1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мақолалар

Қуръон ўқиш

 

Абу Умома ал-Боҳилийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, у Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васал-лам) шундай деганларини эшитган: «Қуръон ўқингиз, зеро Қуръон қиёмат кунида Қуръон аҳлига шафоат қилади. «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини ҳам ўқинг, зеро бу иккиси қиёмат кунида икки булут каби ёки саф тортган икки қуш галаси бўлиб, асҳобини муҳофаза қилишга келади. «Бақара» сурасини ўқинг, зеро уни қўлга киритиш баракадир, тарк этиш зарардир. Унга сеҳр қилувчиларнинг кучи етмайди». (Имом Муслим ривояти.)
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат этганлар: «Қуръон асҳобига: «Ўқи, юксал, дунёда тўғри ўқиганингдек ўқи, сенинг мақоминг энг охирги ўқиганинг оятга қадардир», дейилади». (Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари.)
Абу Зар (розияллоҳу анҳу) нақл қилади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдим: «Ё Расулуллоҳ, менга бир тавсия беринг». Шундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳдан қўрқинг, зеро бу барча ишларнинг бошидир». Мен: «Ё Расулуллоҳ, яна бир тавсия беринг», дедим. «Қуръон ўқинг. Чунки бу сизга дунёда нурдир, самода эса бириктирилган сармоядир». (Ибн Ҳиббон ривояти.)
Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалардан бир кишидан сўрадилар:
-    Сиз уйландингизми?
У киши:
-    Йўқ, Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, бисотимда уйланадиган ҳеч нарсам йўқ, - деди. Марҳамат қилдилар:
-    Бисотингизда «Қул ҳуваллоҳу Аҳад...» йўқми? У киши: - Бор, - деди. Расулуллоҳ:
-    Бу Қуръоннинг учдан биридир, - дея марҳамат қилдилар. - Бисотингизда «Иза жаъа насруллоҳи вал-фатҳ...» йўқми? У одам: - Бор, - деди. Расулуллоҳ:
-    Бу Қуръоннинг тўртдан биридир. Уйланинг, уйланинг, - дея марҳамат қилдилар. (Имом Термизийривояти.)
«Ихлос» сураси, Оятал Курсий ва «Аманарросулу...» ҳақида эса қуйидаги ривоятлар мавжуд:   
Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар: «Ким «Қул ҳуваллоҳу Аҳад...»ни охиригача ўн маротаба ўқиса, Аллоҳ у кишига жаннатда бир қаср бино этади». Буни эшитиб Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): «Ё Расулуллоҳ, у ҳолда биз буни кўп ўқиймиз», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳнинг фазли яна ҳам кўп ва яна ҳам яхшироқдир», дея марҳамат қилдилар. (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад».)
Абу Зардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдилар: «Аллоҳ «Бақара» сурасини икки оят билан якунлаганки, бу иккисини Менга аршининг остидаги хазинасидан бергандир. Уларни ўрганинг ва болаларингизга ҳамда аёлларингизга ўргатинг. Зеро, у икки оят намоздир, Қуръондир, дуодир». (Ҳаким ривояти.)
Мўминларнинг онаси Оиша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сарийянинг олдига бир кишини юбордилар. Бу киши намозда биродарларига қироат қилар ва уни «Қул ҳуваллоҳу Аҳад» билан битирар эди. Бу ҳакда Сарийя Мадинага қайтганида, Расулуллоҳга хабар етказдилар. Расулуллоҳ эса: «Сўраб кўринглар-чи, нима сабабдан бундай қилар экан», дедилар. Улар сўрашди. Ҳалиги киши: «Чунки бу сура Раҳмон -Аллоҳнинг сифатидир. Мен буни ўқишни яхши кўраман», деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилдилар: «Унга хабар беринг, Аллоҳ (ҳам) уни яхши кўради». (Имом Бухорий, Муслим, Насаий ривоятлари.)
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга Рамазон ойининг закотини сақлаш вазифасини топширган эдилар. Бирданига бир киши пайдо бўлиб, егуликлардан ола бошлади. Мен дарров уни тутиб олдим ва: «Сени Расулуллоҳга олиб бораман», дедим. У одам: «Мен жуда ҳам муҳтожман, қарамоғимда муҳтож оилам бор. Жуда оғир аҳволдаман», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Эрталаб чиққанимда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам); «Эй Абу Ҳурайра, кеча асирингиз нима қилди?» дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, муҳтожлигидан ва қарамоғида бўлган оиласининг аҳволидан шикоят қилди. Унга раҳмим келганидан қўйиб юбордим», дедим. Марҳамат қилдилар: «Қаранг, у ёлғон гапирди. Ҳали яна қайтиб келади». Расулуллоҳнинг гапларидан унинг қайтиб келишини билдим ва пойлаб турдим. Бирданига пайдо бўлди ва егуликлардан ола бошлади. Мен: «Сени албатта Расулуллоҳга олиб бораман», дедим. У бўлса: «Мени қўйиб юбор, мен бир бечораман. Қарамоғимда оилам бор. Бошқа қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келди ва қўйиб юбордим. Эрталаб чиққанимда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга: «Эй Абу Ҳурайра, кечаги асирингиз нима қилди?» дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, муҳтожлигидан ва қарамоғидаги оиласининг аҳволидан шикоят қилди. Унга раҳмим келди, қўйиб юбордим», дедим. Марҳамат қилдилар: «У ёлғон гапирди, ҳали яна қайтиб келади». Мен учинчи мар та келишини пойладим. У бирдан пайдо бўлди ва егуликлардан олаётган эди, уни дарров тутдим ва: «Сени Расулуллоҳга олиб бораман. Бу учинчи марта келишинг. Сен қайтиб келмайман, деб ваъда қиласан, яна келаверасан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, сенга бир қанча калималар ўргатаман. Аллоҳ улар билан сени манфаатлантиради», деди. Мен: «Улар нима?» дедим. У: «Ётоққа кирганингда Оятал Қурсийни ўқи. Шунда тонггача сенинг бошингда Аллоҳ томонидан юборилган муҳофиз (фаришта) қўриқчилик қилади, сенга шайтон яқинлаша олмайди», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Эрталаб чиққанимда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Асирингиз нима қилди?» дедилар. Мен- «Ё Расулуллоҳ, у менга манфаат келтирувчи бир қанча калималар ўргатишни ваъда қилди, уни қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «Нима экан улар?» деб сўрадилар. «У менга: «Ётоққа кирганингда Оятал Курсийни ўқи. Сенинг бошингда тонггача Аллоҳ томонидан юборилган бир муҳофиз қўриқчилик қилади. Сенга шайтон яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим мен. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам); «Қаранг, у ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сизга рост айтибди. Уч кундан бери ким билан юзма-юз келганингизни биласизми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. Мен: «Иўқ», дедим. «У шайтон эди», дедилар. (Имом Бухорий ривояти.)
Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) ўз отасидан шундай ривоят қилади: «Хурмоларимизни қуритиб, сақлайдиган бир омборимиз бор эди Баъзан бу ерга келиб турар ва хурмолар камайиб бораётгани ни кўрардим. Бир кеча у ерда пойлоқчилик қилиб қолдим. Тўсатдан ўспирин ёшдаги бир бола пайдо бўлиб, салом берди. Саломига алик олдим ва: «Сен кимсан? Инсонмисан ё жинми?» дедим. «Жин», деди. «Қўлингни узат», дедим. Қарасам. қўли итникидек жунли экан, жуни ҳам худди итникига ўхшаш. «Сени бу ишни қилишга нима бошлади?» дедим. У: «Менга сенинг садақани яхши кўришинг маълум бўлди, шу боисдан сенинг егулигингдан бир оз олишни истадим», деди. Мен: «Сизлардан бизни муҳофаза қиладиган нарса нима?» деб сўрадим. У бўлса: «Шу оят, Оятал Курсий», деди. Мен уни қўйиб юбордим», дебди отаси. Убай эртасига Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, отаси билан бўлган воқеани гапириб берганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Тўғри айтибди», дея марҳамат қилдилар. (Ибн Ҳиббон ривояти.)
«Ихлос», «Фалақ» ва «Нос» сураларининг фазилати ҳақида қуйидаги ҳадислар мавжуд:
Муоз ибн Абдуллоҳ ибн Ҳубайб (розияллоҳу анҳу) отасидан шундай ривоят қилади: «Ёмғирли ва зулматли бир тунда бизга намоз ўқитишларини сўраб масжидга чиқдик. Расулуллоҳга учраганимда: «Айт», дедилар. Мен ҳеч нарса демадим. Кейин «Айт», дедилар. Мен яна ҳеч нарса айтолмадим. Кейин яна: «Айт», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, нимани айтай?» дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Тонгда ва оқшомга чиққанингда «Қул ҳуваллоҳу Аҳад», «Фалақ», «Нос» сураларини уч маротаба ўқи. Ҳар нарсага муқобил сенга кифоят қилади», дея марҳамат қилдилар». (Имом Термизий, Абу Довуд ривоятлари.)
Уқба ибн Амирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар: «Бу кеча нозил қилинган ва ўхшаши бўлмаган оятларни билмадингизми, булар «Қул аъузу би Раббил-Фалақ» ва «Қул аъузу би Раббин-Нос»дир». (Имом Термизий, Муслим, Абу Довуд, Насаий ривоятлари.)
Бошқа бир ривоятда эса қуйидагича сўз юритилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга сафарда эдим. Менга: «Эй Уқба, ўқиладиган икки хайрли сурани ўргатайми?» дея марҳамат қилдилар ва менга «Фалақ» ва «Нос» сураларини ўргатдилар».
Абу Довуднинг ривояти эса бундайдир: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан Жуҳфа ва Абво орасида юриб кетар эканмиз, бирданига зулмат қоронғулиги ва шамол қуршовида қолдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Фалақ» ва «Нос» сураларини ўқиб, Аллоҳга сиғина бошладилар ва шундай марҳамат қилдилар: «Эй Уқба, бу иккиси билан Аллоҳга сиғининг. Ҳеч ким бунга ўхшаш бир нарса билан булар (билан сиғинган)чалик Аллоҳга сиғина олмайди».
Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат этганлар: «Ўқи, эй Жобир». Мен эса: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, нимани ўқий?» дедим. «Фалақ» ва «Нос» сураларини ўқи», дедилар. Мен у икки сурани ўқидим. Шунда марҳамат қилдилар: «Бу иккисини ўқи. Бу иккисига ўхшашини асло ўқий олмайсан». (Насаий, Иби Ҳиббон ривоятлари)

Адҳамжон қори Мирзачаевнинг
"Муборак тавсиялар мажмуаси" китобидан