Мақолалар
Ҳолимизга маймунлар йиғламасин, биродар!
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 29 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Россиянинг “Одноклассники.ру” сайти жуда қисқа фурсатларда аҳоли орасида оммалашди. Айни пайтда Ўзбекистонда ўрта ҳисобда 10 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар “одноклассники.ру” сайтида рўйхатдан ўтиб улгурган. Айниқса бу борада ёшларимиз, янаям аниқроғи, ўсмирларимиз анчайин фаолдирлар. Ўсмир ёшларнинг ижтимоий тармоқлардаги қиёфаси ва улар томонидан муҳокама қилинаётган мавзулар кишини ўйга толдиради.
“Одно”- Пўлат Аламдор фотогаллареяси
Ижтимоий тармоқларда соатлаб вақт ўтказаётган ўсмирларимизнинг ўзаро мулоқотларини кузатиб, даҳшатга тушади одам. Аксарият ўсмир йигитчалар ўз аккаунтларига туркиялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Қашқирлар макони” фильми бош қаҳрамони Пўлат Аламдорнинг суратини қўйиб олишган бўлса, ўсмир қизлар профили хорижнинг аёл қўшиқча ва актрисаларининг беҳаё суратлари билан тўла. Микропост, статус, гуруҳлар ва блокларда ўсмир ёшлар томонидан муҳокама қилинаётган мавзулар ўсмир ёшларнинг маънавий дунёсини яққол кўрсатиб беради. Энг ачинарлиси, ижтимоий тармоқлар ўсмирларнинг китоб ўқиш, айни ёшлик чоғида илм ўрганиб, келгусидаги ҳаёти учун асқотадиган малака ва билимларни эгаллаш фурсатини бой бериб қўяётганига сабачи бўляпти. Нуфузли олий ўқув юртига қарашли лийцейда ўқиётган жияним узузкун қўл телефонига титклиб ижтимоий тармоқларда вақт ўтказишдан бери келмайди. Бир куни “Китобингни ўқисанг, дарсинингни қилсанг бўлмайдими?! Шу однога кирмасанг, фейсбукда вақт ўтказмасанг шохинг синиб қоладими?!” деб танбеҳ бергандим, “ўқийдиган китоб қани...” деб ғудраниб қўйди. Тўғриси, ўсмирларнинг беҳуда бой берилаётган ва ҳавога совурилаётган вақтига ачиниб кетасан. Аммо, бошқа томондан ачиниш тугул, дод солиб йиғлашга арзирли ҳолатлар ҳам бор. Бу - ижтимоий тармоқлардаги ўсмирларнинг одоб-ахлоқи, маънавий қиёфасидирки, бу ҳолатлар ҳақида гапиришнинг ўзи оғриқли.
“Мени яхши кўрсанг, суратингни юборасан!”
С. Исмли 9-синфда ўқийдиган қизча одноклассники.ру сайти орқали танишган йигитига ўзининг беҳаёларча устида либоси бўлмаган ҳолатдаги суратларини жўнатади. Одноклассники орқали С билан севишиб юрган йигит эса қизча юборган суратларни интернет сайтларига қўйиб юборади. Бу гаплар ўқувчилар орасида оғиздан оғизга кўчиб, мактаб ўқитувчилари ва маъмурияти қулоғига етади. С.ни директор хонасига чақиртириб бу шармандалик сабаби сўралганда, қизча ҳеч иккиланмай “Бу менинг ишим! Яқинда мактабни тамомлайман. Мен ёш бола эмасман. Йигитим агар мени чиндан яхши кўрсанг, яланғоч ҳолатингда суратга тушиб, менга юборасан деди. Мен уни яхши кўраман, шунинг учун айтганини қилдим!” деб кескин жавоб берибди. Ёшгина қизалоқнинг бунчалик юзсизлигидан ҳайрон қолган ўқитувчилар ўқувчи қизнинг ота-онасини мактабга чақиртиришади. Аммо ота-она ўрнига мактабга қизчанинг бувиси келади. Бўлган гапдан хабар топган буви шармисорликдан бошини кўтаролмай қизи билан куёви, яъни С.нинг ота-онаси ишлаш учун хорижга кетганини, кекса ҳолида ўсмир қизнинг тарбиясига кучи етмаётганини айтиб кўз ёши қилади.
“...- Ота-онаси ўша ёқлардан аллақандай телефон юборишибди. Кечаю кундуз на бирор иш қилади, на китоб ўқийди, қачон қарасам ўша телефон қурғурни титкилаб ўтирган бўлади. Нима қилаётганини, кимлар билан гаплашаётганини мен қаердан биламан? Гапирсам бақириб берса, гап қайтарса, кучим етмаса нима қилай?..” –деган экан буви ўқитувчиларнинг сўроқ-саволига жавобан.
Бу каби хунук воқеаларни кўп эшитяпмиз, айрим ҳолларда ўзимиз гувоҳи, ҳаттоки, шундай ҳолатларнинг бевосита иштирокчисига ҳам айланиб қоляпмиз.
“Манга класс босворингла, мингта класс йиғмоқчиман!..”
Ўсмир ёшларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги маънавий-ахлоқий қиёфасини билиш учун турли ўсмирлар профилларига “меҳмон” бўлдик. “Бегимнинг Ягонасиман” деган профил эгаси актриса Дилноза Кубаеванинг суратларини қўйиб олган экан. Муҳокамаларига кўз ташлар эканмиз, саводсизларча ёзилган беҳаё дил изҳорлари ва уларга билдирилган фикрлар изоҳини ўқиб, тўғриси уятдан ерга кириб кетгулик бўлдик. “Бегимнинг Ягонасиман”нинг дўстлари рўйхатини кўздан кечириб, бирма-бир ўсмирларнинг профилига “саёҳат” уюштирдик. Суратлар юқорида таъкидлаганимиздек, Риҳанна, Дима Билан, Энрике Иглесес, Максим, Акцент ва ҳоказоларга ўхшаган оммавий маданият “намоёндалар”ининг фотогаллареясидан иборат. Ҳар хил ҳашароту, жониворларнинг сурати солинган танасини кўз-кўз қилиб турган яланғоч эркагу аёлларнинг суратидан кўнгилайнар ҳолатда безиб, микропостлардаги муҳокамаларга назар ташлаймиз. Имловий хатолар билан ғиж-ғиж тўлган муҳокама учун ёзилган фикр (агар профиллардаги алжирашларни шундай дейиш мумкин бўлса!)ларни келтирамиз айрим муштарийларимизнинг асаби бузилиб, тепа сочи тикка бўлиши эвазига. Ўсмир йигитлар профилидаги муҳокамалар: “Muchka ya tebya lublyu”. “Oldinlari bolla yashirip sigarit chekkan busa, hoz yashirip Ummon eshitvoti”.“Puli kop, chiroyli qizla bilan tanishaman”. “Hammenglaga salom”… Ўсмир қизлар профилидаги муҳокамалар: “Man sani kunda bir marta oyliyman. Lekin wunga 24 soat voxtim ketadi”.“Jonim sizni juda sevaman”.“Bolla bilan tanishaman”. “Sizi sog’inaman sog’in4im”… Шу кетишда, келажак авлод лотинча “sh” ни “w”, “ch” ни “4” деб алфавитга ўзгартириш киритишликни даъво қилишмаса, майли эди! Микропостлардаги “Илтимос, класс босворила, мингта класс йиғмоқчиман” деган зорланишларни ўқиб, бу класс дегани ош-нон бераркан, чоғи, деб ҳам ўйлаб қоласан киши.
Ўсмир ёшлар профилига “сайр” қилсангиз юқорида келтирилган гаплар нақ ҳолва бўлиб қолади. Беҳаё гап-сўзлардан иборат статуслар ва уларга қолдирилган изоҳларни ўқиб уят ва шармандаликдан дод деб юбориш аниқ.
“Дадамни друзямдан ўчирдим”
- Друзямда дадам ҳам бор эдилар, однода жиззахлик бир қиз билан севишаман, шунинг учун дадамни ўчириб юбордим,- дейди интернетдаги ижтимоий тармоқларнинг фаол иштирокчиси бўлган ўсмир йигитча.- Мен у қизни севмайман. Тўғриси, севги нималигини билмайман. Чунки биринчи синфдан бери кўп қизларни севганман. Проста зерикмаслик учун однода ўша жиззахлик қиз билан севишаман. У мени севаркан. Ўзи фақат айтади. Менга фарқи йўқ. Курсдошларим орасида однода қизлар билан севишиш мода бўлгани учун мен ҳам однодан қиз топганман...
Бу каби ўсмирларнинг гап-сўзига қулоқ оссангиз, юз оғиз гапидан атиги бир оғзида тузукроқ маъни пичоққа илинмайди. Ғашингиз келади, афсуслар қиласиз. Ўзингизнинг ўсмирлик даврингиз билан солиштирасиз.
Назоратсиз қолаётган ўсмир
Ўсмирлик давримизда ўсмирлар учун мўлжалланган фильмлар бўларди.Ўқиётган китобларимизни ота-оналаримиз, ўқитувчиларимиз назорат қилишарди. Баъзан қизиқиш устунлик қилиб хориж сериалларини яширинча томоша қилганимизни кўриб қолишса, аёвсиз жазоланардик. Ҳозирги ўсмирлар-чи? Аксарият ўсмирлар оилада ота тарбиясидан мосуво бўлиб улғайишяпти. Оталар ишлаб пул топиш важидан чет элларда юрибди. Рўзғор юмушлари, турмушнинг ташвишлари устига болалар тарбияси ҳам ўзига қолиб кетган она эса ҳаммавақт ҳам ўсмир фарзандини назорат қилишга вақт ва имкон тополмайди. Айрим оналарнинг ўзи эса тарбияга муҳтож. Ҳатто одноклассники деб номланган ижтимоий тармоқ ниқобидаги вақт ютар ва пул сўрар дажжолнинг чангалидан ўша оналарнинг ўзлари халос бўла олмаяптилар.
Шундай оналарнинг фарзандларидан нима кутиш мумкин?..
- Ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардаги профилларини кузата туриб, наҳотки умумий ўрта-таълим мактаблари ва коллеж-лицейларда шундай дунёқараши тор, маънавий дунёси ғариб, саводсиз ўқувчилар таҳсил олаётган бўлса, деган хаёлдан даҳшатга тушади киши,- дейди “Фейсбук” ижтимоий тармоғи орқали биз билан боғланган, ўзини Тошкент Ислом Университетининг талабаси Абдулазиз деб таништирган юртдошимиз.-Айниқса, ўсмирлар томонидан муҳокамага қўйилаётган фикрлар, зинонинг сўз орқали тасвири... Айрим ҳолларда ўз кўзинг билан кўриб турган нарсангга ҳам ишонгинг келмайди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтган ўсмир йигитларнинг аксарияти, деярли ҳаммаси десак ҳам фикримиз ёлғон бўлмайди, турк кино ижодкорларитомонидан суратга олинган “Қашқирлар макони” сериалининг бош қаҳрамони Пўлат Аламдор образининг суратлари билан шахсий саҳифаларини тўлдириб юборишган. Ўсмир қизлар эса, минг афсуски, хорижнинг ҳатто ўзининг халқи ҳам нафратланадиган қўшиқчи аёлларининг ярим яланғоч танаси тасвирланган суратларини профилига қўйиш билан гўёки уларга ҳавасли эканини билдиряптилар. Ота-оналар, ўқитувчилар, умуман ўсмирларнинг бундай аянчли аҳволидан хабардор катталарнинг кўзи қаёқда? Ўсмирларни оммавий маданият ботқоғидан вақтида тортиб олмасак, кун келиб ҳолимизга маймунлар йиғламаслигига ким кафолат беради?..
Дарҳақиқат, ҳозирги кунимизда ахлоқсизликни маданиятлилик белгиси деб билиш, миллий маънавий қадриятларни ҳурмат қилмаслик каби ҳолатлар оила муқаддаслиги, инсоний муносабатлар ва ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу хусусда мулоҳаза юритар эканмиз, элимизнинг асрлар давомида сайқалланиб келган орият, андиша ва тавозеъ, одоб-ахлоқ каби чин инсоний фазилатлар тушунчалари оммавий маданият таъсирида ўзининг асл моҳиятини йўқотаётганидан ташвишга тушади, киши.
Уят- ўлимдан қаттиқ
- дейди халқ. Чиндан ҳам, уят ва ориятдан айро тушган киши одамийлик қиёфасини буткул йўқотган бўлади. Омма ҳузурида беҳаё-бепарда жумлаларни бемалол ишлатиш учун киши уят, ор-номус, ҳаё деган тушунчаларни ҳатто тушида ҳам кўрмаган бўлиши керак. Ҳазрат Навоийнинг:
“Оғизга келганни демак нодон иши ва оллиға келганни емак ҳайвон иши”, деган ҳикматомуз сўзларини эсга тушади, шундайлар ҳақида ўйлаганда.
- Масаланинг бошқа томони ҳам бор, -дейди бир ҳамкасбим.- Сиз назарда тутган ўсмирларнинг ҳали дунёқараши етарлича шаклланиб улгурмаган. Уларни тўғри йўлга бошлаш керак. Ўсмирларга улар ҳавас қиладиган аллақайдаги террорчи Пўлат Аламдор ёки хорижнинг беҳаё қўшиқчи ва актрисаларидан бизнинг қаҳрамонларимиз эмаслигини, ўзбек халқининг асл қаҳрамонлари, миллат фахри ҳисобланган фарзандлари борлигини катталар, уларнинг ота-оналари уқтиришлари шарт. Лекин ота-оналар ва ўқиутвчиларнинг ўзлари ҳам ана шундай фахрдан кўра нафратгакўпроқ лойиқ кишилар суратларини аватар шаклида қўйиб олиб, турли профилларда ижтимоий тармоқларда вақт ўтказишяпти.Болалар ибратни кўз олдидаги катталардан оляпти-да!..
Мулоҳазаларимизни аниқ бир фикр билан якунламоқчи эмасмиз. Бу борада ўқувчининг ҳам айтар сўзлари бор. Мақолага эса миллатнинг фидоий мураббийи ва мутаффаккири Абдулла Авлоний айтган қуйидаги фикр асносида нуқта қўйишни жоиз билдик:
“Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилгувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар... кечаги тарбиясига эътибор берилмаган болалардир”...
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар