1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Шаҳватдан қутулишга ёрдам берадиган омиллар

Шаҳватдан қутулиш ҳозирги кунда кўпчилик ёшларнинг фикрини банд қилиб қўйган. Ҳа, кўп инсонлар шаҳват балосига гирифтор бўлган. Шунинг учун ҳам бу мавзу ўзининг долзарблигини сақлаб келмоқда. Келинглар, ушбу муаммодан қутулишга ёрдам берадиган бир қанча омиллар билан танишиб чиқамиз.

1. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан назарни сақлаш.
Ҳаромга, жумладан, номаҳрамга назар солишдан кўра қалбга зарарлироқ нарса йўқ. Агар сиз Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қарамасликка астойдил ҳаракат қилиб, фақатгина ҳалол-пок нарсаларга қарашга одатлансангиз бунинг фойдасини албатта кўрасиз. Қалбингиздаги гуноҳга мойиллик ҳисси ўз-ўзидан камаяди. Қараш деганда фақат кўчада юрганда номаҳрам аёлга қарашни тушунмаслик керак. Бунда кино, расм, интернет сайтлари, газета-журналлар, шаҳватни жунбушга келтирувчи турли ҳикоя ва қиссалар ҳам назарда тутилади.
2. Зеҳнни ёмон хаёллардан бошқа тарафга буриш.
Зеҳнга ёмон хаёл келиши биланоқ уни бошқа маълумотлар билан банд қилиш, фойдали нарсалар ҳақида ўйлаш лозим. Шаҳват орқали келиб чиқадиган гуноҳнинг оғирлигини, унинг аянчли оқибатини, бир дақиқали лаззатнинг бир умрлик надоматга айланишини ўйлаш ҳам шаҳвоний нарсалар ҳақида ўйламасликка ёрдам беради. Зеро, шаҳватларни жўштирадиган нарсалар ҳақида тафаккур қилиш мазкур гуноҳга қўйилган биринчи қадамдир. Агар бу нарса ўз вақтида тўхтатиб қолинмаса, кейинги қадамларни босишга ҳам имкон туғилади, йўл очилади.
3. Номаҳрамлар билан аралашиш.
Масалан, бозорларда, автобусларда, тўйларда ва бошқа жамоат жойларида бегона аёллар билан аралашиш, уларнинг баданига тегиниб кетишдан сақланиш лозим.
4. Таом ва ичимликларга ҳам эътибор бериш.
Баъзи таом ва ичимликлар инсон танасида шаҳватнинг кучайишига сабаб бўлади. Ҳозирги кунда бу нарса тиббиёт олимлари томонидан тасдиқланган, қолаверса, кўпчиликка ҳам сир эмас.
5. Муздек сув билан бош, бўйин, икки қўл ва жинсий аъзоларни уйқудан тураётганда ва уйқуга ётаётганда ювиш.
Бу ишни ҳар гал шаҳват қўзиган пайтда қилиш ҳам яхши самара беради. Бундан ташқари жинсий аъзоларни доимо тоза тутиш, ҳаром тукларни вақтида йўқотиш ҳам ўша аъзолардаги иссиқликни камайтиради. Шунингдек, қиш ойларида ўта қалин кўрпага ўраниб ётиш баданнинг ҳаддан ташқари исиб кетишига сабаб бўлади. Бу иссиқлик ўз ўрнида шақватнинг қўзғалишига туртки бўлади.
6. Бўш вақтларда ҳам бирор фаолият билан машғул бўлиш.
Инсон бундай пайтларда бирор машғулотга берилиши, қўли ва фикри бўш қолишига асло йўл қўймаслиги керак. Масалан, овга чиқиш, бирор фойдали китоб ўқиш ва бошқа ишларни қилиш орқали хаёлга ёмон нарсалар келишининг олдини олиш даркор.
7. Яхши суҳбатдош билан бирга бўлиш.
Зеро, ёмон суҳбатдош ҳам кишини шаҳватлар ботқоғига ботишига ёрдам беради. Шунинг учун хулқи, одоби, дунёқараши, фикрлари солиҳ бўлган киши билан суҳбатдош бўлиш, ана шундай кишилар билан бирга юриш ёмон нарсалардан узоқ бўлишга кўмак беради. 
Аллоҳ таоло барчамизни шаҳват ва нафс истакларидан узоқ юриб, икки дунёнинг бахт-саодатига эришадиган бандалардан қилсин, омин!

Нозимжон Ҳошимжон