1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Уяли порнография”

...Америка Қўшма Штатлари Федерал суди Хоултон шаҳрида яшовчи Жошуа Данстонни мобил телефонида порнографик фильм сақлагани учун айбдор деб топди. 27 ёшли бу шахс АҚШда порнографик фильмни ўз телефонига ёзиб олгани учун жазоланган биринчи фуқаро бўлди...

“УЯЛИ ПОРНОГРАФИЯ”

Бугунги кунда уяли телефон орқали шахсни бадном қилувчи беҳаё тасвирларнинг тарқалиб бораётгани ҳам дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда. Тадқиқотлар шахсни бадном қилувчи ёки жинсий эркинликка қаратилган ҳуқуқбузарликлар кўпинча телефон орқали содир этилаётганини кўрсатмоқда.
Маълумотларга қараганда, уяли телефон орқали порнографик фильмларни тайёрлаш ва тарқатиш энг тез ривожланаётган бизнес турига айланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда уяли алоқа воситалари орқали порнографик маҳсулотлар тарқатиш ҳисобига дунё миқёсида ҳар йили 2 миллиард доллар атрофида даромад кўрилган.
Ҳозирда юртимизда ҳам уяли алоқа абонентлари сони салкам 15 миллионга етди. Бу яхши албатта. Бироқ замон, шароит уяли алоқа хизматидан фойдаланувчи ҳар бир кишининг мобил телефонидан фойдаланиш одоби, қонун-қоидасини билиши ва унга амал қилиши зарурлигини тақозо этмоқда. Тўғри, истаган киши қўл телефонидан эркин фойдаланиши мумкин, аммо бу бошқаларнинг шахсий дахлсизлигига тажовуз қилиш, дегани эмас.

ЖАЗО

Ўтган аср бошларидан халқаро миқёсда порнографик маҳсулотларга қарши кураш бўйича қонунлар кучга кира бошлаганди.
Жумладан: Хитойда порнографик маҳсулотларни нафақат Интернет, балки телефон орқали тайёрлаш ҳамда тарқатганлик учун умрбод қамоқ жазоси, Австралияда порнографик сайтлар аниқланса, уларнинг ҳар кунлик фаолияти учун 55 минг доллар жарима, Малайзия қонунларида эса, ҳаёсиз тасвирларни тарқатган шахсларга нисбатан 5 йиллик қамоқ жазоси ҳамда 13 минг доллар миқдорида жарима белгиланган. Арманистон, АҚШ, Беларусь, Германия, Грузия, Жанубий Корея, Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Украина, Эстония, Япония давлатларининг қонунчилиги таҳлили ҳам шуни кўрсатадики, уларда порнографик маҳсулотлар муомаласи учун жуда қаттиқ жавобгарлик бор.
Шунга қарамай, айрим нопок кимсалар томонидан порнографик маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш ҳолларининг учраётгани ачинарлидир.

ДИНИМИЗДАН

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир», дедилар».
Шундай мўминлар борки, буни била туриб, фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадилар. Булар ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунё-ю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар”, деб марҳамат қилган. 

ЎЗБЕКИСТОНДА

1991 йилда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Қонун юртимизда ёшлар масаласига мустақилликнинг илк кунлариданоқ алоҳида эътибор берилганидан далолатдир. Шунингдек, контрафакт маҳсулотларни олиб кириш ва чиқиш ҳамда мамлакатимиз ҳудудида тарқатилишига йўл қўймаслик учун етарли даражада қонунчилик асоси таъминланган. Бу соҳада қатор махсус давлат идоралари сергак ишламоқда. Халқаро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, ривож топмоқда.

Шунингдек, ўтган йилнинг апрел ойидан бошлаб кучга кирган яна бир Қонун Ўзбекистонда порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш учун курашни янада кучайтиришга қаратилган.
Унга кўра, порнография, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотларни тарқатиш учун энг кам иш ҳақининг 400 дан 600 баробаригача жарима, аҳлоқ тузатиш ишлари, 6 ойлик ҳибсга олиш ёки 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

ЭГАСИНИ ТАНИМАГАН ИТ

Тўғри, таъқиқ инсонда қизиқиш ҳиссини кучайтириши бор гап. Чунки тийиқсиз нафс шаҳватга мойил яратилган, у гуё порох каби тез ёниш хавфи бор моддага ўхшайди. Бу каби моддалар эса ўт-учқундан қанча узоқ бўлса, шунча тинч ва хатарсиз бўлади. Бугунги она сути оғзидан кетмаган “йигитча”лар турли йўллар билан мамлакатга четдан олиб келинаётган фаҳш тўла газет-журналлар, китоблар, филмлар ёзилган тасма ва дисклар билан «танишиб» қони жунбушга келади. Қони қайноқ Шарқ йигитларини ана шу бузуқ жозибалар исканжага олади.
«Нафс семирса, охир-оқибат эгасини йиқитади. Кишининг нафси овчи итга қиёс: агар у семириб кетса, эгасининг ҳақини ҳам танимайди. Ёки киши нафси ёш болага ҳам ўхшайди. Қорни тўйса бас, чопиб кетаверади. Сен эса унинг орқасидан излаб юрасан» («Қутадғу билиг»дан)

ВИРТУАЛ ХИЁНАТЛАР

Биргина интернетдаги ахлоқсизликлар сабабли кўп жуфтлар оилада нормал муносабат ўрната олмаслиги исботланган. Интернетга боғланиш имкони бор ҳар бир киши тилига истаганича эрк бериши, истаган нарсасига кўз югуртириши, истаганини ёзиши мумкин. Унинг устида на бир назоратчи, на бир ҳад-чегара олдида тўхтатиб қолгувчи бор.
Бугунги кунда роса урфга айланаётган интернет-танишувларнинг ҳам ижобий хусусиятларини рад этмаган ҳолда, айримлар учун унинг салбий оқибатларидан ҳам шунчаки кўз юмиб бўлмайди. Кимнингдир эри ёки хотини бегоналар билан ижтимоий тармоқлар, форумлар орқали танишиб, учрашиб юрганлиги туфайли туппа-тузук оилаларнинг бузилиб кетаётганлиги ҳақидаги ҳикояларни эшитяпмиз...

ҚЎҒИРЧОҚНИНГ КУНИ БИТДИМИ?!

Туйғулар оқади экрандан...
Кечишиб қўғирчоқ баҳридан
Бу ҳолни қизчалар кўради...
(Қўшиқдан)
Бугун телеканалларимизда “айланаётган” айрим клип, реклама ва сериалларнинг ҳам салбий оқибатлари хусусида кўп ва хўп гапирилди. Яна бир очиқ гапки, бўй етиб қолган қизларимизнинг ибо-ҳаёси, кийиниш маданияти-ю ўзларини тутиши тўғрисида ҳам фақат эринчоқ одамгина ёзмади ёки нимадир айтмади. Илгари кўп ўйинлар бўларди. Болаларимиз кўчадан бери келмасди. Қизалоқларимизнинг қўлида қўғирчоқ... Бугун-чи?! Улар биз билан теппа-тенг ўтириб, ёшига мос келса-келмаса, биз кўраётган “саҳна”ларни бемалол томоша қилишяпти. Болам нимани тушунарди, деб хотиржам ўтирамиз. Аммо, улар зимдан бир-бирига кўз уриштиришиб пиқир-пиқир кулишади. Афсус... бизнинг “аҳмоқлигимиз” устиданми ё ўзларининг ўта ақлли бўлиб кетаётганликларидан кулишяптими, билолмайсиз. Ёки энди ўйинлар, қўғирчоқларнинг бирор маъноси қолмаяптими?! Наҳотки сизга бу табиий ҳолдек кўринса...

БУЗУҚЛИК КАСОФАТИ

Европада миллионлаб аёллар оила қуриш, фарзанд туғиб-тарбиялаш деган тушунчаларни аллақачон унутган. Англия марказий статистика бюросининг маърузасига кўра, мамлакатдаги ҳар юз нафар чақалоқдан йигирма учтаси никоҳсиз, зинодан дунёга келган.
«Балоғатга етмаган 200 минг нафар қиз оталарининг ўз номусига тажовуз қилмоқчилигидан ҳимоя қилишни сўраб судларга мурожаат қилган» (Англиянинг «Гардиан» газетасидан)
Британияда оила қурганларнинг учдан бири тезда ажралади. Францияда ўтказилган сўровга кўра, ўқувчи қизларнинг 48 фоизи никоҳсиз туғишни айб санамайди. Тайланддай кичик мамлакатда бир миллион аёл фоҳишабозлик билан машғул. Қўйди-чиқдилар, ўз жонига қасд қилишлар, етим болалар сони бўйича ҳам «эркин дунё» ҳаммадан олдинда.
Россия Халқ рассоми Иля Глазунов: «Уларнинг бош ғояси барча халқларни миллий хусусиятларидан маҳрум этиш ва демократия террори орқали бир долларлик пулда ёзиб қўйилгани каби «абадий янги тартибларда» бутун дунёда ҳукмронликни ўрнатишдир» («АиФ», 2006 йил, 17-сон).

СЎНГГИ СЎЗ

Тўғри, “қўрққан олдин мушт кўтарар” деганларидек, жазавага тушиб, бақир-чақир қилиш ожизларнинг иши. Лекин, юқорида айтганларимизнинг ҳаммасини ҳам жимгина томоша қилиб бўлмаяпти-да. Ҳозир ҳеч бўлмаса, ортимиздан улғайиб келаётган болаларимизнинг тарбияси билан шуғулланиб, уларда ахборотни саралаш, кераксиз маълумотлар ва беҳаё фильмлардан ўз ихтиёри билан воз кеча олиш кўникмасини шакллантиришга жиддий эътибор беришимиз лозим. Чунки, фарзанд тарбияси ўзбек оиласида ҳамиша биринчи ўринга қўйиб келинган. Унутманг: у сизу-биздан ибрат олади.

Сарвар САФАРОВ тайёрлади