1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Эҳ, ҳозирги ёшлар

Ўзбегимнинг танти шоири «Эҳ, ҳозирги ёшлар!» деб нола қилганида, кўп масалаларни очиб берган кўринади. Шеърни билган-билмаган бор, озгина маълумот берадиган бўлсак, унда ёшлар ҳақида кўп сўзлар айтилган. Бир қария отахон ёш авлоднинг ўзгариб кетаётганидан қаттиқ нолийди. «Бу ёшлар уялмайди-я, биз отамизни кўрсак, соямизни ҳам топиб бўлмасди, ҳозиргилар ота-онасига дарс ўқитади-я» деган мазмунда ёш авлод хусусида мулоҳазалар қилади. Аммо шеърнинг жозибали томони шундаки, отахон охир-оқибат замонанинг зайли билан тараққийлашиб кетаётган ёшларни оқлашга ўтади. «Ҳозирги ёшлар биз билмаган нарсаларни билади, коинотга қадам қўйди, ҳисоб-китоб илмида катта кашфиётларни қўлга киритди» ва ҳоказоларни санаб, шеър охирида ёшларга омадлар тилайди, ўзининг билмаганини билган авлоднинг устунликларини эътироф этади.
Шеърнинг силсиласи ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Қаёққа қараманг, катта ёшлилар келажак авлод хусусида салбий фикрларини ўртага ташлашади. «Ёшлар айниб кетяптида, олдинги пайтда тиззасини кўрсатиб қўйган қиз фоҳиша деб гумон қилинса, ҳозирги қизларга тизза очиш «маданият» бўлиб қолди. Биз ота-онамизнинг олдида телевизорга қарай олмасдик, ҳозиргилар эса уйда одам бор-йўқлигига эътибор қилмаган ҳолда, сериал томоша қилишади» ва шунга ўхшаш дашномлар эшитилади. Аммо Эркин Воҳидов айтганидек, давомидан ёш авлоднинг компьютер соҳасидаги билимлари мақталади.
Улар шу ёшда ота-оналарининг тушларига ҳам кирмаган «учта даблю»ларни териб, интернетнинг уёғидан кириб, буёғидан чиқиб кетишади. Биз билмаган кўп соҳаларни ҳам билишади деб, келажак авлод ҳақига дуолар қилинади. Хуллас, парадокс! Бошида роса танқид қилинади, кейин шиддат ила тараққийлашиб кетаётган авлод оқланади. Нега шундай, деган савол туғилиши турган гап. Бунинг жавоби мўътамад китобларимизда мукаммал суратда бериб қўйилган. Келинг, ана шу саҳиҳ хулосаларга таяниб, ушбу ҳолатни муолажа этайлик.
Ёшларнинг илмда эришаётган ютуқлари ҳар доим мақталашига сабаб, умрнинг асосий қисмини яшаб бўлган отахонлар, ўрта ёшлилар бу илмни энди қўлга кирита олмасликларига ишонч ҳосил қилган бўлишади. Шу боис, ўзлари бажара олмаган ишни ўсиб-улғаяётган авлод амалга оширишига умид боғлашади. Донишмандлардан бири таъкидлаб ўтган насиҳатга қулоқ беринг-а, нақадар гўзал: «Фарзандларингизни келажак замон тушунчаси билан тарбияланг, чунки у сизнинг замонингизда эмас, балки ўзининг замонида яшайди!»
Мана шу буюк насиҳатга биноан фарзандларимизга дунёвий илмларни кўпроқ ва мукаммал ўрганишлари учун замонавий воситаларни кўпроқ ишлатишимизга тўғри келади. Аммо маънавият масаласида янгилик қидирилмаслиги лозим. Чунки бир элнинг маънавияти қанчалик узоқ муддатга бориб тақалса, унинг авлоди шу қадар салоҳиятли бўлиб тарбия топади. Япон фарзанди компьютер оламида дунёни титратиб турса-да, инглиз тилидан олдин япон тилини мукаммал ўрганиб олади. Бу унинг маънавияти етук эканлигига далил. Мана шу икки нуқтани яхшилаб ажратиб олишимиз лозим. Келажак авлод дунёвий тараққиётга эътиборсиз ҳолда улғаймаслиги керак, аммо шу билан биргаликда, буюк меросимиз саналмиш маънавият гулшанида ҳам ўзига тегишли неъматлардан ризқланган бўлмоғи даркор.

... У компьютер саҳифаларини бемалол варақлагани билан келажак ишларини европача ҳал қилишга ўтиб олмасин!
... У дунёвий илмларнинг энг янгиларидан олсин-у, маънавият масаласида қадимдан давом этиб келаётган қадриятларимизда собит турсин.
... У замона зайлига кўниб, дунёнинг энг сара автомашиналарида юрса ҳам, машина ичкарисида кимларгадир тақлид қилиб, фоҳишаларни олиб юрмасин.
... У энг тараққий этган илмлар бўйича диссертация ёқласин-у, ота-бобосининг урф-одатлари топталаётганида, кулибгина: «Бу менинг муқаддас тарихим, унга қўл теккизманг!» дея олсин.
... У ҳисоб-китоб ишларида энг олди ишчилардан бўлсин-у, муқаддас китоблари ҳаром деб ҳисобланган йўлларда жавлон уришликдан ор қилсин!
... У энг гўзал бинолар бунёд этиб, ичкариси-ю, ташқарисини энг чиройли анжомлар билан безаб қўйсин-у, ҳақиқий Бунёдкор ҳақида ўй сурганида, кўзларига ёш келсин.

Мана шунақа фарзанд тарбиялайлик, азизлар! Шунда шояд, мункиллаб асога суяниб қолганимиз-да «Эҳ, ҳозирги ёшлар!» деб афсус чекмасак!