.
- Пули кўп бўлса, демак, бой эканда?
- Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш - бир нарса эмас, - деб жавоб берди Диоген. - Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.
Энди «сабр» ва «қаноат» атамаларига қисқа изоҳ бериб ўтсак: бу икки сўз кўпинча кетма-кет қўлланилади. Аммо иккаласи бир маънони англатувчи маънодош сўзлар эмас. «Сабр» – иффатга хос хислатлардан бўлиб, нафсоний қувватларни жиловлашдир. «Бардош» ёки «чидам» дейилса ҳам «сабр» англашилади. «Сабр»ни мумтоз адабиётимизда «таҳаммул» (айрим ўринларда «тааммул») шаклида ҳам учратамиз:
Ё марҳамат ул хайли ситамкорага бергил,
Ё сабру таҳаммул мен бечорага бергил.(«Маҳбуб ул-қулуб»дан)
«Муншаот»дан: «...ва кўнгуллари таҳаммул қилмағандин арз қилғайлар».
Демакким, сабр – тоат ибодатни адо этмоқликдир. Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик ҳам сабр. Балою офатлар ва мусибатларга таслим бўлақолмаслик ҳам сабр. Сабрнинг олий даражаси – мусибатнинг биринчи зарбаси вақтида билинади.
«Қаноат» эса еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмасликдир. Шу боис донолар қаноатни қушлардан ўрганишни тавсия қиладилар. Қуш эртанги озуқаси бўлмаса ҳам масъуд-бахтиёр учаверади. Одамнинг эса омбори донга тўла бўлса-да, кейинги йил ғамида, ташвишида паришондир.
«Қаноат – эҳтиёжсизлик негизидир, иззат ва шараф тантанасидир, - деб ёзганлар ҳазрат Навоий. - Қаноатли камбағал – давлатманддир, унинг шоҳу гадога иши тушмайди:
Хорлиғлар боши тамаъ билгил,
Доимо «азза ман қанаъ» билгил».
Маъноси будир: хорликларнинг бошланиши тамаъдан эканини фаҳм этгин ва ҳамиша «қаноатли киши азиздир», деб билгил.
Қаноатли кишини ноёб донишманд деб ҳам иззат қиладиларким, қаноат бандага берилган туганмас неъматдир. Низомий ҳазратларидан байт:
Ҳар кеча сўнгида нури зиё бор,
Ҳар бардош сўнгида завқи сафо бор.
Қаноат тўғрисида кўп ҳикматлар айтилган, кўп таърифлар берилган. Шулар орасида «Маҳбуб ул- қулуб»даги таъриф ғоят аҳамиятлидирки, бизларга бу меросни қолдирган ҳазрат Навоий ҳақларига ва бу асарни бугунги тилимизга хос насрий баёнини тайёрлаган устозлардан Иноят Махсумов ҳақларига дуо қилган ҳолда китоб саҳифаларига назар ташлаймиз:
«Қаноат – бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир.
Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони таъмагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.
Шоҳ удирки – олмайди-ю беради, гадо улдирки – сочмайди-ю теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққики, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан халос бўласан. Қаноат – хокисорлиғдир-ки, натижаси - юксаклик; муҳтожлик-ки, фойдаси – эҳтиёжсизлик. Қаноат – экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; майдир, аччиқ, лекин нашъаси – шодлантирувчи; йўлдир қаттиқ, лекин борар манзили – севинтирувчидир».
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уйларида бир неча кунлаб қозон қайнамасди.
- Йа Расулаллоҳ! Фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди, - деб фақирлар нолишганда Расулуллоҳ (с.а.в):
- Мен ҳам худди сизлар каби икки ойдирки, фақат мева ейман. Уйимда ейишга бошқа нарсам йўқ, - дедилар.
Бир киши очлик туфайли қорнига тош боғлаб олди. Исссиқ тош қоринга боғланганида ошқозондаги очлик азоби бир оз чекинди. У одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қорнидаги тошни кўрсатиб, очликдан шикоят қилганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам муборак қоринларига боғлаб олган тошларни кўрсатдилар.
Ҳазрати Умар (р.а.) бир куни Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб қарасаларки, қамишдан тўқилган бўйра устида ётибдилар. Муборак қўлларига, юзларига қамиш ботиб кетган. Сув тўлдирилган битта хумча ва бир сиқим арпадан бўлак овқатлари йўқ. Шунга қаноат қилиб яшаётганларини кўриб, ҳазрат Умар йиғладилар. Ҳазрат Умар ҳам ана шу жамоатга хос инсонларнинг бири эдилар. Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаёт тарзлари барча оддий ҳаёт кечираётган кишиларникидан ҳам оддийроқ, соддароқ эди. Ҳазрати Муслим (р.а.) айтадиларки: «Расулуллоҳ (с.а.в.) кун бўйи очликдан силлалари қуриганда, қорин тўйғазадиган миқдорда хурмо тополмаганларини кўрганман».
Баъзи биродарларимиз хизматдан қайтганларида овқат тайёр бўлмаса, ғазабланиб, дунёни ағдар-тўнтар қилишга ҳам тайёр бўлиб қоладилар. Таомни вақтида ҳозирлашга улгурмаган аҳли аёлини ҳақоратлашдан, ҳатто дўппослашдан тоймайдилар. Қаноатсизликнинг энг олий даражаси шу ҳолда намоён бўлади. Чунки таом қозонда қайнаб турибди, узоғи билан ярим соатда пишиши аниқ. Ярим соатга қаноат қилолмайдиган одамнинг арзимаган туртки билан диндан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Дарвоқе, шундай деб ёзишга ёздигу бироқ, динда собит одам тоқатсиз бўлмайди, деган ҳақиқатни ёдга олдик. Бундай тоқатсизларга Расулулоҳнинг (с.а.в.) тоқатларидан сўзлаб бериб, иймонга чорловчи биродарларимиз барака топишсин.
Аҳли дониш «инсонларни ҳайвонлардан юқори қўювчи тўрт нарсанинг бири - қаноат», деб ҳисоблаган. Бу фикрни инкор этмаган ҳолда баъзан ўйлаб қоламан: қаноат ҳайвонларда, масалан, итда ҳам бор-ку? Ҳайвонлардаги қаноат даражаси баъзан инсонникидан анча баланд бўлади-ку?
Ҳазрати шайх Шақиқи Балхий (қуддиса сирруҳи) Ҳижозга бориб, шайх Иброҳим Адҳамга учрадилар. Дедилар-ки:
- Ё Адҳам ўғли, тирикчилигинг қандай?
Иброҳим ҳазратлари айтдилар:
- Топсам шукур қиламан, топмасам – қаноат.
Шақиқ ҳазратлари дедилар-ки:
- Бизнинг Балх итлари сенинг шу қилганингни қилурлар.
- Сиз нима қилурсиз?
- Топсам - эҳсон қилурман, топмасам – шукр.
Бу жавобдан таъсирланган Иброҳим ҳазратлари ўринларидан туриб, Шақиқ ҳазратларини ўпдилар-да:
- Сиз менинг устозимсиз, дедилар.
(Мазкур воқеа бошқа тарихий манбаъда ўзгачароқ тарзда баён этилади: «Ҳукамолардан Абу Зайд айтадилар: «Балхлик бир йигит менга: «Ўзларингизнинг зуҳди-тақволарингиз ҳақида гапириб беринг», деган эди, мен: топсак – еймиз, топмасак – қаноат қиламиз», дедим. Шунда у деди-ки: «Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади. Биз эсак топмасак – қаноат қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз». Бу ҳикматнинг икки манбаъда икки шаклда баён этилишига ажабланмаслик керак. Ровийлар қайси бир босқичда адашган бўлишлари мумкин. Ёки ҳар икки ҳолда ҳам юз берган воқеадир. Бунинг илдизини топишга уриниш ҳам шарт эмас. Чунки муҳими – ҳикматнинг ўзи. Воқеа кимнинг иштирокида бўлгани иккинчи даражали масала.)
Қаноат маъданиға оч кўзунг оч,
Тамаъ бўйи кўринмай, бўйидан қоч.
Мазкур байтда ҳазрат Сўфи Оллоҳёр бу маънони айтмоқчилар: «Ҳамиша қаноат хазинасига кўз тикиб юргин. Тўқликда ҳам, очликда ҳам қаноатли бўл. Ғафлатда бўлма, кўзинг оч. Тамаънинг қиёфаси кўринмасдан олдин, унинг исини билгачоқ, ундан қоч.
Шарафли ҳадис: «Кимнинг Аллоҳдан савоб келишига қаноати бўлса, ўзига етаётган азиятни сезмас». Қаноат қилган кимса ҳамма нарсадан озод бўлади. Таажжубки, дунёпарастлар бойликни молдан қидирадилар. Ваҳоланки, у қаноатдадир. Роҳатни эса кўпдан қидирадилар. Аксинча, у оздадир. Ақлли одам фаҳм этмоғи шартки, қаноат унинг бошини юқори кўтаради, олий мақомга етказади, иззат ва шавкатга эга этади. Аммо тамаъкор одам дунёда хорлик ва ҳақоратдан холи бўлмайди. Қаноатли киши ўзининг ҳар бир сўзи ва ишида халолдирки, шу боис ҳам Суқрот ҳаким: «Ҳою-ҳавасни тарк айлаб, қаноатни ихтиёр этинг», деб васият қилганлар.
Барча хулқлар каби қаноат ҳам мунтазам тарбия орқали камолга етади. Аммо бошқа хулқлар каби бу фазилат ҳам илоҳий тавфиқ билан бўлади. Ҳадиси шариф: «Агар Аллоҳ бир қавмга боқийлик ва тараққиётни ирода қилса, уларга тежамкорлик ва қаноатни беради. Агар Аллоҳ бир қавмни «кесмоқ»ни ирода қилса, уларга хиёнат эшигини очиб қўяди». Бироқ, «Худо қаноатни берганга беради, бермаганга йўқ» деган хулоса билан бу борадаги тарбиянинг ўрни инкор этилмайди. Инкор қилинса эди, қаноатга даъват этувчи оятлар нозил бўлмас, шарафли ҳадислар марҳамат этилмасди, ҳикмат аҳлининг васиятлари ҳам баён этилмасди. Англамоқ керакки, Аллоҳ бирон қавмга марҳамат қилмоқчи бўлса ёки жазо юборишни ихтиёр этса, ўша қавм обдон имтиҳон қилинади, уларга имкониятлар яратилади, уларни тўғри йўлга солиш учун пайғамбарлар берилади. Тарихга қарайлик, Нуҳ алайҳиссалом, Лут алайҳиссалом қавмлари бир зумда жазога ҳукм этилгани йўқ-ку? Қуръони каримда баён этилган бошқа қавмларнинг фалокат жарига мубтало бўлишларидан олдин ҳам Ҳақ йўлига даъватлар қилинган. Шунга кўра, балога учраган қавм (ёки алоҳида бир одам) туғилишиданоқ (ёки туғилмасидан аввал) тақдирига шу кулфат ёзилган эди, деган тўхтамга келиш керак эмас. Тўғри, кулфат ёзилган, бироқ, бу кулфатни четлаб саодатга етиш йўллари ҳам мавжуд эди. Банда (ёки қавм) Раҳмон сўзига эмас, шайтон васвасасига бўйсуниб кулфат йўлини ўзи танлайди. Раҳмон «қаноат қил», деб буюряпти. Унинг амрини бажариш шарт! Лекин шайтон банданинг кўз олдига ўз пардасини тўсиб, ҳақиқатни кўрсатмасликка интилади. «Қаноат қилиб ўзингни қийнаб нима қиласан, ана, Фалончини қара, яйраб яшаяпти, сенинг ундан кам жойинг борми?»- деб васваса қилади. Банда иродасини бошқара олмагач, қаноатдан юз ўгиради ва шунга яраша ажрини олади.
Саодатли эрур моли йўқ гадой,
Борга тоқат қилса, унинг кўнгли бой.
Бир киши ҳазрати шайх Абу Бакр Абу Варроқ Термизийдан (қ.с.) ўгит истади. Унга дедиларки:
- Икки жаҳоннинг шарри (ёмонлиги) мол-дунё кўплигидадир. Хайри (яхшилиги) эса Аллоҳнинг берганига қаноат қилмоқликдадир. Боргил, бу ўгитни тутгил, нажот топгайсан.
Ҳа, нажот – қаноатда ҳамдир. Кимки қаноат қилмаса, етиша олмайдиган нарсасига интилаверса, ўзга киши қўлидаги нарсага очкўзлик билан қарайверса, қувонч олами унга бегона бўлади. Қаноати туфайли хурсандчилик оламида яшовчи кимсанинг ҳеч кимга эҳтиёжи ҳам тушмайди.
Утба ибн Ғазвон дебдиларки:
- Дарахт япроқларидан бошқа озуқамиз йўқ эди. Япроқ еяверганимиздан лаб-лунжларимиз тарс-тарс ёрилар эди. Кунлардан бир кун бир шолча топиб олдим. Уни Саъд ибн Молик иккимиз бўлишиб, кийим қилдик. Бугун эса ҳар биримиз бир ўлканинг ҳокимларимиз. Ўзимизча буюк, Аллоҳ наздида эса кичик бўлиб қолишдан Аллоҳ таолонинг паноҳ беришини тилайман.
Шоир айтмоқчи:
Бир йўқликнинг бир кун тўқлиги бордир,
Бир ғамликнинг бир кун шодлиги бордир.
Қаноат қилган роҳат кўрмаган эмас,
Гадоликнинг бир кун беклиги бордир.
«Дунёда энг яхши лаззат нима?» деган саволга «қаноат лаззатидир», деб жавоб берадиганлар янглишмайдилар. Чинакамига қаноатли бўлиш худбинликни инкор этади, киши ўзи роҳатда яшаши билан бирга, бошқаларнинг ҳам шод яшамоғини истайди ва бу йўлда жон фидо қилмоққа ҳам тайёр бўлади.
Кунлардан бир куни Салмон Форсий (р.а.) уйларига яқин дўстларидан Абу Зарр Ғифорий келдилар. Дастурхон устига бир кўза сув ва бир неча бўлак қотган нон қўйилди. Нонни сувга ботириб еяётган меҳмон «нон жуда мазали экан-у аммо тузи бир оз камроқ туюлди», дедилар. Шунда Салмон Форсий меҳмондан узр сўраб, кўзани олдилар-да, бозорга йўналдилар. Бозор яқин бўлгани сабабли, кўзани тузга алмаштириб, тезда уйларига қайтдилар. Энди сувга бўктирилган нонга туз сепиб едилар. Шунда меҳмон: «Аллоҳга шукр, бизни шунчалар қаноатли қилиб яратибди», дедилар. Бу шукронани эшитиб, мезбон қўшимча қилдилар:
- Тўғри, Аллоҳга шукр қиламиз, лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алишмаган бўлардик.
Қаноатсиз одам ҳеч маҳал ўзини ўзи идора эта олмайди. Қаноат - етишурлик миқдорига ёки хазинада топилганига ризо бўлмоқлик, демак экан, бу эрлар учун ҳам хотинлар учун ҳам энг гўзал бир сифатдир. Етишур миқдорига ризо бўлмаган кимса ертўла хазинаси бўлса-да, ҳаргиз қаноат қилмас. Шунга кўра, қаноатсизлик - одам боласидаги бир ёмон хасталикдир, дейиш ҳам мумкин. Юқорида айтганимиздек, қаноатсизлик хасталигига мубтало бўлган кимса охиратнинг тўғри йўлидан бир четга чиқиб, кўп вақт адашиб қолади ва турмушнинг турли машаққатларига дучор бўлаверади. Қаноатсиз кишининг талаби кўп ва кўзи очлиги чексиз бўлганидан муродини ҳосил қилиш учун турлича ёлғон сўзлар ила маддоҳлик қилур. Ҳар вақтда ўзидан бечора ҳолли кимсаларни кўриб турадиган ва бу юқори ҳолидан яна бечора ҳолга тушуви мумкин эканини кўнглига келтирадиган одам боласининг борига қаноат этуви шубҳасидир.
Масалким: бир қаноатсиз сайёд (овчи) тулкини кўриб қолди-ю унинг юнгига ҳаваси келди. Жониворни тутиб, терисини шилиб, қиммат баҳога сотишни орзу қилди ва унинг инини излаб топди. Инга яқин ерда чуқур қазиб, устини хашак билан беркитиб, тепасига бир бўлак гўшт ҳам ташлаб қўйди. Тулки инидан чиқиб гўштни кўрди. Чоҳга яқинлашди-ю аммо гўштга чанг солишга шошилмади.
- Бу гўшт димоғимни хушбўй қилса ҳам, лекин ундан бало иси келиб турибди. Донишмандлар хавф-хатарли ишни қилмайдилар, оқиллар фитнага сабаб бўладиган ишга киришмайдилар. Бу хашак устига бекорга гўшт қўйилмагандир, ҳар ҳолда шу гўштдан умид узганим афзал.
Тулки шу қарорга келиб, чоҳни четлаб ўтиб кетди.
Шамол гўшт исини шу атрофда юрган оч йўлбарс димоғига етказди. Йўлбарс гўштни тездагина, адашмай топди, ўйлаб ҳам ўтирмай ҳашак устига оёқ қўйди-ю чоҳга қулади. Сайёд шовқинни эшитиб «чоҳга тулки тушди», деган гумон билан югуриб келди-ю пастга қарашга ҳам қаноат қилмай ўзини чуқурга ташлади.
Ким қайси фазилати туфайли омон қолди-ю ким қайси иллати туфайли халок бўлди?
Қадим замонда Кобул шаҳрида истиқомат қилувчи икки қаноатсиз одам маишатларини яхшироқ ўтказиш иложини тополмай Султон Маҳмуддан нажот истаб, Ғазна шаҳрига қараб юрдилар. Йўлда бир киши уларга ҳамроҳ бўлди. Бу икки қаноатсиз бошкентга не мақсад ила бораётганларини айтиб, янги ҳамроҳнинг ҳам сафардан муддаосини билмоқ истадилар.
- Мен дурадгорман, ҳалол касбим билан топганимга қаноат қилиб яшайман, - деди янги ҳамроҳ. - Ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайман. Ҳатто султоннинг ҳам инъом-эҳсони менга керак эмас. Мақсадим - Ғазна шаҳрини бир томоша қилиб келиш халос.
Ғазнага етиб келишгач, икки қаноатсиз киши султон қароргоҳига йўл олди. Дурадгор эса бормади. Қаноатсиз кишилар султон ҳузурига кириб, муддаоларини изҳор қилиб бўлишгач, қаноатли дурадгорнинг бу зиёратга келишдан бош тортганини ҳам айтиб ўтдилар. Бундан ажабланган султон Ғазнавий одам юбортириб, дурадгорни олиб келтирди. Қаноатсизлардан бири султондан бир халта олтин сўради, иккинчиси эса ҳали уйланмай юрганини, султоннинг саройдаги бирон чўри қизга уйлантириб қўйишидан умидвор эканини билдирди. Султон буларнинг тилакларини қабул этиб, қаноатли дурадгордан сўради:
- Узоқ йўл босиб Ғазнага келганинг ҳолда мени зиёрат қилишни нима учун истамадинг?
- Бу шаҳарнинг гўзаллиги ҳақида кўп ҳикоялар эшитиб эдим. Мақсадим - шу гўзалликларни ўз кўзим билан кўриш. Мен ҳалол касбим билан кун кечиришни истайман. Бировдан бир бурда нон умид қилиб яшаб, номус-оримнинг ва обрўйимнинг барбод бўлишини хоҳламайман. Шу боис менга сизнинг инъомингиз керак эмас. Ҳузурингизга ошиқмаганимнинг боиси фақат шудир.
Султон турли инъомларни таклиф қилса-да, қаноатли инсон буларнинг ҳеч бирини қабул этмади. Қаноатсизларнинг бирига халта тўла олтин берилиб, иккинчиси чўрига никоҳлангач, уйларига қайтишга изн сўрадидар. Рухсат теккач, йўлга тушдилар. Султон учинчи кишининг қаноатини кибр ва нодонлик ўрнида қабул қилиб, ғоят ғазабланди-да:
- Халтаси ва чўриси бўлмаган кишини ўлдириб, калласини менга келтир, - деб буюриб, жаллодни уларнинг изидан жўнатди.
Юра-юра чарчаган қаноатсизлардан бири олтин тўла халтани дурадгорга бериб, бир оз кўтариб боришни илтимос қилган онда жаллод уларга етиб келди. Султоннинг «халтаси йўқ одамнинг калласини ол», деган амрига амал қилиб қаноатсизни ўлдирди. Султон жаллод олиб келган каллани кўриб: «Янглиш ўлдирибсан, энди бориб чўриси йўқ одамнинг бошини уз», деб буюрди. Жаллод уларга етиб келганда қаноатсиз киши зарурат юзасидан нарироқ кетиб, хотинига қараб туришни дурадгордан илтимос қилган эди. Жаллод уни нарида, ёлғиз ўзини кўриб, чўриси йўқ одам, деб гумон қилди ва султон амрини бажарди. Султон Ғазнавий у келтирган бошни кўриб яна дакки берди-да: «Халтаси ва чўриси бор одамни тириклайин олиб кел», деб буюрди. Қаноатли киши саройга келтирилгач, султон ундан «Ҳамроҳларингга нима бўлди?» деб сўради.
- Сиз кимга олтин ва чўри инъом этган бўлсангиз, уларнинг жонларини ҳам ўзингиз олдингиз, - деди дурадгор. - Мен сиздан ҳеч нима олмаганим учун саломат қолдим.
Султон унинг бу сўзидан таъсирланиб: «Мендан бирор нарсани тила!» деб илтимос қилди.
- Хўп, бу сафар сиздан уч нарсани сўрайман, - деди қаноатли киши. - Аввало халтадаги олтинларга янада кўпроқ олтин қўшиб, ўлдирилган икки ҳамроҳимнинг оилаларига юбортиринг, уларни рози қилинг. Хонадонлари аҳлидан гуноҳингизни кечиришларини сўранг. Кейин: ғазабланиб ва иғвогарларнинг сўзига кириб, ҳеч кимни ўлдиришга буюрманг, адолатли раҳбар бўлинг. Учинчиси: мен сиздан ўзим учун ҳеч нима тиламайман. Агар ижозат этсангиз, оиламни Ғазнага кўчириб келтириб, шу ерда ўз ҳалол касбим билан машғул бўлай.
Султон Маҳмуд Ғазнавий унинг тилакларини қабул қилгач, бундай деди:
- Менинг ҳам сендан уч тилагим бор: биринчиси – хатоларимни кечир. Иккинчиси – ишларимда менга маслаҳат бериб тур. Учинчиси – ҳар жума оқшомида ҳузуримга келиб, суҳбатингдан баҳраманд этасан.
Ҳикоятнинг хотимаси ўлароқ байт:
Гар қаноат бирла бўлсанг барқарор,
Бўлмагайсан дунёда ҳеч хору зор.
Қаноат ҳақида сўз кетар экан бу шарафли ҳадисни четлаб ўтолмаймиз: «Мўъмин киши бир ичаги тўлгунча ейди, кофир етти ичаги тўлгунча ейди». Кўп овқат ейиши билан шуҳрат қозонган бир киши мазкур ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган, деб ривоят қиладилар. Вақти келиб, иймон келтиргач, оз таомга қаноат қилувчилардан бўлган экан. Уламо аҳлидан ал-Бурсавий шарҳлари ёрдамида бу ҳадис маъносини англашга уриниб кўрамиз:
Мўъмин кишининг сифатларидан бири – унинг қаноаткорлиги ва оз емак билан тўйиши барчага маълум фазилат. Мусулмон фарзанди овқат ейишни «Бисмиллоҳ» билан – Аллоҳ таолонинг исмини айтиш билан бошлайди. Иймон соҳиблари меъдаларини тўлдирмайдилар, кўп ейишга ҳирс қўймайдилар. Фақатгина тоат ибодатларини бажаришга қувват оладиган даражада овқатланадилар холос. Турфа хил емишларга ва шарбатларга илтифот этмайдилар. Зотан, мўъмин кишига ярашадиган иш ҳам шудир. Кофир эса, ҳирсининг шиддатидан еб тўймайди, тўйса-да, қўймайди. Чунки у нафсига банди. Мункир шаҳватининг асири бўлгани сабабли қанча емасин, барибир тўймайди.
Ҳадисдаги кўпликни билдирувчи «етти» сони орқали тамаъкорлик, табъи бад, ҳасад, нафс, овқатдан лаззатланиш ва семириш, кўз, оғиз ҳирслари ва шаҳват каби ҳайвоний иллатлар назарда тутилганлиги эҳтимолдир.
Кўп таом емоқлик инсонга хос фазилат эмас, балки ҳайвонга хос хусусият саналади. Саййидимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оз овқат билан қаноатланиш борасида бундай ўгит берганлар: «Меъданинг учдан бирини овқат, учдан бирини сув, қолган учдан бирини ҳаво учун (нафас олмоқнинг енгиллашиши учун) бўш қолдир».
Тўғри, мусулмонлардан баъзан кўп ейдиганлари учраб тургани каби, кофирлар орасида ҳам оз ейишга уринувчилар топилади. Аммо куфр аҳли ҳеч вақт эътиқод учун кам емайдилар. Уларнинг бу уринишлари ё бирон касаллик туфайли ё семириб кетишдан сақланиш, ё гўзаллигини асраш ёки шунчаки башарий миқёсдаги маданий ўлчовларга риоя қилиш учундир. Қалбида иймон ҳаловатини топаман, деган киши эса ҳар бир масалада андозани Қуръон ва Суннатдан олиб, Аллоҳнинг ризоси учун амал қилади.
Ривоят: Ажам подшоҳларидан бири ҳазрати мустафо (с.а.в.) ҳизматларига бир ҳозиқ табиб юборди. Ул табиб араб диёрида кўп муддат яшади, аммо ҳеч ким унинг олдига бориб, муолижа талаб этмади. Охири ул Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурига келиб гина эттиким:
- Мен бандани асҳоб маризалари муолижаси учун юбормиш эрдилар. Бу муддатда ҳеч киши илтифот этиб, менинг қошимға келмадилар ва мен муқаррар хизматни бажо келтира олмадим.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедиларким:
- Бу тоифанинг одати улки, то иштаҳа тамом бўлмасдин бурун таомдин қўлларини тортарлар.
Ҳакими ҳозиқ дедики:
- Сиҳҳат ва тандурустлик сабаби ушбудир.
Шундан сўнг ул ижозат олиб, ўз юртига қайтди.
Имом Шофеъий ҳазратлари айтадиларки: «Ўн олти йилдан бери тўйиб овқатланмадим. Зеро, кўп ейиш баданни оғирлаштиради. Қалбни қорайтиради, заковатни кетказади, уйқуни жалб этади ва кишини ибодатга заиф қилади». Сулаймон Дороний ҳазратлари баёнлари мазкур фикрни давом эттириши мумкин: «Ҳар нарсанинг занги бор. Кўнгил занги кўп ёмондир. Кўп еганга олти бало ёпишади: 1.Ўқиган намозининг таъсирини билмайди. 2.Хотираси сусаяди. 3.Бераҳм бўлади, бинобарин, ўзи тўқ бўлгани сабабли ўзгаларни ҳам тўқ санайди. 4.Ибодатларга дангасалик қилади. 5.Шаҳвати устун келади. 6.Мусулмонлар масжидга бораётганларида у ҳожатга шошилади.
Бу борада кишининг яшашдан мақсади муҳим аҳамиятга эга. Биров яшамоқ учун таом ейди. Бошқа биров эса таом емоқ учунгина яшайди. Бундайларни «қорин бандалари» ҳам дерларки, мўъмин билан кофир орасидаги фарқлардан бири шундадир. Бу бандалар шарафли ҳадисда баён этилганга кўра, «Аллоҳим! Мени Ҳақ билан илҳомлантир! Нафсимнинг ёмонликларидан менга нажот бер!»-деб илтижо қилсалар, инша Аллоҳ, нажот топқисудирлар.
Бир ҳакимдан сўрадиларким: «Ҳар кун не миқдор таом емак керакдир? Ҳаким деди: «Юз танга оғирича емаклик кифоя қилур». Яна сўрадиларким: «Бу миқдор емак баданга қувват бера олурми?» Дедиларким: «Бу миқдор таом есанг, сени кўтарур ва мундин зиёда есанг, сен они кўтарурсан».
Билким, тирик юрмакдурур, луқма емакликдин мурод,
Сан жаҳлу ғафлатдин мунинг аксига қилдинг эътиқод.
(Яъни: овқат емоқдан мурод – тирик юрмоқдир, сен эса овқат емоқ муродида тирик юрибсан.)
Бир подшоҳ фазлу ҳикматда тенги йўқ бир ҳакимнинг довруғини эшитиб, ҳузурига чорлади. Ҳар соҳада саволлар бериб, қониқарли жавоб олди ва «ўзимга вазир қилиб олсам бўлар экан», деган тўхтамга келди. Аммо яна бир бор синашни иҳтиёр этиб, дастурхонга таклиф қилди. Ҳаким қовурилган бир товуқ гўштини зўр иштаҳа билан еб тамом қилмай, иккинчисига қўл узатди. Унинг овқат ейишини кузатиб ўтирган подшоҳ ўйланди:
- Бу одамнинг назари ниҳоятда оч экан. Менинг ҳузуримдаки шу қадар овқат еса, йўғимда мол-мулкимни еб адо этаркан-да...
Ҳакимнинг илми бор эди, аммо нафсини идора қилмагани сабабли вазирликдан маҳрум бўлди.
Шайх Саъдийдан ҳикоят:
Хуросоний икки дарвиш ҳамроҳ бўлуб, саёҳат қилур эрдилар. Бири ожиз (кучсиз) эрди, нединким, икки кечада бир ифтор қилур эрди ва бири қавий (бақувват) эрди. Бир шаҳарда жосуслик туҳматига гирифтор бўлдилар. Икковин бир уйға солиб, эшикни маҳкам этиб, лой билан сувадилар. Икки ҳафтадин сўнгра аларнинг бегуноҳ эркони маълум бўлди. Эшикни очиб кўрдиларким, ул бири қавий эрди, ўлубдур ва ул бириким ожиз эрди, саломат ўлтурубдурур. Они кўруб ҳамма таажжуб қилдилар. Агар мунинг акси воқеъ бўлса таажжуб бўлур эрди, нединким, ул бири кўб таомсизликка тоқат қила олмади, ўлди ва бу бири таомни озига одат этмиш эрди, ложарам сабр қилиб, ҳалокат офатидин эмин бўлди. Андоғким, дебдурлар (қитъа):
Кишиға кам емак бўлса табиат,
Қотиғлиғ келса бўлғай анга осон.
Ва гар ул кўб ебон танпарвар ўлса,
Туза олмой қотиғлиғға берур жон.
Яна бир ҳикоят:
Ҳукамонинг бири ўз ўғлиға кўп емакдин наҳй этиб, дедиким: «Кўб емак одамни ранжур қилур». Ўғли деди: «Эй ота, одамни очлик ўлдурур, эшитмадингмуки, зарифлар дебдурлар: «Очлик ранжин чеккондин, тўқлик билан ўлган яхшидур». Отаси деди: «Ўлчоқ билан егилким, «калу вашрабу ва ло тусрифу» (енгиз ва ичингиз, исроф этмангиз) дебдурлар». Маснавий:
Ема кўб, ўйлаким бўғзингға етгай,
Егил оз, ўйлаким жон роҳат этгай.
Қоринни ул сифат тўйдурма ҳар тун,
Ки келтургай мусибат топмоғон кун.
Ўғилнинг отага дегани тилимиздан тушмай юрадиган бир мақолни эслатди: «Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин». Ажабки, ош ўлдирмоқ учун эмас, яшамоқ учун хизмат этмоғи керак. Кимки, ошдан бўкиб ўладиган бўлса, айб таомда эмасдир. Исломнинг улуғлиги шундаки, инсон зоти нимадан қайтарилган бўлса, бугунги табобат бунинг илмий исботини топиб турибди. Тиб олимлари рўзанинг фойдасини ҳам тан олдилар, ҳатто оч қолдириб даволаш усуллари кашф этилди. Табобат аҳли кечки пайт кўп таом емасликни тинмай таъкидлайди. Масалан, телевизорда врач шундай маслаҳат беряпти. Биз эса унинг маслаҳатини жимгина эшитиб, ош ошалайверамиз. «Гаплари тўғри», деб тан оламиз-у бироқ, таомдан қўлимизни тортмаймиз.
Асалари нилуфар гулининг рангини кўриб, дарҳол унга қўнади. Ширасини сўриб, ҳидидан завқлана бошлайди. Бу ишга шунчалик берилиб кетади-ки, учиб кетиши лозимлигини ҳам унутиб қўяди. Бу орада нилуфар аста-секин япроқларини юмади ва асалари улар ичида қолиб, ҳалок бўлади. Ўз қисматига рози бўлмай, ортиқча нарсалар талаб қилувчи қаноатсиз одам, гўзал чаманларда ранг-баранг чечакларнинг хушбўй ҳидига ва яшил япроқли дарахтларнинг меваларига қаноат қилмай, филнинг қулоғига кирган ва қулоқ супрасининг бир ҳаракати билан ҳалок бўлган пашшага ўхшайди.
Шайх Саъдийда ўқиймиз: «Бир сойил Ҳалаб баззозлари сафиға келуб, айтур эрдиким: «Эй давлатлиғ бойлар, агар сизларда инсоф ва бизларда қаноат бўлса эрди, савол расми жаҳондин кўтарилур эрди».
Эй қаноат, тавонгар (бадавлат) айла мани,
Ки сенингдек азизи неъмат йўқ.
Суҳбатимизни сабр ҳақидаги фикрлар билан бошлаб эдик, мавзуни яна шу йўсинда давом эттирсак. Сабрга берилган гўзал таърифни яна ҳазрат Навоийдан ўқиймиз:
«...Сабр – аччиқ, аммо фойда берувчи; у – қаттиқ, аммо зиён заҳматни даф этувчи. Қайси бахтсиз сабр этагини тутган бўлса, у охири муродига етади; қайси бир гирифтор кўнгил сабр тугунини бўшатмаган бўлса, унинг бахт тугуни очилади. Сабр – шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир. Сабр – ўртоқдир, суҳбати зериктирарли, аммо, мақсадга олиб борувчи; сабр – улфатдир, узоқни кўзлаган, аммо, охирда истакка етказувчи. Сабр – уловдир, секин юрадиган, аммо манзилга элтувчидир. Сабр – туядир, оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр –насиҳатгўй, ачитиб гапирадиган, киши табиати ундан озор чекади, лекин амал қилган охирда муродига етади. Сабр – табиб, бадхўр дори, бемор ундан азоб тортади, аммо сўнггида соғликка эришади.
Ишққа мубтало бўлган ошиқлар бу сўзни эшитганда чўчийдилар ва лекин сабр натижасида ёр васлига етишадилар. Ҳажр азобини тортаётган кишилар сабр сўзини эслашдан жирканадилар, лекин охирда сабр туфайли дийдор кўришадилар. Сабрнинг умидкорлик қафасида жон булбулига на хомушлик фойда берар, на куй ва на нола; сабр мажлисида руҳ тўтисига на сукут наф еткурар, на фарёд ва на фиғон.
Сабр саҳросида роҳат қилиш изтироб чекиш билан баравар; сабр даштида дам олиш – югуриш билан баравар. Сабр бор ерда, айрилиқ ўтида куйганларга ўлишдан ғам йўқ; иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ.
Сабр – ҳажр шомидек қоронғи ва узун, аммо унинг охири висол тонги; сабр – ҳаж йўлидек қийин ва йироқ, аммо ниҳояти – иқбол каъбаси.
Балога гирифтор бўлиб, нобуд бўлиш хавфи остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод; ҳар бир ноумид шахснинг тушкун руҳи сабр туфайли тетик, обод...
Ҳикоят:
Нақл қилишларича, бир бечора-нотавоннинг кўнглига бир гулюзнинг ишқи тушди. У туҳмат туфайли зиндонга гирифтор бўлди. Туҳматни бўйнига қўйиш учун унга берилмаган азоб қолмади, аммо у маҳфий сирини тилига олмади. Оқибат – бир куни миршаблар боришиб, уни зиндондан тортиб чиқардилар ва бош-оёғидан тортиб, бир қучоқ ёғочни унинг баданига уриб, ушатдилар. Калтак зарбидан унинг бутун вужуди жароҳат бўлди; ҳамма аъзосининг териси шилинди. Унинг аъзойи бадани шундай дабдала қилинган эди-ки, оққан қон у майдонни лолазор қилди. Шунда ҳам, у бечора мутлақо дам урмади ва иқрор сўзини тилига келтирмади. Ниҳоят, золимлар уни азоблашдан чарчадилар ва ўртадан судраб чиқариб, ноиложликлари туфайли қўйиб юбордиларким, инсофан тўғри иш қилдилар.
Азоб берувчилар йироқлашишгач, жафокаш одам оғзидан майдаланган танга парчаларини чиқарди. Тўпланган одамлар бу ҳол сабабини сўрадилар
Жавобидан маълум бўлди-ки, золимлар калтаклаётган пайтида севгилиси келган ва бир бурчакда унинг аянчли ҳолига боқиб турган экан. Унга жабр-зулм қилинаётганида, тангани оғзига солиб, ҳар зарбда икки тиши орасига олиб, қаттиқ тишлар ва тишининг зарби билан у пулни майда-майда қилиб ушатар экан. Ошиқ ўз маъшуқаси қаршисида сабр-чидам кўрсатиб, унинг кузатиб турганини сезар экан.
Бу манзарани ўз кўзлари билан кўрган маъшуқаси меҳр-шафқат билан қошига келиб, юмшоқ сўзлар билан яраларига малҳам қўйди ва ширин тил билан мажруҳ танига жон бағишлади. Бу ошиқ йигит тасаввур қилиб бўлмас давлатга муяссар бўлди ва хаёл қилиб етмас саодатга эришди. Бу бахт – барча қийинчиликларни сабр-чидам билан енгиш намунасидир. Бунга азоб-уқубатга бардош кўрсатиш орқали эришилади.
Кимки, бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,
Бахт анинг нишини нўшу хорини гул айлади».
Хулосада дейилмоқчики, кимки бирор қийинчиликда сабру чидам кўрсатса, бахт унинг заҳарини асалга, тиканини эса нафис гулга айлантиради.
Мазкур баённинг икки нуқтасига тасаввуф адабиёти нуқтаи назардан қараш маъқул кўринади: ишққа мубтало бўлган ошиқларнинг чўчишлари тилга олинган сатрда Аллоҳ ишқидагилар назарда тутилган. Улар сабрдан чўчишмайди, балки, сабрларининг етарли даражага ета олмаслигидан ҳавотирда бўлишади. Чунки сабр уларга ёр васли, яъни, Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтини беради, яъни жаннат эшикларини очади. Ҳикоятдаги йигит сабри ҳам Аллоҳ ишқидаги ошиқнинг рамзий қиёфасидир. Барчамизнинг ҳолимиз Аллоҳга аёндир, У сабрли бандалари биландир. Сабрлининг мажруҳ танларига жон бағишлайди. Бу ҳикоятни ҳар ўқиганимда ҳазрат Билолнинг сабрлари кўз олдимга келаверади. Сиз ҳам эсланг: Ҳазрат Билол Ҳабаший Умайя ибн Ҳалафга қул эканларида хожалари исломдан воз кечишларини талаб этиб, тоқат қилиб бўлмас даражадаги азобларни берди. Аммо муҳтарам зот ҳар бир қийноққа жавобан фақат «Аллоҳу акбар!» калимаси билан жавоб қайтардилар. Оқибатда Аллоҳнинг ва Аллоҳ расулининг (с.а.в.) муҳаббатларига сазовор бўлдилар.
Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ул зотнинг кўйлакларини ёлғондан қонга бўяб, «укамизни бўри еб кетди», деб оталарини алдадилар ва «албатта бизлар рост сўзловчилармиз», деб онт ичдилар. Шунда Яъқуб алайҳиссалом уларга дедилар-ки: «Йўқ, сизларга ҳавойи нафсингиз бирон ёмон ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди менинг ишим - чиройли сабр қилмоқдир»(Юсуф сураси). Шу чиройли сабрнинг мукофоти ўлароқ ўғиллари бағирларига қайтдилар.
Аллоҳ таоло Ўз сифатлари билан сифатланган бандаларини севади. У сабрлидир. Абу Мусо ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоятким, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: «Одамлардан эшитадиган озорга Аллоҳ таолодан кўра чидамлироғи йўқ. Одамлар Аллоҳ таолонинг боласи бор, деб ғийбат қиладилар. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло уларга сиҳат-саломатликни ва ризқларини бераверади».
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қаноатларидан огоҳ бўлиб эдик. Энди сабрлари билан танишайлик: Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоятким, «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар вақтдагидек, ғаниматларни тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши: «Валлоҳи биллаҳи, бу тақсим Аллоҳ ризоси учун қилинган тақсим эмас», деди. Мен бу гапни албатта Пайғамбар алайҳиссаломга етказаман, деб ҳузурларига борганимда, саҳобалар билан ўтирган эканлар. Ансорийнинг гапини секингина қулоқларига айтдим. Ул зотга хабар оғир тушди, ғазабландилар. Ранглари ҳам ўзгариб кетди. Ҳатто мен «бу хабарни етказмасам бўлар экан», деб афсус қилдим. Шундан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳазрат Мусо алайҳиссалом бундан ҳам кўпроқ озор чеккан бўлсалар ҳам сабр этган эдилар», дедилар.
Аллоҳ таоло Ўз расулига хитобан марҳамат қилади: «Маълумки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунча ёлғончи қилинганларига ва чеккан азиятларига сабр қилганлар» (Анъом сураси). «Бас, Сиз ҳам ўтган пайғамбарлар орасидаги улул-азм – сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек мушрикларнинг озор-азиятларига сабр қилинг ва уларга тушадиган азобни шоштирманг» (Аҳқоф сураси).
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбон қилишга ҳозирланар эканлар, ҳазрати Исмоил алайҳиссалом дедилар-ки:
- Эй отажон! Сизга амр қилинган нарсани бажаринг. Инша Аллоҳ, менинг сабр қилувчилардан эканлигимни кўрасиз. Пичоқни яхши қайранг, ҳамон бўғзимни кессинки, жон бериш қулай бўлсин. Пичоқни тортаётганда юзимга қараманг-ки оталик шафқати билан ишни чўзиб юборишингиз мумкин.
Шу воқеада барчаларимизга ибрат бўларли ҳам ота, ҳам фарзандга хос сабрнинг улуғ намунасини кўрамиз.
Тарихдан аёнки, пайғамбарлар ва уларнинг йўлидан юрганлар кўп изтироблар чеккан эдилар. Бутпарастларга қарши тавҳид байроғини кўтарган Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланган эдилар. Юсуф алайҳиссалом ўз оға-иниларининг хасадлари туфайли ватанидан айро тушган, унда туҳматга учраб, бир муддат зиндонда ётишга мажбур бўлган эдилар. Нодон бир қавм қаршисида бани Исроил Мусони (алайҳиссалом) ёлғиз ташлаб қўйган, «Эй Мусо! Сен Раббинг билан бирга уларга қарши жанг қил, кейин биз сенинг орқангдан борамиз», деган эдилар. Мазлум пайғамбар Закариё алайҳиссалом ақлсиз бани Исроил қавми томонидан арра билан иккига бўлинганлар, ул зотнинг ўғиллари Яҳёни (алайҳиссалом) хунхўрлар ўлдирган эдилар. Ийсо алайҳиссалом ўғрилар билан маҳкама қилинган, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эса Тоифда бадбахтлар тош отган эдилар.
Бу муборак зотлар бошларига ёғилган зулмларга «Аллоҳнинг «Пайғамбарларни ўзим қўллагайман» деган Сўзларини ўзгартира олгувчи бирон кимса йўқдир»(Анъом сураси), деган аҳдига мувофиқ илоҳий тарафдан берилган сабр билан бардош берганлар ва шу тарзда олий мақомларга эришганлар.
Инсоният тарихидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Имом Аъзам, Имом Ҳанбалларнинг (р.а.) жазога тортилишлари ҳам шулар жумласидандир.
Ҳазрати шайх Абу Ҳозими Маданий (қ.с.) қассобнинг дўкони ёнидан ўтар эдилар. Қассоб: «Гўшт олинг», деб таклиф қилди. Ҳазрат «пулим йўқ», дедилар. Қассоб: «Ҳозир гўштни олиб кетаверинг, пулини кейин берарсиз, сабр қиламан», деб илтифот этди. Шунда ҳазрат шайх дедилар-ки: «Менинг нафсимга сабр қилмоқлигим сенинг мендан пул кутиб сабр қилмоқлигингдан яхшироқдир».
Улуғлар сабридан баён этувчи ҳикоятларни ўқиганимда марҳум шоир дўстимиз, ҳожи Садриддин Салим Бухорийнинг бир байтларини ёдга оламан:
Авлиёлик – сабрдир,
Сабр нафсга жабрдир.
Ҳазрати шайх Сирри Сақоти (қ.с.) сабрдан сўзлаётган эдилар. Чаён ул зотнинг бир неча жойларидан чақди. Шайх чаённи ўлдирмадилар. «Нечун ўлдирмадингиз?» – деб сўрашди. «Сабрдан сўзлаб турар эканман, Аллоҳдан уялиб, чаённи ўлдирмадим. Нединким, сабрдан гапира туриб, сабр қилмаган бўлардим», деб жавоб қилдилар.
Ҳикоят, ҳазрати шайх Юсуф Бин Ҳусайн Розий (қ.с.) Исми Аъзамни ўрганмоқ учун Мисрга – Зуннун Мисрий ҳазратлари ҳузурларига бордилар. Салом бердилар. Зуннун ҳазратлари алик олдилар. Сўнг Юсуф ҳазратлари бир гўшада ўлтирдилар. Бир йилдан сўнг Зуннун ҳазратлари сўрадилар: «Бу йигит нечук йигитдир?» «Рай шаҳридан», деб жавоб бердилар. Ҳазрат Юсуф яна бир йил кутиб, ибодат билан машғул бўлдилар. Бир йил ўтиб Зуннун ҳазратлари сўрадилар: «Бу йигит нечун келмиш?» «Шайхнинг зиёратига келган», деб жавоб бердилар. Орадан яна бир йил ўтди. Зуннун ҳазратлари яна ҳеч жавоб бермадилар. Яна бир йилдан сўнг сўраган эдилар, ҳазрати Юсуф «Ҳожатим - Исми Аъзамдир», дедилар. Зуннун ҳазратлари бир чаноқнинг (сопол товоқча) оғзини ёпиб боғлагач, Юсуф ҳазратларининг қўлларига бердилар-да:
- Нил дарёсидан ўтгил, бу чаноқни шайхинг ҳазратларига бергил, ул сенга не десалар, шуни тутгил, - дедилар.
Юсуф ҳазратлари чаноқни олиб, Нил дарёсининг соҳилига бордилар. Чаноқ ичида бир нарса қимирлади. «Ажабо, нима экан?» деб қизиқиб, чаноқ оғзини очдилар. Бир сичқон бор экан, чиқди-ю қочди. Юсуф ҳазратлари бу муаммони англамай, ҳайратда қолдилар. Дарёдан ўтдилар-да, ҳазрат шайхлари даргоҳига салом бериб бордилар. Бўш чаноқни ул зотнинг олдиларига қўйдилар. Ҳазрати шайх буни кўриб, табассум қилдилар ва дедилар-ки:
- Сен Зуннундан Исми Аъзамни истадинг, ул зот сенинг сабрсизлигингни кўрдилар. Сичқонни сенга бердилар. Сен бир сичқонни сақлай олмадинг. Исми Аъзамни нечук сақлай билурсан?
Юсуф ҳазратлари ғоят хижил бўлиб, Зуннун ҳазратларининг ҳузурларига қайтиб келдилар. Ул ҳазрат айтдилар-ки:
- Кеча тунда Ҳақ таолога муножот қилиб, Исми Аъзамни ўргатайин, деб етти марта изн сўрадим. «Ҳали вақт келмади», деб билдирилди. Ўз вилоятингга боргил, руҳсат бўлгунига қадар яна сабр қил.
Яна бир ҳикоят: Ҳазрати шайх Усмон Хайрий ғоят мутавозиъ, салими нафс, сабр-чидамли эдилар. Бир мункир ул зотни таклиф этиб, уйига қадар олиб борди. Эшигига етгач: «Томоғинг учун бир итдек менга эргашиб келдинг, уйимда ҳеч вақо йўқ», деб ҳақорат қила-қила ҳайдади. Ул зот ҳақоратга жавоб бермай, изларига қайта бошладилар. Бир неча қадам босган эдилар, мункир: «Орқангга қайт, уйимда таом бор экан», деди. Усмон ҳазратлари қайтдилар. Мункир уйга олиб кириш ўрнига бу гал ҳам ҳақорат қила бошлади:
- Итни ҳайдаса кетади, илло сен кетмайсан, уйимда ҳеч вақо йўқ!
Усмон Хайрий ҳазратлари индамай орқаларига бурилдилар. Мункир яна чақирди. Яна қайтдилар. Нақлдирки, шу зайлда ўттиз марта чақириб, ўттиз марта ҳайдади. Ҳазрат яна инжимадилар ва кўнгиллари малул бўлмади. Ўттиз биринчи мартасида мункир ул зотнинг сабр ва тавозуъларини, ҳалим ва салимликларини кўргач:
- Султоним, густоҳлик қилдим. Сизни неча таклиф этиб, ҳайдадим, ҳеч ўзгармадингиз. Улуғлигингизни билдим, - деди-да шайх ҳазратларининг оёқларига йиқилди. Узр тилади, йиғлади. Ҳазрати шайҳ (қ.с.) шунда тилга кириб, дедилар-ки:
- Алдандинг, алдандинг! Менинг бу қилганимни бир ит ҳам қилар эди. Эранлар эса янада ортиқ бўлгайлар!
Мункир ул зотнинг қўлларини тутиб, тавба қилди ва мурид бўлди.
Ҳикоятдан мурод: кишидаги сабр ҳатто мункирни тавбага олиб келади.
Рус адиби Лев Толстойнинг бир китобида шу воқеани ёдга солувчи ҳикмат ўқиган эдим. Ёзилишича, икки роҳиб – Францис ва Лев қиш кунларининг бирида Перузадан Порционкюл шаҳрига қараб борар эдилар. Ҳаво ғоят совуқ эди, юпун кийимли роҳиблар аёздан титрардилар. Йўл юрар эканлар, Францис олдинроқда бораётган Левни чақирди:
- Биродарим Лев, барча биродарларимизнинг илоҳий ҳаётда ер юзи аҳлига ибрат бўлишларини Парвардигор насиб этсин. Аммо, сен ёзиб қўйгинки, комил қувонч шунинг ўзида эмас.
Яна бир оз юришгач, Францис ҳамроҳини чақирди:
- Биродарларимиз беморларни даволайдилар, адашганларнинг қалбларидан иблисни ҳайдаб чиқарадилар, ожизларнинг кўзларига нур берадилар, ҳатто тўрт кунлик ўликни тирилтириб ҳам юборадилар. Аммо, биродарим Лев, сен ёзиб қўйгин-ки, чинакам комил қувонч фақат бунинг ўзида эмас.
Яна бир оз юришгач, Францис ҳамроҳини ёнига такрор чорлади:
- Биродарларимиз барча тилларни, барча илмларни, барча ёзувларни билишлари мумкин, келажакни башорат қилишлари билан иймон ва руҳ сирларини ҳам эгаллашлари эҳтимол. Аммо, биродарим Лев, ёзиб қўйгин-ки, чинакам комил қувонч фақат шундан иборат эмас.
Совуқда қақшаб бир оз юришгач, Францис биродарини яна чақирди:
- Агар бизлар фаришталар тилида сўзлашни ўрганиб олсак ҳам, юлдузлар ҳаракати сирларини эгалласак ҳам, дунёнинг барча хазиналари биз учун очилса ҳам, агар биз қушларнинг, балиқларнинг, ҳуллас барча жониворларнинг, яна дарахтлару ҳатто сувнинг ҳаёти сирларини билсак ҳам, аммо биродарим Лев, ёзиб қўйгин-ки, чинакам комил қувонч шу билан чекланмайди.
Аёзда дилдираган роҳиблар йўлда кетавердилар. Францис биродарини яна чақирди:
- Агар биз даъватчиларинг энг яхшилари мақомига етишсак ҳам, барча кофирларни Ийсо йўлига ўтишларига сабабчи бўлсак ҳам, биродарим Лев, ёзиб қўйгин-ки, бу ҳам чинакам комил қувонч эмасдир.
Шунда Лев устозидан сўради:
- У ҳолда комил қувонч нимадан иборат?
Францис жавоб берди:
- Ҳадемай кўзлаган манзилимизга етамиз. Аёздан ва очликдан титраган ҳолда дарвозани тақиллатамиз. Ана шунда дарвозабон эшикни қия очади-да, ичкарига қўйиш ҳақидаги илтимосимизга жавобан, бизнинг жиққа ҳўл ва лой уст-бошимизга қарайди-ю: «Ҳой дайдилар, дунё бўйлаб дайдиганларинг дайдиган, тиланганларинг тиланган, ҳеч тўясанларми ўзларинг?! Йўқолларинг!» деб бизларни ҳайдайди. Ана шунда биз ундан ранжимасак, дарвозабон бизларни ўз-ўзича ҳайдагани йўқ, Парвардигор шуни истаган эди ва шундай бўлди, деган хулосага келсак, эрталабга қадар ҳам очликдан нолимай, совуққа бардош бериб қор устида ётсак-да, дарвозабондан шикоят қилмасак, билгилки, комил қувонч айнан шундадир.
Ҳикоятдан мурод, аҳли китоблардан бўлмиш роҳиб айтмоқчики, шунча азобларга чидасак, сабр қилсак Парвардигорга яқинлашамиз. Яратганга яқинлашишдан ҳам кўра зўрроқ қувонч бўлиши мумкинми?
Соҳиби диллардан бири бир қувватли ва зўр азмой кишини кўрдиким, ниҳоятсиз ғазабнок бўлиб, бир катта тош олиб биродарини урмоққа қасд қилди. Ул азиз сўради: «не сабабдин бул одам ғазабдадир?» Жавоб бердиларким: «Фалон киши бир сўз айтиб унга дашном бериб эди, шул сўзи ёқмади».
Соҳиби дил деди-ки:
- Ажаб ҳолдирки, бу одам оғир тошни кўтармакка қувват топибди, бир сўзни кўтармакка эса тоқати йўқми экан?
Аллоҳ таоло Ўзининг китобида бир эмас, бир неча марта бандаларини сабрга даъват этади, балолардан қутулиб қолишнинг йўлларидан бири айнан сабр йўли эканини қайта-қайта таъкид этади:
«Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг, сабр ила ғолиб келинг» (Оли имрон). «Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмайди» (Ҳуд). «Ва ўзингга етган мусибатга сабр қил» (Луқмон). «Аллоҳга ва унинг расулига итоат этинг. Ўзаро низо қилманг. У ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир» (Анфол). «Албатта, биз сабр этганларни қилиб юрган амалларнинг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлаймиз» (Наҳл).
Ҳа, Аллоҳ амрига итоат этувчи бандаларини сийлайди. Унинг мукофоти тайин. Бизнинг сабримиз-чи? Сабр азоби ҳақ бўлса-да, унинг ғоят ширин неъмат экани неча асрлардан бери такрор айтилади. «Сабр қилувчилар билан биргаман», деган ваъдадан тотлироқ яна нима бўлиши мумкин? «Сабр қилувчилар билан биргаман», дея марҳамат қилиняпти, сабрсизлигимиз билан Аллоҳдан узоқлашяпмиз-ку? Буни фаҳм этамизми?
Суҳбатимиз аввалида мусибат ва сабр хусусида гап бошлаган эдик. Энди шу мавзуни яна давом эттирсак:
Ҳадиским, «Чинакам сабр-тоқатли, деб мусулмон кишининг мусибат юз бергандаги чидамлилигига айтилар», «Иймоннинг афзали сабрли ва кенг қалбли бўлишдир. Сабрлилик мусибатнинг биринчи дақиқаларида билинади». «Хоҳ молига, хоҳ жонига кулфат етган одам сабр этиб, бировга шикоят қилмаса, уни кечириб юбориш Аллоҳга ҳақ бўлиб қолади».
Қудсий ҳадиским: «Эй бандаларим! Мен бандаларимдан биронтасига баданига ёки боласига ёки мол-дунёсига мусибат юборсам, у менинг мусибатимни сабр билан кутиб олса, мен қиёмат кунида унинг номига тарози тикишдан ёки унинг амал дафтарини очишдан ҳаё қиламан (чунки унинг амаллари тарозига сиғмайди, мен ўз фазли карамим билан амал дафтаридаги нуқсонларни беркитаман) ва азоб бермайман”.
Валийлар ҳаётига ибрат кўзлари билан қарасак, Ҳақ таолонинг балосига ва қазосига ризо бўлмоқлик уларнинг барча мақомларининг юқори мартабаси эканига гувоҳ бўламиз. Ҳақ таолонинг берган неъматларига шукр қилмоқ ва балоларига сабр қилмоқ – мана шу икки сифат валийлар ва улуғларнинг мақомидир.
Агар бошида юрса осиё санг,
Ризо жўйанда ҳаргиз бўлмағай танг.
Бу байтда ҳазрати Сўфи Оллоҳёр демоқчиларки, агар шундай кишилар бошида тегирмон тоши айланса ҳам, асло сиқилмаслар. Яъни Аллоҳнинг ризолигини истаган кимса бошига катта балолар тушса ҳам парво қилмай, Аллоҳнинг ризолигини исташда қатъий тураверади.
Агар ҳар кунда ичса заҳр аёғин,
Суюкли бандаси четмас қабоғин.
Дейилмоқчики: сабр аҳли ҳар кунда заҳар жомидан ичиб турсалар-да, яъни танларига ҳар куни турли-туман заҳматлар етишса ҳам, Аллоҳни севган бу сабрлилар оҳ-воҳ қилиб, қовоқларини солмаслар, фақатгина ризолик талабида бўлурлар.
Агар мағзи дилинг айрилса, ё пўст,
Йиғини йиғ агар чин қулсан, эй дўст.
Дейилмоқчики: эй дўстим, агар сен ўша балою қазолардан юрак мойинг ёки теринг ажраб кетса ҳам сабр қил. Йиғлашни қўй. Аллоҳ таолонинг севган бандаси экансан, шундай қил.
Сўнар ғам тушса ҳам озода эрга,
Ўчар, ўт келса хасдан холи ерга.
Маъноси: озода, яъни сабрли киши бошига балою қазо ғами тушса у йўқ бўлади. Буни хас йўқ ерга тушган ўтнинг сўнишида кўриш мумкин. Хуллас, сабрли киши бошига иш тушса ҳам, чидам ва тўзими билан уни йўқ қилади.
Ҳар бир оят, ҳадис ва ҳикматларни ўқигандан кейин сатрлардан кўз олайлик-да, ўзимизни ўзимиз имтиҳон қилиб қўяйлик. Сабр ҳақидаги даъватлар шунчаки маълумот учун баён қилинмаган. Маълумингизким, шарафли Рамазон ойи барчаларимиз учун сабр ва қаноат бўйича имтиҳон топшириш кунларидир. Йил бўйи сабру қаноатда ўзимизни қанчалар тарбият этганимиз шу ойда намоён бўлади. Афсуски, айрим биродарларимиз бу имтиҳонни субҳдан шомга қадар таом емасликдангина иборатдир, деб ҳисоблайдилар. Рамазон ойида бошқа кунлардагига нисбатан камроқ таом емоқлик тавсия этилганига қарамай, субҳда ошқозонни обдон тўлдирадилар. Ифтор чоғи оғиз очилиши билан бир неча кунлардан бери оч қолган одамдек таомга ташланадилар. Бировнинг қандай таомланиши хусусида баҳо бермоққа каминада ваколат йўқ. Аммо сабрнинг чиройли кўринишлари шу лаҳзаларда намоён бўлишини унутмасликни тавсия қилган бўлардик. Айниқса, чекувчи биродарларимиз сабрсизликлари кишини ҳайратга солади. Ифторликларда кузатамиз: оғиз очилиши билан бир сигарет ва ёққич чўнтакдан чиқарилиб, тайёр турилади. Баъзилар шом намозига азон чақирилаётганда чекиб олишга уринишади. Айримлари эса намоз ўқимай, хуморларини босиш билан банд бўладилар. Киши кўнглини хира қиладиган яна бир ҳолат-ки, таровиҳ намозида, аниқроғи таровиҳ тасбеҳи айтилаётган дамда масжид ҳовлисида чекиб олишади. Энди ўзингиз айтинг: бу қандай ибодат бўлди? Бу қандай сабр бўлди? «Бу қандай тақво бўлди?» деган саволни ҳам ёзмоқчи бўлдигу бироқ, бу қадар сабрсиз одамларда тақво деган тушунчанинг ўзи бормикин, деган ўйда ўзимизни тийдик.
Телевизордаги бир кўрсатувда тадбиркор хоним «Сабр таги – олтин» деган мақол ҳозирги давримизга тўғри келмай қолди», дейди. Во ажаб! Унда «Сабр қилсанг ғўродин ҳолва битар», деган мақол ҳам эскидир? Бу хоним каби калта ўйлайдиганлар ҳолва битишини кутмай, сабр қилмай, ғўрани (довуччани) еб ичбуруғ бўлиб юришибди-ку, бунга нима деймиз? Энди уларнинг давоси нима бўлади?
Илм аҳли, зуҳд аҳли орасида атрофдаги жоҳиллар, нодонлардан ўзни олиб қочишга уриниш одатлари ҳам бор. Буни ҳам ўзига ҳос сабрсизлик кўриниши, десак, балки адашмасмиз. Бундай кишиларни “тарки дунё қилувчилар”, дейдилар. Уларнинг мақсадлари фақатгина нафсни енгиш эмас, балки, одамларнинг ёмонликларидан ўзни олиб қочиш ҳамдир. Набий муҳтарам (с.а.в.): «Кишиларга аралашиб, улардан етишадиган озорга сабр этадиган мўъмин, банда берадиган озорларга чидамай, уларга аралашмай юрадиган кишилардан яхшироқдир», деб марҳамат қилганлар.
Демак, инсонлар орасида юриб, уларнинг жабру жафоларига сабр қилган мўъмин киши жамиятдан четлашиб, узлатда қолган ва қийинчиликларга сабрсизлик қилиб, дод-вой соладиган мўъмин кишидан афзал экан. Инсонлар томонидан келган мусибатларга сабр этмоқ улуғ амаллардан ҳисобланади. Чунки бу мусибатлар билиб-билмай қилинган гуноҳларга Аллоҳ таоло томонидан мана шу дунёнинг ўзида берилган бир жазо, танбеҳ, хатоларга каффорот, тавба қилишга имконият, гуноҳ ва хатолардан тийилишга бир восита ва сабоқдир. Бу – қалби ҳидоятга мойил бандалари учун Аллоҳнинг буюк инояти. Аҳли дониш бу иноятни бой бермасликка интилиб, эртаю кеч ҳамд ва истиғфорни канда қилмасликни тавсия этадилар.
Қадимда тарки дунё ёки узлатга чекинишга ихтиёр этувчилар бўлганлар. Бу ҳолат бошқа динларда ҳам мавжуд. Бутпарастларнинг роҳиблари бу замонда ҳам одамлардан узилиб, қадам етмас тоғларда макон тутадилар. Насронийларда роҳиблар истиқомат қилувчи махсус монастирлар ҳанузга қадар мавжуд. Бундан ташқари ҳатто монастирни рад этувчи, ёлғиз яшовчи гўшанишин зоҳидлар (отшельник) бор. Исломда узлатга чекиниш масаласида мутасаввуф олимлар турли хил фикр-мулоҳазалар билдирганлар. Жумладан, ҳужжатул-ислом – Имом Ғаззолий ҳазратлари узлатнинг ҳам фойдалари, ҳам зарарларини батафсил тушунтирганлар. Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ҳазратлари эса узлатни тавсия этмаганлар. Ёлғизликда, Аллоҳ билан мустағриқ ҳолда бўлганларга узлат фойдали, халққа ҳаром ва ҳалолни билдириб турадиганлар учун эса халқ билан бирга бўлиш афзалдир. Ҳар ҳолда узлатга чекинган одамнинг ибодати фақат ўзи учундир. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинганким: «Эй Одам фарзанди, қачон мени ёлғиз ҳолингда ёд этсанг, мен ҳам сени ёлғиз ёд этарман. Агар жамоат ичида ёд этсанг, мен ул жамоатдан улуғроқ жамоат ичида (яъни фаришталар орасида) ёд этарман». Шунга кўра, улуғроқ мартабага етишмоқ истагидаги банда одамлардан ўзини олиб қочмагани маъқул.
Сабру қаноатга қувват берувчи, фақатгина инсонга ҳос бўлган фазилатлардан бири – умид эрур. Сабрли одам ҳеч маҳал умидсиз бўлмайди. Нединким, одамнинг одамлиги умид билан. Умидсиз одам – бир қоп эт. Умид – парвозга шайланган бир лочиндир. Умидсизлик эса - оёққа боғланган тош. Инсонларда умид бўлмаса эди, ҳаёт лаззати йўқолар эди. Банда гуноҳдан ҳоли эмас, агар у Аллоҳнинг раҳматидан умид қилмаса, бу дунёда яшашининг қизиғи қолмайди. Умид - ёлғиз Аллоҳдан. Киши қанчалар гуноҳкор бўлса-да, Аллоҳнинг афвидан умидсиз бўлмаслиги зарур. Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати оламни қуршаб олганини ҳеч ким унутмасин.
Агар дўзах лабинда бўлса пойинг,
Умид узмаки, ғофирдир Худойинг.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр демоқчиларким: фараз қилки, оёғинг сени дўзах лабига етказди. Шунда ҳам сен Аллоҳнинг раҳматидан умидни узма. Чунки Худойинг гуноҳларни ёрлақагувчидир. Хуллас, гуноҳларинг на қадар кўп ва катта бўлса-да, ҳамиша умидли бўл.
Ғараз узма умид, э толиби роҳ,
Деди: «ла тақнату мин раҳматиллаҳ».
Дейилмоқчиким: Эй Аллоҳ талабида юрган банда, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид узма. Аллоҳ таолонинг бу хусусда ўз сўзи бор: «Эй бандаларим, раҳматимдан умидсиз бўлманглар».
Агар қалбимизда умид бўлмаса, дуолар ва муножотлар ҳам қилмаган бўлардик. Умид – шунчаки бир нарсани орзу қилиб кутиш эмас. Умид - иймон устунларидан бири, негаки, бирон нарсани Аллоҳдан умид қилдикми, демак, унинг борлигига иймон келтирдик. Қудратига, Раҳмон ва Раҳим сифатларига иймон келтирдик. Ишонмасак, сўрармидик? Ишонамиз, алҳамдулиллаҳ! Фақат бу умид ишончини то лаҳадга қадар бўлган ҳаётимиз давомида собит ҳолда ушлашимиз керак. Чунки умидини йўқотадиган одамнинг бошқа йўқотадиган нарсаси қолмайди.
Шарафли ҳадис: «Умидсизлик – ширкдир. Орамизда шундай ҳолга тушмаганнинг ўзи йўқ. Аллоҳ бу туйғуни Ўзига ишониш билан кетказади». Шунга кўра, банда жон оғритар воқеалар юз берганида телба-девоналардек ҳаракат қилишдан, бошига оғир мусибат тушганида умидсизлик гирдобига чўкишдан сақланмоғи лозим бўлади. Чунки инсонларнинг энг фалокатдийдаси – фалокатга чидамсиз ва умидсиз одамдир.
Мавлоно Румий: «Умид – ишонч йўлининг боши», деганлар. Биз эса... баъзан ўзимиз билмаган ҳолда умидсизлик қилиб қўямиз: дейдилар-ки, «ўғлингиз дастёр бўлиб қолибди, ҳадемай ёнингизга кириб қолади, яхши хизматларда ишлаб, сизга автомашина олиб беради...» Сизни шунда шайтон чалғитиб, дейсиз-ки: «Ўҳ-ҳў, ҳали унга неча йил бор. Унгача ким бору ким йўқ». Бунинг ўрнига: «Инша Аллоҳ, айтганингиз келсин, Аллоҳдан умидим ҳам шудир», десангиз гўзалроқ эмасми? Ҳадиси қудсийда бандаларга шундай хитоб қилинади:
«Эй бандаларим! Мен бандаларимнинг гумонидаман. Истаганича гумон қилаверсин. Мен сен билан биргаман. Агар сен мендан яхшиликни гумон қилсанг (яъни умид қилсанг) яхшилик бўлади. Ёмонликни гумон қилсанг – ёмонлик бўлади».
Ҳикоят: кекса ёшли бир отахон даштга чиқиб анор кўчатларини экаётган эдилар. Ўша ердан гижинглаган от минган шаҳзода ўтиб қолди. У отахоннинг ёшини сўраб деди-ки:
- Ёшингиз тўқсондан ошибди, бир оёғингиз тўрда, бир оёғингиз гўрда бўлса, жонингизни қийнаб нима қиласиз? Уйда тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими?
Отахон боғ қилишнинг савоблигини, Расулуллоҳ (с.а.в) қиёмат бошланган чоқда қўлингизда ниҳол тутиб турган бўлсангиз, экиб қўйишга урининг, деб марҳамат қилганларини тушунтириб ўтирмай, қисқагина қилиб: «Умидли дунё-да, шаҳзодам», дедилар. Отахоннинг бу гапларини қурумсоқлик, дунёга тўймаслик деб англаган шаҳзода ўйламасдан деди:
- Агар шу кўчатлар амал олиб, ҳосил берса-ю унинг мевасидан тотиб кўриш сизга насиб этса менинг хотиним талоқ бўлсин!
Отахон шаҳзоданинг енгилтаклигидан ранжисалар ҳам индамай қолавердилар.
Орадан йиллар ўтди. Дашт анорзорга айланди. Шаҳзоданинг отаси вафот этиб, тахтга ўтирди. Куз кунларининг бирида шоҳ шу анорзор ёнидан ўта туриб чанқоғини босмоқни иҳтиёр қилди, боғбонни чақириб, бир пиёла анор суви сўради. Ажабки, даштга ниҳол экаётган отахонни танимади. Отахон ичкари кириб, анорни сиқиб, шарбатни шоҳга тутди. Шарбат шоҳга тахир туюлиб, бошқа анорни сиқишни буюрди. Иккинчиси чучук туюлди. Кейингилари ҳам ёқмай ғазабланди-да: «Ҳой чол, қандай бефаросат одамсан, шарбатни аввал ўзинг тотиб кўриб, кейин менга узатмайсанми?» деди.
- Узрлиман, шоҳим, мен тотиб кўра олмайман, - дедилар отахон.
- Нега?-деб ажабланди шоҳ.
- Агар мен ҳатто бир томчисини тотиб кўрсам ҳам, сизнинг хотинингиз талоқ бўлиб қолади.
Шунда шоҳ отахонни таниди, ёшлигида айтган гапини ҳам эслаб, отдан тушди. Умидсизлик билан яшашнинг нақадар ёмон эканлигидан ҳижолат бўлиб, узр сўради.
Банда баъзан орзу узунлигига банди бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмайди. Шайх Саъдийда бундай сатрлар бор:
«Эшитдимким, бир бозоргоннинг юз эллик тева моли ва қирқ банда хизматкори бор эди. Бир кеча Кеш жазирасида мени қошиға чақирди ва тонг отгунча тинмай паришон ва малолангиз сўзлар айтди, андоғким: «Туркистонда фалон миқдор амборим бордур ва Ҳиндистонда фалон чоғлиқ молим бордир. Бу хат фалон ернинг хатидур, фалон нимарсага фалон киши зоминдур». Ва гоҳ дер эрдиким: «Искандария ҳавоси кўнгулға тушубдур». Ва яна дер эрдиким: «Диёрнинг ҳавоси дилкаш эрмасдур». Яна деди: «Эй Саъдий, олдимда яна бир сафарим бордурур, агар ондин фориғ бўлсам, қолғон умримни бир гўшада ўткарурмен». Мен дедим: «Ул на сафардур?» Ул деди: «Гугирдин Форсдин Чинга олиб борурмен, нединким, гугирднинг қиммати онда баланд эрмишдир. Ондин чиний косаларни Румга элтормен, ондин Рум деболарин Ҳиндистонға еткурурмен, ондин ҳиндий фўлодларни Ҳалабга келтурурмен. Ондин ҳалабий шишаларни Яманга дохил этармен, ондин Яманий Форсға восил қилурмен. Ондин сўнгра тижоратни тарк этиб, дўконда ўлтурурмен». Мундоқ молихулиё ҳарзалардин ул миқдор сўз айтдиким, менда эшитгудек тоқат қолмади. Сўнгра деди: «Эй Саъдий, сен ҳам бир сўзни дегил, қачонғача бу сўзларга рози бўлуб ўлтурасен?» Мен дедим (қитъа):
Бир кишининг тушти маҳмилдин юки,
Бир биёбондин қилур чоғда мурур.
Деди: дунёдорларнинг оч кўзин,
Ё қаноат тўлдурур ё хоки гўр.
Бундан шундай маъно англаш мумкин: кимнингки кўзлари дунё молларига боқар экан, бу кўзни ё қаноат ёки гўрнинг тупроғи тўлдиради.
Шайх Саъдий баён қилган воқеани ҳозирги кунда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Дунёдан умидвор биродарларимизнинг орзулари шу қадар узунки, унга етишга бир одамнинг умри камлик қилиб қолади. Улар бу умид йўлининг хатарли эканини ўзлари ҳам биладилар. Фақат «мана шу ишимни ўнглаб олай, кейин тўхтайман», деб ўзларини ўзлари алдайверадилар. Порахўрлиги учун қамалиб қолган бир одам афсус билан бундай деган эди:
- Шаҳарда уйим йўқ, ижарада турар эдим. Бир хоналик уйим бўлса эди, деган умид билан қалтис йўлга ўтдим. Шу уйни оламану, ҳаромдан тийиламан, деб ўзимга сўз бердим. Уйни олдим. Кейин уйланишни, дабдабали тўй қилишни орзу қилдим. Бу умид ҳаромдан тийилишимга йўл бермади. Кейин икки хонали, сўнг тўрт хонали уй умидида ўзимни чўққа урдим. Автомашинани орзу қилиб унга ҳам етишдим. Ундан кейин кўнгил ҳовли жойни истади. Аммо... ҳовли-жой ўрнига қамоқ насиб этди...
Банда раҳмоний умид билан шайтоний орзуни ажратиб олиши керак. Раҳмоний умиддаги одам сабрлидир. Шайтоний орзу-истак билан яшовчи сабрсиздир.
Инсон умид қилган нарсасидан маҳрум бўлса, ранжийди, дунё кўзига қоронғу бўлиб кетади. Умиди Ҳақда бўлса, ғамдан узоқ бўлади. Сурур билан яшайди. Инсонни умид яшатади, нединким, умид инсонга ҳаёт бағишлайди, умидсиз инсон ер юзида тирик юргани билан аслида яшамайди ҳисоб. Умид синса, инсон мағлубиятга учрайди-ки, қамоққа тушган одамнинг афсуси бунга мисолдир.
Инсонга ҳаётда энг кўп фойда берадиган нарса – раҳмоний умид. Одам ҳамма нарсасидан айрилиб қолиши мумкин, аммо умиддан айрилмайди. Ҳатто ўлим тўшагида ётган одамни, агар у иймон эгаси бўлса, умид тарк этмайди. Ҳатто қабр ёқасида ҳам умид яшайди дейдилар. Умид билан истак бир-бирини ўзаро таъқиб этиб юради. Бири ёнса иккинчиси аланга олади ёки аксинча. Демак, шайтоний орзу шайтоний истак чўғини аланга олдиради-ки, оқибатда одам куйиб кул бўлади. Умидни тунги осмонга ҳам ўхшатадилар. Осмонга астойдил тикилган нигоҳ бирон бир юлдузни топмасдан қўймайди. Шоир айтмоқчи:
Дилинг куймасин, ноумидлик билан,
Ёруғ кун туғилгай қаро кечадан.
Беморлар Аллоҳдан шифо умидидалар, фарзанд умидида юрганлар ҳам бор, икки дунё саодати умидида Ҳақ йўлдан тоймай юрганлар кўп, адашган қариндошлари, биродарларига ҳидоят насиб этишини умид қилиб юрган иймон эгалари унданда кўпроқ. Ёшларнинг умиди ҳаётни бахтиёрлик билан ўтказиш, кексаларнинг умиди – иймон калимаси билан жон бериш. Бу умидларни Аллоҳ ёрлақасин.
Бир одамнинг амалидан қувилишини, ўрнига ўзи ўтирмоғини истовчилар бор, бойлигига бойлик қўшилишини орзу қилганлар ҳам топилади, бирор аёлни бузуқ йўлга бошлаб, нафсини қондириш хоҳишида юрганлар ҳам йўқ эмас... бундайларни Аллоҳ шайтон васвасасидан қутқарсин! Қалбларини раҳмоний умидлар билан бойитсин.
Донолар деганларким, ҳеч қайси табиб толиққан вужуд ва азоб чеккан қалб учун умидчалик дорини топиб бера олмайди. Умидсиз қалб – эгасиз ҳувиллаб қолган ҳовлига ўхшайди. Умидсиз юрак тарс ёрилиб кетиши мумкин, дейдиларким, у юракнинг ёрилиб кетмаслиги учун қалқондир. Қалбимиз қалқонини мустаҳкам этишни Яратгандан сўраб, сабр ва қаноат ҳамда умиднинг душмани бўлмиш шошқалоқлик ҳақида ҳам бир неча сўз айтишга киришамиз.
Масалким, ўргумчак ипак қуртини кўриб, масхаралаб кулиб деди-ки:
- Бунча имиллайсан, дўстим, ҳаракатингни кўрган одамнинг юраги ёрилиб кетай дейди. Мени қарагин, оз вақтда каттакон тўсиқни тўқиб ташлайман.
- Тўғри, сен ҳақсан, - деди ипак қурти. - Мен шошилмай иш қиламан. Лекин бир зумда қилинган бу уйингдан ночорроқ уй борми? Сенинг ингичка ипларинг жуда заифдир. Мен секин ишлайман, аммо пишиқ иш қиламан. Шу боис ипагимни ҳамма қадрлайди. Ипагим оз бўлса ҳам сеникидан устундир ва қимматдир.
Ўргумчак ипак қуртини нодонликда айблаб, кула-кула, қулф тешигига тўрини тўқиб, ўлжа пойлай бошлади. Шунда қулфга калит солинди-ю ўргумчакнинг тўқиган тўри ҳам ўзига қўшилиб барбод бўлди. Ипак қурти эса шошилмай ипакка ўралди. Сўнг сабр билан кутди. Сабр уни капалакка айлантирди, осмонга парвоз қилди...
Масалдан маъно буки, шошилишлари туфайли пала-партиш иш қиладиганларнинг оқибати хайрли эмасдир. Шошқалоқлик одамни ҳалокатга етаклайди. Шу боис шошилинч ишлардан сақланмоқ керак. Шошқалоқлик – пушаймонликнинг онаси. Иккаласи бир-биридан айрилмайди. Ишнинг яхшиси – пухта қилинганидир. Одамлар тезкорни эмас, пухта иш қилувчини ёқтирадилар. Пухта бажарилган иш оз бўлса ҳам қимматлироқ бўлади. Яхши иш оғир бўлса-да, пухтадир. Тезда бажарилган иш кўп бўлса-да, яроқсиздир. Шарафли ҳадис: «Ўйлаб иш қилиш Аллоҳдандир. Шошилиш эса шайтондандир».
Шайтонлар замони – советлар даврида шошилиб қурилган иморатларнинг вайрон бўлганларини кўрдик. Ҳозир ҳорижда шошма-шошарлик билан, демак, сифатсиз тайёрланаётган молларни арзонлигига учиб, сотиб олиб, юртимизга келтириб қиммат баҳоларда сотаётганларни ҳам кўриб турибмиз. Совет жамиятининг инқирози сабаблари кўп. Шулардан бири – ҳамма ишлари шошқалоқлик билан бажариларди. Бундан уялишмас эди, балки барчани шунга даъват этишарди. «Беш йиллик режани уч йилда бажарамиз!» ёки «бир кунда уч кунлик вазифани бажарамиз!» деган шиорлар одатий ҳолга айланган эди. Мазкур шиорлар ёлғон ва қаллоблик асосида амалга ошириларди. Оқибат – ҳаммамизга маълум.
Сабрнинг зидди – шошқалоқликдир, демак, сабрсизлик десак ҳам бўлади. Сабрсизларга Аллоҳнинг яқин бўлмаслигини яна бир бор таъкидлаб ўтамиз. Атрофимизга зийраклик билан боқайлик: ҳамма соҳада шошқалоқлик унсурларини кўрамиз. Ўқишда икки йилга мўлжалланган илмни бир йилда эгаллашга интилиш бор. Инсоннинг зеҳни қанчалик ўткир бўлмасин, оғирлик қилади. «Ортиқча кучаниш белни синдиради», деган мақолни шошқалоқликка нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Аллоҳнинг мўъжизаларига диққат қилайлик: биронтасида шошқалоқлик аломатларини учратмаймиз. Аллоҳнинг Ўз расулига хитобан «...мушрикларнинг озор-азиятларига сабр қилинг ва уларга тушадиган азобни шоштирманг», деганини эслайлик. Яна такрорки, Қуръони карим ҳам шошқич равишда бир ҳафта ёки бир ойда эмас, балки одамларнинг тоқати ҳисобга олинган ҳолда йигирма уч йил давомида нозил қилинган.
Одамзотнинг фитратида шошқалоқлик мавжуд: пиёда юришга тоқати етмади, уловларни минди, бунинг ҳаракатидан ҳам қониқмади: велосипеддан тортиб учоқларга қадар ихтиро қилди. Ана энди эътибор беринг: тезликни оширгани сайин жонга нисбатан хатар ортиб бораверди. Отдан йиқилиб майиб бўлишдан бошланган фалокатлар учоқлар ёки поездлар ёки автомобиллар ҳалокатидаги фожиаларга олиб келди. Бу фожилар туфайли жон берганлар сони жанг майдонларида ўлганлар сонидан кам эмасдир. Қабристонларда ёш йигит-қизларнинг қабрларини кўрганда шуларни ўйлайман. Бу қабрда ётганларнинг аксари автомобил ҳалокати қурбонлари экани ачинарли. Ярим соатда шошилмай бориладиган манзилга беш дақиқа аввалроқ боришга интилишдан нима наф бор экан?
Шайх Саъдий ҳазратлари ёзадилар:
«Бир куни сафар асносида йигитлик ғурури била узоқ масофани пиёда қатъ этиб, бағоят бориб бир тўпанинг остиға етиб, ётмиш эрдум. Бир ожиз қари киши карвоннинг изидин келур эрди. Менинг устимға етуб дедиким: «Бу ерда недин ётмишсанким, уйқу жой эрмастурур?» Мен дедим: «Нечук юрайким, оёқимда юргудек қувват қолмамишдир». Ул деди: «Сен эшитмадингмуким, улуғлар дебдурларким, югуриб ета олмай қолғондин, оҳиста юруб борғонлик яхшидур». Қитъа:
Эйки, манзилга етмак истарсен,
Юрма таъжил бирла, сабр ила юр.
От на ерга шитоб ила борса,
Юруб оҳиста тева доғи борур».
Бу оддий ҳақиқатни барча билади, аммо барча ҳам амал қилавермайди.
Шошқалоқлик фақат амалий ишлардагина ҳалокатга олиб келмайди. Бу иллат маънавият олами учун ҳам хатарлидир. Бир олим яхши ният ила дори кашф этди, аммо яхшилаб синаб кўрмай, шошилди, одамларга тавсия қила бошлади. Оқибат ёмонлик билан тугади. Икки ёш бир-бирини синашга улгурмай шошилиб тўй қиладилар. Оқибат – феъли чиқишмади, деб ажратадилар. Одамнинг қайсидир масалада маълум бир қарорга келишида шошилиши ҳам хатарлидир. Айниқса, раҳбарнинг шошқалоқлиги кўпнинг шўрини қуритиши мумкинким, тарих бундай ҳолларга гувоҳдир.
Ривоят: Ҳинд подшоҳларидан бири тўрт паҳлавон ака-укага катта ихлос ва зўр эътиқод қўйган эди. Уларни ўзи тарбия этиб, вояга етказди. Ака-укалар улғайишгач, жондор (подшоҳнинг шахсий қўриқчиси) вазифасига тайин этилдилар. Ака-укалар кечаси билан навбатма навбат шоҳни қўриқлаб чиқишар эди.
Бир куни кечаси шоҳ ҳам малика ҳам ширин уйқуда ётар эдилар. Иттифоқо шифтдан бир илон тўшак устига тушиб, маликани чақишга чоғланди. Буни кўрган жондор аввалига нима қилишини билмай саросимага тушди, сабабки, индамай тураверса, илон маликани чақиб ўлдириши тайин. Илонни ўлдирай деса, шоҳ уйғониб кетиши мумкин. У кўп ўйламай, илоннинг бошини мажақлаб, тахти хоб остига ташлади. Кейин қараса, маликанинг кўкрагига илоннинг бир томчи заҳари томган экан. Заҳарни артиб ташламаса, маликанинг халок бўлиши муқаррар. Артиб ташлай деса, маликага яқин бориши мумкин эмас. Жондор этагидан бир парчасини йиртиб олиб, ханжари учига боғлади-да, сўнг шу латта билан малика кўкрагидаги заҳарни астагина артиб олди. Шу аснода шоҳ уйғониб қолди. Жондорнинг малика тахти хоби олдидан кетаётганини кўриб, кўнглига ғулғула тушди. Вужудини титроқ босса-да, кейинги жондор келишини кутди. Жондор келгач:
- Зудлик билан акангнинг калласини узиб, менга олиб кел, - деб буюрди.
Бу фармондан ажабланган ука, бориб қараса-ки, акси ҳузурланиб ухлаб ётибди. «Бирор гуноҳ қилганида бунчалик осойишта, бунчалик тинч ухламас эди», деб ўйлади ука ва фармонни ижро этмай, шоҳ олдига маъюсланиб қайтди.
- Калла қани?-деб ғазабланди шоҳ.
- Ололмадим, - деди жондор.
- Нима учун? Акангни аядингми?
- Эсимга бир ҳикоя тушиб қолди, ижозат берсангиз шу ҳикояни айтайин-да, сўнг фармонингизни бажарайин.
- Айт, - деди шоҳ.
- Қадимги замонда овга ишқибоз подшоҳнинг ҳатто семурғни ҳам ушлаб кела оладиган бургути бор экан. Подшоҳ бу бургутини ҳамма нарсадан афзал кўрар экан. Бир куни ов чоғи у оҳуни кўриб қолиб, мулозимларию рикобдоридан ажралиб, жониворни қувиб кетибди. Қанча югурмасин, оҳуни ушлаб ололмай, ҳориб, чарчаб, ташналик азобида қийналибди. Юра-юра бир дарахтни кўриб, ўша томон шошилибди. Дарахт тепасида катта илон ўралиб ётган экан, одам қорасини кўриши билан заҳар пуркай бошлабди. Заҳар дарахт баргларидан сизиб, пастга туша бошлабди. Подшоҳ уни сув деб гумон қилиб, кичик жомни қўйибди. Жом тўлишини сабр билан кутибди. Жом тўлиши билан лабига олиб бормоқчи бўлганида бургут қанот қоқиб, уни тўкиб юборибди. Подшоҳ бургутдан ранжиб, жомни яна заҳар томчилари остига қўйибди. Жом тўлгач, ичмоқчи бўлганида бургут яна тўкиб юборибди. Бу сафар подшоҳ ғазабдан ўзини тиёлмай, бургутни ерга уриб, ўлдирибди.
Шу чоқ рикобдор етиб келибди. Қараса, бургут ўлиб ётганмиш, подшоҳ эса ташналикдан беҳол ўтирганмиш. Рикобдор дарров мешдан сув қуйиб подшоҳга узатибди. Подшоҳ ўзига келгач: «Бургутни нега ўлдирдингиз?» деб сўрабди. Подшоҳ воқеани баён этгач, рикобдор тепага қараб, заҳар сочиб турган илонни кўрибди.
- Бургутни бекорга нобуд қилибсиз. Қаранг, бургут сизни қандай балодан асрабди. Сиз ичмоқчи бўлган сув эмас, илоннинг заҳари экан.
Подшоҳ илонни кўргач, вафодор қушни ўлдирганига пушаймон бўлибди. Аммо вақт ўтган, пушаймондан не наф?
Мен ҳам акамнинг бошини кесиб, олиб келсам-у эртага эса афсуслансам, пушаймонликнинг фойдаси бўлармикин, деб ўйладим.
Шоҳ сукут қилди. Бу орада учинчи жондорнинг навбати келди. Шоҳ бунисига ҳам аввалгисига берган фармонни буюрди. Жондор итоат билан амрни бажармоқ учун акаси ётган хонага кирди. Қараса, акаси ҳотиржам ухлаб ётибди. Бошни узишга ҳарчанд ҳаракат қилса-да, қондошлик меҳри ғалаба қилиб, шоҳ истагини амалга оширолмай, қайтди.
- Эй шаҳриёри олам! Фармонингизга биноан акамнинг бошини узмоқчи эдим, лекин, бир ҳикоя ёдимга тушиб, ҳузурингизга қайтдим. Ижозат этинг, бу ҳикояни айтиб берай.
Подшоҳ изн бергач, жондор нақлни бошлади:
- Қадим Ҳиндистонда яшаган баджаҳл ва бадҳашам бир подшоҳнинг фарзанди йўқ экан. Вақти соати келиб Парвардигор унга фарзанд ато этибди. Боланинг келажакда улуғ зот бўлиши қиёфасидан ҳам билиниб тураркан. Подшоҳ унинг тарбиясини улуғ донишмандларга топширибди. Подшоҳнинг «росу» аталмиш жонивори бор экан. Илон ва сичқонларга қирон келтирувчи бу кичик жониворни подшоҳ яхши кўраркан.
Бир куни энага юмуш билан ташқарига чиққанда, шифтдан илон тушиб, шаҳзода ётган бешик сари ўрмалабди. Росу унга ташланиб, узоқ олишувдан сўнг уни ўлдирибди. Бу онда энага қайтиб қарасаки,оғзи тўла қон росу бешик ёнида турганмиш. Энага буни кўрибди-ю «росу шаҳзодани еб қўйди», деб ўйлаб, дод сола бошлабди. «Росу шаҳзодани ўлдириб, еди» деган шум хабардан ўзини йўқотган подшоҳ югура келиб, гурзи билан бир уриб, ўзи севган жониворни ўлдирди. Кейин, сал ҳовури босилиб, бешикка қараса-ки, шаҳзода ширингина ухлаб ётибди. Бешикнинг нариги томонида эса боши ғажиб ташланган катта илон ўлиб ётганмиш. Нима воқеа юз берганини англаган подшоҳ росуга ачиниб, кўп қайғурибди-ку, аммо фойдаси бўлмабди. Мен ҳам ўша подшоҳга ўхшаб пушаймон бўлиб қолмайин, деб акамнинг бошларини узишдан ўзимни тийдим.
Бу ҳикояни эшитгач, шоҳ жондорнинг акасини чақириб келишни амр этди. Гумондаги ака келгач, подшоҳ унга ғазаб билан деди:
- Мен маликанинг тахти ёнидан ўтаётганингни кўрдим. Наҳотки, подшоҳларнинг ғазаб ўти озгинагина шабададан ҳам аланга олишини ва бу алангани ҳеч қандай сув ўчира олмаслигини билмасанг?
Бунга жавобан йигит деди:
- Шаҳриёрим, иффат ва поклигим туфайли мен хатардан қутулдим. Мухлис тобеларига нисбатан подшоҳларнинг шубҳа ва гумонлари ўринсиз, деганлар. Агар бунинг исботи лозим бўлса, тахти хоб остига қарасинлар, жондор қулларининг қай даражада содиқ эканига ўзлари гувоҳ бўлгайлар.
Подшоҳ тахти хоб остига қараб, илонни кўрди-ю мушфиқу меҳрибон жондорининг садоқатига қойил қолиб, ҳадялар берди.
Мазкур ҳикоятдан мурод шулки, ҳар ишга таҳаммул, сабри бардош керак. Сабрсизлик – шошқалоқликнинг оқибати ҳамиша аянчлидир. Шошқалоқлик фожиа билан тугамаган тақдирда ҳам кишини кўп ташвишлар ботқоғига ботиради, саргардон қиладики, бу ҳикоя фикримизга далил бўлиши мумкин:
Нақлким, ўз касбининг устаси бўлган бир заргар яшар эди. Унинг довруғидан хабардор бўлган подшоҳ «хазинамдаги дурру гавҳарларни саралаб берсин», деб ҳузурига чақиртирди. Заргарнинг хотини ҳомиладор эди, хайрлашар чоғида: «Агар ўғил туғсанг, яхши ният билан Рўзбеҳ қўй, агар қиз туғилса, ихтиёр ўзингда, - деб бошкент сари йўл олди.
Вақти-соати етганда заргарнинг хотини эгизак ўғил кўрди, бирига, эри буюрганидек, Рўзбеҳ, иккинчисига Беҳрўз деб исм қўйди. Заргар бир йил давомида подшоҳ ҳизматини бажарди. Хотини тужжорлар орқали бериб юборган мактубларида оила аҳволини баён қилиб турди. Бир йил ўтгач, заргар уйига қайтиш учун подшоҳдан изн сўради. Заргарнинг ишидан кўнгли тўлган подшоҳ уни қўйиб юборгиси келмади. «Оилангга хабар қил, бунга кўчиб келишсин», деб амр қилди.
Заргар: «Яна сабр қилай, заруратсиз уй-жойни ташлаб келиш ақлдан эмас», деган қарорга келиб, оиласини чақиртирмади. Йил ўтди, подшоҳ барибир унинг уйига қайтишига руҳсат бермади. Шу зайлда орадан олти йил ўтди. Охири, сабри тугаган заргар оиласини олиб келиш учун ишончли одамни жўнатди. Заргарнинг хотини икки ўғли билан узоқ йўл юриб, бошкент яқинидан оқиб ўтувчи дарё бўйига етганда дам олиш учун тўхтади. Шу куни заргар ҳам истироҳат умидида дарё соҳилига чиққан эди. Заргарнинг хотини дарахтзорда уйқуга кетган, болалари соҳилда ўйнаб юришган эди. Заргар болаларни кўрди-ю танимади. Соҳилда таҳорат олиб, намоз ўқиди. Ҳамёни таҳорат олган жойда қолган эди. Намоз ўқиб бўлиб қарасаки – ҳамён йўқ. Болалардан «ҳамённи кўрмадиларингми?» деб сўради. «Кўрмадик», дейишди болалар. «Бу атрофда сенлардан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамёнимни қайтарларинг, бўлмаса, адабларингни бераман», деб дўқ қилди заргар. Болалар яна инкор этишди. Заргар қанчалик пўписа қилмасин, қўрқитмасин, болалар «кўрмадик», деб тураверишди. Ғазабдан тутоқиб кетган заргар икковини дарёга улоқтирди. Бу орада хотини уйғониб, соҳилга келди.
- Ўғилларим қани?-деб сўради заргар ундан.
- Соҳилда ўйнаб юришган эди,-хотини шундай деб болаларнинг ташқи қиёфасини, кийимларини тасвирлаб бергач, заргар ўз ўғилларини дарёга улоқтирганини англаб, доду фарёд қилди. Узоқ кунлар давомида фарзандалари фироқида қон йиғлади. Охири деди-ки:
- Мен бу ерга фарзандларим ризқини топарман, деб келган эдим, Худо уларни олганидан кейин бу шаҳарда қолишимга эҳтиёж йўқ.
Шундай деб заргар бошкентни тарк этди.
У ўлди, деб гумон қилган ўғилларини Худо асраган эди. Дарё тўлқини эгизаклардан бирини ўнг соҳилга,иккинчисини чап соҳилга чиқариб ташлаганди. Иттифоқо, қўшни мамлакат подшоҳи шикорга чиққан эди, соҳилда мажолсиз ётган хушрўй болани кўриб унга меҳри тушди, ундан бу ерга келиб қолиш сабабини сўради. Бола баджаҳл одамнинг сувга улоқтирганини айтиб берди.
- Исминг нима?-деб сўради подшоҳ.
- Беҳрўз, - деб жавоб берди бола.
- Исминг ҳосиятли экан, мен сени ўзимга ўғил қилиб олдим.
Иккинчи болани қароқчилар топиб олишган эди. Улар болани қулбозарда сотиб юборишга аҳд қилдилар. Ўша куни заргар ҳам бозорда эди. Савдога қўйилган қулбаччага меҳри тушди-ю, сотиб олиб уйига олиб келди. Болани кўрган хотини: «Бу сизнинг ўғлингиз!» деб ҳушдан кетди.
Заргар «Худо бир боламни қайтиб берди, энди подшоҳ хизматига борай», деб бошкентга қайтиб, подшоҳни воқеадан огоҳ этди. Подшоҳ унинг саройдаги мавқеини баланд қилди. Заргар ўғлига ҳунарини ўргатди. Йиллар ўтиб, Рўзбеҳ бу касбда донг таратди. Заргар унга дастмоя бериб, савдогарликка жўнатди.
Бу замонга келиб, Беҳрўзнинг тутинган отаси вафот этиб, унинг ўрнига мамлакатга подшоҳ бўлган эди. Унинг адолатидан раият шукроналикда эди. Рўзбеҳ тижорат билан шу мамлакатга етганида сарой аҳли подшоҳга у олиб келган безакларнинг таърифини қилдилар. Беҳрўз тижоратчи заргарни ҳузурига чақиртирди, аммо укасини танимади. Рўзбеҳнинг ҳунарига тасанно айтиб, сарой хизматига таклиф этди.
- Бизларга сиздай подшоҳга хизмат қилиш вожибдир, - деди Рўзбеҳ таъзим билан. - Аммо ўзга юртдаги қари ота-онамга хизмат қилиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Агар бўйнимда шу бурч бўлмаганида аъло ҳазратларига жону дилим ила хизмат қилардим.
Беҳрўзнинг истаги билан Рўзбеҳ ота-онасига мактуб йўллаб, уларни бу шаҳарга чорлади. Иттифоқо, қўшни мамлакат подшоҳи бу юртга ҳужум қилиб, барча лашкар жангга отланди. Бир куни Беҳрўз Рўзбеҳни ҳузурига чорлади. Узоқ суҳбат қурдилар. Подшоҳ толиқиб уйқуга кетганда Рўзбеҳ «Саройда посбонлар ҳам қолмади, азонгача ухламай, подшоҳни қўриқлай», деган мақсадда қиличини яланғочлаганича сергак турди. Урушда танг аҳволда қолган лашкарбоши подшоҳга чопар юборди. Чопар саройга келиб қараса-ки, Рўзбеҳ подшоҳнинг ёнида қилич яланғочлаб турибди. У «подшоҳга суиқасд бўляпти», деган гумонда Рўзбеҳни ҳибсга олди. Бу онда уйғонган Беҳрўзга «Бу одам сизга қилич урмоқчи бўлганда тутдик», дедилар.
- Мен сенга нима ёмонлик қилиб эдим-ки, ўлимни раво кўрдинг?-деб сўради Беҳрўз.
- Подшоҳимнинг умрлари узун бўлсин, қарасам, бу кеча посбонлар йўқ экан. Бирон кори-ҳол юз бермасин, деган ўйда қилич яланғочлаб, посбон вазифасини бажараётган эдим. Ҳасадгўйларнинг гапларига қулоқ солманг.
Лекин Беҳрўз бу гапларга ишонмай уни зиндонга ташлатиб, ўзи жангга кетди. Ғанимни енгиб қайтганида Рўзбеҳнинг ота-оналари ҳам бу юртга етиб келишган эди. Ўғилларининг зиндонбанд этилганини билиб, зор-зор йиғлаганларича подшоҳга арзга келдилар. Қайғу-ҳасратларини бир бошдан баён қилишгач, подшоҳ ўрнидан турди-ю тахтдан тушиб, уларни қучоқлади.
- Беҳрўз ўғлингиз мен бўламан, мен нодон ўз укамни зиндонбанд этган эканман, - деб шу ондаёқ Рўзбеҳни озодликка чиқартирди.
Шошқалоқлик авжга минганда сабри таҳаммул чекинади. Сабри таҳаммул чегинганида эса ранжи алам сели ёпирилади. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда ибрат бўлсин деб бу икки ҳикояни баён этдик. Албатта, ҳозир тахти хоб ёнида илонни ўлдирувчи жондорлар йўқ, ўғилларини дарёга улоқтирувчилар ҳам топилмайди. Аммо шошқалоқликларини жиловлай олмаганлар кўпким, уларга сабр тилаймиз.
Биламизки, кўп ёшларга насиҳат ёқмайди. Ҳаётда мустақил юра оламан, ўзимнинг йўлимни ўзим топаман, дегувчи мутакаббур ёшларимиз бир оз шошмасинлар. Бизнинг узун суҳбатлармиздан безмасинлар. Бизнинг бу ғойибона анжуманимиз қуруқ насиҳат эмас, балки ҳар бир инсон билиши ва амал қилиши лозим бўлган ҳикматларнинг баёнидир. Бир ўқишда барча ҳикматларнинг онгимизга сингдириб олишимиз қийин. Шу боис, қайта-қайта ўқишдан эринмайлик. Фарзанлари билан ҳар куни ҳикматлардан сабоқ олувчи файзли оилалар борлигини биламиз. Кўчат экиб қўйган билан боғ бўлмайди. Қаровсиз боғнинг мевалари қандай бўларкин? Маънавий оламимизни бир боғ деб тасаввур этсак, ҳикматлар китобидан баҳраманд бўлишимиз бу боғни парвариш этишимиздир. Бу онда муҳтарам китобхонларимизни бир аҳил оила деб тасаввур қилиб, ҳикматлар дастурхони атрофидаги суҳбатларимизни давом эттиришни лозим топдик.
Оиланинг бузилишига сабаб бўлувчи баҳоналар кўп. Баҳоналарнинг айримлари тутуруқсиз бўлса, айримларида жон бор кўринади. Хотин десаки, “эрим топганини кўчада совуради, уйда барака йўқ”. Эр десаки, “не машаққатлар билан топиб келганимнинг қадрига етмайди, исроф қилади. Ўн кило пиёз олиб келсам, вақтида сараламагани учун ярми ириб кетади. Овқатни ачитиб, ариққа ташлайди...” Шунга ўхшаш даъволарни сиз, азизлар ҳам тез-тез эшитиб турасиз, тўғрими? Демак, ардоқли ёшларимиздаги исрофга таалуқли билим оз экан-да? Бу хасталикни муолажа этишда балки эндиги суҳбатимиз асқотиб қолар?
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар