Мақолалар
Ўзликни англаш
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Биз ўз-ўзимизга шунчалик ўрганиб кетганмизки, ҳатто эътибор ҳам бермаймиз. Йўқ. Мен бошқача эътиборни, соатлаб ўзини ойнага солишни эмас, балки ўз-ўзини севиш, қадрлашни назарда тутяпман.
Баъзида ўзимизнинг камчиликларимизни яшириб хато қилмасликка ҳаракат қиламиз. Бу эса ўз ўрнида биздан сохталикни талаб қилади. Оғир, босиқ бўлсак, ўзимизни қувноқ, ҳушчақчақ қилиб кўрсатамиз ёки аксинча шўх ва хушчақчақлигимизни жиддийлик, босиқлик билан ниқобламоқчи бўламиз. Қарабсизки, ўзимизни ўзимиз чеклаб қўямиз. Билиб-билмай қилиб қўйган арзимас ҳатоларимиз учун ўзимизни маълум муддатгача койиб юрамиз. Киши ўз хатоларидан хулоса чиқариши яхши албатта, лекин ўз-ўзини доим сиқувга олиш, ўз-ўзидан кўнгли тўлмаслик ҳам яхши десак янглишган бўламиз. Ахир айтишадику: «Ўзини ҳурмат қилган киши бошқаларни ҳам ҳурмат қилади», деб. Хуллас, қуйидаги мавзу айнан шу ҳақда.
Ичимдаги мен
«Ўзим, мен...» бу сўзлар бизга ёд бўлиб кетган. «Ичимдаги мен...» буни эса ҳар ким ўзича тушунади. Кимдир менинг ичимдаги мен бу ичимда овозсиз гапирадиган, бирор қарорга келсам баъзида қарама қарши фикр билдирадиган нарса деб ўйласа, бошқа биров орзу-умидларим, талаб-эҳтиёжларим, истак-хоҳишларим менинг ичимдаги мендир деб билади. Айримлар эса бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган.
Сиз ҳар куни кўзингиз тушадиган (ишингиз тушадиган десак ҳам тўғри бўларди) кўзгуга, яна ҳам тўғрироғи кўзгу ортида сизнинг ҳар бир ҳаракатингизни такрорлайдиган одамга ҳеч зимдан разм солганмисиз? Кулсак кулиб, қовоқ солсак жавобан хўмраядиган бизнинг аксимиз аслида бизнинг ичимиздаги менимиз хисобланади. Биз фақат кўзгу қаршисидагина ўзимизни тўлиқ кўра оламиз. Гавдамизни, юзимизни, кўзимизни…
Мутахассисларнинг фикрича, кишининг кунлик умумий кайфияти маълум даражада унинг кўзгу ёнидан қандай узоқлашганига ҳам боғлиқ экан. Ўзининг ташқи кўринишидан, масалан соч турмагидан кўнгли тўлмай кўзгу ёнидан узоқлашган киши кун бўйи тушкун, ҳорғин кайфиятда юрар экан. Агар киши тонг саҳарлаб кўзгу қаршисида ўзига табассум ҳадя этса, ҳаммаси жойидалигига ўзини ишонтириб, кўзгудан узоқлашса, демак унинг кун давомидаги умумий кайфияти юқори бўлиши исботланган экан. Бундан чиқди, кўзгуга кулиб қараш мақсадга мувофиқ бўлар экан.
Ўзни севиш, ҳурмат қилиш, ўз-ўзидан кўнгли тўлиш
Келинг, сиз билан қуйидаги оддий, лекин самарали машқни амалда синаб кўрайлик!
Эртадан бошлаб сиз қуйидаги сўзларни такрорлаб юришни одат қилинг: «Мен ўзимни қўллаб қувватлаяпман», «Мен ҳаммасини тўғри бажаряпман». Бу ибораларни шу қадар кўп такрорлангки тилингизга ўрнашиб қолсин, кунига олтмиш, етмиш марталаб ичингизда такрорлайверинг.
Агар бирор хатога йўл қўйсангиз (бу кичик хато бўлса албатта), «Менинг ўрнимда бошқа биров ҳам шундай қилган бўларди» деб ёки «Ҳамма ҳам янглишади» деб ичингизда такрорланг. Ўзингизни койиб, сиқилиб юришдан эса зарар бўлса бордир, аммо фойда йўқ.
«Мен ўзимни қўллаб қувватлаяпман». «Мен ҳаммасини тўғри бажаряпман»… Бу сўзларни такрорлашдан чарчаманг, майли улар сизнинг вақтинчалик шиорингизга ҳам айлана қолсин. Бунинг самарасини эса бир, бир ярим ойдан кейин, ишларингиз яхшиланиб, юришиб бораётганидан, кайфиятингиз кўтарилиб, сизнинг атрофдагиларга ва атрофдагиларнинг сизга бўлган фикри яхши томонга ўзгариб бораётганидан ва энг асосийси ўзингиздан кўнглингиз тўлиб бораётганидан билиб олишингиз мумкин бўлади. Агар хаёлингизга «Қанақасига ўзимни қўллаб қувватлашим мумкин, агар ташвишим бошимдан ошиб ётган бўлса?» ёки «Хатоларимни кўриб туриб ҳаммасини тўғри бажараётганимга ўзимни ишонтириш аҳмоқлик!» деганга ўхшаш фикрлар келса, уларга парво ҳам қилманг. Биласизми, ўз фикрларингизни жиловлаб олиш вақти келди. Ҳар нима бўлганда ҳам машқни давом эттириб бораверинг.
Айримлар бу машқни бекорчи гап ёки фойдасиз деб ўйлашар. Майли бу каби фикрлар сизнинг ҳам хаёлингизнинг чеккасидан аста ўтиб кетаверсин. Улар сизга ҳеч қандай тўсқинлик қила олмайди, буни ўзингиз истамасангиз албатта. Фикрларимиз бизнинг устимиздан ҳеч қандай ҳокимлик қила олмайди, то ўзимиз уларни танлаб тасдиқламагунимизча.
Ўз-ўзини хурмат қилиш деганда, яна ўз фикрига эга бўлиш ҳам тушунилади. «Бировнинг ақлли фикрига қўшилгунча, ўзингнинг беақл фикрингни тарбияла» — бу ўта мағрур инсонларнинг дегани; «Нотўғри бўлса ҳам ўз фикринг бўлгани яхши-да» — деб қўшиб қўйишади яна улар. Бундай одамларни, харчанд уринманг, ўз фикридан қайтара олмайсиз. Хадеб ўзиникини маъқуллаш ҳам ёмон, аммо хадеб бошқаларнинг фикрини маъқуллаб, ўз фикрини қурбон қилавериш, бу — энг ёмони.
Айтайлик, ўқишингизда ўқитувчингиз ёки ишхонангизда бошлиғингиз сизни ишёқмасликда айбласа, сиз унга жавобан яхши ўқиб ёки намунали ишлаб, ўзингизни кўрсатиб қўйишга киришасиз. Аммо, «ҳа, мен ишёқмас эканман», деб ўқиш ёки ишлашни умуман ташлаб қўймассиз ахир? Оддий мисол: агар мен сизга ҳар доим «сиз ялқов тошбақасиз», деб такрорлайверсам, сиз мени ақлдан озибди деб ўйлашингиз аниқ эди. Бироқ бунга ҳеч қачон ишонмаган бўлардингиз.
Яна бир гап. Агар сиз менинг имкониятларим менинг гавда тузилишимга ва ташқи кўринишимга узвий боғлиқ деб ўйласангиз, қаттиқ янглишасиз. Бенуқсон одамнинг ўзи йўқ бу дунёда. Аксарият ҳолларда биз камчиликларимиз деб ҳисоблаган томонларимиз аслида бизни бошқалардан ажратиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Биз бошқаларга, бошқалар эса бизга ўхшай олмасликларини, бунинг сира иложи йўқлигини тан олишимизга тўғри келади.
Яратганнинг қудрати билан бирор бир қор парчаси ёки ёмғир томчиси бир-бирига ўхшамайди, такрорланмайди. Бизнинг қўл изларимиз ҳам ҳар хил — худди ўзимизга ўхшаб. Яратган шундай бўлишини хоҳлаган. Шундай экан ҳар доим, ўзимизни бошқа биров билан солиштиришни бас қилишимиз керак. Кимгадир ўхшашга ҳаракат қилиш, бу — ўзлигини йўқотишдай гап. Биз бу дунёга ўз ҳаётимизни яшаш учун келганмиз ва унда фақат ўз ролимизнигина ижро этамиз. Биз ҳеч кимнинг тақдирини ўзгартира олмаганимиздек, бошқа биров ҳам бизнинг тақдиримизни ўзгартира олмайди. Кимдандир кам, кимдандир кўп бўлиб яшаётганимизнинг ўзи бир бахт ахир! Кимдир ҳам айтган эди: «Камчиликларинг устида бош қотиргандан кўра устунликларинг устида ишла, ана шундагина бирор натижага эришасан», деб. Шундай экан, бугундан эътиборан ўзингизни қайта кашф қилинг, ўзингизни қадрлашга, севишга киришинг. Ахир бунга сизда талай сабаблар бор: Сиз — ҳеч кимга ўхшамайсиз, ер юзини айланиб чиқиб ҳам сиздай одамни топиш амри махол. Сиз — биттасиз. Сиз, бу — сизсиз.
Бахром Калон
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар