Мақолалар
Иқрорлик изтироби
- Подробности
- Бўлим: Муаммолар
- Чиққан санаси: 17 Октябрь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Тўртинчи ўғлимни ҳам тупроққа топширдим. Ўғлимнинг ортидан кетгим, бу бевафо дунёда ортиқ қолгим келмаяпти. Ўғилларимнинг ўлимида фақат ўзимни айбдор қиламан. Аслидаям оиламиз дуч келаётган бахтсизликларнинг бош айбдори ўзимман. Масъулиятсизлигим, рафиқалик, оналикни эплолмаганим, охирини ўйламай иш тутишим бутун оила бошига, эримнинг бошига оғир мусибатларни ёғилишига сабаб бўлди.
Эрим- яхши одам. Бошқа таърифларни келтириш шарт эмас. Шунинг учун ҳам бугун тазарру онларида эримнинг олдида содир этган гуноҳларимга иқрор бўляпман. Иқрорлик пушаймонликлар билан бирга юрагимни ханжар каби тиляпти...
Фаросатсизлигим катта ўғлимнинг бошини еди. Баҳор кунлари эди ўшанда. Исириқ тутатдим. Бешикда ётган ўғилчамга ҳам исириқ тутатиб, ёпинчиқни ёпдим. Эшик деразаларни ҳам маҳкам ёпиб, кир ювишга киришиб кетибман. Бу орада чақалоқ ўғлим ётган уйнинг деразаси тагига келиб, йиғламаяптимикан, деб тез-тез хабар олиб турдим. Кирларни ювиб бўлдим, яна тизилиб қолган бошқа юмушларимни адо этдим ҳам, болам йиғламаяпти. Кўп ухлади, энди уйғотиб эмизайин, деб уйга кирсам, хона тутунга тўлган. Нафас олишнинг имкони йўқ. Жон ҳолатда бешикка отилиб, ёпинчиқни очсам, болам шўрлик ўлиб ётибди. Шунда ҳам эрим менга бир оғиз қаттиқ гапирмади. Қайтанга, ҳаммасини тақдирга тўнкаб, фақат кўнглимни кўтариб, мени юпатиб юрди. Учинчи ўғлимни ҳам Аллоҳ менга буюрмаган экан. Уни ҳам менинг ношудлигим нобуд қилди. Кейинги ўғилларим эса...
Энди булар алоҳида ҳикоя. Кейинги уч йил ичида кетма-кет икки марта фарзанд доғини кўришим- менга эримга қилган ёмонлигим, шундай беғубор, содда, кўнгли меҳр-муҳаббатга тўла одамни йиллар давомида алдаб юрганим учун, қилмишларимнинг жазоси бўлди. Афсуски, эримга қилган ёмонликларимнинг бадалини тўлаш жуда оғир келди...
Тўнғич қизим “дипломатия Университетида ўқийман”, деб оёқ тираб олди. Биринчи йили ҳужжат топшириб, кириш имтиҳонидан ўтолмади. Ўшанда дадаси Россияда ишлаб юргандилар. Иккинчи йили ҳам ўқишга киролмади. Мен қизимга қўшилиб дадасини алдадим. “Мастура дипломатия Университетига контрактда ўқишга кирди” дегандим, дадаси қувонганидан ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Жуда севиниб кетди, бечора. Кейин Худодан ҳам қўрқмай, бетимни қаттиқ қилиб, эримдан “Мастуранинг ўқишига” , “Мастуранинг конрактига” деб пул олавердим. Опа-сингилларимга пул зарур бўлса, укаларим қарз сўраса “топганингда берасан” деб уларга эрим совуқларда, муҳожирликда ишлаб топган пулларни бериб юбораверардим. Мактабни тамомлаганининг учинчи йили қизимни бир амаллаб пойтахтдаги бир Университетга илинтирдим. Дадасига “дипломатияда ўқишга қийналди, шунинг учун бошқасига ўтказиб юбордик” дедим. Тағин ишонди бояқиш. Қизимиз иккинчи курсни битирган йили, дадаси ҳам Россиядан қайтди.
- Мастура ўқишини тамомлади. Энди уёқларга бормайман. Болалар катта бўлишяпти, бир ўзинг буларга кучинг етмайди,- деди, шу ерда ҳам мени ўйлаб. Қизимнинг ҳали икки йиллик ўқиши борлигини айтолмадим. Дадаси ўқиши битган бўлса, нега қишлоққа қайтмаслигини сўраганди:
- Қизингиз ўша Тошкентда қолиб ишламоқчи экан, яхши иш топибди,- деб ёлғонимни давом эттирдим. Дадаси Россияга кетматганди, ўғлимни мажбурлашга тушдим:
- Опангни контракт пулини тўлашимиз керак. Сен бу йил Россияга бориб ишлайсан, опангни ўқиши тугасин, кейин сен ўқийсан,- дегандим, раҳматли болагинам “йўқ” деб оёқ тираб олди:
- Мен шунча пайтдан бери репетиторга тайёрланяпман, ахир. Ўрганганларим эсимдан чиқиб кетади-ку. Мен ҳам ўқишга кираман. Россияга бормайман!..
Гапимда туриб олиб, “ўқиб диплом олганлар ҳам ҳозир Россияда ишлаяпти, аввал бориб пул ишлаб кел, кейин ўқийсан” деб болагинамни ажал комига ўз қўлим билан жўнатдим. Бир ярим йилча ишлаб, пул жўнатиб турди. Бир амаллаб қизимнинг контракт пулини тўлаб, вазиятдан чиқишга уриндим. Шундай қилиб, онасининг гапини икки қилолмай, ноилож Россияга кетган ўғлим уёқда автоҳалокатга учраб, тобутда жонсиз қайтди.
Бугун тўртинчи ўғлимнинг ҳам таъзиясида қақшаб, мотам кийимида турибман. Бу дунёда ҳеч бир иш жавобсиз қолмайди, деган гапларни эшитардим. Бошимга тушган савдоларни таҳлил қила туриб, бу гапларнинг ҳақиқат эканига яна бир марта иймон келтиряпман. Ўтган йилнинг ноябр ойида мени дадасини алдашимга мажбур қилган, укасининг ўлимига сабабчи бўлган қизимни узатдим. Ундан аввал бир йигит билан аҳд-паймонлар қилган экан, йигитнинг ота-онаси ўғилларини қизимга уйланишига қаттиқ қаршилик қилиб, бошқа бир қариндошининг қизига уйлантириб қўйишди. Қизим уйланганидан кейин ҳам ҳалиги йигит билан учрашиб юрган экан, хуллас, узатилганида қорнида уч ойлик ҳомила бор эди. Қизимнинг ҳомиладорлигидан хабарим бор эди. Шармандаликдан қўрқиб, уни туппа-тузук оиланинг ўғлига узатиб юбордим. Тўйдан кейин бир ойлардан сўнг қилғилигимизнинг миси чиқа бошлади. Шунда ҳам вазиятни эримга билдирмасликка уриндим. Эрим билан раҳматли ўғлим четда ишлаб юборган пуллардан тежаб-тергаб пойтахтда икки хонали уй олиб қўйгандик. Қудалар жанжал кўтармаслиги учун “Тошкентдаги уйимиз шу қизимга аталган” деб уларни пойтахтга кўчиртирдим. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, дейишади. Менинг шармандалигим ошкор бўлиши учун қирқ йил кутиш шарт бўлмади. Бокира қиз деб уйланган хотини беҳаё, беномус чиққанига ор қилган куёвим Россияга кетиб қолди. Қудағай аёл билан қизимнинг қайнэгачилари эса қаттиқ ғазабланиб, қизимни кўз очирмай қўйишди. Мен яна эрим бу шармандаликдан хабар топмасин, деб алдаб-сулдаб уни Россияга жўнатиб юбордим. Яқинда қизимнинг кўзи ёриди. Опа-сингилларим уни яшириб қўйишган. Мен дадаси Россиядан қайтгунича бола сотиб юбориб, “Мастура ногирон, чала бола туққанди, ўлиб қолди” демоқчи эдим. Бу сафар ҳам ёлғоним манзилига етиб бормади. Кичик ўғлим ўртоқлари билан автоҳалокатга учраб, бевақт вафот этди. Дадасини шошилинч чақиртирдик. Қизим- биттагина опаси эса ўғлим- укасининг таъзиясида қатнашмади. Дадаси ҳам таъзиядан икки кун ўтгач етиб келди. Юраги касал эди. “Анвар автоҳалокатга йўлиқиб, оёқ-қўли синибди, ҳозир касалхонада, кома ҳолатида экан” деган хабарни эшитиб, юрак хуружи билан касалхонага тушибди. Хуллас, ўғлимнинг ўлими Худонинг иши. Бандаси ўлимга чора қилолмайди. Кейин бундай мусибатларга яраша сабр ҳам берилади, дейишади. Аммо дадаси қизимнинг шармандалигини кўтара олрамикан? Номуссизлик балосига чидай олармикан? Ахир, уят ўлимдан қаттиқ...
Эримнинг яқинларига “дадасини уйлантиринглар. Мен бу одамнинг ҳаётини барбод қилдим. Шундай яхши эрнинг хонадонига юборилган кулфат эканман. Яхши бир аёл топиб уйлантиринглар, ўғил фарзандли бўлсин. Уларнинг ҳам чироғини ёқадиган ўғли бўлсин” дедим. Шундай қилишса, менинг ҳам виждон оғриғим сал-пал босилармиди...
Мактубни БАҲОР оққа кўчирди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар