1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Оилали фоҳишалар

Кейинги пайтларда хиёнат сабабидан парокандаликка учраётган оилалар ҳақида кўп эшитяпмиз. Бу ҳол ёш оилалар қолиб, ўн-ўн беш йил, балки ундан ҳам кўпроқ бирга ҳаёт кечирган эр-хотинлар орасида ҳам юз бераётгани ачинарли ҳол. Ҳаёт аччиқ-чучугини татиб кўрган, оқ-қорани ажрата оладиган кишиларнинг бу тахлит шармисорлик билан ажралиши таажжубга солади кишини. Минг хижолатлик билан сабабини сўрасангиз, тап тортмай:
—    Эрим билан чиқишолмай қолдик. Менга ишонмайди. Ҳар қадамимни пойлайди. Бунақа ҳаёт кимга керак?!- дейишади чимирилиб.
Шунча йил бирга яшаб, энди эри ишонмай қолган экан. Демак...
Умуман олганда никоҳига, оиласига хиёнат қилиш, шаҳвоний нафсга эрк бериш халқимизда ва динимизда қаттиқ қораланади. Гарчи эркакнинг хиёнати “йигитчилик”ка йўйилиб оқланиб олинса-да,

Аёл хиёнати кечирилмайди!

—    Ўғлимнинг оиласи бузилиб кетди, икки неварам ўзимда қолди, - дейди  Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган онахон.- Келиним ёмон йўлга кириб кетди. Ўғлим билан ажрашишганди, бундай нопок аёл оналикка, бола тарбиялашга нолойиқ деб, болаларни ўзим тарбиялайдиган бўлдим. Фарзандларимни уйли-жойли қилиб тинчидим, энди хотиржам нафас олсам ҳам бўлади, деб турганимда бу кунлар ҳам бошимда бор экан. Бир пайтлари аёлларнинг хиёнати ҳақида гапириш, эшитишнинг ўзи ор эди.  Ҳозир ҳар куни кимнингдир хотини, келини ё қизи хиёнат устида эрининг яқинлари томонидан ушлангани ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалиниб туради. Одамлар шармандаликдан шарм қилмай қўйдилар чоғи? Ёш-ёш жувонларни кўрсангиз, алламбало кийимларни кийволишган. Кўзлари бежо, қачон қараманг кўчада. Орқаваротдан эшитсангиз, оиласи бузилган бўлиб чиқади. Номигагина эрга тегиб чиқишган, ўзларининг айтишича юзларини ёруғ қилиб олиш учун. Энди ажрашиб олиб хушига келганини қилиб юришибди. Икки ўртада яна қийинчилик, азият болаларга! Невараларимни яхши парвариш қилишга, меҳр беришга ҳаракат қиламан, аммо барибир онаси бўлолмайман-да! Болага она меҳри, она тарбияси зарур! Оналарнинг аҳволи эса ҳалиги!..
Оиласидаги етишмовчилик ёки эрининг рўзғорни таъминлай олмаётганини важ қилиб шаҳвоний нафси йўлига кириб кетган аёлларни ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди! Эҳтиёжмандлик ҳеч қачон ахлоқий бузуқликка сабаб бўлмаган, бўлмайди ҳам! Аёлнинг нопок йўлга қадам босишининг битта ва битта йўли —  тийиқсизлик ва маънавий қашшоқлик!

Ундай шармандаликнинг бошқа ҳеч қандай изоҳи йўқ!

Пайғамбар алайҳиссалом дейдилар: «Уч хил ёмон сифат бордирки, улар (маънавий) фақирликдандир. Буларнинг бири ёмон хотиндирким, бирга бўлсанг, озор беради, йўқ бўлсанг, хиёнат қилади».
Аввалига эрининг топиш- тутиши кўнгилдагидек эмаслигидан нолиб юрган аёл уни Россияга ишлагани жўнатиб юборди. Уч-тўрт ой ўтиб аёл ҳақида ҳар хил гап-сўзлар чиққан эди, у эрининг яқинларига: “Аёл киши эрсиз юрса соғлигига ёмон таъсир қилар экан. Нега эрим мени ташлаб кетворди” деб хиёнатини изоҳлаган экан. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, аввалига пулинг йўқ деб эр бечорани камситиб, уни бегона юртларда сарсон-саргардонликка юбориб, кейин никоҳига хиёнат қиляпти-ю, шу туришида ҳам эрини айбдор қиляпти.
Хиёнатини соғлиги учун ниқоб қилиб олган аёллар бугунга келиб орамизда анчани ташкил қиляпти.  “Жинсий ҳаёт нормал тарзда бўлмаса аёл кишида ҳар хил хасталиклар келиб чиқиши мумкин экан”. Кейинги пайтларда шундай беўхшов, бетийиқ гапларни кўп эшитяпмиз. Уруш пайтларида гўшангаларда бева қолиб кетган бувиларимиз нима қилишган экан-а? Айримлари 17-18 ёшида бева қолиб бир умр турмуш қурмай ўтишган. Аммо ўша пайтларда аёллар жинсий хасталиклари деган гаплар ҳозиргидек глобал муаммога айланмаган-ку! Хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам аёлнинг хиёнати ўз

Айбини ёпиш учун баҳона!

Анчадан бери кўрмаган таниш аёлни учратиб қолдим. Гап орасида турмуши бузилганини айтди. Ҳеч хаёлимга келмаганди. Сабабини сўрагандим, тайинли жавоб йўқ. Тўғрироғи, 15-20 йиллик турмушини осонгина бузиб юбораётган аёлларнинг “кўҳна” ва қабиҳ “қўшиғи”ни куйлади:
—    Эримда кўнглим йўқ. Меҳр бермайди. Рашкни баҳона қилиб жанжал чиқараверади. Бир неча марта мени дўппослаган. Охири чидолмадим, уйдан чиқиб кетдим. Энди у билан яшамайман. Ўғлимни унга қолдирдим, ўғил болани орқамдан судраб юриб нима қиламан?! Қизим ўзим билан...-  Аёл гап орасида яна “одноклассники.ру” сайтидан синфдошларини топиб олганини, айниқса, ёшлигидан ўзига севги изҳор қилавериб, ортидан қолмаган собиқ синфдош дўсти билан топишганини гапирганди, вазиятни чамалаб улгурдим. Демак синфдош билан ёзишмалар, телефонда кечаю кундуз гаплашишлар оқибатида ўн беш йиллик оила парокандаликка учраган. Қирқ ёшли аёлнинг ҳиссиётларга берилиб, шунчаки танишига ёшликдаги севгилиси ҳақида тўлқинланиб гапириши ғашимни келтирди.
—    У мени никоҳига олмоқчи,- деди у яна энтикиб-севиниб.- Аммо хотинидан истиҳола қиляпти шекилли. Мен жуда бахтлиман, жудаям,- дейди яна сурбетларча. Чамаси 30-40 дақиқалар давомида аёл собиқ синфдош севгилиси, уни йигирма беш йилдан бери севиши ваҳоказо ва ҳоказолар ҳақида тинмай гапирди. Уни эшитганимдан афсусланиб кетдим. Гўёки кўнглим кирланди. Агар яна бироз ёнида ўтирсам, дилимда тўлиб-тошган нафратим тилимга кўчиши муқаррар эди.
—    Ҳозир унақалар жуда кўпайиб кетган, -дейди бир дугонам ўзаро суҳбатимизда.- Қайнэгачим ўтирса-турса қўлидан телефон тушмайди. Кап-катта хотин бунча телефонда ким билан нимани гаплашаркан, деб ғашлансам, одноклассники.ру сайтидан аллақандай мактабдошими синфдошинимией топиб олган экан. Уялмай-нетмай ўша билан ёзишаркан. Яна тап тортмай, “унинг гапларини соғиниб қоламан” дейди ҳам. Гапларини эшитиб ўзимдан уялиб кетдим...
Биз ўзбекмиз, биродар, ўзбекларнинг турмушида “Лайли- Мажнун”чилик кетмайди! Бизда турмуш қурган жуфтлар бутун ҳаёт давомида бир-бирига ЧИДАБ яшайди! Бошқаси бекор! “Эрим менга бефарқ”, “Бир пайтлари у мени севарди, ҳозир буни умуман эсламайди”, “Гул кўтариб келиб севги изҳор қилмайди, хиёбонларда айлантирмайди” деган важ-корсонлар билан эридан нолиб юрадиган аёлдан-да энг хунук, энг разил мавжудод бўлмаса керак дунёда! Бизнинг тамойилда аёл – фидоий бўлиши керак! Аёл-эрию болаларига қалқон, ғамхўр, меҳрибон бўлиши шарт! Вафодорлик ҳақидаку қайта -қайта эслатиш шарт эмас. Аммо афсуски, бугунга келиб айрим аёллар касрига ўзбек аёлининг асл қиёфасига қора чизиқлар тортилмоқда.

Гуноҳлигини унутган гуноҳ

— Аёл хиёнати, оилали бўла туриб нопок йўлларга кириб кетган бузуқ аёллар ҳақида гапириш тугул, ундайлар ҳақида эшитишнинг ўзи кишини ларзага солади, -дейди журналист Ҳусен Тангриев куюнчаклик билан.- Истеъдодли ижодкор Иқбол Қўшшаева бундай иллатлар ҳақида ёза туриб, “ Гуноҳ гуноҳлигини унутиб қўймоқда” деган эди... Чиндан ҳам, никоҳига, эрига хиёнат қилган аёллар аёллигини унутиб қўйган махлуқотлардир. Ундайларнинг жирканчлиги касри боласига уради. Таассуфки, гуноҳ жабрини бегуноҳлар тортади. Боласи оғримаса ҳам , ўлмаса ҳам, бузуқ аёлдан туғилган, фоҳишанинг тарбиясини (агар уни тарбия дейиш жоиз бўлса!) олган боладан келажакда нима каромат кутиш мумкин?! Аёлнинг бузилгани- наслнинг бузилгани эмасми, биродар?!

Эркак хиёнатни кечирадими?

Минг афсуски, айрим ҳолларда даюс эркаклар хотинининг хиёнатини кўриб-била туриб индамай юраверишади. Бу кўпинча хотин боқувчи бўлган оилаларда кўзга ташланади. Ҳатто айрим ориятсиз эркаклар хотини чет элларда танасини сотиб топиб юборган пулларга данғиллама ҳовли-жойлар қуриб яшашдан, хорижий русумдаги автомашиналарда юришдан ҳеч уялишмайди. Ундайларни Худо уриб қўйган! Унақалар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» («Нур» сураси, 26-оят).

Ислоҳ этилмайдиган хато!

Мулоҳазаларимиз аввалида хиёнаткор аёлларнинг яъни, оилали фоҳишаларнинг қилмишларига “эрим узоқда” ёки “эрим касал, соғлигим учун жинсий ҳаёт зарур экан” деган шармандали иқрор билан ниқоб тортиши ҳақида гапирдик. Мақолани тайёрлаш жараёнида  интернет сайтларининг бирида келтирилган далилга кўзимиз тушиб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик. Кўпчиликка маълумки, ислом оламида бева қолган ёки эридан ажрашган аёл учун тўрт ою 10 кун мобайнида идда сақлаш буюрилади. Ғарб тиб олимларининг аниқлашича, бир марта эркак билан бирга бўлган аёлнинг бачадонида эркак манийси тўрт ой давомида сақланар экан. Тўртинчи ойдан ошиб ўтгач, аёл организми секин-аста тозаланиб борар экан. Шунингдек, англиялик олимлар бир эркак билан жинсий яқинликда бўлиб туриб, орада танаффус қилмай иккинчи эркак билан  жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касалликлар пайдо бўлишини исбот қилдилар.
Фоҳиша ишлар, зинокорлик, ҳайвоний ҳирсга асир бўлиш динимизда ҳам, жамиятимизда ҳам мутлақо оқланмайди! Ундай хатолар ҳеч иккиланмай ислоҳ этилмайдиган хатолар сирасига киради. Хато ислоҳ этилмаса, киши умрбод виждон азобидан ўртаниб яшайди. Ҳаётнинг лаззатини, маъно мазмунини кўрмай ифлос ботқоқда гўнг пашшаю қўнғизга ўхшаб умр кечирадиганлар ҳам виждон азобини англармикинлар?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 67 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ