Мақолалар
Илоҳий ахлоқ
- Подробности
- Бўлим: Фарзанд
- Чиққан санаси: 03 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Коммунистик жамият умрини яшаб бўлгач, назаримизда нопоклик барҳам топгандай бўлди. Аммо бу масалада хулоса чиқаришга шошилманг, азизлар. Жамият йўқ бўлгани билан унинг раҳнамоси — шайтон тирик.
Шайтонга сажда қилувчилар эса кам эмас. Яқинда халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланган москвалик Гинзбург деган физик олим телевидение орқали гапириб: «Худо йўқ, қиёмат, фаришталар, у дунё деган тушунчалар қуруқ сафсата», деб очиқ айтди. Бу шунчаки бир одамнинг фикри эмас, унинг атрофида неча юзлаб ёки минглаб ёки унданда кўп маслакдошлар борлигини унутмаслик керак. Агар у ёлғиз бўлганида бу қадар шаккокликка журъат қилолмаган бўлар эди. Биз айни ўринда художўйлик ёки шаккоклик хусусида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз ахлоқ асосларига назар ташлаш экан, савол бермоқчимиз: «Худога ишонмайдиган одам бошқаларга яхшиликни раво кўриши мумкинми? Уни ахлоқ бобида комил инсон дея оламизми?» Дейлик, ўша «олим» (аслида уни «олим» дейишга ҳам тил бормайди) мукофотини олиш учун Норвегияга борадиган пайтда онаси (хотини ёки фарзанди) ўлим тўшагида ётибди. Хўш, у сафардан воз кечадими? Онасининг ёнида ўтириб рози-ризолик тилайдими? Бизнингча, бундай қилмайди. Худони танимаган онани танийдими, айтинг-чи? Бу ҳам ўтмиш жамият тарбиясининг меваси. Шукрларким, кейинги ўн-ўн беш йил орасида кўплар бу ботқоқдан қутула олишди. Бироқ... шайтон яна қанча одамлар кўзига бу сассиқ ботқоқни зилол сувли кўл суратида кўрсатяпти экан?
Донолар айтмишларким, Одам боласи кичик гуноҳга қасд айласа, шайтон дер: «Буни қилгил, бунда кўп зиён йўқдир». Одам боласи шайтон сўзига кириб кичик гуноҳни қилгач, сўнг каттароғига ўтади. Бора-бора иш куфрлик билан тугайди. Шундан сўнг бу киши Аллоҳнинг даргоҳидан йироқ бўлиб қолади. Юқорида баён қилганимиз донолар фикрини исбот этмайдими? Атрофимизга қарайлик-чи, Аллоҳдан йироқлашаётганларни кўрмаяпмизмикин? Кўрсак, қандай чора-тадбир қиляпмиз?
Ёшинг етган сари феълинг санинг ёш,
Кўзинг ёши қани, э мағзи йўқ бош?
Ҳазрати Сўфий Оллоҳёр байтларида бу маъно бор: «Ёшинг улғайган сари ҳануз ёшлигингдаги нарсаларни тиларсан. Қартайганингни билмай ҳануз ҳавойи нафс кетидан қуварсан. Эй бемаъни бош, йиғлаш пайтинг келган бўлса-да, қани, кўзларингда ёш йўқ-ку?»
Бундай ҳолларда кўзда ёш йўқлиги ҳам бир фожиадир. Бу ўринда шоир Аллоҳдан қўрқиб йиғлашни назарда тутяпти-ки, бунда ҳикмат кўпдир. Аллоҳнинг Расули с.а.в. буюрадиларким: «Кимки Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, кўкракдан чиққан сут қайтиб кўкракка кирмагунича, у ҳам жаҳаннамга кирмайди» - яъниким, кўкракдан чиққан сут кўкракка қайтиб кирмаганидек, тақводорлар ҳам жаҳаннамга кирмайдилар, дейилмоқчи. «Рақоиқул-ахбор» («Нозик хабарлар») деган китобда шундай бир хабар баёни бор:
«Қиёмат куни бир кишини олиб келишади. Савоблари билан гуноҳлари қиёсланиб, гуноҳлари оғирроқ чиққач, шунга яраша жазога тортиш ҳақида амр берилганида, киприкларидан бир толаси тилга кириб, дейдики:
- Эй Раббим, сенинг расулинг ҳазрати Муҳаммад - унга саломинг ёғилсин - «Ким Аллоҳ қўрқувидан йиғласа, Аллоҳ у кўзни жаҳаннам оташига ҳаром қилади», деб буюрган эди. Мен дунёдалигимда сендан қўрқиб йиғлаган эдим-ку?!
Шунда Аллоҳ ўша кишини афв этади, дунёда Раббидан қўрқиб йиғлаган бир киприк толасидаги нам туфайли уни азобдан қутқаради. Жаброил эса:
- Фалон киши Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган бир киприк толаси ҳурмати, жазодан озод қилинди,-деб эълон қилади».
Биз тилимизда «ахлоқ» деган сўзни тез-тез ишлатамиз. Аммо унга сифат бермаймиз. Одам зотига қандай ахлоқ зарур? Албатта илоҳий ахлоқ - яъни Аллоҳ томонидан буюрилган ахлоқ. Буни «Расулуллоҳнинг ахлоқлари» деб атасак ҳам бўлади.
Устозлар ҳикоя қиладилар:
Бир одам чўлда кетаётиб бадбашарани кўради ва ундан «Сен кимсан?»- деб сўрайди. Бадбашара «Мен сенинг ёмон амалларингман»,-дейди. У одам: «сендан қутулишнинг иложи борми?»- деб сўраганида, у: «бор, бунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) гўзал ахлоқига эга бўлишинг ва унга салоту салом йўллашинг керак!»-деб жавоб берган экан.
Ана шундай гўзал илоҳий ахлоққа етишмоқлик барчамизга насиб этсин! Бу бахтга одамийлик мулкига эга бўлмоқлик ила эришиш мумкинлигини унутмасак бас. Юсуф Хос Ҳожиб ҳазратлари айтадиларким: «Қиз эрмас бу ялнчуқ, кишилик қиз ўл» («ялнчуқ» - одам демакдир, «кишилик» - одамийлик, «қиз» - «қадрли» деган маънони англатади. Ҳикматнинг мазмуни: «Одамнинг ўзи қадрли эмас, одамийлиги қадрлидир»). Ана шу қадрга етишмоқлик йўлларини излаб кўрайлик.
Тоҳир Малик, «Одамийлик мулки»
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар