1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Хулуъ ҳақида

Эр-хотин бирга яшашга иложлари қолмаса ёки хотиннинг эрдан кўнгли тўлмаса, эрга тўлов тўлаб, уни рози қилиб ажрашишни хулуъ дейилади. Демак, қаттиқ зарурат туғилганда маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилиш мумкин. Хотин хулуъни таклиф қилганда эр бунга рози бўлса, хотинга бир боин талоқ тушади. Хотин эса ўз бўйнига олган тўловни тўлаши вожиб.

Эр ўзининг айби билан хотинни хулуъ қилишга олиб келган бўлса, унинг хотиндан тўлов олиши макруҳдир. Аммо айб хотинда бўлса ва тўлов сифатида эридан олган маҳрдан ортиғини бераётган бўлса, эрга ўша ортиғини олиш макруҳдир.
Ўзаро хулуъ сўзи тилга олинмасдан эр хотинини молни ҳозироқ бериш эвазига ёки кейинроқ бериш шарти билан талоқ қилса ва буни хотин қабул қилса, бир боин талоқ тушади. Масалан, «Сени минг тилла эвазига талоқ қилдим» деса ёки «Сени минг тилла бериш шарти билан талоқ қилдим» деганида хотин рози бўлса, орага бир боин талоқ тушади.
Хулуъ ёки талоқ маст қилувчи нарсалар ёки чўчқа каби шариатда ман этилган нарсалар эвазига бўлганида эрга ҳеч нарса берилмайди. Бу ҳолатда гап хулуъ ҳақида бораётган бўлса, бир боин талоқ, талоқ ҳақида бораётган бўлса, бир ражъий талоқ тушади.
Агар аёл минг тилла эвазига уч талоқ сўраса-ю, эр бир талоқ қўйса, бир боин талоқ тушади ва эрга минг тилланинг учдан бири берилади.
Минг тиллани кейин бериш шарти билан талоқ сўраса-ю, эр талоқ қилса, Абу Ҳанифа наздида бир ражъий талоқ тушади ва эр ҳеч нарсани олишга ҳақли бўлмайди.
Хулуъ аёл учун савдо сингари олди-берди ҳукмидадир. Яъни, аёл хулуъни таклиф қилганидан кейин эр таклифни қабул қилишидан олдин гапини қайтариб олишга ҳақлидир. Шунингдек, эр хотинига «сени юз танга эвазига хулуъ қилдим, уч кунгача қабул қилиш-қилмасликка ихтиёринг бор» деса, хотиннинг уч кунгача таклифни қабул қилиш-қилмасликка ҳақи бор.
Агар эр хотинига «ўзингни юз танга эвазига хулуъ қил» деса-ю, хотин бу гапни ўша жойда қабул қилмай, туриб кетса, эрнинг таклифи бекор бўлади ва хулуъ содир бўлмайди.
Хулуъ эр учун қасам ҳукмидадир. Шунинг учун ҳам унга тегишли ҳукмлар аёлга тегишли ҳукмлардан бошқачадир. Яъни, хулуъ таклифи эр тарафидан бўлганда унинг ўз лафзидан қайтиши мумкин эмас. Шунингдек, унга уч кунгача танлаш ихтиёри берилмайди ва хулуъ таклифини қилган жойидан туриб кетса ҳам таклиф бекор бўлмайди.
Қул хожасидан мол эвазига озод қилишни сўраганида гўё хулуъни сўраган хотин ўрнида бўлади. Бунга рози бўлган хожа эса хулуъни қабул қилган эр ўрнида бўлади. Хожа ва қулнинг ҳуқуқлари хулуъдаги эр-хотиннинг ҳуқуқлари кабидир. Мисол учун, қулга ихтиёр ҳақи берилади. Хожага эса бу ҳақ берилмайди.
Хулуъ ва бир-биридан воз кечиш эр-хотиндан никоҳга тегишли ҳакларнигина соқит қилади. Воз кечиш деганда эрнинг хотинига «мен сенинг никоҳингдан минг танга эвазига воз кечдим» дейиши тушунилади. Воз кечиш билан хулуъдаги сингари бир боин талоқ тушади ҳамда хотиннинг эрга келишилган молни бериши лозим бўлади.
Агар ота ёш қизини унинг моли эвазига хулуъ қилса, бу ҳолда талоқ тушади ва эрга ҳеч нарса берилмайди. Қизнинг мол тўлашга розилигининг аҳамияти йўқ. Мабодо қизнинг отаси «молни мен бераман», деб хулуъни талаб қилса, талоқ тушади ва ота тўловни беради.

Комил Музаффар, Мираваз Акмалларнинг Ҳанафий фикдидан зарур масалалар" китобидан