1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Аҳли аёли учун сарф-харажат қилиш

Бу дунёда аҳли аёлини едириб-ичиришни ўйламаган бирор киши бўлмаса керак. Баъзи худбинларни ҳисобга олмаганда, ҳар бир эркак молиявий жиҳатдан “аҳли аёлим бекаму-кўст, кенгчиликда ҳаёт кечирсин”, деган мақсад билан яшайди. Бироқ, ўз аҳли аёлининг шаръий эҳтиёжларини қондириш йўлида пул сарфлаш ўта савобли амал эканини жуда оз киши билади.

Хазрати Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ йўлида сарфлаган бир диноринг, қул озод қилишга ишлатган бир диноринг, мискинларга садақа қилган бир диноринг ва аҳлингга сарфлаган бир диноринг орасида энг ажри улуғи ўз аҳлингга сарфлаганингдир”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Муслим ривояти)
Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлига қилинган сарф харажат бошқа савобли жойларга ишлатилганидан афзалроқ эканини айтдилар. Чунки, аҳли оиласига нафақа қилиш ҳар бир оила бошлиғи учун фарздир. Бошқа савобли жойларга сарф-харажат қилиш эса нафл ибодатдир. Ҳаммамиз билганимиздек, нафл савобидан фарзнинг савоби афзалдир. Аҳли аёлининг шаръий эҳтиёжини таъминлаб қўйгандан кейин бошқа нарсаларга молини сарфлаш савобли иш бўлади.
Умму Салама розияллоҳу анхрдан ривоят қилинади:
“Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Саламанинг болаларига нафақа қилишимда менга ажр борми? Мен уларни бундай-бундай ҳолга ташлаб қўймайман, чунки улар менинг болаларим”, дедим. У зот: “Ҳа, уларга қилган нафақангнинг ажри бор”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Омир ибн Саъд отасидан ривоят қилади:
“Видолашув ҳажида, касалим зўрайиб турган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда мен: “Кўриб турганингиздек аҳволга тушиб қолдим. Мен бой одамман. Биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг учдан иккисини садақа қилайинми?”, дедим. “Иўқ”, дедилар. “Тенг ярмини-чи?”, дедим. “Иўқ”, дедилар. “Учдан бирини-чи?”, дедим. “Учдан бири ҳам кўп, чунки меросхўрларингни бой ҳолида қолдиришинг, уларни одамлардан тиланадиган, боқиманда қилиб қолдиришингдан яхшироқдир. Аллоҳнинг важҳи (розилиги) ни истаб қилган нафақанг борки, унинг учун сенга ажр берилади, ҳатто аёлингнинг оғзига тутган нарсанг учун ҳам”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Юқорида келтирилган ҳадислардан маълум бўладики, бирор киши “Аллоҳ таоло уларнинг ҳақ-ларини менга боғлаб қўйган”, деган ниятда, Яратган ҳукмининг ижроси ўлароқ ва Уни рози қилиш мақсадида аҳли оиласи эҳтиёжларини қондириш учун сарф-харажат қилса, сарфлаган ҳар чақасига савоб берилади.
Инсон ўз хоҳиш-истакларини қондириш йўлидаги ҳаракатларини озгина ўзгартириши билан, бу саъй-ҳаракатлар улкан ажру-савобли ишга айланиб, бошқа садақаи хайрлардан авлороқ бўлади. Бу, Аллоҳ таолонинг инсониятга бўлган меҳрибонлиги ва карами тимсолидир. Шу боис, Яратганнинг розилигини истаб аҳли аёлнинг шаръий заруриятларини қондиришга сарф-харажат қилиш ва бу ишда ғафлатда қолмаслик лозим.

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
"Енгил амаллар" китобидан
Абдулатиф Аллоқулов таржимаси